язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти/ Аудит/ Ички аудит/ Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 12.05.2012 й. 2361-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 02.04.2012 й. 90-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 12 майда 2361-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2012 йил 2 апрелдаги

90-сон буйруғига

ИЛОВА



Ички аудит хизмати ходимларини

сертификатлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 октябрдаги 215-сонли "Устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг самарали бошқарилишини ва давлат мулкининг зарур даражада ҳисобга олинишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 42-сон, 417-модда) мувофиқ, ички аудитор сертификатини бериш, амал қилишини узайтириш, тугатиш, бекор қилиш, қайта расмийлаштириш ва дубликатини бериш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ички аудитор сертификати - ички аудит хизматида фаолият олиб бориш учун ички аудиторнинг профессионал малакасини тасдиқловчи ҳужжат (бундан кейинги ўринларда сертификат деб юритилади).


2. Сертификат даъвогар томонидан малака имтиҳони (бундан кейинги ўринларда имтиҳон деб юритилади) муваффақиятли топширилган тақдирда, аудиторларнинг республика профессионал жамоат бирлашмалари (бундан кейинги ўринларда аудиторларнинг жамоат бирлашмалари деб юритилади) томонидан беш йил муддатга берилади.


3. Сертификат эгаси сертификат олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар йили малака ошириш курсларидан ўтиши шарт.


4. Имтиҳон ўтказувчи комиссия (бундан кейинги ўринларда комиссия деб юритилади) таркибига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва аудиторларнинг жамоат бирлашмалари вакиллари, зарурият бўлганда, бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ солиш ва хўжалик ҳуқуқи соҳаларининг етакчи мутахассислари киритилади.


5. Комиссия аудиторларнинг жамоат бирлашмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда камида бешта аъзодан, шу жумладан, комиссия раисидан иборат таркибда тузилади.


6. Сертификат олиш, амал қилишини узайтириш, қайта расмийлаштириш, шунингдек унинг дубликатини бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун даъвогар (сертификат эгаси) томонидан мазкур Низомда белгиланган миқдорларда йиғим тўланади. Йиғим аудиторларнинг жамоат бирлашмалари ҳисоб рақамига ўтказилади ва имтиҳонларни ташкил қилиш ва ўтказиш, сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ишлатилади. Йиғим тўлаш учун банк реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар аудиторларнинг жамоат бирлашмалари веб-сайтларига жойлаштирилади.


7. Аудиторларнинг жамоат бирлашмалари ҳузуридаги аудиторларни тайёрлаш марказлари - аудиторларни ўқитиш ва малакасини ошириш учун лицензияга эга бўлган, фақат аудиторларнинг жамоат бирлашмалари томонидан таъсис этиладиган нодавлат таълим муассасаси (бундан кейинги ўринларда ўқув марказлари деб юритилади).


8. Ўқув марказлари:

аудиторларнинг жамоат бирлашмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган ички аудиторларни тайёрлаш дастури (бундан кейинги ўринларда тайёрлов дастури деб юритилади) бўйича 80 соатли махсус ўқув курсларини ҳамда ички аудиторлар учун малака ошириш дастури бўйича 20 соатли курсларни ташкил этади;

сертификат бланкига сертификат эгасининг ҳар йили малака ошириш курсини ўтаганлигини тасдиқловчи ёзув киритади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳар чоракда, кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай сертификат эгасининг малака ошириш курсини ўтаганлиги тўғрисида ахборот тақдим этади.


9. Аудиторларнинг жамоат бирлашмалари:

имтиҳон ўтказишни ташкил қилади, шунингдек ўзларининг веб-сайтларига имтиҳон ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги ахборотни жойлаштиради;

тайёрлов дастури асосида тест саволларини ва жавоб вариантларини тузади ҳамда уларни имтиҳон ўтказиш санасидан йигирма кун олдин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади;

ўқув марказларида ўқув жараёни тайёрлов ва малака ошириш дастурлари асосида ташкил этилганлигини назорат қилади;

даъвогарларни имтиҳонга қўйиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига имтиҳон ўтказилган санадан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай имтиҳон натижалари бўйича даъвогарларга берилган сертификатлар тўғрисида ахборот тақдим этади.



II БОБ. ДАЪВОГАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ


10. Сертификат олиш учун имтиҳонга қуйидаги малака талабларига жавоб берадиган даъвогарлар (бундан кейинги ўринларда даъвогар деб юритилади) қўйилади:

1) олий иқтисодий маълумотга, шунингдек хорижий давлатнинг олий таълим муассасалари томонидан берилган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги олий таълимга эквивалент деб эътироф этилган олий иқтисодий маълумотга ҳамда олий таълим муассасасини тугаллаганидан сўнг охирги ўн йилнинг камида икки йилида бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ маслаҳати, молия ёки солиқ назорати соҳасида ёхуд шу соҳаларда дарс бериш бўйича амалий иш стажига (шу жумладан, ўриндошлик бўйича) эга бўлиш;

иқтисодий бўлмаган олий маълумотга, шунингдек хорижий давлатнинг олий таълим муассасалари томонидан берилган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги олий таълимга эквивалент деб эътироф этилган иқтисодий бўлмаган олий маълумотга ҳамда олий таълим муассасасини тугаллаганидан сўнг охирги ўн йил ичида камида уч йиллик аудитор, аудитор ёрдамчиси, бухгалтер, ревизор, солиқ маслаҳатчиси, солиқ инспектори, ички аудитор хизмати ходими сифатида иш стажига (шу жумладан, ўриндошлик асосида) эга бўлиш;

2) ўқув марказларида махсус тайёрлов курсини ўтаганлик.


11. Қуйидаги сертификатлардан бирига эга бўлган даъвогарларга махсус тайёрлов курсини ўтамаган бўлса ҳам имтиҳон топширишга рухсат берилади:

аудиторнинг малака сертификати (ариза берилган санада мазкур сертификатнинг амал қилиш муддати тугашига 6 ойдан кўп вақт қолган бўлса);

солиқ маслаҳатчиси малака сертификати;

бухгалтер халқаро сертификати (САР - Сертификатланган бухгалтер-амалиётчи, CIPA - Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер ва бошқалар), бухгалтер халқаро сертификати олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб, ҳар йили малака оширганлигини тасдиқловчи гувоҳнома мавжуд бўлса.



III БОБ. СЕРТИФИКАТ ОЛИШ УЧУН ТАҚДИМ

ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


12. Имтиҳонда иштирок этиш учун аудиторларнинг жамоат бирлашмаларидан бирига даъвогар томонидан мазкур Низомнинг 1-иловасида белгиланган шаклдаги аризага илова қилинган ҳолда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

мазкур Низомнинг 2-иловасида белгиланган шаклга мувофиқ тўлдирилган анкета;

паспорт нусхаси;

олий маълумот тўғрисидаги диплом (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ёки уни берган олий таълим муассасаси томонидан тасдиқланган нусхаси;

меҳнат дафтарчаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ёки унинг иш берувчи томонидан тасдиқланган нусхаси;

иккита фотосурат (3 х 4 см ўлчамда);

махсус тайёрлов курсини ўтаганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси ёки аудитор ёки солиқ маслаҳатчиси малака сертификатининг нусхаси ёхуд бухгалтер халқаро сертификатини олган йилдан кейинги йилдан бошлаб, бухгалтер халқаро сертификати эгасининг ҳар йили малака оширганлигини тасдиқловчи гувоҳноманинг ва бухгалтер халқаро сертификати (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ёки ушбу сертификатни берган ташкилот томонидан тасдиқланган нусхаси;

аризани кўриб чиқиш учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисида банк тўлов ҳужжати нусхаси.

Махсус тайёрлов курсини тугатган санадан бошлаб ҳужжатларни топшириш санасигача бўлган вақт оралиғи бир йилдан кўп бўлмаганда гувоҳнома ҳақиқий ҳисобланади.


13. Даъвогар тақдим этган аризасидан воз кечган тақдирда, тўланган йиғим унга қайтариб берилмайди.


14. Ҳужжатлар даъвогар томонидан шахсан ёки почта орқали тақдим этилади.



IV БОБ. ИМТИҲОН ТОПШИРИШГА РУХСАТ БЕРИШ

ЁКИ РУХСАТ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


15. Аудиторларнинг жамоат бирлашмалари ариза келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

имтиҳон топширишга рухсат бериш тўғрисида;

имтиҳон топширишга рухсат беришни рад этиш тўғрисида.


16. Даъвогарга қуйидаги ҳолларда имтиҳон топширишга рухсат берилмайди:

мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилган белгиланган малака талабларига жавоб бермаса;

мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ҳолда тақдим қилинганда ёки тўлиқ тақдим этилмаганда.


17. Имтиҳон топширишга рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарнома рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда аудиторларнинг жамоат бирлашмалари томонидан даъвогарнинг анкетасида кўрсатилган манзилга ёки унинг электрон манзилига юборилади.


18. Рад этиш учун асос бўлган камчиликларни бартараф этиш учун даъвогарга ўн кун муддат берилади.


19. Ҳужжатлар уч кун ичида қайта кўриб чиқилади. Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилган ҳолда тақдим этилган аризани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.


20. Рад этиш учун асос бўлган камчиликлар ўн кун ичида бартараф этилмаган тақдирда, даъвогарнинг аризаси янгидан тақдим этилган деб ҳисобланади.


21. Имтиҳон топширадиган даъвогарларнинг тасдиқланган рўйхати аудиторларнинг жамоат бирлашмалари томонидан комиссияга топширилади.


22. Гуруҳларнинг шаклланишига (камида 10 киши ва кўпи билан 20 киши) қараб имтиҳон ўтказилади. Гуруҳлар даъвогарларнинг аризаларини рўйхатга олиш кетма-кетлигида шакллантирилади.


23. Аудиторларнинг жамоат бирлашмалари имтиҳон топширишга рухсат берилган даъвогарларга имтиҳон ўтказиладиган санадан камида ўн беш кун олдин имтиҳон ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги хабарномани аудиторларнинг жамоат бирлашмалари веб-сайтларига жойлаштиради ҳамда даъвогарнинг анкетада кўрсатилган манзилига почта орқали ёки электрон хабар кўринишида юборади.



V БОБ. СЕРТИФИКАТ ОЛИШ УЧУН

ИМТИҲОН ТОПШИРИШ


24. Аудиторларнинг жамоат бирлашмалари имтиҳон ўтказишда:

даъвогарларни рўйхатдан ўтказади;

имтиҳон ўтказиш учун жиҳозланган хонани зарурий техник воситалар билан таъминлайди;

имтиҳон ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар ва материаллар сақланишини таъминлайди;

имтиҳон ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.


25. Даъвогарлар имтиҳон топширишга паспорти билан киритилади. Паспорти бўлмаган ёки имтиҳонга кечиккан даъвогарлар имтиҳонга келмаган деб ҳисобланади ҳамда имтиҳон топширишга рухсат берилган навбатдаги шахслар рўйхатига киритилади.


26. Даъвогар аудиторларнинг жамоат бирлашмаларига ҳужжатларни топширган санадан бошлаб икки маротаба имтиҳон топширишга келмаган тақдирда, даъвогар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар қайтариб юборилади. Ҳужжатлар мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган тартибда қайта тақдим этилиши мумкин.


27. Имтиҳон уч соат ичида ёзма шаклда тест ўтказиш йўли билан ўтказилади.


28. Ҳар бир даъвогар томонидан рўйхат рақами, тест саволлари ҳамда махсус тест бланклари олинади (бундан кейинги ўринларда тест бланки деб юритилади).


29. Комиссия раиси томонидан имзо қўйилмаган тест бланки ҳақиқий ҳисобланмайди.


30. Тест саволлари аудиторларнинг жамоат бирлашмалари тақдим этган саволлар асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан шакллантирилади.


31. Тест саволлари қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳисобга олинган ҳолда вақти-вақти билан қайта кўриб чиқилади.


32. Имтиҳон саволлари тайёрлов дастури бўйича тузиладиган 60 та тест саволидан иборат бўлади.


33. Даъвогарга ҳар бир тўғри жавоб учун 1 балл, нотўғри жавоб учун ёки жавоб бўлмаса 0 балл қўйилади.


34. Тест натижаларини ижобий деб тан олиш учун асос бўлиб ҳисобланадиган тўғри жавоблар миқдори имтиҳон тестларидаги мавжуд саволлар миқдорининг камида 75 фоизини ташкил этиши керак.


35. Бегона шахсларнинг имтиҳонда қатнашишига рухсат этилмайди.


36. Имтиҳон ўтказишга ажратилган вақт тугагач, даъвогар тест бланкини тест саволлари билан бирга комиссияга топширади. Тест бланкида даъвогарнинг рўйхат рақамидан ташқари ахборотлар (даъвогарнинг исми, фамилияси, отасининг исми, шунингдек даъвогарнинг шахсини аниқлаш имконини берадиган бошқа бирор бир белги) бўлмаслиги лозим. Ушбу талабларни бузган даъвогар имтиҳон топширмаган деб ҳисобланади.


37. Имтиҳон ўтказилаётганда даъвогарга қуйидагилар тақиқланади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ўқув ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;

уяли алоқа телефонлари ёки бошқа техник воситалардан фойдаланиш;

ўзаро гаплашиш, ёрдам ҳамда маслаҳат ва тушунтиришлар бериш;

тест саволларини аудиториядан олиб чиқиш.

Ушбу талабларни бузган даъвогарлар далолатнома расмийлаштирилган ҳолда аудиториядан чиқариб юборилади ва имтиҳон топшира олмаган деб ҳисобланади.


38. Имтиҳон натижалари комиссия томонидан имтиҳон ўтказилгандан сўнг икки кун ичида эълон қилинади.


39. Имтиҳон топшира олмаган даъвогарларга йиғим қайтариб берилмайди.


40. Имтиҳон топшириш натижалари салбий баҳоланган даъвогарнинг ҳужжатлари қайтариб юборилади.


41. Имтиҳон топшира олмаган даъвогарлар имтиҳон топшириш учун ҳужжатларни мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган тартибда қайта тақдим этишга ҳақлидир.


42. Имтиҳонда иштирок этиш учун даъвогарлар томонидан берилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда комиссиянинг йиғилиш баённомалари беш йил мобайнида аудиторларнинг жамоат бирлашмаларида сақланади.



VI БОБ. ИМТИҲОН НАТИЖАСИ БЎЙИЧА БЕРИЛГАН

АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


43. Имтиҳон натижалари салбий баҳоланган даъвогарлар натижалар эълон қилинган санадан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида тегишли аудиторларнинг жамоат бирлашмасига ёзма равишда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.


44. Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби аудиторларнинг жамоат бирлашмалари томонидан белгиланади.


45. Берилган апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан бир ҳафта ичида кўриб чиқилади ва қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчи ёзма равишда хабардор қилинади. Ариза берувчи апелляция шикоятининг кўриб чиқилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга.


46. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;

ариза берувчининг имтиҳон натижаларини бекор қилиш ва қайта имтиҳон тайинлаш тўғрисида;

имтиҳон натижаларини ўзгартириш ва ижобий баҳолаш тўғрисида.


47. Имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

апелляция шикоятида келтирилган далиллар тасдиқланмаса;

апелляция шикояти мазкур Низомнинг 43-бандида назарда тутилган муддат мобайнида тақдим этилмаган бўлса.


48. Ариза берувчининг имтиҳон натижаларини бекор қилиш ва қайта имтиҳон тайинлаш тўғрисидаги қарор имтиҳон мазкур Низом талабларини бузган ҳолда ўтказилганда қабул қилинади. Бундай ҳолларда ариза берувчидан йиғим ундирилмайди.


49. Имтиҳон натижаларини ўзгартириш ва ижобий баҳолаш тўғрисидаги қарор имтиҳон саволлари бўйича берилган жавоблар нотўғри баҳоланганда ва тўғри жавоблар миқдори мазкур Низомнинг 34-банди талабига мувофиқ келган ҳолларда қабул қилинади.


50. Апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.



VII БОБ. СЕРТИФИКАТНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА БЕРИШ


51. Имтиҳон натижалари комиссия баённомаси билан расмийлаштирилади ва аудиторларнинг жамоат бирлашмаларига топширилади.


52. Сертификат имтиҳонда қатнашиш учун ариза топширилган аудиторларнинг жамоат бирлашмаси томонидан берилади.


53. Сертификат мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги махсус бланкда расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида амал қилади. Сертификат аудиторларнинг жамоат бирлашмасининг расмий қисқартирилган номидан кейин оралиқ бўшлиқларсиз (Х...Х 000000 тарзида) рақамланади.


54. Сертификат бланклари қатъий ҳисобот ҳужжати ҳисобланади ва қалбакилаштиришга қарши ҳимоя элементларига эга бўлган махсус қоғозда "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан аудиторларнинг жамоат бирлашмалари буюртмасига кўра тайёрланади.


55. Аудиторларнинг жамоат бирлашмалари белгиланган тартибда берилган ва қайта расмийлаштирилган, шунингдек дубликатлари берилган сертификат бланклари ҳисобини юритади ҳамда сақланишини таъминлайди.


56. Сертификат имтиҳон комиссиясининг баённомалари олингандан сўнг ўн кун ичида расмийлаштирилади ва сертификат эгасига ёки ишончнома асосида бошқа шахсга ички аудиторлар реестрига имзо қўйдириш орқали берилади.

57. Даъвогар сертификат расмийлаштирилган санадан бошлаб уч ой мобайнида уни олиш учун келмаса ёки уни олишдан ёзма равишда ихтиёрий воз кечса, аудиторларнинг жамоат бирлашмаси томонидан ушбу сертификатни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади.



VIII БОБ. СЕРТИФИКАТНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ, ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА ДУБЛИКАТИНИ БЕРИШ


58. Сертификат эгаси томонидан сертификатнинг амал қилиш муддати тугашидан уч ой олдин, бироқ унинг амал қилиш муддати тугашига олти ойдан кам вақт қолган бўлса, аудиторларнинг жамоат бирлашмасига унинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ушбу Низомнинг 1-иловасида назарда тутилган шаклдаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган ҳолда тақдим этилади:

мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги анкета;

сертификатнинг асл нусхаси;

сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида йиғим тўланганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжатининг нусхаси.

59. Сертификатнинг амал қилиш муддати мазкур Низомнинг 58-бандида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда сертификат эгаси томонидан имтиҳон муваффақиятли топширилган тақдирда узайтирилади.


60. Сертификатнинг амал қилиши сертификат бланкида кўрсатилган муддатнинг тугаш санасидан бошлаб беш йил муддатга узайтирилади.


61. Сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш илгари берилган сертификат бланкига тегишли ёзув киритиш орқали амалга оширилади.

Сертификат бланкидаги унинг амал қилиш муддатини узайтириш учун ажратилган тегишли реквизитлар тўлган бўлса, илгари берилган рақам билан янги сертификат берилади. Янги сертификат бланкининг пастки ўнг бурчагига илгари берилган сертификат ҳақидаги ахборотлар ёзиб қўйилади. Илгари берилган сертификат бланки тегишли аудиторларнинг жамоат бирлашмаси томонидан белгиланган тартибда йўқ қилинади.


62. Сертификат эгасининг фамилияси (исми, отасининг исми) ўзгарганда, ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай тегишли аудиторларнинг жамоат бирлашмасига мазкур Низомнинг 4-иловасида белгиланган шаклдаги аризага қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган сертификатнинг асл нусхаси ҳамда ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда топширилади.


63. Сертификат ариза топширилган кундан бошлаб беш кун ичида илгари берилган сертификат рақами билан қайта расмийлаштирилади. Илгари берилган сертификат бланки тегишли аудиторларнинг жамоат бирлашмаси томонидан белгиланган тартибда йўқ қилинади.


64. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган сертификат ўрнига сертификат эгасининг мазкур Низомнинг 4-иловасида назарда тутилган шаклдаги аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.


65. Сертификат эгаси сертификати йўқолганлигини матбуотда эълон қилиши ва унинг матбуотда эълон қилинганлигини тасдиқловчи ахборотни тегишли аудиторларнинг жамоат бирлашмасига тақдим этиши лозим. Сертификат дубликатида унинг аввалги қайд этилган рақами ва илгари белгиланган амал қилиш муддати ёзилади, янги бланкнинг юқори бурчагида "Дубликат" ёзуви кўрсатилган бўлиши керак.


66. Яроқсиз ҳолга келган сертификат тегишли аудиторларнинг жамоат бирлашмасига йўқ қилиш учун қайтариб берилиши керак.


67. Сертификатни қайта расмийлаштирганлик ҳамда унинг дубликатини берганлик учун ариза топширилган санадаги энг кам иш ҳақининг тўртдан бир қисми миқдорида йиғим ундирилади.



IX БОБ. СЕРТИФИКАТНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТУГАТИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ


68. Сертификатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

сертификат эгасининг аризасига мувофиқ;

ҳар йиллик 20 соатли малака ошириш курсини ўтамаганда;

сертификат эгаси томонидан ички аудит хизматидаги фаолияти мобайнида олинган конфиденциал ахборот хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг ёзма рухсатисиз учинчи шахсларга тақдим этилганда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

сертификатнинг ички аудит фаолиятида фойдаланиш мақсадида бошқа жисмоний шахсга берилганлиги факти аниқланганда;

ички аудитор сифатида уч йил фаолият олиб борилмаганда;

муайян мансабни эгаллаш ёки хўжалик соҳасида муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жазони назарда тутувчи суд ҳукми қонуний кучга кирганда;

фуқарони белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганда;

сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганда.


69. Сертификатнинг амал қилиши аудиторларнинг жамоат бирлашмаси қарори билан тугатилади. Сертификатнинг амал қилиши уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.


70. Сертификат қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

мазкур Низомнинг 57-бандида назарда тутилган ҳолларда;

сертификатни бериш тўғрисидаги қарорнинг ноқонунийлиги аниқланганда;

сертификатнинг қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Сертификатни бекор қилиш тўғрисидаги қарор сертификат берилган санадан эътиборан амал қилади.


71. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ҳамда бекор қилиш ҳақидаги қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.


72. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарор оммавий ахборот воситаларида, шунингдек аудиторларнинг жамоат бирлашмаси веб-сайтларида эълон қилиниши керак.

Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарор беш кун ичида сертификат эгасига юборилади.

Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарор сертификат эгаси томонидан олинган кундан бошлаб ўн кун ичида сертификат тегишли аудиторларнинг жамоат бирлашмасига белгиланган тартибда йўқ қилиш учун қайтарилиши лозим.


73. Мазкур Низомнинг 68-банди учинчи, тўртинчи, бешинчи ва еттинчи хатбошиларида ва 70-банднинг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган асослар бўйича сертификатнинг амал қилиши тугатилган ёки бекор қилинган жисмоний шахсларга сертификатнинг амал қилиши тугатилган ёки бекор қилинган пайтдан бошлаб уч йил мобайнида қайта сертификат олиш учун имтиҳон топширишга рухсат этилмайди.



X БОБ. ИЧКИ АУДИТОРЛАР РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ


74. Аудиторларнинг жамоат бирлашмалари томонидан ички аудитор сертификатига эга бўлган шахсларнинг реестри юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

сертификат олинган сана, уни олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва имзоси;

паспорт маълумотлари ва яшаш манзили;

иш жойи;

сертификатнинг ҳисобга олиш серияси, рақами ва берилган санаси;

аудиторнинг малака сертификати, солиқ маслаҳатчиси, бухгалтер халқаро сертификатларининг берилган санаси ва рақами;

ҳар йили малака ошириш курсларини ўтаганлиги ҳақида;

сертификатнинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги, амал қилиши тугатилганлиги, бекор қилинганлиги, қайта расмийлаштирилганлиги ҳамда дубликат берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.


75. Реестрдаги қуйидаги маълумотлар аудиторларнинг жамоат бирлашмаси веб-сайтига жойлаштирилади ва барчанинг танишиши учун очиқ ҳисобланади:

сертификат олинган сана, уни олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

сертификат рақами ва берилган санаси;

сертификатнинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги, амал қилиши тугатилганлиги, бекор қилинганлиги, қайта расмийлаштирилганлиги ҳамда дубликати берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.



XI БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


76. Мазкур Низомда белгиланган талабларга риоя этилиши учун аудиторларнинг жамоат бирлашмалари раҳбарлари жавобгар бўлади.


77. Аудиторларнинг жамоат бирлашмаларининг мазкур Низом талабларига риоя этишлари устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


78. Мазкур Низом Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон аудиторлар палатаси ва Ўзбекистон бухгалтерлар, аудиторлар ва консультантлар федерацияси билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА



___________________________________

_________________________________га

(аудиторларнинг республика профессионал

жамоат бирлашмасининг номи)

__________________________________

________________________________дан



АРИЗА


Менга ички аудитор сертификатини олиш, амал қилиш муддатини узайтириш учун имтиҳон топширишга рухсат беришингизни сўрайман (кераклисининг тагига чизилади).


Аризага илова қилинади:

1.

2.

3.

ва ҳ.к.


20___ й. "___" _______________



Шахсий имзо ______________________






Низомга

2-ИЛОВА

А Н К Е Т А



            





1. Фамилияси



Расм


Исми





Отасининг исми





2. Туғилган вақти:






(кун, ой, йил рақамларда ёзилади)




             

3. Паспорт серияси, рақами






Берилган вақти






Ким томонидан берилган






4. Маълумоти:




қув муассасаси)


            



факультети



Битирган йили


Диплом рақами




Диплом бўйича малакаси



            



Сертификатлар (номи,

берилган вақти)



5. Меҳнат дафтарчаси бўйича иш стажи тўғрисида маълумот:


             

N

Даври


Иш жойи


Лавозими


ишга

кириш


бўшаб

кетиш


асосий


ўриндошлик

асосида




1.








2.








3.















              

6. Уй манзили:



7. Алоқа телефони:


Факс:




коди рақами


коди рақами


уй телефони:







коди


рақами



8. Электрон манзили: _________________________________




9. Анкета тўлдирилган сана 20__ й. "____" _______________


Шахсий имзо ________________




          





Низомга

3-ИЛОВА



(олд томони)


Н А М У Н А

           

(аудиторларнинг республика профессионал жамоат бирлашмасининг номи)

ИЧКИ АУДИТОР СЕРТИФИКАТИ

                                      N Х...Х 000000

Расм

Тошкент ш.                                                                     20__ й. "___" __________

               

(ички аудиторнинг Ф.И.О.)

              

ички аудит хизматида фаолият юритиши учун ички аудитор профессионал малакасига эга 20__ йил "___" ________дан 20___ йил "___" _______гача амал қилади ва ҳар йили малака оширишдан ўтиши шарт.

Аудиторларнинг

Республика профессионал

жамоат бирлашмасининг

раҳбари ёки у томонидан

белгиланган ваколатли шахс





(имзо)


(Ф.И.О.)

М.Ў.


Сертификатнинг амал қилиш муддати узайтирилди:


20__ й. "___" ___________дан 20__ й. "___" __________ гача     Имзо     М.Ў.


20__ й. "___" ___________дан 20__ й. "___" __________ гача     Имзо     М.Ў.


20__ й. "___" ___________дан 20__ й. "___" __________ гача     Имзо     М.Ў.



(орқа томони)


ҲАР ЙИЛИ МАЛАКА ОШИРИШ КУРСИНИ

ЎТАГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТ*

      

Даврлар


Малака оширишдан

ўтганлиги тўғрисидаги

ҳужжатнинг рақами

ва берилган санаси


Ўқув

марказининг

белгиси (номи,

раҳбар имзоси

ва муҳри)


20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________ ____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



20__ й. "___"_________дан - 20__ й. "___"___________гача

____________________

____________________



*) сертификат олинган санадан кейинги йилдан бошлаб тўлдирилади.






Низомга

4-ИЛОВА



___________________________________

_________________________________га

(аудиторларнинг республика профессионал

жамоат бирлашмасининг номи)

__________________________________

________________________________дан



АРИЗА


Менга ички аудитор сертификатини қайта расмийлаштириб беришингизни, дубликатини беришингизни сўрайман (кераклисининг тагига чизилади).


Аризага илова қилинади:

1.

2.

3.

ва ҳ.к.



20___ й. "___" _______________



Шахсий имзо ______________________

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 20-сон, 220-модда