язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Соғлиқ учун зарарли ва оғир шароитлардаги меҳнат/ Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларидан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 05.03.2011 й. 2206-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 08.02.2011 й. 7-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 5 мартда 2206-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2011 йил 8 февралдаги

7-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш

ва йиғиштириб олиш учун таълим муассасалари

ўқувчилари ва талабаларидан фойдаланишда

меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ҳамда 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларидан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасалари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилишининг шарт эканлигини истисно этмайди.


3. Таълим муассасалари ўқувчилари ва талабалари меҳнатидан фойдаланиш жараёнида меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан назорат махсус ваколат берилган давлат органлари, меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. УМУМИЙ ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этиш


4. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олишда банд бўлган таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларига иш турлари бўйича белгиланган тартибда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ берилиши керак.


5. Таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларига меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ бериш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


6. Таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун жалб қилинганда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


7. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.


8. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Таълим муассасалари ўқувчилари ва талабалари

меҳнатидан фойдаланиш тақиқланадиган ишлар


9. Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


10. Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини белгилаш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1954, 2009 йил 12 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 19-20-сон, 242-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди.


11. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга жалб қилинмайди.


12. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 77-моддасига мувофиқ ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади. Ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун - улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.



3-§. Санитария ва гигиена шароитларини

яратишга қўйиладиган талаблар


13. Яшаш (дам олиш) хоналаридаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


14. Яшаш (дам олиш) хоналарида самарали ҳаво алмашинуви тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондициялаш" талабларига мувофиқ ташкил қилиниши керак.


15. Дала ишларига жалб қилинган ўқувчи ва талабалар ҳафта давомида 2 марта ҳаммом қабул қилишлари лозим.



4-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


16. Яшаш (дам олиш) хоналари табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


17. Ёритиш воситаларида кўзни қамаштиришдан сақловчи чоралар кўрилган бўлиши керак.


18. Ёритиш воситалари учун 220 В дан юқори бўлмаган кучланишли ток қўлланиши лозим.


19. Кўчма ёритиш воситаларини ишлатишда изоляцияси резина шлангли эгилувчан ўтказгичдан фойдаланилиши лозим.


20. Ёритиш воситаларини таъмирлаш ва унинг ички элементларини кўздан кечириш, яроқсиз ҳолга келган электр чироқлари ва ҳимоя шишаларини алмаштириш ишлари электр тизими тармоғи ўчирилган ҳолда бажарилиши лозим.


21. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак.


22. Ёритиш воситаларини назорат қилиш ва таъмирлаш ишлари мазкур ишларни бажаришга масъул бўлган ходимлар томонидан амалга оширилиши лозим.


23. Электр ёритиш тармоқлари полдан 2,5 м дан паст бўлмаган баландликда бўлиши керак.


24. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда ҳалокат (авария) ёритгичлари бўлиши лозим.


25. Ҳалокат (авария) ёритгичлари бошқа ёритгичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ҳамда вақти-вақти билан чангдан тозаланиб, созлиги назорат қилиниб турилиши лозим.



5-§. Ўқувчи ва талабаларнинг саломатлигини назорат қилиш


26. Ўқувчи ва талабалар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиниши лозим.


27. Ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси биргаликда қишлоқ хўжалик ишлари бошланишидан олдин мазкур жараёнга жалб қилиниши лозим бўлган ўқувчи ва талабаларнинг рўйхатини тузиб, тиббий кўрикдан ўтишини таъминлайди.


28. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик таълим муассасаси раҳбарияти зиммасига юклатилади.



6-§. Сув таъминоти ва канализация

тизимига қўйиладиган талаблар


29. Сув таъминоти ва оқова сув тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" қоидалари талабларига мос келиши лозим.


30. Ўқувчи ва талабаларнинг ичимлик сувидан фойдаланишлари учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари мавжуд бўлмаган ҳолларда, махсус идишлар қайнатилган сув билан таъминланган ҳолатда бўлиши лозим.


31. Ўқувчи ва талабалар ишлайдиган ҳудудда бир киши ҳисобига 2 - 5 л қайнатилган кунлик ичимлик суви билан таъминланган бўлиши лозим.


32. Ичимлик сувининг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


33. Ўқувчи ва талабаларнинг даладаги кўлмак, зовур, ариқлардан сув ичишлари қатъиян тақиқланади.


34. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун жалб қилинган ўқувчи ва талабалар жойлашган ҳудуддаги ҳожатхоналар совуқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


35. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун жалб қилинган ўқувчи ва талабалар жойлашган ҳудудда марказлаштирилган канализация тизими бўлмаган ҳолатларда ҳудудий давлат санитария назорати органлари рухсати билан махсус ўралардан фойдаланиш талаб қилинади.



7-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


36. Ташкилотларда ўқувчи ва талабаларнинг иш вақти, дам олиш вақти, шунингдек қисқартирилган иш вақти қонун ҳужжатлари талаблари асосида ташкилотларнинг ички меҳнат қоидалари асосида белгиланади.


37. Иш вақтининг муддати ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига ўттиз олти соатдан, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши лозим.


38. Ўқувчи ва талабаларни иш вақтидан ташқари ҳамда тунги ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланади.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИК)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Бино ва иншоотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


39. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


40. Биноларда ўқувчи ва талабалар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги турли ҳалокат ва бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Ҳалокат бартараф этилгунга қадар, хавфли бинолардан ўқувчи ва талабалар хавфсиз жойларга кўчирилиши лозим.


41. Яшаш (дам олиш) бинолари юзаси бир киши учун 3 кв.м дан, ўтиш йўлкаларининг кенглиги 1,0 м дан кам бўлмаслиги керак.


42. Бино поли ёғоч ва шунга ўхшаш материалдан бўлиши лозим.


43. Бинонинг эшик ва ойналари яхши ёпиладиган, ойналар эса туйнукчали (форточкали) бўлиши керак. Катта ўлчамли биноларда шамоллатиш тизимининг тўлиқ ва мунтазам ишлаши таъминланган бўлиши лозим.


44. Бинода ўқувчи ва талабаларнинг келиб жойлашишларидан (камида 10 кун) олдин дезинфекция, дезинсексия, дератизация ишлари ўтказилиши шарт.


45. Бино деворлари ва бошқа жойларида электр ўтказгич (сим)лар юзага чиқиб қолмаслиги, улар изоляциясининг ёрилган жойлари бўлмаслиги, розетка ва ўчиргичлар яхши ҳимояланган ва соз ҳолатда бўлиши керак. Хоналарда электр хавфсизлиги бўйича масъул шахс тайинланиши лозим.


46. Биноларда очиқ спиралли ва қўлбола электр қурилмаларидан фойдаланиш тақиқланади.


47. Бинолар фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш, эвакуация схемаси билан таъминланган бўлиши, бинода яшовчиларга ҳалокат (авария) ёки ёнғин содир бўлган пайтда ҳаракатланиш схемаси тушунтирилиши шарт.


48. Овқатланиш жойлари бино ичи ёки бостирмада ташкил қилиниши, стол ва стуллар билан тўлиқ таъминланган бўлиши ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун махсус хоналар ажратилган бўлиши лозим.


49. Овқатланиш жойи яхши ёритилган бўлиши, тоза ичимлик суви ва идиш-товоқларни ювиш учун иссиқ сув ҳамда ювиш ва зарарсизлантириш воситалари билан таъминланган бўлиши лозим.


50. Бинода биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармон воситалари бўлиши шарт.


51. Бинолар, бостирмалар, ювиниш хоналари ва ҳожатхоналар жойлашган ҳудуддан оқова сув ва ер усти сувларининг оқиб кетишини таъминловчи махсус тармоқлар мавжуд бўлиши ва ишлаши керак.


52. Бино атрофида 30 - 50 м масофада ҳожатхона жойлаштирилиши ва унда ҳар ўн кишига битта ўтириш жойи ёки унитаз ўрнатилган бўлиши керак.


53. Ювиниш (душ) хонасида ювиниш крани ўртача ҳар 8 кишига битта ҳисобида бўлиши керак.


54. Дам олиш, овқатланиш, ювиниш хоналари ва ҳожатхоналар доимий равишда 0,5 фоизли хлорли оҳак эритмаси ёки хлорамин билан ювилиб ва тозалаб турилиши лозим.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари


55. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланган бўлиши лозим.


56. Эвакуация чиқиш йўлларининг сони, уларнинг жойлашиши ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" ва ШНҚ 2.01.02-04 "Бинолар ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги" талабларига асосан иш жойларидан уларгача бўлган масофа ўқувчи ва талабаларнинг сонига боғлиқ ҳолда аниқланади.


57. Барча ишлаб чиқариш, ёрдамчи ва маиший хоналарда ёнғин хавфсизлиги бўйича таълим муассасаси раҳбарияти томонидан тайинланган жавобгар шахс бўлиши лозим.


58. Ёнғин хавфсизлигига масъул ходим мажбуриятлари ёнғин хавфсизлиги бўйича тавсия қилинган йўриқномада белгиланган бўлиши лозим.


59. Ёнғинга қарши ёнғин ўчириш воситалари, сони ва жойлаштирилиши маҳаллий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ҳолда ташкил қилиниши керак.


60. Ўқувчи ва талабалар ёнғин хавфсизлиги қоидаларини сўзсиз бажариши ва улар томонидан ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги юзасидан назорат ўрнатилган бўлиши лозим.


61. Транспорт воситасида кетаётган вақтда чекишга, олов ёқишга, белгиланмаган жойда туришга йўл қўйилмайди.


62. Ўқувчи ва талабаларни ташишга мўлжалланган транспорт воситасида енгил ёнувчи, портловчи, заҳарли ва зарарловчи моддалар олиб юрилмайди.



3-§. Электр қурилмаларидан фойдаланишда

хавфсизлик талаблари


63. Барча қўлланиладиган электр қурилмалари (машина, аппарат, ўлчов асбоблари, сим ва кабель кабилар) хавфсизлик техникаси талабларига жавоб бериши шарт.


64. Электр қурилмаларининг барча турлари, қуввати, ток кучи, кучланиши уларни ишлаб чиқарган корхона паспортига эга бўлиши керак.


65. Электр қурилмаларининг ташқи қопламалари, шунингдек электр қурилмалари ўрнатилган металл конструкциялар ерга уланган бўлиши шарт. Ерга уланмасдан электр қурилмаларидан фойдаланиш қатъиян ман қилинади.


66. Ерга уланганлик ҳолатини текшириш бир йилда бир марта ўтказилиши шарт.


67. Электр қурилмаларини тозалаш, чангини артиш ва таъмирлаш фақат электр қурилмасининг электр тармоғидан узилган ҳолатда амалга оширилиши лозим.


68. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.



4-§. Ўқувчи ва талабаларни дала ишларига олиб бориш

ҳамда олиб келишда хавфсизлик талаблари


69. Ҳар бир транспорт воситасига жойлаштириладиган ўқувчи ва талабалар сони транспорт воситасининг техник ҳолатидан келиб чиққан ҳолда раҳбарият томонидан белгиланиши ҳамда ҳар бир транспорт воситасидаги ўқувчи ва талабалар рўйхатга олиниши лозим.


70. Ҳар бир транспорт воситасидаги ўқувчи ва талабаларга алоҳида раҳбар тайинланади. Раҳбар уларни назорат қилиб бориши лозим. Бунда ўқувчи ва талабаларни ташиш учун мўлжалланган транспорт воситаларидан, уларнинг юкларини олиб боришда эса, юк ташишга мўлжалланган транспорт воситасидан фойдаланиш шарт.


71. Транспорт воситасида ўқувчи ва талабаларнинг транспорт воситаси ойнаси ҳамда бошқа жойларидан қўл, бош ва бошқа аъзоларини чиқаришлари тақиқланади.


72. Ўқувчи ва талабаларни олиб кетаётган транспорт воситасида иш қуроллари транспорт воситасининг алоҳида мослаштирилган қисмида жойлаштирилган бўлиши лозим.


73. Ўқувчи ва талабалар транспорт воситасидан тушганларида, йўлни кесиб ўтишлари раҳбар бошчилигида, транспорт воситасининг орқа томонидан ташкил қилиниши лозим.



5-§. Ўқувчи ва талабаларни вақтинча яшаб туриш

жойларидан далага олиб чиқиш ҳамда олиб

келишга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


74. Ўқувчи ва талабаларни далага олиб чиқиш ва олиб келишдан олдин раҳбар йўқлама қилиши ва уларга бажариладиган иш турлари бўйича тўлиқ тушунтириш, йўл-йўриқлар бериши лозим.


75. Ўқувчи ва талабалар орасида касал ёки вақтинча иш қобилиятини йўқотганлар тиббиёт ходими назоратидан ўтади ва уларнинг соғликлари тўла тиклангунча дам олиш жойларида қолдирилади.


76. Далага чиқадиган ўқувчи ва талабалар ишнинг турига ҳамда иқлим шароитига мос уст-бош кийган бўлиши лозим.


77. Иш олиб бориладиган дала яшаш жойидан 3 км масофадан узоқда жойлашган бўлса, махсус транспорт воситаси ажратилиши керак.


78. Иш жойларига олиб бориш ва қайтариб келиш фақат куннинг ёруғ пайтида амалга оширилиб, ўқувчи ва талабалар пиёда ҳаракатланганларида йўлдаги транспорт воситасининг қатновига халақит бермаслик мақсадида саф бўлиб юришлари лозим.


79. Саф бўлиб ҳаракатланишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва бошқариш мақсадида сафнинг бошида ҳамда охирида қизил байроқчали бошқарувчилар қўйилиши лозим.


80. Иш жойига етиб келгандан сўнг ўқувчи ва талабалар рўйхат бўйича иш жойларига тақсимланиши лозим.



6-§. Дала ишларини бажаришда хавфсизлик талаблари


81. Ўқувчи ва талабалар дала ишларини бажаришдан олдин белгилаган тартибда мавсумий кийим-бош, соз иш қуроллари билан таъминланишлари лозим.


82. Дала ишларига жалб қилинган ўқувчи ва талабалар ҳудуднинг раҳбари рухсати билан унинг кўрсатмасига асосан иш бошлашлари лозим.


83. Ўқувчи ва талабалар дала ишларини бажараётган вақтида бир-бирларидан камида 2 м масофада жойлашишлари лозим.


84. Ўқувчи ва талабалар куннинг ёруғ вақтида ишлашлари лозим.



7-§. Ғўза қатор орасига ишлов беришда хавфсизлик талаблари


85. Ўқувчи ва талабалар ишни бошлашдан олдин иш қуроли созлигини кўздан кечириши, текшириб кўриши, иш қуроли носозлиги аниқланган ҳолатда дарҳол раҳбарга хабар бериши ва уни алмаштириши лозим.


86. Ўқувчи ва талабалар ишлаётган ҳудудларда ҳаракатланаётган механизмлардан камида 10 м узоқликда ишлашлари лозим. Бунда механизм ҳаракатланаётган йўналишда ўқувчи ва талабаларнинг ишлашига ёки яқинига боришга умуман йўл қўйилмайди.


87. Ўқувчи ва талабалар ишлаётган ҳудудда зовур ва каналлар бўлса, уларнинг яқинига бориш тақиқланади.


88. Ўқувчи ва талабаларнинг улар ишлаётган ҳудудлардаги электр қурилмаларига яқинлашиши тақиқланади.


89. Далада чанг, тўзон, қаттиқ шамол, ёғингарчилик рўй берганда ишни тўхтатиш ва пана жойга ўтиш лозим.



8-§. Ғўза кўчатларини сийраклаштиришда

(ягана) хавфсизлик талаблари


90. Ғўза кўчатларини сийраклаштиришда (ягана) ишлатиладиган иш қуролининг созлигини текшириб кўриши ҳамда ушбу иш қуролидан тўғри фойдаланишни билиши лозим.


91. Ўқувчи ва талабалар ғўза кўчатларини сийраклаштириш (ягана) ишларини қўл ёрдамида бажарганда махсус қўлқоплардан фойдаланишлари лозим.


92. Ўқувчи ва талабалар махсус кийимсиз ғўза кўчатларини сийраклаштириш (ягана) ишларига рухсат қилинмайди.



9-§. Ғўзани чилпиш (чеканка) қилишда хавфсизлик талаблари


93. Ўқувчи ва талабалар чеканка қилиш ишларини бажараётганда ғўзанинг тегишли жойларини қўл бармоқлари ёрдамида узишлари лозим, тирноқ билан бажаришга йўл қўйилмайди.


94. Ўқувчи ва талабалар чеканка ишларини бажараётганда эгат ичидаги чуқур, нотекис ва кесак йиғилиб қолган жойларга эътибор берган ҳолда эҳтиётлик билан ҳаракатланишлари лозим.



10-§. Пахта теримида қўйиладиган хавфсизлик талаблари


95. Ғўза баргини тўкиши учун кимёвий ишлов берилган майдонга ўқувчи ва талабалар камида 10 кун муддат ўтгандан кейингина ишлашига рухсат этилиши лозим.


96. Ўқувчи ва талабалар пахта теримига жалб қилинишидан олдин махсус кийим-бошлар билан таъминланиши керак.


97. Ўқувчи ва талабаларнинг ғўза ичида, пахта ғарами устида ва даланинг бошқа мослаштирилмаган ҳудудларида дам олиш (ухлаш)ларига йўл қўйилмайди.


98. Пахта даласида очиқ оловдан фойдаланиш, сигарета чекиш ҳамда бошқа ёнғинга сабаб бўлувчи воситалардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.


99. Ўқувчи ва талабаларнинг пахта терилаётган майдонда ҳаракатланаётган механизмларнинг олдига яқинлашиши, унинг йўналишига чиқиши тақиқланади.


100. Ўқувчи ва талабаларнинг пахта ортилган тиркамаларга чиқиши ёки ҳаракатланаётган тиркамаларга осилишлари қатъиян ман қилинади.



11-§. Боғдорчилик, узумчилик ҳамда ўрмончилик

ишларини олиб боришда хавфсизлик талаблари


101. Ўқувчи ва талабалар боғ, узумзор ва ўрмонларда ишга жалб қилинишидан олдин махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши керак.


102. Ўқувчи ва талабалар боғ, узумзор ва ўрмонларда тайинланган раҳбар бошчилигида ишлашлари лозим.


103. Ўқувчи ва талабалар боғ, узумзор ва ўрмонларда иш бошлашдан олдин соз иш қуроллари билан таъминланишлари лозим.


104. Иш қуролларини улоқтириш ва кетмон, хаскаш, арра, ўроқни қирқиш қисми ёки тишлари билан тепага қаратиб қўйиш тақиқланади.


105. Чопиш ишларини бажаришга мослаштирилган асбоб-ускуналар (кетмон, теша ва ҳ.к.) билан ишлаганда қаттиқ, ёпиқ оёқ кийимларда ишлаш лозим.


106. Кетмон ва теша билан ишлаганда ўқувчи ва талабаларнинг ўзаро оралиқ масофаси 2 м дан кам бўлмаслиги керак.


107. Бу жараёнларда ўтмас қуроллар билан ишлаш тақиқланади.


108. Боғ, узумзор ва ўрмонларда қўлланиладиган асбоб-ускуна ва бошқа воситалардан белгиланган мақсадларда фойдаланиш лозим.


109. Боғ, узумзор ва ўрмонларда ўқувчи ва талабаларнинг якка ҳолда ишлашларига йўл қўйилмайди.


110. Боғ, узумзор ва ўрмонларда инсон соғлиғига зарар етказувчи турли ҳашаротлардан сақланиш мақсадида эҳтиёткорлик талаб этилади ва дарахтлар остида ётиб дам олиш тақиқланади.


111. Боғ, узумзор ва ўрмонларда нарвонлардан фойдаланилганда энг юқори зинасига чиқиб иш бажариш тақиқланади. Бунда бир нафар ўқувчи ёки талаба нарвонни ушлаб туриши, иккинчисининг нарвонга чиқиб ишни бажаришига рухсат этилади. Нарвонлардаги зиналар оралиғи 0,3 м дан, нарвоннинг тиклиги 75° дан кўп бўлмаслиги керак.


112. Боғ ва узумзорларда меваларни ювмасдан истеъмол қилиш қатъиян тақиқланади.


113. Боғ, узумзор ва ўрмонларда дарахтларни силкитиш механизмлари билан иш бажараётганда, ўқувчи ва талабалар бир-биридан 5 - 7 м масофа узоқликда туришлари лозим.


114. Кучли ёғингарчиликда, шох музлаганда, шамол тезлиги секундига 6,5 м бўлганда ёки кучли туман тушганда дарахтдаги меваларни териш қатъиян тақиқланади.


115. Боғ, узумзор ва ўрмонларда йиқилиш ёки синиб тушиш эҳтимоли бўлган дарахтлардан мева териш ва улар атрофидаги ишларни бажаришда, шунингдек қоронғи тушган пайтларда ўқувчи ва талабалардан фойдаланиш ман этилади.


116. Боғ, узумзор ва ўрмонларда куннинг қоронғи тушган вақтларида ўқувчи ва талабаларнинг ишлашларига рухсат этилмайди.


117. Иш ўрнини амалиёт раҳбари ёки иш бошқарувчининг рухсатисиз тарк этиш тақиқланади.


118. Кўчат экишда ўқувчи ва талабаларнинг ўзаро жойлашиш оралиғи камида 3 м бўлиши керак. Уни бажаришда пойабзал сифатида кирза этик ёки ботинка кийиб олиниши лозим. Кўчат ўтқазишда камида 2 киши бирга ишлайди.


119. Дарахтларга чиқишда унинг танаси, шохлари яхшилаб кузатилади. Дарахтлар устида илон ва бошқа зарар етказиши мумкин бўлган жониворларнинг йўқлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг уларга чиқиш мумкин.


120. Дарахт мевасини теришда махсус илгичлар, тортгичлар, ушлагичлар ҳамда ҳимоя камаридан фойдаланилади.


121. Тиконли ўсимликлар билан ишлашда узун кирза этик, брезент шим ва костюмлар, қулоқли бош кийим ҳамда брезент ёки чарм қўлқоплардан фойдаланилади.


122. Ўсимликларни чопиқ қилиш ишларини бажаришда ўқувчи ва талабалар оралиғи 3 м дан кам бўлмаслиги керак.


123. Ўрмон ўсимликларини чопиқ қилишда ўқувчи ва талабалар қуёш нури йўналишига орқа томони билан турган ҳолда ишлашлари лозим.


124. Баландлиги ишловчи бўйидан баланд бўлган ўсимликларга ишлов беришда ҳимоя кўзойнакларидан фойдаланиш лозим.


125. Ўқувчи ва талабаларнинг дарахтларни кесиш учун қўлланиладиган электр ва ёқилғи билан ишлайдиган асбоб-ускуналардан фойдаланишлари тақиқланади.



12-§. Сабзавот маҳсулотларини етиштиришда

ва ҳосилни йиғиб олишда хавфсизлик талаблари


126. Ўқувчи ва талабалар сабзавот экилган далада ишга жалб қилинишларидан олдин махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши керак.


127. Ўқувчи ва талабалар бу ишларни тайинланган раҳбар бошчилигида олиб боришлари лозим.


128. Сабзавот экилган далада иш бошлашдан олдин ўқувчи ва талабалар соз иш қуроллари билан таъминланишлари лозим.


129. Ишга яроқсиз, дарз кетган кетмон, теша ва шу каби бошқа жиҳозларда ишлаш тақиқланади.


130. Сабзавот экинлари экилган даладаги иш участкасига бориладиган йўлда катта ариқ, тўсиқлар бўлса, улардан ўтиш учун кўприк қурилиши ёки махсус жойлардан ўтиш ташкил қилиниши лозим.


131. Чопиқ қилинаётганда сабзавот экилган даладаги баланд-паст, нотекис жойларга дуч келинганда аввал у жойнинг мустаҳкамлигини текшириб кўриб, кейин ҳаракатни давом эттириш лозим.


132. Далада ишлаш давомида бирор ўқувчи ёки талабанинг соғлиғи ёмонлашгани, жароҳатлангани аниқланган ҳолатда унинг ёнидаги ўқувчи ёки талаба дарҳол гуруҳ раҳбарига хабар бериши керак.


133. Ўқувчи ва талабалар ишлаётган ҳудудларда ҳаракатланаётган механизмлардан камида 10 м узоқликда ишлашлари лозим. Бунда механизм ҳаракатланаётган йўналишда ўқувчи ва талабаларнинг ишлашига ёки унинг яқинига боришларига йўл қўйилмаслиги керак.


134. Ҳосилни мўлжалланган ёки белгиланган махсус қути (яшик)лар ёрдамида даладан олиб чиқиш, бунда юк кўтариш меъёрларига қатъий риоя қилиш лозим.



13-§. Пилла теришда хавфсизлик талаблари


135. Ўқувчи ва талабалар таълим муассасаси раҳбариятининг рухсати билан пилла теримига жалб қилиниши лозим.


136. Таълим муассасасидан белгиланган иш жойи (объект)гача гуруҳ раҳбари назорати остида борилади.


137. Даста ташиш билан шуғулланувчилар иш кийими (халат) ва қўлларига материалдан тикилган қўлқоп кийишлари керак. Нафас йўлларига (бурни ва оғзига) ҳўлланган дока ниқоб тақиб ҳимояланиши лозим.


138. Дастадан пиллани айирувчилар очиқ ҳавода, ҳаво ҳаракати бор жойда ишни бажаришлари лозим. Қўл панжаларини оддий матоли беш панжали қўлқоп кийиб ёки панжа учларига материал боғлаб ишлаш керак.


139. Дастадан пиллани ажратувчи учун иш майдони диаметри камида 2 м бўлиши лозим.


140. Қурт ўлигини очиқ қўл билан ушлаш тақиқланади.


141. Қўлда ёки танада тирналиш, қон оқиши содир бўлса, дарҳол йод эритмаси ёки спирт билан ишлов бериш лозим.


142. Иш тугагандан сўнг қўлни совун билан яхшилаб илиқ сувда тозалаб ювиш, бурунни бир неча марта ва оғизни бир неча марта чайиш лозим. Терининг очиқ жойларини (юз, қулоқ, бўйин) ювилади ва қуруқ сочиқ билан артиш керак.


143. Ўқувчи ва талабалар пиллани бирламчи қайта ишлаш ишларига жалб қилинмайди.



IV. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


144. Ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун жалб қилинганларида мазкур Қоидаларга амал қилишда жавобгарлик ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилади.


145. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


146. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, "Саноатгеоконтехназорат" Давлат инспекцияси ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 10-11-сон, 106-модда.