ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Президенти / Президентнинг маъруза ва нутқлари / 2007 й. /

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 15 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги Маърузаси

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ - ЮРТИМИЗДА

ЭРКИН ВА ОБОД, ФАРОВОН ҲАЁТ БАРПО

ЭТИШ ЙЎЛИНИ ҚАТЪИЯТ БИЛАН

ДАВОМ ЭТТИРИШДИР



Рус тилидаги матнига қаранг



Президент Ислом Каримовнинг

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

қабул   қилинганининг   15   йиллигига

бағишланган тантанали маросимдаги

МАЪРУЗАСИ


(2007 йил 7 декабрь)



Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар!

Авваламбор, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни қутлуғ сана - Конституциямиз байрами билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.

Бугун биз ҳаётимизнинг Асосий қонуни бўлмиш мустақил Ўзбекистонимиз Конституцияси қабул қилинганининг 15 йиллигини кенг нишонламоқдамиз.

Барчамиз шу ўтган давр мобайнида юртимизда амалга оширилган том маънодаги тарихий ишлар, мамлакатимизнинг қиёфаси ва ҳаётимизнинг маъно-мазмунини бутунлай ўзгартириб бораётган ислоҳот ва янгиланиш жараёнлари замирида аввало Конституциямизнинг принцип ва талаблари турганини кўриб, кузатиб келмоқдамиз.

Ҳақиқатан ҳам, бугун босиб ўтган йўлимизни танқидий ва холисона баҳолар эканмиз, юртимизда миллий давлатчилик, эркин ва обод жамият қуриш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизнинг салоҳияти ва қудратини, халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш, халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш йўлида қандай улкан марраларни қўлга киритган бўлсак, буларнинг барчасига Конституциямиз белгилаб берган йўл-йўриқларни оғишмай амалга ошириш натижасида эришаётганимизни мамнуният билан таъкидлаш лозим.

Шунинг учун ҳам давр ўтиши билан биз Конституциямизнинг аҳамияти ва моҳиятини, ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини, қадр-қимматини янада чуқурроқ англаб бормоқдамиз ва унга бўлган ҳурмат-эътиборимиз тобора ортмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.


Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Бугун Конституциямиз қабул қилинганининг 15 йиллигини нишонлар эканмиз, барчамиз учун катта бир имтиҳон бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўладиган сайловни юксак даражада ўтказиш масаласи ҳақида тўхталиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

Авваламбор, Конституциямизда сайловларни, жумладан, давлат раҳбари сайловини демократик асосда, замон талаб қиладиган даражада ўтказиш аниқ ва равшан белгилаб берилгани ҳаммамизга яхши маълум.

Бу ҳақда гапирганда, бугун мамлакатимизда амалда жорий этилаётган Президент сайлови тўғрисидаги қонуннинг Конституциямизда муҳрлаб қўйилган талабларга тўлиқ асосланган ҳолда ишлаб чиқилгани ва шу билан бирга, халқаро андозалар, ривожланган демократик давлатлар тажрибаси бу борада инобатга олинганини таъкидлаш лозим.

Бизнинг Асосий қонунимизда сайлов тўғрисидаги махсус 23-боб мавжуд бўлиб, бу масала бундан ташқари яна ўндан зиёд қонунларимизда ўз ифодасини топган.

Юртимизда ўтказиладиган бу галги сайловнинг ўзига хослиги ва эътиборга сазовор томонлари ҳақида гапирганда, шуни айтиш керакки, республикамизда давлат раҳбари лавозимига номзодларни кўрсатиш ҳуқуқи сиёсий партияларга берилган.

Мамлакатимиз сиёсий майдонида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётган ва халқимиз ўртасида ўзига эътибор тортаётган, аҳолимизнинг маълум ижтимоий гуруҳлари манфаат ва интилишларини ифода этишга қодир бўлган партияларга ана шундай ҳуқуқ берилиши ўз навбатида барча демократик норма ва талабларга тўлиқ жавоб беради.

Шу билан бирга, партия аъзоси бўлмаган аҳоли номидан уларнинг орзу-умидлари ва хоҳиш-иродасини ифода этиш мақсадида сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи томонидан кўрсатилган номзод ҳам бу сайловда қатнашмоқда.

Бир сўз билан айтганда, биз бугун амалга ошираётган сайлов тизимининг модели чуқур ва атрофлича ўйланган бўлиб, халқаро андозалар ва дунёдаги демократик давлатларнинг илғор тажрибасига суянган ҳолда, халқимизнинг анъанавий қадрият ва қарашларини ҳам тўлиқ акс эттиради, десак, ўйлайманки, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Ҳозирги кундаги энг муҳим ва долзарб вазифамиз - Президент сайловини Конституциямиз, қонунларимиз ва халқаро меъёрларга қатъий риоя қилган ҳолда ўтказишда ўзимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий савиямизни намоён этишдан иборат. Бу ҳақда гапирганда, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур, деб ўйлайман.

Авваламбор, сайловнинг барча жараёнларида қонун устуворлиги ва эркинлик ҳукмронлигини таъминлашимиз, барча номзодларга тенг шароитлар туғдириб бериш, совет давридан қолган, ҳали-бери учраб турадиган баъзи бир тартиб ва қолиплардан бутунлай воз кечишимиз даркор.

Шу билан бирга, сайловни амалдаги қонунларимизга тўла итоат қилган ҳолда ўтказиш ва ҳар қандай давлат-маъмурий идоралари томонидан, умуман четдан туриб бу жараёнга таъсир кўрсатишга йўл қўймасликка алоҳида аҳамият беришимиз керак.

Келгуси сайловга халқаро жамоатчилик томонидан қандай баҳо берилиши сайлов жараёнларида сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакилларига, маҳаллий ва хорижий кузатувчиларга, оммавий ахборот воситаларига уларнинг ўз ҳуқуқ ва бурчларини амалга ошириши учун қай даражада шароит яратиб беришимизга боғлиқ эканини унутмаслигимиз зарур.

Бугунги ахборотларга мувофиқ, чет мамлакатлардан ва нуфузли халқаро ташкилотлардан, шу жумладан, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидан сайловни кузатиш учун келаётганлар сони 300 кишига яқин бўлиб, ҳаммаси бўлиб 23 минг 300 киши сайловимизни кузатади.

Булар қаторида Европа, Осиё, Америка Қўшма Штатлари, мусулмон ва араб давлатларининг вакиллари сайлов жараёнлари қандай ўтишини кузатади. Шу фурсатдан фойдаланиб, бир масалага алоҳида урғу бериб тўхталмоқчиман.

Ҳеч кимга сир эмас - бугунги кунда ҳам Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари, Европа давлатлари орасида ҳали-бери давом этаётган қандайдир ўзаро тушунмовчилик ҳақида башорат қилувчилар, бошқача айтганда, шундай муносабатларни сақлаш ва шундан манфаат топиш тарафдорлари борлигини сезиш, кузатиш қийин эмас.

Бундай ҳолатларга нисбатан нима дейиш мумкин?

Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида барча яқин ва узоқ қўшнилар билан, шу жумладан, Америка Қўшма Штатлари ва Европа билан ҳам ўзаро манфаатли, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик алоқаларини олиб боришнинг доимо тарафдори ва бу йўлдан биз ҳеч қачон қайтмаймиз.

Ишонч билан айтиш мумкин - бугунги кунда бундай алоқаларнинг замини тобора мустаҳкамланмоқда ва биз бундан манфаатдормиз.

Мухтасар қилиб айтганда, навбатдаги сайловни Конституция ва қонунларимизда белгиланган тартибда - очиқ, холис ва ҳа??оний асосда, ҳеч кимдан кам бўлмаган юқори даражада ўтказишнинг моҳияти ва аҳамиятини бугунги кунда сайловчиларимиз, бутун халқимиз чуқур англамоқда, десам, ўйлайманки, бу фикрга барчангиз қўшиласиз.

Ишончим комилки, кўпни кўрган, қанча-қанча синовлардан ўтган халқимиз бу сайловда фаол иштирок этиб, ўзининг эзгу орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, юртимизнинг тинчлиги, Ватанимизнинг тара??иёти учун овоз беради.


Қадрли ватандошлар!

Барчамизга маълумки, дунёда "Ўзбек модели" деган ном билан тан олинган мустақил тара??иёт йўлимизнинг негизида турган машҳур беш тамойилдан бири кучли ижтимоий сиёсат олиб боришдан иборатдир.

Мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб амалга оширилаётган бу сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида шуни таъкидлаш керакки, ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлар давлатимиз бюджетининг умумий харажатларига нисбатан 2006 йилда 51,9 фоизни, 2007 йилда 53,8 фоизни ташкил этди. 2008 йилда эса бу кўрсаткич 54,6 фоиз даражасида бўлиши белгилаб қўйилган.

Бундай кўрсаткичлар бошқа давлатлар тажрибасида камдан-кам учрайдиган ҳол, десак, бу - айни ҳақиқатдир.

Ана шу сиёсатни изчил давом эттириш, унинг самарадорлиги ва таъсирини ошириш, жамиятимизда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2007 йил юртимизда "Ижтимоий ҳимоя йили" деб эълон қилингани ва шу асосда қабул қилинган махсус давлат дастури йил мобайнида амалга ошириб келинаётганидан барчангиз яхши хабардорсиз.

Еттита устувор йўналишдан иборат бўлган, юзлаб муҳим тадбирларни ўзига қамраб олган бу кўпқиррали дастурнинг ижроси ҳақида, албатта, йил якуни билан ҳисоботлар берилади ва холис хулосалар чиқарилади.

Энг муҳими, бу дастурда белгиланган режа ва тадбирларни бажаришда юксак фаоллик ва жонкуярлик кўрсатган, ўзининг катта ҳиссасини қўшган ташкилотлар ва инсонлар ҳақида матбуотимиз, радио-телевидение орқали жамоатчилигимизга атрофлича маълумотлар етказилади ва уларнинг меҳнатига, савобли ишларига ҳа??оний баҳо берилади.

Рухсатингиз билан, мен бугунги фурсатдан фойдаланиб, умуммиллий тус олган, мамлакатимиз ва халқимиз, узоқ ва яқин шаҳар-қишлоқларимиз ҳаётида чуқур из қолдирган ушбу дастурнинг асосий якунлари ҳақида, амалга оширган энг муҳим ишларимизнинг натижаси ва самараси хусусида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Ҳаммамизга аёнки, кенг қамровли, авваламбор, инсон ҳаёти ва унинг манфаатларини ҳимоялаш билан боғлиқ йўналиш ва тармоқларни ўзида мужассам этган ижтимоий соҳа ривожини таъминлаш, уни янги босқичга кўтариш, бу соҳадаги муаммоларни ечиш, бир сўз билан айтганда, биз бугун олиб бораётган кучли ижтимоий сиёсат ва бу борадаги ислоҳотлар биринчи навбатда ўзининг қонуний асосларини мустаҳкамлашни талаб қилади. Шу мақсадда "Ижтимоий ҳимоя йили" давлат дастури бўйича йил давомида 26 та қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шулар қаторида ижтимоий ҳаётимизда, ҳеч шубҳасиз, ғоят муҳим ўрин тутадиган ва катта таъсир кучига эга бўлган "Ўзбекистон Республикасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида"ги ва "Болалар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, шунингдек, "Ҳомийлик тўғрисида"ги ва "Йод танқислиги касалликларининг олдини олиш тўғрисида"ги қонунлар айниқса эътиборга сазовордир.

Айни пайтда ижтимоий тизимни, шу билан боғлиқ ҳолда марказда ва жойларда бу вазифага масъул бўлган идора ва ташкилотлар фаолиятининг самарасини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Хусусан, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, унинг вилоят, туман ва шаҳар бўлимларини тубдан ислоҳ қилиш, ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонлар, ўйлайманки, ҳаётимизда бу соҳани янада такомиллаштириш ва унинг амалий таъсирини ошириш борасида муҳим қадам бўлди.

Бу йўналишдаги ишлар бугунги кунда давом эттирилмоқда.

Дастурда кўрсатилган тадбирларни амалга оширишда "Меҳрибонлик" уйлари ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, боқувчисини йўқотган болаларга давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигини кучайтириш, шу тариқа "Сен ёлғиз эмассан" деган даъватни ҳар жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган ишлар алоҳида ўрин эгаллайди.

Жорий йил мобайнида 15 та махсус мактаб-интернат ва "Меҳрибонлик" уйларида жами 4 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилганини, Халқ таълими вазирлиги томонидан "Меҳрибонлик" уйлари тарбияланувчиларига салкам 112 миллион сўмлик кийим-бош ва зарурий жиҳозлар олиб берилганини қайд этиш лозим.

Шуниси эътиборга лойиқки, бу савобли ишларга жойларда кўпгина ташкилот ва ҳомийлар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Мисол учун, Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилоятларида шу мақсадда қарийб 580 миллион сўмлик маблағ сарфлангани бунинг тасдиғидир.

Бу ҳақда гапирганда, бажарган ишларимиз орасида алоҳида ажралиб турадиган хайрли бир тадбир ҳақида тўхталиб ўтишни истардим. Жорий йил давомида давлат бюджетидан 4 миллиард 600 миллион сўмга яқин маблағ сарфланиб, республикамиздаги 28 та "Меҳрибонлик" уйи ҳамда 86 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўзимизда - Самарқанд шаҳрида ишлаб чиқарилган 114 та замонавий автобус берилди, 4 та оилавий болалар уйи эса "Дамас" микроавтобуслари билан таъминланди.

Ана шундай эзгу ишларимиз ҳақида гапирганда, ўйлайманки, Алишер Навоий бобомизнинг чуқур маъноли сўзлари беихтиёр барчамизнинг хаёлимизга келади. Яъни, улуғ аждодимиз айтганидек, кўнгли ярим бир инсоннинг дардига ҳамдард бўлиш, унинг руҳини кўтариш бамисоли бутун жаҳонни обод қилиш билан баробардир.

Бинобарин, биргина мана шу тадбир туфайли юзлаб қалби ўксик болаларимизнинг қандай хурсанд бўлганини, уларнинг қувончини, энг муҳими, тақдир синовлари олдида улар ўзининг ҳеч қачон ёлғиз қолмаслигини, давлатимиз, халқимизнинг ишончли ҳимоясида бўлишини яна бир бор ҳис этганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Дастур доирасида аҳолининг кам таъминланган, кўмак ва ёрдамга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларни меҳнатга жалб қилиш орқали даромад манбаи билан таъминлаш бўйича ҳам салмоқли ишлар қилинди.

Жумладан, шу йилнинг ўтган даври мобайнида 50 мингдан зиёд оилага бепул қорамол берилгани, 10 минг 580 та оилага чорва моллари сотиб олиш учун тижорат банклари орқали 8 ярим миллиард сўмга яқин имтиёзли кредит ажратилгани ҳам бу борада бошлаган ишларимизнинг давом этаётганини кўрсатади.

Йил мобайнида ҳомийлар ва оталиқ ташкилотлар томонидан 3 миллион 100 минг нафар ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронларга, кам таъминланган оилаларга қарийб 9 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Шулар қаторида Олмалиқ шаҳридаги "Саховат" уйи, Андижон шаҳридаги кўзи ожизлар яшайдиган 2 та кўп қаватли уй тубдан таъмирлаб берилганини айтиб ўтиш зарур.

Шу билан бирга, пойтахтимиздаги ихтисослаштирилган тиббий марказларда 2 минг 400 нафар фуқарога бепул тиббий хизмат кўрсатилгани, ногирон шахсларга 8 мингга яқин протез-ортопедия жиҳозлари, 3000 та ногиронлар аравачаси, бир ярим минг дона эшитиш мосламаси, 5 минг дона ҳасса ва қўлтиқтаёқ бепул берилганини қайд этиш ўринли бўлади.

Анъанамизга кўра, бу йил мактаб остонасига илк бор қадам қўйган 485 минг нафар фарзандларимизга 5 миллиард 157 миллион сўмлик ўқув анжомлари бепул тақдим этилди.

Айни пайтда кам таъминланган оилаларга мансуб 715 минг ўқувчи 17 миллиард 816 миллион сўмлик қишки кийим-бош билан бепул таъминлангани ҳам дастур бўйича бажарилган муҳим тадбирлар қаторига киради.

Ўтган ёз мавсумида 234 минг нафар бола, жумладан, экологик шароити мураккаб бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида яшайдиган 3 мингдан ортиқ ўғил-қизларимиз, шунингдек, 8 мингдан зиёд "Меҳрибонлик" уйи ва махсус мактаб-интернат тарбияланувчилари учун оромгоҳларда бепул дам олиш имконияти яратилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Жорий йил мобайнида ногиронларни нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилди.

Бухоро шаҳрида 450 нафар ногирон бола иштирок этган Ўзбекистон миллий махсус олимпиада ўйинлари, Андижон, Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида "Мурувват" уйларида тарбияланаётган болалар ўртасида параолимпия мусобақалари ўтказилгани бунга мисол бўла олади.

Энг муҳими, ногиронларнинг тўлақонли ва мазмунли ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган мана шундай ишларимиз бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Яқинда ногирон-ампутантлар ўртасида футбол бўйича ўтказилган 7-жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларининг дунёда машҳур бўлган Бразилия ва Эрон, Украина, Туркия ва Россия каби мамлакатларнинг терма жамоалари устидан ғалаба қозониб, матонат ва жасорат намунасини кўрсатиб, жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.


Азиз юртдошлар!

Мазкур дастурда ўз ифодасини топган ўта муҳим ва савобли ишларни бажаришда хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар, чет эллик ҳамкорларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида қайд этиш зарур.

Жумладан, Жанубий Кореянинг Саломатлик ва ривожланиш жамғармаси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг ўрта Чирчиқ туманидаги болалар шифохонаси капитал таъмирланиб, замонавий асосда жиҳозланди. Шулар қаторида чет эллик мутахассислар ёрдамида 180 нафар бола операция қилиниб, туғма нуқсонлардан халос этилгани, 22 нафар бемор боланинг эса Германия касалхоналарида даволаниб қайтганини таъкидлаш жоиз.

Мана шундай олижаноб ҳамкорлик ҳақида гапирар эканмиз, Жаҳон банки, Осиё тара??иёт банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси - ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотларга, бу инсонпарварлик тадбирларида фаол қатнашган хорижлик дўстларимизга сизнинг номингиздан, халқимиз номидан самимий ташаккур изҳор этамиз.

Дастурда белгиланган яна бир муҳим вазифа - ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимида ишлаётган, "Меҳрибонлик", "Саховат" ва "Мурувват" уйлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва муносиб баҳолаш бўйича бажарилган ишлар ҳам эътиборга лойиқ. Хусусан, "Мурувват" уйлари тарбиячи ва ходимларининг иш ҳақини ошириш учун шу йилнинг ўзида марказий ва маҳаллий бюджетдан 125 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланганини қайд этиш зарур.

Шунингдек, уруш ва меҳнат фахрийларига хизмат қиладиган санаторийларнинг ходимлари учун 15 фоизли устама ҳақ жорий этилди, хонадонларга бориб ижтимоий ёрдам кўрсатадиган ходимлар учун 230 миллион сўм, ногирон болаларни уйда ўқитиш учун эса бир ярим миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.

"Ижтимоий ҳимоя йили" дастурига мувофиқ ёш авлоднинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлаш, ёш оилаларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, фарзандларимизни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасида ҳам йил давомида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Айниқса, ёш оилаларнинг муаммоларини ечиш, аввало, уй-жой сотиб олиш ва иморат қуриш, рўзғорини бутлашга кўмаклашиш мақсадида тижорат банклари томонидан 57 миллиард 500 миллион сўмлик ипотека ва истеъмол кредитлари ажратилди.

Шу билан бирга, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати кўмагида ёш тадбиркорларга 2 миллиард 500 миллион сўмлик микрокредит, ёш оилалар учун 1 миллиард 800 миллион сўмлик ипотека кредити, 1 миллиард 100 миллион сўмлик истеъмол кредитлари, шунингдек, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар учун таълим грантлари ажратилганини таъкидлаш лозим.

Шулар қаторида жорий йил мобайнида 195 минг нафар йигит-қиз иш билан таъминлангани, бир қанча вилоят ва туманларда ёшлар марказлари ташкил этилгани эътиборга лойиқ, албатта.

Муҳтарам дўстлар, ҳаммамиз яхши биламизки, ижтимоий ҳимоя деганда, биринчи навбатда хонадонларимиз файзи ва фариштаси бўлган муҳтарам қарияларимизни қадрлаш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтиришни тушунамиз. Дастурда белгиланган тадбирларга мувофиқ бу борада ҳам бир қанча ибратли ишлар қилинди.

Авваламбор, яқинда қабул қилинган "Пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонга асосан фахрийларимиз учун жорий йил охиригача Пенсия жамғармасидан қўшимча равишда 20 миллиард 300 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди, кейинги йилда эса шу мақсад учун 94 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, 480 мингдан зиёд ёлғиз кекса, уруш ногирони ва иштирокчиларига, фронт ортида меҳнат қилган ҳамда Чернобиль ҳалокатини бартараф этишда қатнашган кишиларга 21 ярим миллиард сўмдан зиёд компенсация тўловлари амалга оширилди.

Шу тоифага мансуб бўлган 37 минг нафар киши ва кўзи ожиз биринчи гуруҳ ногиронларининг йил давомида шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиши йўлга қўйилиб, бу ишларга 648 миллион сўм бюджет маблағи сарфланди.

Биргина "Тошкенттрансхизмат" уюшмаси томонидан аҳолига қарийб 2 миллиард 230 миллион сўмлик имтиёзли транспорт хизмати кўрсатилганини қайд этиш жоиз.

Айни пайтда 28 минг нафар фахрийларимизнинг Бухоро ва Самарқанд, Хива ва Тошкент каби қадимий шаҳарларга бепул саёҳатлари ташкил этилганини уларга кўрсатилаётган амалий эътиборнинг яна бир ифодаси сифатида қабул қиламиз.

Азиз дўстлар, ўйлайманки, бундай мисолларни сизларнинг ҳар бирингиз ўзингиз яшаётган маҳалла, туман ёки шаҳар ҳаётидан кўплаб келтиришингиз мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, жорий йилда юртимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида барча манбалар ҳисобидан жами 483 миллиард 600 миллион сўм, жумладан, 213 миллиард 200 миллион сўм бюджет маблағи, 270 миллиард 400 миллион сўм миқдорида грантлар, ижрочилар ҳамда ҳомийлар маблағи сарфлангани бу соҳада амалга оширган улкан ишларимизнинг ҳажми ва салмоғини я??ол кўрсатади.

Фурсатдан фойдаланиб, бутун мамлакатимизни қамраб олган бу умуммиллий ҳаракатда фаол иштирок этган давлат ва ҳокимият идоралари, нодавлат ташкилотлар, хусусан, "Маҳалла" ва "Нуроний", "Соғлом авлод учун" ва "Экосан", "Меҳр нури", "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми", "Сен ёлғиз эмассан" каби жамғармалар, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, Шифокорлар уюшмаси сингари кўплаб жамоат бирлашмаларига, бу эзгу ишга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга ўз номимдан, халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдираман.


Ҳурматли юртдошлар!

Юқорида келтирилган далил ва мисоллар аввало давлатимиз, эл-юртимизнинг ўтган давр мобайнида амалга оширган улкан ишларини, шу йўлда қанча-қанча куч, маблағ ва имкониятлар сафарбар этганимизни я??ол кўрсатиб турибди.

Шулар ҳақида гапирганда, қуйидаги фикр ва хулосалар беихтиёр ҳар қайси инсоннинг хаёлига келиши табиий:

Авваламбор, юксак инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган, меҳрибонлик, меҳр-оқибат, мурувват ва саховат каби туйғуларнинг ёрқин намоёни бўлмиш бундай ишларни амалга ошириш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди.

Яна бир фикр шуки, бундай эзгу интилиш, бундай ҳаракатларнинг негизида айни бизнинг миллатимиз ва халқимизга мансуб бўлган бағрикенглик ва олижаноблик фазилатлари, шу билан бирга, мустақиллик йиллари давомида юртдошларимиз дунёқарашининг тубдан ўзгаргани, аввало ёш авлодимизни тарбиялаш ва маънавий юксалтириш йўлида қилаётган барча-барча ишларимиз ўз ифодасини топган, десак, ўйлайманки, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бугун мен шу юксак минбардан туриб, узоқ ва яқин қўшниларимизнинг ҳавасини тортаётган жамиятимиздаги ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган маҳалла оқсоқоллари ва фаолларининг меҳнатини, айниқса, маҳалла аҳли, аёллар ўртасида катта иш олиб бораётган маслаҳатчиларнинг фаолиятини алоҳида эътироф этиш ва уларга чин қалбимдан ташаккур билдиришни ўзимнинг бурчим, деб биламан.

Ўзингиз ўйланг, азизларим, барчамиз биргаликда амалга оширган мана шундай беқиёс ишларни бирон-бир рақам билан ўлчаб, ифода қилиб бўладими?

Ўзингиз айтинг, қадрли дўстлар, биродарлар, мана шундай буюк ишларга қодир бўлган халқни енгиб бўладими?


Муҳтарам юртдошлар!

Энди сизлар билан кириб келаётган янги - 2008 йилга қандай ном бериш ва шу асосда қандай эзгу мақсадларни ўзимиз учун энг муҳим ва устувор вазифа сифатида белгилаб олиш ҳақида фикр алмашиб, маслаҳатлашиб олсак, ўйлайманки, айни муддао бўлади.

Барчамизга маълумки, ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат аввало ўз фарзандлари қиёфасида, униб-ўсиб келаётган ёш авлод тимсолида шу хал??а хос хусусият ва фазилатларни намоён этадиган, унинг азалий орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган буюк кучни кўради.

Биз ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларни, барча эзгу орзу-ниятларимизни амалга оширишда авваламбор миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган, мамлакатимизни модернизация қилиш ва замонавий демократик жамият қуриш йўлидаги кенг кўламли ва мураккаб вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласини муҳим принципиал ва ҳал қилувчи даражага кўтарганимиз ҳаммамизга яхши аён.

Мустақиллик йилларида шу мақсадда амалга оширган том маънодаги тарихий ишларимиз ҳозирги вақтда, сўзсиз, ўз ҳосилини бермоқда. Бу йўналишда бошлаган улкан ишларимизни давом эттириш, янги поғонага кўтариш, энг муҳими, бугунги кунда долзарб масала бўлмиш ҳаётга кириб келаётган ёшларимизнинг жамиятимизда муносиб ўрин эгаллаши учун замоннинг ўзи олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда.

Мана шу ўта муҳим вазифаларни амалга ошириш, бу масалага давлатимиз ва жамиятимиз, кенг жамоатчилигимиз эътиборини жалб этиш мақсадида мен янги - 2008 йилни мамлакатимизда Ёшлар йили деб эълон қилишни таклиф этаман.


Азиз дўстлар!

Янги йилга айнан мана шундай ном беришимиз ва бундан кўзланган мақсадларимизнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида ортиқча гапириш ва уни исботлаб беришнинг зарурати йўқ, албатта.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда 18 ёшгача бўлган ёшлар 10 миллион 360 минг нафарни ёки умумий аҳолининг тахминан 40 фоизини, 30 ёшгача бўлганлар эса - 17 миллион 80 минг нафарни ёки 64 фоизини ташкил этади.

Ўз-ўзидан аёнки, аҳолимизнинг аксарият қисмини ташкил этадиган ёшларимизнинг ҳали-бери ечилмаган муаммоларига эътиборимизни жалб этиш, уларни ҳаётимизда ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучга айлантириш масаласи жамоатчилигимизнинг ди??ат марказида туриши шарт.

Шу мақсадларни амалга ошириш учун 2008 йилга "Ёшлар йили" деб ном беришимиз муносабати билан тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида махсус давлат дастурини ишлаб чиқишимиз ва амалга оширишимиз зарур, албатта.

Бу дастурнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида гапирганда, айрим муҳим, бугунги кунда долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайман.

Биринчилар қаторида ёш авлодимизнинг манфаатларини таъминлашни кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлаш, амалдаги қонун ҳужжатларини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишимиз зарур.

Муҳим масалалар қаторида мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган умуммиллий давлат дастурларимизнинг ижросини янги босқичга кўтариш, марказда ва жойлардаги бунга жавобгар бўлган идораларнинг масъулиятини ошириш вазифаси туриши керак.

Ҳаммамиз бугун яхши тушунамиз - фарзандларимизнинг мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида замонавий билим олиши, ҳаётда керак бўлган касбга эга бўлиши ҳақида гапирганда, бу йўналишда олиб бораётган ишларимизнинг сифати ва самарасини, пировард натижасини оширишда ҳали кўпгина масалаларни ечишимиз лозим.

Лекин фарзандларимизнинг замонавий билим ва тарбия олиши - олдимизга қўйган мақсадимизнинг фақатгина бир қисми эканини англаб олишимиз керак.

Шуни таъкидлаш зарурки, бу масаланинг иккинчи қисми, яъни йигит-қизларимизнинг олган билими ва касбини амалий ҳаётда намоён этиши ва ишлатиши учун, ўқув юртларини битириб чиқаётган болаларимизнинг ҳаётда ўзига мустаҳкам ўрин эгаллаши учун кўмак ва кенг имкониятлар туғдириб бериш масаласи - тан олишимиз керак - ҳали-бери эътиборимиздан четда қолиб келмоқда.

Бундай ҳолатлардан бош тортмасдан, чуқур ўйланган дастурларни ҳаётга татбиқ қилиш ҳисобидан бу масаланинг ечимини топиш - ҳозирги вақтдаги энг долзарб вазифамиз, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Бугунги кунда ўткир муаммоларимиздан энг муҳими - бу ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш ва иш билан таъминлашдан иборат. Бу вазифа давлатимиз ва жамиятимиз, маҳаллий ҳокимликларнинг эътибор марказида туриши зарурлиги ҳаммамизга аён.

Шу борада авваламбор қишлоқларимизда, кичик шаҳарларда истиқомат қилаётган ўғил-қизларимизни муносиб иш билан таъминлашга, айниқса армия сафларидан муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтганларга алоҳида эътибор беришимиз даркор.

Айни мана шундай ўта долзарб масалалар дастурдан асосий ўрин топиши лозим.

Ёшлар тарбияси ҳақида гапирар эканмиз, энг аввало оила муҳитини ўзимизга тасаввур қилишимиз табиий.

Бугунги кунда республикамизда 950 мингдан зиёд ёш оила мавжуд бўлиб, юртимиздаги жами оилаларнинг 16 фоизини ташкил қилади. Уларни моддий ва маънавий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи дастурда муносиб ўрин эгаллаши лозим. Шунингдек, ўқувчи ва талабаларнинг замонавий билим олишини таъминлаш билан бирга, уларнинг маиший шароитини янада яхшилаш, спорт билан мунтазам шуғулланиши бўйича аниқ режалар белгиланиши даркор.

Биз истеъдодли фарзандларимиз билан, уларнинг жаҳон спорт майдонлари, халқаро фан олимпиадалари, маданият ва санъат оламида эришаётган катта ютуқлари билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Юртимизда яшаётган ҳар бир боланинг ўзига хос қобилияти ва истеъдодини ўз вақтида пайқаш, тарбиялаш ва рўёбга чиқариш - бу ўта муҳим вазифани нафақат ота-оналарнинг эзгу мақсади, балки жамиятимизнинг бурчи сифатида ўртага қўйиш керак, деб ҳисоблайман.

Кейинги йилларда бу масалада давлат идоралари билан биргаликда бир қатор нодавлат ташкилотлар ҳам фаол иш олиб бораётганини қўллаб-қувватлаш зарур.

Ана шундай ҳамкорлик натижасида юртимизда ўтказилаётган "Ниҳол" ва Зулфия мукофоти танловлари, "Янги авлод" ва "Келажак овози" кўрик-танловлари минг-минглаб ёш истеъдод эгаларини кашф этаётгани барчамизни қувонтиради.

Мамлакатимизда шаклланиб келаётган фуқаролик жамиятига хос бўлган ана шундай ибратли ишларни амалга ошираётган нодавлат ташкилотларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур кўмак ва ёрдам бериш масаласи ҳам мана шу дастурда ўз ифодасини топиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу билан бирга, ёшларимизнинг маданий савиясини юксалтириш, маънавий оламини бойитиш, санъат ва гўзалликка интилишини кучайтириш мақсадида янги йилда республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган давлат дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш муҳим вазифаларимиз қаторидан жой олиши керак.


Қадрли дўстлар!

Мен "Ёшлар йили" давлат дастурида асосий эътибор беришимиз зарур бўлган баъзи бир энг муҳим масалалар ҳақида тўхталиб ўтдим, холос.

Бу дастур устида ишлайдиган, уни тайёрлашга масъул бўлган мутасаддилар авваламбор кенг жамоатчилик, маҳалла, хотин-қизлар ташкилотлари, ота-оналар ва мураббийлар, айниқса ёшларимизнинг фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини ҳар томонлама ўрганиб, бор куч ва имкониятларни ана шу устувор йўналишларни амалга ошириш учун қаратишлари лозим.

Ушбу дастурда ўз аксини топадиган барча-барча мақсад ва вазифаларни ўзида мужассам этадиган ягона ғоя ҳаммага очиқ аён бўлиши керак. Бу ғоя - ёшларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг замонавий билим ва касбга эга бўлишини, бугунги ўта мураккаб ва таҳликали замонда мавжуд бўлган ҳар қандай хатарларга, зарарли таъсир ва оқимларга нисбатан огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлиб яшашини ва жамиятимиз ҳаётида муносиб ўрин эгаллашини таъминлашдан иборат.

Шу борада бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман.

Бугунги кунда "Ёшларимиз бизнинг таянчимиз, ишончимиз ва келажагимиз" деган сўзлар кўп ишлатиладиган иборага айланиб қолди. Бу албатта бизнинг, барча ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг орзу-умиди, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Лекин мен, бугунги фурсатдан фойдаланиб, бу иборани кенгроқ маънода ифода этишни истардим. "Фарзандларимиз, ёшларимиз бизнинг нафақат ишончимиз ва келажагимиз, ёшларимиз бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир", десак, ўйлайманки, бу олиб бораётган сиёсатимиз ва мақсадларимизга жавоб берадиган даъват бўлади.

Ҳеч шубҳасиз, бу даъват биринчи навбатда мамлакатимизда тобора куч-қувват, ғайрат ва шижоатга тўлиб бораётган, ҳаётда улкан вазифаларни адо этишга қодир бўлган ёшларимизнинг орзу-интилишлари ва кайфиятига мос келади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бир сўз билан айтганда, фарзандларимизга нафақат ишонч билдириш, балки уларга ўзини амалда намоён этиши учун майдонни кенгайтириш керак.

Мен кўп чиқишларимда ёшларга бўлган ишончим ва меҳримни ифода этиб, юртимизда яшаётган барча-барча ёшлар менинг болаларим, менинг фарзандларим, деб қалбимдаги эзгу туйғу ва тилакларимни билдираман.

Албатта, ҳар қайси боланинг ўз ота-онаси ва яқинлари бор. Ва айни шу инсонлар боланинг соғлом ва оқил бўлиб, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга бўлиб ҳаётда ўз ўрнини топишини истайди ва керак бўлса, шу йўлда бутун борлиғини бағишлайди.

Лекин мен шу юртнинг раҳбари бўлиб, ҳар қайси ота-онанинг ёнида туриб, жондан азиз фарзандларимизга билдирадиган орзу-ниятларни амалга оширишда ўзимни масъул, деб биламан ва бундай вазифамдан ҳеч қачон қайтмайман.

Азиз ватандошлар, сизларни Конституция куни билан яна бир бор табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.



















































Время: 0.2328
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск