язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти/ Ўрта таълим/ Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасаларининг ихтисослаштирилган синфларига, давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига ўқувчилар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 01.02.2012 й. 2321-сон билан рўйхатга олинган 26.12.2011 й. Халқ таълими вазирлигининг 38-сон, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 42 қ/қ-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 1 февралда 2321-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Халқ таълими вазирлиги

ва Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Давлат тест марказининг

2011 йил 26 декабрдаги

38, 42 қ/қ-сон қарорига

ИЛОВА


Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган

давлат умумтаълим муассасаларининг

ихтисослаштирилган синфларига, давлат

ихтисослаштирилган умумтаълим

муассасаларига ўқувчилар қабул

қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 13 майдаги 203-сон "Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида"ги ва 2008 йил 7 августдаги 173-сон "Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 33-сон, 312-модда) ҳамда 2011 йил 9 сентябрдаги 254-сон "Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасаларининг ихтисослаштирилган синфлари, давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 37-сон, 379-модда) қарорларига мувофиқ, давлат умумтаълим муассасаларининг ихтисослаштирилган синфлари (бундан буён матнда ихтисослаштирилган синф деб юритилади), давлат ихтисослаштирилган мактаблари ва мактаб-интернатларига (бундан буён матнда ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси деб юритилади) ўқувчилар қабул қилиш ва уларни ушбу ихтисослаштирилган синф ҳамда ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасидан ўқишдан четлатиш тартибини белгилайди.

Ихтисослаштирилган синф ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасига тегишли синфни муваффақиятли якунлаган, чуқурлаштириб ўқитиш белгиланган ўқув фанларидан муайян қобилиятини кўрсата олган ўқувчилар танлов натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (бундан буён матнда Давлат тест маркази деб юритилади) томонидан қўшма буйруқ билан белгиланган квота доирасида қабул қилинади.



II. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


1. Ихтисослаштирилган синф ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасида ҳужжатларни қабул қилиш, расмийлаштириш ва тегишли фанлардан оғзаки ва ёзма синовлар ўтказиш ҳамда ота-оналарнинг мурожаатларини кўриб чиқиш Комиссияси тузилади (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади).

Комиссия таркиби 5 нафардан кам бўлмаган тоқ миқдорда ташкил этилиб, таркибига ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси (ихтисослаштирилган синфи мавжуд умумтаълим мактаби) директори, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими вакили ҳамда умумтаълим муассасаси ўқитувчилари киритилади.

Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси (ихтисослаштирилган синфи мавжуд умумтаълим мактаби) директори Комиссия раиси ҳисобланади.

Бевосита республика ёки вилоят халқ таълимини бошқариш ҳудудий органлари тасарруфидаги ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида ташкил этилган Комиссия таркибига тегишли бошқариш органи вакили киритилади.


2. Ихтисослаштирилган синф ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг 2-синфига ўқув йили тамом бўлгандан кейин 1-синф ўқувчилари, ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг (мактаб-интернатнинг) 5-синфига ўқув йили тамом бўлгандан кейин 4-синф ўқувчилари танлов асосида қабул қилинади.


3. Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси (ихтисослаштирилган синфи мавжуд умумтаълим мактаби)нинг раҳбарияти танловни сифатли ва рақобатли ўтказиш мақсадида ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида 2 ой олдин танлов ҳақида оммавий ахборот воситаларида (республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсидаги газеталарда) эълон беради.


4. Ихтисослаштирилган синф ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг 2-синфи учун ҳужжатлар 1 - 31 июль кунлари ҳамда 5-синфи учун ҳужжатлар 1 - 20 июль кунлари қабул қилинади.

5-синфга ўқувчилар қабули бўйича буюртманома Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан умумлаштирилиб, 25 июль кунига қадар Давлат тест марказига тақдим этилади.


5. Танловда иштирок этиш учун ўқувчилардан қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинади:

Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси (ихтисослаштирилган синфи мавжуд умумтаълим мактаби) директори номига ариза;

туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;

3 х 4 ҳажмдаги 6 та фотосурат;

психологик-педагогик диагностика дафтари асосида ўқувчининг қизиқишлари, ўқув фанларини ўзлаштириши ҳақида тасдиқланган тавсифнома;

яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан маълумотнома;

таълим йўналиши бўйича ўқувчининг истеъдод ва иқтидорини кўрсатувчи ишларидан намуналар, агар улар мавжуд бўлса (нашр этилган ёки қўлёзма сифатида ёзилган шеърлар, ҳикоялар, расмлар ва бошқалар).


6. Ихтисослаштирилган синф ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг 2-синфи ҳамда ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг (мактаб-интернатнинг) 5-синфи учун танловлар 5 - 20 август кунлари оралиғида ўтказилади.


7. Ихтисослаштирилган синфи мавжуд умумтаълим муассасаси ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасида Комиссия томонидан тасдиқланган жадвал асосида мурожаат қилувчиларга маслаҳат бериб борилади.



III. ТАНЛОВ ИШЛАРИНИ ЎТКАЗИШ


8. Ихтисослаштирилган синф ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг 2-синфига ўқув йили тамом бўлгандан кейин 1-синф ўқувчилари Комиссия томонидан тегишли фанлар бўйича ўтказиладиган оғзаки ва ёзма синов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органларининг вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан ўтказиладиган психологик-педагогик диагностика натижалари асосида қабул қилинади.


9. Тегишли фанлар бўйича ўтказиладиган оғзаки ва ёзма синовлар ҳамда психологик-педагогик диагностика материаллари ва методикаси бошланғич таълим соҳасидаги етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан шакллантирилади.

Оғзаки ва ёзма синовлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органларининг вакиллари иштирокида Комиссия томонидан, психологик-педагогик диагностика Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органларининг вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан ўтказилади.


10. Ихтисослаштирилган синфи мавжуд умумтаълим муассасаси ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасида танловлар ўтказиладиган кунларнинг аниқ муддати Комиссия томонидан тасдиқланадиган жадвалда кўрсатилади.


11. Оғзаки ва ёзма синовлар ҳамда психологик-педагогик диагностика мазкур муассасада таълим олиб бориладиган тилда ҳамда умумтаълим фанлари бўйича умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ва дастурлари асосида Комиссия томонидан тасдиқланадиган жадвал асосида хар бир синфда бир вақтда ўтказилади. Ёзма синовлар 45 дақиқа ва оғзаки синовлар ҳар бир ўқувчи учун 5 дақиқа ҳамда психологик-педагогик диагностика 45 дақиқа давом этади.


12. Комиссия томонидан 2-синфга қабул учун таълим соҳалари бўйича қуйидаги фанлардан оғзаки ва ёзма синовлар ўтказилади:

филология - муассасада таълим олиб бориладиган тилдан диктант (25 та сўз), ёд билган шеърини ёки 25 та сўздан иборат матнни ифодали ўқиш;

математика - математикадан ёзма иш (3 та мисол ва 2 та масала), масала матнини ўқиб, оғзаки ечимини айтиш;

инсон ва жамият - муассасада таълим олиб бориладиган тилдан диктант (25 та сўз), ёд билган шеърини ёки 25 та сўздан иборат матнни ифодали ўқиш.


13. Тегишли фанлар бўйича оғзаки ва ёзма синовларнинг ҳамда психологик-педагогик диагностиканинг ҳар биридан 70 фоиздан кам бўлмаган натижа кўрсатган ўқувчилар орасидан баллар рейтинги бўйича белгиланган квотага мувофиқ қабул қилинади. Оғзаки ва ёзма синов натижалари яхлит, психологик-педагогик диагностикаси эса алоҳида баҳоланади.


14. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ихтисослаштирилган синф, ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасида оғзаки ва ёзма синовларни ҳамда психологик-педагогик диагностикани ташкиллаштириш, баҳолашнинг рейтингли тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишни Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 августдаги 372-сон "Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 31-сон, 356-модда) мувофиқ амалга оширади.


15. Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг (мактаб-интернатнинг) 5-синфига ўқувчилар Давлат тест маркази томонидан тегишли фанлар бўйича ўтказиладиган тест синовлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органларининг вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан ўтказиладиган психологик-педагогик диагностика натижалари асосида танлаб олинади.


16. Тест синови материаллари ва методикаси Давлат тест маркази томонидан, психологик-педагогик диагностика материаллари ва методикаси - бошланғич ва умумий ўрта таълим соҳасидаги етакчи мутахассислар жалб этилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги иштирокида Халқ таълими вазирлиги томонидан шакллантирилади. Тест саволларининг мураккаблик даражаси таълим соҳаларидан келиб чиқиб белгиланади.


17. Тест синовлари умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари доирасида муассасада таълим олиб бориладиган тилда ўтказилади.


18. Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг (мактаб-интернатнинг) 5-синфи учун тест синовлари 60 дақиқа давом этади. Психологик-педагогик диагностика синовлари ҳам 60 дақиқа давом этади.

Тест синовлари бошланишига қадар 20 дақиқагача тушунтириш ишлари ўтказилади, бу вақт тест ўтказиш учун ажратилган вақт меъёрига кирмайди.


19. 5-синфга қабул учун таълим соҳалари бўйича Давлат тест маркази томонидан қуйидаги фанлардан тест синовлари ўтказилади:

филология - муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 20 та, математикадан 10 та, жами 30 та тест саволи;

ижтимоий билимлар - муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 20 та, математикадан 10 та, жами 30 та тест саволи;

математика - математикадан 20 та, муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 10 та, жами 30 та тест саволи;

табиий билимлар - математикадан 20 та, муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 10 та, жами 30 та тест саволи;

маънавият - муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 20 та, математикадан 10 та, жами 30 та тест саволи;

санъат - муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 20 та, математикадан 10 та, жами 30 та тест саволи;

технология - математикадан 20 та, муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 10 та, жами 30 та тест саволи.


20. Ўқувчилар Комиссия томонидан шакллантирилган рўйхат асосида тест синовларига киритилади.


21. Тест синовлари ва психологик-педагогик диагностика синовларининг ҳар биридан 70 фоиздан кам бўлмаган натижа кўрсатган ўқувчилар орасидан баллар рейтинги бўйича белгиланган квотага мувофиқ қабул қилинади.


22. Ўқувчиларга танловлар ўтказиладиган бинога ўзи билан фақат ручка ва тоза дафтар олиб киришларига рухсат этилади.

Танловларга келмаган ўқувчилар учун қўшимча танловлар ўтказилмайди.


23. Ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга танловларда тўплаган балининг 10 фоизи миқдорида имтиёз сифатида қўшиб берилади.


24. Ўқувчиларнинг танловлардаги кўрсаткичлари тенг бўлиб қолган ҳолларда қуйидагилар имтиёзга эга бўлади:

ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари.


25. Танловларнинг якуний натижалари 5 кун ичида Комиссия томонидан ихтисослаштирилган синфи мавжуд умумтаълим муассасаси ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасидаги эълонлар тахтасига осиб қўйилади.


26. Танловлардан ўтмаган ўқувчиларнинг ҳужжатлари (5-банднинг саккизинчи хатбошиси бундан мустасно) ота-оналарига қайтариб берилмайди.


27. Танловларни ўтказиш жараёнидан норози бўлган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар Комиссияга, ҳалқ таълимини бошқариш ҳудудий органларига, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига, Давлат тест марказига ва унинг жойлардаги доимий вакилларига мурожаат этишлари мумкин. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар берилган жавоблардан норози бўлса, белгиланган тартибда судга мурожаат этишлари мумкин.


28. Танловлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар танлов ўтказилган йилнинг 25 августига қадар ихтисослаштирилган синфи мавжуд умумтаълим муассасаси ёки ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси директори буйруғи асосида ўқувчилар сафига киритилади.



IV. ЎҚУВЧИЛАРНИ ЎҚИШДАН ЧЕТЛАТИШ

ВА БЎШ ЎРИНЛАРГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


29. Ихтисослаштирилган синфи мавжуд умумтаълим муассасаси ёки ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг уставида белгиланган ички тартиб-қоидаларни бузган ўқувчилар туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан келишилган ҳолда педагогик кенгаш қарори асосида аввал ўқиган синфи ёки мактабига қайтариб юборилади (ўқувчининг яшаш жойи ўзгарган тақдирда ҳудуддаги бошқа мактабга).


30. Ихтисослаштирилган синф ёки ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида бўшаб қолган ўринларга танловда иштирок этиб, таълим соҳалари бўйича тегишли фанлардан 70 фоиздан ортиқ натижа кўрсатган, лекин ўтиш бали юқори бўлганлиги сабабли қабул қилинмай қолган ўқувчилар баллар рейтинги бўйича кетма-кетликда қабул қилинади.

Агар ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан рад жавоби олинса, баллар рейтинги бўйича навбатдаги юқори балл тўплаган ўқувчи чақириб олинади.

Мазкур бандда белгиланган талаблар фақатгина ихтисослаштирилган синф ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг 2-синфи ҳамда ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг (мактаб-интернатнинг) 5-синфи ўқув йилининг биринчи ярим йиллиги бўйича қўлланилади.


31. Ўқув йили тугаганда бўш ўринлар учун қўшимча танлов эълон қилинади ва ўтказилади. Бунда танлов ўқувчининг битирган синф ҳажмидаги ўқув фанларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


32. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


33. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 5-сон, 55-модда