язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Реклама/ Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан таҳлил (ўрганиш, кўрик) ўтказиш тартиби тўғрисида Йўриқнома (АВ томонидан 18.02.2011 й. 2196-сон билан рўйхатга олинган Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 10.02.2011 й. 1-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 18 февралда 2196-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Монополиядан чиқариш ва

рақобатни ривожлантириш

давлат қўмитасининг

2011 йил 10 февралдаги

1-сон қарорига

ИЛОВА


Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя

қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

талабларига риоя этилиши юзасидан таҳлил

(ўрганиш, кўрик) ўтказиш тартиби тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Йўриқнома Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сон қарори билан тасдиқланган Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари (кейинги ўринларда қонун ҳужжатлари деб юритилади) талабларига риоя этилиши юзасидан таҳлил (ўрганиш, кўрик) ўтказиш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


таҳлил - Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда монополияга қарши орган деб юритилади) ходимларининг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бажарилиши юзасидан, молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ўрганиш ва/ёки кўрикдан ўтказишга қаратилган ҳаракатлари мажмуи;

сўров - монополияга қарши орган раҳбари (ўринбосари) томонидан имзоланган, хўжалик юритувчи субъект, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқаролар томонидан белгиланган муддатда тақдим этилиши лозим бўлган, таҳлил ўтказиш учун зарур маълумот (ҳужжат, материал)лар рўйхатини ўз ичига олган ёзма талабнома;


ариза - ҳуқуқ бузилиши ҳолатлари (белгилари) мавжудлигини кўрсатувчи ёзма равишда ёки монополияга қарши органнинг ишонч телефонига келиб тушган фуқаролар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари, давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа органлардан тушган ахборот, шунингдек оммавий ахборот воситаларидаги маълумотлар;


ўрганиш - хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролардан, шунингдек қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан монополияга қарши орган сўровига асосан тақдим этилган ҳужжат ва материалларни йиғиш ва кўриб чиқиш;


кўрик ўтказиш - маълумотларни йиғиш, шунингдек жойига чиққан ҳолда, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан рекламани тарқатишга оид хатти-ҳаракатларни аудио ва визуал равишда кузатиш, зарур ҳолларда фото, аудио ва/ёки видео суратга олиш ёки қонунда тақиқланмаган бошқа усулда қайд қилиш.



II. ТАҲЛИЛ ЎТКАЗИШ


2. Таҳлил ўтказиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

монополияга қарши органга келиб тушган аризалар;

монополияга қарши органнинг раҳбари (ўринбосари) томонидан тегишли давр учун тасдиқланган иш режаси;

бевосита монополияга қарши орган ходимлари томонидан кўрик ўтказиш давомида қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари (белгилари)нинг аниқланиши;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг алоҳида топшириқлари.


3. Таҳлил ўрганиш ва/ёки кўрик ўтказиш орқали амалга оширилади.


4. Ўрганиш:

хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ва фуқаролардан танишиш учун зарур материаллар ва ҳужжатларни сўраб олиш, улардан нусха кўчириш ҳамда уларни иш материалларига қўшиб қўйиш;

зарур ҳолларда, ариза берувчи, шунингдек уларга нисбатан ариза берилган хўжалик юритувчи субъект, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари билан суҳбат ўтказиш;

ариза берувчидан ва уларга нисбатан ариза берилган шахслардан ариза билан мурожаат қилишга сабаб бўлган ҳолатлар (белгилар) бўйича ёзма ёки оғзаки тушунтиришлар олиш;

зарур ҳолларда, аризани олдиндан кўриб чиқиш материаллари бўйича хулосалар ва тушунтиришлар бериш учун ваколатли экспертлар ёки мутахассисларни жалб этиш, ҳар томонлама, тўлиқ ва объектив равишда кўриб чиқиш мақсадида бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш орқали ўтказилади.


5. Истеъмолчилар ҳуқуқларининг камситилиши бўйича ариза ва шикоятларни ўрганиш мобайнида, истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйган хўжалик юритувчи субъектларда текширишлар ўтказиш зарур бўлган ҳолларда (молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда), текшириш ўтказиш учун Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши ёки унинг ҳудудий комиссияларидан рухсат олиниши шарт.


6. Мазкур Йўриқноманинг 4-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган сўровда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

сўров жўнатилаётган хўжалик юритувчи субъект, давлат бошқаруви органи ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тўлиқ номи ва почта манзили ҳамда фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми (яшаш жойи);

жўнатиш учун асослар (иш режаси, ҳуқуқ бузилиши ҳолати (белгиси) ёки ариза);

тақдим этилиши лозим бўлган зарур ҳужжатлар рўйхати;

қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолати (белгиси) бўйича тушунтириш;

ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган оқилона муддат;

маълумот тақдим этмаганлик ёки атайин нотўғри маълумот тақдим этганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш;

монополияга қарши орган раҳбари (ўринбосари)нинг имзоси;

монополияга қарши орган масъул ижрочисининг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда алоқа маълумотлари.


7. Кўрик монополияга қарши орган раҳбарининг (ўринбосарининг) кўрик ўтказиш жойи, вақти ва кўрикни ўтказишга масъул ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда унинг асоси кўрсатилган буйруғига асосан жойига чиққан ҳолда амалга оширилади.

Кўрик ўтказишда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши ёки унинг ҳудудий комиссиясидан рухсат олиш талаб этилмайди. Кўрик ўтказиш даврида монополияга қарши орган ходимлари томонидан Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш талаб этилмайди.

Кўрик, уни ўтказиш тўғрисидаги буйруқда қайд этилган давр мобайнида амалга оширилади. Кўрик ўтказиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги лозим.

Оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган маълумотларнинг кўриги доимий равишда, монополияга қарши органнинг кўрик ўтказишни маълум бир ходимга юклатиш ҳақидаги буйруғига мувофиқ амалга оширилади.


8. Ўтказилган кўрик натижасида икки нусхада маълумотнома тузилиб, унинг бир нусхаси реклама тарқатувчи раҳбарга (у бўлмаган ҳолларда унинг масъул шахсига) берилади. Маълумотномада қуйидагилар кўрсатилиши зарур:

монополияга қарши органнинг номи;

кўрик ўтказилган жой, вақт ва сана;

кўрик ўтказаётган ходимларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

кўрик ўтказиш учун қабул қилинган буйруқнинг рақами ва санаси;

реклама тарқатувчининг тўлиқ номи ва унинг масъул шахсининг фамилияси, исми, отасининг исми;

аниқланган ҳуқуқ бузилиши ҳолатлари (белгилари);

кўрик ўтказган ходимларнинг ҳамда реклама тарқатувчининг раҳбари (у бўлмаган ҳолларда унинг масъул шахси) имзоси.


9. Монополияга қарши орган ходимлари, кўрик ўтказилаётган реклама тарқатувчининг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзилига оид маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида реклама тарқатувчининг раҳбари (у бўлмаган ҳолларда унинг масъул шахси) билан суҳбат ўтказиши мумкин.

Кўрик ўтказиш даврида реклама тарқатувчидан ҳар қандай, шу жумладан, унинг молия-хўжалик фаолиятига оид ҳужжатларни талаб этиш тақиқланади.

Маълумотномага реклама тарқатувчининг раҳбари (у бўлмаган ҳолларда унинг масъул шахси) имзо қўйишдан бош тортган ҳолда, маълумотномага "имзодан бош тортди" деган қайд киритилади.

Кўрик ўтказиш тўғрисидаги буйруқ нусхаси ҳамда кўрик натижалари бўйича тузилган маълумотнома, уни олганлигини тасдиқловчи тилхат асосида реклама тарқатувчининг раҳбарига (у бўлмаган ҳолларда унинг масъул шахсига) берилади.

Буйруқ нусхаси ҳамда кўрик натижалари бўйича тузилган маълумотномани олганлигини тасдиқловчи тилхатга реклама тарқатувчининг раҳбари (у бўлмаган ҳолларда унинг масъул шахси) имзо қўйишдан бош тортган ҳолда, маълумотномада "тилхатга имзо қўйишдан бош тортди" деган қайд киритилади.


10. Ўтказилган кўрик натижасида тузилган маълумотнома монополияга қарши органда юритиладиган рақамланган, ип билан тикилган ва муҳрланган махсус журналда, кўрик ўтказилган куннинг кейинги иш кунидан кечиктирмасдан рўйхатга олиниши лозим.

Монополияга қарши орган, ўтказилган кўрик натижасида тузилган маълумотномада қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатини (белгисини) тўлиқ ва объектив кўриб чиқиш учун мазкур Йўриқноманинг 4-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган тартибда сўровни амалга ошириши мумкин.


11. Ўтказилаётган таҳлил давомида ҳуқуқбузарлик ҳолати (белги)ларининг мавжудлигига етарлича асослар аниқланган тақдирда, монополияга қарши орган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 йил 41-42-сон, 317-модда) билан тасдиқланган Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва/ёки реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилганлиги тўғрисида иш қўзғатиш бўйича зарур чораларни кўради.


III. ЖАВОБГАРЛИК


12. Мазкур Йўриқномага риоя этилиши юзасидан жавобгарлик, монополияга қарши орган раҳбари ҳамда таҳлил ўтказишга масъул ходимлар зиммасига юклатилади.



IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


13. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 7-8-сон, 73-модда.