язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Баҳолаш фаолияти/ Ўзбекистон Республикасининг Мулкни баҳолаш миллий стандарти (12-сон МБМС) "Солиқ солиш мақсадида ялпи баҳолаш усуллари билан кўчмас мулк қийматини баҳолаш" (АВ томонидан 08.05.2012 й. 2359-сон билан рўйхатга олинган Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасининг 25.03.2012 й. 01/19-18/06-сонли қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 8 майда 2359-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат мулкини бошқариш

давлат қўмитасининг

2012 йил 25 мартдаги

01/19-18/06-сонли қарорига

ИЛОВА


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

МУЛКНИ БАҲОЛАШ МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


(12-СОН МБМС)


СОЛИҚ СОЛИШ МАҚСАДИДА ЯЛПИ

БАҲОЛАШ УСУЛЛАРИ БИЛАН КЎЧМАС

МУЛК ҚИЙМАТИНИ БАҲОЛАШ


Мазкур Мулкни баҳолаш миллий стандарти (12-сон МБМС) Ўзбекистон Республикасининг "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 208-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 24 апрелдаги ПҚ-843-сонли "Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 18-сон, 145-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги баҳолаш фаолиятининг норматив жиҳатдан тартибга солинишини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. 12-сон МБМСнинг мақсади кўчмас мулк объектларини ялпи баҳолашдан ўтказиш тартибини белгилашдан иборат.


2. 12-сон МБМСнинг асосий вазифалари:

баҳоловчилар ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг мазкур стандарт ва баҳолаш фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган солиқ солиш мақсадида ялпи баҳолаш усуллари билан кўчмас мулк қийматини баҳолашдан ўтказиш тушунчалари ва қоидаларидан фойдаланишларидаги ҳаракатларининг ҳамжиҳатлигини таъминлаш;

баҳолашнинг холислиги ва сифатини оширишга кўмаклашишга қаратилган тартиб-таомилларни белгилаш;

бошланғич ахборот, баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот мазмуни ва материални баён этишга нисбатан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар ҳар хил талқин қилинишини истисно этадиган ягона талабларни белгилаш;

мулкни баҳолашнинг самарали миллий тизимини шакллантиришга кўмаклашишдан иборат.


3. 12-сон МБМСда назарда тутилган ялпи баҳолаш усулларидан объектлар тавсифлари миқдори чекланган кўчмас мулк объектларининг гуруҳлари учун фойдаланилади.



II БОБ. АТАМАЛАР ВА ТУШУНЧАЛАР


4. 12-сон МБМСда қуйидаги атамалар ва тушунчалар қўлланилади:


аналог - асосий иқтисодий, жисмоний ва бошқа тавсифларга кўра баҳолаш объектига ўхшаш, нархи ўхшаш шартларда тузилган битимдан ёки рақобатли бозорда қилинган таклифдан маълум бўлган бошқа объект;


базавий қиймат - ялпи баҳолашнинг назарда тутилган усулларидан фойдаланилган ҳолда олинган баҳолаш объектининг унга нисбатан нархни шакллантирувчи коэффициентларни қўллашдан аввалги қиймати;


буюртмачи - кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган;


конструктив таркиб - кўчмас мулк объектининг қурилиш материаллари тури кўрсатилган қурилиш элементлари (пойдевор, деворлар, поллар, пардеворлар, томи ва ҳоказо) таркиби;


ялпи баҳолаш - баҳолашнинг қабул қилинган стандарт ёндашувларидан фойдаланган ҳолда ўхшаш тавсифларга эга бўлган кўчмас мулк объектларини гуруҳлаштириш асосида баҳолаш объектининг қийматини аниқлаш жараёни;


бозор (инвентаризация) қиймати - баҳолаш объектининг 12-сон МБМСга мувофиқ аниқланган қиймати;


нархни шакллантирувчи коэффициентлар - баҳолаш объектининг базавий қийматига нисбатан нархни шакллантирувчи омилларни инобатга олиб қўлланадиган коэффициентлар;


нархни шакллантирувчи омиллар - нархнинг тузилиши ва даражаси шаклланадиган шарт-шароитлар. Баҳолаш объектларининг қийматига жиддий таъсир қилувчи ва ишончли тарзда аниқлаш ва холисона ўлчаш мумкин бўлган кўрсаткичлар.



III БОБ. ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ


5. Кўчмас мулк қийматини ялпи баҳолаш усуллари билан аниқлашда қуйидагилар умумий майдонининг 1 квадрат метри баҳолаш объекти ҳисобланади:

жисмоний шахсларга тегишли бўлган нотурар жой мақсадидаги кўчмас мулклар;

турар жой мақсадидаги кўчмас мулклар (квартиралар, якка тартибдаги уй-жойлар, фуқароларнинг доимий яшаши учун мўлжалланган бошқа турар жой бинолари).


6. 12-сон МБМС баҳоловчи ташкилотлар, баҳоловчилар ва баҳолаш хизматлари буюртмачилари учун мўлжалланган ва кўчмас мулкни ялпи баҳолаш усуллари билан баҳолаш бўйича хизматлар кўрсатилишида мажбурий қўлланилиши лозим.


7. 12-сон МБМС нормалари ва талаблари, шунингдек улар асосида олинган натижалардан ушбу стандартда белгиланмаган мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди, агарда қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланган бўлмаса.


8. 12-сон МБМСни қўллашда мазкур 12-сон МБМС иловасида келтирилган Услубий кўрсатмаларга риоя қилиш лозим.



IV БОБ. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ СТАНДАРТЛАРИ

БИЛАН АЛОҚАДОРЛИГИ


9. Ялпи баҳолашдан ўтказишда бухгалтерия ҳисобининг миллий ва халқаро стандартларидан фойдаланилмайди. Шунингдек, молиявий ҳисоботларни тузиш мақсадлари учун кўчмас мулк қийматини баҳолаш тартиб-таомиллари кўчмас мулкни ялпи баҳолаш тартиб-таомиллари билан боғлиқ бўлиши мумкин эмас.


10. Кўчмас мулкнинг солиқ солиш мақсадида ялпи баҳолаш усуллари билан аниқланган қиймати шу кўчмас мулкнинг молиявий ҳисоботлар учун белгиланган тартибда аниқланган қийматидан жиддий фарқ қилиши мумкин.


11. Баҳолаш амалиётидаги "эскириш" атамаси таърифини бухгалтерия ҳисобида фойдаланиладиган (ҳисобланган амортизация) ўхшаш атамадан маъно жиҳати бўйича фарқлаш зарур. Шу муносабат билан баҳоловчилар "эскириш" ёки "ҳисобланган эскириш" атамаларини Ўзбекистон Республикасининг Мулкни баҳолаш миллий стандарти (1-сон МБМС) "Баҳолашнинг умумий тушунча ва принциплари"да (рўйхат рақами 1604, 2006 йил 24 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 30-сон, 302-модда) акс эттирилган мол-мулкни баҳолашнинг умумий тушунча ва принципларидан келиб чиқиб қўллашлари лозим.



V БОБ. СТАНДАРТ ТАЛАБЛАРИ


12. Баҳоловчи учун 12-сон МБМСнинг талаби ялпи баҳолашнинг қуйидаги босқичларига риоя қилишдан иборат:

баҳолаш тўғрисидаги вазифани белгилаш ва баҳолаш объектининг қийматини баҳолаш тўғрисида шартнома тузиш;

ахборот йиғиш ва уни таҳлил қилиш;

баҳолаш ёндашувлари ва усулларини қўллаш;

ҳисоблашни ўтказиш ва баҳолаш объектининг якуний қийматини аниқлаш;

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тузиш.


13. Буюртмачи учун 12-сон МБМСнинг талаби қуйидагилардан иборат:

баҳоловчи билан биргаликда баҳолаш тўғрисидаги вазифани белгилаш ва баҳолаш объектининг қийматини баҳолаш тўғрисида шартнома тузиш;

баҳоловчига зарур дастлабки ахборотни тақдим қилиш;

муайян кўчмас мулк объектининг бозор (инвентаризация) қийматини баҳолаш объектининг баҳоловчи томонидан аниқланган базавий қийматига нархни шакллантирувчи коэффициентларни қўллаш орқали ҳисоблаш.



1-§. Баҳолаш тўғрисидаги вазифани белгилаш ва баҳолаш

объектининг қийматини баҳолаш тўғрисида шартнома тузиш


14. Баҳолаш тўғрисидаги вазифа буюртмачи томонидан баҳоловчи ташкилот билан биргаликда тузилади ва баҳолаш объектини баҳолаш тўғрисидаги шартномага илова сифатида расмийлаштирилади. Баҳолаш тўғрисидаги вазифа қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:

кўчмас мулк объектининг номи ва қисқача тавсифи;

географик жиҳатдан жойлашган ери (маъмурий тумани);

буюртмачининг номи ва унинг реквизитлари;

баҳоловчи ташкилотнинг номи ва унинг реквизитлари;

баҳолашни ўтказиш учун асослар;

баҳолаш мақсади (вазифаси) ва баҳолаш натижаларидан фойдаланиш мўлжали;

баҳолаш санаси;

баҳолаш мақсадига мувофиқ бўлган аниқланаётган қиймат тури;

эҳтимоллар ва чекловчи шартлар (мавжуд бўлганда);

буюртмачи томонидан тақдим қилиниши лозим бўлган дастлабки ахборот рўйхати;

баҳолаш ишларини ўтказиш муддатлари.

Баҳолаш тўғрисидаги вазифа қўшимча шартларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.


15. 12-сон МБМС мақсадлари учун баҳолаш объектининг баҳоловчи томонидан 12-сон МБМСга мувофиқ аниқланган базавий қийматига нисбатан нархни шакллантирувчи коэффициентларни қўллаш орқали ҳисобланган бозор (инвентаризация) қиймати аниқланади.



2-§. Ахборот йиғиш ва уни таҳлил қилиш


16. Ахборотни йиғиш ва уни таҳлил қилиш қуйидагиларни олиш ва ўрганишдан иборат:

намунавий ва якка тартибдаги лойиҳалар бўйича қурилган кўчмас мулк объектлари бўйича ҳужжатлар;

кўчмас мулк объектларининг тузилиши тўғрисидаги маълумотлар;

кўчмас мулк объектларининг конструктив таркиби тўғрисидаги маълумотлар;

кўчмас мулк объектларидан фойдаланиш тури ҳақидаги ахборот;

кўчмас мулк объекти мансуб бўлган бозорнинг ҳолати ва динамикаси ҳақидаги ахборот;

бошқа ахборот.


17. Ялпи баҳолашни ўтказиш жараёнида буюртмачи томонидан қуйидагилардан иборат барча дастлабки ахборот тақдим қилинади:

кўчмас мулк объектининг техник ва конструктив (конструктив элементлар таркиби, қурилиш тури, қаватлари ва бошқалар) тавсифларини ўз ичига олувчи ҳужжатлар;

кўчмас мулк объектининг географик жиҳатдан жойлашган ери тўғрисидаги (иқтисодий зонаси тўғрисидаги) маълумотлар;

бинолар ва иншоотларнинг миқдор ва техник тавсифлари, ҳудудларнинг ободончилиги ва муҳандислик коммуникациялари тўғрисидаги ахборот;

кўчмас мулк объектининг ёши ва охирги қайта тикланиши (капитал ва/ёки жорий таъмирланиши) тўғрисидаги маълумотлар;

кўчмас мулк объекти таркибида баҳоланиши лозим бўлган мулк тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлганда);

кўчмас мулк объектидан фойдаланиш тури тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек турар жой кўчмас мулк объектининг намунавий параметрлари тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олувчи ҳужжатлар;

якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган, шунингдек, нотурар жой мақсадидаги кўчмас мулк объектлари остида жойлашган ер участкалари тўғрисидаги маълумотлар (ўлчами, шакли ва ҳ.к.).


18. Кўчмас мулкнинг барча гуруҳлари учун, шунингдек кўчмас мулк объектлари билан битимлар тўғрисидаги маълумотларни (санаси, нархи, нархни шакллантирувчи омиллари, ахборот манбаси ва бошқаларни) йиғиш амалга оширилади.


19. Баҳоланиши лозим бўлган барча объектлар бўйича қўшимча ахборотни йиғиш баҳоловчи томонидан бозорни ҳамда кўчмас мулк объектларининг жисмоний ва ҳуқуқий тавсифларига доир ахборот манбаларини ўрганиш асосида амалга оширилади.


20. Объектни баҳолашда қуйидагилардан фойдаланилиши мумкин:

буюртмачидан олинган дастлабки ахборот;

ишларни бажаришга жалб қилинган учинчи шахслардан олинган, уларнинг имзолари билан тасдиқланган ахборот;

ихтисослаштирилган ташкилотларнинг (тармоқ, таҳлилий шарҳлар, кўчмас мулк бозори шарҳлари), шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида чоп этилган статистика маълумотлари;

бошқа ахборот (сўров, интервью натижалари бўйича ва бошқа манбалардан олинган), бунда ушбу ахборотдан фойдаланганлик учун жавобгарлик баҳоловчига юкланади.


21. Баҳолаш жараёнида фойдаланиладиган ахборот баҳоловчи томонидан баҳолаш учун зарур бўлган нархни шакллантирувчи омилларни аниқлаш учун ишончли ва етарли бўлиши лозим.

Буюртмачи томонидан тақдим қилинган, шунингдек ишларни бажаришга жалб қилинган учинчи шахслардан олинган ахборот, у ахборотни тақдим қилган ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган ва муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланган тақдирда ишончли ҳисобланади, тегишли манбалар ҳаволасига эга бўлиши лозим бўлган баҳоловчи томонидан оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғи, сўров, интервью натижалари бўйича ва бошқа ўхшаш манбалардан олинган ахборот бундан мустасно.

22. Баҳоловчи, агарда буюртмачи томонидан тақдим этилган дастлабки ахборот ҳажми ва сифати 12-сон МБМС талабларига мувофиқ баҳолашни амалга ошириш ва баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлаш учун етарли бўлмаса, баҳолаш бўйича ишларни бажаришдан бош тортишга ҳақли.


23. Баҳолашни ўтказишда баҳоловчига маълум бўлган барча ахборот ва ҳужжатлардан сир тутиш шартлари билан қонун ҳужжатлари талабларини инобатга ҳолда фойдаланилиши лозим.



3-§. Баҳолаш ёндашувлари ва усулларини қўллаш


24. Ялпи баҳолаш усулларидан фойдаланиб баҳолаш объектининг қийматини аниқлашда кўчмас мулк объектлари бозори тўғрисидаги ахборот, нархни шакллантирувчи омиллар таркиби ҳамда ҳар бир турдаги объектлар учун баҳолаш объектларининг нархни шакллантирувчи омиллари аҳамиятлари тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш асосида барча кўчмас мулк объектлари гуруҳларга бўлинади.


25. Баҳолаш объектининг қийматини ялпи баҳолаш усуллари билан ҳисоблаш ялпи баҳолаш принциплари ва усулларини қўллаган ҳолда қиёсий ва харажат ёндашувларидан фойдаланилган тарзда амалга оширилади.

Бирор-бир ёндашувдан фойдаланишнинг имконсизлиги ёки чекланганлигини баҳоловчи баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда тегишли далилларни келтирган ҳолда асослаб бериши лозим.


26. Қиёсий ёндашув битимларнинг бозор нархларини ва (ёки) агарда улар мавжуд бўлмаса, баҳолаш объекти билан солиштирилаётган (ўхшаш бўлган) объектларга таклиф қилинган нархларни таққослашга асосланган.

Аналогларни танлаш уларнинг баҳолаш объекти билан жисмоний ва иқтисодий тавсифлари бўйича ўхшашлиги асосида амалга оширилади.


27. Ялпи баҳолашда қиёсий ёндашув ўртача олинган қиймат усули ёрдамида амалга оширилади.

Усулни қўллаш асосий нархни шакллантирувчи омиллари бўйича ўхшаш бўлган кўчмас мулк объектларининг муайян гуруҳи учун ўртача олинган қийматни аниқлашдан иборат.


28. Кўчмас мулк объектларини қиёсий усул билан ялпи баҳолашда аналогларнинг нархи сифатида баҳолаш объектининг ҳисоб бирлиги, яъни объект умумий майдонининг бирлиги учун нархдан фойдаланилади.


29. Аналог объектларнинг умумий майдони бирлиги учун нарх баҳолаш объектидан уларнинг фарқланишига қараб тузатилиши лозим.


30. Баҳолаш объектини ялпи баҳолашда харажат ёндашуви жамланган эскириш ҳисобига қадрсизланишини инобатга олиб эквивалент объектнинг тикланиши учун зарур бўлган харажатларни аниқлашга асосланган.


31. Баҳолаш объектини ялпи баҳолашда базис-индекс усулини қўллаш билан харажат ёндашуви амалга оширилади.


32. Баҳолаш объектини базис-индекс усули билан баҳолаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

кўчмас мулк объектининг тикланиш қиймати бинолар ва иншоотлар тикланиш қийматининг йириклаштирилган кўрсаткичлари ёки баҳолаш санасидаги нархларни қайта ҳисоблашдаги лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқланади;

кўчмас мулк объектининг иқтисодий ҳаёти асосида жамланган эскиришнинг катталиги аниқланади;

кўчмас мулк объектининг қайта тикланиш қийматидан жамланган эскириш қиймати кўрсаткичини айириш ва кейинчалик кўчмас мулк объектининг 1 квадрат метрини ҳисоблаш орқали баҳолаш объектининг харажат ёндашуви билан аниқланган қиймати ҳисобланади.



4-§. Турли ёндашувлар доирасида олинган баҳолаш

натижаларини мувофиқлаштириш ва баҳолаш

объектининг базавий қийматини аниқлаш


33. Баҳолаш объектининг базавий қиймати баҳолашда турли ёндашувлар (усуллар) билан олинган натижаларни мувофиқлаштириш орқали қийматнинг ягона миқдори кўринишида ифодаланади.


34. Мувофиқлаштириш баҳолашнинг турли ёндашувлари билан олинган натижаларга ушбу 12-сон МБМСнинг Услубий кўрсатмаларида белгиланган тартибда аниқланадиган тегишли ўлчов коэффициентларини қўйиш орқали амалга оширилади.


35. Турли ёндашувлардаги ҳисоб-китоблар якунлари бўйича олинган баҳолаш натижаларида жиддий (30 фоиздан ортиқ) тафовутлар мавжуд бўлганда баҳолашнинг энг юқори натижасидан ушбу тафовутнинг сабаблари таҳлил қилинади ва баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади ҳамда мувофиқлаштириш учун баҳоловчининг фикрига кўра энг ишончли натижалар танлаб олинади.

Баҳоловчи қўлланилган баҳолаш ёндашувлари (усуллари) натижаларини мувофиқлаштиришдан бош тортишга ва базавий қиймат сифатида ёндашувлардан бирининг натижасини тавсия этишга ҳақли. Ўзининг рад жавобини баҳоловчи баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттириши ва асосли далилларни келтириши лозим.


36. Ялпи баҳолаш индивидуал баҳолашдан кўра баҳолаш объектининг қийматини аниқлашнинг унча аниқ бўлмаган воситаси бўлганлиги сабабли баҳолаш объектининг базавий қийматига нисбатан, шунингдек ушбу 12-сон МБМСнинг Услубий кўрсатмаларида келтирилган дисконтлаш коэффициенти (ялпи баҳолашдаги хатоликларни инобатга олувчи қийматни пасайтириш коэффициенти)ни қўллаш зарур.



5-§. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тузиш


37. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот баҳоловчининг профессионал фикридан иборат ва баҳолаш объектининг базавий қийматини аниқлаш бўйича ўтказилган ишнинг ҳужжатли тасдиғи ҳисобланади.


38. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот баҳоловчи томонидан ўтказилган ҳисоб-китобларнинг бутун кетма-кетлиги мантиғини ундан фойдаланувчи тушуна оладиган ва такрорлай оладиган тарзда тузилиши лозим. Шунингдек, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг фойдаланувчиси зарур ҳолларда мустақил равишда объектнинг қийматини ҳисоботда келтирилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблай олиш имконига эга бўлиши лозим.


39. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда баҳолаш объекти тўғрисидаги барча ахборотлар, баҳолаш жараёнида фойдаланилган барча ахборотлар тавсифи, ўтказилган таҳлил ва ҳисоб-китобларнинг босқичлари, олинган натижаларнинг асосланиши, 1 квадрат метрнинг базавий қиймати, баҳолаш базасининг тасдиғи, баҳолашнинг мақсади, шунингдек баҳолаш натижаларининг тўлиқ ва бир хил талқин қилинишини таъминловчи барча эҳтимоллар ва чекловчи шартлар бўлиши лозим.


40. Ҳисобот фақат баҳолаш жараёнидаги ҳисоб-китоблар ва таҳлил қилишда фойдаланилган ахборот ва маълумотлардан иборат бўлиши лозим.

Баҳолашни ўтказишда ҳисоб-китоблар натижасида фойдаланилган ёки олинган ахборот ўз ичига ахборот манбасига ҳаволалар билан бирга келтирилиши лозим.


41. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот қуйидаги тузилишга эга бўлиши лозим:

титул варағи;

мундарижа;

кузатув хати (умумлаштирувчи қисм);

қисқартмалар, шартли белгилар, символлар, бирликлар ва атамалар рўйхати;

кириш;

асосий қисм;

хулоса;

фойдаланилган манбалар рўйхати;

иловалар.


42. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот рақамланган ва баҳоловчи (баҳоловчилар) томонидан саҳифама-саҳифа имзоланган, тикилган, шунингдек баҳоловчи ташкилот раҳбарининг имзоси ва муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланган бўлиши лозим.

43. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг иловаси баҳоловчи томонидан фойдаланилган ва баҳолаш объектининг миқдор ва сифат тавсифларини белгиловчи ҳужжатларнинг нусхаларидан иборат бўлиши лозим.


44. Иловада баҳоловчи ташкилот лицензияси, баҳоловчиларнинг малака сертификатлари ва фуқаролик жавобгарлиги суғурта полисининг нусхалари ҳам келтирилиши лозим.


45. Баҳолашни ўтказишдаги айрим ҳисоб-китоблар иловага баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботдаги ушбу ҳисоб-китобларга ҳаволаларни кўрсатган ҳолда чиқарилиши мумкин.


46. Баҳоловчи ташкилот баҳолашнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилган натижалари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Баҳоловчи ташкилот кўрилган зарарлар ёки баҳолаш объектининг суд томонидан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилган қиймат ишончли эмас деб топилганлиги учун, агар улар баҳолаш буюртмачиси ёки учинчи шахслар томонидан ишончсиз ахборот берилиши оқибатида вужудга келган бўлса, жавобгар бўлмайди.



VI БОБ. КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТИНИНГ БОЗОР

(ИНВЕНТАРИЗАЦИЯ) ҚИЙМАТИНИ ҲИСОБЛАШ


47. Муайян кўчмас мулк объектининг бозор (инвентаризация) қиймати кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан мультипликатив модел асосида баҳолаш объектининг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатилган базавий қийматига нисбатан ушбу 12-сон МБМСнинг Услубий кўрсатмалари иловасида келтирилган нархни шакллантирувчи коэффициентларни қўллаш билан аниқланади.


48. Нархни шакллантирувчи коэффициентлардан кўчмас мулк объектининг турига қараб қўлланилади.



VII БОБ. АХБОРОТНИ ОШКОР ЭТИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


49. Баҳолаш жараёнида фойдаланилган барча ахборот (маҳфий хусусиятга эга бўлгани бундан мустасно) баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда, улар баҳоловчи томонидан қандай йўсинда тўпланган бўлса, шундай кўриниш ва таркибда очиб берилади.


50. Маҳфий тусдаги ахборот баҳоловчи томонидан фақат буюртмачи ва (ёки) бундай ахборотни тақдим қилган шахслар билан келишув бўйича ёки суднинг тегишли ҳал қилув қарорига биноан ошкор этилади. Фойдаланилаётган ахборотнинг маҳфийлик даражаси буюртмачи ва (ёки) бундай ахборотни тақдим этувчи ёки унга бевосита алоқадор бўлган шахслар томонидан белгиланади.


51. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда барча эҳтимоллар ва чекловчи шартлар, шунингдек ахборотни ошкор этишга қўйиладиган ҳар қандай талаблар очиб берилади.


52. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот, шунингдек баҳоловчининг баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларига, мазкур стандартга ва қабул қилинган бошқа мулкни баҳолаш стандартларига риоя қилинганлиги ҳақидаги баёнотдан иборат бўлиши, стандартларнинг талабларидан ҳар қандай четга чиқиш кўрсатилиши ва бундай четга чиқишга тушунтириш берилиши лозим.



VIII БОБ. СТАНДАРТДАН ЧЕТГА ЧИҚИШ ШАРТЛАРИ


53. 12-сон МБМСнинг нормалари ва талабларини қўллашдаги ҳар қандай четга чиқишларга йўл қўйилмайди, бундай четга чиқишлар қонун ҳужжатларида алоҳида ҳолатлар учун ва/ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


54. Баҳоловчи қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу 12-сон МБМСнинг талабларига қисман ёки тўлиқ риоя қилишга қодир бўлмаса, баҳоловчи баҳолаш объектининг базавий қийматини аниқлаш бўйича мос келувчи ҳисобларни ва баҳолашнинг тегишли тартиб-таомилларини амалга ошириши лозим.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда белгиланиши лозим бўлган қийматни кўрсатиш ва аниқлаш билан бир қаторда 12-сон МБМСнинг талабларидан четга чиқишларнинг сабабларини далиллар билан исботлаш ва асослаб бериш зарур.


55. Ялпи баҳолаш усулларида ҳисобланган муайян кўчмас мулк объектининг қийматига оид вужудга келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилиги экспертизасини ўтказиш ёхуд Ўзбекистон Республикаси Мулкни баҳолаш миллий стандарти (10-сон МБМС) "Кўчмас мулк қийматини баҳолаш"га (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 47-сон, 511-модда) мувофиқ амалга оширилган ушбу кўчмас мулкни индивидуал баҳолаш асосида ҳал қилиниши мумкин.


56. Мазкур Мулкни баҳолаш миллий стандарти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон баҳоловчилар жамияти ва Ўзбекистон баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 19-сон, 211-модда