язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Ҳаво транспорти/ Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш Қоидалари (АВ томонидан 29.06.2011 й. 2238-сон билан рўйхатга олинган Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 11.04.2011 й. 45-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 29 июнда 2238-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Парвозлар хавфсизлигини

назорат қилиш давлат

инспекцияси бошлиғининг

2011 йил 11 апрелдаги

45-сон буйруғига

ИЛОВА



Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 6-сон, 247-модда) ҳамда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО)нинг халқаро стандартлари ва тавсия этилган амалиётига мувофиқ ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


"stор-over" - ташувчи билан олдиндан келишилган ҳолда йўловчининг ўз йўналиш манзилларидан бирида, яъни чиптада кўрсатилган учиш ва манзил пунктлари орасида жойлашган пунктда тўхташи;


авиация хавфсизлиги - фуқаро авиациясини ноқонуний аралашиш билан боғлиқ ҳаракатлардан ҳимоя қилиш учун мослаштирилган, инсоний ва моддий ресурслар ҳамда комплекс чора-тадбирлар;


аэродром - қуруқликдаги ёки сув сатҳидаги махсус жиҳозланган, ҳаво кемаларининг келиб қўниши, жўнаши ва шу сатҳ бўйлаб ҳаракатланиши учун тўлиқ ёки қисман мўлжалланган участка, унда жойлашган бинолар ва иншоотлар;


аэропорт - ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатишга, ҳаво транспортида ташишга хизмат кўрсатишга мўлжалланган ва шу мақсадларда аэродром, аэровокзал, бошқа иншоотлар, шунингдек зарур қурилмаларга эга бўлган иншоотлар мажмуаси;


багаж - ташувчи билан шартномага мувофиқ ҳаво кемасида ташиладиган йўловчиларнинг ва экипажнинг шахсий ашёлари;


багаж квитанцияси - рўйхатга олинган багажнинг ҳавода ташишга қабул қилинганлигини тасдиқловчи чипта қисми;


багажни бепул ташиш - оғирлиги ташувчи томонидан белгиланган эркин ташиш меъёрига мос келган, қўшимча йиғимлар тўловисиз ташиладиган багаж. Бундай меъёрни ташиш ҳақи йўловчи ташиш тарифига киритилган;


жойни олдиндан банд қилиш - йўловчини ҳаво транспортида ташиш учун ҳаво кемаси саҳнида жойни ёки багажни ташиш учун ҳаво кемасининг багаж ва юк бўлмаларида бўшлиқни олдиндан банд қилиб қўйиш;


йўловчи - ҳаво транспортида ташиш шартномасига мувофиқ ҳаво кемасида ташилаётган ёки ташилиши лозим бўлган шахс;


кузатувчиси йўқ багаж - юк сифатида ташиладиган ҳаво юк хати бўйича йўловчининг шахсий буюмлари;


манзил пункти - чиптада кўрсатилган охирги тўхташ пункти (йўналишнинг якуний пункти);


махсус тариф - ишлатишда турли хилдаги чеклаш шартлари бўлган тариф (масалан сотиш муддатлари, энг кам тўхтаб туриш талаблари, жойни олдиндан банд қилиш ва бошқалар);


меъёрдаги тариф - йўловчига ташиш йўналишида қайтиш ва ўзгартиришлар имконини берувчи, тарифлар комбинацияси бўйича максимал эгилувчан энг юқори таъриф;


меъёрдан ортиқ багаж - багаж вазнининг ташувчи белгилаган эркин (бепул) ташиш меъёридан ошиб кетган қисми;


парвоз купони - йўловчи чиптасининг бир қисми бўлиб, унга мувофиқ чиптада кўрсатилган йўналишнинг аниқ бир бўлагида йўловчи ва багажни ҳаво транспортида ташиш бажарилади;


рўйхатдан ўтказилган багаж - ҳаво транспортида ташишга қабул қилинган, жавобгарлиги ташувчига юклатилган, багаж квитанцияси ва рақамли багаж биркасига эга бўлган багаж;


рўйхатдан ўтказилмайдиган багаж (қўл юки) - ташувчи томонидан белгиланган меъёр доирасида ҳаво кемаси салонида йўловчи назорати остида бепул ташишга рухсат этилган багаж;


тариф - йўловчи ва багажни ташиш учун белгиланган тўлов миқдори;


ташиш ҳужжатлари - йўловчини, қўл юкини ва юкни ҳаво транспортида ташиш шартномасини тасдиқловчи чипта ва қўл юки паттаси, почта ва юк хати, шунингдек қоғозда ёки электрон шаклда расмийлаштириладиган бошқа ташиш ҳужжатлари;


ташувчи - эксплуатант сертификатига эга бўлган ҳаво кемасининг эксплуатанти;

ташувчининг ваколатли агенти - ташувчи номидан ташиш хизматларини сотишда, йўловчиларга ерда хизматлар кўрсатиш ёки юкни тайёрлаш амалларини бажаришда ҳаракат қилишга вакил қилинган шахс ёки ташкилот;


транзит - йўналиш давомидаги тўхташ пункти, бунда ташилаётган йўловчи қатновни бажарадиган ҳаво кемасида қолади;


трансфер - чиптада кўрсатилган, ташиш йўналиши манзилида ташувчининг бир қатновидан иккинчи қатновига (хусусий трансфер) ёки бир ташувчининг қатновидан иккинчи ташувчи қатновига (интерлайн трансфери) йўловчини ўтказиш;


ҳаво кемаси - атмосферада ўзининг ҳаво билан ўзаро таъсири ҳисобига ушлаб туриладиган ҳар қандай аппарат, ер юзасидан қайтган ҳаво билан ўзаро таъсир бундан мустасно;


ҳаво транспортида ташиш - йўловчилар ва уларнинг багажлари ва юкларини бевосита манзил жойигача етказиш билан боғлиқ бўлган аэропортлар ва ҳаво транспорти ташувчилари (эксплуатантлар) томонидан бажариладиган чора-тадбирлар ва амаллар мажмуи;


чартер - чартер (ҳаво кемасини кира қилиш) шартномаси бўйича бир томон (кирага берувчи) иккинчи томон (кирага олувчи)га ҳақ эвазига бир ёки бир неча ҳаво кемасини йўловчилар, қўл юки, юк ва почта ташиш ёхуд бошқа мақсадларда фойдаланишга бир ёки бир неча парвоз учун тўлиқ бериб туриш мажбуриятини олади;


чипта - ўз ичига багаж квитанциясини олган ва йўловчи ҳамда багажни ҳаво транспортида ташиш бўйича шартнома тузилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.


2. Мазкур Қоидалар эълон қилинган парвозлар жадвали ва чартер шартномалари асосида ички ва халқаро ҳаво йўналишларида йўловчи ва багаж ташишда қўлланилади.

3. Мазкур Қоидалар авиация ишларини бажарувчи эксплуатантларга нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Ташувчилар ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташишнинг ўз фаолиятлари хусусиятига мос келадиган ва мазкур Қоидаларга зид бўлмаган қўшимча қоидаларини белгилаши мумкин.

7. Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш шартномалари, жумладан чартер шартномалари асосида ташилади.

Ҳаво транспортида ташиш шартномасига биноан ташувчи йўловчи ва унинг багажини чиптада кўрсатилган парвозни амалга ошираётган ҳаво кемасидан жой бериб белгиланган манзилга элтиб қўйиш мажбуриятини, йўловчи багажини топширган бўлса - багажини белгиланган манзилга етказиб, уни йўловчига ёки йўловчи тайинлаган шахсга топшириш мажбуриятини олади. Йўловчи белгиланган тариф бўйича парвоз учун, ташувчи белгилаган меъёрдан ортиқ багаж бўлган тақдирда эса - бундай багаж учун ҳам ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Чартер шартномаси шартлари мазкур шартноманинг ўзида белгиланиши лозим.

8. Йўловчи ва багаж ташиш шартномаси тузилганлиги чипта, багаж паттаси, шунингдек қоғозда ёки электрон шаклда расмийлаштириладиган бошқа ташиш ҳужжатлари билан тасдиқланади.

Ташиш ҳужжатларининг шакли тегишли фуқаро авиацияси халқаро ташкилотларининг қоидалари ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ташувчи томонидан белгиланади, почта орқали ташиш ҳужжатларининг шакли бундан мустасно.


9. Ташувчи йўловчи ва багажни белгиланган манзилга ташувчи томонидан белгиланган қоидаларда ёки ташиш шартномасида белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаган тақдирда эса, оқилона муддатда элтиб қўйиши шарт.


10. Йўловчи қонун ҳужжатлари ҳамда ташувчилар томонидан белгиланган қоидаларда назарда тутилган тартибда:

ҳаво транспортидан имтиёзли шартларда фойдаланиш;

белгиланган миқдор доирасида ўзи билан бепул багаж олиб юриш;

белгиланган миқдор доирасида бепул, миқдордан ортиқчаси учун эса - белгиланган тариф бўйича ҳақ тўлаб, ташиш учун багаж топшириш ҳуқуқига эга.


11. Ягона ташиш шартномаси асосида ҳаво транспорти иштирокида турли транспорт воситалари ёрдамида йўловчи ва багажни ташиш, манфаатдор томонларнинг келишувига мувофиқ амалга оширилади.

Бир неча ташувчи томонидан йўловчи ва багажни белгиланган манзилгача ҳаво транспортида ташишда, ташиш йўналишидаги аэропортларда бир ҳаво кемасидан бошқасига ўтиш, ташишда танаффус бўлишидан қатъи назар,  ташувчилар ўртасидаги келишувга асосан амалга оширилади.


12. Ташувчи ташиш шартномасига биноан ички ва халқаро ҳаво йўналишларида ташишда Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 6-сон, 247-модда), бошқа қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида белгиланган жавобгарлик доирасида йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи, улар багажининг сақланиши учун жавобгар ҳисобланади.


13. Ташувчи йўловчиларни олдиндан огоҳлантирмасдан об-ҳавонинг ўзгариши, авиация хавфсизлиги, парвоз бошланаётган, қўниш, транзит ёки учиб ўтиши мўлжалланган мамлакатнинг мазкур ташишга тааллуқли қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш заруриятидан келиб чиқиб ҳамда техник сабабларга асосан чиптада кўрсатилган ташувчини алмаштириши ва парвозлар жадвалига ўзгартиришлар киритиши мумкин. Бунда ташувчи йўловчи ва унинг багажини вақтида етказиш учун барча зарур имкониятлардан фойдаланиши керак.


14. Ташувчи ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш шартномасини ташиш йўналишининг исталган манзилида қуйидаги ҳолларда бекор қилиши мумкин:

йўловчи томонидан парвоз бошланадиган, тугайдиган ва транзит мамлакатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган божхона, чегара, санитария-карантин талаблари ва ҳаво транспортида ташишга тааллуқли бошқа талаблар бузилса;

агар йўловчи соғлиғининг ҳолати ҳаво транспортида ташишнинг алоҳида шарт-шароитларини талаб қилса ёхуд йўловчининг ўз хавфсизлигига ёки бошқа шахсларнинг хавфсизлигига таҳдид солса, бу ҳол тиббий ҳужжатлар билан тасдиқланса, худди шунингдек тартибсизлик келтириб чиқарса ва бошқа йўловчиларга ташиш шартномасининг шартларида назарда тутилган хизматларни кўрсатиши учун ташувчига имконият бермаса;

ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидалари йўловчи томонидан парвоз хавфсизлигига таҳдид туғдирадиган ёхуд ҳаво кемаси ичидаги шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига ва мол-мулкига таҳдид туғдирадиган тарзда бузилса;

ҳаво транспортида ташишларнинг белгиланган қоидалари талабларини бажариш йўловчи томонидан рад этилса.


II БОБ. ЖОЙНИ ОЛДИНДАН БАНД ҚИЛИШ


15. Йўловчи учун маълум қатнов ва санага ҳаво кемасида жойни олдиндан банд қилиб қўйиш (бундан буён матнда банд қилиш деб юритилади) ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташишнинг зарур шарти ҳисобланади.


16. Банд қилиш йўловчи томонидан телефон, Интернет тармоғи, электрон почта орқали ёки бошқа алоқа воситалари билан ташувчи ёки унинг ваколатли агентига мурожаат қилиш орқали амалга оширилиши мумкин.

Банд қилишда автоматлаштирилган тизимдан фойдаланилади.


17. Банд қилиш муддати ташувчи томонидан белгиланади.


18. Банд қилиш чипта расмийлаштиришнинг дастлабки босқичи ҳисобланади.


19. Банд қилинган жой ёки чипта ҳақида олинган маълумотларнинг ташувчи ёки унинг ваколатли агенти томонидан бошқа шахсларга берилишига йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


20. Банд қилишда йўловчи ташиш учун тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаса ёки ташувчи томонидан белгиланган қоидаларда назарда тутилган бошқа шартларни бажармаган ҳолларда, ташувчи ёки унинг ваколатли агенти йўловчини огоҳлантирмасдан банд қилишни бекор қилиши мумкин.


21. Йўловчи банд қилинган жойга, ташувчини олдиндан хабардор қилмай қатновга етиб келмаса, ташувчи ташиш йўналишининг кейинги участкаларида банд қилишни бекор қилиш ҳуқуқига эга ва йўловчидан ташишдан воз кечганлигини ҳамда ўз вақтида хабар бермагани учун белгиланган тартибда йиғим ундирилади.

Агар йўловчи ташувчи билан белгиланган муддатгача банд қилинган жойни бекор қилиш тўғрисида ташувчини хабардор қилган бўлса, унда ташувчи билан йўловчининг ўзаро келишувига асосан, ташиш йўналишининг кейинги участкаларида тасдиқланган банд қилиш бекор қилинмайди.


22. Ташувчининг айби билан йўловчи банд қилишни бекор қила олмаган ёки рўйхатга олиш жойига етиб кела олмаган бўлса, йўловчидан йиғим ундирилмайди.

Соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли, йўловчи банд қилинган жойдан воз кечмаган бўлса ёки рўйхатга олиш жойига етиб келмаган бўлса, бу ҳолат тиббий маълумотнома билан тасдиқланганда, йўловчидан йиғим ундирилмайди.


23. Банд қилинган жойларга йўловчиларнинг қатновга келмаслик ҳолларини инобатга олиб ва бундай ҳолларда ташувчи ўзининг тижорат йўқотишини камайтириш мақсадида йўловчиларни ҳаво кемасида мавжуд бўлган миқдордан ортиқ жойни банд қилиши мумкин. Бунда қатновга келган йўловчилар белгиланган миқдордан ошган тақдирда ташувчи қолган йўловчиларни рўйхатдан ўтказмаслиги мумкин ва бунинг учун ушбу йўловчиларга белгиланган тартибда компенсация хизматларини кўрсатиши ҳамда уларни навбатдаги қатновга ёки бошқа ташувчининг қатновига жойни банд қилиш орқали ташишни таъминлаши лозим. Ташувчи бу ҳақда чипта расмийлаштириш жараёнида йўловчиларни олдиндан огоҳлантирган бўлиши лозим.


24. Ташувчи ўз қоидаларида қуйидаги тоифалар учун банд қилишнинг алоҳида шартларини ўрнатиши мумкин:

2 ёшгача бўлган болаларни ташишда;

2 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларни ташишда;

ота-оналари, васийлари ёки ҳомийлари ҳамроҳлигисиз учаётган болаларни ташишда;

замбилдаги касал йўловчиларни ташишда;

ташиш учун салонда қўшимча жой талаб қиладиган йўловчиларни ташишда;

имкониятлари чекланган йўловчиларни, шу жумладан, ўриндиқ-аравачада ташиладиганларни ташишда;

қурол ва ўқ-дорига эга бўлган йўловчиларни ташишда;

ташувчи томонидан бепул ташишга рухсат этилган белгиланган меъёрдан ошган багажни ташишда;

йиғилган кўринишда уч ўлчов йиғиндиси бўйича ҳажми 200 см дан ошган багажни, шу жумладан, турли хил спорт анжомларини ташишда;

фақат ҳаво кемаси салонининг қўшимча ўриндиғида ташилиши мумкин бўлган багажни ташишда;

ҳайвонлар ёки қушларни ташишда.



III БОБ. ПАРВОЗЛАР ЖАДВАЛИ


25. Ташувчи томонидан мунтазам равишда амалга ошириладиган ташишларни амалга ошириш учун парвозлар жадвали тасдиқланади.

Зарурат бўлганда, чартер ташишлар учун ҳам парвозлар жадвали тасдиқланиши мумкин, бунда ушбу ташишлар олдиндан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.


26. Парвозлар жадвалида ҳар бир йўналиш бўйича парвозларни амалга оширувчи ҳаво кемаларининг қатнови, қатнов рақамлари, қатновлар бажариладиган ҳафта кунлари, учиш вақтлари ва уларнинг русумлари ҳақида, шунингдек ташувчи йўловчиларга етказилиши лозим деб ҳисоблаган бошқа маълумотлар акс эттирилади.


27. Чиптада кўрсатилган ҳаво кемасининг қатнови ҳақидаги маълумотлар чипта расмийлаштирилган куни амалда бўлган парвозлар жадвалида кўрсатилган ҳаво кемасининг қатнови ҳақидаги маълумотга мувофиқ бўлиши керак.


28. Бошқа шахслар томонидан ташувчи билан келишилмаган ҳолда нашр қилинган парвозлар жадвалидаги хато маълумотлар учун ташувчи жавобгар эмас.


29. Ташувчи парвозларнинг йўналишлари ва жадвалларини, йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш тарифларини, аэропортларда ва ҳаво кемасининг ичида хизмат кўрсатиш шартларини эълон қилиши ҳамда аҳолининг (мижозларнинг) эътиборига етказиши шарт.


IV БОБ. ЙЎЛОВЧИ ВА БАГАЖНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


30. Йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказишни тўхтатиш вақти ташувчи томонидан белгиланади.


31. Чиптаси бор йўловчи жўнаш аэропортига ёки ташувчи томонидан белгиланган бошқа манзилга, ташувчи белгилаган вақтдан кечикмасдан етиб келиши лозим.


32. Ташувчи йўловчиларни зарур воситалар ёрдамида рўйхатдан ўтказишнинг бошланиш ва якунланиш вақти ҳақида хабардор қилиши керак.


33. Йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказишда йўловчи ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этиши лозим.


34. Жойи банд қилинганлиги тасдиқланган йўловчи, рўйхатга олиш пунктига белгиланган вақтдан кечикиб келиб, натижада рўйхатдан ўта олмаса, бу ҳолда йўловчи қатновга қўйилмайди. Ушбу йўловчи кечикиб келганлиги учун ташувчи томонидан белгиланган қоидаларда кўрсатилган йиғимни тўлаганидан сўнг, бўш ўрин мавжуд бўлган бошқа қатновда ташилиши мумкин.


35. Йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказувчи ходимлар, ҳаво кемасига ташиш учун рўйхатдан ўтказилган ва (ёки) рўйхатдан ўтказилмаган (қўл юки) багаж сифатида ташилиши тақиқланган хавфли модда ва буюмлар ортилишининг олдини олиш мақсадида, йўловчидан багаж таркибида хавфли модда ва буюмлар бор деб шубҳа туғилган ҳолларда, багажнинг таркиби тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда талаб қилишга ҳақли.



V БОБ. ЙЎЛОВЧИ ТАШИШ


1-§. Йўловчи чиптаси ва уни расмийлаштириш


36. Ҳар бир йўловчига қоғоз бланкаси ёки электрон шаклда чипта расмийлаштирилиши лозим.

Чипта йўловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида расмийлаштирилиб, ундан бошқа шахсларнинг фойдаланишига йўл қўйилмайди.


37. Чиптада чиптанинг сотилиш жойи ва санаси, жўнаш вақти, ҳаво кемасининг жўнаш ва қўниш манзили, барча оралиқ қўниш манзиллари, ташиш шартномасини бажаришга алоқадор бўлган ташувчиларнинг номи ҳамда ташиш шартномасининг бошқа муҳим шартлари бўлиши керак.


38. Чиптани расмийлаштириш вақтида йўловчига ташиш шартлари ҳақида маълумот берилади.


39. Чипта белгиланган тарифлар учун тўлов амалга оширилганидан сўнг расмийлаштирилади.

Чиптага тўлов амалга оширилаётганда парвоз бошланаётган, қўниш, транзит ёки учиб ўтиш мўлжалланган давлат томонидан белгиланган тартибга асосан ташувчи томонидан йўловчидан қўшимча йиғимлар ундирилиши мумкин.


40. Ташувчи ташиш шартномасини расмийлаштириш вақтида, йўловчини ташишнинг тасдиқланган тарифларига киритилмаган қўшимча йиғимлар тўғрисида хабардор қилиши лозим. Бундай йиғимлар ташиш шартномасида кўрсатилиши керак.


41. Ташиш учун тарифлар ва йиғимларни тўлаш ташиш хизмати кўрсатилаётган давлатда амал қилувчи валюта қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


42. Чипта учиш жойидан ташувчи билан келишилган барча тўхташ манзиллари орқали қўниш манзилигача ҳақиқий ҳисобланади.


43. Йўловчи қатнов бажарилишидан олдин ташувчи томонидан белгиланган қоидаларга асосан расмийлаштирилган ҳамда ушбу қатнов учун парвоз, йўловчи ва фойдаланилмаган парвоз купонлари мавжуд бўлган чиптани тақдим этмаганда, ушбу йўловчи ташишга қўйилмайди, электрон шаклда расмийлаштириладиган чипта бундан мустасно.

Чипта ташувчи ёки унинг ваколатли агенти томонидан расмийлаштирилган бўлиши лозим.


44. Электрон шаклда расмийлаштириладиган чиптадан фойдаланилган ҳолларда, агар йўловчи ўз шахсини тасдиқловчи ва ушбу чипта айнан унинг номига расмийлаштирилганлигини маълумотлар базасидан аниқлаганлиги тўғрисида ҳужжат бўлмаса, у қатновга қўйилмайди.


45. Ташувчи ёки унинг ваколатли агенти чиптани қуйидаги ҳолларда ҳақиқий эмас деб топади ва ташишдан бош тортишга ҳақли:

чиптада белгиланган тартибда ташувчи ёки унинг ваколатли агенти томонидан тасдиқланмаган тузатишлар бўлса;

чиптада уни расмийлаштирган ваколатли агент номи, сотиш санаси ва жойи ҳақида агентнинг шахсий (валидатор) штампи ёки автоматлаштирилган чипта сотиш тизими воситасида амалга оширилган белгилар бўлмаса;

қалбакилаштирилган (серия рақами, жорий этилган расмийлаштириш тартибига риоя этилмаган бўлса, ушбу чипта кўринишидаги белгиларнинг ташувчи фойдаланадиган ягона нусхадан фарқланиши, чиптада ташувчи фойдаланадиган полиграфик ҳимоя белгиларининг бўлмаслиги ва бошқалар) чипта тақдим этилганда.


46. Бузилган ёки расмийлаштиришда хатоси мавжуд бўлган қоғоз чипта тақдим этилганда ва ташишга қабул қилинган жойда ёки йўналишнинг кейинги манзилларида ушбу чиптанинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш талаб этилса, бунда йўловчи ташиш шартномаси ҳақиқийлигини ташувчи ёки унинг ваколатли агентининг ташишга рухсат ёзувини қўйиш билан тасдиқлатганидан кейин, ташишга қабул қилинади.


47. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган чипта ўрнига, йўловчининг мурожаатига асосан дубликат берилиши мумкин.

Дубликат бериш жараёнида йўловчидан йўқотилган чипта топиб олинган тақдирда, уни ташувчи ёки унинг ваколатли агентига қайтариш бўйича тилхат олинади. Агар, йўловчи тилхат беришдан бош тортганда, ташувчи унга янги чипта сотиб олишни таклиф этиши лозим.

Дубликат учун белгиланган миқдорда йиғим ундирилади, чиптанинг йўқолиши ёки яроқсиз ҳолга келиши ташувчи ёки унинг ваколатли агентининг айби билан юз берган ҳоллар бундан мустасно.


48. Йўқолган чипта учун, йўловчининг илтимосига кўра, белгиланган йиғим тўланган тақдирда, чиптанинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг, тарифларни қўллаш қоидаларига мувофиқ чипта учун тўланган тўлов йўловчига қайтариб берилиши мумкин.


49. Йўловчи ҳаво транспортида ташиш шартномаси амал қилиб турган исталган вақтда - йўловчи учун жой банд қилиб қўйилган ҳаво кемаси парвоз қилгунича ёки парвоз қилганидан кейин йўналиш манзилларидан бирида ҳаво транспортида ташиш шартномасини бекор қилиш ва ташиш учун тўланган сумманинг ҳаммасини ёки бир қисмини ташувчининг тарифларини қўллаш қоидаларида белгиланган тартибда олиш ҳуқуқига эга.

Чиптанинг эгаси вафот этган ёки соғлиғи оғирлашган ҳолатларда йўловчи, унинг вакили ёки тегишли ҳуқуққа эга бўлган шахслар чиптанинг пулини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

50. Меъёрдаги тариф бўйича расмийлаштирилган чипта, ташиш бошланган санадан бошлаб, бир йил давомида, агар ташиш бошланмаган бўлса, чипта расмийлаштирилган санадан бошлаб, бир йил давомида ҳақиқийдир.

Махсус тарифлар бўйича расмийлаштирилган чипталарнинг яроқлилик муддати ташувчи томонидан тасдиқланган тарифларни қўллаш қоидалари билан белгиланади.

Ташувчи чипта учун амалга оширилган тўловни қайтаришда, ушбу чипта сотиб олишда қўлланилган тўлаш усули ва пул бирлиги бўйича қайтариш ҳуқуқини ўзида қолдиради.


51. Чиптанинг амал қилиш вақтида ташиш якунланмаса, чиптанинг амал қилиш муддати қуйидаги ҳолларда узайтирилади, агар ташувчи томонидан:

йўловчининг жойни банд қилганлиги тасдиқланганда, қатнов бекор қилинса;

ташиш давомида йўловчининг йўналишида, йўловчи учун учиб кетиш, қўниш ёки тўхташ ("stор-over") манзили ҳисобланган жойда режалаштирилган тўхташ бажарилмаса;

парвозлар жадвалида кўрсатилган вақт бўйича қатнов бажарилмаса;

йўловчи томонидан қатновлар туташиш жойларига етиб кела олмаслигига сабаб бўлган ҳаракатлар қилинса;

йўловчи дастлаб тўлаган хизмат кўрсатиш тоифаси ўзгартирилса;

ҳаво кемасида йўловчига банд қилинган жой берилмаса.

Бундай ҳолларда чиптанинг амал қилиш муддати, ташувчининг йўловчи томонидан дастлаб тўланган тарифига мос келувчи хизмат кўрсатиш тоифасидаги бўш жойи бўлган энг яқин қатновигача узайтирилиши мумкин.


52. Агар йўловчи чиптанинг амал қилиш муддати давомида ташишдан фойдалана олмаса, яъни жой банд қилишни сўраган бўлса-да, бироқ ташувчи бундай банд қилишни тасдиқлай олмаган бўлса, бундай чиптанинг амал қилиш муддати ташувчининг қоидаларига мувофиқ равишда узайтирилиши керак.


53. Ташиш бошланганидан сўнг, чиптанинг амал қилиш муддати давомида йўловчини ёзма тиббий хулоса билан тасдиқланган касаллиги туфайли ташиш имконияти мавжуд бўлмаса, ташувчи томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ бундай йўловчи чиптасининг амал қилиш муддати, тиббий хулосага кўра йўловчи парвозни давом эттиришга қодир бўлган кундан ёки ташиш қайта тикланган манзилдан йўловчи тўлаган хизмат кўрсатиш тоифасига мос жойи мавжуд бўлган, энг яқин қатнов амалга ошириладиган кунга қадар узайтириши мумкин.

Агар чиптада қолган парвоз купонлари бир ёки бир нечта "stор-over"га эга бўлса, бундай купоннинг амал қилиш муддати ташувчи қоидалари билан белгиланган тартибда, тиббий хулосада кўрсатилган кунга қадар узайтирилиши мумкин. Бундай ҳолларда ташувчи, заруратга кўра, бир вақтнинг ўзида касал йўловчига ҳамроҳлик қилаётган йўловчилар чипталарининг ҳам амал қилиш муддатларини узайтириб беради.


54. Ташиш шартномасининг шартларига кўра йўловчи ёки унинг оила аъзолари йўлда вафот этса, уларнинг ўлими тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхасини тақдим этиш шарти билан йўловчи ва унга ҳамроҳлик қилаётган шахслар чипталарининг амал қилиш муддати ўзгартирилади.


55. Ташиш йўналишининг оралиқ манзилларида вақтинчалик танаффус ва тўхташ ("stор-over") ҳолатларига ташувчи билан келишилган шартларда рухсат берилади ва ушбу ҳолатлар ташиш шартномасининг қийматида ҳисобга олиниши лозим.


56. Йўловчи чиптани расмийлаштираётганда, қайси бир йўналиш манзилида тўхташи ҳақида ташувчини олдиндан хабардор қилмаган бўлса, бу тўғрисида транзит аэропортида ёки ташиш йўналиши трансферида хабардор қилган бўлса ва ушбу ҳолат парвознинг кечикишига сабаб бўлса, йўловчи парвознинг кечиккани учун ташувчининг қоидаларида назарда тутилган йиғимларни тўлаганидан сўнг, парвозни давом эттириши мумкин. Агар, парвознинг кечикишига йўловчи ёки у билан бирга ҳаво кемасида учаётган оила аъзоларидан бирининг соғлиғи ёмонлашиши ёки тўхташ манзилидаги форс-мажор ҳолатлар сабаб бўлса, бундай ҳолатда йўловчидан йиғим ундирилмайди, бунда соғлиқнинг ёмонлашганлиги ҳолати тиббий хулоса билан тасдиқланиши керак.


57. Ташувчи ўзи билан боғлиқ бўлган сабабларга кўра, оралиқ аэропортда ташишни давом эттира олмаган тақдирда, йўловчиларни уларга қулай бўлган муддатларда ва шартларда ўзининг навбатдаги қатнови билан ҳаракатланаётган ҳаво кемасида ёки бошқа ташувчининг ҳаво кемасида, қўшимча тўловларсиз жўнатиши лозим.



2-§. Ташиш шартномасининг ўзгартирилиши


58. Ташиш шартномаси мажбурий ва ихтиёрий равишда ўзгартирилиши мумкин.


59. Ташиш шартномаси йўналишнинг исталган манзилларида, қуйидаги ҳолларда мажбурий равишда ўзгартирилади:

йўловчи банд қилинган жойга ташувчининг айби билан туташ қатновга кела олмаганида;

ташувчи банд қилинган жойни йўловчига бериш имкониятига эга бўлмаганида;

ташувчи қатновни бекор қилганида;

ташувчи қатновни парвозлар жадвалига мувофиқ равишда бажара олмаганида;

ташувчи йўловчи учун тўхташ ва қўниш манзилларида тўхташни бажара олмаганда.

Ташишнинг мажбурий равишда ўзгартирилиши ташишнинг бошланиш вақти ва (ёки) муддати, ташувчининг, ташиш йўналишининг, хизмат кўрсатиш тоифасининг ўзгартирилишига сабаб бўлиши мумкин.


60. Ташиш шартномаси мажбурий равишда ўзгартирилганда, ташувчи қуйидагиларни бажаришга мажбур:

а) йўловчини қўниш манзилига ўзининг бошқа мунтазам қатновида ёки бошқа ташувчининг бўш жойи бўлган қатновида, тез фурсатда, қўшимча тўловлар олмаган ҳолда, зарурат бўлганда юқори хизмат кўрсатиш тоифасида ва йўловчи учун қулай бўлган бошқа шартларда етказиш;

б) йўловчини банд қилинган чипта билан таъминлаш;

в) йўловчи томонидан тўланган хизмат кўрсатиш тоифасининг ўзгартирилишига йўл қўймаслик, агар хизмат кўрсатиш тоифасининг бундай ўзгаришига йўл қўйилган бўлса, унда:

хизмат кўрсатиш тоифаси пастроқ тоифага мажбурий равишда алмаштирилганда, ташувчи йўловчига йўналишнинг хизмат кўрсатиш тоифаси ўзгарган қисмидаги (қисмларидаги) тарифлар ва йиғимлар фарқини қайтаради;

хизмат кўрсатиш тоифаси юқорироқ тоифага мажбурий равишда алмаштирилганда ва ташиш нархи ошганида, йўловчидан қўшимча йиғим ундирилмайди;

г) бажарилмаган ташиш участкаси учун, пул қайтарилиши билан, йиғимлар олинмаган ҳолда, чиптанинг мажбурий қайтарилишини таъминлаш.


61. Йўловчи талаби билан, ташиш йўналишининг ҳар қандай манзилидаги ўзгариш ташиш шартномасининг ихтиёрий равишда ўзгартирилиши ҳисобланиб, ушбу ўзгартириш ташиш йўналишининг, хизмат кўрсатиш тоифасининг ёки тарифининг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин.


62. Йўловчи томонидан ташиш учун тўланган тўловлар ташувчи томонидан мажбурий тартибда қайтарилиш ҳолларида, қайтариладиган пул миқдори қуйидаги тартибда белгиланади:

агар чиптанинг ҳеч бир қисмидан фойдаланилмаган бўлса, қайтариладиган пул миқдори тўланган тариф ва йиғимларга тенг бўлиши керак;

агар чиптадан қисман фойдаланилган бўлса, қайтариладиган пул миқдори тўланган тариф ва ташиш амалга оширилган манзиллар оралиғидаги ташишга тўланган тариф ўртасидаги фарққа тенг бўлиши керак.


63. Агар йўловчи ташиш шартномасининг ҳар қандай шартини (қатнов, учиш санаси, йўналиши, хизмат кўрсатиш тоифаси, чиптанинг ташиш учун яроқлилик муддати ва ҳоказо) ихтиёрий равишда ўзгартирмоқчи бўлса, бу тўғрисида ташувчини хабардор қилиши лозим. Бунда ташувчи ташиш шартномасининг янги шартлари бўйича тарифни ҳисоблаши керак, агар ташиш шартномасининг бундай ихтиёрий ўзгаришидан ташиш қиймати ошадиган бўлса, унда йўловчи биринчи нархдаги миқдор билан янги нархдаги миқдор ўртасидаги фарқларни тўлаши керак. Агар бу ўзгариш натижасида, янги ташишнинг қиймати биринчи тўланган нархдан паст бўлса, унда ташувчи йўловчига ташиш қийматидаги фарқни қайтариши керак.


64. Ташиш билан боғлиқ белгиланган тарифлар ва йиғимларнинг миқдорига ўзгартиришлар киритилган тақдирда, ушбу ўзгартиришлар улар киритилгунга қадар тузилган ташиш шартномаларига ташиш бошланиш вақтига қадар татбиқ этилмайди.

Агар ташиш бошланишига қадар йўловчининг хоҳиши билан ташиш шартномасига ўзгартириш киритилган тақдирда, янги ташиш санасидаги тариф ва йиғимларнинг миқдори асосида қайтадан чипта расмийлаштирилади.



3-§. Йўловчиларнинг имтиёзлари


65. Ташувчи Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари ҳамда ташувчининг ташиш қоидаларига асосан йўловчиларнинг айрим тоифасига ташиш билан боғлиқ имтиёзлар бериши мумкин.

Имтиёзлар бериш тежамкор ("econom") хизмат кўрсатиш тоифаси тарифига асосан амалга оширилади.


66. Имтиёзли учиш ҳуқуқига эга бўлган йўловчи, берилган ҳаво транспортида имтиёзли ташишга нисбатан, юқорироқ хизмат кўрсатиш тоифаси салонида учишни хоҳласа, бундай йўловчи хизмат кўрсатиш тоифаси учун қўшимча ҳақ тўлаши керак.


67. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан имтиёзли учиш ҳуқуқига эга бўлган йўловчиларнинг ташиш ҳужжатини расмийлаштириш, уларнинг шундай имтиёзга эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси тақдим этилганидан сўнг амалга оширилади.



4-§. Алоҳида тоифадаги йўловчиларни ташиш


68. Ташувчи ўзининг ташиш қоидаларида қуйидаги тоифалар учун ташишнинг алоҳида шартларини ўрнатиши мумкин:

2 ёшгача бўлган болалар;

2 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар;

ота-оналари, васийлари ёки ҳомийлари ҳамроҳлигисиз учаётган болалар;

замбилдаги касал йўловчилар;

ташиш учун салонда қўшимча жой талаб қиладиган йўловчилар;

имкониятлари чекланган, шу жумладан, ўриндиқ-аравачада ташиладиган йўловчилар ёки ўзларининг ҳаракатланишлари учун махсус ускуналардан фойдаланувчи йўловчилар;

қурол ва ўқ-дорига эга бўлган йўловчилар;

депортация қилинган йўловчилар ва мамлакатга кириши рад қилинган йўловчилар;

ўта муҳим йўловчилар (VIP);

дипломатик курьерлар;

ҳайвон ёки қушларини ташиб ўтаётган йўловчилар.


69. Ташувчи ўзининг ташиш қоидаларида алоҳида тоифадаги йўловчилар учун махсус хизмат кўрсатиш талабларини белгилаши лозим.



VI БОБ. БАГАЖ ТАШИШ


1-§. Багажни ташиш учун қабул қилиш


70. Багаж белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганидан сўнг, ташишга қабул қилинади.


71. Багаж сифатида ташиладиган буюмлар, багажни бут сақлашни таъминлайдиган махсус ўрамга ўралиб, ташиш учун қулай бўлган ушлагичга эга бўлиши керак.


72. Ташувчи бошқа йўловчиларнинг багажига ёки ташувчининг ускунасига зиён келтириши мумкин бўлган учи ўткир қисмли багажларни ташишга қабул қилишни рад қилиш ҳуқуқига эга.


73. Ташувчи ҳаво кемаси учун ўрнатилган тижорат юкланиши белгиланган меъёрдан ва (ёки) багажларнинг ҳажми ҳаво кемасининг багаж-юк бўлинмалари сиғимидан ошганда, ташувчи меъёрдан ошган багажни ташиш учун қабул қилишни чеклаш ёки қабул қилмаслик ҳуқуқига эга.


74. Ташувчи ўрами талабга жавоб бермайдиган, йўқолиш хавфи бўлган, носоз ҳолатдаги багажларни ҳаво транспортида ташишга қабул қилмаслиги мумкин. Бироқ, йўловчининг илтимосига биноан ташувчи ташиш талабига жавоб бермайдиган ва носоз ҳолда ўралган бундай багажга ўзининг жавобгарлигини чеклаган ҳолда қабул қилиши мумкин.


75. Йўловчиларнинг буюмлари рўйхатдан ўтказилган багаж ёки қўл юки сифатида ташилади.

Ташувчи рўйхатдан ўтказилган багаж учун йўловчига рақам ёзилган багаж биркасини идентификация қилиш (таниб олиш) учун бериши шарт.

Қўл юки биркалар билан белгиланади.


76. Ташиш учун қабул қилинган багаж қуйидаги жойгача расмийлаштирилиши мумкин:

"stор-over"нинг биринчи манзилигача;

йўловчининг тасдиқланган банд қилинган жой манзили ёки сўров қилинган туташ қатнов манзилигача;

йўловчи рўйхатдан ўтказилган багаж ёки унинг бир қисмини олмоқчи бўлган манзилгача;

агар ташувчи трансфер багажини ташишни таъминламаса, бир аэропортдан иккинчисига багажни ташиш зарур бўлган туташ манзилгача;

ушбу ташишга берилган ҳамма чипталарни ҳисобга олиб, йўловчи чиптасида кўрсатилган охирги манзилгача.


77. Барча багаж вазни бўйича ўлчовдан ўтказилиши шарт.


78. Йўловчига ҳаво кемаси салонида қўл юкидан ташқари ўзининг зарур эҳтиёжи учун керак бўладиган шахсий буюмларини (масалан портфель, аёллар сумкачаси, ҳужжатлар учун жилд, соябон, ҳасса, устки кийим, гулдаста, парвозда ўқиш учун босма нашрларни, бола учун озуқани ва болалар йўл бешиги, ногиронлар учун ўриндиқ-аравача ёки жисмонан имкониятлари чекланган йўловчиларнинг ҳаракатланишлари учун мослаштирилган анжомлар ва бошқалар) ташишга рухсат берилади.


79. Ҳаво кемасининг хизмат кўрсатиш тоифасидан келиб чиқиб, ташувчи томонидан белгиланган оғирлиги, миқдори, ҳажмига қўйилган меъёр доирасида, йўловчи рўйхатдан ўтказилган багажларини бепул ташишга ҳақли.

Багажни ташиш меъёри багаж вазни орқали килограммларда, багаж эгаллайдиган майдонга қараб белгиланади.

Багаж ҳажмининг меъёри багаж жойининг уч ўлчовининг узунлиги бўйича аниқланади.


80. Ташувчи томонидан белгиланган бепул ташиш меъёридан ортиқ бўлган багажлар ҳамда махсус тоифадаги багажлар (ҳайвонлар ва қушлар, спорт анжомлари, оғир вазндаги ва ҳажми катта багажлар ҳамда бошқалар) ташувчи билан келишилган ҳолда қўшимча тўловлар тўлангандан кейин ташишга қабул қилинади ва бу ҳақда тўлов квитанцияси расмийлаштирилади.


81. Қатновни бажараётган ҳаво кемаси туридан фойдаланишда чекловлар мавжуд бўлса ҳамда ҳаво кемаси бўш ташиш сиғимига эга бўлмаса, ташувчи белгиланган меъёрдан ортиқ багажни ташишни чеклаши мумкин.


82. Ҳаво кемасининг салонида йўловчининг кузатуви остида ташиладиган қўл юкининг меъёри ташувчи томонидан белгиланади.


83. Хизмат кўрсатиш тоифаси мажбурий равишда ўзгартирилган вақтда, йўловчи олдинги хизмат кўрсатиш тоифасида белгиланган меъёр бўйича багажни бепул ташиш ҳуқуқини сақлаб қолади.


84. Йўловчи томонидан хизмат кўрсатиш тоифаси ихтиёрий равишда ўзгартирилганда, йўловчи алмаштирилган хизмат кўрсатиш тоифасида белгиланган меъёр бўйича багажни бепул ташиш ҳуқуқига эга.


85. Ташиш турли йўналишларда амалга оширилганда ва йўналишнинг ҳар бир манзилида хизмат кўрсатишнинг турли тоифалари бажарилганда, ҳар бир манзил учун йўловчи тўлаган маблағ ҳисобидан белгиланган багаж меъёрида бепул ташишга рухсат берилади.


86. Йўловчи томонидан кузатилмайдиган багаж, ташишга юк сифатида қабул қилинади. Бундай тоифадаги юклар йўловчининг чиптасида кўрсатилган манзиллар оралиғида (аэропортлар орасида) ташиш учун қабул қилинади ва ташиш учун стандарт юк хати билан расмийлаштирилади.


87. Йўловчи иштирокида багажни ташишга қабул қилиш вақтида қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатли органлар томонидан хавфсизликни таъминлаш мақсадида парвоз бошланган ва тугалланган давлатнинг божхона қоидаларига асосан олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тақиқланган буюмлар, нарсалар, моддалар, маҳсулотларнинг борлигини билиш учун багаж текширилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


88. Чиптада кўрсатилган қатновнинг узилиши содир бўлганда, ташувчининг талабига асосан йўловчи қўл юкини ҳаво кемаси салонидан ўзи олиб чиқиши шарт.


89. Қуйидаги буюмлар рўйхатдан ўтказиладиган багаж ва қўл юки сифатида ташишга қабул қилинмайди:

йўловчилар, ҳаво кемаси, ҳаво кемаси бортидаги йўловчилар ва ташувчига қарашли бошқа мулкка хавф солиши мумкин бўлган нарсалар ва моддалар;

багаж учун ҳажм меъёри билан ташувчи белгилаган қоидалардан ортиқ бўлган ҳамда ташиш имконияти бўлмаган нарсалар;

ташиш амалга ошириладиган давлат ҳудудидан, ҳудудига ёки ҳудуди орқали, шу давлатнинг қонун ҳужжатлари бўйича ташиш учун ман этилган нарсалар.


90. Багаж ташишда хавфсизлик талабларига ва ташиш шартномасига риоя этишни таъминлаш мақсадида, ташувчи қуйидагиларни таъминлаши керак:

багажнинг шикастланиши, йўқолиши ёки нобуд бўлишидан сақлаш мақсадида, уни тегишли ўрамларда ташиш зарурлиги тўғрисида йўловчиларга маълумот бериш;

ташиш ман этилган хавфли нарсалар тўғрисида йўловчиларга маълумот бериш. Бунда, тегишли маълумотлар йўловчиларга чипталарни рўйхатдан ўтказиш бошлангунига қадар ёки бошланганида ташувчининг маълумот сайтлари, чипталар сотиладиган ҳамда йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказиш жойларида осиб қўйиладиган эълонлар орқали етказилиши лозим;

багажни ташишга тайёрлаш вақтида қўлланилаётган технологик ускуналарнинг (тарози, тасма транспортёрлари, багаж аравачалари, контейнерлар, паллет ва бошқалар) ҳолатини мунтазам равишда текшириб туриш;

йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказиш вақтида багаж биркаларига бегона шахсларнинг яқинлашишига йўл қўймаслик;

ўлчов воситаларининг белгилаб қўйилган техник талабларга мувофиқлиги юзасидан белгиланган тартибда текширувдан ўтказиб туриш ва уларнинг тасдиқловчи ҳужжатларини юритиш.


91. Ташувчининг ерда хизмат кўрсатувчи агентлари багаж сифатида ташилиши тақиқланган буюмларнинг ҳаво кемасига ортилишининг олдини олишлари керак.


92. Тиббий гувоҳномалар, рентген суратлари, негативлар, ўта қимматли ва мўрт нарсалар, пуллар, кредит карточкалари, қимматбаҳо қоғозлар ва ҳужжатлар, қимматбаҳо металлар, тошлар, марваридлар ва ундан қилинган маҳсулотлар йўловчининг кузатувида ташилиши керак.


93. Ташувчи қуйидаги тоифадаги багажларни ташишда ўзининг алоҳида қоидаларини ўрнатишга ҳақли:

ҳайвонлар (уй итлари, мушуклар ва қушлар), шу жумладан, кўр ва кар йўловчиларни кузатувчи ўргатилган етакловчи-итлар;

авторучкалар, флаконлар, сигаретлар учун ёндиргичлар ва маълум баландликда тарқалиш хусусиятига эга бўлган газли бошқа идишлар;

қонун ҳужжатлари билан ташилиши тақиқланмаган суюқликлар, геллар ва аэрозоллар;

спорт анжомларининг алоҳида турлари (гольф, сёрфинг, велосипедлар учун анжомлар);

ногиронлар аравачаси;

электрон ускуналар;

ҳаво кемаси салонида қўшимча ўринда ташилиши керак бўлган багаж;

дипломатик багаж;

йирик ўлчамли ва катта оғирликдаги багаж;

қиммат ва мўрт багаж.



2-§. Авиация хавфсизлик талабларига асосан багаж сифатида

ташилиши ман этилган ёки ташилиши чекланган нарсалар


94. Ҳаво кемасида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар рўйхати Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) Хавфли юкларни ҳавода ташиш бўйича техник йўриқномалари (Doc 9284) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 183-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида авиация хавфсизлигига текшириш ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланган.

95. Йўловчининг багаж сифатида ташилиши тақиқланмаган буюмлари, агар уларни ҳаво кемасининг салонида ташиш муайян салбий оқибатларга олиб келишига шубҳа туғилса, ушбу буюмлар ҳаво кемаси хавфсизлигига таҳдид солмаса, багаж-юк бўлинмасида ташиладиган багажга жойлаштирилади ёки йўловчига кейинчалик қайтариб бериш шарти билан аэропортнинг ваколатли органи ёки тегишли ташувчининг омборхонасига сақлаш учун топширилади.


96. Шахсий қурол, ов ва спорт мақсадларига мўлжалланган қурол ва ўқ-дориларни ташиш шартлари қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус қоидалар билан белгиланади.


97. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда миллий анъанавий кийимларга тақиладиган, шунингдек илгари ёдгорликлар сифатида сотувда бўлган шамширлар ва пичоқлар рўйхатдан ўтказилган багаж сифатида ташишга қабул қилинади ёки парвоз вақтида ташувчининг қоидаларига биноан олиниб, экипажга топширилади.


98. Ташувчи парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳаво кемаси салонида ташиш учун рухсат берилган буюмлардан (масалан, уяли телефон, ихчам компьютер, магнитофон, радио, "СD" эшитиш жиҳози, электр ўйинлари ёки радиоузатгич, бошқариладиган ўйинчоқ ва шу кабилар) фойдаланишни чеклаши ёки тақиқлаши мумкин, ёмон эшитувчилар учун эшитиш аппаратлари ва юрак уришини электр мунтазамловчи ёрдамчи аппаратлардан фойдаланиш бундан мустасно.



3-§. Багажнинг берилиши


99. Йўловчи ўзининг ташувчи жавобгарлигига топширган багажини багажни рўйхатга олишни расмийлаштириш пунктида берилган, узиладиган багаж биркасининг талони асосида ҳаво кемаси қатновининг манзил пунктига келганидан кейин олади.


100. Ташувчи багажнинг узиладиган талон биркасининг эгаси ҳақиқатан ҳам багажни олишга ҳуқуқи борлигини текшириши шарт эмас, бундай текширишни ўтказмасдан багажни бериб юбориши натижасида йўловчига тушган харажат ёки зиён учун жавобгарликни олмайди. Агар багажни олиш учун талабгор йўловчи томонидан багаж биркасининг узиладиган талони тақдим этилмаса, у ҳолда йўловчига багаж фақат унинг бундай багажни олиш учун тегишли даражада ҳуқуқи борлигини исботловчи далиллар келтириш шарти билан берилади.


101. Кузатилмайдиган багаж йўловчига ёки унинг ваколатидаги шахсга юк хатини кўрсатганидан кейин берилади.


102. Манзил пунктига етиб келмаган багажлар, шикастланган ва камомади бор багажлар бўлган ҳолларда ёки ташувчи томонидан ташиш шартномаси талаблари бузилган бошқа ҳолларда, ташувчи томонидан белгиланган шакл бўйича, ташишнинг бузилиши тўғрисида далолатнома тузилиши шарт. Далолатноманинг бир нусхаси йўловчига берилади.


103. Йўловчи ёки унинг вакили багажнинг ташилиши бузилган ҳолларда ташиш йўналишидаги биринчи ёки охирги ташувчига зарарни қоплаш тўғрисида даъво қилиши мумкин.


104. Ташувчининг қоидаларида, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ, ташувчи багаж ташиш шартномаси талабларини бузган ҳолларда, багажни ва унинг эгасини қидиришни ташкил қилишдан тортиб то йўловчи томонидан олинмаган багажни сақлаш, ташиш шартномаси талаблари бузилиши бўйича даъволарни кўриб чиқиш, шикастланган, йўқолган ёки ушлаб қолинган багаж учун компенсация (ўрнини қоплаш) пулини тўлаш белгилаб қўйилиши лозим.


104-1. Учиб келган рейс йўловчиларига багаж топширилганидан кейин талаб қилиб олинмаган багаж уни олиб келган ташувчи ҳисобидан сақлаш ва бундай багажнинг эгасини қидириш ҳамда уни эгасига етказиб беришни ташкил этиш учун аэропортнинг тегишли хизматига топширилади.

Ташувчилар томонидан олиб келиниб, талаб қилиб олинмаган багаж аэропортда кўпи билан 3 ой сақланади ва аэропортнинг тегишли хизмати томонидан йўқ қилинади.

Чет эллик ташувчилар томонидан олиб келиниб, талаб қилиб олинмаган багаж аэропортда кўпи билан 7 кун сақланади ва уни олиб келган ташувчининг рейси билан қайтариб юборилади.

104-2. Талаб қилиб олинмаган багаждаги тез бузиладиган нарсаларда бузилиш белгилари аниқланган тақдирда, улар йўқ қилиниши лозим. Бунда аэропортнинг багаж қидирув хизмати ходимлари томонидан божхона хизмати вакили иштирокида талаб қилиб олинмаган багаж очилиб, ундан бузилган нарсалар далолатнома асосида олиб ташланиши мумкин. Бузилган нарсалар олиб ташлангандан сўнг, багажда қолган нарсалар рўйхати тузилиб, ёпилади ҳамда муҳрланади. Далолатномада багажнинг дастлабки ҳолати (вазни, ҳажми) ва ўлчаш натижалари акс эттирилиши шарт. Багажда қолган нарсалар рўйхати далолатномага илова қилинади.

104-3. Сақлаш муддати тамом бўлгач, аэропорт директори томонидан талаб қилиб олинмаган багажларни йўқ қилиш бўйича комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилади. Комиссия ишида аэропорт божхона хизмати ва ички ишлар органлари вакиллари иштирок этади. Бунда талаб қилиб олинмаган ва йўқ қилиниши лозим бўлган багажларнинг рўйхати аэропортнинг багаж қидирув хизмати томонидан тузилади ва Комиссияга тақдим этилади. Ушбу рўйхатга Талаб қилиб олинмаган багажни рўйхатга олиш журнали, талаб қилиб олинмаган багажнинг эгасини қидириб топиш учун берилган эълон нусхалари, багажни сақлашга қабул қилиш бўйича далолатнома нусхаси илова қилинади.

104-4. Тақдим этилган ҳужжатлар Комиссия томонидан кўриб чиқилгач, Комиссия аъзолари багажни очади ва ундаги предметларни хусусиятларига кўра ажратиб, йўқ қилиш учун қопларга жойлайди. Бунда Комиссия аъзолари бир марталик қўлқоплар ва маска-респираторлар билан таъминланиши шарт. Ёқиб юбориш орқали йўқ қилиб бўлмайдиган предметлар, жумладан қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо, яримқимматбаҳо тошлар, табиий марваридлар ва бошқа шунга ўхшаш предметлар эса, алоҳида рақамланган ва муҳрланган идишларга жойлаштирилади.

104-5. Комиссия қарори далолатнома билан расмийлаштирилади ва мазкур далолатнома Комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади ҳамда аэропорт директорининг имзоси билан тасдиқланади. Мазкур далолатномада йўқ қилиш учун ажратилган багажлар сони, багажларнинг ичидаги предметлар рўйхати ҳамда ёқиб юбориш орқали йўқ қилиб бўлмайдиган предметлар жойланган идишларнинг тартиб рақамлари кўрсатилиши керак.

104-6. Комиссиянинг багажни йўқ қилиш ҳақидаги қарори багаждаги предметларни йўқ қилиш учун асос ҳисобланади. Ёқиш орқали йўқ қилиб бўлмайдиган предметлар механик бузиш орқали, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтирилгандан сўнг, йўқ қилинади.

104-7. Қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо, яримқимматбаҳо тошлар ҳамда табиий марваридлар ва бошқа шунга ўхшаш предметлар йўқ қилинмайди. Бундай предметлар бўйича Комиссия аъзолари томонидан икки нусхада уларнинг вазни ва алоҳида белгилари кўрсатилган рўйхат тузилади. Мазкур рўйхат Комиссия аъзолари ва Комиссия ишида иштирок этган аэропортнинг божхона хизмати ва ички ишлар органлари вакиллари томонидан имзоланади. Аэропорт директори томонидан рўйхат расмийлаштирилгач, уч иш куни ичида унда назарда тутилган предметларни тасарруф қилиш бўйича тегишли қарор қабул қилиш учун фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши шарт.

104-8. Багажларни йўқ қилиш бўйича тегишли ҳужжатлар, шунингдек уларнинг йўқ қилинганлигини тасдиқловчи видео- ва фотоматериаллар тегишли аэропортда сақланади.


VII БОБ. ДАВЛАТ НАЗОРАТИНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ


105. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган ва ҳудудидан чиқиб кетаётган ёки транзит билан ўтаётган барча ҳаво кемалари, уларнинг экипажлари ва йўловчилари ҳамда уларнинг мулклари учун паспорт, божхона, валюта, санитария, карантин қоидалари ва бошқа қоидалар татбиқ этилади.


106. Йўловчи ташиш амалга оширилаётган учиб кетиш, транзит ва манзил давлатининг қонун ҳужжатлари талаб қиладиган барча амалдаги ташиш ҳужжатлари, визалар, тиббий ва бошқа ҳужжатларга эга бўлиши керак. Ташувчи йўловчининг кейинчалик транзит ёки манзил мамлакатидан чиқариб юборилишининг олдини олиш мақсадида, йўловчи томонидан керакли ҳужжатлар тақдим этилмаса ёки бу ҳужжатлар белгиланган талабга жавоб бермаса, бундай йўловчига ташишни рад этиш ҳуқуқига эга.


107. Йўловчи учишдан олдин аэропортда ёки ҳаво кемасида унга тегишли багажни Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари томонидан ўтказиладиган текшириш учун очиш пайтида иштирок этиши шарт. Ташувчи бу текширишни амалга ошириш ёки йўловчи бундай текшириш талабларига риоя қилмагани, шунингдек учиб кетиш, транзит ёки манзил давлат томонидан белгиланган тартибга риоя қилмаганликлари оқибатида вужудга келган багаж таркибидаги буюмларнинг йўқолиши ёки шикастланиши учун жавоб бермайди.


108. Йўловчи Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари, аэропорт хизматчилари ва ташувчилар томонидан авиация хавфсизлиги учун ўтказиладиган ҳар қандай назорат талабларини бажариши керак.


109. Ташувчи Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари билан келишилган ҳолда транзит ҳудудларини ташкил қилиш ёки бошқа усулларни қўллаш ҳисобига, Ўзбекистон Республикаси аэропортига бир давлатдан учиб келадиган ва шу куннинг ўзида шу аэропортнинг ўзидан, шу қатновни ёки бошқа қатновни бажарувчи ҳаво кемасида учинчи давлатга учиб кетадиган йўловчилар ва уларнинг багажлари, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ, келиб тушган аэропортда вақтинча қолиши мумкин бўладиган шароитларни яратиши керак.


110. Ташувчи Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари билан биргаликда, сутканинг тунги вақтида, зарурат бўлганда, оралиқ аэропортида ҳаво транспортида ташиш шартномасида белгиланган вақтдан кўпроқ ушланиб қолган халқаро транзит йўловчиларига Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари талабларига мувофиқ тунаш учун вақтинчалик жойлашишлари мақсадида аэропортни тарк этишга рухсат бериш чораларини кўриши керак.


111. Ўзбекистон Республикаси аэропортига олиб келинган йўловчига кириш ҳуқуқи ман этилган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилиши учун жавобгарлик кириши ман этилган йўловчини олиб келган ташувчи зиммасига юклатилади.


112. Агар йўловчига бирор давлатга кириш унинг тегишли давлатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаганлиги ёки талаб қилинган ҳужжатлари бўлмагани сабабли ман этилган бўлса, ташувчи йўловчини орқага қайтариб ташиш билан боғлиқ ҳар қандай транспорт ва бошқа харажатларни амалга оширишга мажбур бўлса, унда ташувчи йўловчининг чиқиб кетиши билан боғлиқ транспорт харажатларини ундан ундириш ҳуқуқига эга. Бунда ташувчи йўловчи чиптасининг фойдаланилмаган қисмидан ўзининг харажатларини қоплаш мақсадида фойдаланиши мумкин.

Йўловчининг кириш ман этилган манзилгача тўлаган ташиш учун тўловлари қайтариб берилмайди.


113. Ташувчи белгиланмаган жойга келган багажни унинг эгаси турадиган жойга юбориши мумкин. Бунда ташувчи белгиланмаган жойга янглиш юборилган багаж билан боғлиқ жарималар ва бошқа тўловларни тўлаш учун жавобгарликни олмайди.


114. Ташувчи эгаси топилмаган, талаб қилинмаган ёки янглиш юборилган багажни унинг эгаси номидан тегишли манзил пунктида техник текширув воситалари орқали олиб бориладиган божхона кўригидан ўтказиш учун тақдим этиши ва бундай багажни у жўнатилган манзилга етказиб бериши мумкин.


115. Зарурат бўлса, ташувчига эгаси топилмаган, талаб қилинмаган ёки янглиш юборилган багажнинг эгасини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, шунингдек аэропортнинг ташишларни ташкил этиш хизмати вакиллари иштирокида багажни очишга рухсат берилади.


VIII БОБ. ҲАВО ТРАНСПОРТИДА ТАШИШДА ЖАВОБГАРЛИК


116. Ҳаво транспортида ташишда ташувчининг жавобгарлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, фуқаролик қонун ҳужжатлари ва Ҳаво кодекси билан тартибга солинади.

116-1. Ҳаво транспортида ташиш йўловчилар ва багаж аэропортда, ҳаво кемаси ичида ёки бошқа учиш-қўниш жойида бўлишидан қатъи назар, ташувчининг жавобгарлиги остида бўлган вақт мобайнидаги даврни қамраб олади.

117. Ташувчи йўловчилар билан ўзининг жавобгарлик доирасини Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 6-сон, 247-модда), қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида белгиланган нормаларга нисбатан ошириш тўғрисида битимлар тузиши мумкин.


118. Ташувчи парвоз чоғида йўловчининг ўлими ёки соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган зарар учун, агар бу зарарнинг олдини олиш учун ташувчи барча зарур чораларни кўрганлигини ёки бундай чораларни кўришнинг иложи бўлмаганлигини исботлаб бера олмаса, мулкий жавобгар бўлади.

Агар йўловчининг ўлими ёки соғлиғининг ёмонлашуви қайтариб бўлмас куч натижасида содир бўлган бўлса, ташувчи, агар етказилган зарар ёки зарарнинг кўпайиши жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги натижаси эканлигини исботлаб бера олмаса, белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Етказилган зарар ёки зарарнинг кўпайиши жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги натижаси эканлигини ташувчи исботлаб берган бошқа ҳолларда фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий нормаларига мувофиқ зарар учун тўланадиган товоннинг миқдори камайтирилиши ёки зарарни қоплашдан халос этилиши мумкин.

Ташувчи йўловчининг ўлими ёки соғлиғи шикастланганлиги учун етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда қопланишини таъминлаши шарт.

119. Рўйхатдан ўтказилган багаж ташишга қабул қилиб олинган пайтдан эътиборан то у қабул қилувчига берилгунига ёки бошқа ваколатли шахсга топширилгунига қадар унинг йўқолганлиги, камомади ёки унга етказилган зарар учун ташувчи жавобгар бўлади.


120. Агар йўловчининг ёнидаги буюмлар йўқолса ёки уларга зарар етказилса ва бу йўқотиш ёки зарар ташувчининг айби билан юз берганлиги исботланса, ташувчи бу буюмлар учун моддий жавобгар бўлади.


121. Багаж ташишда зарар кўрган йўловчи, бу зарарни ўзининг хатти-ҳаракати туфайли кўрган бўлса, бу ҳоллар ташувчи томонидан исботланса, унда ташувчининг жавобгарлиги чегараланади ёки у жавобгарликдан озод қилинади.


122. Ҳаво кемасида ҳайвонларни кузатиб бораётган шахснинг ўлими ёки унинг соғлиғига етказилган зарар учун, агар бу ҳалокат ҳайвонларнинг хатти-ҳаракати туфайли рўй берган бўлса, ташувчи жавобгар бўлмайди.

Ҳайвонларнинг ўлими ёки жароҳатлангани учун, агар бу кўнгилсизлик табиий сабабларга кўра ёки уларни кузатиб бораётган шахснинг хатти-ҳаракати натижасида рўй берган бўлса, ташувчи жавобгар бўлмайди.


123. Ташувчи, ташиш шартномасини бажаришда йўл қўйган нуқсонлар ёки ўзининг ходимлари томонидан уларнинг хизмат вазифаларини бажариш пайтида атайин қилинган хатти-ҳаракатлар учун йўловчи ва уларнинг багажини биргаликда ташишда қатнашган бошқа ташувчилар олдида, агар бу ҳолат исботланса, жавобгардир.


124. Агар ташиш бир неча ташувчилар томонидан амалга оширилса, багажга келтирилган зиён сабаби қайси ташувчининг участкасида содир бўлганлиги аниқланмаганда, жавобгарлик ҳар бир ташишда қатнашувчи ташувчининг ташиш участкасининг узунлигига қараб белгиланади.


125. Ташувчининг айби билан йўловчининг кузатувида бўлган буюмларга зарар етказилганда ва бунда ташувчининг айби исботланганда, ташувчи белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


126. Багаж ёки йўловчи ёнидаги буюмларнинг йўқолгани, камомади ва уларга етказилган зарар учун ташувчи:

ташиш учун олинган қиймати эълон қилинган багажнинг йўқолгани ёхуд камомади учун - эълон қилинган қиймати миқдорида, агар ташувчи эълон қилинган қиймат ҳақиқий қийматдан баландлигини исбот қилса - ҳақиқий қиймат миқдорида;

қиймати эълон қилинмаган ҳолда ташиш учун қабул қилинган багажнинг, шунингдек йўловчи ёнидаги буюмларнинг йўқолганлиги, камомади ёхуд уларга етказилган зарар учун - Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда жавобгар бўлади.

127. Багаж ёки йўловчи ёнидаги буюмларнинг йўқолгани, камомади ва уларга етказилган зарар учун ташувчининг жавобгарлик миқдорини аниқлашда, ушбу багаж ва буюмларнинг умумий оғирлиги эътиборга олинади. Агар етказилган зарар битта багаж квитанцияси бўйича бошқа йўловчиларнинг багажи ва бошқа буюмларига зарар етказганда, бунда етказилган зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда, ушбу багаж ва буюмларнинг умумий оғирлиги ҳам эътиборга олинади.


128. Агар багаж квитанциясида багажнинг оғирлиги кўрсатилмаган бўлса, рўйхатга олинган багажнинг умумий оғирлиги, тегишли хизмат кўрсатиш тоифасига тааллуқли бепул ташишга қабул қилинадиган меъёрдан ошмаган деб ҳисобланади ва ташувчининг жавобгарлиги шу доирада белгиланади.


129. Багажнинг йўқолгани, камомади ва уларга етказилган зарар учун ташувчининг жавобгарлигини аниқлашнинг иложи бўлмаганда, етказилган зарар учун ташувчининг жавобгарлик доираси ушбу багажнинг ўртача оғирлик даражасига қараб белгиланади.


130. Ташувчи қуйидаги ҳолларда рўйхатга олинган багажни белгиланган манзилга етказишда кечикканлиги сабабли етказилган зарарлар учун тўловларни рад қилиш ҳуқуқига эга:

етказилган зарарлар учун талабнома билдириш муддати ўтиб кетганда;

багажнинг ичида бўлган зарур ҳужжатлар ёки бошқа буюмларнинг кечикиши натижасида йўловчи томонидан кўриладиган зарарлар учун;

йўловчининг хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслиги ёки аэропортда хавфсизликни таъминлаш мақсадида багажнинг кечикканлиги натижасида етказилган зарарлар учун;

йўловчининг айби билан багаж ташишнинг белгиланган қоидаларига мувофиқ ташишга тайёрланмаган ҳолда топширилганлиги натижасида келиб чиқадиган зарарлар учун.



VIII-1 БОБ. ТАШУВЧИНИНГ ХАТТИ-ҲАРАКАТИ

ОҚИБАТИДА ЙЎЛОВЧИ ТАШИШ ШАРТНОМАСИ

БАЖАРИЛИШИНИНГ КЕЧИКИШИ

130-1. Расмийлаштирилган чипта ва олдиндан банд қилинган жойга эга бўлган йўловчига ташувчи томонидан ҳаво кемасидан жой бериш рад этилган бўлса ва бу йўловчининг белгиланган вақтдан ортиқ учиш пунктида ушланиб қолишига сабаб бўлса, йўловчига етказилган зарар ташувчи томонидан компенсация тўлови ёки бепул қўшимча хизматлар кўрсатиш орқали қопланади.

Компенсация тўловини тўлаш тартиби ва миқдори ташувчи томонидан фуқаролик қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган қоидалар, Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси, мазкур Қоидалар, шунингдек жўнаб кетиш ёки транзит мамлакатнинг қонун ҳужжатлари ва халқаро тижорат иттифоқларининг талаблари асосида белгиланади.


130-2. Парвоз ташувчи томонидан белгиланган аниқ вақтдан кечикса, ташувчи йўловчига етказилган зарарни қоплаши шарт. Зарар миқдори парвоз купони нархидан келиб чиққан ҳолда ташувчи томонидан белгиланади.


130-3. Йўловчига етказилган зарар учун ташувчи томонидан қуйидаги бепул қўшимча хизматлар кўрсатилади:

бир маротаба телефон орқали гаплашиш ёки телеграмма юбориш ёки бошқа алоқа хизматларидан фойдаланишни таъминлаш;

парвозгача кутиш даврида ёки транспортнинг бошқа тури орқали ташишгача бўлган вақтда озиқ-овқат ва ичимлик суви билан таъминлаш;

ташувчи қоидаларида белгиланган муддат кутиш вақтидан кўра кўпроқ бўлса, меҳмонхона билан таъминлаш;

кутиш вақтида транспорт орқали аэропортдан вақтинчалик яшаш жойигача элтиб қўйиш ва қайтишни таъминлаш;

чиптада назарда тутилган туташ рейсларга кечикиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш.


130-4. Қуйидаги ҳолларда йўловчига компенсация тўловлари тўланмайди:

йўловчи бошқа рейсда учишдан бош тортса ва чипта учун тўланган пулнинг мажбурият бажарилмаган қисми доирасида жойида тўлаб беришни талаб қилса;

йўловчи ташувчининг чипта олиш ва рўйхатдан ўтишга келиш муддатлари билан боғлиқ талабларига риоя қилмаса;

йўловчи мазкур Қоидаларнинг 14-бандига асосан парвоздан четлатилганда;

йўловчи рўйхатдан ўтиб, учиб кетиш жойига келмаса;

рейсда йўловчига уни чиптасида кўрсатилган классдан юқорироқ классда қўшимча ҳақ олмасдан ташиш таклиф этилса;

ташув бепул амалга оширилаётган бўлса.


IX БОБ. ТАЛАБ ҚЎЙИШ ВА ДАЪВО


132. Йўловчи ёки багажни ташиш юзасидан ташувчига нисбатан даъво қўзғатишдан олдин унинг олдига талаб қўйилиши шарт, авиация ҳалокати натижасида йўловчининг ўлими ёки соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно.

Ташиш битта ташувчи томонидан бажарилган тақдирда талаблар даъвогарнинг хоҳишига кўра парвоз бошланган ёки тугаган манзилда билдирилади. Ташиш бир нечта ташувчи томонидан бажарилган тақдирда, багаж ташиш қоидаси бузилганлигига доир талаблар даъвогарнинг хоҳишига кўра биринчи ёхуд охирги ташувчига, йўловчининг ўлими юз берган ёки соғлиғига зарар етказилган тақдирда эса, ташишни йўналишнинг зарар юзага келган участкасида бажарган ташувчига билдирилади.

133. Халқаро ҳаво транспортида ташиш бўйича талаб ва даъволарни бериш муддати Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва "Халқаро ҳаво транспортида ташишларга доир айрим қоидаларни бирхиллаштириш ҳақида"ги Варшава Конвенцияси (1929 йил) билан белгиланади.

Мамлакат ичкарисидаги ташишларда талаб қўйиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 6-сон, 247-модда) 124-моддаси билан белгиланади.


134. Ташувчининг мулкий жавобгарлиги ташиш шартномасининг бузилганлиги тўғрисидаги далолатнома билан тасдиқланади.

Ташиш шартномасининг бузилганлиги тўғрисидаги далолатнома багажни бериш вақтида, багажнинг келмагани, камомади ёки шикастланганлигини тасдиқлаш учун тузилади.

Ташиш шартномасининг бузилганлиги тўғрисидаги далолатноманинг бўлмаслиги йўловчини талаб ва даъво қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.


135. Йўловчи ёки унинг вакили йўловчини ва багажини ҳаво транспортида ташиш шартномаси тузилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатларни, шунингдек ҳаво транспортида ташиш шартномаси бузилганлиги тўғрисидаги далолатномани тақдим этиб, ташувчига нисбатан талаб қўйиш ва даъво қўзғатиш ҳуқуқига эгадир.

Йўловчининг вафоти ёки соғлиғи ёмонлиги сабабли талаб ва даъвони ташувчига ўзи кўрсата олмайдиган ҳолларда, бундай даъвони қонунчилик асосида кўрилган зарарни қоплаш ҳуқуқига эга бўлган шахс кўрсатади.


136. Ташувчи Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 6-сон, 247-модда) ва халқаро шартномаларига асосан талаб ва даъволарни кўриб чиқиш тартибини белгилайди.



X БОБ. ТАШУВЧИ ТОМОНИДАН ТАШИШ ИШЛАРИНИ

ТАЪМИНЛАШ ХИЗМАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


137. Йўловчилар учун аэропортларда ташиш билан боғлиқ барча маълумотларни олиш учун ахборот хизмати ташкил этилиши лозим.


138. Аэропортларнинг ердаги хизматлари ташишни амалга оширишда бир суткалик парвозлар режаси ва тасдиқланган технологик иш жадвалига риоя этишлари лозим.


139. Ташувчи, унинг ердаги хизмат кўрсатиш агенти ва бошқа ваколатли давлат органлари томонидан ҳар бир йўловчининг учиши билан боғлиқ халқаро қатновлар учун амалга ошириладиган расмиятчиликларни бажариш вақти олтмиш дақиқадан, маҳаллий қатновлар учун эса, йигирма дақиқадан ошмаслиги керак.


140. Ташувчи, унинг ердаги хизмат кўрсатиш агенти ва бошқа ваколатли давлат органлари томонидан учиб келган ҳар бир йўловчининг қўниш билан боғлиқ белгиланган халқаро қатновлар учун амалга ошириладиган расмиятчиликларни бажариш вақти қирқ беш дақиқадан, маҳаллий қатновлар учун эса йигирма дақиқадан ошмаслиги керак.


141. Аэропортга келган ҳаво кемасида багажнинг қолиб кетиши ёки багаж унутиб қолдирилган ҳолларда, бундай багаж талаб қилинмаган багажларни сақлаш учун белгиланган қоидаларнинг шартларига кўра багаж қидирув хизматига сақлашга топширилади. Унутиб қолдирилган багажни, эгаси чиқмаган багажни сақлаш хонасига етказиш, тегишли аэропортларда ташувчининг қоидаларига асосан белгиланган тартибда амалга оширилади.


142. Аэропортда йўловчиларга зарур хизмат кўрсатиш мажмуаси ташкил этилиши керак. Аэропортнинг аэровокзалларида рўйхатдан ўтказиш (устунлари) заллари, чипталарни сотиш кассалари, маълумот берувчи хизмат, омонат сақлаш хоналари, она ва бола хоналари, дўконлар, дорихоналар, алоқа ва телеграф хизмати, валюта алмаштириш шохобчалари, шунингдек зарур бўлганда тиббий ёрдам, шаҳарлараро ва халқаро алоқа хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган бўлиши лозим.


143. Аэропортларда жисмоний имкониятлари чекланган йўловчиларга алоҳида ёрдам кўрсатилиб, кенг оммага кўрсатиладиган оддий хизматдан қулайроқ, кафолатланган хизмат кўрсатилиши керак. Бино, иншоотлар ва хизмат кўрсатиш ҳудудига кириладиган йўллар ва хизматнинг барча турлари жисмоний имкониятлари чекланган йўловчиларнинг ҳаракатланиши учун зарур бўлган талабларга жавоб бериши керак.


144. Аэропортлар технологик регламент ва жадвал асосидаги хизматни кўрсатиш учун, йўловчилар ва уларнинг багажларини расмийлаштириш, багажларни тайёрлаш ва юклаш, учиб келган йўловчиларни кутиб олиш, ҳаво кемасидан багажни тушириш ва топшириш, шунингдек учиш ва қўниш билан боғлиқ ердаги хизмат кўрсатишнинг бошқа технологик амалиётларини бажариш учун, зарур технологик жиҳозлар ва алоқа воситалари билан таъминланган бўлиши, шу билан бирга аэропортнинг оддий тартибда ишлаши учун имкон берадиган миқдорда махсус хизмат ва технологик зоналарга эга бўлиши керак.


145. Парвоз қатновларига хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган барча ускуналар ишга туширилишидан олдин уларнинг созлиги текширилиши керак.



XI БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


146. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ва Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 26-сон, 275-модда