ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Прокуратура / Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти /

Лизинг хизматлари кўрсатувчи ташкилотларда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 22.09.2011 й. 2265-сон билан рўйхатга олинган 25.08.2011 й. Молия вазирлигининг 56-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг 28-сонли қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 22 сентябрда 2265-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги ва Бош прокуратура

ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга

ва жиноий даромадларни легаллаштиришга

қарши курашиш департаментининг

2011 йил 25 августдаги

56, 28-сонли қарорига

ИЛОВА


Лизинг хизматлари кўрсатувчи ташкилотларда жиноий

фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга,

терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин

қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши

курашиш бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Лизинг тўғрисида"ги, "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ, лизинг хизматлари кўрсатувчи ташкилотларда (бундан буён матнда лизинг берувчилар деб юритилади) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.

Мазкур Қоидалар талаблари лизинг берувчиларга татбиқ қилинади, тижорат банклари ва микрокредит ташкилотлари бундан мустасно.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилган:


бенефициар мулкдор - пировард натижада мулк ҳуқуқига эга бўлган ёки мижозни ҳақиқий назорат қилувчи жисмоний шахс ёхуд мижоз томонидан, унинг манфаатлари йўлида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияни амалга ошираётган юридик шахс;


ички назорат - лизинг берувчиларнинг махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни аниқлаш бўйича фаолият;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар - Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг (ФАТФ) расмий баёнотларида халқаро молиявий тизимга хавф туғдирувчи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тизимларида стратегик камчиликлари мавжуд деб белгиланган давлатлар ва ҳудудлар;

мижозни идентификациялаш - лизинг берувчилар томонидан мижозни лозим даражада текшириш мақсадида, улар топширган ҳужжатлар асосида мижозлар тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш;


мижоз - қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ лизинг шартномасига биноан лизинг объектини ўз эгалигига ва фойдаланишига олувчи шахс (лизингга олувчи);

мижозни лозим даражада текшириш - мижознинг ва қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текшириш, таъсис ҳужжатлари асосида мулк ва бошқарув тузилишини ўрганиш орқали бенефициар мулкдорни идентификациялаш, шунингдек мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш;


хабар қилиниши лозим бўлган операциялар - ички назоратни ўтказиш давомида лизинг берувчилар томонидан шубҳали деб топилган, содир этилаётган ва тайёрланаётган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


шубҳали операция - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, мазкур Қоидаларнинг амалга оширилишида лизинг берувчида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ёки терроризмни молиялаштириш ёхуд оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган операция;

махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;

оффшор ҳудуд - имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудлар;

таваккалчилик - мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш таваккалчилиги.

пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш - пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ўтказишни, конверсиялашни, тасарруф этишни ёхуд кўчиришни тақиқлаш;

террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган, террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс;

оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган, оммавий қирғин қуролини тарқатишнинг олдини олишга қаратилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциялари ҳамда бошқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган жисмоний ёки юридик шахс;

Рўйхат - терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;

операцияни тўхтатиб туриш - мижознинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялари бўйича, шунингдек юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқномалари ижросини тўхтатиб туриш;

юқори мансабдор шахслар - чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида, шу жумладан ҳарбий тузилмаларида, ёхуд халқаро ташкилотда доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ташкилий-бошқарув вазифаларини бажарувчи ва юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни содир этишга ваколатли шахслар, шунингдек чет давлат корхоналарининг юқори мартабали раҳбарлари, чет давлатнинг таниқли сиёсатчилари ва сиёсий партияларининг таниқли аъзолари (шу жумладан собиқ);

юқори мансабдор шахсларга яқин бўлган шахслар - юқори мансабдор шахсларга ижтимоий ва касбий жиҳатдан бевосита боғлиқ бўлган жисмоний шахслар;

юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмаси - чет давлатнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ташкил этилган ва ўз иштирокчиларининг (пайчиларнинг, ишонч билдирувчиларнинг ёки бошқа шахсларнинг) ёхуд бошқа бенефициарларнинг манфаатларини кўзлаб даромад (фойда) олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ташкилий тузилмадир (фондлар, шерикликлар, ширкатлар, трастлар, жамоавий инвестициялар ва (ёки) ишончли бошқарувнинг бошқа шакллари).

2. Лизинг берувчилар ички назоратининг мақсади қуйидагилардан иборат:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга йўналтирилган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш;

лизинг берувчиларнинг қасддан ёки қасддан бўлмаган жиноий фаолиятга жалб қилинишига йўл қўймаслик;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш таваккалчиликларини аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатлар билан қайд этиш ва камайтириш;

лизинг берувчилар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига, шунингдек лизинг фаолиятини амалга оширишда ички ҳужжатларга қатъий риоя қилинишини таъминлаш.

3. Лизинг берувчилар ички назоратининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Қоидаларга мувофиқ мижозларни лозим даражада текшириш чораларини амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш, уларнинг шахсини текшириш ва лизинг фаолиятини амалга оширишда фойдаланиладиган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкнинг келиб чиқишини аниқлаш бўйича мумкин бўлган чора-тадбирлар қўллаш;

мазкур Қоидаларнинг 20-бандида белгиланган мезонлар асосида шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган ва хабар қилиниши лозим бўлган шубҳали операциялар ҳақидаги ахборотлар (ҳужжатлар)ни махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида тақдим этиш;

Рўйхатга киритилган шахсларнинг операциясини тўхтатиб туриш ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаш;

лизинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида сақланишини таъминлаш;

лизинг берувчилар раҳбариятини тегишли қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ишончли ахборот ва материаллар билан тезкор ва мунтазам таъминлаб бориш;

шубҳали операцияларнинг амалга оширилганлиги ёки амалга оширишга уринишлар ҳақидаги, шубҳали операцияларни амалга оширган мижозлар билан боғлиқ шахслар (раҳбарлар, таъсисчилар) тўғрисидаги маълумотлар базасини яратиш, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бундай ахборотни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро айирбошлаш;

сўровлар бўйича мижозлар базасидан терроризмни молиялаштиришга ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқадор шахсларни аниқлаш;

лизинг берувчи фаолияти доирасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш таваккалчиликларини аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатлар билан қайд этиш ва камайтириш бўйича тегишли чораларни кўриш;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахсларнинг амалга ошираётган операцияларини чуқур мониторинг қилиш;

Рўйхат билан солиштириш орқали операция иштирокчилари орасида террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш.


II. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш учун ички назоратни ташкил этиш мақсадида лизинг берувчилар мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахс тайинлайдилар (кейинги ўринларда масъул шахс деб юритилади).

Масъул шахс лизинг берувчининг буйруғи билан тайинланади ва буйруқ нусхаси буйруқ қабул қилинган кундан бошлаб беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юборилади.

Масъул шахсга қуйидаги малака талаблари қўйилади:

олий маълумотга ва ташкилотда 2 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар лавозимларидаги иш тажрибасидан ташқари) эга бўлиш, олий маълумотга эга бўлмаганда эса ташкилотда уч йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар лавозимларидаги иш тажрибасидан ташқари) эга бўлиш;

ташкилот ишининг ўзига хос хусусиятини билиш.


5. Лизинг берувчиларнинг ички назорат тизими уларнинг фаолият кўрсатиш хусусиятлари, фаолиятининг асосий йўналишлари, мижозлар ва уларнинг операциялари билан боғлиқ мижозлар базаси ва таваккалчилик даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.


6. Лизинг берувчилар ҳар йили январь ойининг 10-санасидан кечиктирмай тайинланган масъул шахс ҳақидаги маълумотни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этишлари шарт.

Масъул шахс ўзгарган тақдирда, бу ҳақда лизинг берувчи беш иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигини хабардор қилиши лозим.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили январь ойининг 20-санасидан кечиктирмай лизинг берувчи ташкилотларнинг масъул шахслари ҳақидаги маълумотларни махсус ваколатли давлат органига тақдим этади.

Ҳисобот йили давомида масъул шахслар ўзгарган тақдирда, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги лизинг берувчилардан ўзгаришлар ҳақида тасдиқловчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида қўшимча равишда махсус ваколатли давлат органини хабардор қилади.

8. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида масъул шахс қуйидаги функцияларни бажаради:

мазкур Қоидаларга мувофиқ ички назоратни ва мижозларни лозим даражада текширишни жорий этишни ва амалга оширишни ташкиллаштиради;

лизинг берувчининг фаолиятига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, ички назоратни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва раҳбариятга тасдиқлашга киритади (тасдиқлайди);

мижозларнинг ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялари ва хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги хабарларни махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида юборилишини, шунингдек, махсус ваколатли давлат органининг ахборот тақдим этиш тўғрисидаги сўровларининг бажарилишини таъминлайди;

мазкур Қоидалар ва ички назорат дастурларини амалга ошириш жараёнининг маҳфийлигини таъминлайди;

ички назорат тизимини ташкил этиш ва ўрнатилган тартибда мониторинг ва назорат ўтказилиши давомида лизинг берувчи фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича мониторингни амалга оширади.

8-1. Масъул шахс лавозимига тайинланган шахс халқаро стандартларни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонунчилигини билиши лозим.

9. Масъул шахс ички назоратни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ташкилотининг раҳбарлари ва ходимларидан ички назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий-бошқарув, бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

ички назоратни амалга ошириш мақсадида олинган ҳужжатлардан нусха кўчириш, ташкилотнинг электрон маълумотлар базалари, маҳаллий ҳисоблаш тармоқлари ва автоматлаштирилган компьютер тизимларидаги файллар ва бошқа ёзувлардан нусхалар олиш;

хабар қилиниши лозим бўлган операцияларга нисбатан келгусидаги хатти-ҳаракатлар бўйича раҳбариятга таклифлар киритиш (шу жумладан, мижоз ёки операция тўғрисида қўшимча ахборот олиш ёки мавжуд ахборотни текшириш мақсадида ўтказилаётган операцияни тўхтатиш бўйича);

қонунга мувофиқ бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.


10. Масъул шахс ички назоратни амалга оширишда қуйидагиларга мажбурдир:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш бўйича ўз таваккалчиликларини аниқлаш ва баҳолаш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш, ушбу таваккалчиликларни ҳужжатлаштириш ва уларни камайтириш чораларни кўриш;

ички назоратни амалга ошириш давомида олинган ҳужжатларнинг сақланиши ва қайтарилишини таъминлаш;

мижозларни лозим даражада текширишни амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш ва уларнинг шахсини текшириш бўйича мумкин бўлган чораларни кўриш;

шубҳали операциялар аниқланганда, белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органига маълумот бериш;

олинган маълумотнинг маҳфийлигига риоя қилиш;

мижозлардан иш муносабатларининг мақсади ва кўзланган хусусияти, шунингдек зарур ҳолларда пул маблағларининг келиб чиқиш манбаи тўғрисида сўраш;

мижозни лозим даражада текшириш материалларига қўшиб қўйиладиган яққол иқтисодий моҳиятга эга бўлмаган, мижознинг таъсис ҳужжатларида ёки давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномасида назарда тутилган мақсад ва фаолият турларига тўғри келмайдиган барча операциялар бўйича лозим даражада текшириш натижалари ва хулосаларини ёзма равишда қайд этиш;

идентификациялашни якунлаш имкони бўлмаганда ёки лозим даражада текшириш натижаларига кўра, мижоз билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатиб турадиган маълумотлар олинганда, мижоз билан битим тузишни рад этиш.

Масъул шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ўқув тадбирларида қатнашиш ва ўқув тадбирларида олинган маълумотларни лизинг берувчилар ходимларига етказиш.

11. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ва мижозларни лозим даражада текширишга доир ахборот, зарурат туғилган тақдирда, операция тафсилотларини қайта тиклаш ва ахборотдан махсус ваколатли давлат органи фойдаланиши мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши лозим.

12. Масъул шахсларни ўқитиш ва малакасини ошириш ходимларнинг сўнгги янгиликларга, жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг, терроризмни молиялаштиришнинг ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг замонавий усуллари, услублари ва йўналишлари ҳақидаги ахборотга эга бўлишларини таъминлаш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва мажбуриятларнинг барча жиҳатларини аниқ тушунтириб бериш мақсадида мунтазам равишда бир йилда камида бир марта махсус ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилади.

12-1. Лизинг берувчилар мазкур Қоидалар талабларидан келиб чиққан ҳолда, қуйидагиларни акс этган ички қоидаларни ишлаб чиқишлари лозим:

таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, камайтириш ва ҳужжатлаштиришга доир чораларни амалга ошириш тартиби;

мижозларни ва уларнинг бенефициар мулкдорларини лозим даражада текшириш, шунингдек мижозлар операцияларининг мунтазам назоратини амалга ошириш қоидалари;

керакли ахборотни расмийлаштириш ва унинг махфийлигини таъминлаш тартиби;

шубҳали операцияларни аниқлаш тартиби, шунингдек бундай операциялар тўғрисидаги хабарларни тайёрлаш ва махсус ваколатли давлат органига юбориш тартиби;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитишга қўйиладиган малакавий талаблар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган чоралар;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахслар билан амалий иш муносабатларига киришиш ва улар томонидан амалга оширилаётган операцияларни чуқур мониторинг қилиш тартиби;

юқори таваккалчилик даражаси тоифасига киритилган мижозларнинг ҳисобини юритиш ва мониторинг қилиш ҳамда бундай мижозлар операцияларини мониторинг қилиш тартиби;

қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар.

12-2. Масъул ходимларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг, терроризмни молиялаштиришнинг ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг замонавий усуллари, услублари ва йўналишлари ҳақидаги ахборотга эга бўлишларини таъминлаш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги қонунчилик ва мажбуриятларнинг барча жиҳатларини аниқ тушунтириб бериш лизинг берувчилар мунтазам равишда ходимларни қайта тайёргарликдан ўтказишлари шарт.


III. МИЖОЗЛАРНИНГ ЛОЗИМ ДАРАЖАДА ТЕКШИРУВИ


13. Лизинг берувчилар:

амалий иш муносабатлари ўрнатилганда;

операция амалга ошириш кунидаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдоридан ортиқ бўлган бир марталик операциялар амалга оширилганда;

олиб борилаётган операцияларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадларига алоқадор эканлигига ҳар қандай шубҳа юзага келганида;

идентификациялаш учун аввал олинган маълумотларнинг аслийлиги ва ишончлилигига шубҳа туғилганда, мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни кўрадилар.


13-1. Агарда операциянинг тарафларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда ёхуд оффшор ҳудудларда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган, шунингдек таваккалчиликнинг юқори даражаси тоифасига киритилган шахс бўлганда, лизинг берувчилар мижозларни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларини кўришлари лозим.

13-2. Мижозни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларига қуйидагилар киради:

мижоз ҳақида қўшимча маълумотлар (фаолият тури, активлар миқдори, очиқ маълумотлар базаси орқали олиниши мумкин бўлган маълумот ва бошқалар) олиш ва мижоз ёки бенефициар мулкдор бўйича маълумотларни янада тезроқ янгилаб бориш;

мижоздан унинг пул маблағлари манбаси ёки молиявий ҳолатининг манбаси ҳақида маълумот олиш;

лизинг шартномасини ёки аввал тузилган лизинг шартномаларини тузиш сабаблари тўғрисида маълумотлар олиш;

тузилган лизинг шартномалари таҳлили орқали мижоз билан иш муносабатларининг мониторингини амалга ошириш.

13-3. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текширишни;

таъсис ҳужжатлари асосида мулк ва бошқарув тузилишини ўрганиш орқали мулкдорни ёки юридик шахс бўлган мижозни назорат қилувчи шахсни идентификациялашни;

мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида, доимий асосда ўрганишни.

Агар мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш имкони бўлмаса, лизинг берувчилар мижознинг раҳбарини идентификациялаши лозим.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқаси борлиги ҳақида асослантирилган шубҳалар мавжуд бўлган мижозга мижозни лозим даражада текшириш бўйича чоралар амалга ошираётганлиги ошкор бўлиши мумкин бўлган ҳолларда, ушбу мижозга нисбатан мижозни лозим даражада текшириш бўйича чоралар амалга оширмасдан махсус ваколатли давлат органга шубҳали операция ҳақида хабар юборилишига йўл қўйилади.

14. Мижозларни лозим даражада текшириш лизинг фаолияти амалга оширилишининг барча босқичларида олиб борилиши лозим.

Бенефициар мулкдорни аниқлаш мақсадида лизинг берувчи мижоз бошқа мижоз номидан ҳаракат қилаётганлигини аниқлаши керак ва ундан кейин мижоз кимнинг номидан иш кўраётган бўлса, уни идентификациялаш ҳамда шахсини лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар кўриши шарт.

Мижоз ёки бенефициар мулкдорни идентификациялаш билан бир қаторда уларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақдим этиладиган ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда уларнинг операцияларни амалга оширишга бўлган ваколатлари текширилиши шарт.


15. Мижозни идентификациялаш қуйидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади:

мижоз ва унинг вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт/идентификация ID-картанинг рақами ёки унга тенглаштирилган ҳужжат);

давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги тегишли ҳужжатлар, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери, раҳбарлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар.

16. Мижозни янада батафсилроқ ўрганиш мақсадида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш лозим:

мижознинг таъсис ҳужжатлари (рўйхатдан ўтказилган барча ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан) ва мижознинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларнинг расмийлаштирилишига;

мижознинг бошқарув органларининг тузилмаси ва уларнинг ваколатларига;

мижознинг рўйхатдан ўтказилган устав фондининг (капиталининг) миқдорига;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа керакли маълумотларга.

17. Лизинг берувчилар мижоз томонидан тақдим этилаётган ахборотни:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан мижоз ҳақида олинган маълумотлардан фойдаланиш;

мижознинг аввалги лизинг берувчи билан бўлган ўзаро муносабатларини ўрганиш;

мижознинг ишчанлик обрўси тўғрисидаги ахборотни тўплаш;

бошқа эркин фойдаланилиши мумкин бўлган ахборот манбалари орқали текширишга мажбурдир.

Мижозларни лозим даражада текшириш учун керак бўлган идентификация ва бошқа маълумотлар, лизинг берувчилар томонидан камида бир йилда бир марта янгиланиб туриши керак.


18. Мижозни идентификациялаш жараёнида лизинг берувчилар бенефициар мулкдорларни идентификациялаш бўйича, шу жумладан, мижоз мол-мулкининг тузилишини ўрганиш йўли билан асосланган ва зарур чора-тадбирларни қўллаши лозим.

18-1. Операция иштирокчиси ёки бенефициар мулкдор сифатида қатнашаётган юқори мансабдор шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахcларга нисбатан лизинг берувчилар:

юқори мансабдор шахснинг мавқеи тўғрисидаги маълумотларни текшириш ва ўтказилаётган операциядаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни манбаларини аниқлаш бўйича тегишли чораларни кўриш;

юқори мансабдор шахс билан амалий иш муносабатларига фақатгина ташкилотларининг раҳбарияти рухсати билан киришиши (ёки давом эттирилиши);

амалий иш муносабатларини мониторинг қилиб бориши лозим.

19. Лизинг берувчилар мижозлар томонидан идентификациялаш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, уларга операцияларни амалга оширишда рад жавобини берадилар.



III-1. ТАВАККАЛЧИЛИК ДАРАЖАСИНИ

АНИҚЛАШ ВА БАҲОЛАШ

19-1. Лизинг берувчи мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга оширишда таваккалчилик даражасини (кейинги ўринларда таваккалчилик даражаси деб юритилади) аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш чора-тадбирларини кўриши шарт.

Таваккалчилик даражаси мижоз тақдим этган ахборот асосида, амалга оширадиган операциялар турлари, мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар, мижозни лозим тарзда текшириш натижаларини ҳисобга олган ҳолда масъул шахс томонидан ҳар йили аниқланади ва баҳоланади.

Таваккалчиликларни баҳолаш натижалари ёзма равишда расмийлаштирилиши ва махсус ваколатли давлат органига тақдим этилиши лозим.

19-2. Лизинг берувчи аввалдан қуйидаги мезонларга жавоб берувчи мижозларни таваккалчиликнинг юқори даражаси тоифасига тегишли деб топиши ва уларга нисбатан кучайтирилган эътиборни қаратиши лозим:

Рўйхатга киритилган шахслар ёхуд Рўйхатга киритилган шахснинг эгалиги ёки назоратидаги ташкилотлар, ёки Рўйхатга киритилган ташкилотнинг бевосита ёхуд билвосита мулкдори ёки назорат қилувчи шахслар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

норезидентлар;

ҳақиқатда жойлашган жойи таъсис ёки рўйхатга олиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлардаги манзилга тўғри келмайдиган мижозлар;

ҳақиқий эгаси ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахс бўлган мижозлар;

мунтазам равишда (кетма-кетлиги уч ой мобайнида икки мартадан ортиқ) шубҳали операцияларни амалга ошираётган мижозлар;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахслар;

масъул шахсда асосли шубҳа уйғотадиган молиявий операцияларни амалга оширувчи бошқа шахслар.


19-3. Мижоз томонидан амалга ошириладиган операцияларнинг тавсифи ўзгаришига қараб, лизинг берувчи зарур бўлганда у билан ишлаш бўйича таваккалчилик даражасини қайта кўриб чиқиши лозим.

Лизинг берувчи барча мураккаб, ғайриоддий йирик операцияларга, шунингдек аниқ иқтисодий ёки қонуний мақсадга эга бўлмаган операцияларни амалга оширишнинг ғайриоддий схемаларига кучайтирилган эътибор қаратиши керак.

Амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот лизинг берувчининг раҳбариятига тақдим этилиши лозим.


19-4. Лизинг берувчи жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни кўриши керак. Бу мақсадларда лизинг берувчи:

хизматларнинг янги турлари ва янги иш амалиёти ишлаб чиқилиши;

янги ҳамда амалдаги хизмат турларида янги ёки ривожланаётган технологиялардан фойдаланиш натижасида вужудга келиши мумкин бўлган таваккалчилик даражасини аниқлаши ва баҳолаши лозим.

Бундай таваккалчиликнинг баҳоланиши хизматларнинг янги турлари, янги иш амалиётининг ишга туширилиши ёхуд янги ёки ривожланаётган технологияларни фойдаланишга туширишдан аввал ўтказилиши лозим.

Лизинг берувчи бундай таваккалчиликни мониторинг қилиш ва уларни пасайтириш бўйича тегишли чораларни кўриши лозим.


19-5. Чет эл лизинг берувчиларининг алоҳида бўлинмалари (агар мавжуд бўлганда) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда улар жойлашган мамлакат талабларига риоя қилишлари лозим, мазкур талаблар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларидан фарқ қилган тақдирда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартларни қўллаши лозим.

Лизинг берувчилар ўзларининг хориждаги алоҳида бўлинмаларидан мазкур ажратилган бўлинмалар жойлашган мамлакат қонунчилик ҳужжатларидаги тақиқлар туфайли жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳолатлар тўғрисида лизинг берувчи бош офисини хабардор қилишни талаб қилишга мажбурдир. Ўз навбатида, лизинг берувчилар бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва махсус ваколатли давлат органига хабар бериши шарт.

Лизинг берувчилар ўзларининг чет элдаги алоҳида бўлинмалари агарда улар жойлашган мамлакатнинг қонунчилик ҳужжатларида лизинг берувчининг ички қоидаларига нисбатан енгилроқ ички назорат чоралари белгиланган бўлса, улар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда лизинг берувчининг ички қоидаларига риоя қилишлари керак.

19-6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги йилига камида бир марта, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ўзгариши муносабати билан лизинг берувчилар фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган таваккалчилик даражасини ўрганади.


IV. ХАБАР ҚИЛИНИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН

ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АНИҚЛАШНИНГ

МЕЗОНЛАРИ ВА ТАРТИБИ


20. Қуйидаги ҳолларда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция шубҳали деб топилиши мумкин:

мижоз томонидан зарурат туфайли сўралаётган, шу жумладан, ишонч билдирувчи (агар мижоз ишончли вакил сифатида иш юритаётган бўлса) ҳақидаги маълумотларни тақдим этишнинг сабабсиз рад этилиши;

мижознинг амалга оширилаётган битишувга нисбатан маҳфийлик масалалари билан ортиқча ташвишланиши;

мижознинг хизмат кўрсатишнинг фойдалироқ шартларига нисбатан эътиборсиз бўлиши, шунингдек мижоз томонидан айни турдаги хизматлар кўрсатишдаги оддий тўловдан фарқ қиладиган юқори мукофотнинг таклиф қилиниши;

мижознинг операциялари яққол иқтисодий моҳиятга эга бўлмаганлиги, мижознинг таъсис ҳужжатларида ёки давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномасида назарда тутилган мақсад ва фаолияти турларига тўғри келмаслиги;

битимга мижоз фаолиятига тўғри келмайдиган қўшимчалар ва ўзгаришлар киритилиши;

операцияни амалга оширишда мижоз қаттиқ туриб олган асосланмаган шошма-шошарлик;

мижоз томонидан аввал келишилган операцияга (битимга) бевосита уни амалга оширилишидан олдин кўпроқ, айниқса, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк ҳаракати йўналишига тааллуқли ўзгартиришлар киритилиши;

мижоз ҳақидаги маълумотнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек кўрсатилган боғланиш маълумотлари, хусусан, почта ва электрон манзили, телефон рақамлари ва электрон канал маълумотлари бўйича мижоз билан алоқа ўрнатиш имкониятининг йўқлиги;

маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этилишининг мижоз томонидан асоссиз кечиктирилиши ёки мижоз томонидан текшириб бўлмайдиган маълумотнинг тақдим этилиши;

мижоз томонидан битим иштирокчилари ҳақида била туриб ёлғон ахборот ва нотўғри маълумотларнинг тақдим этилиши;

операция бажарилган кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваридан юқори суммада бўлган қайтариладиган шаклдаги лизинг операциялари амалга оширилса;

мулк ёки асбоб-ускуна билан боғлиқ катта миқдордаги лизинг операцияларининг нархлари бозор коньюнктурасидан ўзгача бўлганда ёки бу операциялар бажарилишидан манфаат кўзланса;

лизинг тўловларининг асоссиз равишда ошиб кетиши;

лизинг олувчилар томонидан лизинг тўловларининг тўлиқ ёки қисқа муддат ичида (уч ойдан ошмаган ҳолда) тўланиши ҳамда ушбу пул маблағларининг келиб чиқиш манбалари номаълум бўлганда;

лизинг шартнома шартларидаги мажбуриятлар ҳамда тўловлар, учинчи шахслар томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган бўлса;

амалга ошириш мақсади қонунчилик ҳужжатлари билан ўрнатилган назорат жараёнларидан бош тортиш дейишга асос бўладиган операциялар ёки битишувларнинг кўп маротаба юритилганлигининг аниқланиши;

идентификациялашни якунлашнинг имкони бўлмаслиги ёки лозим даражада текшириш натижаларига кўра, мижоз билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатиб турадиган маълумотларнинг олиниши.


21. Операцияни шубҳали деб тан олиш ҳар бир аниқ ҳолатда ушбу Қоидалар билан ўрнатилган шубҳалилик мезонларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган комплекс таҳлил асосида, шунингдек мижоз шахси, унинг обрўси, амалий иш муносабатларининг хусусияти, битимнинг асослари, мақсадлари, ҳажми ва тури, уни амалга ошириш усули билан ҳамда шубҳали операцияни тўғри аниқлаш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар асосида аниқланадиган таваккалчилик хавфига боғлиқ равишда амалга оширилади.


22. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар кечиктирилмасдан ва олдиндан хабар қилинмасдан тўхтатилиши ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйилиши ҳамда махсус ваколатли давлат органига хабар юборилиши лозим, агарда:

мижоз ёки операция қатнашчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келса;

операция қатнашчиларидан бири Рўйхатга киритилган шахс номидан ёки унинг топшириғига биноан фаолият кўрсатаётган бўлса;

операцияни амалга оширишда фойдаланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк тўлиқ ёки қисман Рўйхатга киритилган шахсга тегишли бўлса;

операция қатнашчиси бўлган юридик шахс Рўйхатга киритилган жисмоний ёки юридик шахснинг мулкида ёки назорат остида бўлса.

Лизинг берувчилар тўхтатилган операцияни ўтказишни тиклашни Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 2833, 2016 йил 11 октябрь) белгиланган тартибда амалга оширади.

22-1. Операциянинг тарафларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса, бундай операция ҳам махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши керак.

23. Мижознинг операцияси шубҳали деб топилгандан сўнг, масъул шахс мижозга нисбатан келгусидаги хатти-ҳаракатлар ҳақида қарор қабул қилади, жумладан:

шубҳали операция тўғрисида махсус ваколатли давлат органига хабар бериш ҳақида;

мижоз билан операция ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш ҳақида;

қонунчилик ҳужжатлари ёки у билан тузилган шартномага мувофиқ мижоз билан муносабатларни тўхтатиш ҳақида.


24. Шубҳали операциялар ҳақидаги маълумотлар лизинг берувчилар томонидан махсус ваколатли давлат органига шубҳали операциялар деб топилган пайтдан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган шаклда берилади.

Шубҳали операцияларга тааллуқли ҳар бир маълумот ҳақида ахборот масъул шахс томонидан қоғоз ва (ёки) электрон кўринишда юритиладиган махсус журналларга киритилади.


25. Лизинг берувчилар тегишли операциядан шубҳани тасдиқловчи ёки олиб ташловчи ҳар қандай маълумотни махсус ваколатли давлат органига кечиктирмай топширишлари зарур.

25-1. Ички қоидалар билан шубҳали операцияларни қўшимча мезонлари ва аломатлари белгиланиши мумкин.

Ташкилотлар махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ва тавсиявий характерга эга бўлган услубий қўлланмалар асосида шубҳали операцияларни дастлабки аниқлаш индикаторлари тизимини йўлга қўйишлари мумкин.


V. ИЧКИ НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ

НАТИЖАСИДА ОЛИНГАН АХБОРОТ ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ, САҚЛАШ, МАҲФИЙЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ


26. Махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операциялар бўйича қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга мувофиқ қуйидагилар расмийлаштирилади:

операция тури ва уни амалга оширишнинг асослари;

операцияни амалга ошириш санаси ва суммаси;

операцияни амалга оширувчи мижозни индентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

операция топшириғи бўйича ва номидан амалга оширилаётган мижозни индентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

ушбу шахс номидан операцияни амалга оширувчи мижознинг вакилини (ишончли вакилини) индентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

пул маблағлари ва бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар бўйича қабул қилувчи ва унинг вакилини индентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар.


27. Лизинг берувчилар пул маблағлари ва бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек мижозларни лозим даражада текшириш бўйича идентификациялаш маълумотлари ҳамда материалларини, шу жумладан, иш ёзишмаларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган, лекин операция амалга оширилганидан ёки мижоз билан муносабатлар тўхтатилганидан кейин беш йилдан кам бўлмаган муддатлар мобайнида сақлашлари шарт.

Операциялар тўғрисидаги ахборот, зарурат туғилган тақдирда, операция тафсилотларини қайта тиклаш мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши лозим.

28. Лизинг берувчилар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотдан эркин фойдаланишни чеклайдилар, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайдилар ҳамда бундан манфаатдор бўлган бошқа жисмоний ва юридик шахсларни махсус ваколатли давлат органига тақдим этилган уларнинг операциялари тўғрисидаги хабарларни тақдим этиш ҳақида хабардор қилишга ҳақли эмаслар.

Лизинг берувчилар ички назорат функцияларини амалга ошириш жараёнида олинган ахборотни ўз ходимлари томонидан ошкор қилмасликни (шахсий мақсадлари ёхуд учинчи шахслар манфаатлари учун фойдаланилмаслигини) таъминлайдилар.


28-1. Масъул шахснинг фаолиятида фойдаланилган барча ҳужжатлар (ички назоратни амалга ошириш билан боғлиқ ёзишмалар, шу жумладан, махсус ваколатли давлат органига юборилган хабарларнинг қоғоздаги ва электрон нусхалари, мижозларнинг қоғоздаги ва электрон анкеталари, махсус журналлар ва ҳ.к.)дан фойдаланилишини чеклаш мақсадида, бундай ҳужжатлар ва уларнинг рўйхати бевосита махсус жиҳозланган хонада ёки ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда ушбу шахс томонидан сақланиши лозим.

28-2. Ҳужжатларнинг электрон шакллари дастурий усулда архивлаштирилиши, электрон ахборот ташувчи ускуналарга ёзиб қўйилиши ҳамда масъул шахс томонидан уларнинг рўйхати билан биргаликда ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши зарур.

28-3. Мижозларни лозим даражада текшириш натижасида олинган маълумотлар аҳамияти ва таваккалчиликлардан келиб чиққан ҳолда ҳамда мижоз маълумотларида ўзгаришлар бўлганда, бироқ мижоз томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни амалга ошириш таваккалчилиги лизинг берувчилар томонидан юқори баҳоланганда йилига камида бир маротаба, бошқа ҳолларда икки йилда камида бир маротаба янгиланиши лозим.


VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. Мазкур Қоидалар талабларига лизинг берувчилар томонидан риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан махсус ваколатли давлат органи билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Мазкур Қоидалар билан белгиланган талаблар юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмаларига ҳам қўлланилади.

29-1. Лизинг берувчи ички ва ташқи вазиятларнинг ўзгаришини инобатга олган ҳолда, лизинг берувчининг ички назорат тизимини доимий равишда мониторинг қилиб боради ва самарадорлигини баҳолаб боради, шунингдек зарур ҳолда самарали ишлашини таъминлаш учун унинг фаолиятини кучайтиради.

Лизинг берувчида ички аудит хизмати мавжуд бўлганда, ички назорат фаолияти самарадорлигини мониторинги ички аудит хизмати томонидан амалга оширилади.

30. Мазкур Қоидалар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича бошқа ҳужжатлар лизинг берувчиларнинг барча ходимларига етказилиши лозим.

31. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги ҳолларини яширишда, шунингдек мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 38-сон, 394-модда








































Время: 0.1902
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск