язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Солиқ маслаҳати/ Солиқ маслаҳати миллий стандарти (1-сонли СММС) "Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш тартиби" (АВ томонидан 03.05.2012 й. 2357-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 29.03.2012 й. 31-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 3 майда 2357-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2012 йил 29 мартдаги

31-сон буйруғига

ИЛОВА



СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ

МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


(1-СОНЛИ СММС)


СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ БЎЙИЧА ХИЗМАТЛАР

КЎРСАТИШ ТЎҒРИСИДА ШАРТНОМА

ТУЗИШ ТАРТИБИ


Ушбу Солиқ маслаҳати миллий стандарти (1-сонли СММС) (кейинги ўринларда стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг "Солиқ маслаҳати тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, 9-сон, 497-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республикасида солиқ маслаҳати бўйича фаолиятни норматив тартибга солишнинг элементи ҳисобланади.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу стандартнинг мақсади солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда шартнома деб юритилади) тузиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур стандартнинг талаблари барча солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари томонидан қўлланилиши мажбурийдир.


3. Ушбу стандарт солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан кўрсатиладиган қуйидаги хизматларга татбиқ этилмайди:

бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, тиклаш ва юритиш;

молиявий ҳисобот тузиш;

бухгалтерия ҳисоби, менежмент ва молия-хўжалик фаолиятининг бошқа масалалари бўйича консалтинг хизматлари.



II БОБ. ШАРТНОМА ТУЗИШ БЎЙИЧА ТАЛАБЛАР


4. Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ҳамда юридик ва жисмоний шахслар (кейинги ўринларда мижоз (ишонч билдирувчи) деб юритилади) ўртасида ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилади.


5. Шартнома икки нусхада тузилади (ҳар бир томон учун бир нусхадан) ҳамда солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ва мижоз (ишонч билдирувчи) томонидан имзоланган бўлиши лозим.


6. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижоз (ишонч билдирувчи) билан унинг яшаш жойи ва жойлашган еридан (почта манзилидан) қатъи назар, шартнома тузишга ҳақли.


7. Шартномада мажбурий тарзда қуйидаги шартлар назарда тутилган бўлиши лозим:

шартнома предмети;

хизматлар кўрсатиш муддатлари;

кўрсатиладиган хизматлар учун тўланадиган ҳақнинг миқдори, шартлари ва муддатлари;

солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг ҳамда мижознинг (ишонч билдирувчининг) ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг фуқаролик жавобгарлиги суғурта полисининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун, шунингдек учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги.

Шартномага қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.


8. Шартномага мижоз (ишонч билдирувчи) учун қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади:

солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг фуқаролик жавобгарлиги суғурта полиси;

солиқ маслаҳатчилари ташкилоти раҳбари номига берилган солиқ маслаҳатчиси малака сертификати.

Шартномадаги солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг (ижрочининг) реквизитларида солиқ маслаҳатчиси малака сертификати ва фуқаролик жавобгарлиги суғурта полисининг рақами, берилган санаси кўрсатилади.


9. Шартноманинг предмети қуйидагилардан иборат:

мижозга (ишонч билдирувчига) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш масалалари бўйича хизматлар кўрсатиш;

солиқ ҳисоботини тузишда мижозга (ишонч билдирувчига) ёрдам кўрсатиш;

солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектларни аниқлаш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш;

судда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда солиқ солиш масалалари бўйича мижоз (ишонч билдирувчи) номидан ва унинг топшириғига биноан вакиллик қилиш;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг вакили сифатида давлат солиқ хизмати органларида, шунингдек солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда вакиллик қилиш;

мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ текширувлари ўтказиш вақтида хизмат кўрсатиш.


10. Шартномага солиқ маслаҳати бўйича бир ёки бир нечта хизмат турлари киритилиши мумкин.


11. Шартномалар қуйидагича бўлиши мумкин:

шартнома тузишда аниқ кўрсатилган савол ёки муаммо бўйича солиқ маслаҳатини назарда тутувчи бир марталик (бирйўла) хизмат кўрсатиш;

шартнома амал қилиш муддати давомида солиқ солиш билан боғлиқ ёзма ва оғзаки шаклда берилган ҳар қандай саволлар бўйича маслаҳат беришни кўзда тутувчи муайян муддат давомида хизмат кўрсатиш;

шартнома тузишда давлат солиқ хизмати органларида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа назорат қилувчи органларда, шунингдек судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини ифода этиш орқали солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш.


12. Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатишнинг муддатлари шартноманинг предметидан келиб чиқиб белгиланади.


13. Солиқ маслаҳати бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун амалга ошириладиган тўловнинг миқдори, шартлари ва муддатлари шартноманинг предмети ва хизматлар кўрсатишнинг муддатидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда қонун ҳужжатларида белгиланганидан кам бўлмаган миқдорда олдиндан тўловнинг шартлиги назарда тутилган бўлиши лозим. Тўловнинг миқдори солиқ маслаҳатининг молиявий натижалари (мижоз (ишонч билдирувчи) томонидан олинадиган наф) миқдорига боғлиқ равишда белгиланиши мумкин эмас.


14. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти шартномани бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида мижозга (ишонч билдирувчига) зарар етказганлиги учун жавобгар бўлади. Мижозга (ишонч билдирувчига) етказилган зарарларнинг, шу жумладан, бой берилган фойданинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши керак.


15. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти кўрсатилган хизмати оқибатлари учун жавобгар бўлмайди, агарда бундай оқибатлар мижоз (ишонч билдирувчи) томонидан нотўғри маълумотлар тақдим қилиниши натижасида юзага келган бўлса.



III БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


16. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти тузилган шартнома бўйича хизмат кўрсатиш учун мижознинг (ишонч билдирувчининг) розилиги билан солиқ маслаҳатида иштирок этишга зарур бўлган бошқа мутахассисларни жалб қилишга ҳақли.


17. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 18-сон, 206-модда