ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Халқаро ҳамкорлик / Давлатлараро ҳамкорлик органлари фаолиятини ташкил этиш масалалари / Европа /

Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми (Брюссель, 2011 йил 24 январь)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи

ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисида

АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ*


Брюссель, 2011 йил 24 январь


Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи (бундан кейин "Томонлар" деб аталувчилар):

Ўзбекистон Республикаси бир томондан ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо давлатлар иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи, 1996 йил 21 июнда тузилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Европа Атом Энергияси Ҳамжамияти (Евратом) ўртасида 2003 йил 6 октябрда тузилган атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга;

2007 йил 21 ва 22 июнда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи Кенгашининг мажлиси давомида қабул қилинган, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг экспорт йўналишлари, талаб ва таклифлар ҳамда энергия манбаларининг тузилишларини диверсификациялашдаги ва Марказий Осиёда бозор иқтисодиёти тузилмаларининг ривожланишини қўллаб-қувватлашдаги умумий манфаатдорлиги қайд этилган "Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё Янги шериклик стратегияси" номли ҳужжатга;

шерик давлатлар билан энергетика соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш Европа Иттифоқи учун аҳамиятли экани қайд этилган Европа Комиссиясининг 2008 йил 13 ноябрдаги "Энергетика бўйича иккинчи стратегик шарҳ - Европа иттифоқининг энергетика соҳасидаги хавфсизлик ва бирлик бўйича ишлар режаси" номли коммюникесига;

2009 йил 11 мартда Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган ва давомида Ўзбекистон Республикаси биргаликда белгиланган энергетика борасидаги ҳамкорлик соҳаларини, хусусан, энергия самарадорлиги, тикланадиган энергия манбалари, энергетика инфратузилмасидаги энергия самарадорлиги, Мусаффо ривожланиш механизмини (МРМ), шунингдек Киото протоколини амалга оширишни, энергетикага доир стратегия ва сиёсатни, саноат соҳасидаги ҳамкорликни тасдиқлаган Европа Иттифоқи (ЕИ) билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги Ҳамкорлик бўйича қўмитанинг еттинчи мажлисига;

2009 йил 14 сентябрда Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган ва давомида Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан бирга Марказий Осиё учун стратегияни, шу жумладан, энергетика ва экологияга чидамлилик бўйича ҳамкорликни амалга ошириш бўйича фаолиятдан ўз манфаатдорлигини қайта тасдиқлаган, шунингдек янги энергетика йўлагини барпо этишни қўллаб-қувватлаган Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги "Европа Иттифоқи - Ўзбекистон" Ҳамкорлик кенгашининг тўққизинчи мажлисига;

2009 йил 15 сентябрда бўлиб ўтган, атроф-муҳит масалалари, шу жумладан, энергетика ресурсларини бошқариш ва иқлим ўзгаришининг таъсири бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида таъкидланган "Европа Иттифоқи - Марказий Осиё" вазирлар конференциясига таянган ҳолда;

Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳар икки томон учун манфаатли эканини ва у ҳар икки томоннинг, шунингдек Марказий Осиё минтақасининг ҳам энергетика, ҳам экологик хавфсизлигини оширишга йўналтирилган бўлиши лозимлигини;

икки томоннинг энергетика соҳасидаги ўз муносабатларини ўзаро ҳамкорликка амалий жиҳатдан фойдали ва конструктив ёндашув асосида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини;

Ўзбекистон энергетика секторининг Ўзбекистон Республикасининг имкониятлари ва эҳтиёжларига асосланган ҳолда келгусида барқарор ривожланишининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш ва зарур стратегик чораларни таърифлаш муҳимлигини;

Ўзбекистон иқтисодиётининг янада ривожланиши учун энергетика инфратузилмасини модернизациялаш ва кенгайтириш муҳимлигини;

Европа Иттифоқининг ички ва халқаро инвестицияларни жалб қилиш ва ҳимоялаш бўйича зарур стратегик чораларни эътиборга олиш билан ушбу жараёнда тутиши мумкин бўлган ўрнини;

Ўзбекистон энергетика секторининг барча соҳаларида инвестицияларга бўлган катта эҳтиёжни ва халқаро молиявий институтлар, шунингдек ҳам Ўзбекистон, ҳам Европа хусусий секторининг келгусида инвестицияларни жалб қилишда тутиши мумкин бўлган ўрнини;

минтақанинг трансчегаравий дарёлар, кўллар ва денгизлар билан боғлангани сабабли ушбу ресурсларни ҳимоя қилиш учун минтақавий ёндашув муҳим эканини ва манфаатдор мамлакатларнинг сув ва энергетика масалалари бўйича экотизимли ёндашув, шунингдек умумий сув ресурсларидан адолатли, барқарор ва оқилона фойдаланиш принципи асосида ҳамкорлик қилиш мақсадида барқарор ва аниқ механизмни ишлаб чиқиш учун биргаликда ишлаши зарур эканини;

Европа Иттифоқи Комиссияси томонидан 2010 йилда энергетика ва атроф-муҳит соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш йўлларини белгилаши мумкин бўлган "Марказий Осиё инвестиция воситаси"ни (Central Asia Investment Facility - CAIF) яратишганлигини;

Европа Иттифоқи Комиссияси, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида Марказий Осиёда мавжуд бўлган уран ишлаб чиқаришни тиклаш бўйича ҳозирги ҳамкорликни, хусусан уран конларини бойитиш фабрикаларини тиклашни ва чиқиндиларни фойдали суратда ишлатишни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур мазмунда билдирилган катта қизиқишни эътиборга олиб;

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистоннинг экология ва атроф-муҳитга зарарли таъсирларни, шу жумладан, Орол денгизининг зарарли таъсирини бартараф қилишда, табиий ресурслардан оқилона, самарали ва барқарор фойдаланишни таъминлашда ҳамда Марказий Осиё минтақасининг энергетика ва экологик хавфсизлигини таъминлашда яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича қатъий мақсадини;

юқори сейсмиклик ва тектоник фаолликни ҳисобга олган ҳолда, Марказий Осиёнинг трансчегаравий дарёларида гидроэлектр ишлаб чиқариш қувватларини барпо қилиш ва улар билан боғлиқ иншоотларни қуриш бўйича лойиҳалар халқаро стандартларга, шунингдек экологик таъсир ва амалга ошириш мумкинлиги нуқтаи назаридан мустақил баҳоланган бўлишига асосланиб;

Марказий Осиёда электр етишмовчилиги ортиб бораётгани боис, ишлаётган энергетика объектларининг самарадорлигини ошириш, Марказий Осиё минтақасида экологик жиҳатдан бардошли гидроэлектр станциялари тизма (каскад)ларини қуриш, шунингдек тикланадиган энергия манбаларини ва агар қўллаб бўлса, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган углеводородлар ва бошқа минерал ресурсларни тадқиқ қилиш орқали электр ишлаб чиқариш қувватларини янгилаш зарурлигини;

ҳозирги вақтда фаолият кўрсатаётган Марказий Осиё бирлашган энергетика тизимининг 30 йилдан кўпроқ вақт муқаддам ташкил этилганини ва уни бозор қоидаларига жавоб бериш учун ҳамда мустаҳкам, барқарор, зарурат туғилганда ўзаро боғлиқ бўлган миллий энергетика тизимларини ривожлантириш, шунингдек Марказий Осиё давлатлари ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама битимлар асосида мувофиқлаштириш ва энг қулай шароит яратиш кераклигини эътироф этган ҳолда модернизациялаш лозимлигини тасдиқлаб/эътиборга олиб;

Ўзбекистон Республикасида ҳам маҳаллий таъминот, ҳам Европа Иттифоқи томон транзит мақсадида углеводород энергетика инфратузилмасини модернизациялаш, кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш;

электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича тозароқ қувватларни, энергия самарадорлиги чораларини ва муқобил энергия манбаларини, хусусан қуёш ва шамол энергиясини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистонда чидамли, барқарор ва ишончли миллий энергетика тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;

Марказий Осиё давлатлари миллий энергетика тизимларини икки томонлама ва кўп томонлама битимлар асосида халқаро амалиётга мос равишда янада оптималлаш ва мувофиқлаштиришни енгиллатиш;

энергетика технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва эксперт тажрибаси билан алмашиш, шу жумладан, техник ёрдам ва ноу-хауларни бериш;

БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенциясида баён этилган принципларга риоя қилиш ва унга тааллуқли Киото протоколи қоидаларини амалга ошириш мақсадида

қуйидагилар бўйича ҳамкорлик қилиш ниятидадирлар:



I. ҲАМКОРЛИК СОҲАЛАРИ


1. Сиёсий чоралар


Ҳар икки томон:

Ўзбекистон Республикасининг энергетика секторида мамлакатнинг барча энергетика ресурсларини ривожлантириш учун белгиланган ўрта ва узоқ муддатли миллий стратегияга асосланган ҳолда ҳар тарафлама ва оғишмас сиёсатни ривожлантириш ва амалга оширишни давом эттиришда;

энергетикага бўлган талабни бошқариш бўйича ҳар тарафлама стратегияни, шу жумладан, преференциялар, энергетика тарифларининг очиқ-ойдинлиги ва тегишли равишда институционал ислоҳотларни ривожлантириш ва амалга оширишда;

энергияни тежаш орқали энергия самарадорлиги бўйича чораларни кучайтиришда ва замонавий экологик тоза энергетика технологияларини қўллашда, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг энергия самарадорлиги ва энергияни тежаш масалалари билан шуғулланувчи ташкилотларининг салоҳияти ва эксперт тажрибасини оширишда;

тикланувчи энергия манбаларини, хусусан қуёш ва шамол энергиясини ривожлантиришга қаратилган сиёсат ишлаб чиқишда;

ушбу мақсадларга эришиш учун Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат ва техник агентликлари ўртасидаги ҳамкорликнинг тегишли механизмлари ва тадбирларини белгилашда ҳамкорлик қилиш учун интиладилар.



2. Инфратузилма


Ҳар икки томон ўзаро аҳамиятга эга бўлган мавжуд инфратузилмани модернизациялашда ва Европа Иттифоқи йўналишида транзит учун фойдали бўлиши мумкин бўлган Ўзбекистон Республикасида Шарқ - Ғарб ўқида янги энергетика инфратузилмасини яратишда ҳамкорлик қилишга интилади.

Ҳамкорлик зарур бўлган жойда, хусусан қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

а) инфратузилмани модернизациялаш бўйича режани ишлаб чиқиш мақсадида углеводородларнинг мавжуд транзити ва етказиб бериш тармоғини баҳолаш;

б) Ўзбекистон Республикасига газнинг сизиб чиқиб кетиши ва ёндирилишини камайтиришда кўмаклашиш;

в) Ўзбекистон Республикасига энергетика углеводород инфратузилмаси соҳасидаги аниқ янги лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш;

г) модернизациялаш ва амалга ошириш мумкин бўлган кенгайтириш доирасида электр энергиясини ишлаб чиқариш тизимлари ва электр тармоқлари эҳтиёжларини баҳолаш;

д) европалик шерикларни, шу жумладан, Европа банк институтларини жалб қилиш воситаси билан шундай инвестицияларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш.



3. Техника ва саноат соҳасида ҳамкорлик


Ҳар икки томон Ўзбекистонда техника соҳасидаги энг сўнгги янгиликларга мос келувчи энергетика технологияларини, шу жумладан, энергия ва ресурсларни тежовчи технологияларни, тикланувчи энергия манбаларини келгусида жорий этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг техникавий экспертизасини ошириш ҳамда Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон Республикаси ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ва ҳамкорликни кучайтириш мақсадида биргаликда ишлаш ниятидадирлар. Бундай ҳамкорлик қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

а) ноу-хау алмашиш ва технологик кўникмаларни эгаллашга ёрдам кўрсатиш мақсадида ахборот тарқатишга ва бошқа коммуникация шаклларига кўмаклашиш;

б) тадқиқотлар ва ишланмаларда ҳамкорлик қилиш;

в) Европа Иттифоқи Комиссиясининг минтақавий таълим дастурларидан (ТЕМПУС, Эрасмус Мундус) фойдаланган ҳолда шундай энергетика соҳасида ҳамкорликнинг устувор масалаларига йўналтирилган тегишли таълимни амалга ошириш;

г) Европа Иттифоқи ёки Ўзбекистон Республикаси сиёсатини, шу жумладан, ҳар икки томоннинг энергетика хавфсизлигини эътиборга олган ҳолда, энергетика ресурсларини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш ва улардан фойдаланишга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, шу жумладан, уларнинг ташқи алоқаларини янада ривожлантириш бўйича маълумот алмашиш;

д) Европа Иттифоқи ва Ўзбекистондаги энергетика секторида фаолият юритаётган давлат ва хусусий бизнес ўртасида қўшма конференциялар, бизнес-форумлар ва семинарлар каби тадбирлар билан алмашиш ва ҳамкорликни илгари суриш;

е) ўзаро аҳамиятга эга бўлган, Ўзбекистон энергетика секторини модернизациялаш, техника ва технология билан қайта жиҳозлантиришга қаратилган лойиҳалар бўйича индустриал ҳамкорликни, шунингдек янги энергетика объектларини қуришни қўллаб-қувватлаш;

ё) энергия самарадорлиги, энергияни тежаш ва қайта тиклаш соҳаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, энергетика секторида индустриал ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш;

ж) энергия самарадорлиги ва энергияни тежаш бўйича хизмат кўрсатиш секторида Ўзбекистондаги тадбиркорлик сектори, шу жумладан, кичик ва ўрта корхоналар учун хизмат кўрсатиш салоҳиятларини қўллаб-қувватлаш;

з) Европа Иттифоқи Комиссиясининг халқаро ташаббусларидаги тегишли воситалари орқали Европа Иттифоқининг аъзо давлатлари, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ), БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТ ТД) ва бошқа манфаатдор шериклар билан уран чиқиндилари ва Ўзбекистон Ядро физикаси институтидаги тадқиқот реакторининг операцион хавфсизлигини ошириш юзасидан иш олиб бориш бўйича ҳамкорлик қилиш.



4. Амалга ошириш


Ҳар икки томон ўз ҳамкорлиги давомида Тошкент шаҳридаги техник офисни ташкил этишни ва унинг фаолиятини тўла қўллаб-қувватлаш ниятидадирлар, ушбу офис Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги Делегацияси тузилгунга қадар ушбу Англашув меморандумини амалга оширишга кўмаклашади ва шунингдек, энергетика ҳамда иқлим ўзгаришига тааллуқли энергетика масалалари бўйича минтақавий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун мўлжалланган марказ бўлиб хизмат қилади.



II. ЯКУНИЙ ҚОИДА


Ушбу ҳужжат фақат сиёсий мақсадларни тасдиқлайди ва ҳар икки томон бирор-бир юридик мажбуриятни ўз зиммасига олмайди.


Брюссель шаҳрида 2011 йил 24 январда ўзбек ва инглиз тилларида тузилди.



(имзолар)



*) Имзоланган кундан бошлаб кучга киради







































Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск