язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адлия органлари/ Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг мартаба даражалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.03.2011 й. 93-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 29 мартдаги

93-сон қарорига

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси адлия органлари

ва муассасалари ходимларининг мартаба

даражалари тўғрисида

НИЗОМ


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларига махсус унвонлар - мартаба даражалари бериш тартибини белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг махсус унвонлари қуйидаги мартаба даражаларидан иборат бўлади:

Ўзбекистон Республикаси Ҳақиқий давлат адлия маслаҳатчиси;

1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси;

2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси;

3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси;

1-даражали адлия маслаҳатчиси;

2-даражали адлия маслаҳатчиси;

3-даражали адлия маслаҳатчиси;

1-даражали юрист;

2-даражали юрист;

3-даражали юрист.


3. Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларига мартаба даражалари ижобий аттестация, малакасига мувофиқ олий юридик маълумот ёки бошқа олий маълумот мавжуд бўлган тақдирда, эгаллаб турган лавозими ва иш стажига, шунингдек олдинги иш ёки хизмат жойида берилган махсус унвонларни ҳисобга олган ҳолда изчил тартибда берилади.

4. Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларига тегишли лавозимларга мувофиқ қуйидаги мартаба даражалари берилади:

          

Ўзбекистон Республикаси Ҳақиқий давлат адлия маслаҳатчиси

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига

1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосарига

2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосарларига; Давлат хизматлари агентлиги директорига

3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси

-

Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғига, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳайъати аъзолари бўлган бошқарма бошлиқларига; Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқларига; Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосарига

1-даражали адлия маслаҳатчиси

-

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқармалари ва мустақил бўлимлари бошлиқларига; Давлат хизматлари агентлиги бошқармалари бошлиқларига; Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарларига; Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази директорига; Республика юристлар малакасини ошириш маркази директорига; Ҳуқуқий сиёсат тадқиқоти институти директорига, Тошкент давлат юридик университети проректорларига

2-даражали адлия маслаҳатчиси

-

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги бошқарма бошлиқларининг ўринбосарларига, бошқармалар бўлимлари бошлиқларига; Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарларига; Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицей директорига; Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази директорининг ўринбосарига; Республика юристлар малакасини ошириш маркази директорининг ўринбосарларига; Ҳуқуқий сиёсат тадқиқоти институти директори ўринбосарига; "Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази" ДУК директорига; "Адолат" ҳуқуқий ахборот маркази" ДУК директорига; "Инсон ва қонун" газетаси таҳририяти ДУК бош муҳарририга

3-даражали адлия маслаҳатчиси

-

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлигининг бош маслаҳатчиларига; Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бўлим бошлиқларига; Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармаларининг бўлим бошлиқларига; давлат нотариал идораларининг катта нотариусларига; Тошкент юридик коллежи директорининг ўринбосарига; Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицей директорининг ўринбосарига

1-даражали юрист

-

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлигининг етакчи маслаҳатчиларига; Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг бош маслаҳатчиларига; Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармаларининг бош маслаҳатчиларига; туман (шаҳар) адлия бўлимларининг бошлиқларига; давлат хизматлари марказлари директорларига; давлат нотариал идораларининг катта нотариуслари ўринбосарларига; идоравий нотариал архивлар мудирларига; ФҲДЁ органлари идоравий архивлари мудирларига

2-даражали юрист

-

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги катта маслаҳатчиларига; Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг етакчи маслаҳатчиларига;Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармаларининг етакчи маслаҳатчиларига, туман (шаҳар) адлия бўлимларининг бош маслаҳатчиларига, давлат хизматлари марказлари бўлим бошлиқлари ва бош маслаҳатчиларига, давлат нотариал идораларининг нотариусларига

3-даражали юрист

-

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг катта маслаҳатчилари ва маслаҳатчиларига; Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармаларининг катта маслаҳатчиларига; туман (шаҳар) адлия бўлимларининг етакчи ва катта маслаҳатчиларига; нотариуслар ёрдамчиларига

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳақиқий давлат адлия маслаҳатчиси, 3, 2 ва 1-даражали давлат адлия маслаҳатчиларининг мартаба даражалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.

3, 2 ва 1-даражали адлия маслаҳатчиси, шунингдек 3, 2 ва 1-даражали юрист мартаба даражалари Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан берилади.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларининг ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилмаган лавозимларини 1-даражали адлия маслаҳатчиси ва унгача бўлган мартаба унвонларини бериш мақсадида мавжуд лавозимларга тенглаштиришга ҳақлидир.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мартаба даражалари қуйидагиларга ҳам берилади:

Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларидан ишга ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бошқарув ходимларига;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси юридик хизматлари ходимларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосарига ва унинг аппарати бош мутахассисига.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакилига ва унинг аппарати бош мутахассисига илгариги иш жойида мартаба даражалари берилган бўлса навбатдаги мартаба даражалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.

6. Ҳар бир мартаба даражасида бўлиш муддати:

3, 2, 1-даражали юристлар учун - 2,5 йилни;

3, 2, 1-даражали адлия маслаҳатчилари учун - 4 йилни ташкил этади.

3, 2, 1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси мартабасида бўлиш муддати белгиланмайди.


7. Мазкур Низомнинг 5-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари идоралари ҳамда давлат нотариати ходимларига 1-даражали давлат адлия маслаҳатчисигача ва 1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси мартабасини эгаллаб турган лавозимига қарамасдан изчилликка ва мартабада бўлиш муддатига риоя қилмаган ҳолда мартаба даражаси беришга йўл қўйилади.


8. Ўзбекистон Республикаси адлия вазири:

а) ишда алоҳида ўрнак кўрсатганлиги ёки хизмат бурчини намунали ижро этганлиги учун олдинги мартаба даражасида хизмат қилишнинг белгиланган муддати тамом бўлгунга қадар мартаба даражаси беришга;

б) изчилликка риоя қилмаган ҳолда, лекин ходим юқори лавозимга кўтарилаётганда эга бўлган мартабадан икки даража юқори бўлмаган мартаба даражаси беришга;

в) биринчи марта аттестациядан ўтаётган ходимларга улар эгаллаб турган лавозим бўйича назарда тутилганидан бир даража паст мартаба даражалари беришга ҳақлидир.


9. Тегишли малака бўйича иш тажрибасига эга бўлмаган шахсларга мартаба даражаси лавозимга тайинлангандан кейин камида 6 ой ўтгач берилади.


10. Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларининг бир мартаба даражаси белгиланган муддатда хизмат қилган, лекин хизмат фаолиятида ёки хулқ-атворида жиддий камчиликларга эга бўлган ходимларига навбатдаги мартаба даражаси берилмайди.


11. Мартаба даражалари берилган ходимлар уларда умрларининг охиригача бўладилар ҳамда фақат Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларида ишлаш билан мувофиқ келмайдиган хатти-ҳаракатлари учун ишдан бўшатилган тақдирда, улардан маҳрум қилиниши мумкин.


12. Хизмат бурчини қўпол равишда бузганлиги, бадном қилувчи ножўя иш қилганлиги ёки хизмат вазифаларини мунтазам равишда етарлича бажармаганлиги учун ходимларнинг мартабаси пасайтирилиши мумкин, лекин улар эга бўлган мартаба даражасидан икки даража паст бўлиши мумкин эмас.


13. Мартаба даражасидан маҳрум қилиш ёки уни пасайтириш мартаба даражаси бериш ҳуқуқига эга бўлган тегишли мансабдор шахслар томонидан амалга оширилади.


14. Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳайъати томонидан белгиланади.


15. Адлия органлари ва муассасаларининг мартаба даражаларига эга бўлган ходимларининг лавозим маошларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорларда қўшимча ҳақ тўланади.

Адлия органлари ва муассасалари ходимларининг лавозим маошларига қўшимча ҳақ бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, шунингдек уларнинг фаолиятини молиялаштириш учун назарда тутилган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 14-сон, 134-модда.