язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Кредит бюролари/ Кредит ташкилотлари томонидан Кредит ахборотининг давлат реестрига ва кредит бюроларига кредит ахборотини тақдим этиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 02.03.2012 й. 2332-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 14.01.2012 й. 1/4-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 2 мартда 2332-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2012 йил 14 январдаги

1/4-сон қарорига

ИЛОВА



Кредит ташкилотлари томонидан Кредит ахборотининг

давлат реестрига ва кредит бюроларига кредит

ахборотини тақдим этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда) ва "Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 40-сон, 412-модда) қонунларига мувофиқ, кредит ташкилотлари томонидан Кредит ахборотининг давлат реестрига ва кредит бюроларига кредит ахборотини тақдим этиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Кредит ташкилотлари ўзларидаги мавжуд кредит ахборотини Кредит ахборотининг давлат реестрига (бундан буён матнда КАДР деб юритилади) ва кредит бюроларига мазкур Низомда белгиланган тартибда тақдим этишлари шарт.


2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Кредит ахборотининг давлат реестрини юритиш департаменти кредит ташкилотларининг юридик ёки жисмоний шахслар томонидан кредит олиш тўғрисида берилган буюртмалари (бундан буён матнда кредит буюртмалари деб юритилади) ҳақидаги маълумотларини ҳамда кредит ахборотини йиғади, улар бўйича кредит ахбороти маълумотлар базасини шакллантиради, шунингдек КАДРни юритади.

3. Кредит ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган кредит ахбороти кредит бюросининг кредит ахбороти маълумотлар базасини шакллантириш манбаларидан бири бўлиб ҳисобланади.



II. КРЕДИТ ТАШКИЛОТЛАРИ ТОМОНИДАН

КРЕДИТ АХБОРОТИНИНГ ТАҚДИМ ЭТИЛИШИ


4. Кредит ахборотининг тақдим этилишида унинг бутлигини, ишончлилигини ва махфийлигини таъминлаш мақсадида Кредит бюроларини рўйхатга олиш ва уларнинг фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3042, 2018 йил 25 июль) мувофиқ хавфсизлик чоралари кўрилиши лозим.

5. Кредит ахборотини тайёрлаш, уни КАДР ва кредит бюроларига тақдим этиш кредит ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан тайинланадиган масъул ходим томонидан амалга оширилади.


6. Кредит ташкилотининг масъул ходими тўғрисидаги маълумотлар у тайинланган кундан сўнг уч иш кунидан кечиктирилмасдан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Кредит ахборотининг давлат реестрини юритиш департаментига ва кредит бюроларига юборилиши шарт.

7. Кредит ташкилотининг масъул ходими тақдим этиладиган кредит ахборотининг маҳфийлигини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминлашга мажбур.


8. Кредит ташкилотлари кредит буюртмалари тўғрисидаги маълумотларни ва кредит ахборотини белгиланган тартибда қайд этилганидан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан КАДР ва кредит бюроларига тақдим этишлари лозим.


9. Кредит ташкилоти томонидан КАДР ва кредит бюроларига юборилган ҳар бир кредит буюртмасига дастурий равишда хос рақам берилади. Кредит буюртмасининг хос рақами белгиланган тартибда кредит ахбороти маълумотлар базасидан ўчирилгунга қадар ўзгартирилмайди.

10. Кредит ташкилоти кредит берилиши тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, кредит буюртмасининг хос рақами кредит ташкилоти ва кредит буюртма берувчи ўртасида тузилган кредит битимига ҳам автоматик тарзда хос рақам бўлиб саналади.


11. Тақдим этилаётган кредит ахбороти кредит ташкилотларининг кредит йиғмажилдидаги кредит ахборотига мос бўлиши лозим. Кредит ахбороти, КАДРга ва кредит бюроларига кредитлаш жараёнига мос кетма-кетликда юборилиши шарт.

12. Тақдим этилаётган кредит ахборотининг тўғрилигини таъминлаш мақсадида кредит ташкилотлари ўзларининг кредит қўйилмаларини балансдаги ва КАДРдаги суммалар билан бир хил юритишлари шарт.


12-1. КАДР ахборотларнинг тўғри юборилиши бўйича кунлик назоратни олиб боради. Мазкур Низомнинг 8, 11 ва 12-бандлари талабларининг бажарилишини назорат қилиш автоматик тарзда олиб борилади.

12-2. КАДРнинг амалиёт куни банклараро электрон тўлов ҳужжатларини ўтказиш вақтига мос бўлиши лозим.

13. Кредит бюролари кредит ташкилотларидан олинаётган кредит ахборотининг маҳфийлигини таъминлаш учун ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлари доирасини белгилайди.



III. КРЕДИТ АХБОРОТЛАРИНИ ҚАЙТА ИШЛАШ


14. Кредит бюролари мавжуд кредит ахбороти асосида кредит ташкилотининг ҳар бир қарздори бўйича унинг охирги 5 йил (ёки юридик шахс бўлган қарздор 5 йилдан кам фаолият юритаётган бўлса - у рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб) мобайнидаги статистик, таҳлилий, молиявий-иқтисодий, ижобий ва салбий характердаги кредит ахборотини ўз ичига олувчи кредит тарихлари бўйича кредит ахбороти маълумотлар базасини ишлаб чиқади.


15. Кредит ташкилоти томонидан тақдим этилган кредит ахборотининг хатолиги аниқланган тақдирда, КАДРда ва кредит бюросининг кредит ахбороти маълумотлар базасида кредит ташкилотининг хатига асосан ушбу кредит ахборотига ўзгартириш киритилади. КАДР ва кредит бюроси хатолиги аниқланган кредит ахборотига ўзгартириш киритилганлиги тўғрисидаги электрон баённомани тузади ва уни камида бир йил сақлайди.


16. КАДРдаги ва кредит бюроларининг кредит ахбороти маълумотлар базасидаги кредит ташкилотларидан олинган кредит ахборотининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Кредит ахборотининг давлат реестрини юритиш департаменти ва кредит бюролари томонидан ўзгартирилиши тақиқланади, мазкур Низомнинг 15-банди бундан мустасно.


IV. ЯКУНИЙ ҚОИДА


17. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардирлар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 8-9-сон, 92-модда