язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Ўзбекистон Республикасида спорт турлари реестри тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 25.04.2012 й. 2354-сон билан рўйхатга олинган маданият ва спорт ишлари вазирининг 21.03.2012 й. 270-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 25 апрелда 2354-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

маданият ва спорт ишлари вазирининг

2012 йил 21 мартдаги

270-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида спорт

турлари реестри тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 147-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 5 апрелдаги 96-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 14-сон, 104-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида ривожланаётган спорт турлари ва спортнинг таркибий қисмлари рўйхатини ва уларни Ўзбекистон Республикаси спорт турлари реестрига киритиш тартибини аниқлайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Спорт турлари бўйича реестр (кейинги ўринларда Реестр деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шуғулланиладиган спорт турларининг тизимлаштирилган рўйхати.

Реестр Ўзбекистон Республикасида ривожланаётган спорт турлари ва спортнинг таркибий қисмлари бўйича ягона базани яратиш мақсадида тузилади.


2. Реестр Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (кейинги ўринларда ваколатли орган деб юритилади) томонидан тузилади ва юритилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


спорт тури - одамнинг спорт мусобақаларига ўзига хос тайёрланишини тавсифлайдиган, мусобақаларни ўтказиш ва уларда қатнашиш талаблари, тартиби ва шарт-шароитлари уларга мувофиқ белгиланадиган ўз қоидаларига эга бўлган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури;


спортнинг таркибий қисми - спорт турининг ажралмас қисми бўлиб, мусобақаларнинг бир ёки бир нечта турини ўз ичига олади.



II. СПОРТ ТУРИНИ ЁКИ СПОРТНИНГ ТАРКИБИЙ

ҚИСМИНИ РЕЕСТРГА КИРИТИШ ТАРТИБИ


4. Спорт тури ёки спортнинг таркибий қисми Реестрга республика спорт федерациялари (уюшмалари, марказлари ва бошқалар), жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари тақдимномалари асосида киритилади.


5. Реестрга спорт турини ёки спортнинг таркибий қисмини киритиш учун ваколатли органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) спорт турининг ёки спортнинг таркибий қисмининг аниқ номи кўрсатилган тақдимнома;

б) спорт федерациясининг (уюшма, марказ ва бошқалар), жисмоний тарбия ва спорт ташкилотининг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида ўрнатилган тартибда тасдиқланган гувоҳноманинг нусхаси;

в) спорт тури бўйича мусобақа ўтказишнинг ягона қоидалари;

г) спорт федерациясининг (уюшма, марказ ва бошқалар), жисмоний тарбия ва спорт ташкилоти раҳбарларининг рўйхати (Ф.И.О., лавозими, телефон рақами);

д) спорт федерациясининг (уюшма, марказ ва бошқалар) халқаро спорт ташкилотига аъзо бўлганлиги тўғрисидаги (агар аъзо бўлса) ҳужжатнинг нусхаси ва унинг ўрнатилган тартибда тасдиқланган ўзбек тилидаги таржимаси;

е) Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида спорт турининг ривожланаётганлиги тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармаларидан маълумот.


6. Спорт турини Реестрга киритиш учун ушбу спорт тури республика ҳудудларининг камида тўрттасида ривожланган бўлиши керак, қишки спорт турлари бундан мустасно.


7. Спорт турини ёки спортнинг таркибий қисмини Реестрга киритиш масаласи ваколатли органнинг ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинади ва унинг қарори билан тасдиқланади. Қабул қилинган қарор тўғрисида ҳайъат йиғилишидан сўнг уч кун ўтмасдан ёзма равишда маълумот берилади.


8. Реестрга киритилган спорт турига ўн белгили тартиб рақами (код) берилади. Ушбу рақам жисмоний тарбия соҳасидаги давлат статистика шаклларига киритилади. Ҳар бир сон қуйидагиларни аниқлайди:


а) биринчи, иккинчи ва учинчи сонлар - спорт турининг базали тартиб рақами 001 дан 999 гача;


б) тўртинчи ва бешинчи - спортнинг таркибий қисмларининг базали тартиб рақами 01 дан 99 гача, спорт турида таркибий қисмлар бўлмаса - 00;


в) олтинчи - спорт билан шуғулланиш мавсумини ҳамда ўйинли ва ўйинли эмас спорт турини аниқлайди:

0 - мавсумли эмас, ўйинли эмас;

1 - ёзги, ўйинли эмас;

2 - қишки, ўйинли эмас;

3 - мавсумли эмас, ўйинли;

4 - ёзги, ўйинли;

5 - қишки, ўйинли;


г) еттинчи - спорт турлари қуйидагича бўлади:

1 - миллий спорт турлари;

2 - фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ривожланган;

3 - халқаро спорт ташкилоти мавжуд бўлган спорт тури;

4 - халқаро спорт ташкилоти мавжуд бўлган спорт тури ва у Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинган;

5 - халқаро спорт ташкилоти мавжуд бўлган спорт тури ва у Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинган ҳамда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган;


д) саккизинчи - спорт турининг идоравий мансублигини билдиради:

0 - ҳеч қандай ташкилотга мансуб эмас;

1 - Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига;

2 - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига;

3 - Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгашига;

4 - Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига;


е) тўққизинчи - махсус белги:

0 - спорт тури билан шуғулланиш чекланмаган;

9 - фақат махсус давлат тизимларида ривожлантириш мумкин;


ж) ўнинчи - спорт тури билан шуғулланаётганлар жинсини билдиради:

1 - эркаклар ва аёллар;

2 - эркаклар;

3 - аёллар.


9. Реестрга ўзгартиришлар ва қўшимчалар ваколатли органнинг буйруғи асосида киритилади.


10. Реестрга киритилган спорт тури бўйича қуйидагиларга рухсат этилади:

олий ва ўрта махсус таълим муассасалари мутахассисларини тайёрлаш;

спорт мактаблари, ўрнатилган тартибда - бўлимларни очиш;

турли ҳудудий, республика ва халқаро мусобақаларни ўтказиш;

мураббийларга, спорт ҳакамларига ва спортчиларга тоифа ва унвон бериш;

Ўзбекистон Республикаси номидан турли халқаро мусобақаларда иштирок этиш;

қонунчиликка зид бўлмаган бошқа мақсадларда фаолият олиб бориш.


11. Реестр мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда юритилади.


12. Спорт тури ёки спортнинг таркибий қисми мазкур Низомнинг 5 ва 6-бандлари талабига жавоб бермаган тақдирда, Реестрга киритилмайди. Спорт турини ёки спортнинг таркибий қисмини Реестрдан чиқариш масаласи ваколатли органнинг ҳайъат йиғилишида муҳокама қилиниб, тегишли қарор билан тасдиқланади.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


13. Мазкур Низомда кўрсатилган талабларнинг бузилишига йўл қўйган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


14. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши билан келишилган.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

спорт турлари бўйича давлат

РЕЕСТРИ

Т/р

Спорт тури ёки спортнинг

таркибий қисми


Спорт турининг ёки спортнинг

таркибий қисми тартиб коди


1

2


3

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 17-сон, 197-модда