язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Умумий қоидалар/ Спорт терма жамоалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.06.2012 й. 173-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 14 июндаги

173-сон қарорига

1-ИЛОВА



Спорт терма жамоалари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ спорт терма жамоаларини шакллантириш ва улар фаолиятининг асосий тамойилларини белгилайди.

2. Ушбу Низом ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширувчи жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


жисмоний тарбия-спорт ташкилоти - фаолиятнинг асосий тури сифатида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс ёки бошқа юридик шахснинг таркибий бўлинмаси;


спорт мусобақаси - спортчилар ўртасида ёки спортчилар жамоалари ўртасида ҳар хил спорт турлари (спорт дисциплиналари) бўйича мусобақанинг энг яхши иштирокчисини аниқлаш мақсадида жисмоний тарбия ёки спорт тадбирининг ташкилотчиси томонидан тасдиқланган низом (регламент) бўйича ўтказиладиган беллашув;


спорт тадбирлари - спорт мусобақаларини, ўқув-машқ жараёнини ва спортчилар иштирокида спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш бўйича бошқа тадбирларни ўз ичига оладиган тадбирлар;


оммавий жисмоний тарбия тадбирлари - аҳолини жисмоний тарбия машғулотларига жалб этишга ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган тадбирлар;


спорт тури - жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури бўлиб, у инсоннинг спорт мусобақаларига ўзига хос тарзда тайёргарлик кўриши билан ажралиб туради, спорт мусобақаларини ўтказиш ва уларда иштирок этишга доир талаблар, тартиб ва шартлар белгиланадиган қоидаларга, низомга (регламентга) эга бўлади;


ўқув-машқ йиғинлари - спортчиларни спорт мусобақаларига ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларига тайёрлаш ва уларда иштирок этиш, шунингдек ушбу тадбирлардан кейин тиклаш мақсадида спортчиларнинг спорт маҳоратини оширишга йўналтирилган, спорт йўналишига, педагогик ва тарбиявий йўсиндаги ташкил этилган тадбирлар;


спортчи - танлаган спорт тури ёки спорт турлари билан мунтазам шуғулланадиган, доимо ўзининг спорт маҳоратини ошириб борадиган ва спорт тадбирларида қатнашадиган жисмоний шахс;


тренер - тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномага эга бўлган ҳамда ўқув-машқ, оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказишни, шунингдек спорт натижаларига эришиш учун беллашув фаолиятига раҳбарликни амалга оширувчи жисмоний шахс;


Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари - халқаро спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларда Ўзбекистон Республикаси номидан иштирок этиш учун турли ёш гуруҳларига тегишли спортчилар, тренерлар, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги олимлар ва бошқа мутахассислар, тиббиёт мутахассислари ҳамда бошқа мутахассислар жамоалари;


спорт терма жамоалари - турли ёш гуруҳларига тегишли спортчилар, тренерлар, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги олимлар ва бошқа мутахассислар, тиббиёт мутахассислари ҳамда бошқа мутахассислардан иборат бўлган, мусобақаларга ҳамда оммавий-жисмоний тарбия тадбирларига тайёрланиш ва уларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида қатнашиш мақсадида ташкил этиладиган турли ташкилотларнинг жамоалари (шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари);


тренерлар кенгаши - спорт турлари бўйича бош (катта) тренерлар ва тренерлар, бошқа етакчи ва нуфузли тренерлар, врачлар, комплекс илмий гуруҳлар раҳбарлари ва бошқа мутахассисларидан иборат бўлган, спорт турлари бўйича республика федерациялари (уюшмалари)да ёки улар бўлмаган тақдирда - республика олий спорт маҳорати мактабларида ташкил этиладиган спортчиларнинг спорт, педагогик ва тарбиявий фаолиятини тартибга солиб борувчи жамоа.


II. СПОРТ ТЕРМА ЖАМОАЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ МАҚСАДИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ТАРТИБИ

4. Қуйидагилар спорт терма жамоаларини ва уларнинг захирасини шакллантиришнинг асосий мақсадлари ва вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси нуфузини мустаҳкамлаш учун республика ва халқаро спорт ареналарида юқори ўринларни эгаллаш;

спорт турлари бўйича спорт мусобақалари якунларига кўра юқори спорт натижаларига эришган спортчилар, тренерлар ва бошқа мутахассислардан спорт терма жамоаларини ва уларнинг захирасини шакллантириш;

юқори малакали спортчиларни тайёрлаш ҳамда спорт турлари бўйича ҳудудий ва республика спорт мусобақаларида муваффақиятли қатнашишга, Олимпиада ва Осиё ўйинларида, Жаҳон ва Осиё чемпионатларида, кубокларида, шунингдек бошқа халқаро спорт мусобақаларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган спорт терма жамоаларини ва уларнинг захирасини шакллантириш;

спортчиларни тайёрлашнинг илғор методларини ўқув-тренировка жараёнига жорий этиш;

спортчиларнинг жисмоний, техник-тактик, психологик тайёрлигини такомиллаштириш, уларнинг спорт маҳоратини ошириш;

жисмоний тарбия-спорт ҳаракатини ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш.


5. Спортчиларнинг барча ёш тоифалари ва жинсий мансублиги бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари республикада спорт терма жамоаларининг олий мақомига эгадирлар.

6. Спортчиларнинг барча ёш тоифалари ва жинсий мансублиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри спорт терма жамоалари ҳудудий спорт терма жамоаларининг олий мақомига эгадирлар.

7. Спорт терма жамоаларини ва уларнинг захирасини шакллантиришга фақат Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан белгиланган тартибда спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича йўл қўйилади.

8. Спорт терма жамоалари:

спортчиларнинг барча ёш тоифалари ва жинсий мансублиги бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари ва уларнинг захираси - Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан, спорт турлари бўйича тегишли республика федерациялари (уюшмалари)нинг ҳамда Республика олий спорт маҳорати мактабининг (улар мавжуд бўлса) келишилган тақдимномаси бўйича;

спортчиларнинг барча ёш тоифалари ва жинсий мансублиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри спорт терма жамоалари - тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари томонидан, спорт турлари бўйича тегишли ҳудудий федерациялар (уюшмалар)нинг (улар мавжуд бўлса) тақдимномаси бўйича;

жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг спорт терма жамоалари - тегишли жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари маъмурияти томонидан шакллантирилади ва тасдиқланади.

Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари ва уларнинг захираси Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий кенгаши томонидан тасдиқланади, ҳудудий спорт терма жамоалари Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий кенгашининг ҳудудий бўлинмалари томонидан тасдиқланади.

9. Спорт терма жамоалари (асосий таркиб ва захира (стажёрлар)) таркибига қуйидагилар киради:

спортчилар;

тренерлар (бош тренерлар, катта тренерлар, тренерлар);

хизмат кўрсатувчи ходимлар - врачлар, массажистлар, психологлар, операторлар, техниклар, механиклар, хореографлар, аккомпаниаторлар, қутқарувчилар ва спортчиларни тайёрлаш учун зарур бўлган бошқа мутахассислар;

маъмурий ходимлар - раҳбарлар, менежерлар, спорт (техника) директорлари, администраторлар.


10. Спорт терма жамоалари таркиблари катталар, ёшлар (болалар), ўсмирлар ёш тоифаларидаги спортчилардан, шунингдек спорт фахрийларидан иборат бўлади. Ёш цензи спорт турлари хусусиятларига мувофиқ, спорт турлари бўйича тегишли республика федерациялари (уюшмалари) томонидан, халқаро спорт ташкилотларининг тасдиқланган норма ва қоидаларига мувофиқ белгиланади.

11. Спорт терма жамоаларининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг, ички ишлар органларининг ҳарбий хизматчилари ҳамда ўз командирлари қарорига мувофиқ спорт терма жамоаларига командировкага юборилган бошқа спортчилар муддати тугагунга қадар ҳақиқий ҳарбий хизматда қолишда давом этадилар.

12. Спорт терма жамоаларининг таркиблари ўтган спорт мавсумида расмий республика ёки халқаро спорт мусобақаларидаги иштироки якунларига кўра, спорт турлари бўйича тегишли республика федерациялари (уюшмалари)нинг ҳамда Республика олий спорт маҳорати мактабининг (улар мавжуд бўлса) ҳузурида ташкил этилган тренерлар кенгашларида уларни муҳокама қилган ҳолда шакллантирилади.

13. Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатларини шакллантиришнинг умумий принциплари ва мезонлари, ушбу рўйхатларни тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан белгиланади.

14. Спорт турлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари тренерлари республика олий спорт маҳорати мактаблари (улар мавжуд бўлса) ҳамда спорт турлари бўйича республика федерациялари (уюшмалари) томонидан, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри спорт терма жамоаларининг тренерлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари томонидан, спорт турлари бўйича тегишли ҳудудий федерациялар (уюшмалар)нинг (улар мавжуд бўлса) ва/ёки жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг тақдимномасига кўра тайинланади.

Жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларининг спорт терма жамоалари тренерлари тегишли жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари маъмурияти томонидан тайинланади.

Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари тренерлари Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий кенгаши томонидан тайинланади, спортнинг техник ва амалий турлари бўйича ҳудудий спорт терма жамоалари тренерлари Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий кенгашининг ҳудудий бўлинмалари томонидан тайинланади.

15. Спорт терма жамоалари тренерлари учун малака талаблари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан белгиланади.

16. Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларининг маъмурий ва хизмат кўрсатувчи ходимларини тайинлаш, шунингдек уларни эгаллаб турган лавозимларидан озод қилиш спорт турлари бўйича тегишли республика федерациялари (уюшмалари) томонидан амалга оширилади.

17. Ёш тоифалари, жинсий мансублиги бўйича асосий таркибдан ва захирадан (стажёрлардан) шакллантириладиган спорт терма жамоалари аъзолари - спортчилар, тренерлар, маъмурий ва хизмат кўрсатувчи ходимлар рўйхат бўйича таркибининг шакли ушбу Низомга 1-иловада келтирилган.

18. Спорт терма жамоаларининг таркиблари буйруқ билан 1 йил муддатга тасдиқланади ва жорий йилнинг 1 январидан 31 декабригача амал қилади. Спорт терма жамоаларининг тасдиқланган таркибини қуйидагилар муносабати билан қайта кўриб чиқишга йўл қўйилади:

ўтган спорт мусобақаларининг натижалари;

спортчилар натижалари даражасининг жиддий пасайиши;

спортчилар олган жароҳатлар, улар чалинган касалликлар ва бошқалар;

спортчилар яшаш жойининг ўзгариши;

спортчиларнинг спорт терма жамоалари таркибидан ихтиёрий чиқиши;

спортчиларнинг спорт мусобақаларида қатнашишни тўхтатиши;

маънавий-ахлоқий ва бошқа нормаларнинг бузилиши;

антидопинг қоидаларининг бузилиши.


19. Спорт терма жамоалари таркибига киритиладиган спортчиларнинг чекланган сони ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ Жаҳон ва Осиё чемпионатларидаги энг кўп сонли спортчилар таркиблари бўйича аниқланади.

20. Спорт терма жамоаларининг рўйхат бўйича таркибида спортчиларни тайёрлаган тренер(лар)га доир маълумотлар албатта кўрсатилади.

21. Қуйидаги талаблардан биттасига жавоб бермайдиган спортчиларни спорт терма жамоаларига киритишга йўл қўйилмайди:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаса (Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари учун);

спорт терма жамоалари таркибидаги кичик ёш тоифасидагилардан катта бўлса;

спорт билан шуғулланиш учун тиббий рухсатномага ва тегишли спорт ҳужжатига (спортчининг малака синов дафтарчасига, спорт гувоҳномасига, спортчи паспортига) эга бўлмаса.


III. СПОРТ ТЕРМА ЖАМОАЛАРИ УЧУН

ШАРТ-ШАРОИТЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

22. Спорт терма жамоалари ва уларнинг захираси аъзолари (ушбу мақсадларга ажратилган маблағлар доирасида) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўқув-тренировка йиғинлари ҳамда спорт терма жамоалари таркибида республика ва халқаро спорт мусобақаларида қатнашиш даврида турар жой, озиқ-овқат, кийим-бош ва спорт формаси билан таъминланиш;

давлат, минтақавий жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларидан фойдаланиш;

фундаментал, тажриба-конструкторлик, технологик ҳамда бошқа илмий-тадқиқот институтлари, лабораториялар ва таълим муассасаларининг илмий, тиббий-биологик ва техник ютуқларидан фойдаланиш;

касалланган ва спорт жароҳатлари олинган барча ҳолатларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ваколатли органнинг йўлланмаси бўйича тиббий хизмат кўрсатишдан, шунингдек спорт тиббиёт муассасаларида, врачлик-жисмоний тарбия диспансерларида даволанишдан фойдаланиш.


23. Спорт терма жамоалари аъзолари қуйидагиларга мажбур:

турли спорт мусобақаларида, шу жумладан Олимпиада ва Осиё ўйинларида, Жаҳон ва Осиё чемпионатларида, кубокларида, шунингдек бошқа халқаро спорт мусобақаларида мамлакат, ҳудуд спорт терма жамоалари таркибида муносиб қатнашган ҳолда республика ҳамда халқаро спорт аренасидаги мусобақаларда қатнашиш, ўз ютуқлари билан Ўзбекистон Республикасининг спорт шарафини мустаҳкамлаш;

спорт тадбирларида қатнашган ҳолда ўз спорт маҳоратини ошириш, юксак фуқаролик, маънавий-иродавий ва ахлоқий сифатларини намоён қилиш, гигиена асосларини ўрганиш, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда олимпиада ҳаракати соҳасида билимларни эгаллаш;

тайёргарлик, тренировка ва мусобақа топшириқларининг индивидуал режаларини бажариш;

ўз шахсий намунаси билан спорт терма жамоасида ўртоқлик, соғлом рақобатлашиш, спорт терма жамоасининг маъмуриятига ва хизмат кўрсатувчи ходимларига, спорт ҳакамларига, томошабинларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш руҳини қарор топтиришга интилиш;

ўқув-тренировка жараёни ва спорт мусобақалари давомида спорт терма жамоа маъмуриятининг кўрсатмаларини, тренерлар таркиби, врач, илмий гуруҳ раҳбарлари ҳамда ходимларининг талаблари ва тавсияларини бажариш;

спорт мусобақасининг софлиги учун курашиш, спорт режимини бузмаслик, зўравонлик, миллатлараро ва диний тоқатсизликнинг турли шаклларини тарғиб ва ташвиқ қилмаслик, шунингдек допинг, психотроп ва бошқа тақиқланган препаратларни ҳамда Жаҳон допингга қарши агентлик ва спорт турлари бўйича халқаро спорт ташкилотлари томонидан тақиқланган воситаларни қўлламаслик;

спорт режимига, интизомига ва жамоат тартибига риоя қилиш;

спорт формаси, анжомлари, ускуналари ҳамда спорт иншоотларига ва шу кабиларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш.


24. Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари асосий таркибининг спортчилари ва тегишли республика спорт федерациялари (уюшмалари) ўртасида контрактлар тузилиши мумкин.

Контрактларда уларга махсус иловалар тарзида (илованинг мавжудлиги контракт матнида акс эттирилган бўлиши керак) қуйидаги шартлар (республика федерациялари (уюшмалари) ўз маблағлари ҳисобига) назарда тутилиши мумкин:

турли даражадаги халқаро спорт мусобақаларига мақсадли тайёрланиш ва юқори спорт натижаларига эришиш учун шартномавий молия маблағларини белгилаш ва тўлаш;

моддий, мулкий ва маънавий зарарни тўлаш;

спортда жароҳатланишлар ёки касбий касалланишлар натижасидаги меҳнатга лаёқатсизликни қоплаш ва бошқа қоплов турлари;

мукофотлар, нафақалар ва бошқа рағбатлантириш турлари;

натижаларни ҳисоблаб ёзиш ва спортчи бошқа жамоага ўтган тақдирдаги бошқа шартлар;

аниқ спорт талабларини бажариш.


25. Допингга қарши қоидалар спортчи томонидан бузилган тақдирда контракт бекор қилинади.


26. Спорт терма жамоаларини, шу жумладан уларни спорт мусобақаларига ва/ёки спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларига тайёрлашни ва уларнинг мазкур тадбирларда иштирок этишини таъминлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, бюджет маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади ва бунда қуйидагилар билан боғлиқ харажатлар назарда тутилади:

спорт терма жамоаларининг ресурсларини ўқув-тренировка йиғинларида, спорт мусобақаларида ва/ёки оммавий спорт тадбирларида қатнашишда энергия сарфларини қоплаш ва жисмоний ресурсларини тиклаш, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш;

фармокологик ва тиклаш воситалари, витаминлар ва оқсил-глюкоза препаратлари, умумий даволаниш мақсадидаги дори-дармонлар ва боғлов-ўров материаллари олиш;

спорт иншоотлари, ускуналар, анжомлар ва техника воситалари, автотранспорт, отлар учун отхоналар, спорт кийимлари, анжомлари ва ускуналарини сақлаш учун хоналарни ижарага олиш;

спорт терма жамоаларининг ўқув-тренировка йиғинлари ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлаш;

спорт мусобақаларига, оммавий спорт ва бошқа спорт тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларда қатнашиш жараёнида спорт терма жамоалари аъзолари учун йўл ҳақи, турар жой учун ва суткалик тўловлар тўлаш;

пухта ва ихтисослаштирилган комплекс тиббий кўрикдан ўтказиш;

спорт терма жамоалари аъзоларининг ҳолатини (физиотерапевтик, психологик ва шу кабилар бўйича) тиклаш тадбирларини ўтказиш;

спорт турлари бўйича терма жамоалар аъзоларини спорт формалари, махсус спорт кийимлари, анжомлари ва ускуналари билан таъминлаш;

ўқув-методик ва тиббий-педагогик кўрикдан ва назоратдан ўтказишни таъминлаш:

спорт терма жамоалари спортчиларини, аъзоларини самарали тайёрлаш мақсадида илмий тадқиқотлар ташкил этиш ва ўтказиш;

аккредитация, визалар олиш учун, ўқув-тренировка йиғинларида, спорт мусобақаларида, оммавий спорт ва бошқа спорт тадбирларида спорт терма жамоалари аъзоларининг қатнашиши учун бадаллар тўлаш;

допинг назорати ўтказиш;

аэропортлар, темир йўллар, автомобиль вокзаллари ва сув портлари йиғимларини тўлаш;

спорт анжомлари ва ускуналарини ташиш;

замонавий талабларга жавоб берадиган зарур спорт, техник ва электрон ускуналар, анжомлар ва бошқа воситаларни сотиб олиш;

спорт терма жамоалари мутахассисларининг касбий малакасини ошириш (конференциялар, курслар, семинарлар ва шу кабиларда қатнашиш) ҳамда уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш;

спорт терма жамоаларини тегишли илмий-методик адабиётлар билан таъминлаш, спорт терма жамоалари аъзоларининг телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда чиқишларини ташкил қилиш, спорт терма жамоалари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш, спорт терма жамоалари тўғрисидаги турли плакатлар, буклетлар, тақвимлар ва шу кабиларни чиқариш;

ёқилғи-мойлаш материаллари, йилқилар учун ем-хашаклар ва бошқа зарур материаллар билан таъминлаш;

спорт терма жамоалари аъзоларининг маданий-маърифий, ахлоқий ва ватанпарварлик тарбияси даражасини, шунингдек махсус ҳамда умумтаълим билимларини ошириш;

суғурталаш.



IV. СПОРТ ТЕРМА ЖАМОАЛАРИНИНГ СПОРТ

ВА ОММАВИЙ ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ

ТАДБИРЛАРИДА ҚАТНАШИШИ

27. Спорт терма жамоаларининг ҳам республика ҳудудида, ҳам чет эллардаги оммавий спорт тадбирларида қатнашиши белгиланган тартибда амалга оширилади.

28. Терма жамоалар иштирокидаги спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш белгиланган тартибда тасдиқланган спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси, спорт терма жамоаларини тайёрлаш режаларига, шу жумладан спортчиларни тайёрлашнинг индивидуал режаларига, шунингдек спорт ёки жисмоний тарбия тадбирлари ҳақидаги низомлар (регламентлар)га мувофиқ амалга оширилади.

29. Спорт терма жамоалари аъзолари мансуб бўлган ташкилотлар ҳамда спорт терма жамоалари аъзоларининг ўзлари спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларига чақириш тўғрисида ва режалаштирилаётган бориш йўналиши тўғрисида тадбирлар ўтказиладиган санадан камида 15 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиниши керак.

30. Спорт терма жамоаларининг спортчилари, тренерлари, спорт тадбирининг (ҳар бири бўйича алоҳида) маъмурий ва хизмат кўрсатувчи ходимларининг номма-ном таркиби спорт терма жамоаларининг тасдиқланган рўйхатига мувофиқ спортчилар ва тренерлар, маъмурий ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан шакллантирилади.

31. Спорт терма жамоалари спортчилари, аъзолари учун уларни тайёрлашнинг тасдиқланган индивидуал режаларига мувофиқ индивидуал ўқув-тренировка йиғинларини белгиланган тартибда ташкил этиш ва ўтказишга йўл қўйилади.


V. СПОРТ ТЕРМА ЖАМОАЛАРИ АЪЗОЛАРИНИНГ

НАТИЖАЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА

УЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

32. Спортчиларнинг - спорт терма жамоалари аъзоларининг ҳудудий ҳамда республика спорт мусобақаларидаги ва/ёки оммавий жисмоний тарбия тадбирларидаги иштироки натижалари (ғалаба, совринли ўринни эгаллаш, рекорд ўрнатиш ва шу кабилар) бўйича ҳисобланган очколар мажбурий тартибда:

улар мансуб бўлган ташкилотлар;

юқори спорт натижаларини кўрсатган вақтда улар рўйхатдан ўтказилган республика ҳудуди ҳисобига ёзилади.


33. Спортчиларнинг - спорт терма жамоалари аъзоларининг ҳудудий спорт мусобақаларидаги ва/ёки оммавий жисмоний тарбия тадбирларидаги иштироки натижалари (ғалаба, совринли ўринни эгаллаш, рекорд ўрнатиш ва шу кабилар) бўйича ҳисобланган очколар халқаро спорт ташкилотларининг якунларига кўра ҳисобланади.

34. Параллел ҳисобланадиган очколарни бериш:

бошқа жисмоний тарбия ташкилотига ўтган спортчи учун, янги ва илгариги спорт ташкилотида параллел равишда ҳисобга олинган ҳолда;

республиканинг бошқа ҳудудидаги таълим муассасаларида ўқиш даври учун;

ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташ даври учун амалга оширилади.


35. Спорт терма жамоаларининг Олимпиада ва Осиё ўйинларида, Жаҳон ва Осиё чемпионатларида, кубокларида, шунингдек бошқа халқаро спорт мусобақаларида эришган юқори спорт ютуқлари учун спорт терма жамоалари аъзолари белгиланган тартибда:

давлат мукофотлари;

спорт унвонлари, нишонлар, дипломлар, ёрлиқлар, кубоклар, медаллар, вимпеллар;

моддий, мулкий ва бошқа буюмлар;

турли қимматбаҳо совғалар;

рағбатлантиришнинг бошқа шакллари билан мукофотланишлари мумкин.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


36. Ушбу Низомнинг талабларига риоя этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


37. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


38. Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари ва спорт федерациялари (уюшмалари) спорт терма жамоалари таркибини шакллантиришининг ва унга спортчилар, тренерлар ва бошқа мутахассисларни киритишнинг тўғрилиги юзасидан жавоб берадилар.





Низомга

1-ИЛОВА



(шакл)


Ёш тоифалари, жинсий мансублиги бўйича

асосий таркибдан ва захирадан (стажёрлардан)

шакллантириладиган спорт терма жамоалари

аъзолари - спортчилар, тренерлар, маъмурий

ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг рўйхат бўйича

ТАРКИБИ


_____________________________

(ташкилотнинг номи)

_________________________даги

(йил) (кун) (ой)

_____-сон буйруғига

____-ИЛОВА



терма жамоасининг

(миллий, вилоят, шаҳар, спорт клуби, мактаб ва бошқалар)





бўйича 20__ йил учун

(ёши, жинси бўйича)


(спорт тури)


РЎЙХАТИ

Т/р


Ф.И.О.


Туғилган йили,

паспорти

маълумотлари


Спорт

унвони

(разряди)


Жисмоний

тарбия-спорт

ташкилоти


Манзили

(вилоят,

шаҳар,

туман)


Иш,

ўқиш

жойи


Натижаси


Тренернинг

Ф.И.О.


I. СПОРТЧИЛАР

а) Асосий таркиб

1.










2.










3.



















б) Стажёрлар (захира)

1.










2.










3.



















II. МАЪМУРИЙ, ТРЕНЕРЛАР ВА ХИЗМАТ

КЎРСАТУВЧИ ХОДИМЛАР ТАРКИБИ

Т/р

Ф.И.О.


Туғилган йили, паспорти

маълумотлари


Манзили

(вилоят, шаҳар, туман)


Терма жамоадаги

лавозими


Қўшим-

чалар


1.







2.







3.













    

Изоҳлар: 1. Спорт турларининг хусусиятига мувофиқ "Натижаси" устунида - спорт мусобақаларининг босқичи, эгаллаган ўрни, охирги ярим йилда ўрнатган рекорди ва шу кабилар кўрсатилади.

2. "Тренернинг Ф.И.О." устунида спортчини тайёрлаган тренерларнинг (2 нафардан кўп эмас) Ф.И.О. ёзилади.

Жисмоний тарбия-спорт

ташкилотининг (улар

мавжуд бўлса) раҳбари





(имзо)


(Ф.И.О.)

М.Ў. (тадбиркорлик субъектларидан муҳр билан тасдиқлаш талаб қилинмайди)

Спорт федерацияси

(уюшмаси, маркази

ва бошқалар)нинг (улар

мавжуд бўлса) раҳбари





(имзо)


(Ф.И.О.)

М.Ў.

Бош (катта) тренер





(имзо)


(Ф.И.О.)

           





Низомга

2-ИЛОВА



Спорт терма жамоалари таркибига

киритиладиган спортчиларнинг Жаҳон ва Осиё

чемпионатларидаги энг кўп сонли спортчилар

таркибига кўра белгиланадиган чекланган сони

1. Эркаклар, аёллар:

а) асосий таркиб:

спортнинг жамоавий ўйин турлари (спорт турлари) - 1,5 та таркиб;

теннис, стол тенниси, бадминтон, спорт якка кураши (шу жумладан оғир атлетика) - 2 та таркиб;

спортнинг бошқа турлари - 2 та таркиб;

б) стажёрлар таркиби (захира):

спортнинг жамоавий ўйин турлари (спорт турлари) - 1 та таркиб;

теннис, стол тенниси, бадминтон, спорт якка кураши (шу жумладан оғир атлетика) - 2 та таркиб;

спортнинг бошқа турлари - 1 та таркиб.


2. Болалар, ўсмирлар, қизлар:

а) асосий таркиб:

спортнинг жамоавий ўйин турлари (спорт турлари) - 2 та таркиб;

теннис, стол тенниси, бадминтон, спорт якка кураши (шу жумладан оғир атлетика) - 2 та таркиб;

спортнинг бошқа турлари - 2 та таркиб;

б) стажёрлар таркиби (захира):

теннис, стол тенниси, бадминтон, спорт якка кураши (шу жумладан оғир атлетика) - 2 та таркиб;

спортнинг бошқа турлари - 1 та таркиб.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 23-24-сон, 267-модда