язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Спорт тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш/ Терма жамоалар ҳамда уларнинг захираси спортчилари ва тренерларининг энергия сарфларини қоплашга ва жисмоний ресурсларини тиклаш учун мақсадли пул (молиявий) маблағларини сарфлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.04.2011 й. 121-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 27 апрелдаги

121-сон қарорига

1-ИЛОВА



Терма жамоалар ҳамда уларнинг захираси

спортчилари ва тренерларининг энергия сарфларини

қоплашга ва жисмоний ресурсларини тиклаш учун

мақсадли пул (молиявий) маблағларини

сарфлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда республика, халқаро спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларида қатнашиш учун сифатли тайёрлаш мақсадида терма жамоалар ҳамда уларнинг захираси спортчилари ва тренерларининг энергия сарфларини қоплаш ва жисмоний ресурсларини тиклаш учун мақсадли пул (молиявий) маблағларини сарфлаш ва тақсимлаш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги;

спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси (кейинги ўринларда календарь режа деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиладиган халқаро ва республика миқёсидаги расмий спорт ёки оммавий жисмоний тарбия тадбирлари рўйхатини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси спорт терма жамоаларини халқаро спорт тадбирларига тайёрлаш ва уларнинг иштирок этишини таъминлаш бўйича тадбирлар рўйхатини белгиловчи ҳужжат;

спорт тури - жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури бўлиб, у инсоннинг спорт мусобақаларига ўзига хос тарзда тайёргарлик кўриши билан ажралиб туради, спорт мусобақаларини ўтказиш ва уларда иштирок этишга доир талаблар, тартиб ва шартлар белгиланадиган қоидаларга, низомга (регламентга) эга бўлади;

спортчи - танлаган спорт тури ёки спорт турлари билан мунтазам шуғулланадиган, доимо ўзининг спорт маҳоратини ошириб борадиган ва спорт тадбирларида қатнашадиган жисмоний шахс;

тренер - тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномага эга бўлган ҳамда ўқув-машқ, оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказишни, шунингдек спорт натижаларига эришиш учун беллашув фаолиятига раҳбарликни амалга оширувчи жисмоний шахс;

Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари (кейинги ўринларда терма жамоалар деб аталади) - халқаро спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларда Ўзбекистон Республикаси номидан иштирок этиш учун турли ёш гуруҳларига тегишли спортчилар, тренерлар, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги олимлар ва бошқа мутахассислар, тиббиёт мутахассислари ҳамда бошқа мутахассислар жамоалари;

йиғма жамоаларнинг тренерлар кенгаши - спорт турлари бўйича йиғма жамоаларнинг бош (катта) тренерлари ва тренерлари, бошқа етакчи ва нуфузли тренерлар, врачлар, комплекс илмий гуруҳлар раҳбарлари ва спорт турлари бўйича республика федерациялари (уюшмалари, марказлари ва шу кабилар) ҳузурида ёки улар бўлмаган тақдирда  спорт турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаблари ҳузурида ташкил этиладиган терма жамоаларнинг бошқа мутахассисларидан иборат бўлган, йиғма жамоаларнинг спорт, педагогик ва тарбиявий фаолиятини тартибга солиб борувчи жамоа;


энергия сарфларини қоплаш ва жисмоний ресурсларни тиклаш учун маблағлар (кейинги ўринларда қоплаш деб аталади) - узлуксиз ўқув-тренировка машғулотлари, календарь режага мувофиқ, ушбу мақсадлар учун ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида ўтказиладиган халқаро (Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари (кубоклари) ва республика мусобақалари даврида терма жамоалар ва уларнинг захираси спортчилари ва тренерларининг энергия сарфларини қоплаш ва жисмоний ресурсларини тиклаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга мўлжалланган молиявий маблағлар;


қоплаш лимити - бир ой учун ҳисобланадиган ва қоплаш учун ҳар кунги сарфлардан иборат бўладиган, кўриб чиқилаётган ойдаги кунлар (якшанбадан ташқари) сонига кўпайтирилган молиявий маблағлар ҳажми.


2. Республика ва халқаро мусобақаларда қатнашишга тайёрланишда терма жамоалар ва уларнинг захираси жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш, терма жамоаларнинг энергия сарфларини тўлдириш ва жисмоний ресурсларини тиклаш қоплаш маблағлари тўлашнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.


3. Қоплаш маблағини тўлаш спорт турлари бўйича республика федерациялари (уюшмалари) ёки спорт турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаблари орқали, ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

4. Қоплаш маблағи билан Ўзбекистон терма жамоалари ва уларнинг захираси таркибидаги юқори спорт натижаларига эришган спортчилар ва тренерлар таъминланадилар.

Спортчилар ва тренерларни қоплаш маблағи билан таъминланувчилар жумласига киритиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.


5. Қоплашга ажратилган мақсадли пул (молиявий) маблағларини холисона ва оқилона тақсимлаш мақсадида ваколатли орган ҳузурида спорт турлари бўйича республика федерациялари (уюшмалари) ва республика олий спорт маҳорати мактаблари томонидан Ўзбекистон Республикаси спорт терма жамоалари ва уларнинг захираси спортчилари ва тренерларига қоплаш лимитлари сонини ажратиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш комиссияси (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) тузилади.

6. Комиссия раиси ва аъзолари ваколатли органнинг қарори билан 1 йил муддатга тайинланадилар. Комиссия 11 нафар аъзодан иборат бўлади, унинг таркибига ваколатли органнинг тегишли бошқармалари бошлиқлари, республика федерациялари (уюшмалари)нинг ёки спорт турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактабларининг раҳбарлари ёки вакиллари киритилиши мумкин.

7. Комиссия раиси ва аъзолари ўз хоҳишига кўра ёки зиммасига юкланган вазифаларни бажаришда аниқланган қоидабузилишлари учун комиссия таркибидан муддатидан олдин чиқарилиши мумкин.


8. Комиссия мажлиси унда комиссия аъзоларининг 2/3 қисми қатнашган тақдирда тўла ҳуқуқли ҳисобланади. Қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Комиссия қарори унинг учун мажлисда қатнашган комиссия аъзоларининг оддий кўпчилиги овоз беришган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда раислик қилувчининг овози ҳал этувчи ҳисобланади.


9. Комиссия мажлислари заруратга кўра, лекин ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Комиссиянинг навбатдан ташқари мажлислари зарурат бўлган тақдирда раис томонидан чақирилади.

10. Комиссия қарори протоколлаштирилиши ва комиссия аъзолари томонидан имзоланиши ва ваколатли органга тақдим этилиши керак.


11. Комиссия спорт турлари бўйича республика федерациялари (уюшмалари)нинг ёки спорт турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактабларининг буюртмаларидан келиб чиққан ҳолда терма жамоалар ва уларнинг захираси бўйича қоплаш учун мақсадли пул (молиявий) маблағларини ҳар чоракда тақсимлайди.

12. Комиссия терма жамоалар ва уларнинг захираси спортчилари ва тренерларининг эришган натижалари асосида қоплаш лимитлари сонини қайта кўриб чиқиш ва қайта тақсимлаш ҳуқуқига эга.



II. ҚОПЛАШ УЧУН МАҚСАДЛИ ПУЛ (МОЛИЯВИЙ)

МАБЛАҒЛАРИНИ САРФЛАШ ВА ТАҚСИМЛАШ


13. Қоплашнинг ҳар кунлик нормаси миқдори терма жамоалар ва уларнинг захираси спортчилари ва тренерлари учун терма жамоалар спортчилари учун ўртача суткалик овқатланиш нормаларининг шаклланаётган қиймати ҳисоб-китобидан келиб чиқиб, тегишли молиявий йилнинг 1 январида амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақига фоизларда, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 40 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳар йили 15 январгача Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Бунда қоплаш пули терма жамоалар ва улар захирасининг ўқиш жойида бюджет маблағлари ҳисобига ҳар кунлик овқатланиш билан таъминланадиган спортчиларига тўланмайди.


14. Терма жамоанинг спортчиси ва тренери ваколатли орган маблағлари ҳисобига ўқув-тренировка йиғинларида қатнашадиган вақтда қоплаш пулини тўлаш тўхтатиб турилади ва тўланмайди. Қоплашнинг тўланмаган суммаси ваколатли органнинг ҳисоб рақамига қайтарилади.

Қайтарилган сумма Комиссиянинг қарори бўйича терма жамоалар ва уларнинг захираси спортчилари ва тренерларига қоплашнинг кундалик нормалари тўлови учун қайта тақсимланади.

15. Спортчилар ва тренерларга қоплаш учун ажратиладиган мақсадли пул (молиявий) маблағлари миқдори қуйидагича белгиланади:

Т/р

Тоифаси


Пул таъминоти миқдори,

қоплаш лимитига нисбатан %


1.

Терма жамоаларнинг асосий таркиби


100 гача, лекин 50 дан кам эмас

2.

Терма жамоаларнинг захира таркиби


70 гача, лекин 35 дан кам эмас

3.

Тренерлар


50 гача, лекин 25 дан кам эмас

16. Кўрсатиб ўтилган маблағларни спортчилар ва тренерларнинг банк пластик карточкаларига ёки депозит ҳисоб рақамларига ўтказиш йўли билан тегишли олувчиларга тўловларни амалга ошириш учун республика олий спорт маҳорати мактабларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилик ҳудудий бўлинмаларида очилган шахсий ҳисоб рақамларига ёки республика федерациялари (уюшмалари)нинг ҳисоб рақамларига қоплаш маблағлари комиссия қарори асосида ваколатли орган томонидан ўтказилади.

17. Спортчиларга қоплаш пулини тўлаш:

терма жамоа рўйхатидан чиқарилганда;

натижадорликни жиддий пасайтириб юборганда;

интизомий тартибни қўпол равишда бузганда;

спорт тайёргарлиги билан шуғулланмай қўйганда тўхтатилади.


18. Тренерларга тўлов пулини тўлаш:

биркитилган спортчи ва (ёки) спортчилар гуруҳи терма жамоа рўйхатидан чиқарилганда;

биркитилган спортчи ва (ёки) спортчилар гуруҳининг натижадорлиги пасайганда;

интизомий тартиб бузилганда;

меҳнат шартномаси бекор қилинганда тўхтатилади.


19. Қуйидагилар терма жамоаларнинг спортчиларини ва тренерларини қоплаш учун мақсадли пул (молиявий) маблағлар билан таъминлаш бўйича асосий талаблар ҳисобланади:

Т/р

Тоифаси


Қоплаш пули билан таъминлаш учун талаблар


1.

Спортчилар


Терма жамоалар таркибига киритилган спортчилар томонидан халқаро спорт мусобақаларида муваффақиятли қатнашишга кўмаклашадиган юқори спорт натижаларига эришиш


2.

Тренерлар: терма жамоаларнинг штатли тренерлари


Тегишли республика олий спорт маҳорати мактаблари ва (ёки) республика федерациялари (уюшмалари)нинг ижобий баҳосига эга бўлган, терма жамоа билан доимий ишлайдиганлар

3.

Терма жамоалар аъзолари бўлган спортчиларнинг шахсий тренерлари


Терма жамоа аъзоси бўлган спортчини тайёрлаш ва спортчининг келгусидаги тайёргарлигини таъминлашни давом эттириш, тегишли республика олий спорт маҳорати мактаблари ва (ёки) республика федерациялари (уюшмалари)нинг ижобий баҳосига эга бўлганлар.

20. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар, ҳомийларнинг маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар терма жамоаларнинг спортчилари ва тренерларини қоплаш пули билан мақсадли молиявий таъминлаш манбалари ҳисобланади.


21. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қоплаш учун ажратиладиган маблағлар ҳажми ҳар йили тасдиқланадиган спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида ҳамда тегишли йил учун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг харажатлари сметасида назарда тутилади.


III. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Терма жамоалар ва уларнинг захираси аъзолари учун қоплашга мақсадли пул (молиявий) маблағлари олган ташкилотлар улардан фойдаланишнинг тўлиқ ҳисобини юритиши керак.


23. Қоплашга мақсадли пул (молиявий маблағлар) олган ташкилотлар ҳисобот даври (ой, чорак, йил)дан кейинги ойнинг 5-кунидан кечикмай ваколатли органга олинган маблағлардан фойдаланганлик тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этишлари шарт. Ҳисобот шакли ваколатли орган томонидан тасдиқланади.


24. Тегишли ташкилотнинг раҳбари ва бош бухгалтери томонидан имзоланган молиявий ҳисоботга қуйидагилар илова қилинади:

маблағларнинг олувчи ҳисоб рақамига ўтказилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаси нусхаси;

олувчиларнинг пластик карточка ёки ҳисоб рақами ва ўтказилган сумма кўрсатилган рўйхати.


25. Комиссия раиси ва аъзолари терма жамоалар ҳамда уларнинг захираси спортчилари ва тренерлари таъминотига ажратилган маблағларга эҳтиёжнинг тўғри аниқланганлиги, уларнинг ўз вақтида тақсимланганлиги ва улардан мақсадли фойдаланилганлиги учун жавоб берадилар.


26. Терма жамоалар ва уларнинг захираси спортчилари ва тренерлари берилган пул (молиявий) маблағлардан қатъий мақсадли фойдаланиши шарт.


27. Ташкилотлар қоплаш пулининг ўз вақтида тўланиши ва ундан мақсадли фойдаланиш бўйича тақдим этилган ҳисоботларнинг ҳаққонийлиги учун жавоб берадилар.

             


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2011 й., 4-сон, 29-модда.