язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Банк операциялари/ Банк ҳисоби. Банкка қўйилган омонат/ Ўзбекистон Республикасининг 05.04.2002 й. 360-II-сон "Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.04.2002 й.

N 360-II



ФУҚАРОЛАРНИНГ БАНКЛАРДАГИ

ОМОНАТЛАРИНИ ҲИМОЯЛАШ

КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси банкларидаги (бундан буён матнда банклар деб юритилади) омонатлари ҳимояланишини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Фуқароларнинг банклардаги

омонатларини ҳимоялаш кафолатлари

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Кафолатлаш объекти


Фуқароларнинг банклардаги омонатлари кафолатлаш объекти ҳисобланади.

Ушбу Қонунга мувофиқ:

фуқароларнинг банклардаги, қонун ҳужжатлари билан кафолатлашнинг алоҳида тартиби назарда тутилган омонатларида турган;

фуқароларнинг банклар ишончли бошқарувига топширилган;

тақдим этувчига тўланадиган ҳисобварақларда сақланаётган;

юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахсларнинг ҳисобварақларига (агар бу ҳисобварақлар мазкур фаолият муносабати билан очилган бўлса) қўйилган;

мазкур банк ёки учинчи шахслар олдидаги мажбуриятларни таъминлаш учун фуқароларнинг банклардаги гаровда турган омонатларига қўйилган;

банкларнинг чет эллардаги филиалларига қўйилган пул маблағлари кафолатлаш объекти ҳисобланмайди.



4-модда. Фуқароларнинг банклардаги

омонатларини кафолатлаш фонди


Ушбу Қонуннинг мақсадини амалга ошириш учун Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди (бундан буён матнда Фонд деб юритилади) тузилади.

Фонд фаолиятининг мақсади банкнинг банк операцияларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи лицензияси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан чақириб олинган (бундан буён матнда лицензияни чақириб олиш деб юритилади) тақдирда фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тўланишини ушбу Қонунда назарда тутилган шартларда ва миқдорда кафолатлашдан иборатдир. Фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича Фонднинг ҳақ тўланишини кафолатлаши банк қайта ташкил этилганлиги муносабати билан лицензия чақириб олинган ҳолларга тааллуқли эмас.

Фонд юридик шахс ҳисобланади ва банклар билан ёзма равишда тузиладиган битимлар асосида фаолият юритади.

Фонднинг мол-мулки банкларнинг мажбурий бадаллари, маблағ қўйилишидан олинган даромадлар, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тушумлар ҳисобидан шакллантирилади.

Фонднинг пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида сақланади.

Фондни бошқариш Фонднинг кузатув кенгаши ва Фонднинг ижро этувчи органи томонидан амалга оширилади.

Фонд молиявий ёрдам кўрсатиш ва хайрия фаолияти билан шуғулланиши, шунингдек юридик шахсларнинг муассиси бўлиши мумкин эмас.


5-модда. Фонднинг кузатув кенгаши


Фонднинг кузатув кенгаши Фонд фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.

Фонд кузатув кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Фонд кузатув кенгашининг мажлиси унинг раиси ёки Фонд кузатув кенгаши аъзоларининг камида учдан бир қисми томонидан заруратга қараб, аммо йилнинг ҳар чорагида камида бир марта чақирилади.

Фонднинг кузатув кенгаши, агар мажлисда аъзоларнинг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, қарор қабул қилишга ҳақли. Агар мажлисда ҳозир бўлганларнинг камида учдан икки қисми Фонд кузатув кенгашининг қарори учун овоз берса, қарор қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлганда Фонд кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


6-модда. Фонд кузатув кенгашининг ваколатлари


Фонд кузатув кенгаши:

банкларнинг календарь бадаллари ставкасини, уларни ҳисоблаш тартиби ва киритиш муддатларини тасдиқлайди;

фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тўлаш тўғрисида қарор қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг розилиги билан агент банкни танлайди;

Фонд маблағларини давлат қимматли қоғозларига ва бошқа активларга қўйиш хусусида қарор қабул қилади;

Фонд маблағларидан фойдаланиш тартибини, шу жумладан жорий фаолиятга мўлжалланган харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Фонднинг ижро этувчи органини тузади ва унинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

аудиторлик ташкилотини белгилайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



7-модда. Фонднинг ижро этувчи органи


Фонд дирекцияси Фонднинг ижро этувчи органи бўлиб, у жорий раҳбарликни амалга оширади ва Фонд фаолияти учун жавобгар бўлади. Фонд дирекцияси таркибига директор, унинг ўринбосари ва бош бухгалтер киради.

Фонд дирекцияси:

банклар бир йўла тўланадиган ва календарь бадалларни ўз вақтида ва тўлиқ ўтказиши устидан назоратни амалга оширади;

фуқароларнинг омонатлари бўйича ҳақ тўлаш чора-тадбирларини амалга оширади;

жорий фаолиятга мўлжалланган харажатлар сметасини Фонд кузатув кенгашининг тасдиғига киритади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Фонд директори Фонд кузатув кенгашининг мажлисларида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этади.


8-модда. Банкларнинг фондга

тўлайдиган мажбурий бадаллари


Бир йўла тўланадиган ва календарь бадаллар банкларнинг Фондга тўлайдиган мажбурий бадалларидир.

Банкнинг Фондга бир йўла тўлайдиган бадали банкнинг амалда шаклланган устав капитали миқдорининг 0,1 фоизини ташкил этади.

Календарь бадал банклар томонидан Фондга йилнинг ҳар чорагида ўтказиладиган пул маблағларидан иборат бўлади. Календарь бадалларнинг миқдори ушбу Қонунга мувофиқ кафолатланиши лозим бўлган фуқаролар омонатларининг йил чорагидаги амалдаги қолдиғига қараб Фонд кузатув кенгаши томонидан белгиланган, аммо омонатлар умумий суммасининг 0,5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.

Календарь бадалларнинг тўланган суммаси фуқароларнинг банкдаги омонатлари қолдиғи умумий суммасининг 5 фоизига етганда банклар томонидан календарь бадалларни тўлаш тўхтатилади. Фуқароларнинг банкдаги омонатлари қолдиғининг умумий суммаси ўзгарганда Фондга тўланган календарь бадалларнинг суммаси қайта ҳисоблаб чиқилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банклар учун фуқароларнинг пул маблағларини омонатларга жалб этишга тақиқ жорий этилиши банкларни Фондга календарь бадалларини тўлашдан озод этмайди.

Календарь бадалнинг ставкаси ўзгартирилган тақдирда Фонд банкларни бундан камида ўттиз кун олдин хабардор қилиши шарт.

Фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича календарь бадал чет эл валютасида ҳисоб-китоб қилинганда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, календарь бадал ўтказилган кундан олдинги кунги курс бўйича қайта ҳисоблаб чиқилади.

Банклар томонидан Фондга тўланадиган мажбурий бадаллар банкларнинг кўрсатилаётган хизматлар таннархига киритиладиган харажатларига қўшиб қўйилади.



9-модда. Банкларнинг фонд

олдидаги мажбуриятлари


Банклар:

Фонд билан ёзма битимлар тузишлари;

ушбу Қонунда белгиланган мажбурий бадалларни ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда тўлашлари;

ушбу Қонунга мувофиқ кафолатланиши зарур бўлган фуқароларнинг банклардаги омонатлари сони ва миқдорлари тўғрисидаги маълумотларни Фондга тақдим этишлари шарт.

Банк тугатилган тақдирда, банкнинг тугатиш комиссияси фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича тўланадиган ҳақ суммаси билан тугатилаётган банкнинг Фондга тўлайдиган бадали суммаси ўртасидаги фарқни, шунингдек омонатлар бўйича ҳақ тўлаш пайтида қилинган харажатларни Фондга тўлаши шарт.


10-модда. Фуқароларнинг банклардаги

омонатлари бўйича ҳақ тўлаш миқдори


Фуқароларнинг омонатлари бўйича ҳақ тўлаш банкнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган оралиқ тугатиш балансида акс эттирилган омонатларнинг қолдиғидан келиб чиққан ҳолда банк ва Фонд маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда амалга оширилади.

Агар банк омонатчига нисбатан кредитор сифатида ҳам иш юритган бўлса, омонатлар бўйича ҳақ тўлаш миқдори омонатчига тўланиши лозим бўлган омонатлар бўйича ҳақ тўлаш суммаси билан банкнинг муқобил талаблари суммаси ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади.

Фуқароларнинг банклардаги чет эл валютасидаги омонатлари бўйича ҳақ тўлаш ушбу Қонун билан белгиланган тартибда ва миқдорларда, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, лицензия чақириб олинган кунги курс бўйича миллий валютада амалга оширилади.



11-модда. Фуқароларнинг банклардаги омонатлари

бўйича ҳақ тўлаш тартиби ва муддатлари


Фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тўлаш мақсадида банкнинг тугатиш комиссияси лицензия чақириб олинган кундан эътиборан икки ой мобайнида кредиторларни аниқлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг мажбурий захиралари фондига депозитга қўйилган дебиторлик қарзлари ва маблағларини олиш чораларини кўради. Мазкур маблағлар биринчи навбатда тугатилаётган банкнинг фуқаролар омонатлари бўйича қарзларини тўлашга йўналтирилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддат тугаганидан сўнг, банкнинг тугатиш комиссияси ўн кунлик муддат ичида Фондга қуйидагиларни тақдим этиши шарт:

тасдиқланган оралиқ тугатиш баланси;

тугатилаётган банк мол-мулкининг таркиби тўғрисидаги маълумот;

кредиторлар томонидан тақдим этилган талаблар рўйхати;

фуқаролар омонатларининг миқдорларини тасдиқловчи маълумот;

фуқароларнинг омонатлари бўйича ҳақ тўлаш учун Фондга зарур бўладиган пул маблағларининг ҳисоби.

Фонд оралиқ тугатиш балансини олган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тўлаш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги хабарни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тўлашни Фонд оммавий ахборот воситаларида хабар эълон қилинган пайтдан эътиборан ўн кун ичида бошлаши шарт. Ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг розилиги билан Фонд белгилайдиган банк (агент банк) томонидан амалга оширилади. Омонатчилар агент банкка ўз омонатлари бўйича ҳақ олиш учун мурожаат қилганларида агент банк мазкур ҳақни омонатчи ўзининг омонати борлигини ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган тақдирда тўлаши шарт.

Фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тегишли ҳужжатлар кўрсатилган тақдирда омонатчиларнинг қонуний вакилларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига ҳам тўланади.

Омонатчининг Фонддан ўз омонати бўйича ҳақини олиши унинг банкка нисбатан омонати бўйича олган ҳақидан ортиқ миқдордаги талабларини қаноатлантиришга доир ҳуқуқларини истисно этмайди.



12-модда. Фондга ссуда бериш


Фуқароларнинг омонатлари бўйича ҳақ тўлаш учун Фонднинг маблағлари етарли бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Фондга ссуда берилади ва у кейинчалик Фонд тушумлари ҳисобидан қайтарилади.



13-модда. Фонд билан Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки ўртасида ахборот алмашиш


Фонд билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Фонд ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур ахборотни мунтазам равишда алмашиб турадилар.



14-модда. Банк сирини ошкор қилмаслик


Фонд банк сирининг ошкор этилмаслигини кафолатлайди.

Фонд банк сирини ошкор этган тақдирда, ҳуқуқлари бузилган банк ва омонатчи Фонддан ўзларига етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.


15-модда. Низоларни ҳал қилиш


Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


16-модда. Фуқароларнинг банклардаги омонатларини

ҳимоялаш кафолатлари тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И.Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2002 йил, 4-5-сон, 70-модда