язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш/ Қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш бўйича дастурларини тайёрлаш ва қабул қилиш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторинги тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.08.2011 й. 227-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 5 августдаги

227-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш

ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Қонунчилик палатасига киритиш бўйича дастурларини

тайёрлаш ва қабул қилиш, шунингдек уларнинг

бажарилиши мониторинги тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш бўйича дастурларини (кейинги ўринларда қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари деб аталади) тайёрлаш ва қабул қилиш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторинги тартибини белгилайди.

2. Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари ҳар йили қабул қилинади ва келгуси йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш мўлжалланаётган қонун лойиҳаларини тайёрлашни назарда тутади.

3. Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига қуйидагиларда:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва қонунларида;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларида;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида ва топшириқларида;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида ва топшириқларида;

мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббусларида ва таклифларида назарда тутилган қонунлар лойиҳалари киритилади.

4. Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг комплекслилигини ва ўзаро бир-бирини тўлдиришини ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалардаги демократик ўзгаришларни амалга ошириш учун зарур бўлган қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш назарда тутилади.

5. Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президентига Ҳукуматнинг қонун лойиҳаларига доир фаолияти, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳужжатлари ва топшириқларининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан бажарилиши тўғрисида ахборот беради.

6. Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қонун лойиҳаларини тайёрлаш бўйича таклифларини белгиланган тартибда кўриб чиқади ва уларни ишлаб чиқиш бўйича ўз фаолиятини улар билан мувофиқлаштиради.


II. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИГА ДОИР ИШЛАР

ДАСТУРЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


7. Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларининг лойиҳалари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (кейинги ўринларда манфаатдор ташкилотлар деб аталади) таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.

Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларининг лойиҳаларида қуйидагилар назарда тутилади:

қонун лойиҳасининг ишчи номи;

қонунни қабул қилиш зарурлигининг асосланиши ва у қабул қилинган тақдирда кутиладиган натижалар;

қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъул ижрочилар;

қонун лойиҳаси муҳокамасини ўтказиш бўйича тадбирлар (зарурият бўлганда);

қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш муддати.

Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг қонун лойиҳаси кўриб чиқилиши учун масъул бўлган таркибий бўлинмаси.

Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларининг лойиҳаларида бошқа қоидалар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига киритиш учун таклифларни (кейинги ўринларда таклифлар деб аталади) тайёрлашда, фақат амалдаги қонунларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш билангина чекланиб қолмай, мустақил ва яхлит қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилади.

8. Келгуси йил учун таклифлар манфаатдор ташкилотлар томонидан, уларнинг биринчи раҳбарлари (истисно ҳолатларда - уларнинг биринчи ўринбосарлари) имзоси билан жорий йилнинг 1 октябригача Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.

9. Таклифлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ушбу Низомга иловага мувофиқ шакл бўйича жадвал тарзида тақдим этилади, жадвалга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

қонун лойиҳаси қабул қилиш зарурияти асослари ва кутиладиган натижалар назарда тутилган қонун лойиҳасининг концепцияси;

қонун лойиҳасига тушунтириш хати - агар қонун лойиҳаси матни тайёрланган бўлса;

қабул қилиниши, ўзгартирилиши ёки қўшимчалар киритилиши, қонун лойиҳаси қабул қилинганлиги муносабати билан ўз кучини йўқотган деб эътироф этилиши лозим бўлган қонун ва қонун ости ҳужжатларининг рўйхати - агар қонун лойиҳаси матни тайёрланган бўлса;

халқаро ҳужжатларни ва хорижий мамлакатларнинг қонун ҳужжатларини ўрганиш якунлари бўйича таҳлилий ахборот;

қонун лойиҳасининг жамоатчилик ёки мутахассислар муҳокамасини ўтказишнинг тахмин қилинаётган санаси тўғрисидаги ахборот (зарурият бўлганда).

10. Манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари таклифларнинг сифати, асосланганлиги ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ўз вақтида киритилиши учун шахсан жавоб берадилар.

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор ташкилотларнинг таклифларини тизимли, пухта ва танқидий кўриб чиқади, ишлаб чиқиш таклиф этилаётган қонунлар лойиҳаларининг устуворлигини, асосланганлигини ва долзарблигини, шунингдек уларнинг қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқлигини ўрганади.

Таклифларни ўрганиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

таклифлар ушбу Низомда назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда уларни манфаатдор ташкилотларга қайтариш;

қонун лойиҳалари бўйича қўшимча таҳлилий материалларни сўраб олиш, шунингдек қонун лойиҳаларини қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари лойиҳаларига киритиш учун чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилиш ва етарлича асосни ишлаб чиқиш учун манфаатдор ташкилотларнинг ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда бошқа фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини жалб этган ҳолда ишчи гуруҳлар ташкил этиш ҳуқуқига эга.

Манфаатдор ташкилотларнинг таклифларини кўриб чиқиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги навбатдаги йил учун қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари лойиҳасини шакллантиради.

12. Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари лойиҳасида, қоидага кўра, қонунлар лойиҳалари қуйидаги гуруҳлар бўйича жойлаштирилади:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларида, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқларида назарда тутилган қонунлар лойиҳалари;

мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олинган ҳолда манфаатдор ташкилотларнинг ташаббуслари ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган қонунлар лойиҳалари.

12-1. Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларининг лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор ва бошқа ташкилотлар билан олдиндан келишилади.

12-2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги олдиндан келишув натижаларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари лойиҳасини қайта ишлаб чиқади ва уни муҳокама қилишни ташкил этади.

12-3. Муҳокама қилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг (мажбурий тартибда), шунингдек манфаатдор ва бошқа ташкилотлар вакиллари қатнашадилар.

Муҳокама қилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳам қатнашиши мумкин.

12-4. Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, зарурият бўлганда, қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари лойиҳасини қайта ишлаб чиқади ҳамда уни келишиш (виза қўйиш) учун манфаатдор ва бошқа ташкилотларга белгиланган тартибда юборади.

13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари лойиҳасини тайёрлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилишининг қонунчилик асосларини, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенгаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тузилган қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича комиссиялар ва ишчи гуруҳлар, таълим ва илмий муассасалар, шунингдек бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

14. Келгуси йилга қонун лойиҳаларига доир ишлар дастури лойиҳаси манфаатдор ташкилотлар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига жорий йилнинг 1 декабригача бўлган муддатда киритилади.


14-1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили қонун лойиҳаларига оид ишлар дастури сифатли тайёрланиши ва ўз вақтида киритилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида пухта ишлаб чиқилиши ва ахборот берилиши учун жавоб беради.

15. Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмаси билан келишилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмаси билан келишилгандан кейин қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун киритилади.

16. Қабул қилинган қонун лойиҳаларига доир ишлар дастури Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, шунингдек манфаатдор ташкилотларга юборилади.


16-1. Қонун лойиҳасининг асосий ижрочиси бўлган манфаатдор ва бошқа ташкилотлар навбатдаги йил учун қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун мобайнида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режа-графигини ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режа-графиги манфаатдор ва бошқа ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режа-графигининг нусхаси у тасдиқланган пайтдан икки кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилади, унга қуйидагилар тўғрисидаги ахборотлар илова қилинади:

қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича асосий ижрочи бўлган таркибий бўлинманинг номи;

қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш учун масъул бўлган шахслар, улар билан боғланиш маълумотлари.

17. Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида, шунингдек ушбу Низом талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг таклифларига кўра амалга оширилади.


18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлари унинг ўз ташаббусига кўра ёки манфаатдор ташкилотларнинг ушбу Низомга мувофиқ тақдим этилган таклифларини кўриб чиқиш якунлари бўйича киритилади.



III. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИГА ДОИР ИШЛАР

ДАСТУРЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ ВА ИЖРО

ЭТИШ ЖАРАЁНИ МОНИТОРИНГИ


19. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

қонун лойиҳаларига доир ишлар дастури лойиҳасига киритиш учун таклифларни тайёрлашда, унга киритилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш ва киритишда манфаатдор ташкилотлар ишининг амалда мувофиқлаштирилишини таъминлайди, шунингдек методик раҳбарликни амалга оширади;

манфаатдор ташкилотлар иштирокида қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига киритиш учун таклифларни тайёрлашни ташкил этиш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва келишиш, шунингдек улар бажарилиши мониторинги масалалари бўйича тизимли асосда семинарлар ўтказади;

қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари бажарилиши устидан самарали ва тизимли мониторингни амалга оширади, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритишда манфаатдор ташкилотларга зарур ёрдам беради;

ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига қонун лойиҳалари ўз вақтида киритилмаслигининг сабаблари ва шартлари, уларнинг паст сифати кўрсатилган, шунингдек қонун лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш ва киритишни таъминлаш бўйича таклифлар билдирилган ҳолда қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари бажарилиши тўғрисида ахборот киритади.

20. Манфаатдор ташкилотларнинг раҳбарлари тайёрланадиган қонун лойиҳаларининг сифати, асосланганлиги ва ўз вақтида тайёрланиши, шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламенти билан белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши учун шахсан жавоб берадилар.

21. Қонун лойиҳаси тайёрланиши учун масъул бўлган манфаатдор ташкилот:

қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини ташкил этади, ҳамижрочилар ишини мувофиқлаштиради, зарур ҳолларда бошқа манфаатдор ташкилотлар ходимларини жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этади;

қонун лойиҳаси билан тартибга солинадиган предмет ва уни қўллаш амалиёти доирасида қонунчиликни ўрганади;

муайян ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга салбий таъсир кўрсатадиган бўшлиқлар ва номувофиқликларни, шунингдек ушбу ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш эҳтиёжини белгилайди;

қонун лойиҳасини қабул қилиш натижасида қонунчиликнинг самарадорлигига таъсир кўрсатадиган сабаблар ва шартларни ўрганади;

етакчи хорижий мамлакатларда тегишли ҳуқуқий муносабатларни қонунчилик йўли билан тартибга солиш тажрибасини ўрганади;

тайёрланган қонун лойиҳасининг белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди;

ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 5-кунигача Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларининг тегишли бандлари бажарилиши, шунингдек қонун кучга киргунга қадар улар лойиҳаларининг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.

22. Қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари бажарилиши мониторинги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилиб, ўз ичига манфаатдор ташкилотлар томонидан қонун лойиҳаларининг сифати ва уларни ишлаб чиқишнинг белгиланган муддатларига риоя қилинишини, шунингдек уларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича талабларга, халқаро нормалар ва стандартларга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқлигини баҳолашни олади.

23. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳар ойда қонун лойиҳаси ишлари дастурлари бажарилишининг боришини кўриб чиқади.

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларида назарда тутилган муддатлардан орқада қолинган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бу ҳақда манфаатдор ташкилотларни ёзма шаклда хабардор қилади.

24. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари бажарилиши мониторингини амалга ошириш учун қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари лойиҳасини шакллантириш, шунингдек қонун лойиҳаларига доир ишлар масалалари бўйича манфаатдор ташкилотлардан зарур маълумотларни сўраб олиш ва ёзма тушунтириш беришни талаб қилиш, юқорида кўрсатиб ўтилган масалалар бўйича улар фаолияти мониторингини олиб бориш ҳуқуқига эга.

Сўраладиган маълумотлар ва ёзма тушунтиришлар манфаатдор ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига 10 кун муддатда етказилади.


25. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-кунигача Вазирлар Маҳкамасига қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари бажарилиши тўғрисида ахборот киритади.

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш муддатлари бузилган ёки улар сифатсиз тайёрланган ҳолларда, адлия вазири бу ҳақдаги масалани манфаатдор ташкилотлар раҳбарларини тегишли жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Президиумига кўриб чиқиш учун киритиш ҳуқуқига эга.

26. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳар йилнинг якунлари бўйича манфаатдор ташкилотларнинг қонун лойиҳаларига доир ишлар дастури лойиҳасини шакллантириш, шунингдек қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларида назарда тутилган қонун лойиҳаларини тайёрлаш бўйича фаолияти натижаларини умумлаштиради ва баҳолайди.

26-1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили қонун лойиҳаларига оид ишлар дастурлари ижросининг мониторингини олиб боради, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг қонун лойиҳаларига оид ишлар дастурини ўз вақтида ва сифатли ижро этишларига доир ишларини мувофиқлаштиришда иштирок этади.

27. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида, шунингдек президиумларида манфаатдор ташкилотлар раҳбарларининг қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига киритилган қонун лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш тўғрисидаги ҳисоботлари тизимли асосда эшитилиши мумкин.


IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилади.






Низомга

ИЛОВА


20__ йилда қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш

ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Қонунчилик палатасига киритиш дастури лойиҳасига

ТАКЛИФЛАР

Т/р

Қонун лойиҳасининг

ишчи номи


Қонунни қабул қилиш

зарурлигининг асосланиши

ва у қабул қилинган тақдирда

кутиладиган натижалар


Қонун лойиҳасини

ишлаб чиқиш

бўйича масъул

ижрочилар


Қонун лойиҳаси

муҳокамасини

ўтказиш бўйича

тадбирлар


Қонун

лойиҳасини

Вазирлар

Маҳкамасига

киритиш муддати


       

I. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва қонунларида,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларида,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларида,

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқларида назарда тутилган

қонунлар лойиҳалари

      

1.







2.







3.







     

II. Мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришнинг

устувор йўналишларини ҳисобга олинган ҳолда манфаатдор ташкилотларнинг

ташаббуслари ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган қонунлар лойиҳалари

    

1.







2.







3.







        

 

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 32-33-сон, 335-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 8-сон, 69-модда