язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Паспорт ва виза тизими/ Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.07.2011 й. 200-сон қарорига 1-илова)

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 7 июлдаги

200-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг

биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган

шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг

ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги ПФ-4262-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини (кейинги ўринларда паспорт деб аталади) бериш тартибини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатини (кейинги ўринларда ҳаракатланиш ҳужжати деб аталади) бериш тартибини ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет элга чиқиши учун ва 16 ёшга тўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга уларнинг чет элга чиқишида рухсатномани расмийлаштиришни тартибга солади.


2. 16 ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси (кейинги ўринларда фуқаро деб аталади), шунингдек 16 ёшга тўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахслар (кейинги ўринларда фуқаролиги бўлмаган шахс деб аталади) чет элга чиққанида уларнинг ота-оналари, васийлари (ҳомийлари), муассасалар ва ташкилотлар вакиллари ушбу Низомнинг 15-бандида ("б" кичик банд бундан мустасно) назарда тутилган ҳолларда фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий рўйхатдан ўтган жойидаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Миграция ҳамда фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг ҳудудий бўлинмаларига (кейинги ўринларда маълумотларни йиғиш пунктлари деб аталади) мурожаат қиладилар.

Фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс доимий пропискадан ўтмаган тақдирда паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини олиш учун унинг ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) аввалги пропискадан ўтган жойдаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилишлари мумкин.

Фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс пропискадан ўтганлиги ҳақида маълумотлар бўлмаган тақдирда унинг ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини олиш учун у келган жойдаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилишлари мумкин.

Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ уларга кириш учун кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган хорижий давлатларга чиқишида чет элга чиқиш учун рухсатнома ёзуви стикерини расмийлаштириш талаб этилмайди.

3. Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасаларида (кейинги ўринларда маълумотларни йиғиш пункти деб аталади) доимий ёки вақтинча консуллик ҳисобида турган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар паспортни ёки ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш учун ушбу Низомнинг 15-бандида ("а" кичик банд бундан мустасно) назарда тутилган ҳолларда чет элдаги консуллик ҳисобида туриш жойидаги тегишли маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қиладилар.

Бунда вояга етмаган шахслар номидан уларнинг ота-оналари, васийлари (ҳомийлари), муассасалар ва ташкилотлар вакиллари тегишли илтимосномалар билан мурожаат қиладилар.


4. Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасаларида доимий консуллик ҳисобида турган ва Ўзбекистон Республикасига вақтинча келаётган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Низомнинг 15-бандида ("б" кичик банд бундан мустасно) назарда тутилган ҳолларда, паспорт ҳамда ҳаракатланиш ҳужжатини олиш ва алмаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қиладилар.

Бунда вояга етмаган шахслар номидан уларнинг ота-оналари, васийлари (ҳомийлари), муассасалар ва ташкилотлар вакиллари тегишли илтимосномалар билан мурожаат қиладилар.


5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига (кейинги ўринларда ДПМ деб аталади) буюртманома жўнатилгандан кейин ўн иш куни мобайнида, чет элда - ўн беш иш куни мобайнида, белгиланган тартибда маълумотларни йиғиш пунктида берилади.

Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилганда янги паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилганлик тўғрисида ариза берилган кундан бошлаб бир ой мобайнида берилади.


6. Паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжати ушбу ҳужжатларни олиш ҳақида илтимоснома берган ота-оналарга, васийларга (ҳомийларга), муассасалар ва ташкилотлар вакилларига берилади.


7. Паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжати қуйидаги амал қилиш муддати билан расмийлаштирилади:

туғилган пайтидан бошлаб бир ёшга тўлгунигача - икки йил муддатга;

бир ёшдан ўн олти ёшга тўлгунигача - беш йил муддатга.

Бунда паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг 16 ёшидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Истисно ҳолларда фуқаронинг паспорти, агар республикадан ташқарига чиқиш пайтида унинг ёши 15 ёшдан катта бўлса, ўн йил муддатга берилиши мумкин. Бунда ота-оналар, васийлар (ҳомийлар), муассасалар ва ташкилотлар вакиллари фуқаронинг бир йилдан ортиқ муддатга чиқиши ҳолатини (ўқиш, даволаниш, халқаро спорт мусобақаларида, маданий ва бошқа тадбирларда қатнашиш, доимий яшаш ва шу кабилар) тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни тақдим этишлари керак.

16 ёшга тўлмаган шахснинг паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжати амал қилиш муддати тамом бўлгандан кейин бир ой муддатдан кечикмай маълумотларни йиғиш пунктига мажбурий тартибда топширилади.


8. Паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжати фуқаронинг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳисобланади ҳамда жаҳоннинг исталган мамлакатига чиқиш учун ҳақиқийдир.


9. Паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжати бланклари қатъий ҳисоб бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади.

Паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжати бланкалари "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланади, паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжатларини персоналлаштириш, ишлаб чиқариш жараёнида яроқсиз деб топилган ва маълумотларни йиғиш пунктларидан алмаштириш учун қайтарилган паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжатларини ҳисобга олиш ва йўқ қилиш ДПМда, паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжатларини эгаларига бериш, муддати ўтган ва ўрнатилган тартибда ҳақиқий эмас деб топилган паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжатларини ҳисобга олиш ва йўқ қилиш - маълумотларни йиғиш пунктларида амалга оширилади.

10. Паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжати белгиланган намуна бўйича тайёрланади ҳамда ўзбек ва инглиз тилларида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса - қорақалпоқ, ўзбек ва инглиз тилларида персоналлаштирилади.


11. Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати бланкасига қуйидаги асосий маълумотлар ёзилади:

паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини берган давлатнинг номи;

ҳужжатнинг номи;

ҳужжатнинг тури;

паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини берган давлатнинг коди;

паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг тартиб рақами;

фамилияси, исми, отасининг исми;

миллати;

фуқаролиги;

туғилган санаси;

туғилган жойи;

жинси;

берилган санаси;

ким томонидан берилганлиги;

персоналлаштирувчи орган;

амал қилиш муддати тугайдиган сана;

эгасининг рақамли сурати;

эгаси ҳақидаги машина ўқийдиган маълумотлар.


12. Чипга қуйидаги маълумотлар ёзилади:

паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати эгаси тўғрисидаги биографик маълумотлар;

эгасининг рақамли сурати;

қўл бармоқлари излари - 15 ёшга тўлгандан кейин.


13. Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатига:

паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати эгасининг рўйхатдан ўтказилганлиги ва рўйхатдан чиқарилганлиги тўғрисидаги;

хорижга чиқиш учун рухсатнома ёзуви тўғрисидаги (стикер);

ҳамроҳлик қилаётган шахслар тўғрисидаги;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш тўғрисидаги;

консуллик ҳисобига олингани ёки консуллик ҳисобидан чиқарилгани тўғрисидаги;

хорижий давлатларга кириш учун рухсатнома (виза) тўғрисидаги;

илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

Ота-оналар, васийлар (ҳомийлар) розилиги билан паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатида ҳужжат эгаси қони гуруҳи ва қайси резусга мансублиги тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.


14. Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатига:

паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати эгасининг рўйхатдан ўтказилганлиги ва рўйхатдан чиқарилганлиги тўғрисидаги, хорижга чиқиш учун рухсатнома ёзуви тўғрисидаги, ҳамроҳлик қилаётган шахслар тўғрисидаги, илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни - ички ишлар органлари бўлинмалари;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтганлик ва илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни - чегара назорати бўлинмалари;

ҳужжат эгасининг қон гуруҳи ва қайси резусга мансублиги тўғрисидаги маълумотларни - соғлиқни сақлаш муассасалари;

консуллик ҳисобига олингани ёки консуллик ҳисобидан чиқарилгани тўғрисидаги, чет элга чиқиш учун рухсатнома ёзуви, ҳамроҳлик қилаётган шахслар, илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни - Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари;

хорижий давлатларга кириш учун рухсатнома (виза) тўғрисидаги маълумотларни - хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари киритадилар.

Паспортлар ёки ҳаракатланиш ҳужжатларига ушбу Низомда назарда тутилмаган ёзувлар ва қайдларни киритиш тақиқланади.



II. ПАСПОРТ ЁКИ ҲАРАКАТЛАНИШ ҲУЖЖАТИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ ТАРТИБИ


15. Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилади ва берилади:

а) Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетилаётганда;

б) бола чет элда туғилганда;

в) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тугаганда;

г) шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганда;

д) ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганда;

е) рўйхатдан ўтказиш (рўйхатдан чиқариш), алоҳида маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган саҳифалари ишлатиб бўлинганда;

ж) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати бланки яроқсиз бўлиб қолганда;

з) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилганда.

Фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганлиги ёки ёзувларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати алмаштирилган ҳолларда маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади.


16. Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини бериш учун белгиланган шаклдаги ариза;

б) ушбу муассаса ёки ташкилот орқали чет элга чиқилган тақдирда муассаса ёки ташкилотнинг белгиланган намунадаги буюртманомаси;

в) туғилганлик ҳақида гувоҳнома;

г) 35 x 45 мм ўлчамли фотосурат;

д) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқотилган ёки ўғирланган ҳолларда фуқаро ва фуқаролиги бўлмаган шахс қонуний вакилларининг ёзма аризаси;

е) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқолганлиги тўғрисида маълумотнома (чет элда йўқолганда);

ж) давлат божи ёки консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар тўланганлиги ҳақида квитанция.


17. Тақдим этилган ҳужжатлар асосида маълумотларни йиғиш пункти фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг таржимаи ҳолига оид маълумотларни тўплайди, электрон шаклдаги қўл бармоқ изларини олади (15 ёшдан катта шахслар учун), шахсни олд томонидан рақамли форматда суратга олади ва паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш учун буюртманома тузиб, сўнгра ДПМга жўнатади.


18. Агар шахс (15 ёшдан катта шахслар учун) қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ва кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти унга паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати расмийлаштиришни рад этиш ҳуқуқига эга.


19. Маълумотларни йиғиш пункти янги паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини бериш чоғида илгари берилган паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини йўқ қилиш учун олиб қўяди.

20. Тайёр паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини ДПМ кейинчалик дипломатик каналлар бўйича чет элдаги маълумотларни йиғиш пунктига бериш учун Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Давлат фельдъегерлик хизмати орқали паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш учун буюртманома жўнатган маълумотларни йиғиш пунктига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига беради.

21. Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш жараёнида боланинг миллати ота-оналарнинг миллати бўйича аниқланади, агар ота-оналар турли миллатларга мансуб бўлсалар, паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини беришда фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг миллати паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини олувчининг хоҳишига кўра отаси ёки онасининг миллати бўйича ёзилади.


22. Фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ва уларнинг қонуний вакиллари паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжатини эҳтиётлаб сақлаши керак.

Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқолган тақдирда фуқаро ва фуқаролиги бўлмаган шахс ёхуд уларнинг қонуний вакиллари дарҳол бу ҳақда доимий пропискадан ўтган, келган ёки консуллик ҳисобида турган жойдаги маълумотларни йиғиш пунктига ариза беришлари шарт, бу пункт қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-тамойилларни амалга оширганидан кейин уларга ушбу Низомда назарда тутилган тартибда янги паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини беради.

23. Вақтинча чет элда бўлган ва консуллик ҳисобида турмаган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикасига қайтишга сертификат олиш учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли консуллик муассасасига мурожаат қиладилар.

Вақтинчалик консуллик ҳисобига олиш ўқиш, даволаниш, халқаро спорт мусобақаларида, маданий ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун хорижга чиқиб кетган ва хорижга вақтинча чиқишни белгиланган тартибда расмийлаштирган вояга етмаган шахсларга расмийлаштирилади.

Вақтинчалик консуллик ҳисобига олиш, агар шахс мамлакатда очиқчасига турган бўлса ва агар у мазкур мамлакатга олти ойдан ортиқ муддатга келган бўлса, расмийлаштирилади.


24. Вафот этган фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжати маълумотларни йиғиш пунктига йўқ қилиш учун топширилади.

25. Топилган паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати ички ишлар органига ёхуд Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасига топширилиши керак.


26. Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини олиб қўйиш, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, шунингдек гаровга топшириш ва бошқа шахсларга бериш тақиқланади.


27. Ушбу Низомни амалга ошириш учун зарур бўлган муҳрлар, штамплар ва бланклар намуналари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

28. Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини берганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади. Тўлиқ давлат қарамоғида бўлган шахслар давлат божи тўлашдан озод қилинади.



III. ХОРИЖГА ЧИҚИШ УЧУН РУХСАТНОМАНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


29. Хорижга вақтинча чиқишга стикерни расмийлаштириш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

а) белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

б) ушбу муассаса ёки ташкилот орқали чиқилган тақдирда муассаса ёки ташкилотнинг белгиланган намунадаги буюртманомаси;

в) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати;

г) туғилганлик ҳақида гувоҳнома;

д) 35 х 45 мм ўлчамли тўртта фотосурат;

е) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бирга яшайдиган ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги;

ж) фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга ҳамроҳлик қилаётган шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти;

з) давлат божи ёки консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар тўланганлиги тўғрисида квитанция.

Фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ота-оналардан бири билан хорижга вақтинча чиқаётганда ота-оналардан иккинчисининг розилиги талаб қилинмайди.


30. Доимий яшаш мақсадида чет элга чиқиш учун стикерни расмийлаштиришда маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

а) ушбу Низомнинг 29-бандида назарда тутилган ҳужжатлар;

б) 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган чет элга чиқиб кетаётган фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг нотариал тасдиқланган розилиги;

в) ота-оналардан бири вафот этган тақдирда - унинг вафоти тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси.

Фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ота-оналари билан биргаликда доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетаётганда 29-банднинг "е" кичик бандида назарда тутилган розилик талаб қилинмайди.


31. 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ота-оналари, васийлари (ҳомийлари)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда чет элга чиқиши учун нотариал тасдиқланган розилиги мавжуд бўлган тақдирда хорижга ҳамроҳларсиз чиқишлари мумкин.


32. Фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга вақтинча чиқишига рухсатномани расмийлаштириш тўғрисидаги мурожаати қондирилганда унинг паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжатига икки йил муддатга амал қиладиган стикер ёпиштирилади. Стикернинг амал қилиш муддати тугагач паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатига ушбу Низомда назарда тутилган тартибда амал қилиш муддати икки йил бўлган янги стикер ёпиштирилади. Бунда стикернинг амал қилиш муддати тегишли паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаслиги керак.


33. Доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқаронинг паспортига ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатига амал қилиш муддати ноаниқ бўлган тегишли стикер ёпиштирилади, бироқ бунда стикер берилган сана мажбурий тартибда кўрсатилади.



IV. УШБУ НИЗОМ БУЗИЛГАНЛИГИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


34. Қонун ҳужжатларида қуйидагилар учун жавобгарлик белгиланади:

паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тамом бўлгандан кейин уларни ўз вақтида топширмаслик;

паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини атайлаб яроқсизлантириш, шунингдек паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқолишига сабаб бўлган - уларни эҳтиёт қилиб сақламаслик;

16 ёшга тўлмаган шахсларнинг паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжатидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, сўнгра уларни йўқотиб қўйганлик тўғрисида ариза бериш, шунингдек бошқа шахсларга тегишли бўлган паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатидан фойдаланиш;

фуқародан ва фуқаролиги бўлмаган шахсдан паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжатини ноқонуний олиб қўйиш ёки уларни гаров сифатида қабул қилиш;

16 ёшга тўлмаган шахсларнинг паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжатини ғаразли ёки бошқа тубан мақсадларда эгаллаб олиш, худди шунингдек уларни йўқ қилиш, яроқсизлантириш, яшириш.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 29-сон, 301-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 7-сон, 63-модда