язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Ижтимоий таъминот ва ижтимоий сугуртани бошқариш ва молиялаштириш/ Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 14.05.2002 й. 1136-сон билан рўйхатга олинган МАИМҚВ 01.04.2002 й. 21-сон Буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2002 йил 8 майда 1136-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2002 йил 1 апрелдаги

21-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар

тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 февралдаги 71-сон "Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар тўлаш чегарасини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 13 февралдаги ПФ-2810-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сон, 1997 йил 20 мартдаги 153-сон, 1997 йил 6 июндаги 286-сон, 2000 йил 15 ноябрдаги 444-сон, 2000 йил 23 декабрдаги 498-сон, 2001 йил 13 февралдаги 75-сон, 2001 йил 6 апрелдаги 162-сон, 2001 йил 24 августдаги 351-сон қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилаб беради.



1-§. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда кўзда тутилган тартибда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий суғурта бўйича қуйидаги нафақалар берилади:

ҳомиладорлик ва туғиш учун;

бола туғилгани учун;

қўшимча дам олиш куни учун;

дафн этиш маросими учун.

2007 йил 1 январдан бошлаб вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизларга нафақа тўлаш билан боғлиқ харажатлар:

бюджет ташкилотлари томонидан - меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан - фойда солиғини ҳисоблашда мазкур харажатлар солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланган ҳолда шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

2. Низомнинг 1-бандида кўрсатилган нафақалар ижтимоий суғурта жорий қилинадиган ходимларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган ҳолларда бошқа фуқароларга ҳам берилади.

Иш берувчининг давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадал тўламаганлиги суғурта қилинган ходимни давлат ижтимоий суғуртаси нафақалари билан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.


3. Умумий қоидага кўра ходимга нафақа, агар уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган даврда (синов даври ҳамда ишдан бўшатилган кунни ҳам қўшиб) пайдо бўлса берилади.

Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга ҳамда деҳқон хўжалиги аъзоларига нафақа, агар уни олиш ҳуқуқи улар томонидан белгиланган тартибда суғурта бадалини тўлаш даврида пайдо бўлса, берилади.


4. Айрим ҳолларда, яъни меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилингандан (Меҳнат кодексининг 67-моддаси) кейин бир ой ичида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланган бўлса, нафақа яшаш жойидаги туман (шаҳар) ижтимоий таъминот бўлими томонидан тўланади.

Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларидаги муддатли хизмат сафидан бўшатилган собиқ ҳарбий хизматчиларга ҳам қўлланилади.


5. Нафақа меҳнат қобилияти тикланган, ногиронлик белгиланган, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган, вафот этган ёки бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат килинганда тўланади. Бунда, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси уни олиш учун мурожаат қилинган кунгача бўлган 12 ойдан ошмаган давр учун берилади.


6. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) кунлари ходимнинг ишдан ноқонуний бўшатилгани тўғрисида низо кўрилаётган даврга тўғри келган ҳолларда, у ишга тикланган тақдирдагина (барча меҳнатга қобилиятсиз кунлар учун) нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади.


7. Нафақа ойига бир марта - ойнинг иккинчи ярми учун бериладиган иш ҳақи билан бирга тўланади.


8. Ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан ижтимоий суғурта бўйича нафақаларнинг тўғри ҳисобланиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Корхона, муассаса, ташкилот (бундан буён - корхона)лар томонидан иш жойида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларининг ижтимоий суғурта бўйича нафақалар учун мақсадга мувофиқ сарфланиши устидан назорат қилиш Давлат солиқ хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



2-§. ВАҚТИНЧА МЕҲНАТГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК

НАФАҚАСИ


9. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги ҳолларда берилади:

а) вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотиш билан боғлиқ касалликда (шикастланишда);

б) санаторий-курортларда даволанганда;

в) касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда;

г) карантинда;

д) сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда;

е) меҳнат қобилиятини тиклаш ёки ясама аъзо (протез) қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда.


10. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлаш учун фақат белгиланган тартибда берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (касаллик варақаси) асос бўлади.

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолган ҳолларда, нафақа, унинг ўрнига такрорий берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (дубликат) асосида берилади.


11. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа меҳнат қобилияти йўқолган биринчи кундан то у тиклангунга қадар ёки тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан ногиронлик белгилангунга қадар, ҳатто бу даврда ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам берилади.

Узоқ вақт касал бўлганларни ТМЭК кўригига юбориш муддатлари Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномалар бериш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага (рўйхат рақами 873, 2000 йил 19 январь) биноан белгиланади.


12. Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларини, магистратура, аспирантура, клиник ординатура, докторантурани тамомлаган ва белгиланган тартибда ишга юборилган шахсларга нафақа улар ишга чиқиши лозим бўлган кундан бошлаб берилади.


13. Иш ҳақи, суткалик ва кўчиш бўйича харажатларни олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимга иш жойига бораётган даврда бошланган меҳнатга қобилиятсизлик кунлари учун нафақа тўланади.


14. Ходимнинг меҳнатга қобилиятсизлик кунлари йиллик (асосий ва қўшимча) таътил даврига тўғри келган ҳолларда, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун нафақа тўланади.


15. Санаторий-курортда даволанишда, агар асосий ва қўшимча таътил ходимнинг санаторийда даволаниши учун етарли бўлмаса, нафақа берилади. Бундай ҳолда санаторий-курортда даволанишнинг барча даври учун (йўлланма, даволаниш муддати) санаторийга бориш-келиш вақтини қўшиб, аммо ходимнинг йиллик таътилини чиқариб ташлаган ҳолда нафақа берилади.

Асосий ва қўшимча таътилдан санаторийга боришдан олдин фойдаланган бўлса ҳам нафақа уни чиқариб ташлаган ҳолда берилади. Бунда иш берувчи таътилнинг етмайдиган вақти учун ходим билан келишиб, унга иш ҳақи сақланмаган таътил беради.

1941-1945 йиллардаги уруш ногиронларига, байналминал жангчиларга, Чернобиль АЭС фалокати оқибатларини тугатишда қатнашган шахсларга, шунингдек санаторийга даволанишни давом эттириш учун даволаш муассасаларидан ўткир миокард инфаркти билан касалланган, жарроҳлик услуби билан юракнинг аортакоронар шунтровкаси ва аневризмлари, ошқозоннинг яралик касаллиги, ўн икки бармоқ ичак касаллигидан даволанган ва ўт пуфагини олиб ташлашдан кейин бевосита юборилган ходимларга, шунингдек сил касаллиги билан оғриганларга нафақа санаторийда бўлган барча вақт учун берилади.

Ўн олти ёшгача бўлган ногирон болани тарбиялаётган ота-оналардан бирига (ҳомийга ёки васийга), ногирон боланинг санаторийда даволанган барча даври учун (санаторийга бориб-келиш вақтини ҳисобга олиб) унга якка тартибда парвариш зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса мавжуд бўлганда нафақа берилади.


16. Уч ёшгача бўлган болани ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болани парваришлашда банд бўлган она касал бўлиб, болани парваришлашга қурби етмай қолган ҳолларда, парвариш билан банд бўлган ишлаётган бошқа оила аъзолари ёки қариндошларига (меҳнатга лаёқатсизлик варақасига асосан) нафақа берилади.

Оиланинг касал бўлган аъзосига қараш бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бемор бировнинг парваришига муҳтож бўлган, лекин 7 календарь кунидан ошмаган давр учун берилади.

Ўн тўрт ёшга етмаган бемор болага қараш учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси болага парвариш керак бўлган, аммо 14 календарь кунидан ошмаган давр учун берилади.


17. Агарда ходим карантин вақтида санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан атрофидаги шахслар орқали юқумли касалликка чалиниш хавфининг олдини олиш мақсадида ишдан четлатилган бўлса, нафақа берилади.


18. Сил касаллиги ёки касб касаллигига чалинган ходим даволаниш қоидасини бузмаган ҳолда бошқа ишни бажариш имконига эга бўлиб, у тиббий-маслаҳат комиссияси (ТМК) хулосаси (бундай комиссиялар бўлмаган жойларда эса - даволовчи шифокорнинг, даволаш муассасасининг бош шифокори томонидан тасдиқланган хулосаси) асосида вақтинча бошқа ишга ўтказилиши мумкин.

Ходимга, вақтинчалик камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтган вақт учун, лекин икки ойдан ортиқ бўлмаган муддат давомида касаллик варақаси бўйича янги ишда бериладиган иш ҳақига қўшилганда аввалги ишидаги тўлиқ иш ҳақидан ошиб кетмайдиган миқдорда нафақа тўланади.

Бунда касб касаллиги оқибатида бошқа ишга ўтказилган шахсларга нафақа, агар у амалдаги қонун ҳужжатларига биноан аввалги иш ҳақи билан янги иш ҳақи ўртасидаги фарқни корхонадан олиш ҳуқуқига эга бўлмаса, берилади.

Башарти, касаллик варақасида кўрсатилган муддатда иш берувчи ходимга бошқа иш топиб беролмаган бўлса, у ҳолда шунинг оқибатида бекор ўтган иш кунлари учун нафақа умумий асосларда тўланади.


19. Реабилитация муассасаларида бўлган барча вақт учун ва унга келиб-кетиш вақти учун нафақа тўланади.


20. Мавсумий ва вақтинчалик ишларда банд бўлган ходимларга меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа умумий асосларда, бошқа сабаблар оқибатидаги вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа мавсумий ёки вақтинчалик иш тўғрисида тузилган меҳнат шартномасида кўрсатилган иш кунлари доирасида тўланади.


21. Ишлаётган ногиронларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа меҳнатда майибланиш ҳодисалари ёки касб касаллигидан ташқари, кетма-кет икки ойдан ва календарь йилда уч ойдан ошмаган муддатга берилади.

Ишлаётган 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронларига ва имтиёзлари жиҳатдан уларга тенглаштирилган бошқа ногиронларга, Чернобиль АЭСдаги фалокат ёки унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни бажариш билан боғлиқ сабабларга кўра ногирон бўлган шахсларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси (меҳнатда майибланиш ҳодисалари ёки касб касаллигидан ташқари) кетма-кет тўрт ойгача ёки календарь йилда беш ойгача берилади.

Агар ишловчи ногироннинг вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлиги меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги туфайли юз берса, нафақа у тўла соғайгунга ёки меҳнатда майибланиш ёхуд касб касаллиги билан боғлиқ ногиронлик гуруҳи қайта кўриб чиқилгунга қадар тўланади.

Сил касаллиги оқибатида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа шахс тўла соғайгунга қадар, лекин кўпи билан 10 ойга берилади.

Ходим сил касаллиги билан қайта касалланганда ёки сил касаллиги оқибатида ногирон деб топилганда нафақа кўпи билан 6 ойга берилади.

ТМЭК кўригидан белгиланган муддатда қайта ўтмаган ногиронга нафақа мазкур бандда белгиланган муддатларга тўланади.


22. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик қуйидаги даврларга тўғри келганда нафақа тўланмайди:

иш ҳақи сақланмаган таътил;

болани парваришлаш бўйича таътил;

иш вақтинча тўхтатилган;

ходим ишдан (лавозимдан) четлаштирилиб, иш ҳақи тўлаш тўхтатиб қўйилганлиги сабабли ишламаган;

ҳарбий ўқув ёки текширув йиғини;

ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида таҳсил олиш муносабати билан берилган қўшимча таътил.

Ушбу даврларда бошланиб, давом этаётган меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ходим ишга чиқиши (лавозимга тикланиши) лозим бўлган кундан бошлаб берилади.


23. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги ҳолларда берилмайди:

ишдан ёки бошқа вазифалардан бўйин товлаш мақсадида ўз саломатлигига атайлаб зиён етказган ёхуд ўзини касалликка солганда;

гиёҳвандлик ёки мастлик билан боғлиқ ҳаракатлар оқибатида, шунингдек спиртли ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш натижасида касалликка чалинганда (жароҳатланганда);

жиноят содир қилиш вақтида жароҳатланганда;

суд қарори асосида мажбурий даволанишга юборилганда (руҳий касаллардан ташқари);

ҳибсда бўлган даврда;

суд-тиббиёт экспертизасидан ўтиш даврида.


24. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланишидан олдин узрсиз сабабларга кўра ишга келмаган, улар учун шифокор белгилаган тартибни бузган ёки узрсиз сабабларга кўра белгиланган муддатда шифокор кўригига ёхуд тиббий-меҳнат экспертиза комиссиясига (ТМЭК) келмаган ходимлар қоидани бузиш рўй берган кундан бошлаб корхонанинг Ижтимоий суғурта бўйича комиссияси белгилайдиган муддатга нафақадан маҳрум қилинадилар.


25. Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда деҳқон хўжалиги аъзолари, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўламаган, шифокор белгилаган тартибни бузган ёки узрсиз сабабларга кўра белгиланган муддатда шифокор кўригига ёки ТМЭКга келмаган ҳолларда, бузиш содир бўлган кундан бошлаб ижтимоий таъминот бўлими томонидан белгиланган муддатга нафақадан маҳрум қилинадилар.


26. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар, иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қуйидагиларга тўланади:

ишлаётган 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига;

байналминал жангчиларга ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга;

қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;

Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;

Чернобиль АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;

меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга.


27. Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар (сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, СПИД, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга улар томонидан давлат ижтимоий суғурта бадали тўлаган даврининг (умумий иш стажининг) давомийлигига боғлиқ равишда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:

а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга - иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида;

б) умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга - иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;

в) умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга - иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.


28. Мазкур Низомнинг 26 ва 27-бандларида назарда тутилган ходимлардан ташқари қолган ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа қуйидаги миқдорларда тўланади:

а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга - иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;

б) умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга - иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.


29. Мазкур Низомнинг 4-бандига биноан тайинланган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа қуйидаги миқдорларда тўланади:

а) Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафидаги муддатли хизматдан бўшатилгандан сўнг бир ой ичида касал бўлиб қолган собиқ ҳарбий хизматчиларга - республикада белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорида;

б) бошқа ҳолларда - иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.


30. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа барча ҳолларда белгиланган энг кам иш ҳақидан кам бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақидан юқори бўлмаслиги лозим.


31. Нафақа миқдори вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган кунгача, меҳнат дафтарчаси ёки унинг ўрнига берилган бошқа ҳужжат, шунингдек ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан берилган маълумотнома асосида ҳисобланган умумий иш стажига мувофиқ аниқланади.



3-§. ИЖТИМОИЙ СУҒУРТА БЎЙИЧА НАФАҚАЛАРНИ

ТАЙИНЛАШ УЧУН УМУМИЙ ИШ СТАЖИНИ

АНИҚЛАШ ВА ҲИСОБЛАШ ТАРТИБИ


32. Умумий иш стажи белгиланган тартибда расмийлаштирилган меҳнат дафтарчаси ёки унинг ўрнига берилган бошқа ҳужжат асосида аниқланади.

Умумий иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар бўлмаганда иш даври гувоҳлар кўрсатмаси асосида белгиланади.

Табиий офат, фалокат, фожиа ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар туфайли иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар тўлиқ ёки қисман сақланмаган бўлса, иш стажини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимиятлари томонидан тузиладиган иш стажини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Қисман сақланган ҳужжатлар ҳамда гувоҳлар кўрсатмалари асосида юқорида кўрсатилган комиссиялар томонидан белгиланган меҳнат фаолияти даврлари ҳужжатлар билан тасдиқланган иш даври сингари ижтимоий суғурта бўйича нафақа олиш ҳуқуқини берадиган умумий иш стажига ҳисобланади.


33. Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс ва деҳқон хўжалиги аъзосининг меҳнат стажига улар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган даврлар киритилади.


34. Умумий иш стажига қуйидагилар киради:

а) фаолият тури, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у бюджетдан ташқари Пенсия жағармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса.

Ширкат хўжалиги (фермер хўжалиги) аъзоси узрсиз сабабларга кўра хўжаликда белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишлаган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади.

Ижодий фаолият билан шуғулланувчи ходимларга иш стажи ижодий уюшмалар бошқаруви томонидан, унинг биринчи босилган ёки дастлабки ижро этган ёхуд мазкур муаллифнинг асари биринчи марта оммага кўрсатилган кундан бошлаб, агар у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўлаб турган бўлса, иш стажига ҳисобланади;

б) ҳарбий хизмат, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, миллий хавфсизлик органларидаги ҳамда чегара қўшинларидаги хизмат даври;

в) ҳарбийлаштирилган соқчилик, махсус алоқа органлари ҳамда тоғ-қутқарув қисмларидаги хизмат даври, қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар;

г) диний ташкилотларда ишлаган давр, агар улар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўлаб келган бўлсалар;

д) юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс ва деҳқон хўжалиги аъзосининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган давр;

е) алоҳида фуқароларга ёлланиб ишлаган давр (уй ходимлари, котибалар, энагалар, ҳайдовчилар, қоровуллар ва бошқалар), агар улар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаб келган бўлсалар;

ж) асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлган ва маҳбусликни ўтаган даври.


35. Саноатнинг мавсумий тармоқларидаги корхоналарда банд бўлган ходимларга мавсум давомидаги иш бир йилга, мавсумда тўлиқ ишламаган тақдирда, ҳақиқий ишлаган давр ҳисобга олинади.


36. Чет элда ишлаган иш даври, агар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўлаб келинган бўлса ва давлатлараро битимларда бошқа имтиёзлироқ ҳолат кўзда тутилмаган бўлса, иш стажига ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элда ёлланиб (битим асосида) ишлаган иш даври Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан меҳнат дафтарчасига киритилган ёзувлар бўйича, агар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўлаб келинган бўлса, иш стажига ҳисобланади.


37. Деҳқон хўжалиги аъзоси йил мобайнида ишлаб, ундан камида 9 ой бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган тартибда суғурта бадали тўлаган бўлса, ушбу давр календарь йил ҳисобланади.


38. Тўлиқ календарь йил мобайнида юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахснинг асосий фаолияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш бўлган ҳолларда, агар мазкур йилда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари белгиланган тартибда камида 9 ой мобайнида тўланган бўлса, стажга календарь йил қўшилади.


39. Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг иш фаолияти ва унинг давомийлиги гувоҳлик кўрсатмалари билан тасдиқланмайди.



4-§. ҲОМИЛАДОРЛИК ВА ТУҒИШ БЎЙИЧА НАФАҚА


40. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади.


41. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолган ҳолларда нафақа унинг ўрнига такрорий берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (дубликат) асосида берилади.


42. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда) нафақа вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча давр учун тўланади.


43. Ходим ишдан бўшатилишининг нотўғрилиги ҳақида низо кетаётган даврда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа у ишга қайта тикланган тақдирда берилади. Бунда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа аёлни ишга қайта тиклаш тўғрисида қарор чиққандан сўнг, нафақа тўланмаган барча меҳнатга қобилиятсиз кунлар учун тўланади.


44. Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини, магистратура, аспирантура, клиник ординатура, докторантурани тамомлаган ва белгиланган тартибда ишга юборилган аёлларга ишни бошлагунга қадар ҳомиладорлик ва туғиш бўйича берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида нафақа аёл ишга келиши лозим бўлган кундан бошлаб берилади.


45. Ишни вақтинчалик тўхтатиш ёки ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида таҳсил олиш муносабати билан берилган қўшимча таътил даврида ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилган ҳолда, нафақа кўрсатилган давр тугагандан кейин аёл чиқиши лозим бўлган кундан бошлаб берилади.


46. Ходим йиллик (асосий ва қўшимча) таътилда ва болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилади. Болани парваришлаш бўйича таътил даври учун нафақа тариф ставкасидан (лавозим маошидан) ва таътил бошланишидан олдинги 12 ой мобайнида олинган мукофотларнинг ўртача ойлик суммасидан ҳисоблаб чиқарилади. Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган кунига бўлган тариф ставкаси жойларда белгиланган туман коэффициенти ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда олинади.


47. Иш ҳақи тўлаш тўхтатилиб, ишдан (лавозимдан) четлаштириш оқибатида аёл ишламаган даврда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилган ҳолда нафақа тўланмайди. Агар ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил ишга қўйилгандан кейин ҳам давом этадиган бўлса, нафақа у ишга чиқиши лозим бўлган кундан бошлаб берилади.


48. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, шу жумладан, мазкур Низомнинг 4-бандига мувофиқ нафақа тайинланганда ҳам, иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида берилади.



5-§. ВАҚТИНЧА МЕҲНАТГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК,

ҲОМИЛАДОРЛИК ВА ТУҒИШ БЎЙИЧА

НАФАҚАЛАРНИ ҲИСОБЛАШ ТАРТИБИ


49. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.


50. Нафақаларни ҳисоблашда асос қилиб олинадиган ҳақиқий иш ҳақига иш жойидан, суғурта бадаллари ундирилиб тўланадиган жами иш ҳақи тўловлари киради.


51. Суғурта бадали ҳисобланмайдиган иш ҳақи турлари Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сон қарори билан тасдиқланган Суғурта бадаллари қўшилмайдиган ва пенсияни ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинмайдиган иш ҳақи ва бошқа тўлов турлари рўйхати асосида аниқланади.


52. Нафақаларни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинадиган иш ҳақининг барча турлари, шу жумладан, мазкур ойда иш ҳақи билан биргаликда тўланадиган ойлик мукофотлар уларнинг ҳақиқатда олинган вақти бўйича эмас, балки улар ҳисоблаб ёзилган вақт бўйича иш ҳақига қўшилади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик таътили бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган ва суғурта бадаллари чегирилган барча мукофотларнинг 1/12 қисми нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлик иш ҳақига қўшилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори аниқланади.


53. Ходим вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлиги сабабли тўла ишламаган, ҳомиладорлик ва туғиш, бола уч ёшга тўлгунга қадар болага қараш таътилида бўлган, ҳарбий ўқув ёки синов йиғинларида ёки бошқа корхонада ишлаш учун юборилган ойлар мукофот суммаси бўлинадиган ойлардан чиқариб ташланади. Агар ҳисоблаш учун уч ойдан кам бўлган давр олинса, ҳар бир ойда чорак мукофотининг учдан биридан кўп бўлмаган қисми ҳисобга олинади.


54. Аввалги ёки жорий календарь йилида ишга кирган ходимга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик таътили бошлангунга қадар иш даврида ҳисобланган мукофотлар ҳисобга олинади, лекин у дастлабки 12 ойидан кўп бўлмайди ва уларнинг йиғиндиси мана шу ойларнинг сонига бўлинади. Агар мукофотлаш тизими мазкур корхонада янгидан жорий этилган бўлса ҳамда тўла бўлмаган календарь йили амал қилса, шунингдек корхонада ёки аниқ ходимга нисбатан мукофотлаш шартлари ва тартиби ўзгарса, мукофотлар юқоридаги тартибда ҳисобга олинади.


55. Меҳнатига вақтбай ҳақ тўланадиган ходимларга нафақа ҳисоблаб чиқаришда ойлик иш ҳақи вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланган кунгача доимий равишда олиб келинган қўшимча ва устамаларни қўшган ҳолда кунлик ёки соатбай тариф ставкаси ва мазкур Низомнинг 52 - 54-бандларига биноан ҳисоблаб чиқарилган ўртача ойлик мукофотлар суммаси ҳисобга олинади.

Ходим тўлиқ бўлмаган мансаб маошини олган ҳолатларда нафақа маошнинг ҳақиқатда олинадиган қисми асосида ҳисобланади.

Нафақани ҳисоблаб чиқариш учун ўртача кунлик иш ҳақи мазкур бандда кўрсатилган иш ҳақи суммасини вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик рўй берган ойдаги барча иш кунларига (жадвал бўйича) бўлиш йўли билан аниқланади (Эслатма: ушбу ва кейинги барча ҳолларда иш вақти соатлари нормаси доирасида тузилган иш жадвали назарда тутилади).

Кунлик нафақа ўртача кунлик иш ҳақининг нафақа миқдорини белгилаш учун иш ҳақига қўлланиладиган фоиз (ушбу Низомнинг 26 - 30 ва 48-бандлари) ҳисобида аниқланади.

Нафақанинг умумий суммаси кунлик нафақани ушбу ойда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) туфайли ишга келмаган иш кунлари сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.


56. Ишбай иш ҳақи олувчи ходимларга нафақа уларнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган ойнинг биринчи кунидан олдинги сўнгги календарь ойидаги иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади ҳамда ойлик иш ҳақига ушбу Низомнинг 52 - 54-бандларига биноан ҳисоблаб чиқарилган мукофотларнинг ўртача суммаси қўшиб ҳисобланади.

Кўрсатиб ўтилган ойда ходим жадвалда белгиланган кунларда тўлиқ ишламаган бўлса, нафақа мазкур ойда ҳақиқий ишлаган кунлар учун тўланган иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

Агар кўрсатилган ойда ходим иш ҳақи олмаган бўлса (масалан, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик туфайли), нафақа меҳнатга қобилиятсизлик ойидаги ҳақиқий ишланган кунлар учун иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

Агар иш ҳақи асос қилиб олинадиган даврда ходим жадвал бўйича барча кунларда ишламаган бўлса, мазкур ойдаги мукофотнинг ўртача суммаси ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисобга олинади.

Ушбу бандда назарда тутилган нафақа ҳисоблаб чиқариш тартиби иш ҳақи миқдори ишлаб чиқаришга боғлиқ бўлган, шунингдек вақтбай меҳнат ҳақи олувчи, ушбу ойнинг иш ҳақи билан биргаликда ойлик мукофотни олувчи ходимларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Нафақани ҳисоблаб чиқариш учун ўртача кунлик иш ҳақи Низомнинг ушбу банди ва 58-бандида кўрсатилган иш ҳақини ушбу иш ҳақи олинган даврдаги жадвал бўйича барча иш кунлари сонига тақсимлаш йўли билан аниқланади. Бунда иш ҳақи тақсимланадиган иш кунлари сонига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик кунлари, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, йиллик (асосий ва қўшимча) таътил, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллардаги ишдан озод этилган кунлар қўшилмайди.

Кунлик нафақа ўртача кунлик иш ҳақининг нафақа миқдорини белгилаш учун иш ҳақига қўлланиладиган фоизи (ушбу Низомнинг 26 - 30 ва 48-бандлари) ҳисобидан аниқланади.

Нафақанинг умумий суммаси кунлик нафақани ушбу ойда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) туфайли ишга келмаган иш кунлари сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.


57. Ширкат хўжалиги аъзоларига, шу жумладан, механизаторлар ва мутахассисларга нафақа умумий асосларда ҳисоблаб чиқарилади.

Агар ширкат хўжалигида кейинчалик ҳисоб-китоб қилинадиган (даврлар бўйича, йил охирида) авансли ҳақ тўлаш амалга оширилса, нафақа вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) бошланган кунгача олинган авансдан ҳисоблаб чиқарилади ва якуний ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан кейин қайта ҳисобланади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш пул билан берилмасдан, меҳнат кунлари ёзилса ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари) меҳнат кунлари учун ҳақ тўланадиган кунгача бошланган бўлса, нафақа энг кам иш ҳақидан тўланади ва кейинчалик қайта ҳисобланади.


58. Агар нафақани ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи асос қилиб олинадиган давр мобайнида ходимнинг иш ҳақи миқдори ўзгарса, нафақани ҳисоблашда иш ҳақи ўзгарган кундан бошлаб тўланган иш ҳақи олинади.

Ходим узрли сабабларга кўра иш ҳақига эга бўлмаган, қонун ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақидан нафақа ҳисоблаб чиқарилиши лозим бўлган ҳолларда нафақа тариф ставкаси (лавозим маоши) ва мукофотларнинг ўртача ойлик суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилиши лозим. Бунда тариф ставкаси ёки энг кам иш ҳақи туман коэффициенти ва устамалар белгиланган жойларда ишлаганлик учун бериладиган устамаларни ҳисобга олган ҳолда асос қилиб олинади.


59. Агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш даврида иш ҳақи ўзгарган бўлса, шу даврдан бошлаб нафақа миқдори ҳам тегишли равишда қайта ҳисоблаб чиқарилади.

Агар нафақа ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақига қўшимча ҳақ ҳисобланган бўлса, нафақа ҳам тегишли равишда ошади.


60. Ходим асосий иш жойидан ташқари ўша ёки бошқа корхонада ўриндошлик асосида (шу жумладан, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс сифатида) ишласа, нафақа барча иш жойидаги умумий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

Бунда юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс сифатидаги иш ҳақи миқдори тадбиркорнинг аниқ бир ой учун тўлаган ижтимоий суғурта бадалини иш берувчи ва ходимлар учун расмий белгиланган суғурта бадалларининг жами фоизига бўлиш ва натижасини 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади.


61. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили ходимнинг вақтинчалик бошқа вазифани бажариш даврига тўғри келиб, ушбу иш ўрнида юқорироқ мансаб маоши белгиланган бўлса, нафақа ушбу ўринда ишлаши лозим бўлган давргача (бундай кун белгиланмаган бўлса, вақтинча ишда бўлмаган ходим ишга чиқиши лозим бўлган кунгача) мана шу юқорироқ иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.


62. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили иш вақтида бошланиб, корхона (цех, бўлимнинг) ишни вақтинча тўхтатиши даврида давом этса, нафақа ўша касб ва малакага эга бўлган ходимларга мана шу тўхтатилган давр учун тўланадиган иш ҳақи миқдорида берилади. Бунда нафақа миқдори умумий қоидалар бўйича ҳисобланган ва олиши лозим бўлган нафақа миқдоридан ошмаслиги лозим.

Агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили ишнинг вақтинча тўхтатилган даврида бошланган бўлса, иш тўхтатиб қўйилган давр учун нафақа Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 155-моддасида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорида берилади.


63. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили (қачон бошланишидан қатъи назар) корхона (цех, бўлим)нинг ишга туширилишидан (тугатилишидан) кейин ҳам давом этса, нафақа ишга туширилган (тугатилган) кундан бошлаб, ходим иш тўхтатилгунга қадар олган иш ҳақидан ҳисобланади.


64. Агар ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини иш ҳақига туман коэффициенти ва устамалар белгиланган жойларда ишлаш даврида олган бўлса, бу жойлардан ташқарида бўлган вақт учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа (шу жумладан, меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги муносабати билан) устамалар ҳисобга олинмаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ушбу қоида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблаб чиқаришда қўлланилмайди.


65. Иш ҳақига устама ёки муайян муддатга ёхуд муайян жойда вақтинчалик бўлганлиги учун иш ҳақига оширилган коэффициент белгиланган ходимга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа бу устама ёки коэффициент ҳисобга олинган ҳолда устама ёхуд оширилган коэффициент белгиланган кунгача, ёки эса вақтинчалик бўлганлиги муносабати билан улар тўланган жойидан чиқиб кетган кунгача берилади.


66. Газеталар ва журналлар, телеграф ва ахборот агентликлари, нашриётлар, радио ва телевидение, бошқа корхоналарнинг ижодий ходимларига муаллифлик (саҳналаштирганлик учун) мукофоти ҳам ҳисобга олиниб иш ҳақи тўлаш ёки муаллифлик иши учун оладиган мукофотидан келиб чиқадиган ставка бўйича вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, суғурта бадали жорий қилиниб, муаллифлик (саҳналаштирганлик учун) мукофотини ҳам ҳисобга олган ҳолда мазкур корхонада тўланган ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

Муаллифлик (саҳналаштирганлик учун) мукофоти ўртача иш ҳақига ушбу Низомнинг 52 - 53-бандларида баён қилинган қоидалар бўйича қўшилади.


67. Маълум нормадаги ишни бажарганларидан сўнг мансаб маошини олувчи ходимларга (артист ва бошқалар) нафақа, шу жумладан, меҳнатда майибланганлик, касб касаллиги, шунингдек ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган ойнинг биринчи санасидан олдинги календарь ойидаги иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.


68. Иш шароитларига кўра йилнинг турли даврлари бўйича турлича иш ҳақлари белгиланган тақдирда (дарё флоти ва балиқчилик саноати флоти экипажлари аъзоларидан ташқари), нафақа ходим ўз иш жойида қолган тақдирда оладиган иш ҳақи миқдорига қараб белгиланади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик маълум бир даврда бошланиб, иккинчи даврда давом этган тақдирда, иккинчи даврнинг иш ҳақи бўйича нафақа ишловчилар учун иш ҳақи ўзгарган муддатдан бошлаб тўланади. Меҳнатга ишбай асосида ҳақ тўланганда юқорида қайд этилган ҳолларнинг иккинчи даври учун нафақа ишбайчининг тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда тўланади.

Дарё флоти ҳамда балиқчилик саноати флоти экипажлари аъзоларига нафақа вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланган йилдан олдинги календарь йилдаги ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик содир бўлган йилда ишга кирган шахсларга, шунингдек тўлиқ календарь йил ишламаганлар учун нафақа ҳисоблаб чиқаришда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик содир бўлган даврдан олдинги вақтдаги иш ҳақи инобатга олинади.

Кунлик ўртача иш ҳақи миқдори ўтган йил давомида олинган иш ҳақи йиғиндисини ўша йилнинг календарь кунларига тақсимланган ҳолда белгиланади. Бунда йиллик иш ҳақи бўлинадиган кунлардан байрам ва дам олиш кунлари, вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган кунлар, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллар бўйича ишдан озод қилинган кунлар олиб ташланади.

Бошқа дам олиш кунлари (отгул) учун нафақа лавозим маошидан (тариф ставкасидан) келиб чиққан ҳолда тўланади.

Дарё флоти ва балиқчилик саноати флоти экипажларининг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) кунлари ҳақ тўланмайдиган захирада (резервда) бўлган даврга тўғри келган ҳолларда нафақа тўланмайди.


69. Иш соатларини ҳисоблаб чиқиш имкони бўлмаган ходимларга (уйда ишловчиларга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, иккиламчи ва бошқа хил ашёларнинг штатли тайёрловчиларига, озиқ-овқат чиқиндиларини йиғувчиларга, тарқатиш ва ташиш савдоси сотувчиларига, суратга олиш корхоналари агентларига ва бошқа шундай тоифадаги ходимларга) вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан тайинланадиган нафақа сўнгги 12 ой иш мобайнидаги кунлик ўртача иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ушбу корхонада 12 ойдан кам ишлаган шахсларга нафақалар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан бериладиган таътилга қадар ишланган вақтнинг кунлик ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Кунлик ўртача иш ҳақи юқорида айтиб ўтилган давр учун тайинланган ҳақиқий иш ҳақини мазкур даврнинг календарь кунларига бўлиб чиқиш йўли билан аниқланади. Бунда иш ҳақи бўлинаётган кунлар ҳисобига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик кунлари, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, йиллик (асосий ва қўшимча) таътиллар, шунингдек қонунчиликда қўзда тутилган ишдан озод қилиш кунлари қўшилмайди.

Кунлик тариф ставкаси соатбай тариф ставкасини 40 га кўпайтириш ва ҳосил бўлган суммани 7 га бўлиш йўли билан аниқланади. Кунлик ҳисоб-китоб ставкаси ёки кунлик ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоб ставкасини ойнинг нафақа тўланадиган барча календарь кунларига бўлиб чиқиш йўли билан аниқланади.

Нафақа вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан бериладиган таътилнинг барча календарь кунларига тўланади.


70. Штатсиз ходимлар, агар улар меҳнат шартномаси асосида ишлаётган бўлсалар, ижтимоий суғурта бўйича нафақа билан таъминланадилар.

Барча ҳолларда штатсиз ходимларга нафақалар мазкур Низомнинг 56-бандида ишбай иш ҳақи олувчи ходимлар учун белгиланган қоидалар бўйича ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

Ишга чиқиш жадвали ўрнатилмаган штатсиз ходимларга нафақа мазкур Низомнинг 69-бандида белгиланган қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилади.

Соатбай меҳнати учун иш ҳақи оладиган штатсиз (ўқув юртлари, малака ошириш курсларининг ўқитувчилари, тўгараклар раҳбарлари ва бошқалар) ходимларга нафақалар бир соат учун бўлган тўловдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиб ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили сабабли қолдирилган (бажарилмаган) иш соатларига тўланади.


71. Адвокатларга  адвокатлар коллегияси аъзоларига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, шунингдек ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси мазкур Низомнинг 56-бандида ишбай иш ҳақи олувчи ходимлар учун белгиланган қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилади.


72. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини аккорд-мукофот тизими бўйича етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, шунингдек ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бажараётган ишлари ва олаётган ҳақлари ҳисоб-китоб қилиб борилаётган ходимларгагина берилади. Барча ҳолларда, шу жумладан, меҳнатда майибланганда, касб касаллигига дучор бўлганда, ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан таътилга чиқилганда нафақа бажараётган мазкур ишлар учун тўланаётган ҳақиқий иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

Нафақа ҳисоблаб чиқаришда ўртача кунлик иш ҳақи нафақани ҳисоблаб чиқариш учун олинган иш ҳақини (Низомнинг 56-банди) иш ҳақи олинган даврдаги календарь кунлари сонига бўлиш йўли билан аниқланади. Бунда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) кунлари чиқариб ташланади. Нафақа календарь кунлари учун тўланади.

Агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) қишлоқ хўжалик экинларини парвариш қилиш даврига тўғри келса ва бу ишлар тамом бўлгандан сўнг давом этса, нафақа кўрсатилган даврнинг тугаш кунидан бошлаб мазкур Низомнинг 68-бандига биноан ходимнинг бу давр мобайнида бажариши лозим бўлган ишнинг тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги экинларини парвариш қилиш даври тугагандан кейин ходим ишламаслиги керак бўлган давр учун нафақа тўланмайди.


73. Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс ва деҳқон хўжалиги аъзоларига ҳамда айрим шахсларникида шартнома асосида ишлаётган фуқароларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган аниқ бир ой учун даромади тўланган ойлик суғурта бадали суммасини иш берувчилар ва ходимлар учун суғурта бадаллари ажратишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган жами фоизига бўлинади ва олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Ўтган йилда суғурта бадаллари тўланмаган бўлса, кўрсатиб ўтилган ходимларга нафақа энг кам иш ҳақи миқдорида белгиланади ва у кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилинади.


74. Асосий иш жойида иш ҳақи тўла ёки қисман сақлаб қолинган ҳолда қишлоқ хўжалиги ва бошқа корхоналарга ишларни бажариш учун юборилган ходимларга айни вақт ичида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ҳоллари рўй берганлиги туфайли тўланадиган нафақанинг миқдори, улар мазкур ишларни бажаришга юборилган пайтда асосий иш жойларида олган иш ҳақи миқдорига қараб белгиланади ва нафақа асосий иш жойидан умумий асосларда тўланади.


75. Мактабларнинг, малака ошириш, ходимлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларининг, шунингдек малака ошириш институтларининг тингловчиларига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар улар курсларга, мактабларга, (институтларга) корхона томонидан юборилганда ва ўқиш даврида уларнинг иш ҳақлари тўлиқ ёки қисман сақланган тақдирда умумий асосларда берилади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақанинг миқдори ўқув даврида, стипендияни ҳисобга олмаган ҳолда, уларнинг сақланадиган иш ҳақлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


76. Ишлаб чиқариш амалиёти даврида иш ҳақи тўланадиган ишчи ўринларга ёки лавозимларга тайинланган олий ўқув юртлари талабаларига, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, умумий таълим мактаблари ўқувчиларига ишлаб чиқариш амалиётини ўташ кунларига тўғри келган вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ишлаб чиқариш амалиёти ўтаётган жойларидан умумий асосларда лекин ишлаб чиқариш амалиёти якунланиши лозим бўлган кунига қадар тўланади.

Ушбу тартиб қурилиш объектларида ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида талабалар гуруҳларида ишлаётган ўқувчиларга ҳам жорий этилиб, нафақа миқдори гуруҳда олган иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади ва ушбу Низомнинг 20-бандида кўзда тутилган муддатларда иш жойидан берилади.


77. Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини, магистратура, аспирантура, клиник ординатура, докторантурани тугатган ва белгиланган тартибда ишга юборилган шахсларга (мазкур Низомнинг 12, 44, 45-бандлари) вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг миқдори умумий қоидалар бўйича, ҳисоблаб чиқариш ва уларнинг эгаллашлари лозим бўлган лавозим маошларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


78. Аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нафақа умумий асосларда берилади. Бунда аввалги иш жойларида жазони ўтаётган шахсларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа миқдори жазони ўташ бошланишига қадар бўлган умумий иш стажига қараб белгиланади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан мазкур шахсларга бериладиган нафақалар суд ҳукми билан уларнинг иш ҳақларидан ундиришлар ушлаб қолинган ҳолда амалга оширилади.



6-§. БОЛА ТУҒИЛГАНДА БЕРИЛАДИГАН НАФАҚА


79. Бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида берилади.

Иш ҳақига коэффициент қўлланиладиган туманларда нафақа ушбу коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.


80. Ишлаётган аёлларга ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида, магистратура, аспирантура, клиник ординатура, докторантурада таҳсил олаётган аёлларга бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа тегишлича иш ёки ўқиш жойидан тўланади.


81. Боланинг онаси ишламайдиган ва ўқимайдиган ҳолларда нафақа боланинг ишлайдиган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқийдиган отаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга тўланади.

Ишламайдиган ва ўқимайдиган ота-оналарга бола туғилганда нафақа ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.


82. Фарзандликка олинган болаларга бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа умумий асосларда берилади.


83. Агар аёл ҳомиладорлик бўйича таътил даврида ишдан бўшаб, шу давр мобайнида ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа олган бўлса, бир марталик нафақа умумий асосларда берилади.


84. Бола ўлик туғилган ҳолларда нафақа тўланмайди.



7-§. ҚЎШИМЧА ДАМ ОЛИШ КУНИ УЧУН НАФАҚА


85. Ногирон боласини тарбиялаётган ишловчи ота-онанинг бирига (васийга, ҳомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўлаган ҳолда ойига қўшимча бир дам олиш куни берилади.



8-§. ДАФН ЭТИШ МАРОСИМИ УЧУН

БЕРИЛАДИГАН НАФАҚА


86. Дафн этиш маросими учун нафақа ходим ёки унинг қарамоғида бўлган қуйидаги оила аъзолари вафот этганда берилади:

а) турмуш ўртоғи;

б) 18 ёшга тўлмаган ёки вақтинча меҳнатга қобилиятсиз (ёшидан қатъи назар) болалари, ака-укалари ва опа-сингиллари;

в) ота-онаси;

г) бобоси ёки бувиси.

Яшаш учун мустақил маблағ манбаига эга бўлган (иш ҳақи, пенсия, стипендия олувчи, ширкат хўжалигининг меҳнатга қобилиятли аъзолари ҳисобланувчи ва ҳоказо) оила аъзолари қарамоғида турган деб ҳисобланмайди.


87. Ходим вафот этганда дафн этиш маросими учун нафақа унинг оила аъзоларига ёки дафн ўтказишни ўз зиммасига олган шахсларга берилади.

Оиланинг вафот этган аъзосини дафн этиш маросими учун нафақа ишловчи ходимга берилади.


88. Аёлнинг ҳомиласи тушган ҳолларда, дафн этиш маросими учун нафақа берилмайди.


89. Дафн этиш маросими учун нафақа энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида берилади.

Ишламайдиган пенсионер вафот этган тақдирда, дафн этиш маросими учун нафақа унинг оиласига ёки пенсионернинг дафн маросимини ўтказган шахсга икки ойлик пенсия миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг икки ҳиссасидан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий таъминот бўлими томонидан тўланади.

Иш ҳақига туман коэффициенти белгиланган жойларда дафн этиш маросими учун нафақа миқдори ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган тармоқлар учун бериладиган туман коэффициентини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.


90. Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ходим ёки унинг оила аъзоси вафот этган тақдирда, дафн этиш маросими учун нафақа, агар унга сўнгги иш ҳақи тўланган кундан бир ойдан кўп вақт ўтмаган бўлса, берилади.


91. Олий, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида, магистратурада, аспирантурада, клиник ординатурада, докторантурада таҳсил олаётган шахслар, шунингдек уларнинг оила аъзолари вафот этган тақдирда, дафн этиш маросими учун нафақа умумий асосларда тўланади.


92. Мактаблар, курсларнинг (кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ва тайёрлаш бўйича), шунингдек малака ошириш институтлари ўқувчилари ва тингловчилари ёки уларнинг оила аъзолари вафот этганда, агар улар курсларга, мактабларга, институтларга корхона томонидан юборилган бўлсалар ва уларнинг ўқиш давридаги иш ҳақи тўла ёки қисман сақланиб қолган бўлса, дафн этиш маросими учун нафақа умумий асосларда берилади.



9-§. НАФАҚАЛАРНИ ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ


93. Нафақалар ходимнинг асосий иш жойидан корхонанинг Ижтимоий суғурта бўйича комиссияси ёки шу иш учун вакил қилинган комиссия аъзоси томонидан тайинланади. Комиссия таркиби, аъзолари сони ва раиси корхона раҳбарининг буйруғи ёки бошқарувининг қарори билан тасдиқланади.

Комиссия меҳнатда майибланганларга, касб касаллигига чалинганларга нафақа тайинлаш, нафақа тўлашни рад этиш, нафақадан (тўлиқ ёки қисман) маҳрум этиш ва нафақа олиш ҳуқуқи юзасидан келиб чиққан низоларни, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва бошқа ҳужжатларнинг асосли равишда ва тўғри берилганлигини кўриб чиқиш ҳуқуқига эга. Қолган барча ҳолларда нафақаларни комиссиянинг шу ишга вакил қилинган аъзоси тайинлайди.

Комиссиялар бўлмаган корхоналарда нафақалар иш берувчи томонидан шу ишга буйруқ билан вакил қилинган шахс томонидан тайинланади.

Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар, деҳқон хўжалиги аъзоларига, шунингдек айрим фуқароларникида шартнома асосида ишлаётганларга нафақалар ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланиб, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Ўқувчи, талаба ва аспирантларга нафақалар мазкур Низомнинг 80 ва 91-бандларига биноан ўқиш жойларида тайинланади ва тўланади.

Қуролли кучлар сафидан озод этилгандан кейин вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлиб қолган собиқ ҳарбий хизматчиларга нафақа мазкур Низомнинг 5-бандига биноан туман (шаҳар) ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланади.


94. Ходимлар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик муддати тугаганидан сўнг чиқишининг биринчи кунидаёқ корхонага вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этадилар. Меҳнатга қобилиятсизлик давом этаётган ҳолларда, навбатдаги иш ҳақи берилиши вақти келганда топширилиши мумкин.

Корхонада вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг "Табелчи томонидан ва кадрлар бўлими томонидан тўлдирилади" деган бўлимларига зарур маълумотлар ёзилади ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (бемор ҳақидаги маълумотлар ёзиб, имзо қўйилади) ижтимоий суғурта комиссиясига топширилади.


95. Меҳнатда майибланиш туфайли вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланганда нафақа ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса содир бўлганлик ҳақидаги (Н-1-шаклда) далолатнома асосида тайинланади.

Агар бахтсиз ҳодиса бошқа шароитларда рўй берса (уйда, ишга бориш ёки ишдан қайтишда, давлат ёки жамоатчилик бурчини бажараётган пайтда), нафақа рўй берган бахтсизлик сабаблари иш берувчи томонидан ўрганиб чиқилгандан кейингина тайинланади.


96. Қуйидаги шароитларда юз берган (жиноят содир қилиш вақтида жароҳатланиш ҳолларидан ташқари) жароҳатланиш меҳнатда майибланиш деб ҳисобланади:

а) меҳнат бурчини бажараётган пайтда (шу жумладан, хизмат сафари вақтида), шунингдек махсус топшириқ бўлмаган ҳолларда ҳам корхона манфаатини кўзлаб қилинган хатти-ҳаракатлар пайтида;

б) иш берувчининг транспортида ишга бораётган ёки ишдан қайтаётганда;

в) иш вақти давомида (шу жумладан, белгиланган танаффус вақтида) корхона ҳудудида ёки бирон-бир бошқа иш жойида, иш бошлашдан олдин ёки ишдан кейин иш қуролларини, кийим-кечакларини ва ҳоказоларни тартибга келтириш пайтларида;

г) ички меҳнат тартиб-қоидаларига зид бўлмаган тақдирда, иш вақти давомида корхонага яқин бўлган жойда ёки бошқа иш жойида (белгиланган танаффусларда) ҳозир бўлганда;

д) асосий иш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, давлат ва жамоатчилик олдидаги бурчларини бажараётган чоғида;

е) инсон ҳаётини қутқариш, ҳуқуқ-тартиботни, давлат ва жамоат мулкини, шунингдек фуқаролар мулкларини муҳофаза қилиш бўйича фуқаролик бурчини бажараётган пайтида;

ж) донорлик вазифаларини бажариш натижасида меҳнат қобилиятининг йўқотилиши.


97. Касб касалликлари бўйича вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тайинлашда Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сон қарори билан тасдиқланган Касб касалликлари рўйхатида кўрсатилган касалликлар ҳисобга олинади.


98. Мазкур Низомга биноан нафақа олиш ҳуқуқи ижтимоий суғурта бўйича комиссия ёки вакил қилинган комиссия аъзоси ҳар бир вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича тўлов амалга оширилиши лозим бўлган кунлар сонини ва иш ҳақига нисбатан белгиланадиган нафақа фоизи миқдорини белгилайди. Нафақа фоизи миқдори нафақа белгилаш баённомасида ва комиссия раиси ёки вакил қилинган комиссия аъзосининг имзоси қўйилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида қайд қилинади.

Меҳнатда майибланиш туфайли вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа комиссия томонидан (жароҳатланган ходимнинг аҳволи комиссия мажлисига келишга имкон берган тақдирда, унинг иштирокида) тайинланади. Нафақадан маҳрум этиш, нафақадан тўлиқ ёки қисман рад этиш масаласи нафақа олувчининг иштирокида кўриб чиқилади.


99. Ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмаган тақдирда, комиссия нафақа бермаслик тўғрисида қарор чиқаради ва рад этиш сабабларини вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасига қайд этади.


100. Нафақа тайинлангандан сўнг комиссия ёки вакил қилинган комиссия аъзоси корхонанинг ҳисоб-китоб бўлимига нафақа чиқариш ва тўлаш учун белгиланган тартибда расмийлаштирилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини топширади.

Тўланадиган ва тўланмайдиган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари, шунингдек нафақа олиш учун тақдим этилган барча бошқа ҳужжатлар корхона бухгалтериясида пуллик ҳужжатларга тенг ҳолда, барча харажат ҳужжатларидан алоҳида ҳолда сақланади.


101. Иш вақтини, умумий иш стажини ҳисобга олиб бориш, ижтимоий суғурта бўйича нафақалар тўлаш учун ҳисоб-китобларни бажаришда электрон-ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) қўлланиладиган корхоналарда, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари маъмурият томонидан ҳисоблаш марказига топширилади. У ерда ижтимоий суғурта бўйича нафақа тайинлаш ва ҳисоблаб чиқариш тўғрисида белгиланган шаклда икки нусхада рўйхат тузилади.

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ЭҲМда ҳисоб-китобларни чиқариш учун масъул шахснинг имзоси қўйилган икки нусхадаги тўлов рўйхати билан бирга аниқ муддатларда (маошлар бўйича ҳисоб-китоб қилишга 5-6 кун қолганда) ижтимоий суғурта бўйича комиссияга топширилади.

Комиссия ҳисоб-китобнинг, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг даволаш муассасаси томонидан тўлдирилишининг тўғрилигини, зарур ҳолларда бошқа ҳужжатларни ҳам (бахтсиз ҳодисалар тўғрисидаги далолатномалар ва бошқалар) текширади ва нафақа тайинлаш, белгиланган ҳолларда эса нафақадан маҳрум қилиш бўйича қарор чиқаради. Икки нусхадаги тўлов рўйхатлар ижтимоий суғурта бўйича комиссияси раиси томонидан имзоланади.

Тўлов рўйхатининг бир нусхаси вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан бухгалтерияга юборилади. Улар текширувдан ўтказилгандан сўнг бош (катта) бухгалтер томонидан имзоланиб, ҳисоблаш марказига узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш ва нафақа суммасини иш ҳақи тўлаш рўйхатига киритиш учун қайтариб юборилади. Шундан сўнг тўлов рўйхати вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари билан сақлаш учун бухгалтерияга топширилади.

Тўлов рўйхатининг иккинчи нусхаси эса нафақа тайинлаш баённомаси сифатида ижтимоий суғурта бўйича комиссияда сақланади.

Нафақани ҳисоблашда мазкур бандда кўрсатилган қоидага мувофиқ вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг орқа томони тўлдирилмайди.


102. ЭҲМ ёрдамида фақат нафақа миқдори ҳисоблаб чиқиладиган корхоналарда нафақа белгилаш ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини тўлдириш ("Бухгалтерия томонидан тўлдирилади" деган бўлимдан ташқари) мазкур Низомнинг 98 ва 101-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

"Бухгалтерия томонидан тўлдирилади" деган бўлимдаги маош ва унинг асосида чиқарилган нафақа миқдори ҳақидаги маълумот ЭҲМда тайёрланганда, ЭҲМда ҳисоб-китоб ишлари учун масъул шахснинг ва бош (катта) бухгалтернинг имзолари бўлган тўлов рўйхатида келтирилади. Тўлов рўйхатларига касаллик варақалари илова қилинади.

Нафақалар машина-ҳисоблаш станцияларида ҳисоблаб чиқариладиган корхоналарда нафақаларни тайинлаш ва меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини расмийлаштириш худди шундай тартибда амалга оширилади.


103. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича тайинланган нафақалар, шу жумладан, сил касаллиги санаторийларида даволаниш учун бериладиган нафақалар иш ҳақи тўлаш учун белгиланган муддатларда тўланади.

Бошқа турдаги санаторийларда даволаниш учун бериладиган нафақаларни тўлаш ходим санаторийдан қайтгандан сўнг амалга оширилади. Бунда нафақа, агар бир томонга бориш вақти бир суткадан ортиқ бўлса, санаторийда бўлган вақт кўрсатилган "йўлланманинг қайтиш томони", шунингдек йўл чипталари ижтимоий суғурта комиссиясига ёки вакил қилинган комиссия аъзосига топширилгандагина берилади. Йўлланма бўйича фойдаланилмаган ҳамда санаторийда, шунингдек етиб бориш ёки қайтиш йўли белгиланган муддатдан ортиқ бўлган кунлар учун нафақа берилмайди.


104. Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси туғишдан олдин амалда фойдаланилган кунларнинг сонидан қатъи назар, таътилнинг тўлиқ даври учун бирйўла тўланади.


105. Бола туғилганда бирйўла тўланадиган нафақани олиш учун ота ёки она комиссияга Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлими томонидан берилган боланинг туғилганлик ҳақидаги маълумотномасини топшириши лозим. Берилган ҳужжатлар асосида вакиллик қилувчи комиссия аъзоси нафақа олиш ҳуқуқини белгилайди ва белгиланган миқдорда уни тайинлаш тўғрисида қарор чиқаради ва тайинлаш баённомасига ёзади. Шундан сўнг ҳужжатлар корхонанинг ҳисоб-китоб қилиш бўлимига топширилади.

Бола туғилганлиги ҳақидаги маълумотнома йўқотилган тақдирда, бирйўла тўланадиган нафақа ФҲДЁ бўлимлари томонидан берилган бола туғилганлиги ҳақидаги такрорий маълумотноманинг ҳамда отанинг иш жойидан (ўқиш жойидан) нафақа олмаганлиги ҳақидаги маълумотнома топширилганидан сўнг берилади.


106. Ходимнинг вафоти туфайли уни дафн этиш маросимини ўтказиш нафақасини олиш учун ижтимоий суғурта комиссиясига ФҲДЁ бўлими томонидан берилган вафот этганлик тўғрисидаги маълумотнома топширилади. Оила аъзоси вафот этганда эса вафот этганлиги ҳақидаги маълумотномадан ташқари уй-жойдан фойдаланиш идораси (бинодан фойдаланиш дирекцияси, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари) томонидан вафот этган шахснинг ходим билан қариндошлик алоқалари борлиги ва у ходимнинг қарамоғида бўлганлиги тўғрисида маълумотнома ҳам топширилиши лозим.

Топширилган ҳужжатлар асосида вакил қилинган комиссия аъзоси нафақа олиш ҳуқуқини, унинг миқдорини белгилайди ва нафақа тайинлаш ҳақида қарор чиқаради ва нафақа тайинлаш баённомасига ёзиб қўяди.


107. Корхона тугатилганда, Низомга мувофиқ нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тугатилган корхонанинг ҳуқуқий вориси ёки тугатиш комиссияси томонидан берилади.

Тугатиш комиссияси ишни якунлаган (якуний баланс топширилган) ҳолларда, нафақа ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланиб, тўланади. Бунда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш учун қўшимча ҳужжатлар, яъни тугатиш комиссияси томонидан тўланган нафақа (комиссия томонидан якуний баланс топширилиб, барча ҳисоб рақамлари ёпилганлиги) тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилади.


108. Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс, деҳқон хўжалиги аъзосига, шунингдек айрим фуқароларникида шартнома асосида ишлаётганлар нафақа олиш учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини, бола туғилганлиги ҳақидаги маълумотномани ва вафот этганлиги тўғрисидаги маълумотномани ижтимоий таъминот бўлимига топширадилар. Топширилган ҳужжатлар асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари ва харажатлари шўъбалари томонидан нафақа тайинлаш (тайинламаслик) ва унинг миқдорлари масаласи кўриб чиқилиб, ижтимоий таъминот бўлими бошлиғининг қарори чиқарилади ва белгиланган тартибда расмийлаштирилади. Нафақалар, фуқароларнинг фоизсиз шахсий ҳисоб рақамига нафақа суммасини ўтказиш йўли билан банк орқали тўланади.

Нафақа тайинлашда мазкур Низомнинг 98 - 106-бандларида белгиланган қоидалар қўлланилади.


109. Ортиқча тўлаб юборилган нафақа суммаси, агар ортиқча тўлаш санашда (арифметик) адашиш ёки нафақа олувчининг қалбаки маълумотнома тақдим қилиши (ҳужжатларга ўзгартириш киритиш ва ҳоказолар) туфайли содир бўлган бўлса, нафақа олувчидан ундириб олинади.

Чегириш кейинги сафар тўланадиган нафақа ёки иш ҳақидан амалга оширилади. Ҳар сафар ходим олиши керак бўлган суммадан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган сумма чегириб қолинади. Чегириб қолиш корхонанинг ҳисоб-китоб бўлими орқали комиссиянинг қарори асосида амалга оширилади.

Бу қарор санаш жараёнида йўл қўйилган хато туфайли ортиқча тўлаш содир бўлганда нафақа тайинланган кундан 3 ойдан кечиктирмай, ўз ҳуқуқини суиистеъмол қилиш бўйича содир бўлганда эса, чекланмаган муддатда қабул қилиниши мумкин.

Агар ходим мазкур корхонада ишламаётган бўлса, унга ортиқча тўлаб юборилган нафақа суммаси суд орқали ундириб олинади. Нафақа олишда суиистеъмолликка йўл қўйилса (қалбаки ҳужжат тақдим этиш, фирибгарлик ва ҳоказолар), ҳужжатлар қонунда белгиланган чораларни қўллаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.

Судларнинг қарорига асосан вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларидан алимент, майиб бўлганлик ва саломатликка етказилган ва бошқа зарарларни қоплаш бўйича харажатлар чегирилиши мумкин. Нафақалардан бошқа ҳеч қандай чегирма амалга оширилмайди.


110. Ходимнинг вафоти кунигача олинмай қолган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси у билан бирга яшаган оила аъзоларига, шунингдек унинг қарамоғида бўлганларга берилади.

Ходимнинг вафот этган кунига қадар олинмаган нафақа вафот этган ходим билан қариндош ва бирга истиқомат қилганлик ёки вафот этганнинг қарамоғида бўлганликни тасдиқловчи далил бўлган ҳужжат топширилгандагина берилиши мумкин.

Бола туғилганда бирйўла тўланадиган нафақани олиш ҳуқуқига эга бўлган она вафот этганда мазкур нафақа отага ёки болани ўз тарбиясига олган бошқа шахсга берилади.


111. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағидан бериладиган нафақа белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома бўйича тўланиши, фуқароларнинг аризасига биноан банк муассасаларидаги ҳисоб рақамларига ўтказилиши ҳамда алоқа бўлими орқали жўнатилиши мумкин.

Нафақани жўнатиш билан боғлиқ бўлган чиқимлар нафақа суммасидан ушлаб қолинади.



10-§. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


112. Корхонанинг бош бухгалтери комиссия билан бир қаторда нафақа тўлаш бўйича маблағларнинг тўғри сарфланиши учун жавобгардир.

Агар нафақа тайинлаш ёки ходимнинг умумий иш стажини аниқлаш пайтида қонунчиликда кўзда тутилган қоидалар бузилишига йўл қўйилган ёки тўлов учун тақдим қилинган ҳужжатлар нотўғри расмийлаштирилган бўлса, бош бухгалтер тўловни амалга оширмай, уларни йўл қўйилган хатолар тўғрисидаги ёзма баённомаси билан ижтимоий суғурта бўйича комиссияга қайтариб бериши шарт.


113. Ҳудудий солиқ органларининг талабига биноан корхона маъмурияти текшириш ўтказиш учун зарур бўлган нафақаларга оид ҳужжатларни тақдим этади. Бошқа даврлар бўйича текширишлар нафақалар тўланадиган маблағларни сарф қилишда суиистеъмоллик фош этилган тақдирда ўтказилади. Барча текширишлар белгиланган тартибда амалга оширилади.


114. Иш берувчи томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидалари бузилиши оқибатида ходимнинг меҳнатда майибланганлиги ёки касб касаллигига чалинганлиги аниқланса, корхона маъмурияти бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушбу шикастланиш ва касаллик сабабли берилган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақани тўлашга кетган барча харажатларни қоплаши лозим.


115. Нафақаларни тўлаш учун қилинган харажатлар қонунчиликка хилоф равишда амалга оширилганда корхона, ташкилот, муассасалар томонидан қилинган харажатлар Пенсия жамғармаси ҳисобига ўтказилган бадаллар ҳисобига қабул қилинмайди ва улар корхона ҳисобига ёзиб қўйилади.

116. Вакил қилинган ижтимоий суғурта комиссияси аъзоси томонидан қабул қилинган қарор устидан Ижтимоий суғурта бўйича комиссияга шикоят қилиниши мумкин. Комиссиянинг қарори устидан туман ва шаҳар солиқ органларига ва ижтимоий таъминот бўлимларига шикоят қилиниши мумкин.


117. Нафақаларни нотўғри ҳисоблаш ва белгилаш ҳамда тўлаш устидан шикоят туман, шаҳар судига берилиши мумкин.


118. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазири, Соғлиқни сақлаш вазири, Марказий банк раиси, Давлат Солиқ қўмитаси раиси ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси билан келишилган.


“Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси”, 2002 йил, 9-сон