язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Ҳисоб-китоблар/ Банкларнинг пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоблар/ "Ўзкарт" банклараро чакана тўлов тизими фаолияти тўғрисида Низом (АВ томонидан 30.05.2012 й. 2369-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 21.04.2012 й. 12/2-сонли қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 30 майда 2369-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2012 йил 21 апрелдаги

12/2-сонли қарорига

ИЛОВА



"Ўзкарт" банклараро чакана тўлов

тизими фаолияти тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 54-модда), "Электрон тўловлар тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 51-сон, 373-модда) қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 19 апрелдаги "Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-1325-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 16-сон, 124-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентябрдаги "Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 445-сонли қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 38-39-сон, 425-модда) мувофиқ, миллий валютадаги "Ўзкарт" банклараро чакана тўлов тизими (кейинги ўринларда "Ўзкарт" тизими деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


"Ўзкарт" тизими - асосий элементи банк пластик карточкалари (кейинги ўринларда БПК деб юритилади) ва тўлов терминаллари бўлган, дастурий-техник ечимлар ва тегишли ташкилий-техник инфратузилмага асосланган ҳолда фаолият кўрсатадиган чакана тўлов тизими бўлиб, Ўзбекистон Республикасида электрон шаклдаги нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун мўлжалланган ҳамда БПКларни эмиссия қилувчи ва товарлар (ишлар бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи) сотувчиларига хизмат кўрсатувчи банкларни, Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банкни, шунингдек Ягона умумреспублика процессинг марказини (бундан кейинги ўринларда процессинг маркази деб юритилади) ягона тизимга бирлаштиради;


БПК - "Ўзкарт" тизими аъзоси томонидан эмиссия қилинган, персонализацияланган, тўлов воситаси сифатида ишлатиладиган ва ўз сақловчисига банк ҳисобварағидаги маблағлари доирасида операцияларни, жумладан, ҳисобварақ орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни (тўловларни) амалга ошириш, ундан нақд пул маблағларини ва банк кредитини олиш имконини берувчи банк пластик картаси;


терминал - БПКдан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини берувчи ва бажарилган операциялар бўйича чекларни шакллантирувчи мослама;


банкомат - БПК сақловчисига ўз-ўзига хизмат кўрсатиш режимида нақд пул маблағларини ва бажарилган операциялар бўйича чекларни олиш, шунингдек БПК орқали асосий ва қўшимча операцияларни амалга ошириш, жумладан, маблағларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш, БПКнинг баланси ва банкдаги ҳисобварақ қолдиғи ҳолати тўғрисида ахборот олиш ва паролларни ўзгартириш имконини берувчи электрон-механик мослама;


эмитент - БПКнинг эмиссиясини амалга оширувчи, ўзи эмиссия қилган БПКларга нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган, ўз номидан уларнинг сақловчилари ва эквайерлар олдида нақд пулсиз ҳисоб-китобларга оид қонун ҳужжатлари талаблари асосида мажбуриятларни зиммасига олган, шунингдек БПК сақловчиларининг тўлов операциялари бўйича авторизациялаш, транзакцияларни йиғиш ва уларга ишлов бериш функцияларини амалга оширувчи банк;


эмиссия - БПКни чиқариш ва фойдаланишга тақдим этиш бўйича фаолият;

эквайринг - БПК орқали амалга оширилган операциялар бўйича товарлар (ишлар бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи) сотувчилари билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек БПК сақловчисига бевосита касса ёки банкомат орқали нақд пул бериш;


эквайер - эквайрингни амалга оширувчи банк;


БПК сақловчиси - эмитент банк билан шартнома асосида фойдаланувчи мижоз ёки мижоз томонидан ваколат берилган шахс;


транзакция - БПК сақловчиси томонидан амалга ошириладиган, унинг банкдаги ҳисобварағи дебетланишига олиб келадиган тўлов ордери;


клиринг - БПК орқали амалга оширилган ҳар бир молиявий операциянинг тўлиқ маълумотини ўз ичига олган ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш, молиявий операцияларни йиғиш, уларга ишлов беришни амалга ошириш;


норматив ахборот маълумотномаси - электрон файллар шаклида шакллантириладиган ва йиғиладиган ҳамда "Ўзкарт" тизимининг тўғри ишлашини таъминлаш учун мўлжалланган ахборот;


стоп-лист - процессинг маркази томонидан шакллантириладиган ва доимий янгиланиб туриладиган йўқолган ёки банк томонидан ҳисоб-китоб операцияларини амалга ошириш вақтинча тўхтатиб турилган ёки бутунлай тўхтатилган БПКлар рўйхати;


бош калит - "Ўзкарт" тизимининг етакчи тармоғини ҳосил қилувчи калит бўлиб, БПКнинг ушбу тизимга тегишлилигини белгилайди ва ягона технологик майдон яратилишини таъминлайди;


процессинг маркази - "Ўзкарт" тизими аъзолари ўртасида процессинг амалиётларини, яъни ахборотни йиғиш, унга ишлов бериш ва уни тарқатишни узлуксиз таъминлаш, шунингдек унинг аъзолари учун амалга ошириладиган бирламчи эмиссияни ва эквайрингга техник хизмат кўрсатишни амалга оширувчи юридик шахс;


Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк - "Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларнинг инфратузилмаларида тизим аъзолари ўртасида банклараро транзакциялар бўйича БПКдан фойдаланган ҳолда ўтказилган операцияларга доир ўзаро молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш юзасидан "Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларга хизмат кўрсатувчи банк.


2. Қуйидагилар "Ўзкарт" тизимининг аъзолари ҳисобланади:

БПКларнинг эмитентлари ва эквайерлари бўлган ҳамда белгиланган тартибда "Ўзкарт" тизимининг аъзолигига қабул қилинган банклар;

Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк;

процессинг маркази.


3. Қуйидагилар "Ўзкарт" тизимининг фойдаланувчилари ҳисобланади:

БПКларнинг сақловчилари;

БПКга хизмат кўрсатувчи чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари.


4. "Ўзкарт" тизими аъзолари:

"Ўзкарт" тизими аъзоси бўлган банк БПКни нақд пулсиз ҳисоб-китоб воситаси сифатида тан олади, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ, ҳисоб-китоб операциялари ва транзакцияларнинг БПКлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилишини кафолатлайди;

Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк "Ўзкарт" тизими аъзолари билан тузилган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ, процессинг марказидан олинган ахборот асосида банклар ўртасида БПК орқали амалга оширилган операциялар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларнинг амалга оширилишини кафолатлайди;

"Ўзкарт" тизими аъзоси бўлган банк БПК сақловчисига БПКни бериб, эквайерга мазкур БПК билан амалга оширилган операциялар бўйича тақдим этилган барча тўлов талабларининг тўланишини кафолатлайди. Мазкур тўлов акцептсиз тартибда амалга оширилади;

"Ўзкарт" тизими аъзоси бўлган банк мазкур тизимнинг аъзоси бўлган бошқа банк томонидан эмиссия қилинган БПКнинг барча сақловчиларига ўз инфратузилмасида тўловлар қабул қилинишини ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд пул маблағлари берилишини (юридик шахсларга, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларга берилган корпоратив БПКлар бундан мустасно) кафолатлайди;

процессинг маркази "Ўзкарт" тизими аъзолари ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича барча ахборотларни Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банкка ва "Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларга тўлиқ ва ўз вақтида тақдим этилишини ўз зиммасига олади.


5. "Ўзкарт" тизимининг шартли белгиси "Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банклар томонидан қабул қилинган умумий рамзий белги ҳисобланади ва мазкур белги терминал ўрнатилган барча объектларда акс эттирилган бўлиши лозим. "Ўзкарт" тизими аъзоси бўлган банклар томонидан чиқарилган БПКлар терминал ўрнатилган барча хизмат кўрсатиш объектларида қабул қилиниши шарт.


5-1.Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банклараро чакана тўлов тизими инфратузилмасида "Ўзкарт" ва бошқа чакана тўлов тизимлари БПКларининг ўзаро хизмат кўрсатишини таъминлайди.

"Ўзкарт" тўлов тизими инфратузилмасида (терминалларда, банкоматларда, инфокиоскаларда ва бошқа махсус ускуналарда) бошқа тўлов тизимларининг БПКларига хизмат кўрсатилишининг рад этилиши тақиқланади.

6. "Ўзкарт" тизими аъзолари қалбакилаштириш имкониятини истисно этувчи ҳамда базавий технологиянинг хавфсизлик талабларига жавоб берувчи ички ҳимоя воситаларига эга бўлган БПКлардан фойдаланилишини, шунингдек тизимнинг маълум технологик платформасини шифрлаш алгоритмидан фойдаланилишини таъминлайди.


7. "Ўзкарт" тизими аъзолари маҳфий ахборотни очиқ ҳолатида компьютернинг тезкор хотирасига тушмаслигини таъминлаши лозим. Ахборотнинг маҳфийлигини таъминлаш учун қўшимча муҳофаза қилиш воситалари қўлланилиши мумкин. "Ўзкарт" тизими аъзоларининг маҳфий калит тизимини бошқариш ахборот тизимларининг хавфсизлигига қўйиладиган талабларга мувофиқ амалга оширилади.



II БОБ. БАНКЛАРАРО МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ

КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Банклараро мувофиқлаштирувчи кенгашнинг (кейинги ўринларда БМК деб юритилади) асосий мақсади пул муомаласи тизимини такомиллаштириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар миллий тизимини ривожлантириш ва банкдан ташқари нақд пул айланмасини қисқартириш, аҳолининг БПКлардан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириши учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда илғор банк технологияларини жорий этиш асосида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш фаолиятини мувофиқлаштириш ҳисобланади.


9. БМК "Ўзкарт" тизимининг олий бошқарув органи бўлиб, унинг таркибига "Ўзкарт" тизими аъзоси бўлган банкларнинг, шунингдек Ўзбекистон банклари Ассоциацияси ва процессинг маркази раҳбарлари (уларнинг ўринбосарлари) киради.


10. БМК раиси ва унинг ўринбосари БМК аъзолари орасидан икки йил муддатга сайланади. БМК раиси ўз ваколатларидан муддатидан илгари БМКни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда воз кечиши мумкин.


11. Процессинг маркази бош директори ёки унинг ўринбосари БМК котиби ҳисобланади. БМК фаолиятининг ташкилий ишлари котиб томонидан юритилади.


12. БМКнинг йиғилишлари зарур бўлганда, лекин бир йилда камида уч марта ўтказилади.


13. БМКнинг йиғилишларига унинг раиси ёки ўринбосари бошчилик қилади. БМК йиғилишлари аъзолари умумий сонининг камида тўртдан уч қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. БМКга кўриб чиқиш учун киритиладиган масалалар бўйича қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан, аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, йиғилиш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади.


14. Баённома БМКнинг раиси ва масъул котиби томонидан имзоланади ва тасдиқланади. Йиғилиш баённомаси йиғилиш ўтказилганидан кейин беш иш кунидан кечиктирмай "Ўзкарт" тизими аъзоларига юборилади.


15. Қуйидагилар БМКнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

"Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларнинг ўзаро муносабатлари самарадорлигини ошириш;

транзакцияларга ишлов бериш, клиринг сессияларини амалга ошириш, хавфсизликни таъминлаш бўйича банклараро ягона талаблар, қоидалар ва ўзаро муносабатлар регламентини тасдиқлаш, намунавий шартномалар, келишувлар ва битимларни, БПК, терминаллар, банкоматлар, оммавий ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи кенг тармоқли электрон тўлов-маълумот терминаллари (инфокиоскалар) ва банклар томонидан қўлланиладиган махсус ускуналарнинг дастурий таъминоти ва "Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларнинг техник ва дастурий жиҳозланиши учун ягона дастурий-техник талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

БПКдан ҳисоб-китоб воситаси сифатида фойдаланишнинг жорий этилиши, ривожланиши ва уларнинг тарқатилиши билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

БПКдан фойдаланган ҳолда замонавий банк хизматларини жорий этиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш;

"Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларнинг БПК билан ишловчи ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириб бориш.


16. БМК қуйидаги ҳуқуқларга эга:

"Ўзкарт" тизими аъзоларининг ўзаро муносабат қоидаларини белгилаш, шунингдек банкларни "Ўзкарт" тизими аъзолигига қабул қилиш ёки уларни "Ўзкарт" тизими аъзолигидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;

"Ўзкарт" тизимининг ишлаш жараёнида вужудга келган низоларни ҳал этиш бўйича, шунингдек форс-мажор ҳолатлар юзага келган тақдирда тегишли қарор қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишган ҳолда банклараро транзакциялар бўйича тарифларни белгилаш, шунингдек "Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларнинг БПК сақловчиларига хизмат кўрсатганлик учун воситачилик ҳақларининг максимал миқдорини белгилаш;

процессинг маркази томонидан БПКларнинг бирламчи эмиссиясини ҳамда бошқа хизматларни амалга оширишда банклардан ундириладиган хизмат ҳақларининг максимал миқдорини белгилаш;

экспертлик гуруҳини тузиш, унинг аъзолари таркибини ўзгартириш ва бекор қилиш.


17. БМК томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини ҳамда БМК фаолиятининг самарали ташкил этилишини таъминлаш БМКнинг мажбуриятлари ҳисобланади.



III БОБ. ЭКСПЕРТЛИК ГУРУҲИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


18. Экспертлик гуруҳи БМКнинг ишчи органи бўлиб, унинг таркибига "Ўзкарт" тизими аъзоси бўлган банклар, шунингдек Ўзбекистон банклари Ассоциацияси ва процессинг маркази вакиллари киритилади.


19. Экспертлик гуруҳининг раҳбари ва масъул котиби ҳамда унинг таркиби БМК қарори билан тасдиқланади. Экспертлик гуруҳининг раҳбари ўз ваколатларидан муддатидан илгари БМКни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда воз кечиши мумкин.


20. Экспертлик гуруҳи фаолиятини мувофиқлаштириш ва ташкилий таъминлаш экспертлик гуруҳининг масъул котиби томонидан амалга оширилади.


21. Экспертлик гуруҳи йиғилишлари зарур бўлган ҳолларда ўтказилади. Экспертлик гуруҳининг йиғилиши аъзолари умумий сонининг камида тўртдан уч қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Экспертлик гуруҳининг хулосалари аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


22. Экспертлик гуруҳи аъзолари экспертлик гуруҳининг йиғилишларида бевосита иштирок этади. Экспертлик гуруҳи аъзоси йиғилишда бевосита иштирок эта олмаган тақдирда, кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.


23. Экспертлик гуруҳининг хулосалари унинг аъзолари томонидан имзоланади ва гуруҳ раҳбари томонидан тасдиқланади. Экспертлик гуруҳининг хулосалари БМКга кўриб чиқиш учун киритилади.


24. Миллий чакана тўлов тизимларини яратиш ва ривожлантириш бўйича хориж тажрибасини ўрганиш, шунингдек "Ўзкарт" тизимини ривожлантириш соҳасидаги долзарб муаммоларни таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқиш экспертлик гуруҳининг асосий вазифаси ҳисобланади.


25. Экспертлик гуруҳи БМКга қуйидаги масалалар бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга:

"Ўзкарт" тизимини ривожлантириш бўйича муайян дастурий-аппарат платформаларини ва техник ечимларни танлаш бўйича;

"Ўзкарт" тизими аъзолари ўртасида ўзаро муносабатлар, шунингдек банкларнинг "Ўзкарт" тизими таркибига кириши ёки банкларни "Ўзкарт" тизимидан чиқариш бўйича қоидаларни белгилаш бўйича;

"Ўзкарт" тизимининг ишлаш жараёнида вужудга келадиган низоларни, шунингдек форс-мажор ҳолатлар юзага келганда уларни ҳал этиш бўйича;

банклараро транзакциялар тарифларини белгилаш, шунингдек "Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларнинг БПК сақловчиларига хизмат кўрсатганлик учун воситачилик ҳақларининг максимал миқдорини белгилаш бўйича;

"Ўзкарт" тизими ахборот ресурсларининг маҳфийлигини таъминлаш ва уларни ҳимоя қилиш чораларини кўриш бўйича;

нақд пулсиз ҳисоб-китоблар соҳасида, жумладан БПКдан фойдаланган ҳолда кўрсатиладиган хизматларни ривожлантириш, жорий этиш ва тарқатишда банкларни қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар бўйича;

БМК вазифаларининг бажарилишини, шунингдек "Ўзкарт" тизимининг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида тизим аъзоларидан зарур ахборотларни талаб қилиш бўйича.


26. Қуйидагилар экспертлик гуруҳининг мажбуриятлари ҳисобланади:

БМК қарорларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш;

БМК ва экспертлик гуруҳи ҳужжатларини тайёрлаш, ҳисобга олиш ва сақлашни ташкил этиш.



IV БОБ. "ЎЗКАРТ" ТИЗИМИДА БАНКЛАР ИШТИРОКИ


27. Банкларнинг "Ўзкарт" тизимига аъзолиги ихтиёрийдир.


28. "Ўзкарт" тизимига аъзо бўлиш учун банк белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан рўйхатга олинган, банк операцияларини амалга ошириш учун лицензияга, шунингдек "Ўзкарт" тизимига кириш имкониятига эга бўлган тегишли техник ва дастурий-аппарат мажмуасига эга бўлиши лозим. Техник ва дастурий-аппарат мажмуасига қўйиладиган талаблар БМК томонидан белгиланади.


29. Банк "Ўзкарт" тизими аъзолигига кириш учун БМКга ариза билан мурожаат қилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

банк операцияларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан берилган лицензиянинг нусхаси;

БПКни жорий этиш ва ривожлантиришнинг йиллик бизнес-режаси.

30. Экспертлик гуруҳи банк томонидан тақдим қилинган ҳужжатларни олгач, мазкур Низомнинг 29-бандида назарда тутилган ҳужжатлар билан танишиб чиқади ва уларни тегишли қарор қабул қилиш учун БМКга киритади.


31. БМК "Ўзкарт" тизимига аъзо бўлиш учун банк томонидан топширилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва банкни тизимга қабул қилиш ва унга тизим аъзоси мақомини бериш тўғрисида ёки тизимга қабул қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Банкни "Ўзкарт" тизимига қабул қилиш ва унга тизим аъзоси мақомини бериш тўғрисидаги қарор банк томонидан мазкур Низомнинг 29-бандида назарда тутилган ҳужжатлар топширилган кундан бошлаб ўттиз кун ичида қабул қилинади. Банк қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор этилади.


32. БМК Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк ва процессинг марказини банкни "Ўзкарт" тизимига қабул қилиш ва унга тизим аъзоси мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилади.


33. БМКдан олинган ёзма хабар асосида Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк "Ўзкарт" тизимига қабул қилинган банк билан хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномани имзолайди.

34. БМКдан олинган ёзма хабар асосида процессинг маркази "Ўзкарт" тизимига қабул қилинган банк билан процессинг марказида хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномани имзолайди ва процессинг маркази томонидан банкка процессинг серверига кириш учун аутентификация маълумотлари тақдим этилади ҳамда процессинг маркази маъмури (администратори) томонидан банк, эмиссия (банк) минтақаси ва банк филиали тизимга киритилади.


35. Банк "Ўзкарт" тизими аъзолигига қабул қилинганда у ўз филиалларига нисбатан тизимнинг Бош иштирокчиси, филиаллари эса, тизимнинг қўшилган иштирокчилари ҳисобланади. Банк филиалларининг молиявий мажбуриятлари бўйича тўлиқ ҳажмда жавобгар бўлади. Филиалларнинг "Ўзкарт" тизими аъзолари билан ҳисоб-китоб муносабатлари банк орқали амалга оширилади.


36. БМК банкнинг "Ўзкарт" тизимида ишлашга тайёрлиги тўғрисида процессинг марказининг хабарномаси асосида тизим аъзолари бўлган банкларга янги банкнинг тизим аъзоси сифатида қабул қилинганлиги ва уни тизимга уланганлиги тўғрисида расмий хабар юборади. Процессинг маркази тизимнинг янги маълумотномасини шакллантиради ва уни тизим аъзолари бўлган банкларга тарқатади ҳамда аъзоликка қабул қилинган банк учун банклараро транзакцияларни тўғри узатиш бўйича созлашни амалга оширади.

37. Банк БМКга филиалини "Ўзкарт" тизимига қўшилган иштирокчи сифатида улашни сўраб мурожаат қилади.

БМК мурожаат асосида банк филиалини белгиланган тартибда "Ўзкарт" тизимига улайди ва тизимнинг барча аъзоларига банк филиалининг тизимга уланганлиги тўғрисида расмий хабар юборади.


38. БПКлардан фойдаланган ҳолда ўтказилган операциялар бўйича банклараро ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун тегишли файллар банк томонидан клиринг қилиш мақсадида процессинг марказига узатилади.


39. Филиалининг "Ўзкарт" тизимида тўғри ишлаши учун банк жавобгардир.


40. Банк ихтиёрий равишда "Ўзкарт" тизими аъзолигидан чиқиш учун тўқсон кун олдин БМКга ёзма равишда маълум қилади.


41. Банк ёки банк филиаллари қуйидаги ҳолларда "Ўзкарт" тизимидан чиқарилади:

ўз аризасига мувофиқ;

мазкур Низом, шунингдек нақд пулсиз ҳисоб-китобларга оид қонун ҳужжатлари талабларини мунтазам равишда бузганда;

тизим аъзолари бўлган банклар Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк ва процессинг маркази олдида ўз мажбуриятларини бажармаганда;

банк белгиланган тартибда тугатилганда.


42. Банкни "Ўзкарт" тизими аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги қарор БМКнинг йиғилишида қабул қилинади. Мазкур қарорнинг тасдиқланган нусхаси қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида тизимдан чиқарилган банкка ҳамда тизим аъзоларига юборилади.


43. БМКнинг ушбу қарори олингандан сўнг:

Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк томонидан "Ўзкарт" тизимидан чиқарилган банкка у билан тузилган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг бекор қилинганлиги ҳақида ёзма равишда хабар қилинади ва барча молиявий мажбуриятлар ҳисоб-китоб қилинганидан сўнг, банк маълумотномадан чиқарилади;

процессинг маркази томонидан тизимдан чиқарилган банкка процессинг марказида хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг бекор қилинганлиги ҳақида ёзма хабар юборилади ва бир вақтнинг ўзида банк маълумотномадан чиқарилади. Агар тизимдан чиқарилган банк тизимнинг Бош иштирокчиси бўлса, унинг филиаллари ҳам тизимдан чиқарилади.


44. Йўқотилган ёки шикастланган БПКлар БПК сақловчисининг аризасига биноан белгиланган тартибда стоп-листга киритилади.



V БОБ. ПРОЦЕССИНГ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИ


45. Процессинг маркази вазифаларини "Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЧЖ бажаради.


46. БПКлар орқали амалга ошириладиган транзакциялар ва уларга тегишли бошқа маълумотлар махсус дастурий таъминот воситасида шифрланган ҳолда амалга оширилади.


47. Процессинг марказининг "Ўзкарт" тизимининг бошқа аъзолари билан ўзаро муносабатлари белгиланган шаклда ахборот алмашиш орқали амалга оширилади. "Ўзкарт" тизими аъзосига ахборот алмашиш ҳуқуқи процессинг марказида хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузилганидан кейин берилади.


48. Зарур ҳолларда, ахборотларни электрон ташувчилар орқали белгиланган муддатларда етказишда курьердан фойдаланилиши мумкин. Бунда ахборотлар персонализацияланган ва шифрланган ҳолда бўлиши лозим.


49. Процессинг марказининг асосий вазифалари:

тизимни ташкил қилувчи бош калитни бошқариш;

БПКларнинг бирламчи эмиссиясини амалга ошириш;

"Ўзкарт" тизимининг янги аъзолари бўлган банкларни тизимда рўйхатдан ўтказиш;

"Ўзкарт" тизими аъзолари ўртасида ахборот алмашинувини ташкил этиш;

"Ўзкарт" тизими аъзолари учун умумий бўлган стоп-лист ва норматив ахборот маълумотномасига хизмат кўрсатиш;

БПК ускуналари ва маҳсулотларидан фойдаланиш мумкинлиги тўғрисида хулоса бериш;

шифрланган маълумотларнинг маҳфийлик режимини ва "Ўзкарт" тизимининг ишлаш хавфсизлигини таъминлаш;

"Ўзкарт" тизимининг техник воситаларидан фойдаланиш, уларнинг ишлашини кузатиш ва ривожлантиришни таъминлаш;

БПКларнинг лойиҳаларини ривожлантириш ва уларни жорий қилиш учун шароит яратиш;

"Ўзкарт" тизимининг ягона маълумотлар базасини яратиш, кузатиб бориш, такомиллаштириш ва бошқариш;

маркетинг тадқиқотларини ўтказиш;

БПКлар воситасида амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича ўқув семинарларини ўтказиш.


50. Процессинг маркази қуйидаги ҳуқуқларга эга:

БМКнинг қарорига ёки Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банкнинг ёзма мурожаатига асосан, эмитентнинг БПКлар бўйича операцияларини тўхтатиб туриш;

Процессинг маркази томонидан кўрсатилган хизматлар учун белгиланган миқдорда ҳақ олиш.


51. Қуйидагилар процессинг марказининг мажбуриятлари ҳисобланади:

"Ўзкарт" тизими аъзоларига БПКлар орқали операцияларни амалга оширишга шароит яратиш;

бош калитнинг сақланиши ва маҳфийлигини таъминлаш;

тегишли БПКларга хизмат кўрсатиш тақиқланганлиги тўғрисида эмитентнинг ёзма қарорини олгандан сўнг БПКларни ўз вақтида стоп-листга қўшиш;

"Ўзкарт" тизими аъзолари ўртасида ахборотларнинг (транзакциялар пакетлари, норматив ахборот маълумотномаси, стоп-лист) ўз вақтида алмашиниши учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш;

"Ўзкарт" тизимининг аъзоси бўлган банкнинг тугатилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бу ҳақда тугатиш комиссиясининг махсус қарори олинган кундан кейинги банк кунидан кечиктирмай мазкур эмитентнинг БПКларини стоп-листга қўшиш;

тизим хизматларининг узлуксизлигини таъминлаш;

Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банкдан олинган хабарнома асосида Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк билан тузилган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётган эмитентнинг барча операцияларини вақтинчалик тўхтатиб туриш;

ахборотни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик чораларини таъминлаш;

БПКлар эмитентларининг реестрини юритиш;

БПКларга хизмат кўрсатиш тизимининг дастурий таъминотини ҳамда тегишли ускуналарни ўз вақтида синовдан ўтказишни таъминлаш.



VI БОБ. ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРУВЧИ БАНК ФАОЛИЯТИ


52. "Ўзкарт" тизимида Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк вазифалари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ҳисоб-китоблар маркази томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ахборотлаштириш бош маркази Ҳисоб-китоблар марказига техник, дастурий ва эксплуатация хизматлари кўрсатилишини таъминлайди. Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк "Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банклар билан тузилган шартномалар асосида БПК орқали амалга оширилган операциялар ва транзакциялар бўйича ўзаро молиявий ҳисоб-китоблар юзасидан хизматлар кўрсатади.

53. Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банкнинг асосий вазифаси процессинг маркази билан ахборотни тезкор алмашиш бўйича ўзаро муносабатлар тизимини ташкил этиш ва "Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банклар ўртасида ўзаро молиявий ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш ҳисобланади.


54. Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк қуйидаги ҳуқуқларга эга:

кўрсатган хизматлар учун белгиланган воситачилик ҳақини олиш;

"Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банклардан мазкур Низом талабларига ва ўзаро ҳисоб-китоблар интизомига амал қилишни талаб қилиш.


55. Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётган банкнинг ҳисоб-китоб операцияларини бир тарафлама тўхтатиб туради ва бу ҳақда процессинг марказини хабардор қилади.

56. Қуйидагилар Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банкнинг мажбуриятлари ҳисобланади:

процессинг марказидан олинган тизимдаги ўзаро ҳисоб-китоблар, амалга оширилган транзакциялар ва тўловлар тўғрисидаги ахборотни узатиш, норматив ахборот маълумотномасини ўз вақтида янгилаш ва алмашинишини таъминлаш;

банклар томонидан банклараро транзакциялар бўйича ҳисоб-китоб операциялари амалга оширилиши учун банкнинг вакиллик ҳисобварағида етарли маблағлар мавжудлигини мониторинг қилиш;

банклар томонидан мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, процессинг марказига мазкур банкларнинг БПКлари орқали амалга ошириладиган барча операцияларни тўхтатиш ҳақида буюртманомани ўз вақтида тақдим этиш.

57. "Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларда БПК орқали амалга оширилган операциялар бўйича банклараро ҳисоб-китоблар қуйидагича юритилади:

"Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларнинг БПКларидан тизимга аъзо бошқа банкларнинг банкомат ва муассасаларидан берилган нақд пуллар бўйича қарздорлик ҳисоби "10511 - Жисмоний шахсларнинг пластик карточкаларидан берилган нақд пул маблағлари учун бошқа банклардан олинадиган маблағлар" ва "21012 - Жисмоний шахсларнинг пластик карточкаларидан берилган нақд пул маблағлари учун бошқа банкларга тўланадиган маблағлар" баланс ҳисобварақларида;

"Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларнинг БПКларидан тизимга аъзо бошқа банкларнинг хизмат кўрсатиш объектларида товарлар (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун эмитентнинг ҳисоб-китоблар бўйича қарздорлиги ҳисоби "10513 - Пластик карточкалар орқали амалга оширилган тўловлар бўйича бошқа банклардан олинадиган маблағлар" ва "21014 - Пластик карточкалар орқали амалга оширилган тўловлар бўйича бошқа банкларга тўланадиган маблағлар" баланс ҳисобварақларида;

"Ўзкарт" тизими аъзолари бўлган банкларнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ҳисоб-китоблар марказида очилган вакиллик ҳисобварақларига хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар учун фойдаланиладиган маблағлари ҳисоби "19997 - Бошқа активлар" (тартиб рақами 801-804 тарзида) ҳамда "29896 - Бошқа мажбуриятлар" (тартиб рақами 801-804 тарзида) баланс ҳисобварақларида юритилади.


VII БОБ. БАНК СИРИНИ ТАШКИЛ ЭТУВЧИ

МАЪЛУМОТЛАРНИНГ ҲИМОЯ ҚИЛИНИШИ


58. "Ўзкарт" тизими аъзолари уларга ўз вазифаларини бажариши юзасидан ишониб топширилган ёки маълум бўлиб қолган маълумотларни ва банк сирини ташкил этувчи бошқа маълумотларни ошкор қилиш ёки улардан учинчи шахсларнинг манфаатида фойдаланишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

"Ўзкарт" тўлов тизимида қайта ишланадиган конфиденциал турдаги маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 16 октябрдаги 295-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ахборотлаштириш объектларида конфиденциал маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ва ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.

59. "Ўзкарт" тизимига аъзо банклар, Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк ва процессинг маркази ходимларига, шунингдек БМК ва экспертлик гуруҳи аъзоларига уларга ўз хизмат вазифаларини бажариши юзасидан ишониб топширилган ёки маълум бўлиб қолган банк сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилиш, шунингдек улардан шахсий мақсадларда ёки учинчи шахслар манфаатида фойдаланиш, учинчи шахсларга бундай фойдаланиш имкониятини бевосита ёки билвосита, жумладан уларни сақлаш тартибини бузиш асосида бериш тақиқланади.


60. БМК ва экспертлик гуруҳи аъзолари уларнинг ушбу органлардаги фаолияти тўхтатилганидан кейин, шунингдек Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк ва процессинг маркази ходимлари улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилингандан кейин уларга иш фаолияти даврида маълум бўлиб қолган, банк сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.


61. "Ўзкарт" тизими орқали амалга ошириладиган транзакциялар махсус дастурий таъминот асосида шифрланган ҳолда сир сақланади. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, ваколатли органларнинг ёзма сўровига асосан банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этиш ушбу маълумотларнинг эгаси бўлган банклар томонидан амалга оширилади.



VIII БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


62. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


63. Ушбу Низом Ўзбекистон банклари Ассоциацияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 22-сон, 255-модда