язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Кредитлаш/ Микрокредитлаш. Фермер хўжаликлари ва кичик корхоналарга кредит бериш/ Микрокредит ташкилотларининг кредит сиёсатига нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисида Низом (АВ томонидан 25.05.2011 й. 2230-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 30.04.2011 й. 13/5-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 25 майда 2230-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2011 йил 30 апрелдаги

13/5-сон қарорига

ИЛОВА



Микрокредит ташкилотларининг кредит сиёсатига

нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда) ва "Микрокредит ташкилотлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2006 йил, 9-сон, 495-модда) қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сон "2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) мувофиқ микрокредит ташкилотларининг кредит сиёсатига нисбатан қўйиладиган талабларни белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Микрокредит ташкилотининг кредит сиёсати (бундан буён матнда кредит сиёсати деб юритилади) микрокредит ташкилоти ўз мижозларини кредитлаш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликни бошқаришда микрокредит ташкилоти раҳбарияти томонидан қабул қилинадиган чоралар ва услубиётларни белгиловчи ҳамда микрокредит ташкилотининг кредит портфелини самарали бошқаришга доир кўрсатмалар билан таъминловчи ҳужжатдир. Кредит сиёсати микрокредит ташкилоти томонидан амалга ошириладиган кредитлаш фаолиятининг мақсадлари, тамойиллари, йўналишлари ва тартибини белгилаб беради.


2. Ҳар бир микрокредит ташкилоти ўз кредит сиёсатини ишлаб чиқади. Кредит сиёсати алоҳида ҳужжат сифатида ишлаб чиқилади ва микрокредит ташкилотининг юқори бошқарув органи томонидан тасдиқланади.

Кредит сиёсати микрокредит ташкилотининг юқори бошқарув органи томонидан ҳар йили камида бир марта тегишли йилнинг 1 февралигача бўлган муддатда қайта кўриб чиқилади ва тасдиқланади.


3. Кредит сиёсатини ишлаб чиқиш ва ижро этиш юзасидан жавобгарлик микрокредит ташкилотининг юқори бошқарув органи ва ижро этувчи органига юклатилади.



II. МИКРОКРЕДИТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ КРЕДИТ

СИЁСАТИГА НИСБАТАН ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


4. Кредит сиёсатида микрокредит ташкилоти томонидан бериладиган кредитларнинг турлари (микрокредит, микроқарз, микролизинг ва истеъмол кредитлари) (бундан буён матнда кредит деб юритилади) ҳамда соҳалари (савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошқалар) белгилаб қўйилади.


5. Кредит сиёсатининг мақсади қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:

микрокредит ташкилоти мижозларининг кредитларга бўлган эҳтиёжини қондириш;

кредитларни бериш жараёнида қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш;

берилган кредитларнинг муддатида қайтарилишини таъминлаш;

таваккалчиликни диверсификация қилиш;

берилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини ҳамда қарздорнинг молиявий ҳолатини доимий мониторинг қилиш.


6. Кредит сиёсатида микрокредит ташкилоти учун мос келмайдиган кредитларнинг турлари кўрсатилган бўлиши керак.


7. Кредит сиёсати кредитларнинг турлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар ва бошқалар бўйича кредитларни диверсификациялаш даражасини белгилаш ва уларни мониторинг қилиш тўғрисидаги талабларни ўз ичига олади.


8. Кредит сиёсатида бериладиган кредитларнинг турига қараб, талаб қилиб олинадиган ҳужжатларнинг рўйхатлари ҳамда кредит ҳужжатлари тўпламини расмийлаштириш тадбирлари белгиланиши лозим. Микрокредит ташкилоти томонидан қарздорларга берилган кредитлар бўйича расмийлаштирилган барча ҳужжатлар ҳар бир қарздор бўйича алоҳида йиғмажилдда юритилади.


9. Кредит сиёсатида мижозларнинг кредит қобилиятини баҳолаш учун уларнинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш тадбирлари ёритилиши керак. Кредит сиёсатида мижозларнинг кредит қобилиятини баҳолаш мезонлари ва методикаси белгиланади.


10. Кредит сиёсати кредитни бериш жараёнида ҳамда кейинги мониторинг босқичларида мижоз (қарздор)ларнинг молиявий ҳолатига қўйиладиган қуйидаги талабларни ўз ичига олиши лозим:

жисмоний шахсларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотлар ва юридик шахсларнинг молиявий ҳисоботларига нисбатан қўйиладиган талабларни;

жисмоний шахсларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотлар ҳамда юридик шахсларнинг молиявий ҳисоботларини таҳлил қилиш, пул оқимлари ва бошқа маълумотлар бўйича қўшимча ҳисоботларни тақдим этиш юзасидан қўйиладиган талабларни.

Бунда юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига мувофиқ бўлиши керак.


11. Кредит сиёсати мижозлар томонидан тақдим этиладиган бизнес-режага буюртмалар портфелининг тузилиши ва микрокредит ташкилоти кредитидан фойдаланган ҳолда кўрсатиладиган хизматлар, ишлаб чиқариладиган товарларни сотиш бозорининг мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича талабни ўз ичига олиши лозим.


12. Кредит сиёсатида кредитларнинг ҳар бир тури бўйича фоиз ставкаларини белгилаш мезонлари акс эттирилади. Бунда кредит бўйича хизмат кўрсатишга доир кутилаётган харажатлар, воситачилик ҳақи, маъмурий харажатлар ҳамда микрокредит ташкилоти маржасини белгилаш тартиби кўрсатилади.


13. Кредит сиёсатида бериладиган кредитлар учун ҳисобланадиган фоизлар кредитнинг қолдиқ суммасига ҳар куни ҳисоблаб борилиши белгилаб қўйилиши шарт. Муддати ўтган кредитларга ҳисобланадиган пенялар ёки оширилган ставкада ҳисобланадиган фоизлар берилган кредит бўйича муддати ўтган қарздорликка қанча миқдорда ва муддатгача ҳисоблаб борилиши ҳамда ушбу шартлар кредит шартномасининг алоҳида бандида қайд этилиши ҳам кўрсатиб ўтилган бўлиши зарур.


14. Кредит сиёсати муайян турдаги мол-мулк (кўчмас ёки кўчар мол-мулклар) гарови асосида бериладиган кредитларнинг максимал миқдори лимитларини белгилайди. Кредит сиёсатида кредитни бериш вақтида кредитга қўйилган гаров таъминоти кредитни қайтаришнинг бирламчи манбаси бўлмаслиги белгилаб қўйилиши керак.


15. Кредит сиёсати гаровга олинган мол-мулк турига қараб, гаровга қўйилаётган мол-мулкка (гаров нарсасига) нисбатан қўйиладиган зарурий талаблар (гаровга қўювчи ёки ваколатли шахснинг ваколатлари, гаров нарсасига тегишли барча ҳужжатларнинг тегишлича расмийлаштирилганлигининг ўрганилиши) ва кредит ҳажмининг гаров қийматига бўлган нисбатини ўз ичига олади.

Бунда гаровга қўйилаётган мол-мулк белгиланган тартибда баҳоланиши ва унинг бозор қиймати уни сотиш керак бўлган пайтда юзага келиши мумкин бўлган харажатларни қоплашга етарли бўлиши лозимлиги ёритилиши зарур.


16. Кредит сиёсатида гаров нарсасини баҳоловчи ташкилот ёки микрокредит ташкилотининг ўзи томонидан баҳоланадиган ҳолатлар кўрсатиб ўтилади ҳамда турли гаров тоифаларини баҳолаш услублари акс эттирилади.


17. Кредит сиёсатида микрокредит ташкилоти томонидан бериладиган кредитларнинг таъминоти сифатида олинадиган кафилликлар бўйича кафилнинг молиявий ҳолатини баҳолаш юзасидан талаблар белгиланиши лозим.


18. Кредит сиёсатида кредитлаш учун масъул бўлган шахсларнинг кредитлаш тўғрисида қарор қабул қилиш бўйича ваколатлари белгиланади.


19. Кредитни қайтариш муддати уни қайтаришнинг бирламчи ва иккиламчи манбаларини баҳолаш асосида белгиланади. Кредит сиёсатида ҳар хил турдаги кредитларни қайтаришнинг мақбул йўллари кўрсатилади.


20. Кредит сиёсати кредитларни қайтаришнинг максимал муддатларини белгилайди. Кредит сиёсати кредитнинг асосий суммасини график асосида сўндирилиши ҳамда кредитни қайтариш муддати узайтирилаётганда кредитни қайтариш тартибини ҳам ўз ичига олади. Кредит сиёсатида кредитни қайтариш муддатини узайтириш микрокредит ташкилоти юқори бошқарув органининг қарори асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилиши зарур.


21. Микрокредит ташкилоти қарздори томонидан олинган битта кредит ушбу қарздор томонидан микрокредит ташкилотидан олинган бошқа кредит ҳисобига сўндирилиши мумкин эмаслиги кредит сиёсатида белгиланиб қўйилиши шарт.


22. Кредит сиёсати берилган кредитларнинг қайтарилиши бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш ва қарздорликни тўлиқ ундириб олиш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олади.


23. Кредит сиёсатида кредитларни таснифлаш тизими ифодаланади. Микрокредит ташкилоти ходимлари кредит портфелидаги барча маълум бўлган салбий ўзгаришлар тўғрисида раҳбариятга ахборот беришлари шарт.


24. Микрокредит ташкилоти кредитлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни ташкил этади ҳамда умидсиз кредитларни ҳисобдан чиқариш тадбирларини ишлаб чиқади.


25. Кредит сиёсатида берилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши, қарздорнинг молиявий ҳолати ҳамда кредит таъминотининг ҳолатини мониторинг қилиб бориш шартлари кўрсатиб ўтилиши керак.


26. Кредит сиёсатида микрокредит ташкилоти томонидан бериладиган кафолатлар қайси мақсадда берилиши, уларни имзолашга ваколати бўлган мансабдор шахсларнинг рўйхати ҳамда кафолатлар бериладиган ҳолатлар, шунингдек уларга доир ҳужжатлар ва ҳисоботларга нисбатан қўйиладиган талаблар ёритилади.


27. Кредит сиёсатида микрокредит ташкилоти томонидан бериладиган кафолатлар бўйича шартномалар тузилиши белгиланиши зарур.


28. Кредит сиёсатида микрокредит ташкилотининг кредит портфелини баҳолашга жавобгар бўлган мансабдор шахслар рўйхати белгиланади. Кредит портфели сифатини баҳолаш ва тузатишлар киритилиши учун муаммоли кредитларни аниқлаш бўйича зарур бўлган микрокредит ташкилотининг кредит таҳлили қоидалари белгиланади.


29. Кредит таҳлили қоидаларида кредит сифатини баҳолаш, тасдиқланган кредит сиёсатига мувофиқ кредит ҳужжатларини расмийлаштириш, молиявий таҳлил, гаровни расмийлаштириш, кредитлашга доир ваколатларни тақсимлаш ва қонун ҳужжатларига риоя қилинишини баҳолаш бўйича талаблар белгиланиши лозим.


30. Кредит сиёсатида ижро этувчи орган томонидан микрокредит ташкилоти юқори бошқарув органига кредитлашнинг турли жиҳатлари бўйича, шунингдек кредит портфели сифати ва кредит портфелини бошқариш билан боғлиқ бўлган бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи ҳисоботларни тақдим этиш тартиби ва даврийлиги белгилаб қўйилган бўлиши керак.

Ҳисоботларда микрокредит ташкилоти томонидан кредитларнинг турларига мувофиқ таваккалчиликларни баҳолаш ва бошқариш даражалари ёритилган бўлиши лозим.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДА


31. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 20-21-сон, 217-модда.