язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суғурта/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасининг 05.04.2002 й. 358-II-сон "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.04.2002 й.

N 358-II



СУҒУРТА ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Суғурта фаолияти

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Суғурта ҳамда суғурта фаолияти


Суғурта деганда юридик ёки жисмоний шахслар тўлайдиган суғурта мукофотларидан, шунингдек суғурталовчининг бошқа маблағларидан шакллантириладиган пул фондлари ҳисобидан муайян воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берганда ушбу шахсларга суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш йўли билан уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тушунилади.

Суғурта фаолияти деганда суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг суғуртани амалга ошириш билан боғлиқ фаолияти тушунилади.



4-модда. Суғурта соҳалари ва турлари (класслари)


Суғурта қуйидаги соҳаларга бўлинади:

ҳаётни суғурта қилиш (жисмоний шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи, меҳнат қобилияти ва пул таъминоти билан боғлиқ манфаатларини суғурта қилиш, бунда шартнома бўйича суғуртанинг энг кам муддати бир йилни ташкил этади ҳамда суғурта пулларининг суғурта шартномасида кўрсатиб ўтилган оширилган фоизни ўз ичига олувчи бир марталик ёки даврий тўловларини (аннуитетларни) қамраб олади);

умумий суғурта (шахсий, мулкий суғурта, жавобгарликни суғурта қилиш ҳамда ҳаётни суғурта қилиш соҳасига тааллуқли бўлмаган бошқа суғурта турлари).

Суғурта таваккалчиликлари ёки улар гуруҳларининг ва улар билан боғлиқ мажбуриятларнинг умумий хусусиятларига мувофиқ суғурта соҳалари суғурта турларига (классларига) бўлинади. Суғурта турлари (класслари) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


5-модда. Суғурта фаолияти субъектлари


Суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари суғурта фаолиятининг субъектлари ҳисобланади.

Суғурталовчилар, суғурта воситачилари, аджастерлар, актуарийлар, суғурта сюрвейерлари, шунингдек ассистанс суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларидир.

Суғурта брокери, қайта суғурта брокери ва суғурта агенти суғурта воситачилари ҳисобланадилар.



6-модда. Суғурталовчи

Тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс суғурталовчи деб эътироф этилади.

Суғурталовчилар суғуртани амалга оширишга бевосита боғлиқ бўлмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари мумкин эмас, ушбу Қонуннинг 6-1-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



6-1-модда. Суғурталовчининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ва шартларда суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари тузиш;

ўз мажбуриятларини белгиланган тартибда қайта суғурта қилиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида қайта суғурта қилиш;

махсус ваколатли давлат органи белгилайдиган тартибда ва шартларда инвестиция фаолиятини амалга ошириш;

қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаоиятни амалга ошириш. Бунда мазкур фаолият турини амалга ошириш учун суғурталовчининг лицензия олиши талаб қилинмайди;

суғурта (қайта суғурта қилиш) соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш билан боғлиқ фаолиятни, шунингдек суғурта агенти сифатида суғурта воситачилигини амалга ошириш;

суғурта ҳодисалари юз беришининг олдини олиш ва огоҳлантириш чора-тадбирларини қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ва шартларда молиялаштириш;

суғурталовчи томонидан амалга ошириладиган суғурта турларига доир қоидаларни (шартларни) қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилаш;

суғурта ҳодисаси рўй беришининг сабаблари ва ҳолатларини, шунингдек суғурта товони (суғурта пули) миқдорини белгилаш учун зарур бўлган тегишли ахборот ва ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан, судлар, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

суғурта агентлари, суғурта ва қайта суғурта брокерлари, суғурта бозорининг бошқа профессионал иштирокчилари билан тегишли шартномалар тузиш;

суғурта товони (суғурта пули) тўлашни қонун ҳужжатларида ва (ёки) суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасида белгиланган ҳолларда ҳамда тартибда рад этиш, суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш;

суғурта қилдирувчи томонидан тақдим этилган ахборотни текширишни, суғурта қилдирувчининг суғурта шартномаси талаблари ва шартларини бажариши устидан назоратни суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасида назарда тутилган тартибда амалга ошириш;

чет эл суғурталовчиларига сюрвейер ва аджастер хизматлари кўрсатиш;

илгари суғурталовчи томонидан ўз эҳтиёжлари учун олинган ёки суғурта шартномасини амалга ошириш натижасида унинг ихтиёрига ўтган мол-мулкни реализация қилиш ёки ижарага бериш;

Ўзбекистон Республикасининг рейтинг ташкилотлари ва чет эл рейтинг ташкилотлари рейтингларини олиш;

ўзининг алоҳида бўлинмаларини ташкил этиш.

Суғурталовчи қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Суғурталовчи:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

суғурта фаолиятини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг маҳфийлигини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ таъминлаши;

ўзи ваколат берган суғурта агентларининг реестрини юритиши;

қонун ҳужжатларида белгиланган ахборотни махсус ваколатли давлат органининг талабига биноан тақдим этиши;

суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда, қонун ҳужжатларида ёки суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасида назарда тутилган муддатларда барча зарур ҳисоб-китобларни амалга ошириши ва суғурта товони (суғурта пули) тўлаши;

фирманинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ёки жойлашган ери ўзгарган тақдирда, бу ҳақдаги ахборотни суғурта қилдирувчиларга ушбу Қонунда белгиланган тартибда етказиши;

суғурта захираларини қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ва шартларда шакллантириши ҳамда жойлаштириши;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши;

махсус ваколатли давлат органи белгилаган тартибда бир йилда камида бир марта актуар ташкилотни актуар хизматлар кўрсатиш учун жалб этиши;

махсус ваколатли давлат органи белгилаган шаклда, тартибда ва муддатларда йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилиши;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритиши, молиявий, статистика, солиқ ҳисоботларини ва бошқа ҳисоботларни тузиши шарт.

Суғурталовчининг зиммасида қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


7-модда. Суғурта брокери


Суғурта қилдирувчининг номидан ва топшириғига биноан суғурта шартномаси тузилиши ва ижро этилишини ташкил қилиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс суғурта брокери ҳисобланади.

Суғурта брокерининг фаолияти суғурта соҳасидаги бошқа фаолият турлари билан қўшиб олиб борилиши мумкин эмас, қайта суғурта брокерининг фаолияти бундан мустаснодир.

Суғурта брокери суғурталовчининг устав фондида иштирок этишга ҳақли эмас.

Суғурта брокери ўзи билан суғурта қилдирувчи ўртасида тузилган шартнома асосида хизматлар кўрсатади.


8-модда. Қайта суғурта брокери


Ўз номидан ва қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи тариқасида иштирок этувчи суғурталовчининг топшириғига биноан қайта суғурта қилиш шартномаси тузилишини ва ижро этилишини ташкил қилиш бўйича фаолият юритувчи юридик шахс қайта суғурта брокери ҳисобланади.

Қайта суғурта брокери суғурталовчининг устав фондида иштирок этишга ҳақли эмас.

Қайта суғурта брокери ўзи билан суғурта қилдирувчи ўртасида тузилган шартнома асосида хизматлар кўрсатади.


8-1-модда. Суғурта ҳамда қайта суғурта

брокерларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурта ва қайта суғурта брокерлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғуртанинг (қайта суғурта қилишнинг) ҳар қандай тури бўйича ваколатлар доирасида воситачилик фаолиятини амалга ошириш;

суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаси тузилган тақдирда, суғурталовчини танлаш;

суғурталовчидан лицензиянинг мавжудлиги, устав фондининг миқдорлари, суғурта захиралари ва қабул қилинган мажбуриятлар тўғрисида, шунингдек суғурталовчининг тўловга қобилиятлилиги ва молиявий барқарорлигига доир бошқа кўрсаткичлар ҳақида маълумотлар олиш;

эксперт ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш.

Суғурта ва қайта суғурта брокерлари қонун ҳужжатларига ҳамда ўзлари тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Суғурта ва қайта суғурта брокерлари:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасини тузиш ва ижро этиш бўйича тўлиқ, ишончли ҳамда холисона ахборотни мижозларнинг сўровларига кўра тақдим этиши;

мижознинг тижорат сирини ва бошқа сирини ташкил этадиган маълумотларни ошкор қилмаслиги;

қонун ҳужжатларида белгиланган ахборотни махсус ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши;

фирма номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва (ёки) жойлашган ери ўзгарган тақдирда, бу ҳақда махсус ваколатли давлат органини ва суғурталовчиларни хабардор қилиши;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритиши, молиявий, статистика, солиқ ҳисоботларини ва бошқа ҳисоботларни тузиши шарт.

Суғурта ва қайта суғурта брокерларининг зиммасида қонун ҳужжатларига ҳамда ўзлари тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


9-модда. Суғурта агенти


Суғурталовчининг номидан ва топшириғига биноан суғурта шартномасининг тузилиши ва ижро этилишини ташкил қилиш бўйича фаолият юритувчи юридик ёки жисмоний шахс суғурта агенти ҳисобланади.

Суғурталовчининг бошқарув органлари раҳбарлари суғурта агенти бўла олмайдилар.

Суғурта агенти ўз фаолиятини суғурталовчилар билан тузилган топшириқ шартномалари (агент битимлари) асосида амалга оширади.

Суғурта агенти фақат ўзи билан топшириқ шартномаси (агент битими) тузган суғурталовчи реестрига киритилганидан кейин ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Қуйидагиларга:

суғурта агентининг тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлмаган суғурталовчилар номидан суғурта шартномалари тузишига;

агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта бўйича суғурта агентининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган чет эл суғурта ташкилотлари номидан суғурта шартномалари тузиш билан боғлиқ бўлган воситачилик фаолиятига йўл қўйилмайди.

Суғурта агенти - жисмоний шахс ўз номига, тўловлар нақд пуллар билан амалга оширилганида эса яқин қариндошлари (отаси, онаси, хотини, эри, ўғли, қизи, опа-сингиллари ва ака-укалари) номига суғурта шартномалари бўйича ҳужжатлар ёзишга, шунингдек ўз фойдасига суғурта шартномалари тузишга ва бунда мазкур суғурта шартномаси бўйича суғурта агенти сифатида иш кўришга ҳақли эмас.


9-1-модда. Суғурта агентининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурта агенти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталовчи томонидан берилган ваколатлар доирасида суғуртанинг ҳар қандай тури, шу жумладан мажбурий суғурта турлари бўйича воситачилик фаолиятини амалга ошириш;

суғуртага қабул қилинаётган суғурта таваккалчилигини баҳолашда, суғурта ҳодисаси юз берганда суғурта тўловини тўлашда ва суғурта қилдирувчининг суғурта мукофотини тўлиқ ҳажмда ҳамда суғурта шартномасида белгиланган муддатларда тўлашида зарур кўмак кўрсатиш;

суғурталовчидан лицензиянинг мавжудлиги, устав фонди миқдорлари, суғурта захиралари ҳамда қабул қилинган мажбуриятлар тўғрисида, шунингдек суғурталовчининг тўловга қобилиятлилиги ва молиявий барқарорлигига доир бошқа кўрсаткичлар тўғрисида маълумотлар олиш;

суғурта шартномаси (суғурта полиси) тузиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш;

суғурта қилдирувчидан қабул қилиб олинаётган таваккалчиликлар тўғрисида суғурталовчига тўлиқроқ ахборот бериш мақсадида барча учун очиқ бўлган манбалардан таваккалчилик ва суғурта қилдирувчи тўғрисида суғурта қилдирувчининг шахсий ҳаётига аралашмаган ҳолда маълумотлар тўплаш.

Суғурта агенти қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Суғурта агенти:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

суғурта шартномаси тузишда ва суғурта товони (суғурта пули) тўлашда ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштиришга кўмаклашиши;

суғурта тарифлари, суғурталовчилар томонидан таклиф этилаётган суғурта шартлари ҳақида, лицензиянинг мавжудлиги, устав фонди миқдорлари, суғурта захиралари ҳамда қабул қилинган мажбуриятлар тўғрисида, шунингдек суғурталовчининг тўловга қобилиятлилиги ва молиявий барқарорлигига доир бошқа кўрсаткичлар ҳақида ахборотга эга бўлиши;

суғурта шартномасини расмийлаштиришда суғурта қилдирувчи тўғрисида зарур ахборотга эга бўлиши, унга суғурта таваккалчилигини пасайтириш ва суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимолини камайтиришга қаратилган аниқ тадбирларни амалга оширишни таклиф этиши;

суғурта қилдирувчиларнинг сўровига кўра уларга суғуртанинг амалдаги шартлари тўғрисида ахборот бериши;

суғурта шартномаларини белгиланган тартибда тузиши ва янги муддатга ўз вақтида қайта расмийлаштириши;

тузилган суғурта шартномалари ва олинган суғурта мукофотлари суммалари ҳисобини белгиланган шаклда юритиши;

суғурта ҳужжатларининг сақланишини таъминлаши;

мижознинг тижорат сирини ёки бошқа сирини ташкил этган маълумотларнинг маҳфийлигини сақлаши;

суғурта шартномасининг амал қилиш муддати мобайнида таваккалчилик шарт-шароитларининг жиддий равишда ўзгаришига тааллуқли ахборотни суғурталовчи ўз вақтида олишини, шунингдек суғурта эътирозлари юзага келганда ҳамда уларни тартибга солиш жараёнида суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасида ахборотнинг ўз вақтида алмашинишини таъминлаши;

тегишли битим мавжуд бўлган тақдирда, суғурталовчининг топшириғига кўра ва унинг ҳисобидан суғурта тўловлари тўланишини ташкил этиши шарт.

Суғурта агентининг зиммасида қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


9-2-модда. Аджастер

Аджастер суғурталовчининг (суғурта қилдирувчининг) ва бошқа буюртмачининг топшириғи бўйича қуйидаги хизматларни кўрсатувчи, ўз штатида тегишли мутахассисларга эга бўлган юридик шахс ёки профессионал билим ва малакага эга бўлган жисмоний шахсдир:

суғурта ҳодисаси юз берганидан кейин суғурта объектини кўздан кечириш ва текшириш;

суғурта ҳодисаси фактларини ва таваккалчилик ҳолатларини таҳлил қилиш;

суғурта объектининг шикастланиш сабабларини ва суғурта ҳодисаси мавжудлигини аниқлаш;

суғурта ҳодисаси мавжуд бўлган тақдирда - суғурта ҳодисаси оқибатида вужудга келган шикастланиш даражаси ва зарар миқдорини белгилаш;

тўланиши керак бўлган суғурта товони суммасини аниқлаш;

суғурта ҳодисаси бўйича хулоса тузиш.

Аджастер ўз фаолиятини суғурталовчи (суғурта қилдирувчи) ва бошқа буюртмачи билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширади.

Аджастер:

суғурталовчи сифатида суғурта ва қайта суғурта қилиш операциялари ўтказишга;

суғурта бўйича воситачилик фаолиятини амалга оширишга;

суғурталовчиларнинг устав фондларида иштирок этишга ҳақли эмас.

Аджастер хизмати кўрсатиш натижалари ҳисобот тарзида расмийлаштирилиб, ундан суғурталовчи зарарларнинг ўрнини қоплаш ва низоларни ҳал қилиш чоғида фойдаланиши мумкин.

Аджастернинг ҳисоботида кўрсатилган хулосалар мустақил суғурта экспертизаси жараёнида қайта кўриб чиқилиши мумкин.


9-3-модда. Аджастернинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Аджастер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аджастер хизматлари кўрсатиладиган суғурталовчини (суғурта қилдирувчини) ва бошқа буюртмачиларни эркин танлаш;

суғурта воқеасини (суғурта ҳодисасини) ўрганиш учун суғурталовчидан (суғурта қилдирувчидан) ва бошқа буюртмачилардан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

суғурта ҳодисаси юз берганидан сўнг суғурта объектини кўздан кечириш ва текшириш;

ўзи суғурта объектини сиртдан (зарур ҳолларда - техника воситаларини қўллаган ҳолда) кўздан кечирганлиги тўғрисидаги далолатномани расмийлаштириш;

суғурта ҳодисаси рўй беришининг сабаблари ва ҳолатларини, шунингдек суғурта товони (суғурта пули) миқдорини аниқлаш учун зарур бўлган тегишли ахборот ва ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан, судлар, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш.

Аджастер қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Аджастер:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

суғурта ҳужжатларининг сақланишини таъминлаши;

мижознинг тижорат сирини ёки бошқа сирини ташкил этадиган маълумотларнинг маҳфийлигини сақлаши;

суғурта ҳодисасига тааллуқли маълумотларни ўз вақтида таҳлил қилиш учун чора-тадбирлар кўриши;

қонун ҳужжатларида белгиланган ахборотни махсус ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши шарт.

Аджастер зиммасида қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


9-4-модда. Актуар ташкилот ва актуарий

Актуар ташкилот қуйидагиларни ўз ичига оладиган актуар хизматлари кўрсатувчи юридик шахсдир:

суғурта воқеаси юз беришининг математик жиҳатдан эҳтимоллиги ҳисоб-китобини амалга ошириш, ҳам алоҳида таваккалчилик гуруҳларида, ҳам умуман суғурта мажмуи бўйича зарар етказилишининг такрорийлигини ва уларнинг оқибатлари оғирлиги даражасини белгилаш;

суғурталовчининг зарур суғурта захиралари ва фондларини математик жиҳатдан асослаш ҳамда ҳисоб-китоб қилиш, уларни шакллантириш усулларини ишлаб чиқиш;

суғурталовчининг инвестициялар сифатида тўпланган бадаллардан фойдаланишида капитал қўйилма нормаси ва нетто-ставка миқдори ўртасидаги боғлиқликни тариф ставкаларини инвестиция даромади суммасига камайтиришга кўмаклашадиган тарзда аниқлаш;

суғурта жараёнини ташкил этиш учун зарур харажатларни асослаш ва суғурта хизматлари таннархини ҳисоб-китоб қилиш;

суғуртанинг (қайта суғурта қилишнинг) ҳар бир тури бўйича тариф ставкаларини суғурталовчилар учун уларни ўтказишнинг узоқ муддатли ва қисқа муддатли хусусиятини ҳисобга олган ҳолда белгилаш;

суғурталовчининг инвестиция фаолияти натижаларини актуар ҳисоб-китоблардан фойдаланган ҳолда баҳолаш;

суғурталовчининг даромадларини суғуртанинг (қайта суғурта қилишнинг) ҳар хил турлари бўйича режалаштириш;

актуар ҳисоб-китобларини амалга ошириш бўйича дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш;

суғурта билан боғлиқ бошқа актуар хизматлари кўрсатиш.

Актуар ташкилот шартномага мувофиқ тўлов асосида фақат актуар хизматларини кўрсатиши мумкин.

Актуарий махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда актуарий малака сертификатини олган ва актуар ташкилот штатида турган ёки актуар ташкилот билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузган жисмоний шахсдир.

Актуарий сифатсиз актуар хизматларини кўрсатганлик, тижорат сирини ёки қонун билан кўриқланадиган бошқа сирни ошкор қилганлик ва актуар ташкилотнинг зарар кўришига олиб келган ўзга хатти-ҳаракатлари натижасида етказилган зарар учун актуар ташкилот олдида жавобгар бўлади.

Актуар ташкилот ўз штатида камида битта актуарийга эга бўлиши керак.

Актуарий:

суғурталовчи сифатида суғурта ва қайта суғурта қилиш операциялари ўтказишга;

суғурта бўйича воситачилик фаолиятини амалга оширишга;

суғурталовчиларнинг устав фондларида иштирок этишга ҳакли эмас.

Актуарий фаолияти натижалари ҳисобот тарзида расмийлаштирилади.

Актуарий ҳисоботида кўрсатилган хулосалар мустақил суғурта экспертизаси жараёнида қайта кўриб чиқилиши мумкин.


9-5-модда. Актуар ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Актуар ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:

актуар хизматлари кўрсатиладиган суғурталовчини ва бошқа буюртмачиларни эркин танлаш;

актуар хулосасини тузиш учун зарур бўлган ахборот суғурталовчи ва бошқа буюртмачилар томонидан тақдим этилмаган тақдирда, актуар хизматлари кўрсатишни рад этиш;

бошқа актуар ташкилотларни ва ўзга мутахассисларни актуар хизматлари кўрсатишда иштирок этишга белгиланган тартибда жалб этиш.

Актуар ташкилот қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Актуар ташкилот:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

актуар хизматлари кўрсатиш чоғида олинган ахборотнинг маҳфийлигига риоя этиши;

актуар хулосасида актуар ҳисоб-китобларнинг камчилик фактларини ва уларни бартараф этишга доир таклифларни акс эттириши;

қонун ҳужжатларида белгиланган ахборотни махсус ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши шарт.

Актуар ташкилот зиммасида қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


9-6-модда. Суғурта сюрвейери

Суғурта сюрвейери қуйидагилар бўйича хизматлар кўрсатувчи, ўз штатида тегишли мутахассисларга эга бўлган юридик шахс ёки профессионал билим ва малакага эга бўлган жисмоний шахсдир:

суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаси тузилгунига қадар суғурта объектини кўздан кечириш ва текшириш;

суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаси тузилгунига қадар барча фактларни ва таваккалчилик ҳолатларини таҳлил қилиш, таваккалчилик даражасини аниқлаш;

текширилаётган суғурта объекти бўйича хулоса тузиш.

Суғурта экспертизасини ўтказишга ваколатли мутахассисларнинг (экспертларнинг) иш тартиби суғурта сюрвейери томонидан белгиланади.

Суғурта сюрвейери ўз фаолиятини суғурталовчи (суғурта қилдирувчи) билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширади.

Суғурта сюрвейери:

суғурталовчи сифатида суғурта ва қайта суғурта қилиш операциялари ўтказишга;

суғурта бўйича воситачилик фаолиятини амалга оширишга;

суғурталовчиларнинг устав фондларида иштирок этишга ҳақли эмас.

Суғурта сюрвейери ишининг натижалари бўйича ҳисобот тақдим этилади, суғурталовчи (суғурта қилдирувчи) бу ҳисоботдан суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаси тузиш чоғида фойдаланиши мумкин.

Суғурта сюрвейерининг ҳисоботида кўрсатилган хулосалар мустақил суғурта экспертизаси жараёнида қайта кўриб чиқилиши мумкин.


9-7-модда. Суғурта сюрвейерининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурта сюрвейери:

хизматлар кўрсатиладиган суғурталовчини (суғурта қилдирувчини) эркин танлашга;

суғурта объектини ўрганиш учун суғурта қилдирувчидан (суғурталовчидан) зарур ахборотни сўраш ва олишга;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, фаолияти суғурта объектларига дахлдор бўлган бошқа ташкилотлардан зарур маълумотларни сўраш ва олишга ҳақли.

Суғурта сюрвейери қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Суғурта сюрвейери:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

суғурта экспертизаси ўтказиш учун тарафлар тақдим этган хужжатларнинг сақланишини таъминлаши;

мижознинг тижорат сирини ёки бошқа сирини ташкил этадиган маълумотларнинг маҳфийлигини сақлаши;

қонун ҳужжатларида белгиланган ахборотни махсус ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши шарт.

Суғурта сюрвейери зиммасида қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


9-8-модда. Ассистанс

Ассистанс суғурта қилдирувчиларга (суғурталанган шахсларга, наф олувчиларга) ҳамда суғурталовчиларга суғурта шартномаси доирасида ассистанс хизматлари, техник, тиббий ва бошқа хизматлар кўрсатувчи, шунингдек уларга молиявий кўмак берувчи юридик ёки жисмоний шахсдир.

Ассистанс ўз фаолиятини суғурталовчи билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширади.

Ассистанс хизматларига суғурта қилдирувчилар (суғурталанган шахслар) иштирокисиз фақат суғурталовчилар томонидан ҳақ тўланади.

Ассистанс:

суғурталовчи сифатида суғурта ва қайта суғурта қилиш операциялари ўтказишга;

суғурта бўйича воситачилик фаолиятини амалга оширишга;

суғурталовчиларнинг устав фондларида иштирок этишга ҳақли эмас.


9-9-модда. Ассистанснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ассистанс қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ассистанс хизматлари кўрсатилиши бўйича суғурталовчилар билан мустақил равишда шартнома тузиш;

ассистанс хизматлари кўрсатилиши учун зарур бўлган барча ахборот суғурталовчи томонидан тақдим этилмаган тақдирда, ассистанс хизматлари кўрсатишни рад этиш;

тегишли мутахассисларни ассистанс хизматлари кўрсатишда иштирок этишга белгиланган тартибда жалб этиш.

Ассистанс қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ассистанс:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

суғурта қилдирувчилардан (суғурталанган шахслардан) суғурта воқеалари (суғурта ҳодисалари) тўғрисидаги хабарлар кеча-кундуз қабул қилинишини ташкил этиши ва суғурта шартномаси доирасида, тақдим этилган суғурта полиси асосида суғурта қилдирувчиларга (суғурталанган шахсларга) зарур ёрдам кўрсатиши;

суғурта ҳодисаларини кўриб чиқиш ва тартибга солиш чора-тадбирларини кўриши;

қонун ҳужжатларида белгиланган ахборотни махсус ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши шарт.

Ассистанс зиммасида қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


10-модда. Махсус ваколатли давлат органи


Суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган махсус ваколатли давлат органи амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи:

- ижро этилиши мажбурий бўлган тўловга қобилиятлилик нормативларини ҳамда уларни аниқлаш тартибини, айрим таваккалчиликлар бўйича суғурталовчилар мажбуриятларининг йўл қўйиладиган энг кўп ёки энг кам миқдорини ва мажбуриятлар жамининг йўл қўйиладиган кўп ёки энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқариш услубини, суғурталовчиларнинг тўловга қобилиятини акс эттирувчи ахборотларни тақдим этиш тартиби ва муддатларини белгилайди;

- суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этишини, тўловга қобилиятлиликнинг белгиланган нормативлари ва молиявий барқарорликнинг бошқа талаблари бажарилишини назорат қилади;

- суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялайди;

- суғурталовчиларнинг суғурта захираларини шакллантириш ҳамда жойлаштириш тартиби ва шартларини, шунингдек бундай маблағлар ҳисобини юритиш ҳамда улар бўйича ҳисоботлар тузиш тартибини белгилайди, чет давлатларнинг давлат қимматли қоғозларига суғурта захираларини жойлаштиришни келишиб олиш тартиби бундан мустасно;

- суғурталовчининг, суғурта брокерининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарига ва бош бухгалтерига қўйиладиган малака талабларини белгилайди;

- суғурталовчилар томонидан тақдим этиладиган молиявий ҳисоботларнинг ва эълон қилинадиган йиллик молиявий ҳисоботнинг шаклини, шунингдек уни тақдим этиш ҳамда эълон қилиш тартиби ва муддатларини белгилайди;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг фаолиятини текширади ва уларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритади;

- суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шу жумладан белгиланган иқтисодий нормативлар суғурталовчи томонидан бузилганлиги учун суғурталовчининг устав фонди энг кам миқдорининг 0,1 фоизигача миқдорда белгиланган тартибда жарима солади;

- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суғурталовчилар ва суғурта брокерлари лицензияларининг амал қилишини тўлиқ ёки айрим суғурта турларига (классларига) нисбатан тўхтатиб қўяди, шунингдек уларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисида судга мурожаат қилади;

- жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, суғурталовчилар ва суғурта воситачиларига нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар ва санкцияларни кўллайди;

- ҳар бир молия йили тугаганидан кейин олти ой ичида суғурта фаолиятини тартибга солиш ва уни назорат қилиш борасидаги фаолият тўғрисида йиллик ҳисоботларни, шунингдек суғурта бозорининг молия йили мобайнидаги фаолияти тўғрисида статистика маълумотларини эълон қилади;

- суғурталовчиларнинг инвестиция фаолиятини амалга ошириш, шунингдек суғурта ҳодисалари юз беришининг олдини олиш ва огоҳлантириш чора-тадбирларини суғурталовчилар томонидан молиялаштириш тартиби ҳамда шартларини белгилайди, суғурталовчининг эҳтиётдан кўриладиган чора-тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган эҳтиётдан кўриладиган чора-тадбирлар рўйхатини келишиб олиш тартиби бундан мустасно;

- актуар хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди;

- актуарий малака сертификатини олиш учун ўқув дастурларини ҳамда малака имтиҳонлари топшириш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, мазкур сертификатни олиш ҳуқуқи учун малака имтиҳони ўтказади;

- белгиланган тартибда актуарий малака сертификати беради, унинг амал қилишини тугатади ва уни бекор қилади, малака сертификатига эга бўлган актуарийлар реестрини юритади;

- суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларидан қонун ҳужжатларида белгиланган ахборотни сўраб олади;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи ва унинг ходимлари суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг устав фондида ва бошқарув органларида иштирок этишга, шунингдек суғурта воситачиси сифатида иш юритишга ҳақли эмаслар бундан "Ўзагросуғурта" акциядорлик жамияти, "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамияти ҳамда "Ўзбекинвест" экспорт-импорт миллий суғурта компанияси устав фондида ва бошқарув органларида иштирок этиш мустасно.


11-модда. Суғурта бозорининг профессионал

иштирокчиларини тузиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш

Суғурталовчилар ва суғурта брокерлари, шунингдек суғурта бозорининг юридик шахс бўлган бошқа профессионал иштирокчилари қонунларда назарда тутилган ташкилий-ҳуқуқий шаклларда тузилади.

Суғурталовчилар ва суғурта брокерларини давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади, суғурта бозорининг бошқа профессионал иштирокчиларини давлат рўйхатидан ўтказиш эса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қайта суғурта брокерлари, аджастерлар, актуар ташкилотлар, суғурта сюрвейерлари, ассистанслар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин бир ҳафталик муддатда бу ҳақда махсус ваколатли давлат органини ёзма равишда хабардор қилади.


12-модда. Суғурталовчиларнинг устав фонди


Суғурталовчилар устав фондининг энг кам миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Суғурталовчи устав фондининг камида тўқсон фоизи муассисларнинг (иштирокчиларнинг) пул маблағларидан шакллантирилади.

Суғурталовчининг устав фондини шакллантириш учун кредитга, гаровга олинган маблағлардан ва бошқа жалб қилинган маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Суғурталовчининг бошланғич устав фонди лицензия олинадиган пайтга қадар муассислар томонидан шакллантирилган бўлиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган устав фондининг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак.


13-модда. Суғурталовчиларнинг ва суғурта

брокерларининг фирма номига доир талаблар

Суғурталовчиларнинг ва суғурта брокерларининг фирма номида илгари ташкил этилган суғурталовчиларнинг ва суғурта брокерларининг фирма номи билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга айнан ўхшаш бўлган белгилар қўлланилишига йўл қўйилмайди, бундан суғурталовчиларнинг ва суғурта брокерларининг филиаллари, шунингдек унитар корхона шаклида бошқа суғурталовчилар томонидан ташкил этилган суғурталовчиларнинг ва суғурта брокерларининг фирма номлари мустасно.



14-модда. Суғурталовчининг фирма номини,

ташкилий-ҳуқуқий шаклини ёки жойлашган

манзилини ўзгартириш


Суғурталовчининг фирма номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ёки жойлашган манзили ўзгарган тақдирда суғурталовчи бу ҳақда суғурта қилдирувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали, ўз ижросидаги бир йилдан ортиқ муддатли суғурта шартномалари бўйича эса ёзма равишда хабардор қилиши шарт.



15-модда. Суғурта фаолиятини лицензиялаш


Суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда махсус ваколатли давлат органи берадиган лицензиялар асосида амалга оширилади.

Лицензия суғурталовчига ёхуд ҳаётни суғурта қилиш соҳасида, ёхуд умумий суғурта соҳасида, ёхуд фақат қайта суғурта қилиш бўйича суғурта фаолиятини амалга ошириш учун берилади. Ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга ошираётган суғурталовчи умумий суғурта соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас, умумий суғурта соҳасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим турлари (класслари) бундан мустасно. Умумий суғурта соҳасида суғурта фаолиятини амалга ошираётган суғурталовчи ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас. Фақат қайта суғурта қилиш бўйича суғурта фаолиятини амалга ошираётган суғурталовчи суғурта шартномаларини тузишга ҳақли эмас.

Лицензияда суғурталовчи амалга оширишни назарда тутаётган суғурта турлари (класслари) кўрсатилади.


16-модда. Суғурталовчининг лицензияси

амал қилиши тўхтатиб турилишининг

ўзига хос хусусиятлари


Суғурталовчининг лицензияси амал қилишининг тўхтатиб турилиши унинг янги суғурта шартномалари тузиши тақиқланишига, шу жумладан амалдаги суғурта шартномалари узайтирилишининг тақиқланишига сабаб бўлади. Бунда суғурталовчи илгари тузилган суғурта шартномалари бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларини белгиланган тартибда бажаришга мажбурдир.


17-модда. Суғурталовчининг лицензияси

амал қилиши тугатилишининг

ўзига хос хусусиятлари


Лицензиянинг амал қилиши тугатилган кундан эътиборан беш кун ичида махсус ваколатли давлат органи суғурталовчини тугатиш тўғрисидаги ариза билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга мурожаат этиши шарт.

Суғурталовчининг илгари амал қилган бошқарув органларининг ваколатлари тўхтатиб турилади ва махсус ваколатли давлат органи томонидан тайинлаган суғурталовчининг муваққат маъмуриятига ўтади. Муваққат маъмурият суд қарор чиқаргунга қадар бўлган даврда ўз фаолиятини амалга оширади.

Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг ҳисоботи махсус ваколатли давлат органига ҳамда суғурталовчини тугатиш тўғрисида махсус ваколатли давлат органининг аризаси йўлланган судга тақдим этилади.

Суғурталовчининг муваққат маъмурияти ўз фаолияти даврида харажат операцияларини амалга оширишга ҳақли эмас, суғурталовчининг бошқарув харажатлари (маъмурий харажатлари), суғурталовчига тушаётган пулларни ҳисобга ёзиш ва илгари тузилган суғурта шартномалари бўйича суғурта ҳодисалари юз берганда суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш билан боғлиқ ҳоллар бундан мустаснодир.

Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг ишлаш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Ушбу модданинг қоидалари суғурталовчининг аризасига биноан лицензия бекор қилинган ҳолларга, шунингдек унинг муассислари (иштирокчилари)нинг ёки таъсис ҳужжатларида шундай ваколат берилган суғурталовчининг бошқарув органи қарорига биноан қайта ташкил этилиши ёхуд тугатилишига тааллуқли эмас.


18-модда. Суғурталовчиларни қайта ташкил

этишнинг ўзига хос хусусиятлари


Суғурталовчиларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш махсус ваколатли давлат органининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда бериладиган рухсатномаси билан амалга оширилиши мумкин.

Суғурталовчи қайта ташкил этишга рухсатнома олиш учун махсус ваколатли давлат органига тегишли ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатларида шундай ваколат берилган суғурталовчи бошқарув органининг қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори;

тузилаётган суғурталовчининг баланси ва фаолиятининг тахминий молиявий натижалари;

қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш шартномасининг лойиҳаси (қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилаётганда).

Суғурталовчиларни қайта ташкил этишни ўтказиш учун берилган ариза зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кун ичида махсус ваколатли давлат органи томонидан кўриб чиқилиши керак.

Махсус ваколатли давлат органи қабул қилинган қарор тўғрисида суғурталовчини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Махсус ваколатли давлат органи қуйидаги ҳолларда суғурталовчиларни қайта ташкил этишга рухсатнома беришни рад қилишга ҳақли, агар:

суғурталовчиларни қайта ташкил этиш натижасида уларнинг молиявий барқарорлигига доир талаблар бузилиши мумкин бўлса;

суғурталовчиларнинг қайта ташкил этилиши суғурта бозорида рақобатнинг чекланишига ёки бартараф этилишига олиб келиши мумкин бўлса;

суғурталовчиларни қайта ташкил этишга рухсатнома берилиши сўраб тақдим қилинган ҳужжатларда ишончсиз маълумотлар бўлса ёхуд бу ҳужжатлар қонун ҳужжатларига номувофиқ бўлса;

суғурталовчиларни қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларига зид бўлса.

Суғурталовчиларни қайта ташкил этишни ўтказиш учун берилган аризани такроран кўриб чиқишда ушбу қайта ташкил этишни ўтказишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича суғурталовчиларни қайта ташкил этишни ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилганда суғурталовчи (суғурталовчилар) лицензиясининг амал қилиши тугатилади. Қайта ташкил этиш натижасида янгитдан тузилган суғурталовчиларга лицензиялар бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилаётган давр учун ҳамда янгитдан тузилган суғурталовчилар лицензия олгунига қадар бўлган даврда улар янги суғурта шартномаларини тузишга, амалдаги суғурта шартномаларини узайтиришга ҳақли эмас, илгари тузилган суғурта шартномалари бўйича ўз зиммаларига олинган, ҳуқуқий ворислик тартибида ўзларига ўтган мажбуриятларни бажариш ҳоллари бундан мустасно.

Қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилаётганда ўзига бошқа суғурталовчи қўшилаётган суғурталовчи, агар қўшиб олиш натижасида лицензиянинг шартлари ўзгармаса, амалдаги лицензияни сақлаб қолади.

Ўзгартириш шаклида қайта ташкил этилганда суғурталовчининг лицензияси қайта расмийлаштирилади.

Қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этилаётганда лицензияни қайта расмийлаштиришга қайта ташкил этилаётган суғурталовчиларда янгидан вужудга келган суғурталовчини давлат рўйхатидан ўтказиш санасида лицензия мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.


20-модда. Тугатилаётган суғурталовчи

кредиторларининг талабларини

қаноатлантириш навбати


Тугатилаётган суғурталовчи кредиторларининг талаблари тугатишни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек тугатиладиган суғурталовчининг асосий вазифаларини таъминлаш заруратидан келиб чиқадиган харажатлар тўланганидан сўнг қуйидаги тартибда қаноатлантирилади:

биринчи навбатда - ҳаётни суғурта қилиш соҳасида мажбурий суғурта шартномалари бўйича суғурта қилдирувчиларнинг талаблари;

иккинчи навбатда - суғурта қилдирувчиларнинг бошқа мажбурий суғурта шартномалари бўйича талаблари;

учинчи навбатда - бошқа суғурта қилдирувчиларнинг (наф олувчиларнинг) талаблари;

тўртинчи навбатда - бюджетга, бюджетдан ташқари фондларга тўловларни назарда тутувчи тўлов (ижро) ҳужжатлари бўйича талаблар. Кўрсатилган талаблар тўлиқ қаноатлантирилгандан кейин ижтимоий суғурта бўйича талаблар ҳамда жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик туфайли фуқароларнинг мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш бўйича талаблари қаноатлантирилади;

бешинчи навбатда - суғурталовчининг бошқа кредиторлари талаблари.



21-модда. Cуғурталовчининг суғурта захиралари


Қабул қилинган суғурта мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш учун суғурталовчилар ҳам сўмда, ҳам чет эл валютасида тўланган суғурта мукофотларидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ва шартларда суғурта захираларини шакллантирадилар ҳамда жойлаштирадилар.

Суғурталовчининг суғурта захираларига мос келувчи активлари олиб қўйилиши мумкин эмас.


22-модда. Суғурталовчилар тўлов қобилиятининг кафолатлари

Суғурталовчилар айрим таваккалчиликлар бўйича йўл қўйиладиган энг кўп миқдордан ва мажбуриятлар жамининг йўл қўйиладиган энг кўп миқдоридан ортиқ мажбуриятларни ўз зиммаларига олишлари мумкин эмас, уларнинг бу мажбуриятларни бажариш қобилияти тўловга қобилиятлилик нормативларига ва молиявий барқарорликнинг бошқа талабларига мувофиқ қайта суғурта қилинган ҳоллар бундан мустаснодир. Суғурталовчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ўз мажбуриятларини белгиланган тартибда қайта суғурта қилишга ҳақлидирлар.


23-модда. Суғурталовчилар бухгалтерия

ҳисобининг ўзига хос хусусиятлари


Суғурталовчилар, суғурта брокерлари ва қайта суғурта брокерлари махсус ваколатли давлат органи белгилайдиган ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритадилар.


24-модда. Монополистик фаолиятга йўл қўйилмаслиги


Суғурта бозорида рақобатни чеклаш ёки бартараф этишга, бир суғурталовчиларга бошқаларига қараганда асоссиз афзалликлар берилишига ёки олинишига, суғурта қилдирувчилар ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилишига қаратилган фаолиятга йўл қўйилмайди.

Суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларига ўз уюшмалари (иттифоқлари) ва бошқа бирлашмаларидан суғурта бозорини монополлаштиришга қаратилган битимларга эришиш йўлида фойдаланиш тақиқланади.


25-модда. Ахборот олиш ҳуқуқи


Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотлар суғурталовчиларнинг ва аджастерларнинг сўровига кўра суғурта ҳодисаларининг рўй бериши сабаблари ҳамда ҳолатларини, шунингдек суғурта товони (суғурта пули) миқдорларини суғурталовчи ва аджастер томонидан аниқлаш учун зарур бўлган тегишли ахборот ва ҳужжатларни тақдим этиши шарт.

Махсус ваколатли давлат органи суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларидан қабул қилинган пул маблағлари ва мажбуриятларининг миқдорлари ҳақидаги ахборотни, шунингдек бошқа ахборотни ўз ваколати доирасида талаб қилиб олишга ҳақли. Бундай ахборотни талаб қилиб олиш ёзма равишда, сўров сабаблари кўрсатилган ҳолда амалга оширилмоғи лозим.

Махсус ваколатли давлат органи ўзи олган ахборотнинг сир тутилишига риоя этиши шарт, ахборотнинг ошкор қилиниши қонунда рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно.


26-модда. Суғурта сири


Суғурта қилдирувчилар, суғурталанган шахслар ва наф олувчилар, суғурта қилдирувчиларнинг ва суғурталанган шахсларнинг соғлиғи, суғурталанган мол-мулк, суғурта пули, банк ҳисобварақлари мавжудлиги, ушбу ҳисобварақлардаги пул қолдиқлари ва пул ҳаракати ҳақидаги маълумотлар ошкор қилиниши мумкин эмас.

Суғурта фаолиятини амалга оширишнинг умумий шартлари, тавсия этилаётган суғурта битимлари ва операцияларининг рўйхати, суғурта тарифлари, суғурта турлари ҳамда муддатлари очиқ ахборот бўлиб, суғурта сири предмети бўлиши мумкин эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар суғурта қилдирувчи, шунингдек суғурталанган шахслар ва наф олувчилар ўзларига тааллуқли маълумотларга доир ёзма розилик берганда учинчи шахсларга ошкор қилиниши мумкин.

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш билан боғлиқ маълумотлар тўғрисидаги маълумотномалар суғурта қилдирувчининг розилиги олинмаган ҳолда суғурталовчи томонидан Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасига белгиланган тартибда тақдим этилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар тўғрисидаги маълумотномалар суғурта қилдирувчиларнинг розилигини олмаган ҳолда суғурталовчилар томонидан судга, прокурорга, қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда эса, суриштирув ва тергов органларига суднинг ундирувни суғурта қилдирувчининг мол-мулкига қаратиш ёки бу мол-мулкни хатлаш ҳақидаги қонуний кучга кирган қарори мавжуд бўлган тақдирда, давлат ижрочиларига белгиланган тартибда тақдим этилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар тўғрисидаги маълумотномалар, бундан суғурта қилдирувчиларнинг ва суғурталанган шахсларнинг соғлиғи ҳолати, банк ҳисобварақлари мавжудлиги, ушбу ҳисобварақлардаги пул қолдиқлари ва пул ҳаракати ҳақидаги маълумотлар мустасно, қонун ҳужжатларида мажбурий суғурта бўйича белгиланган мажбуриятнинг суғурта қилдирувчилар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширувчи тегишли давлат бошқаруви органларига суғурта қилдирувчиларнинг розилиги олинмаган ҳолда белгиланган тартибда суғурталовчилар томонидан тақдим этилади.

Тузилган суғурта шартномалари ва амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотномалар суғурта қилдирувчи  жисмоний шахс вафот этган тақдирда қуйидагиларга берилади:

суғурта қилдирувчи ўз васиятномасида кўрсатган шахсга;

суд ва нотариусга  уларнинг иш юритувида бўлган меросга оид ишлар бўйича суднинг қарори ёки нотариуснинг ўз муҳри билан тасдиқланган ёзма сўрови асосида. Нотариуснинг ёзма сўровига суғурта қилдирувчи вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси илова қилинган бўлиши керак;

консулга унинг иш юритувида бўлган меросга оид ишлар юзасидан.

Суғурталовчилар ва суғурта воситачилари пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этади.

Тузилган суғурта шартномалари тўғрисидаги маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кредит бюроларига тақдим этилади.


27-модда. Чет эл суғурта ташкилотларининг фаолияти


Чет эл суғурта ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик шахслар - суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг муассислари (иштирокчилари) бўлишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл суғурта ташкилотлари томонидан суғурта амалга оширилишига йўл қўйилмайди.


28-модда. Низоларни ҳал этиш


Суғурта фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


29-модда. Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                      И. Каримов