язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти/ Турли соҳалар ва ташкилотларда хисобларнинг ўзига хос хусусиятлари/ Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб/ Коммунал хизматларга тарифларни шакллантириш ва рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш бўйича Низом (АВ томонидан 19.02.2011 й. 2198-сон билан рўйхатга олинган 19.01.2011 й. Молия вазирлиги 1-сон, Иқтисодиёт вазирлиги 2-сон, "Ўзкоммунхизмат" агентлигининг 01-88-cон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 19 февралда 2198-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт

вазирлиги ва "Ўзкоммунхизмат"

агентлигининг

2011 йил 19 январдаги

1, 2 ва 01-88-cон қарорига

ИЛОВА



Коммунал хизматларга тарифларни

шакллантириш ва рентабелликнинг чекланган

даражасини жорий этиш бўйича

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 17 апрелдаги ПФ-2832-сон "Коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг янги босқичи тўғрисида"ги Фармони (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 8-сон, 39-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 февралдаги ПҚ-5-сон "Коммунал хизматлар тарифларининг асоссиз равишда ўсиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда улар учун ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши учун истеъмолчиларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 5-6-сон, 31-модда) қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 июлдаги 271-сон "Уй-жой-коммунал хизматларнинг ўз харажатларини ўзи қоплашга босқичма-босқич ўтиш муносабати билан норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги, 1999 йил 5 февралдаги 54-сон "Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 й., 2-сон, 9-модда) 2001 йил 18 апрелдаги 178-сонҳолига коммунал хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 8-сон, 40-модда) ва 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон "Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ ташкилотлар - табиий монопол субъектлари (кейинги ўринларда хўжалик ташкилотлар деб юритилади) томонидан коммунал хизматлар (сув таъминоти, канализация, иссиқ сув таъминоти ва марказлашган иситиш хизмати)га тарифларни шакллантиришда харажатлар таркибини аниқлаш ва рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш тартибини тартибга солади.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Табиий монопол субъектлари Давлат реестрига киритилган ташкилотлар кўрсатаётган коммунал хизматлар тарифларини Давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарори билан тасдиқланган "Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисида"ги низом ва мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.


2. Ташкилотлар кўрсатаётган коммунал хизматлар тарифларини тасдиқлатиш учун нархларни тартибга солувчи органга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарори билан тасдиқланган Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 21-бандида кўрсатилган ҳужжатларни илова қилиб ариза билан мурожаат қилади.


3. Тарифларни асослаш учун қабул қилинадиган коммунал хизматларнинг ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларини аниқлашда ташкилот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


4. Ташкилотлар кўрсатаётган коммунал хизматлар тарифи ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган, давр харажатлари, молиявий фаолият бўйича харажатлар, солиқлар ва фойдадан бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлардан, шунингдек соф фойда суммасидан шаклланади.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 147-моддасида (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 52 (I)-сон) назарда тутилган харажатлар коммунал хизматига тасдиқланадиган тарифни шакллантиришда харажатлар ҳисобига олинмайди, юқори органлар ва ташкилотнинг бирлашмаси таъминотига ажратмалар бўйича харажатлар бундан мустасно.


5. Аҳолига кўрсатилаётган сув таъминоти, канализация, иссиқ сув таъминоти ва марказий иситиш хизматлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан аҳоли номидан сотиб оладиган хизматларни ҳисобга олган ҳолда, нол даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинади.


6. Коммунал хизматларни (сув таъминоти, канализация, иссиқ сув таъминоти ва марказий иситиш хизмати) етказиб берувчи ташкилотлар харажатларини камайтиришни рағбатлантириш мақсадида ушбу хизматларга тарифларни шакллантиришда 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда чекланган рентабеллик даражаси (соф фойданинг ишлаб чиқариш таннархига нисбати) белгиланади.

7. Агар олдинги ҳисобот даврида ташкилот технология жараёнларини такомиллаштириш ва замонавий ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳисобига ёқилғи-энергетика ресурслари, хом ашё ва материалларни тежашга эришган бўлса, тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) навбатдаги қайта кўриб чиқишда тежалган маблағларнинг 50 фоизгача бўлган суммаси соф фойда таркибида ҳисобга олинади, ёқилғи-энергетика ресурслари, хом ашё ва материалларга харажатлар эса замонавий ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш натижасида қўлланиладиган аниқлаштирилган харажатлар нормаси ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.


8. Коммунал хизматларга нархлар ва тарифларни тасдиқлаш ёки кейинчалик қайта кўриб чиқишда нархлар ва тарифлар ўсишининг 10 фоизи, ушбу коммунал хизматлар етказиб берувчи ташкилотларнинг ўз даромадлари ҳисобидан қопланади.


9. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 313, 317 ва 325-2-моддаларига мувофиқ коммунал хўжалик тизимининг иссиқлик, сув таъминоти ташкилотлари учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ва бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларнинг солиқ солинадиган базаси этиб, маҳсулотларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қўшилган қиймат солиғи ва тегишинча иссиқлик таъминоти ташкилотлари учун иссиқлик энергиясининг, сув таъминоти ташкилотлари учун сувнинг харид қиймати чегириб ташланган ҳолда реализация қилинган ҳажми ҳисобланади.


II. ВОДОПРОВОД-КАНАЛИЗАЦИЯ ВА ИССИҚЛИК

ТАЪМИНОТИ ТАШКИЛОТЛАРИ КЎРСАТАЁТГАН

КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАРИГА ТАРИФЛАРНИНГ

ҲИСОБ-КИТОБИ


1-§. Сув таъминоти ва канализация хизмати


10. Коммунал хизматлар харажатларини калькуляциялашда ишлаб чиқариш ва хизматларни бевосита истеъмолчига сотишдан иборат бўлган ишларнинг бутун технологик цикли ҳисобга олинади.

Бунда, сув таъминоти хизматлари таннархига сув олиш иншоотлари, насос станциялари, тозалаш иншоотлари, муҳандислик тармоқларига хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича харажатлар киритилади.


11. Водопровод-канализация хўжалиги бўйича тарифларнинг ҳисоб-китоблари водопровод хизмати ва канализация хизмати бўйича алоҳида амалга оширилади.


12. Харажатларни прогноз калькуляциялашда йўқотишлардан харажатлар қонунчилик билан белгиланган меъёрлар чегарасида назарда тутилади.

Сув таъминоти ташкилотининг моддий харажатлари кўтарилган сув ҳажми ҳамда 1 куб. м сувни тозалаш учун тасдиқланган меъёрий реагентлар (хлор, когулянт ва бошқа материаллар) харажатидан келиб чиқиб аниқланади.

Қувватли ва ёритиш энергияси харажатлари артезиан ва дарё водопроводи бўйича чиқарилган сув ҳажмига мувофиқ электр энергиясининг таққослама меъёрлари, энергия ускунасининг белгиланган қуввати ва белгиланган қувватнинг 1 кВт/соат ва 1 кВт учун амалдаги тарифлар билан ҳисоблаб чиқилади.


13. Канализация ташкилотларида моддий харажатлар (хлор, хлорли оҳак ва сув ҳавзаларига оқизиб юборишдан олдин зарарсизлантириш учун ишлатиладиган бошқа материаллар) оқинди сувнинг чиқарилган ва тозаланган ҳажмидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Ушбу харажатлар миқдори тозаланган оқова сув миқдорини материаллар харажатининг қабул қилинган таққослама меъёрларига ва материаллар қийматига кўпайтириш йўли билан аниқланади.


14. Бир ташкилот томонидан сув таъминоти ва канализация хизмати кўрсатилганда сув таъминоти ва канализация хизматлари калькуляцияси алоҳида тузилади, бунда билвосита моддий харажатлар, ишлаб чиқариш хусусиятига эга устама харажатлар, билвосита меҳнат харажатлари, давр харажатлари ва молиявий фаолият бўйича харажатлар ушбу хизматлар турлари бўйича ишлаб чиқариш ходимларининг асосий иш ҳақига мутаносиб тақсимланади.


15. Ўртача иқтисодий асосланган тарифнинг миқдорини ҳисоблаш учун, хизматларнинг барча истеъмолчиларини ҳисобга олган ҳолда берилган сув (ажратилган оқим суюқлик) ҳажмлари бўйича водопровод канализация ташкилотининг даромадларини аниқлаш зарур, мазкур тармоқни яқин давр (йил)да ривожлантириш истиқболини ҳисобга олган ҳолда аниқ ҳисобот даври (йил) учун хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархи ва ташқи омиллар (энергия ресурслари, материаллар нархлари, ташиш тарифлари, тариф ставкалари ва лавозим маошларининг ўзгариши)нинг тахминий таъсири ҳамда зарурий фойда суммасидан ҳосил бўлади. Ўртача иқтисодий асосланган тариф миқдори қуйидаги формула бўйича аниқланади:


Тўр. тариф = S + Фз (сўм), бу ерда:


Тўр. тариф - 1 куб. м сув (1 куб. м оқинди)га ўртача иқтисодий асосланган тариф;

S - 1 куб. м сув (1 куб. м оқинди)нинг ишлаб чиқариш таннархи;

Фз - водопровод-канализация ташкилотларининг рентабелли ишини таъминловчи 1 куб. м сув (1 куб. м оқова сув) ҳисоб-китобига зарурий фойда (давр харажатлари, молиявий фаолият бўйича харажатлар, фойдадан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлар ҳамда соф фойда суммаси);

Тарифни шакллантиришда соф фойда суммаси ва рентабеллик даражасини ҳисоблаш мазкур Низомнинг 6-бандига мувофиқ амалга оширилади.

17. Сув таъминоти ва канализация хизматлари тарифларини тасдиқлаш ёки кейинчалик қайта кўриб чиқишда ошишининг 10 фоизи водопровод-канализация хўжалигининг даромадлари ҳисобидан қопланади. Ушбу мақсадларда ташкилотлар томонидан йўқотиш ва харажатларни қисқартиришга, ресурсларни тежовчи технологиялар жорий қилишга, бошқарув тузилмаси ва маъмурий-бошқарув ходимлари сонини такомиллаштириш ва бошқа чораларга йўналтирилган аниқ чора-тадбирларни ташкил этиш йўли билан қўшимча даромадлар олиш ёки харажатларни камайтиришнинг ички захиралари қидириб топилади.

Бунда, технология жараёнларини такомиллаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш йўли билан ёқилғи-энергетика ресурслари, хом ашё ва материалларни тежаш натижасида ташкилот томонидан олинган қўшимча фойда олиб қўйилмайди.

Тарифларни қайта кўриб чиқишда ресурсларни тежовчи замонавий технологияни жорий қилиш натижасида олинадиган 50 фоизгача тежалган маблағлар соф фойда таркибида ҳисобга олинади, ёқилғи-энергетика ресурслари, хом ашё ва материаллар харажатлари аниқланган меъёрий харажатларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.


18. Сув таъминоти ва канализация хизматларига ҳақ тўлаш суммаси уй-жой фондининг ободонлаштирилганлиги даражасига қараб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган сув (канализация) истеъмоли меъёрлари ҳамда аҳоли учун тарифлардан келиб чиққан ҳолда бир ойда 1 кишига ҳисоблаб чиқарилади, ҳисоблагич асбоб-ускуналари бўлганда эса, тўлов уларнинг кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.



2-§. Иссиқлик таъминоти хизмати

(ишлаб чиқариш ва транспортировка қилиш)


19. Иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва транспортировка қилиш харажатлари таркибига иссиқлик энергиясини ишлаб чиқиш ҳамда иссиқлик тармоқларига хизмат кўрсатиш бўйича харажатлар, абонентларнинг уланиш жойлари, ҳарорат, босимни ва сув сарфини мувофиқлаштирувчи автомат қурилмалар ишлашини назорат қилиш харажатлари киради.


20. Улгуржи истеъмолчилар учун иссиқлик таъминоти хизматлари учун тарифларни ҳисоблаш учун, иссиқлик таъминоти ташкилотларнинг етказиб берилган иссиқлик энергияси ҳажми хизматнинг барча истеъмолчиларини ҳисобга олган ҳолда даромадларини аниқлаш зарур. Бунда даромадлар аниқ давр (йил) ушбу тармоқни яқин даврлар (йил)да ривожланиш истиқболи ҳамда кўзда тутилаётган ташқи омиллар (энергия ресурслари, материаллар нархлари, ташиш тарифлари, тариф ставкалари ва лавозим маошларининг ўзгариши)нинг таъсири иситиш мавсумининг меъёрий давомийлик муддатини (S), зарурий фойдани (Фз) ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади (мазкур Низомнинг 15-бандидаги формулага мувофиқ).


21. Иссиқлик таъминоти хизматларига тарифларни шакллантиришда қозонхона ускуналари ва иссиқлик тармоқларини мукаммал таъмирлашни ўтказишга давлат бюджети (давлат субсидиялари) ҳисобидан ажратилган маблағлар иссиқлик таъминоти ташкилотлари харажатларидан чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 129-моддасига мувофиқ Давлат субсидиясидан даромадлар солиқ солишда жами даромадга киритилмайди.

Қозонхона ускуналари ва иссиқлик тармоқларини мукаммал таъмирлашни ўтказиш харажатлар, амортизация ажратмалари, бюджет ҳисобидан ажратиладиган маблағлар ва молиялаштиришнинг бошқа манбаларини ҳисобга олган ҳолда, манзилли рўйхатларга мувофиқ белгиланган молиявий маблағларнинг етишмайдиган қисмига тарифларни шакллантиришда харажатлар таркибида ҳисобга олинади.


22. Иссиқлик таъминоти хизматлари бирлигига тарифларни шакллантиришда билвосита моддий харажатлар, ишлаб чиқариш хусусиятига эга устама харажатлар, билвосита меҳнат харажатлари, давр харажатлари ва молиявий фаолият бўйича харажатлар ишлаб чиқариш, ходимларининг асосий иш ҳақига нисбати билан белгиланади.


23. Тарифни шакллантиришда соф фойда суммаси ва рентабеллик даражаси мазкур Низомнинг 6-бандига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади.

24. Иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини тасдиқлаш ёки кейинчалик қайта кўриб чиқишда ошишининг 10 фоизи иссиқлик таъминоти ташкилотнинг даромадлари ҳисобидан қопланади. Ушбу мақсадларда ташкилотлар томонидан йўқотиш ва чиқимларни қисқартиришга, ресурсларни тежовчи замонавий технологиялар жорий қилишга, бошқарув тузилмаси ва маъмурий-бошқарув ходимлари сонини такомиллаштириш ва бошқа чораларга йўналтирилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш йўли билан қўшимча даромадлар олиш ёки харажатларни камайтиришнинг ички захиралари қидириб топилади.

Бунда, технология жараёнларини такомиллаштириш ва ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш йўли билан ёқилғи-энергетика ресурслари, хом ашё ва материалларни тежаш натижасида ташкилот томонидан олинган қўшимча фойда олиниши ушбу Низомнинг бузилиши ҳисобланмайди ва кўрсатиб ўтилган фойда олиб қўйилмайди.

Тарифларни қайта кўриб чиқишда ресурсларни тежовчи замонавий технологияни жорий қилиш натижасида олинадиган 50 фоизгача тежалган маблағлар соф фойда таркибида ҳисобга олинади, ёқилғи-энергетика ресурслари, хом ашё ва материаллар харажатлари аниқланган меъёрий харажатларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.


25. Аҳоли учун тарифлар:

марказий иситиш хизматлари бўйича бир ойда 1 кв. м иситиш майдонига;

иссиқ сув таъминоти бўйича ҳисоблаш асбоби бўлмаганда бир ойда 1 кишига;

фақат иссиқ сув сарфини ҳисоблаш асбоби бўлганда 1 куб. м иссиқ сув учун.


26. Аҳоли учун марказий иситиш ва иссиқ сув таъминотига белгиланган тарифлар қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади:

1 Гкал иссиқлик таннархи харажат;

улгуржи истеъмолчилар учун белгиланган тариф;

ташкилот томонидан ўрнатилган иссиқлик энергиясини ишлаб чиқиш, узатиш учун ёқилғи, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув сарфларининг меъёрларини ҳамда иссиқлик юкламаларини, шунингдек технологик йўқотишларни аниқлаш тартиби асосида 1 кв. м иситиш майдонини иситиш ва 1 куб. м сувни қиздириш учун сарфланган тахминий иссиқлик энергияси.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 июлдаги 271-сон "Уй-жой-коммунал хизматларнинг ўз харажатларини ўзи қоплашига босқичма-босқич ўтиш муносабати билан меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ аҳолига марказий иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун иссиқлик энергияси меъёрлари миқдори Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


27. Тарифларни шакллантиришда қуйидагилар таннархни ҳисобга олишнинг ўзига хос хусусиятлари бўлиб ҳисобланади:

иссиқлик таъминоти ташкилотлари хизматларининг таннархи иссиқлик тармоқларини кузатиш, назорат қилиш, хизмат кўрсатиш ва профилактик таъмирлаш бўйича режалаштирилаётган ташкилий ва техник тадбирларга мувофиқ, қозонхона ускуналари ва иссиқлик тармоқларининг профилактик хизмати ва таъмирлашни ҳисобга олган ҳолда аниқланади;

харажатлар прогноз калькуляциялашда иссиқлик энергиясидан йўқотишлар қонунчиликда белгиланган меъёрлар чегарасида назарда тутилади;

иссиқлик энергияси бир вақтнинг ўзида марказий иситиш ва иссиқ сув таъминотида сотилган тақдирда, харажатлар калькуляция моддалари бўйича иссиқлик энергиясининг марказий иситиш ва иссиқ сув таъминотидаги мутаносиб миқдорига мувофиқ ҳисобланиши лозим;

иссиқлик таъминоти хизматларига моддий харажатлар техник тузи ва унинг ўрнини босувчи бошқа материаллар харажати меъёрларидан келиб чиққан ҳолда 1 куб. иссиқ сув (иссиқлик элтувчи) ва унга белгиланган нарх ҳисоб-китоби бўйича белгиланади;

кучланишли ток ва ёритиш энергияси харажатлари электр энергияси харажатининг таққослама меъёрлари, энергия ускунасининг белгиланган қуввати ва белгиланган қувватнинг 1 кВт/соат ва 1 кВт учун амалдаги тарифларга мувофиқ ҳисоблаб чиқилади.


28. Аҳоли учун иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларни аниқлашнинг намунавий ҳисоб-китоби мазкур Низомга иловада келтирилган.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДА


29. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилган.






Низомга

ИЛОВА



Аҳоли учун иссиқлик таъминоти

хизматлари тарифларини аниқлашнинг

НАМУНАВИЙ ҲИСОБ-КИТОБИ


1. Марказий иситишдаги 1 кв. м иситиш майдони учун бир ойда ҳисоб-китоб бўйича

Бир ойга 1 кв. м иситиш майдонига марказий иситишдаги иссиқлик энергиясининг таққослама истеъмоли - 0,019 Гкал*.

Улгуржи тариф (ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда) - 18 000 сўм.

Бир ойга марказий иситишдаги 1 кв. м иситиш майдони учун тариф ўртача 342 сўмни ташкил қилади:

18 000 сўм х 0,019 = 342 сўм.


2. Иссиқ сув таъминоти учун ҳисоблаш асбоби бўлмаганда бир ойда 1 кишига

Бир ойда 1 кишига иссиқ сув таъминотидаги иссиқлик энергиясининг таққослама истеъмоли - 0,191 Гкал.

Улгуржи тариф (ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда) - 18 000 сўм.

Бир ойда 1 кишига иссиқ сув учун тариф 3 438 сўмни ташкил қилади:

18 000 сўм х 0,191 = 3 438 сўм.


3. Ҳисоблаш асбоби бўлганда аҳоли учун 1 куб. м иссиқ сув учун

Барча истеъмолчилар учун 1 Гкал иссиқлик энергияси 18 000 сўм/Гкал ни (ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда) ташкил қилади.

Қўшимча маълумотлар:

узатувчи трубопроводдаги иссиқ сув ҳарорати - 72,8 градус С;

узатувчи трубопровод изоляцияси орқали иссиқликнинг меъёрий йиллик ўртача йўқотилиши - 73,94 Гкал/с;

узатувчи трубопроводдаги сувнинг йиллик ўртача соатлик харажати - 33 560,0 куб. м/с (иссиқлик манбаидаги харажат ўлчагичи маълумоти бўйича);

иссиқ сув тайёрлаш учун ишлатиладиган чиқарилган сувнинг йиллик ўртача ҳарорати - 10,8 градус С.

Атроф-муҳитга йўқолиши сабабли узатувчи трубопроводдаги сув ҳароратининг йиллик ўртача пасайтирилиши:

Дельта t

73,94 х 106

= 2,2°С , бу ерда:

33 560,0 х 103

106 - Гкал ни Ккал га ўтказиш коэффициенти;

103 - кг га ўтказиш коэффициенти.

Аҳолига бериладиган иссиқ сувнинг ўртача ҳарорати:

tгв = 72,8° - 2,2 = 70,6°С.

Иссиқ сувнинг таркибидаги иссиқлик қуйидаги формула бўйича аниқланади:

i = 0,001 (70,6° - 10,8°) = 0,0598 (Гкал/куб. м)


1 куб. м иссиқ сув учун тариф:

Тгв = 18 000 х 0,0598 = 1 076,4 сўм/куб. м.



*) Марказий иситиш ва иссиқ сув таъминотидаги иссиқликнинг таққослама истеъмоли ҳар бир ҳудуд (алоҳида аҳоли пункти) учун Иссиқлик энергиясини ишлаб чиқиш, узатиш учун ёқилғи, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув сарфларининг меъёрларини ҳамда иссиқлик юкламаларини, шунингдек технологик йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1687, 2007 йил 7 июнь) асосида ишлаб чиқилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 7-8-сон, 76-модда.