язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Йўловчилар ва юкларни ташиш. Транспорт экспедицияси/ Автомобилда халқаро ташишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимларини назорат қилиш учун фойдаланиладиган рақамли назорат қурилмаси карточкалари тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 26.03.2012 й. 2345-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг 27.02.2012 й. 34-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 26 мартда 2345-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон автомобиль ва дарё

транспорти агентлигининг

2012 йил 27 февралдаги

34-сон буйруғига

ИЛОВА



Автомобилда халқаро ташишда ҳайдовчиларнинг

меҳнат ва дам олиш режимларини назорат қилиш

учун фойдаланиладиган рақамли назорат

қурилмаси карточкалари тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 22 декабрдаги 340-сон "Автомобилда халқаро юк ташийдиган автотранспорт воситаларига рақамли назорат қурилмаларини жорий этиш тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 51-сон, 546-модда) асосан Европа битими талабларига мувофиқ автомобилда халқаро ташишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилишга мўлжалланган рақамли назорат қурилмаларида фойдаланиш учун мўлжалланган карточкаларни бериш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ҳайдовчи карточкаси - автомобилда халқаро ташувларни амалга оширувчи ҳайдовчига бериладиган рақамли назорат қурилмасида фойдаланиладиган карточка (1-илова);


ташкилот карточкаси - автомобилда халқаро ташувлар соҳасида хизмат кўрсатиш бўйича фаолият олиб борадиган ташкилотга бериладиган рақамли назорат қурилмасида фойдаланиладиган карточка (2-илова);


устахона карточкаси - рақамли назорат қурилмаларини ўрнатиш, қиёслаш, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва тамғалаш бўйича фаолият олиб борувчи юридик шахсга бериладиган рақамли назорат қурилмасида фойдаланиладиган карточка (3-илова);


назоратчи карточкаси - ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини назорат қилувчи ваколатли шахсга бериладиган рақамли назорат қурилмасида фойдаланиладиган карточка (4-илова).


2. Рақамли назорат қурилма карточкаларини (ҳайдовчи, ташкилот, устахона ва назоратчи карточкалари) олиш учун аризалар Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигига (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) тақдим этилади.


3. Ҳайдовчи, корхона, устахона ва назоратчи карточкаларини беришни ташкил этиш ва амалдаги карточкалар реестрни юритиш Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги тизимига кирувчи "Автомобиль ва дарё транспортини ривожлантиришни норматив-техник таъминлаш республика маркази" давлат корхонасига юкланади.



II БОБ. ҲАЙДОВЧИ КАРТОЧКАСИ


4. Ҳайдовчи карточкаси ҳайдовчини идентификация қилиш, унинг рақамли назорат қурилмаси ўрнатилган автотранспорт воситасини бошқаришида меҳнат ва дам олиш режимлари тўғрисидаги маълумотларни сақлашда фойдаланилади.


5. Ҳайдовчи карточкасидаги маълумотлар ҳар 28 кунда автотранспорт воситасининг эгаси томонидан кўчириб олинади. Карточкадан кўчириб олинган маълумотлар бир йил давомида сақланади. Бу маълумотлар назорат қилувчи органларга тақдим этишга тайёр ҳолда бўлиши шарт.


6. Ҳайдовчи "С", "D", "E" тоифадаги автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши шарт.


7. Юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчининг минимал ёши:

рухсат этилган максимал оғирлиги 7,5 тоннадан ошмайдиган автотранспорт воситаларини (тиркама ва ярим тиркамалар билан бирга) бошқариш учун - 18 ёш;

бошқа автотранспорт воситаларини бошқариш учун - 21 ёш.


8. Йўловчилар ташиш билан банд бўлган ҳайдовчининг минимал ёши - 21 ёш. Бунда, ҳайдовчи рухсат этилган максимал оғирлиги 3,5 тоннадан ортиқ бўлган автотранспорт воситасини бошқариш бўйича камида 3 йиллик ҳайдовчилик стажига эга бўлиши шарт.


9. Ҳайдовчи карточкасини олишга талабгор ҳайдовчи ариза берган вақтда бошқа амалдаги карточкага эга бўлмаслиги шарт.


10. Ҳайдовчи карточкасининг амал қилиш муддати 5 йил.


11. Ҳайдовчи карточкасини олиш учун ҳайдовчи аризани ваколатли органга топширади.


12. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

ҳайдовчининг фотосурати;

фуқаролик паспорти нусхаси;

ҳайдовчилик гувоҳномаси нусхаси;

карточка тайёрлаш учун тўланган тўлов тўғрисидаги ҳужжат.


13. Ҳайдовчи карточкаси ариза топширилган кундан бошлаб 30 кун ичида аризачига берилади.


14. Ҳар бир ҳайдовчига фақат бир дона ҳайдовчи карточкаси берилади.


15. Ҳайдовчи карточканинг бошқа шахсларга берилишига йўл қўймаслиги шарт.


16. Қуйидаги ҳолларда янги ҳайдовчи карточкаси берилади:

карточканинг амал қилиш муддати тугаганда;

карточка носоз ҳолатга келганда, йўқолганда ёки ўғирланганда;

карточкага киритилган маълумотлар ўзгарса (ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми, ваколатли органнинг номи, ҳайдовчилик гувоҳномасининг тартиб рақами, ҳайдовчининг почта манзили).


17. Янги ҳайдовчи карточкасини бериш мазкур Низомнинг 11 - 13-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


18. Ваколатли орган ҳайдовчи карточкасини қуйидаги ҳолларда бекор қилиши мумкин:

карточка ҳайдовчидан бошқа шахслар томонидан фойдаланилганлиги аниқланса;

карточка сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.


19. Ҳайдовчи карточкасини бекор қилишни ваколатли орган уни Рақамли назорат қурилмалари карточкалари реестридан чиқариш йўли билан амалга оширади.



III БОБ. ТАШКИЛОТ КАРТОЧКАСИ


20. Ташкилот карточкаси автотранспорт воситасининг эгаси томонидан ҳайдовчининг меҳнат ва дам олиш вақтларини ҳисобга олишда фойдаланилади.


21. Ташкилот карточкаси рақамли назорат қурилмасига маълумотларни киритиш, кўриш, қоғоз лентага босиб чиқариш, маълумотларни учинчи шахслар томонидан кўчириб олинишидан сақлаш мақсадида блокировка қилиш ҳамда рақамли назорат қурилмасидаги маълумотларни кўчириб олиш учун блокировка ҳолатидан чиқаришда фойдаланилади.


22. Ташкилот карточкаси автомобиль транспортида юк ёки йўловчи ташиш билан шуғулланаётган юридик шахсга берилади.

Ташкилот карточкаси юк ташиш билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам берилиши мумкин.


23. Ташкилот карточкасининг амал қилиш муддати чекланмаган.


24. Ташкилот карточкасини олиш учун юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор аризани ваколатли органга топширади.


25. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

юридик шахс раҳбари ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фуқаролик паспортининг нусхаси;

карточка тайёрлаш учун тўланган тўлов тўғрисидаги ҳужжат.


26. Ташкилот карточкаси ариза топширилган кундан бошлаб 30 кун ичида аризачига берилади.


27. Қуйидаги ҳолларда янги ташкилот карточкаси берилади:

карточка носоз ҳолатга келганда, йўқолганда ёки ўғирланганда;

карточкага киритилган маълумотлар ўзгарса (юридик шахснинг номи, юридик шахс раҳбари ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг исми, фамилияси, отасининг исми, ваколатли органнинг номи, юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг почта манзили).


28. Янги ташкилот карточкасини бериш мазкур Низомнинг 24, 25, 26-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


29. Ваколатли орган ташкилот карточкасини қуйидаги ҳолларда бекор қилиши мумкин:

карточкадан карточка эгасидан бошқа шахслар томонидан фойдаланилганлиги аниқланса;

карточка сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.


30. Ташкилот карточкасини бекор қилишни ваколатли орган уни Рақамли назорат қурилмалари карточкалари реестридан чиқариш йўли билан амалга оширади.



IV БОБ. УСТАХОНА КАРТОЧКАСИ


31. Устахона карточкаси рақамли назорат қурилмасини ўрнатиш, қиёслаш, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, тамғалаш ёки рақамли назорат қурилмасидаги маълумотларни кўчириб олишда фойдаланилади.


32. Устахона карточкаси рақамли назорат қурилмаларини ўрнатиш, қиёслаш, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва тамғалаш бўйича фаолият юритаётган юридик шахсларга берилади.


33. Устахона карточкасининг амал қилиш муддати 1 йил.


34. Устахона карточкасини олиш учун юридик шахс аризани ваколатли органга топширади.


35. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

юридик шахсга назорат қурилмаларини (тахографларни) таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи аккредитация аттестатининг нусхаси;

юридик шахснинг жойлашган ери (почта манзили);

юридик шахс раҳбарининг фуқаролик паспорти нусхаси;

карточка тайёрлаш учун тўланган тўлов тўғрисидаги ҳужжат.


36. Устахона карточкаси ариза топширилган кундан бошлаб 30 кун ичида аризачига берилади.


37. Устахона карточкаси берилганда, у билан бирга карточканинг идентификацион рақами (PIN-код) берилади. PIN-код конвертда махсус ҳимоя қатлами билан қопланган ҳолатда берилади.


38. Қуйидаги ҳолларда янги устахона карточкаси берилади:

карточканинг амал қилиш муддати тугаганда;

карточка носоз ҳолатга келганда, йўқолганда ёки ўғирланганда;

карточкага киритилган маълумотлар ўзгарса (юридик шахснинг номи, юридик шахс раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, ваколатли органнинг номи, юридик шахснинг жойлашган ери (почта манзили).


39. Янги ташкилот карточкасини бериш мазкур Низомнинг 34 - 37-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


40. Ваколатли орган ташкилот карточкасини қуйидаги ҳолларда бекор қилиши мумкин:

карточкадан карточка эгасидан бошқа шахслар томонидан фойдаланилганлиги аниқланса;

карточка сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.


41. Устахона карточкасини бекор қилиш ваколатли орган уни Рақамли назорат қурилмалари карточкалари реестридан чиқариши йўли билан амалга оширади.



V БОБ. НАЗОРАТЧИ КАРТОЧКАСИ


42. Назоратчи карточкаси назорат қилувчи органлар томонидан ҳайдовчиларнинг автотранспорт воситасини бошқариш ва дам олиш режимларини назорат қилишда фойдаланилади.


43. Назоратчи карточкасининг амал қилиш муддати чекланмаган.


44. Қонун ҳужжатларига кўра ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилувчи органнинг мурожаати асосида назоратчига назоратчи карточкаси берилади.


45. Назоратчи карточкасини олиш учун назоратчи қуйидагиларни тақдим этади:

назоратчининг гувоҳномаси нусхаси;

назоратчининг фотосурати;

карточка тайёрлаш учун тўланган тўлов тўғрисидаги ҳужжат.


46. Назоратчи карточкаси ариза топширилган кундан бошлаб 30 кун ичида аризачига берилади.


47. Қуйидаги ҳолларда янги назоратчи карточкаси берилади:

карточка носоз ҳолатга келганда, йўқолганда ёки ўғирланганда;

карточкага киритилган маълумотлар ўзгарса (назорат қилувчи органнинг номи, назоратчининг исми, фамилияси, отасининг исми, ваколатли органнинг номи).


48. Янги назоратчи карточкасини бериш мазкур Низомнинг 44, 45, 46-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


49. Ваколатли орган назоратчи карточкасини қуйидаги ҳолларда бекор қилиши мумкин:

карточкадан карточка эгасидан бошқа шахслар томонидан фойдаланилганлиги аниқланса;

карточка сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.


50. Назоратчи карточкасини бекор қилиш ваколатли орган уни Рақамли назорат қурилмалари карточкалари реестридан чиқариши йўли билан амалга оширади.



VI БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


51. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, "Ўзстандарт" агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА



Автомобилларда халқаро ташувларни амалга оширувчи

ҲАЙДОВЧИ КАРТОЧКАСИ


Олд томони

1. Юқори чап томонда 1968 йил 8 ноябрда Вена шаҳрида имзоланган Йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси белгиси туширилади.


2. Карточканинг юқори қисмида йирик ва аниқ ажралиб турадиган ҳарфлар билан ўзбек ва инглиз тилларида "Ҳайдовчи карточкаси. Ўзбекистон Республикаси" сўзлари ёзилади.


3. Карточкадаги ёзувлар мазмуни:

1-ҳайдовчи фамилияси;

2-ҳайдовчи исми;

3-ҳайдовчининг туғилган санаси;

4а-ҳайдовчи карточкасининг берилган санаси;

4b-ҳайдовчи карточкасининг амал қилиш санаси;

4с-ҳайдовчи карточкасини берган ваколатли органнинг номи;

5a-ҳайдовчилик гувоҳномасининг рақами;

5b-ҳайдовчи карточкасининг тартиб рақами;

6-ҳайдовчининг фотосурати;

7-ҳайдовчининг имзоси;

8-ҳайдовчининг почта манзили.


4. Карточкадаги ёзувлар кўрсатилган жойларда икки тилда: ўзбекча ва инглизчада қуйидаги форматда тўлдирилади: "Ўзбек тилидаги ёзув/Инглиз тилидаги ёзув". Ҳайдовчининг фамилияси ва исмининг ёзилиши халқаро ҳаракатда ишлатиладиган ҳайдовчилик гувоҳномасига мос келиши шарт.


5. Ҳайдовчи карточкасининг тартиб рақами қуйидаги тузилишга эга:

UZ D XXXXXXXXXXX X X, бу ерда:

UZ - Ўзбекистон Республикаси;

D - карточка тури;

XXXXXXXXXXX - ҳайдовчи карточкасининг тартиб рақами. Ҳайдовчи карточкаси 11 та рақамдан ташкил топади. Ҳар бир ҳайдовчи учун ҳайдовчи карточкасининг тартиб рақами унинг янги берилишидан қатъи назар, ягона ва доимий бўлади;

XX - ҳайдовчи карточкасини янги бериш индекси.


Орқа томони


       

НAYDOVCНI KARTOCНKASI

DRIVER CARD

1. Familiya / Surname

2. Ism / First name(s)

3. Tug`ilgan sanasi / Date of birth

4а. Berilgan sanasi / Date of issue.

4b. Amal qilish sanasi / Date of expiry

4с. Taqdim etuvchi tashkilot / Issuing authority

5a. Нaydovchilik guvohnomasining raqami / Driving license number

5b. Kartochka raqami / Card number.

6. Fotosurat / Photograph.

7. Imzo / Signature

8. Manzil / Address

Iltimos, "Avtomobil va daryo transportini rivojlantirishni normativ-texnik ta`minlash Respublika Markazi" Davlat korxonasiga qaytaring / Please return to: State company "Avtomobil va daryo transportini rivojlantirishni normativ-texnik taminlash Respublika Markazi".

Manzil: O`zbekiston Respublikasi, Toshkent sh., Zulfiyaxonim k., 3 / Address: 3, Zulfiyahxonim street, Tashkent, Republic of Uzbekistan

    

       





Низомга

2-ИЛОВА



Автомобилларда халқаро ташувларни амалга оширувчи

ТАШКИЛОТ КАРТОЧКАСИ


Олд томони

1. Юқори чап томонда 1968 йил 8 ноябрда Вена шаҳрида имзоланган Йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси белгиси туширилади.


2. Карточканинг юқори қисмида йирик ва аниқ ажралиб турадиган ҳарфлар билан ўзбек ва инглиз тилларида "Ташкилот карточкаси. Ўзбекистон Республикаси" сўзлари ёзилади.


3. Карточкадаги ёзувлар мазмуни:

1-юридик шахс номи;

2-ташкилот раҳбари (якка тартибдаги тадбиркор)нинг фамилияси;

3-ташкилот раҳбари (якка тартибдаги тадбиркор)нинг исми;

4а-ташкилот карточкаси берилган сана;

4b-ташкилот карточкасининг амал қилиш санаси;

4с-ташкилот карточкасини берган ваколатли органнинг номи;

5b-ташкилот карточкасининг рақами;

7-ташкилот раҳбари (якка тартибдаги тадбиркор)нинг имзоси;

8-ташкилот (якка тартибдаги тадбиркор)нинг почта манзили.


4. Карточкадаги ёзувлар кўрсатилган жойларда икки тилда: ўзбекча ва инглизчада қуйидаги форматда тўлдирилади: "Ўзбек тилидаги ёзув/Инглиз тилидаги ёзув".


5. Ташкилот карточкасининг тартиб рақами қуйидаги тузилишга эга:

UZ K XXXXXXXXXX X X X, бу ерда:

UZ - Ўзбекистон Республикаси;

K - карточка тури;

XXXXXXXXXX - ташкилот карточкасининг тартиб рақами. Ташкилот карточкаси 10 та рақамдан ташкил топади. Ташкилот учун карточканинг тартиб рақами унинг янги берилишидан қатъи назар, ягона ва доимий бўлади;

X - ташкилотларга берилган ташкилот карточкалари сони индекси;

XX - ташкилот карточкасини янги бериш индекси.


Орқа томони

          


       

TASНKILOT KARTOCНKASI

COMPANY CARD

1.1. Tashkilot nomi / Company name

(2.) Familiya / Surname

(3.) Ism / First name(s)

4а. Berilgan sanasi / Date of issue

4b. Amal qilish sanasi / Date of expiry

4с. Taqdim etuvchi tashkilot / Issuing authority

5b. Kartochka raqami / Card number

(7.) Imzo / Signature

8. Manzil / Address

Iltimos, "Avtomobil va daryo transportini rivojlantirishni normativ-texnik ta`minlash Respublika Markazi" Davlat korxonasiga qaytaring / Please return to: State company "Avtomobil va daryo transportini rivojlantirishni normativ-texnik taminlash Respublika Markazi".

Manzil: O`zbekiston Respublikasi, Toshkent sh., Zulfiyaxonim k., 3 / Address: 3, Zulfiyahxonim street, Tashkent, Republic of Uzbekistan

    

        





Низомга

3-ИЛОВА



Рақамли назорат қурилмаларини ўрнатиш,

қиёслаш, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш

ва тамғалаш бўйича фаолият олиб борувчи

УСТАХОНА КАРТОЧКАСИ


Олд томони


  

1. Юқори чап томонда 1968 йил 8 ноябрда Вена шаҳрида имзоланган Йўл тўғрисидаги Конвенцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси белгиси туширилади.


2. Карточканинг юқори қисмида йирик ва аниқ ажралиб турадиган ҳарфлар билан ўзбек ва инглиз тилларида "Устахона карточкаси. Ўзбекистон Республикаси" сўзлари ёзилади.


3. Карточкадаги ёзувлар мазмуни:

1-юридик шахснинг номи;

2-юридик шахс раҳбарининг фамилияси;

3-юридик шахс раҳбарининг исми;

4а-устахона карточкаси берилган сана;

4b-устахона карточкасининг амал қилиш санаси;

4с-устахона карточкасини берган ваколатли органнинг номи;

5b-устахона карточкасининг рақами;

7-юридик шахс раҳбарининг имзоси;

8-юридик шахснинг жойлашган ери (почта манзили).


4. Карточкадаги ёзувлар кўрсатилган жойларда икки тилда: ўзбекча ва инглизчада қуйидаги форматда тўлдирилади: "Ўзбек тилидаги ёзув/Инглиз тилидаги ёзув"/.


5. Устахона карточкасининг тартиб рақами қуйидаги тузилишга эга:

UZ U XXXXXXXXXX X X X, бу ерда:

UZ - Ўзбекистон Республикаси;

U - карточка тури;

XXXXXXXXXX - устахона карточкасининг тартиб рақами. Устахона карточкаси 10 та рақамдан ташкил топади. Устахона учун карточканинг тартиб рақами унинг янги берилишидан қатъи назар, ягона ва доимий бўлади;

X - устахона карточкаси индекси;

XX - устахона карточкасини янги бериш индекси.


Орқа томони


       

USTAXONA KARTOCНKASI

WORKSНOP CARD

1. Ustaxona nomi / Workshop name

(2.) Familiya / Surname

(3.) Ism / First name(s)

4а. Berilgan sanasi / Date of issue

4b. Amal qilish sanasi / Date of expiry

4с. Taqdim etuvchi tashkilot / Issuing authority

5b. Kartochka raqami / Card number

(7.) Imzo / Signature

8. Manzil / Address

Iltimos, "Avtomobil va daryo transportini rivojlantirishni normativ-texnik ta`minlash Respublika Markazi" Davlat korxonasiga qaytaring / Please return to: State company "Avtomobil va daryo transportini rivojlantirishni normativ-texnik taminlash Respublika Markazi".

Manzil: O`zbekiston Respublikasi, Toshkent sh., Zulfiyaxonim k., 3 / Address: 3, Zulfiyahxonim street, Tashkent, Republic of Uzbekistan

    

          





Низомга

4-ИЛОВА



Ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам

олиш режимини назорат қилувчи

НАЗОРАТЧИ КАРТОЧКАСИ


Олд томони

1. Юқори чап томонда 1968 йил 8 ноябрда Вена шаҳрида имзоланган Йўл тўғрисидаги Конвенцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси белгиси туширилади.


2. Карточканинг юқори қисмида йирик ва аниқ ажралиб турадиган ҳарфлар билан ўзбек ва инглиз тилларида "Назоратчи карточкаси. Ўзбекистон Республикаси" сўзлари ёзилади.


3. Карточкадаги ёзувлар мазмуни:

1-назорат қилувчи орган номи;

2-назоратчининг фамилияси;

3-назоратчининг исми;

4а-назоратчи карточкаси берилган сана;

4b-назоратчи карточкасининг амал қилиш санаси;

4с-назоратчи карточкасини берган ваколатли орган номи;

5b-назоратчи карточкасининг рақами;

6-назоратчининг фотосурати;

7-назоратчининг имзоси;

8-назорат қилувчи органнинг жойлашган ери (почта манзили).


4. Карточкадаги ёзувлар кўрсатилган жойларда икки тилда: ўзбекча ва инглизчада қуйидаги форматда тўлдирилади: "Ўзбек тилидаги ёзув/Инглиз тилидаги ёзув".


5. Назоратчи карточкасининг тартиб рақами қуйидаги тузилишга эга:

UZ N XXXXXXXXXX X X X, бу ерда:

UZ - Ўзбекистон Республикаси;

N - карточка тури;

XXXXXXXXXX - назоратчи карточкасининг тартиб рақами. Назоратчи карточкаси 10 та рақамдан ташкил топади. Назоратчи орган учун карточканинг тартиб рақами уни янги берилишидан қатъи назар, ягона ва доимий бўлади;

X - назоратчи карточкасининг индекси; 

XX - карточкани янги бериш индекси.


Орқа томони


       

NAZORATCНI KARTОCHКASI

CONTROL CARD

1. Nazorat qiluvchi tashkilot / Control Body

(2.) Familiya / Surname

(3.) Ism / First name(s)

4а. Berilgan sanasi / Date of issue

4b. Amal qilish sanasi / Date of expiry

4с. Taqdim etuvchi tashkilot / Issuing authority

5b. Kartochka raqami / Card number.

(6.) Fotosurat / Photograph.

(7.) Imzo / Signature

8. Manzil / Address

Iltimos, "Avtomobil va daryo transportini rivojlantirishni normativ-texnik ta`minlash Respublika Markazi" Davlat korxonasiga qaytaring / Please return to: State company "Avtomobil va daryo transportini rivojlantirishni normativ-texnik taminlash Respublika Markazi".

Manzil: O`zbekiston Respublikasi, Toshkent sh., Zulfiyaxonim k., 3 / Address: 3, Zulfiyahxonim street, Tashkent, Republic of Uzbekistan

    

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 13-сон, 147-модда