язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд хокимияти. Одил судлов/ Суд экспертизаси. Криминалистика. Экспертлик муассасалари/ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома (АВ томонидан 02.03.2011 й. 2202-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 02.03.2011 й. 53-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 2 мартда 2202-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2011 йил 2 мартдаги

53-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд

экспертиза муассасаларида суд экспертизасини

ўтказиш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг "Суд экспертизаси тўғрисида"ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 январдаги 5-сон қарори билан тасдиқланган Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилот томонидан суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида (бундан буён матнда экспертиза муассасаси деб юритилади) суд экспертизасини ўтказиш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Экспертиза муассасасида суд экспертизаси фуқаролик, иқтисодий, жиноят ишлари (шу жумладан, терговга қадар текширув материаллари), маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг қарори, суд ажрими асосида ўтказилади.

2. Экспертиза муассасасида суд экспертизасининг қуйидаги турлари ўтказилади:

суд хатшунослик экспертизаси, ҳужжатларнинг техникавий-криминалистик экспертизаси, суд-сиёсатшунослик-лингвистик экспертизаси, суд-филологик экспертизаси, изшунослик экспертизаси, йўқ қилинган маркировка белгиларини тиклаш экспертизаси, суд баллистик экспертизаси, портловчи моддалар экспертизаси, материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси, шу жумладан, толали материаллар ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси, лок-бўёқ материаллари ва қопламалар экспертизаси, нефть маҳсулотлари ва ёнилғи-мойлаш материаллари экспертизаси, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар экспертизаси, дори-дармонлар экспертизаси, таркибида спирт бўлган суюқликлар экспертизаси, металлар, қотишмалар ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси, шишалар ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси, пластмасса, резина ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси, елимли материаллар экспертизаси, махсус кукунлар ва махсус маркерлар экспертизаси, бошқа объектлар, улар ичида табиати ноаниқ бўлган моддаларнинг криминалистик экспертизаси, суд тупроқшунослик экспертизаси, озиқ-овқат маҳсулотларининг экспертизаси, суд-биологик экспертизаси, одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси, суд-экологик экспертизаси, суд-автотехника экспертизаси, транспорт-изшунослик экспертизаси, транспорт воситаларини ва уларнинг қисмларини баҳолаш экспертизаси, ёнғин-техникавий экспертиза, суд-иқтисодий экспертиза, суд-товаршунослик экспертизаси, суд қурилиш-техникавий экспертизаси, суд-ер экспертизаси, суд видеофонография экспертизаси.

Экспертиза муассасасида унинг ихтисослиги бўйича бошқа турдаги суд экспертизалари ҳам ўтказилиши мумкин.


3. Олий маълумотга, алоҳида ҳолларда эса ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган, муайян суд-эксперт ихтисослиги бўйича кейинги тайёргарликдан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 16 декабрдаги 300-сон қарори билан тасдиқланган Давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқароси экспертиза муассасасида суд экспертизасини ўтказади.

Экспертиза муассасасида суд экспертизаси бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс томонидан ҳам ўтказилиши мумкин. Бундай ходимлар ёки жисмоний шахсларни танлаш, улар таркибини тасдиқлаш ҳамда уларнинг фаолият тартибини белгилаш экспертиза муассасаси томонидан амалга оширилади.


4. Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) билан келишмасдан бошқа шахсларни суд экспертизасини ўтказиш учун жалб қилишга йўл қўйилмайди.

Суд экспертизасини ўтказишда экспертнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги қонун ҳужжатлари ва ушбу Йўриқнома билан белгиланади.


5. Суд эксперти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд экспертизаси предметига оид иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш;

суд экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш;

тергов ҳаракатлари ўтказилаётганда суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг рухсати билан ҳозир бўлиш ва шу тергов ҳаракатларида иштирок этувчи шахсларга суд экспертизаси предметига оид саволлар бериш;

суд муҳокамасида суд экспертизаси предметига оид далилларни текширишда иштирок этиш ва сўроқ қилинаётган шахсларга суднинг рухсати билан саволлар бериш;

ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш;

ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки суд экспертизаси предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиш;

унинг хулосаси ёки кўрсатувлари процесс иштирокчилари томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида тергов ҳаракати ёки суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш;

агар у иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш;

агар унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишни юритаётган органнинг қарорлари, шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш.

Суд эксперти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


6. Суд эксперти:

суд эксперти сифатида ўзини ўзи рад этиши учун қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) ёки экспертиза муассасасининг ёхуд бошқа ташкилотнинг раҳбарига дарҳол маълум қилиши;

ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона хулоса бериши;

суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг чақирувига биноан суриштирувда, дастлабки терговда ёки суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун келиши;

ўзи ўтказган суд экспертизаси хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши;

суд экспертизасини ўтказиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги;

тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларининг сақланишини таъминлаши;

иш тергов қилинаётганда ва суд муҳокамаси вақтида тартибга риоя қилиши шарт.

Суд эксперти зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


7. Суд эксперти:

суд экспертизасини ўтказиш билан боғлиқ бўлган, ишнинг натижасидан ўзининг манфаатдор эмаслигини шубҳа остига қўядиган масалалар юзасидан процесс иштирокчилари билан шахсий алоқага киришишга;

суд экспертизасини ўтказиш учун мустақил равишда материаллар тўплашга;

ўзига топширилган суд экспертизасини ўтказишга бошқа шахсларни жалб қилишга;

суд экспертизаси натижаларини суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) ташқари бирон-бир шахсга хабар қилишга;

агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, экспертиза муассасаси раҳбаридан ташқари бевосита бошқа бирон-бир органдан (шахсдан) суд экспертизасини ўтказиш тўғрисида топшириқлар қабул қилишга;

бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс сифатида суд экспертизасини ўтказишга ҳақли эмас.

Суд эксперти ўз фаолиятини амалга оширишда мустақилдир ва унинг фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди.


8. Жиноий жавобгарликка олиб келмайдиган тарзда суд экспертизаси ўтказиш тартибини ёки шифрлаш қоидаларини бузганлиги ва суд эксперти вазифаларига виждонан муносабатда бўлмаганлиги учун экспертиза муассасасининг суд эксперти қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши, бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс бўлган суд эксперти эса - суд экспертизаси ўтказишга жалб қилинадиган шахслар рўйхатидан чиқарилиши мумкин.

9. Экспертиза муассасаси раҳбарига суд экспертлик фаолиятини белгиловчи қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилган ҳолда суд экспертизасининг юқори илмий-техник даражада бажарилишини таъминлаш вазифаси юклатилади.

Экспертиза муассасаси раҳбари:

агар экспертиза муассасасида текширишларни ўтказиш учун тегишли мутахассислар ёки зарур моддий-техник база ёхуд махсус шароитлар бўлмаса, суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажримни ижро этмасдан ҳамда суд экспертизасини ўтказиш учун тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларини уч кунлик муддатда қайтариш;

суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) суд экспертлари комиссияси таркибига мазкур ташкилотда ишламайдиган шахсларни, шу жумладан, хорижий давлатларнинг мутахассисларини, агар суд экспертизасини ўтказиш учун уларнинг махсус билимлари зарур бўлса, киритиш тўғрисида илтимос қилиш;

қўйилган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган текширишларни ўтказишни ўз кучлари ва воситалари билан таъминлаётган ташкилотларга суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажримнинг кўчирма нусхасини юбориш;

айрим ваколатларини ўзининг ўринбосари, лаборатория, бўлим ва бўлинмалар раҳбарларига юклатиш;

унга берилган экспертлик мутахассислигига мувофиқ суд эксперти сифатида ҳаракат қилиш;

суд эксперти тузилган хулосадаги камчиликларни бартараф қилишдан бош тортса, суд экспертлари комиссияси иштирокида тадқиқот ўтказишни ташкил қилиш;

текшириш объектлари суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан олинмаган тақдирда, уларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида ушбу экспертиза муассасасида сақлаш, катта хавф туғдирадиган объектларнинг мазкур экспертиза муассасасига келиб тушиши натижасидаги зарарли оқибатларни (портлаш, ёнғин ва шу кабиларни), агар суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) ушбу объектлар билан муомалада бўлишнинг унга маълум бўлган махсус қоидалари тўғрисида раҳбарга хабар бермаган бўлса ёки улар лозим даражада ўралмаган бўлса, бартараф этиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплашни суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Экспертиза муассасаси раҳбари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Экспертиза муассасаси раҳбари:

экспертиза муассасасига суд экспертизасини ўтказиш учун юборилган материалларни қабул қилиши ва уларнинг мазкур Йўриқномага мувофиқлигини текшириши;

ўринбосари, тегишли лаборатория, бўлим ва бўлинмалар раҳбарига суд экспертизасини ўтказишни ташкил қилиш ҳақида ёзма топшириқ бериши;

мазкур Йўриқноманинг 12-бандида белгиланган суд экспертизасини ўтказиш муддатларини белгилаши ва унга риоя этилишини назорат қилиши;

суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим олинганидан сўнг суд экспертизасини ўтказишни қўйилган саволларга жавоб бериш учун талаб қилинадиган кўламда махсус билимларга эга бўлган суд экспертларига ёки суд экспертлари комиссиясига топшириши;

суд экспертини ишга қабул қилишда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

текшириш объектлари суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан олинмаган тақдирда, уларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида ушбу экспертиза муассасасида сақлашни таъминлаши;

суд экспертини била туриб нотўғри хулоса берганлиги, суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчи, терговчи ёхуд прокурорнинг рухсатисиз ошкор қилганлиги, шунингдек хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириши, ундан тегишли тилхат олиши ва мазкур тилхатни хулоса билан бирга суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юбориши;

ўтказилаётган текширишларнинг тўлиқлиги, сифати ва шифрлаш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни суд экспертининг мустақиллиги принципини бузмаган ҳолда таъминлаши;

текшириш тугаганидан сўнг хулосани, текшириш объектлари ва иш материалларини суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юбориши шарт.

Экспертиза муассасаси раҳбари зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


11. Экспертиза муассасаси раҳбари:

суд экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча текшириш объектларини суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) қарори ёки ажримисиз талаб қилиб олишга;

суд экспертизасини ўтказиш учун экспертиза муассасасида ишламайдиган шахсларни мустақил равишда жалб этишга;

суд экспертига муайян суд экспертизаси юзасидан текшириш жараёнини ва фикрлар мазмунини олдиндан белгилаб қўядиган кўрсатмалар беришга ҳақли эмас.


12. Суд экспертизасини ўтказиш муддатлари суд экспертизасининг мураккаблиги ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўттиз кун доирасида белгиланади.

Экспертиза муассасаси раҳбари, унинг ўринбосари, лаборатория, бўлим ва бўлинма бошлиғи томонидан суд экспертизасининг ҳажми ва мураккаблигига, шунингдек суд экспертининг иш ҳажмига қараб:

кам объектли ва мураккаб бўлмаган текширув ўтказишга доир материаллар бўйича ўн кунгача;

кўп объектли ёки мураккаб текширувлар ўтказишга доир материаллар бўйича йигирма кунгача;

кўп объектли ва мураккаб текширувлар ўтказишга доир материаллар бўйича ўттиз кунгача бўлган муддатларни белгилаши мумкин.

Суд экспертизасини ўтказишни ўттиз кун мобайнида бажариш мумкин бўлмаган тақдирда экспертиза муассасаси раҳбари муддат ўтишидан уч кун олдин асосланган хулоса тузади ва бу тўғрида суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) ёзма равишда хабар қилади ҳамда улар билан келишган ҳолда қўшимча муддатни белгилайди.

Агар суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) билан келишган ҳолда суд экспертизасини ўтказиш учун қўшимча муддатни белгилашнинг имкони бўлмаса, суд экспертизаси ўтказилмаслиги сабаблари кўрсатилиб, материаллар суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) қайтарилади.


13. Суд экспертизасини ўтказиш муддатлари материаллар экспертиза муассасасига тушган кундан кейинги кундан бошлаб ҳисобланади ва улар экспертиза муассасаси раҳбари томонидан суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юборилган кунда тугайди.

Суд экспертизасини ўтказиш муддатлари қуйидаги даврларга тўхтатиб турилади:

суд экспертининг суд экспертизасига тақдим этилган материаллардаги камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги илтимосномасини қондириш ёки илтимосномани қондиришнинг рад этилиши тўғрисида жавоб олиш;

суд экспертизасини ўтказишни ўттиз кунгача бўлган муддатда бажариш мумкин бўлмаган тақдирда уни ўтказиш муддатларини келишиб олиш;

суд экспертининг бошқа суд экспертизасини бажариши муносабати билан хизмат сафарида бўлиши, уни бажаришни бошқа суд экспертига топшириш мумкин бўлмаган тақдирда;

суд экспертининг вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлиги, суд экспертизасини бажаришни бошқа суд экспертига топшириш мумкин бўлмаган тақдирда.

Қонун ҳужжатларида ва ушбу Йўриқномада назарда тутилмаган асослар бўйича экспертиза ўтказиш муддатларини тўхтатиб туришга йўл қўйилмайди.

Суд экспертизасини ўтказиш муддатлари тўхтатиб қўйилганлиги тўғрисида суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) дарҳол хабар берилади.


14. Экспертиза муассасасида фуқаролик ва иқтисодий ишлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари) бўйича суд экспертизаси ўтказиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш иш бўйича томонларга юкланади ва суд экспертизасини ўтказиш бошлангунгача тўланади.

Ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган харажатларга ҳақ тўлаш миқдори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тарифлар бўйича белгиланади.

Суд экспертизасини ўтказиш бўйича харажатлар тўланмаганлиги материалларни суд экспертизаси ўтказмасдан қайтариш учун асос ҳисобланади.


15. Суд экспертизаси экспертиза муассасасида ва унинг ташқарисида (суд мажлиси залида, воқеа жойида ва ҳоказо) ўтказилади.

Экспертиза муассасасида суд экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тегишли буйруғи билан аниқланадиган хизмат кўрсатиш минтақаларига мувофиқ ўтказилади.

Суд экспертизасини тайинлаган ва экспертиза муассасасининг хизмат кўрсатиш минтақасидан ташқарида жойлашган органлар (шахслар) учун суд экспертизаси, истисно тариқасида, ушбу муассаса томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин.



II. ЭКСПЕРТИЗА ЎТКАЗИШ УЧУН ЮБОРИЛАДИГАН

МАТЕРИАЛЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


16. Суд экспертизаси фақат уни тайинлаган орган (шахс) томонидан, процессуал қонунга, ушбу Йўриқномага мувофиқ расмийлаштирилган материаллар тақдим этилган тақдирдагина ўтказилади.


17. Суд экспертизасига суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим), текшириш объектлари ва иш материаллари, шунингдек текширишларни ўтказиш ва хулоса бериш учун суд экспертига зарур бўлган суд экспертизаси предметига тааллуқли маълумотларга эга бўлган ҳужжатлар тақдим этилиши керак. Суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорлар (ажримлар)нинг факсимил ва ёруғ сезгир қоғозга кўчирилган нусхаларини тақдим этишга йўл қўйилмайди.


17-1. Суд экспертларининг мустақиллигини ва суд-эксперт текширишларининг холислигини таъминлаш, шу жумладан коррупциявий омиллар келиб чиқишини ҳамда суд экспертларининг манфаатдор шахслар билан ўзаро алоқалар ўрнатишини олдини олиш мақсадида айрим турдаги (имконияти мавжуд бўлган) суд экспертизалари бўйича текшириш объектлари, иш материаллари ва бошқа тааллуқли маълумотлар суд экспертига тақдим қилинишидан олдин экспертиза муассасаси томонидан тасдиқланган шифрлаш қоидаларига асосан шифрланади.

18. Текшириш объектлари, агар уларнинг ўлчамлари ва хоссалари имкон берса, ўралган ва муҳрланган ҳолда суд экспертига топширилиши керак, текшириш объектлари суд экспертизасини тайинлаган шахс ёки органнинг ваколатли ходими томонидан шахсан топширилган ҳоллар бундан мустасно.

Шифрлаш билан боғлиқ бўлган суд экспертиза турлари бўйича текшириш объектлари ва ҳужжатлари шифрлаш қоидаларига асосан топширилади.

19. Суд экспертига тақдим этилган текшириш объектлари, таққословчи материаллар, маълумотларнинг ишончлилиги учун суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) жавоб беради.


20. Суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги битта қарор (ажрим)га кўп миқдордаги объектлар тушган тақдирда экспертиза муассасаси раҳбари бир қатор алоҳида-алоҳида экспертизалар ўтказилишини ташкил этиши мумкин.


21. Суд экспертизасини ўтказиш экспертиза муассасаси билан биргаликда бошқа экспертиза муассасасига (муассасаларига) топширилган тақдирда суд экспертизаларини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим)да мазкур суд экспертизасининг қандай мутахассисликларга эга бўлган суд экспертлари томонидан ўтказилиши кераклиги, суд экспертлари комиссияси фаолиятини ташкил этишнинг қайси экспертиза муассасасига юкланаётганлиги ҳамда текшириладиган объектлар ва бошқа материаллар қайси экспертиза муассасасига юборилганлиги кўрсатилади.

Суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим) ҳар бир экспертиза муассасасига юборилади.


22. Қўшимча ёки такрорий суд экспертизаси тайинланган тақдирда экспертиза муассасасига хулоса ёки олдинги ўтказилган суд экспертизаси хулосасини бериш мумкин эмаслиги тўғрисидаги далолатнома барча иловалар (фотожадваллар, экспериментал материаллар ва шу кабилар) билан бирга тақдим этилади.

Қўшимча ёки такрорий суд экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим)да уни тайинлашнинг сабаблари ва асослари албатта кўрсатилади.


23. Суд экспертизасига юборилаётган, уни ўтказиш имконини бермайдиган материалларни расмийлаштириш қоидаларига риоя этилмаган тақдирда, экспертиза муассасаси раҳбари бу ҳақда суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс)га дарҳол хабар қилади.

Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) камчиликларни бартараф этиш учун зарур чора-тадбирларни кўрмаса, экспертиза муассасаси раҳбари ўттиз кун ўтгач унга материалларни экспертиза ўтказмасдан қайтаради.

Расмийлаштиришнинг процессуал тартиби бузилган ҳолда қайта, шунингдек комиссион ёки комплекс экспертиза ўтказишга тушган материаллар суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) уч кун муддатда қайтарилади.


24. Агар тайинланган суд экспертизасини экспертиза муассасасида ўтказиш назарда тутилмаган бўлса ёки экспертиза муассасаси тегишли мутахассисларга ёки асбоб-ускуналарга эга бўлмаса, экспертиза муассасаси раҳбари экспертизага тақдим этилган материалларни уч кун муддатда, экспертизаларни тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим)нинг бажарилмаганлиги сабабларини кўрсатган ҳолда суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс)га қайтаради.


25. Суд экспертизасига наркотик воситалар, психотроп моддалар, қимматбаҳо металлар ва тошлар, шунингдек улардан тайёрланган буюмлар, ўқотар қуроллар ва уларга ўқ-дорилар, пул белгилари ва юқори қимматга ёки аҳамиятга эга бўлган бошқа объектлар тақдим этилган тақдирда суд эксперти ушбу материалларни суд экспертизасига етказиб берган шахс ҳамда экспертиза муассасаси раҳбарларидан бирининг иштирокида идишни очиши, тарозида тортиб кўриши, тақдим этилган объектларни қайта санаб чиқиши, шунингдек тақдим этилган тартиб рақамли ва бошқа объектларнинг суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим) матнига мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиши шарт. Уларнинг натижалари бўйича далолатнома тузилади, у экспертиза объектларини текширишда иштирок этган шахслар томонидан имзоланади.



III. СУД ЭКСПЕРТИЗАСИНИ ЎТКАЗИШ ВА УНИНГ

НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


26. Суд эксперти суд экспертизасини ўтказишга экспертиза муассасаси раҳбарининг ёзма топшириқномаси суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим) ва суд экспертизасига тушган барча материаллар билан бирга олинган вақтдан бошлаб киришади.

Суд эксперти шифрлаш билан боғлиқ бўлган суд экспертизасини ўтказишга шифрлаш қоидаларига асосан шифрлаш ўтказилгандан сўнг экспертиза муассасаси раҳбарининг ёзма топшириқномаси ва шифрланган экспертиза материалларини олган вақтдан бошлаб киришади.

Суд экспертизасига тақдим этилган материалларни расмийлаштириш тартибининг бузилганлиги аниқланган тақдирда суд эксперти бу тўғрида экспертиза муассасаси раҳбарини хабардор қилади, раҳбар ушбу Йўриқноманинг 23-бандида назарда тутилган чора-тадбирларни кўради.


27. Тақдим этилган материаллар тўлиқ бўлмаган тақдирда бу ҳақда суд эксперти экспертиза муассасаси раҳбари орқали суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс)га қўшимча материаллар тақдим этиш тўғрисида ёзма равишда маълум қилиш ҳуқуқига эга.

Қўшимча материаллар фақат суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан тақдим этилади.

Қўшимча материаллар ўттиз кун мобайнида тушмаган тақдирда суд эксперти текширишни мавжуд материаллар бўйича ўтказади.


28. Суд эксперти қуйидаги ҳолларда қўйилган масалалар юзасидан хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги асосланган далолатнома тузади:

агар қўйилган масала суд экспертининг махсус билимлари (ваколатлари) доирасидан четга чиқса ёки уни ҳал этиш учун махсус билимлар талаб қилинмаса ёхуд масала ҳуқуқий тусга эга бўлса;

тақдим этилган текшириш объектлари ёхуд материаллар уларнинг тўлиқ ёки сифатли эмаслиги туфайли хулоса бериш учун яроқсиз бўлса ва тўлдирилиши мумкин бўлмаса;

агар илм-фан ва экспертиза амалиётининг ҳолати қўйилган масалаларга жавоб бериш имконини бермаса;

текширишларни ўтказиш ва хулосалар бериш учун зарур шарт-шароитлар, услубий воситалар ва асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаса, шу жумладан, суд эксперти ҳаёти ва саломатлигига касбий таваккаллик чегарасидан зиёд хавф туғилса.

Хулоса беришнинг имкони йўқлиги тўғрисидаги далолатнома ушбу Йўриқноманинг 48-бандига мувофиқ тузилади.


29. Суд эксперти ўзига тақдим этилган объектлар ва материалларни текширишни тегишли соҳадаги билимларга амал қилган ҳолда, процессуал қонун талабларига қатъий мувофиқ равишда, холисона ва муфассал амалга оширади.

Объектлар (тирик одамдан ташқари) фақат текширишни ўтказиш ва хулоса бериш учун зарур бўлган даражада шикастланган ва сарфланган бўлиши мумкин. Суд экспертизасини ўтказиш текшириш учун тақдим этилган объектнинг шикастланишини (бузилишини) ёки сарфланишини талаб қиладиган ҳолларда суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс)нинг ёзма равишдаги розилиги олинган бўлиши керак, тайинланган суд экспертизасининг хусусиятлари объектнинг шикастланиши (бузилиши)ни ёки сарфланишини назарда тутадиган ҳолатлар бундан мустасно.


30. Кўрикдан ўтказиш талаб қилинадиган текшириш объектларини (экспертиза муассасасига тақдим этилган объектлардан ташқари) экспертизалардан ўтказишда суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) суд эксперти учун объектга тўсиқсиз кириш ва уни текшириш имконини таъминлайди. Кўрикдан ўтказиш суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан ташкил этилади, унинг мажбурий иштирокида амалга оширилади ва тегишли баённома билан расмийлаштирилади.


31. Ишда иштирок этадиган шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда суд экспертизасини тайинлаган шахс билан бирга экспертиза ўтказишда ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга. Сабабидан қатъи назар, уларнинг йўқлиги суд экспертизасини ўтказишни тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланмайди.

Экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлган процесс иштирокчилари текширишлар жараёнига аралашишга ҳақли эмас, лекин суд экспертидан у томонидан қўлланилган текшириш усулларининг ва олинган натижаларнинг моҳиятини тушунтириб беришни талаб қилиши, суд экспертига тушунтиришлар бериши мумкин.

Суд эксперти томонидан хулоса тузилаётганда, шунингдек агар суд экспертизаси суд экспертлари комиссияси томонидан ўтказилаётган бўлса, суд экспертларининг маслаҳатлашуви ва фикрларни шакллантириш босқичида процесс иштирокчиларининг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.


32. Суд эксперти ўзининг махсус билимларига мувофиқ, ўтказилган текширишлар асосида ўз номидан хулоса беради ва унинг учун жавоб беради.


33. Суд экспертизасини ўтказиш икки ва ундан ортиқ суд экспертларига топширилганда, экспертиза муассасаси раҳбари улардан бирига бошқа суд эксперти (экспертлар) фаолиятини мувофиқлаштириш, текширувларнинг умумий режасини ишлаб чиқиш ва экспертларнинг маслаҳатлашувига раҳбарлик қилишни юклайди.


34. Бир хил мутахассисликка эга бўлган икки ва ундан ортиқ суд экспертларига (суд экспертлари комиссиясига) экспертиза ўтказиш топширилганда комиссияга киритилган суд экспертларининг ҳар бири текширишни тўлиқ ҳажмда амалга оширади. Суд экспертлари комиссияси текширишда қатнашган суд экспертидан ҳар бири унга рози бўлган тақдирда умумий хулоса беради. Шунингдек, суд экспертлари комиссиясида иштирок этган суд экспертлари фикрининг бир қисмини акс эттирувчи ягона хулоса берилиши ҳам мумкин. Келишмовчилик бўлган тақдирда ҳар бир эксперт келишмовчиликка сабаб бўлган барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса тузади.


35. Суд экспертлари комиссияси раҳбари суд экспертизаси олдига қўйилган саволларни мазмунан ечишда алоҳида устунликка эга эмас.


36. Суд экспертизасини ўтказиш учун ҳар хил мутахассисликка эга бўлган икки ва ундан ортиқ суд экспертлари (комплекс экспертиза) тайинланганда ҳар бир суд эксперти текширишни амалга оширади ва ўз ваколати доирасида хулоса беради. Комплекс экспертиза хулосасида ҳар бир суд эксперти қандай текширишлар ва қандай ҳажмда ўтказганлиги, шахсан у қандай фактларни аниқлаганлиги ҳамда қандай хулосаларга келганлиги кўрсатилади. Суд эксперти комплекс экспертиза хулосасининг ўз ваколатига тегишли бўлган қисмини имзолайди.

Олинган натижаларни баҳолаш ва якуний хулоса (хулосалар)ни шакллантиришни ваколатли бўлган экспертлар умумий хулоса (хулосалар) чиқаради. Агар суд экспертлари комиссиясининг якуний хулосаси ёки унинг бир қисми учун суд экспертларидан бири (алоҳида экспертлар) томонидан аниқланган фактлар асос ҳисобланса, у ҳолда бу ҳақда хулосада кўрсатилиши керак. Келишмовчилик ҳолатида суд экспертларининг ҳар бири келишмовчиликка сабаб бўлган масалалар бўйича алоҳида хулоса тузади.


37. Агар суд экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим)да ҳар хил турдаги экспертизалар предметига тааллуқли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида хулоса ёки хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги далолатнома тузилади.


38. Суд эксперти хулосаси уч қисмдан: кириш, тадқиқот ва хулоса (якунловчи) қисмлардан иборат бўлади.

Суд эксперти хулосасининг кириш қисмида суд экспертининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириш ва уни билиб туриб нотўғри хулоса берганлиги, иш материалларини ошкор қилганлиги, шунингдек узрли сабабларсиз хулоса беришни рад эттанлиги ёки бундан бош тортганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида тушунтирилганлиги ҳақидаги суд эксперти тилхати олинганлиги кўрсатилади.


39. Хулосанинг кириш қисмида қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

суд экспертизасининг тури ва унинг рўйхат рақами;

суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс)нинг номи;

суд эксперти (экспертлари) ҳақидаги маълумотлар. Бунда суд экспертининг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими, маълумоти, илмий даражаси ва илмий унвони, ихтисоси (умумий ва экспертлик малакаси), иш тажрибаси ва бошқа маълумотлар кўрсатилади;

шифрлаш билан боғлиқ бўлган суд экспертиза турлари бўйича улар шифрлаш қоидаларига мувофиқ ўтказилганлиги кўрсатилади;

материалларнинг суд экспертизасига келган вақти ва хулосага имзо чекилган вақт;

суд экспертизасини ўтказиш учун процессуал асос (қарор ёки ажрим, у қачон ва ким томонидан чиқарилганлиги);

суд экспертизасига юборилган материалларнинг номи, жўнатиш усули, ўрамнинг тури, ҳолати ва текшириладиган объектларнинг реквизитлари;

суд экспертизаси ҳал этиши учун қўйилган саволлар. Бунда саволлар суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим)да келтирилган шаклда қайд этилади. Саволларни мазмунан ўзгартиришга йўл қўйилмайди, суд эксперти фақат саволга тўғри грамматик шакл бериши ва суд эксперти ихтисослигига мослаштириши мумкин. Бир неча саволлар қўйилган тақдирда суд эксперти текширув ўтказиш учун уларнинг энг мақбул тартибини таъминлайдиган изчилликда гуруҳларга бўлиб чиқиши мумкин. Суд эксперти ташаббуси билан ҳал қилинган саволлар суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим)да келтирилган саволлардан кейин баён қилинади;

хулоса бериш учун аҳамиятга эга бўлган ва суд эксперти томонидан асосий маълумот сифатида қабул қилинган иш ҳолатлари;

қўйилган саволларни ҳал қилишда суд эксперти амал қилган ҳужжатлар (қарорлар, буйруқлар, қўлланмалар, услубий кўрсатмалар), шунингдек текширув ўтказишда фойдаланилган бошқа манбалар;

суд экспертизасини ўтказиш жараёнида ҳозир бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар (уларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, процессуал ҳолати);

суд экспертининг қўшимча материаллар тақдим этиш тўғрисидаги илтимосномаси (илтимоснома юборилган ва жавоб олинган вақт, илтимосномани кўриб чиқиш натижалари).

Қўшимча ёки такрорий суд экспертизаси бўйича хулосанинг кириш қисмида юқорида баён этилган маълумотлардан ташқари, дастлабки суд экспертизаси ҳақидаги маълумотлар, яъни хулосанинг рўйхат рақами ва санаси, суд экспертининг (экспертларининг) фамилияси, исми ва отасининг исми, экспертиза муассасасининг номи, дастлабки суд экспертизасининг хулосалари ҳамда қўшимча ва такрорий суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажримда)да келтирилган суд экспертизасини ўтказиш сабаблари баён этилади.

Текширув объектлари (ҳужжатлар, дактилокарталар ва шу кабилар), суд экспертизаси ўтказишга тааллуқли бўлган иш ҳужжатлари (кўздан кечириш ва тергов (суд) экспериментлари баённомалари, йўл-транспорт ҳодисаларининг чизмалари), шунингдек суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим)да ҳавола қилинган ва ўзида бошланғич маълумотларни сақлаган бошқа материаллар экспертиза муассасасининг "RSEM" штампи, солиштирма материаллар эса "NAMUNA" штампи билан белгиланади.


40. Суд эксперти хулосасининг тадқиқот қисмида суд эксперти олдига қўйилган ҳар бир савол бўйича текшириш жараёни ва унинг натижалари ёзилади, аниқланган фактлар бўйича илмий тушунтириш берилади.

Хулосанинг тадқиқот қисмида қуйидагилар кўрсатилади:

суд экспертизаси текшируви объектларининг ҳолати;

фойдаланилган тадқиқот усуллари ва бу усуллар қўлланишининг техник шароитлари;

суд экспертизаси таҳлилининг шароитлари, мақсади ва натижалари ҳамда намуналар олиш;

хулосани асослаш учун аҳамиятга эга тергов (суд) ҳаракатлари (сўроқ, кўздан кечириш, эксперимент ва шу кабилар)нинг натижалари;

намойиш материалларига қилинган ҳаволалар, иловалар ва уларга берилган зарур изоҳлар;

олиб борилган текширув ва унинг алоҳида босқичлари натижаларига берилган суд эксперти баҳоси.

Қайта суд экспертизаси хулосасининг тадқиқот қисмида, агарда тадқиқот натижалари билан аввалги суд экспертизаси хулосасининг якунлари ўртасида тафовут мавжуд бўлса, бунинг сабаблари кўрсатилади.

Хулосанинг тадқиқот қисми махсус билими бўлмаган шахслар учун тушунарли тилда баён этилган бўлиши керак. Махсус атамалар изоҳлаб берилган бўлиши лозим.


41. Суд эксперти хулосалари унинг олдига қўйилган саволларга жавоб шаклида баён қилинади ва турли талқинларга йўл қўймайдиган аниқ, тушунарли тилда баён қилиниши лозим.

Агар хулосани тадқиқот қисмида баён қилинган текшириш натижаларининг мукаммал тавсифисиз ва қўйилган масалага тўлиқ жавобсиз шакллантириш мумкин бўлмаса, хулосанинг тадқиқот қисмига ҳавола қилишга рухсат берилади.


42. Суд эксперти хулосасида қоидабузарлик сабаблари ва уларни содир этишга имкон берган шароитлар, шунингдек уларни бартараф этишнинг ташкилий-техникавий тавсиялари кўрсатилиши мумкин.


43. Эксперт хулосаси икки нусхада тузилади, текширишни ўтказган суд эксперти (экспертлари) томонидан имзоланади, унинг (уларнинг) имзоси экспертиза муассасаси муҳри билан тасдиқланади, шундан кейин хулосанинг бир нусхаси экспертиза муассасаси раҳбари томонидан суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс)га юборилади, иккинчи нусхаси эса экспертиза муассасасида беш йил мобайнида сақланади.


44. Агар суд эксперти хулосасида эксперт текширишлари ва натижаларини тасвирловчи фотожадваллар, диаграммалар, чизмалар ва шу каби иловалар берилса, улар ҳам суд эксперти (экспертлари) томонидан имзоланади. Суд эксперти текширишларининг бориши, шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштириш материаллари суд эксперти хулосаси нусхаси билан бирга экспертиза муассасасида сақланади. Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс)нинг талабига кўра улар йиғмажилдга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади.


45. Суд экспертизаси тугатилгандан сўнг суд эксперти мазкур Йўриқноманинг 1-иловасидаги шаклга мувофиқ маълумотнома тузади ва бу маълумотнома суд эксперти хулосаси нусхаси билан сақланади.

Дастлабки суд экспертизаси хулосасини тасдиқламаган такрорий суд экспертизаси натижалари бўйича иловалар билан хулоса нусхаси тайёрланиб, дастлабки суд экспертизасини ўтказган экспертиза муассасасига юборилади.

Такрорий суд экспертизаси тугатилгандан сўнг мазкур Йўриқноманинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ такрорий суд экспертизаси бўйича назорат карточкаси тўлдирилади ва экспертиза муассасасида беш йил мобайнида сақланади.

Агар суд экспертизаси бошқа экспертиза муассасаси (муассасалари) билан биргаликда ўтказилган бўлса, суд экспертлари хулосаси ва унга иловаларнинг қўшимча нусхаси (нусхалари) тайёрланиб, ушбу муассасага (муассасаларга) юборилади.


46. Экспертиза муассасаси раҳбари хулосани кўриб чиқишда нотўғри хулосага олиб келиши мумкин бўлган тўлиқ бўлмаган текширишларни, текшириш ўтказиш услубиёти бузилишини ёки унинг нотўғри расмийлаштирилганлигини аниқлаган тақдирда хулоса зарур ўзгартиришлар ва аниқликлар киритиш учун суд экспертига қайтарилади.

Агар суд эксперти ўз хулосасини тўғри деб қатъий туриб олса, экспертиза муассасаси раҳбари белгиланган тартибда хулоса бериш учун текшириш ўтказишни биринчи суд эксперти иштирокидаги суд экспертлари комиссиясига топшириш ҳуқуқига эга.


47. Суд экспертизасини судда ўтказишда унинг натижалари мазкур Йўриқноманинг 38-42-бандларида назарда тутилган қоидалар бўйича расмийлаштирилади.

Суд эксперти хулосаси эксперт томонидан икки нусхада тузилади ва имзоланади, улардан бири судга, иккинчиси эса экспертиза муассасаси раҳбарига тақдим этилади.


48. Хулоса бериш имкони йўқлиги тўғрисидаги далолатнома уч қисмдан: кириш, асословчи ва якунловчи қисмлардан иборат бўлади.

Кириш қисмида ушбу Йўриқноманинг 39-бандида кўрсатилган рўйхатга мувофиқ маълумотлар баён қилинади.

Асословчи қисмида хулоса бериш имкони йўқлиги сабаблари батафсил баён қилинади.

Якунловчи қисмида суд эксперти олдига қўйилган ҳар бир савол бўйича хулоса бериш имкони йўқлиги кўрсатилади.

Хулоса бериш имкони йўқлиги тўғрисидаги далолатнома икки нусхада тузилади, суд эксперти томонидан имзоланади, унинг имзоси экспертиза муассасаси муҳри билан тасдиқланади, шундан кейин унинг бир нусхаси экспертиза муассасаси раҳбари томонидан суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс)га юборилади, иккинчиси эса экспертиза муассасасида беш йил мобайнида сақланади.

Агар хулоса бериш имкони йўқлиги тўғрисидаги далолатнома судда кўриб чиқиш босқичида тузилган бўлса, у суд эксперти томонидан икки нусхада тузилади ва имзоланади, улардан бири судга, иккинчиси эса экспертиза муассасаси раҳбарига тақдим этилади.


49. Агар бир масала бўйича эксперт хулоса берса, бошқаси бўйича хулоса бериш имкони йўқлиги тўғрисидаги далолатнома тузиш учун асос мавжуд бўлса, у ҳолда ягона ҳужжат - суд эксперти хулосаси тузилади.


50. Суд эксперти хулосаси, суд экспертизаси текшируви объектлари бўлган предметлар ва ҳужжатлар ҳамда бошқа материаллар суд экспертизасини тайинлаган шахсга ёки экспертизани тайинлаган органнинг ваколатли ходимига ёхуд экспертизани тайинлаган орган томонидан берилган ишончнома бўйича бошқа шахсга шахсан берилади ёки экспертизани тайинлаган орган (шахс)га почта орқали юборилади.


51. Эксперт хулосасининг, суд экспертизаси текшируви объектлари бўлган предметлар ва ҳужжатларнинг ҳамда экспертизага берилган бошқа материалларнинг факсимил ёки ёруғ сезгир қоғозга кўчирилган ишончнома нусхаси орқали берилишига йўл қўйилмайди.






Йўриқномага

1-ИЛОВА



Суд экспертизаси бўйича

МАЪЛУМОТНОМА


Рўйхат сони ________                           ________ лабораторияси (бўлими)



Иш қаердан келган _________________________________________

Иш кимдан келган __________________________________________

Иш қачон келган ___________________________________________

Объектлар сони ______________ Тадқиқот сони ________________



Хулоса берилди:

а) қатъий ________________________

б) қатъий эмас ____________________

в) аниқлаш имконияти йўқ _________

г) хулоса беришнинг иложи йўқ _____

Жами ___________________________



Ижрочи(лар) ________________________________________________

Лаборатория (бўлим)га келган кун _____________________________

Қўшимча материаллар талаб қилинди ___________________________

Қўшимча материаллар олинди _________________________________

Девонхонага топширилган сана ________________________________

Манзилга юборилган сана _____________________________________

Жами лаборатория (бўлим)да бўлди _________________________ кун

Жами экспертиза муассасасида бўлди ________________________ кун

Фотосурат тайёрланди ______________ Фотожадвал ______________






Йўриқномага

2-ИЛОВА



(олд қисми)


НАЗОРАТ КАРТОЧКАСИ


________________________ экспертиза муассасасида

"___" _________ 20___ йилда ўтказилган

__________-сон такрорий суд экспертизаси бўйича


1. Суд экспертизаси тури _______________________________________


2. Суд экспертизаси прокуратура, ички ишлар идоралари, фуқаролик ёки жиноий ишлар бўйича суд, иқтисодий ёки маъмурий суд ёхуд бошқа идоралар томонидан тайинланган (чизиб қўйинг);

3. Такрорий суд экспертизасини тайинлаш асослари: суд эксперти хулосасининг асосланмаганлиги, хулосанинг тўғрилигига шубҳа борлиги, суд экспертизаси ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганлиги, асос кўрсатилмаган (чизиб қўйинг);


4. Дастлаб ўтказилган суд экспертизаси (экспертизалари) ҳақида маълумотлар:

          

Т/р

Суд экспертизасини

ўтказган экспертиза муассасаси


Суд экспертизаси рақами,

ўтказилган санаси


Суд эксперти

(экспертлари)нинг Ф.И.Ш.


      

      




        

       




      

     



            

5. Қайта қўйилган саволлар: _____, шулардан тасдиқланмаган якунлар сони ______, (аввалги суд экспертизаларига нисбатан);


6. Қайта қўйилган саволлар бўйича хулосалар:

а) _________-сон суд экспертизаси хулосалари билан тўлиқ,

б) _________-сон суд экспертизаси хулосалари билан қисман тасдиқланмади;



(орқа қисми)


7. Дастлаб ўтказилган суд экспертизаси (экспертизалари) хулосалари тасдиқланмаганлиги сабаблари:

          

Ҳал этилган масалалар

Суд экспертизаси рақами ва тасдиқланмаганлик

сабаблари (кодификатор бўйича)


Идентификацион



Диагностик



Классификацион



       

         

Суд эксперти (экспертлари)



(Ф.И.Ш., имзоси)

           

Экспертиза муассасаси раҳбари



(Ф.И.Ш., имзоси)

         

           

Хулосалар тасдиқланмаганлиги сабаблари кодификатори:

            

тадқиқот учун тақдим этилган материаллар (маълумотлар) етишмаслиги ёки уларнинг сифат жиҳатидан қониқарсизлиги


1

кўрсаткичларни, коэффициентни танлашда ва ҳисобларда хато


6

аниқланган белгиларнинг нотўғри талқин этилганлиги


2

экспертнинг ўз ваколати доирасидан чиқиши


7

тадқиқот тўлиқ ўтказилмаганлиги


3

зарур асбобларнинг йўқлиги ёки ускуна ва мосламалардан нотўғри фойдаланилганлиги


8

тадқиқот услуби ёки тартиби нотўғри танланганлиги


4

эксперт тадқиқотлари нотўғри ташкил қилинганлиги


9

тадқиқот услуби нотўғри қўлланилганлиги


5

бошқа сабаблар


10

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 9-сон, 92-модда.