язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Соғлиқни сақлаш/ Наркотик воситалари ва психотроп моддалар (прекурсорлар)/ Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган вояга етмаганларни аниқлаш, ҳисобга олиш, текшириш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 11.04.2011 й. 2215-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 17.01.2011 й. 18-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 11 апрелда 2215-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2011 йил 17 январдаги

18-сон буйруғига

ИЛОВА



Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп

ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни

мунтазам равишда истеъмол қилаётган вояга етмаганларни

аниқлаш, ҳисобга олиш, текшириш ва тиббий-ижтимоий

реабилитация қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 210-модда) ва "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 39-сон, 341-модда) қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 январдаги 13-сон "Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 3-сон, 23-модда) мувофиқ спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган вояга етмаганларни аниқлаш, ҳисобга олиш, текшириш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган вояга етмаганларни аниқлаш, ҳисобга олиш, текшириш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни ташкил этиш соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан амалга оширилади.


2. Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилувчи вояга етмаганларга наркология муассасалари томонидан ўз вақтида ихтисослаштирилган диагностика ва даволаш-тиклаш ёрдами кўрсатилиши шарт.



II. СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАР, ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ,

ПСИХОТРОП ЁКИ АҚЛ-ИРОДА ФАОЛИЯТИГА ТАЪСИР

ЭТУВЧИ БОШҚА МОДДАЛАРНИ МУНТАЗАМ РАВИШДА

ИСТЕЪМОЛ ҚИЛУВЧИ ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИ

АНИҚЛАШ, ТЕКШИРИШ ВА ҲИСОБГА ОЛИШ


3. Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилувчи вояга етмаганларни аниқлаш бевосита вояга етмаган шахснинг ўзи, унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ва таълим муассасаларининг мурожаатига кўра наркология муассасалари томонидан ўтказиладиган тиббий текширув натижасига кўра амалга оширилади.


4. Тиббий текширув вояга етмаганларнинг илтимосига кўра ёки уларнинг розилиги билан, ёши ўн тўртга тўлмаган вояга етмаганларга эса, уларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг илтимосига кўра ёхуд уларнинг розилиги билан ўтказилади.


5. Тиббий текширувдан ўтиш учун наркология муассасасига ихтиёрий равишда мурожаат этган вояга етмаганларнинг илтимосига кўра даволанишнинг сир сақланиши таъминланади.


6. Тиббий текширув натижасига кўра вояга етмаганларнинг спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётганлиги ҳамда наркологик касалликнинг клиник белгилари аниқланса, ушбу шахслар яшаш жойи бўйича наркология муассасаларида диспансер ҳисобига ва кузатувига наркология муассасаси тиббий маслаҳат комиссиясининг хулосасига асосан олинади.


7. Тиббий текширув натижасига кўра вояга етмаганларнинг спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилаётган, лекин наркологик касалликнинг клиник белгилари аниқланмаган вояга етмаганлар ўзлари яшаш жойларидаги наркология муассасаларида профилактика ҳисобига ва кузатувига наркология муассасаси тиббий маслаҳат комиссиясининг хулосасига асосан олинади.


8. Диспансер ва профилактика ҳисобига ва кузатувига олинган вояга етмаганлар учун амбулатор наркологик бемор тиббий картаси (025/у шакл) тўлдирилади. Тиббий картага субъектив ва объектив анамнез, соматик, неврологик ва руҳий ҳолатлар ҳамда профилактика жараёнидаги ўзгаришлар киритилади.

Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилувчи вояга етмаганларнинг амбулатор наркологик бемор тиббий карталари ва бошқа тиббий ҳужжатлари алоҳида ажратилган ҳолда, ўсмирлар врач-наркологи хонасида сақланиши лозим.


9. Диспансер ва профилактика ҳисобига ва кузатувига олинган вояга етмаганлар ўсмирлар врач-наркологи томонидан амбулатория шароитида ҳар ойда камида бир марта тиббий текширувдан ўтказиб турилиши лозим.


10. Диспансер ҳисобига ва кузатувига олинган вояга етмаганлар қуйидаги ҳолларда ҳисобдан чиқарилади:

турғун ремиссия ҳолати, яъни диспансер ҳисобидаги ва кузатувидаги шахснинг наркология муассасаси тиббий маслаҳат комиссиясининг хулосасига асосан спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни уч йил мобайнида истеъмол қилмаганлиги тасдиқланганда;

яшаш учун бошқа жойга кўчганда;

бир йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганда;

вафот этганда.


11. Профилактика ҳисобида ва кузатувида бўлган вояга етмаганда бир йил давомида спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиши кузатилмаганда ва тиббий текширув натижасига кўра унда наркологик касалликнинг клиник белгилари аниқланмаган тақдирда, у наркология муассасаси тиббий маслаҳат комиссиясининг хулосасига асосан профилактик ҳисобдан чиқарилади ва кузатув тугатилади.


12. Профилактика ҳисобида ва кузатувида бўлган вояга етмаганда бир йил давомида спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиши кузатилиб, ўтказилган тиббий текширув натижасига кўра унда наркологик касалликнинг клиник белгилари аниқланмаган тақдирда, профилактик ҳисобдан чиқарилмайди ва кузатув давом эттирилади.

Агар тиббий текширув натижасида вояга етмаган шахсда наркологик касалликнинг клиник белгилари аниқланса, ушбу шахс диспансер ҳисобига ва кузатувига наркология муассасаси тиббий маслаҳат комиссиясининг хулосасига асосан олинади.


13. Профилактика ёки диспансер ҳисобида ва кузатувида бўлган вояга етмаган шахслар ўн саккиз ёшга тўлгандан сўнг, вояга етганларнинг профилактика ёки диспансер ҳисобига ва кузатувига олинади.



III. СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАР, ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ,

ПСИХОТРОП ЁКИ АҚЛ-ИРОДА ФАОЛИЯТИГА ТАЪСИР

ЭТУВЧИ БОШҚА МОДДАЛАРНИ МУНТАЗАМ РАВИШДА

ИСТЕЪМОЛ ҚИЛУВЧИ ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИ

ДАВОЛАШ ВА ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ

РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШ


14. Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган вояга етмаганларни даволаш ўсмирлар врач-наркологлари томонидан олиб борилади.


15. Вояга етмаганларни даволаш вояга етган беморлардан ажратилган ҳолда амалга оширилади.


16. Диспансер ҳисобига ва кузатувига олинган вояга етмаганларга улардаги касалликни даволаш учун тиббий текшириш, тиббий маслаҳат бериш, ташхис қўйиш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация хизматларини кўрсатишдан иборат малакали тиббий наркологик ёрдам кўрсатилиши шарт.


17. Диспансер ҳисобига ва кузатувига олинган вояга етмаганларни даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш амбулатория ва стационар шароитида амалга оширилади.


18. Стационар шароитида даволаш ўн беш ёшга тўлмаган вояга етмаганлар учун психоневрология диспансерларининг болалар бўлимида, ўн беш ёшдан ошган вояга етмаганлар учун наркология диспансерининг стационар бўлимларида амалга оширилади.


19. Спиртли ичимликларни мунтазам равишда истеъмол қилишга чалинган вояга етмаганларни наркология муассасаларида стационар шароитда даволаш муддати қирқ беш кундан, гиёҳвандлик ва заҳарвандликка чалинган вояга етмаган шахсларни даволаш муддати эса олтмиш кундан кам бўлмаслиги лозим.

Бунда қайта даволанаётган вояга етмаганларни стационар даволаш муддати даволовчи ўсмирлар врач-наркологлари томонидан белгиланади.


20. Вояга етмаганларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тиббий, психологик, педагогик, ижтимоий ва меҳнат чораларини ўз ичига олган ҳолда уларнинг соғлиғини ҳамда шахс хусусиятларини тиклаш, ижтимоий муҳитга мослаш, шунингдек уларни нормал турмуш тарзига қайтариш учун амалга оширилади.

Бунда тиббий-ижтимоий реабилитация дастурлари ўсмирлик даври хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда вояга етмаганлар учун алоҳида тузилади.



IV. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


21. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


22. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 15-сон, 154-модда.