язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Банк фаолиятини назорат қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банклар ва уларнинг филиалларида инспекция (текшириш) ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 14.04.2011 й. 2217-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 12.03.2011 й. 8/1-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 14 апрелда 2217-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2011 йил 12 мартдаги

8/1-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

томонидан банклар ва уларнинг филиалларида

инспекция (текшириш) ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сон "2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори ҳалқаро рейтинг кўрсатикичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Марказий бани (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан банклар ва уларнинг филиалларида инспекция (текширув) ўтказиш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Марказий банк молия-банк тизими барқарорлигини сақлаб туриш, омонатчилар, қарз олувчилар ва кредиторларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, банклар фаолиятини тартибга солиш ҳамда назорат қилиш борасидаги мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун банклар ва уларнинг филиалларида инспекция (текширув)лар ўтказади.


2. Банклар ва уларнинг филиалларида инспекция (текшириш) ўтказишни Марказий банк томонидан инспекция (текшириш) ўтказиш ваколати берилган унинг тегишли таркибий тузилмаси (бундан буён матнда текшириш ўтказувчи таркибий тузилма деб юритилади) амалга оширади.


3. Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


комплекс инспекция қилиш (текшириш) - банклар ва уларнинг филиалларининг ҳақиқий молиявий аҳволини ва банк фаолиятига хос бўлган хавф-хатарларни бевосита жойига чиқиш орқали ўрганган ҳолда уларнинг фаолиятига умумий баҳо бериш мақсадида бир вақтда инспекция (текшириш) ўтказилишини кўзда тутувчи назорат тури;


алоҳида масалалар юзасидан инспекция қилиш (текшириш) - банк ва (ёки) унинг филиалларида айрим банк операцияларини инспекция қилиш (текшириш)ни кўзда тутувчи назорат тури;


масофадан назорат қилиш - муаммоларни бошланғич даврида аниқлаш мақсадида банклар томонидан Марказий банкка тақдим этиладиган ҳисоботлар таҳлили, шу жумладан, уларнинг молиявий ҳолатининг мониторингига асосланган назорат тури;


назорат тартибидаги инспекция қилиш (текшириш) - банк ва (ёки) унинг филиалларида текшириш ўтказувчи таркибий тузилма томонидан охирги инспекция (текшириш)да аниқланган хато ва камчиликларнинг бартараф этилиши аҳволини назорат қилиш мақсадида амалга ошириладиган текшириш.

4. Текшириш ўтказувчи таркибий тузилма томонидан банклар ва уларнинг филиаллари фаолиятини текширишнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

банклар ва уларнинг филиаллари молиявий ҳолатига баҳо бериш, уларнинг фаолиятида мавжуд бўлган хавф-хатарларни, омонатчилар, қарз олувчилар ва кредиторлар манфаатлари ҳимояси таъминланганлигини аниқлаш ва баҳо бериш;

банклар ва уларнинг филиаллари фаолиятига хос таваккалчиликни баҳолаш, иқтисодий нормативларга риоя қилиниши, уларга белгиланган меъёрларнинг тўғри ҳисобланиши аҳволини текшириш. Бунда ташқи омилларнинг банк молиявий ҳолатига таъсирини аниқлаш нуқтаи назаридан ҳамда банк капитали, активлари сифати, бошқаруви, даромадлари ҳамда ликвидлилигига баҳо беришда "CAMEL(S)" тизимига мувофиқ ҳолда текшириш;

банклар ва уларнинг филиалларида бухгалтерия аппаратининг тузилиши, бухгалтерия иши ва ҳужжат айланишининг ташкил этилиши, бухгалтерия ҳисобининг умумий қоидаларига риоя этилиши, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларининг тўғри юритилиши ва ҳаққонийлиги, капитал, активлар, мажбуриятлар, пул оқими, асосий воситалар ҳисобининг ва балансдан ташқари ҳисобварақларнинг бухгалтерия андозалари тамойилларига мос равишда юритилиши ҳамда банк молиявий ҳолатига фоиз ставкаси, чет эл валюта курси, кредит, ликвидлилик, таваккалчилик ва бошқа омилларнинг таъсирини алоҳида текшириш;

охирги инспекция (текшириш) натижалари бўйича аниқланган хато ва камчиликларнинг бартараф этилишини таъминлаш ҳамда банк рейтингини белгилаш юзасидан таклифлар бериш;

банклар ва уларнинг филиалларида ички назоратни жорий этиш ҳамда амалга оширилиши аҳволини текшириш;

банклар ва уларнинг филиаллари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя қилиниши аҳволини текшириш.


5. Текшириш ўтказувчи таркибий тузилма банклар ва уларнинг филиаллари фаолиятини қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда текширади.


6. Текшириш ўтказувчи таркибий тузилманинг банклар ва уларнинг филиалларида ўтказилган инспекция (текшириш) ҳисоботи фақат Марказий банк томонидан ўзининг таркибий бўлинмаларига банклар ва уларнинг филиаллари фаолиятини назорат қилиш мақсадида берилади, инспекция (текшириш) ҳисоботини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда учинчи шахслар эътиборига етказиш ҳоллари бундан мустасно.


7. Банклар ва уларнинг филиалларида ўтказилган инспекция (текшириш) ҳисоботи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тайинланган тафтишларни ҳамда молиявий ҳисоботларнинг ташқи аудит текширувини ўтказиш мажбуриятидан озод этмайди.



II. ИНСПЕКЦИЯ (ТЕКШИРУВ)ЛАРНИНГ

ТУРЛАРИ, ДАВРИЙЛИГИ ВА МУДДАТИ


8. Банклар ва уларнинг филиалларини инспекция қилиш (текшириш) қуйидаги турларга бўлинади:

комплекс инспекция қилиш (текшириш);

назорат тартибида инспекция қилиш (текшириш);

алоҳида масалалар юзасидан инспекция қилиш (текшириш).

9. Банкларда комплекс инспекция (текширув) масофадан назорат қилиш натижалирадан келиб чиқиб, Марказий банкнинг назорати кўмитаси қарорига асосан ўтказилади.

12. Комплекс инспекция қилиш (текшириш)лар ёки алоҳида масалалар юзасидан инспекция қилиш (текшириш)лар давомида аниқланган хато ва камчиликларнинг банклар ва уларнинг филиаллари томонидан бартараф этилиши устидан назорат тартибида текшириш ўтказилиши мумкин.

14. Қуйидаги ҳолларда алоҳида масалалар юзасидан инспекция қилиш (текшириш)лар ўтказилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги тегишли қарорлари асосида;

масофадан назорат қилиш натижаларига кўра банклар молиявий ҳолатининг барқарор эмас деб топилиши ва омонатчилар ҳамда кредиторлар манфаатларига хавф-хатар туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар мавжудлигида;

банклар ва уларнинг филиаллари томонидан қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳақида Марказий банкка келган маълумотлар, шунингдек фуқаролар ҳамда юридик шахслар мурожаатлари асосида.


15. Инспекция (текшириш) муддати 30 календарь кундан ошмаслиги лозим. Алоҳида ҳолларда инспекция (текшириш) муддати Марказий банк фармойиши асосида узайтирилиши мумкин.


16. Инспекция (текшириш) муддати банк томонидан амалга ошириладиган операциялар ҳажми, унинг филиаллари тармоғининг кенглигини инобатга олган ҳолда белгиланади.


IV. ИНСПЕКЦИЯ (ТЕКШИРИШ)НИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


20. Банклар ва уларнинг филиалларида комплекс инспекция қилиш (текшириш) Марказий банкнинг фармойиши асосида ҳар бир банк бўйича алоҳида тайинланади.

Бунда банклар ва уларнинг филиалларини комплекс инспекция қилиш (текшириш) Марказий банкнинг фармойишига илова қилинадиган тегишли инспекция (текшириш) саволномасига мувофиқ банк операциялари танлов асосида амалга оширилади.

21. Назорат тартибидаги ва алоҳида масалалар юзасидан инспекция қилиш (текшириш)лар Марказий банк ёки унинг ҳудудий Бош бошқармаларининг фармойишлари асосида тайинланади.

22. Банклар ва уларнинг филиалларини инспекция (текшириш)дан ўтказувчи текширув гуруҳининг таркиби ва унинг раҳбари, бажариладиган ишлар ҳажми ва хусусияти, филиаллар тармоғининг кенглиги инобатга олинган ҳолда Марказий банк фармойишига илова тариқасида тасдиқланади.


23. Зарур ҳолларда инспекция (текшириш) ўтказувчи текширув гуруҳи таркибига банклар ва бошқа ташкилотларнинг малакали мутахассислари жалб қилиниши мумкин.


24. Текширув гуруҳи раҳбари ушбу гуруҳга раҳбарлик қилади, унинг ишини ташкил этади ва мувофиқлаштиради, текширув гуруҳи аъзоларининг билими ва тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди.


25. Текширув гуруҳи раҳбари ушбу гуруҳ аъзолари томонидан тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилади, умумлаштиради ва инспекция (текшириш) ҳисоботини тузади.


26. Текширув гуруҳининг инспекция (текшириш) тайинланган банк ҳамда унинг филиаллари томонидан мазкур Низомда белгиланган талабларни ўз вақтида ёки умуман бажармаслик инспекция (текшириш) ўтказилишига қаршилик кўрсатилган деб ҳисобланади ва бундай ҳолат далолатнома билан расмийлаштирилади.


27. Далолатнома текширув гуруҳи раҳбари ҳамда инспекция (текшириш) тайинланган банк ёки унинг филиали раҳбари, бош бухгалтери ёки бошқа ходимлари томонидан имзоланади.

Бунда банк ёки унинг филиали раҳбари, бош бухгалтери ёки бошқа ходимлари далолатномани имзолашдан бош тортган ҳолларда, далолатнома текширув гуруҳи раҳбари ва текширув гуруҳининг камида бир аъзоси томонидан имзоланади.


28. Далолатнома икки нусхада тузилади ва бир нусхаси инспекция (текшириш) тайинланган банк ва унинг филиалига маълумот учун, иккинчиси эса инспекция (текшириш)ни тайинлаган Марказий банкка ёки унинг ҳудудий Бош бошқармаси бошлиғига тегишли чоралар кўриш учун топширилади.



V. БАНКЛАР ВА УЛАРНИНГ ФИЛИАЛЛАРИНИ

ИНСПЕКЦИЯ (ТЕКШИРИШ)ДАН ЎТКАЗУВЧИ

ТЕКШИРУВ ГУРУҲИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


29. Текширув гуруҳи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

инспекция (текшириш) ўтказилаётган банк ва унинг филиаллари фаолияти билан боғлиқ биноларга ва хизмат хоналарига эркин кириб чиқиш;

автоматлаштирилган банк ва ахборот тизимларидан зарур маълумотларни танлаш режимида фойдаланиш ҳамда ушбу маълумотларнинг электрон нусхаларини олиш;

инспекция (текшириш) ўтказиш билан бевосита боғлиқ бўлган зарур ҳужжатларнинг асл нусхалари ва бошқа ахборотларни талаб қилиш;

банклар ва уларнинг филиаллари раҳбари ва ходимларидан инспекция (текшириш) ўтказиш билан бевосита боғлиқ бўлган зарур ҳар қандай ҳужжатларнинг асл нусхаларидан нусха олиш, лозим бўлганда эса ҳужжатлар нусхаларининг имзоланган, муҳр билан тасдиқланган, рақамланган ва тикилган ҳолда тақдим этилишини талаб қилиш;

банк ва унинг филиалларининг раҳбарлари ва ходимлари билан суҳбатлар ўтказишга, улардан инспекция (текшириш) давомида пайдо бўладиган масалалар бўйича маълумотлар ва тушунтиришлар олиш, шунингдек қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаганлик ёки уларни талаб даражасида бажармаслик ҳолатлари юзасидан ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

инспекция (текшириш) ҳисоботини банк ва унинг филиаллари раҳбарлари ёки ходимлари имзолашдан бош тортганда ёки уни имзолаш асоссиз кечиктирилганда текширув гуруҳи раҳбари ва аъзолари томонидан имзо қўйилиб, бу ҳақда Марказий банк раҳбариятига билдиришнома киритиш.

Текширув гуруҳи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


30. Текширув гуруҳи қуйидагиларга мажбурдир:

инспекция (текшириш) ўтказиш ҳуқуқини берувчи барча зарур ҳужжатларни тақдим этиш;

инспекция (текшириш) давомида текширилаётган банк ва унинг филиаллари жорий фаолиятини амалга оширишига ҳалақит бермаслик;

инспекция (текширув) ҳисоботининг бир нусхасини текширилаётган банк ёки унинг филиали ихтиёрида қолдириш;

инспекция (текшириш)нинг ўз вақтида ҳамда сифатли ўтказилишини таъминлаш;

инспекция (текшириш) давомида ўзларига маълум бўлган банк, тижорат ва хизмат сирини ташкил этувчи маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслик;

текширишларни рўйхатга олиш китобига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёзув киритиш;

инспекция (текшириш) давомида банк ва унинг филиалларидан фойдаланиш учун олинган ҳужжатлар ва мулкларнинг бут сақланишини ҳамда инспекция (текшириш) якунлангандан сўнг қайтарилишини таъминлаш.

Текширув гуруҳи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олиши мумкин.



VI. ИНСПЕКЦИЯ (ТЕКШИРИШ) ТАЙИНЛАНГАН

БАНК ВА УНИНГ ФИЛИАЛЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


31. Инспекция (текшириш) тайинланган банк ва унинг филиаллари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

текширув гуруҳидан Марказий банкнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги фармойишини ҳамда уларнинг хизмат гувоҳномаларини кўрсатишни талаб қилиш ва танишиш;

инспекция (текшириш) ўтказиш учун асосга эга бўлмаган шахсларнинг инспекция (текшириш) ўтказишига йўл қўймаслик;

ўз фаолиятлари инспекция қилиниши (текширилиши) тўғрисидаги тегишли ахборотга эга бўлиш;

инспекция (текширув) ҳисоботининг бир нусхасини олиш;

қонунда белгиланган тартибда инспекция (текшириш) натижалари устидан шикоят қилиш.

Банклар ва уларнинг филиаллари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


32. Инспекция (текшириш) тайинланган банк ва унинг филиаллари қуйидагиларга мажбур:

текширув гуруҳига инспекция (текшириш) ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш;

текширув гуруҳига амалий ёрдам кўрсатиш учун бириктириладиган ходимларни тайинлаш;

инспекция (текшириш) ўтказиш билан бевосита боғлиқ бўлган зарур ҳужжатларнинг асл нусхалари ва бошқа ахборотларни бериш;

инспекция (текшириш) ўтказиш билан бевосита боғлиқ бўлган зарур ҳар қандай ҳужжатларнинг асл нусхаларидан нусха бериш, лозим бўлганда эса ҳужжатлар нусхаларини имзоланган, муҳр билан тасдиқланган, рақамланган ва тикилган ҳолда тақдим этиш.

Банклар ва уларнинг филиаллари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам ўз зиммаларига олишлари мумкин.



VII. ИНСПЕКЦИЯ (ТЕКШИРИШ)

НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


33. Банк ва унинг филиалларида ўтказилган инспекция (текширув) натижаси инспекция (текшириш) ҳисоботида акс эттирилади.


34. Инспекция (текшириш) ҳисоботи уч нусхада тузилиб, уларнинг ҳар бири текширув гуруҳи раҳбари ва аъзолари, инспекция (текшириш) ўтказилган банк ёки унинг филиали раҳбари ва бош бухгалтери томонидан имзоланади.


35. Банк ва (ёки) унинг филиали раҳбари ёхуд бош бухгалтери инспекция (текшириш) ҳисоботини имзолашни рад этган тақдирда, уларнинг бу ҳақдаги асослантирилган фикр ва эътирозлари баён этилган тушунтириш хати тақдим этилиши шарт.


36. Инспекция (текшириш) ҳисоботини банк ва (ёки) унинг филиали раҳбари ёхуд бош бухгалтери томонидан имзолашнинг рад этилиши инспекция (текшириш) ҳисоботининг Марказий банк ёки унинг ҳудудий Бош бошқармасига тақдим этилмаслигига асос бўлмайди.

37. Марказий банк ёки унинг ҳудудий Бош бошқармаси имзоланмаган инспекция (текшириш) ҳисоботини кўриб чиқиш жараёнида банк ва (ёки) унинг филиали раҳбари ёхуд бош бухгалтери тушунтириш хатида келтирилган асосланган фикр ва эътирозларни инобатга олиши шарт.

38. Марказий банкнинг фармойиши асосида ўтказилган банклар ва уларнинг филиалларидаги инспекция (текшириш) ҳисоботи қуйидагиларга тақдим этилади:

банклар ёки уларнинг филиалларига - инспекция (текшириш) давомида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф қилиш ҳамда уларга келгусида йўл қўйилмаслигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун;

Марказий банкнинг Банкларда ўтказилган текшириш ҳисоботларини кўриб чиқувчи ишчи органига - инспекция (текшириш) натижаси бўйича аниқланган хато ва камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, уларни бартараф қилиш ҳамда келгусида такрорланмаслик чораларини кўриш бўйича тегишли қарор қабул қилиш учун;

Марказий банкнинг тешириш ўтказувчи таркибий тузилмасига маълумот учун.

39. Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармасининг фармойиши асосида ўтказилган банклар ва уларнинг филиалларидаги инспекция (текшириш) ҳисоботи қуйидагиларга тақдим этилади:

банкларнинг филиалларига - инспекция (текшириш) давомида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф қилиш ҳамда уларга келгусида йўл қўйилмаслигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун;

Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармасига - банк филиалларида ўтказилган текширишлар натижаларини кўриб чиқувчи ишчи орган йиғилишида хато ва камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини муҳокама қилиш, уларни бартараф қилиш ҳамда келгусида такрорланмаслик чораларини кўриш учун;

Марказий банкнинг тешириш ўтказувчи таркибий тузилмасига маълумот учун.

40. Инспекция (текшириш) ўтказиш давомида банк ва (ёки) унинг филиалида зудлик билан тегишли чоралар қўлланилишини тақозо қиладиган ҳолатлар аниқланганда, текширув гуруҳи томонидан инспекция (текшириш) муддати тугашини кутмаган ҳолда оралиқ далолатнома тузилади ва Марказий банкка тақдим этилади.



VIII. ЯКУНИЙ ҚОИДА


41. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 15-сон, 157-модда.