язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти/ Баҳолаш фаолияти/ Ўзбекистон Республикаси мулкни баҳолаш Миллий стандартлари/ 13. МБМС N 13 "Интеллектуал мулк объектлари қийматини баҳолаш"/ Ўзбекистон Республикаси Мулкни баҳолаш миллий стандарти (13-сон МБМС) "Интеллектуал мулк объектлари қийматини баҳолаш" (АВ томонидан 18.06.2012 й. 2371-сон билан рўйхатга олинган Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасининг 22.05.2012 й. 01/19-18/09-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 18 июнда 2371-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат мулкини бошқариш

давлат қўмитасининг

2012 йил 22 майдаги

01/19-18/09-сон қарорига

ИЛОВА


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МУЛКНИ БАҲОЛАШ МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


(13-СОН МБМС)


ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК ОБЪЕКТЛАРИ

ҚИЙМАТИНИ БАҲОЛАШ


Мазкур Ўзбекистон Республикаси Мулкни баҳолаш миллий стандарти (13-сон МБМС) "Интеллектуал мулк объектлари қийматини баҳолаш" (кейинги ўринларда 13-сон МБМС деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 208-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 24 апрелдаги ПҚ-843-сонли "Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 18-сон, 145-модда) ва 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сонли "2011 - 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) қарорларига мувофиқ интеллектуал мулк объектлари ва бошқа номоддий активларни баҳолаш соҳасида Ўзбекистон Республикасидаги баҳолаш фаолиятининг норматив жиҳатдан тартибга солинишини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. 13-сон МБМСнинг мақсади интеллектуал мулк объектлари ва номоддий активлар қийматини баҳолашнинг тушунчаларини, ахборотга қўйиладиган талабларни, баҳолашни амалга ошириш тартибини, баҳолаш ёндашувлари ва усулларини, баҳолаш натижаларини расмийлаштиришга қўйиладиган талабларни ўрнатувчи нормалар ва қоидаларни белгилаш.


2. 13-сон МБМСнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

интеллектуал мулк объектларини баҳолашнинг стандарт тушунчалари ва қоидаларидан фойдаланиш орқали баҳоловчилар ҳаракатларининг мувофиқлигини таъминлаш;

баҳолашнинг холислиги ва унинг сифатини оширишга кўмаклашишга қаратилган тартиботларни белгилаш;

бошланғич ахборотга, баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот мазмунига ва материални баён этишга қўйиладиган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар ҳар хил талқин қилинишини истисно этадиган талабларни белгилаш;

интеллектуал мулк объектларини баҳолашнинг самарали миллий тизимини шакллантиришга кўмаклашиш.


3. 13-сон МБМСда қуйидаги атама ва тушунчалардан фойдаланилади:


интеллектуал мулк объекти (кейинги ўринларда ИМО деб юритилади) - жисмоний ёки юридик шахснинг интеллектуал фаолиятнинг натижалари ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситаларга бўлган мутлақ ҳуқуқи;


номоддий активлар (кейинги ўринларда НМА деб юритилади) - ташкилот томонидан улардан ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ёки товарларни сотиш жараёнида фойдаланиш мақсадида ёхуд маъмурий ва бошқа функцияларни амалга ошириш учун узоқ муддат мобайнида тутиб туриладиган, моддий-ашёвий мазмунга эга бўлмаган идентификацияланувчи мол-мулк объектлари.



II БОБ. ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ


4. Қуйидаги объектлар 13-сон МБМС қоидалари татбиқ этиладиган баҳолаш объектлари ҳисобланади:

фан, адабиёт ва санъат асарлари;

ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари;

ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар;

электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва маълумотлар базалари;

интеграль микросхемалар топологияси;

селекция ютуқлари;

ошкор этилмаган ахборот, шу жумладан, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау, геологик ва табиий муҳит ҳақидаги бошқа тижорат ахбороти);

комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси таркибида фирма номлари;

товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари, шунингдек товар чиқарилган жой номлари.

ИМОга ёки НМАга бўлган ҳуқуқларни сотиб олиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган лицензия, муаллифлик ёки бошқа шартномалар билан муҳофазаланган бошқа НМА ва ИМОлар ҳам баҳолаш объектларига киритилиши мумкин.


5. Баҳолаш объектлари қиймати уларга бўлган мулкий ҳуқуқлар, уларга бошқа шахслар талабларининг юкланиши ва чеклашларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.


6. 13-сон МБМС баҳолаш ташкилотлари, баҳоловчилар ҳамда баҳолаш хизматларининг буюртмачилари учун мўлжалланган ҳамда НМА ва ИМО қийматини баҳолаш бўйича хизматлар кўрсатишда ҳамда НМА ва ИМО қийматини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказишда қўлланилиши мажбурий.


7. 13-сон МБМСни амалиётда қўллашда 13-сон МБМСнинг иловасида келтирилган Услубий кўрсатмалардан фойдаланиш лозим.



III БОБ. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ

СТАНДАРТЛАРИ БИЛАН АЛОҚАДОРЛИК


8. Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари номоддий активларни ҳисобга олиш тартибини ва уларни бундай деб эътироф этиш учун номоддий актив мос бўлиши шарт бўлган мезонларни белгилайди.


9. Баҳолаш амалиётида "НМА ва ИМОнинг эскириши" атамасини бухгалтерия ҳисобида қўлланиладиган НМА ва ИМОнинг "амортизацияси" атамасидан мазмуни бўйича фарқлаш зарур.

Бухгалтерия ҳисобида НМАнинг қиймати улардан назарда тутилаётган фойдаланиш муддати мобайнида тақсимланиши лозим. Бухгалтерия ҳисобида қўлланиладиган "амортизация" атамаси НМАнинг эскириши ёки унинг бозор қийматининг пасайиши деб эмас, балки НМА қийматининг уларнинг фойдали ишлаши вақти мобайнида ҳисобдан чиқарилиши деб тушунилади.


10. Баҳолаш ва бухгалтерия ҳисоби стандартларидаги тафовутлар, шунингдек, мулкни баҳолашда қўлланиладиган қийматнинг пулдаги ифодаси тарихий факт эмас, балки НМА ва ИМОнинг вақтнинг аниқ бир пайтидаги фойдалилиги баҳоси эканлигидан иборат. Бу баҳо у ёки бу битимларда қайд этилган ва бухгалтерия ҳисоби тизимида акс эттирилган реал нархлардан фарқ қилиши мумкин.



IV БОБ. СТАНДАРТ ТАЛАБЛАРИ


11. НМА ва ИМОнинг қийматини баҳолаш қуйидаги босқичлардан иборат:

баҳолашга оид вазифани белгилаш ва баҳолаш объектини баҳолаш тўғрисида шартнома тузиш;

баҳолаш объектини идентификация қилиш;

ахборотни йиғиш ва уни таҳлил қилиш;

баҳолаш ёндашувлари ва усулларини танлаш, асослаш ва қўллаш;

турли баҳолаш ёндашувларини қўллашда олинган натижаларни мувофиқлаштириш ва баҳолаш объектининг якуний қийматини аниқлаш;

баҳолаш тўғрисида ҳисобот тузиш.



1-§. Баҳолашга оид вазифани белгилаш


12. Баҳолашга оид вазифа буюртмачи томонидан баҳолаш ташкилоти билан ҳамкорликда тузилади ва баҳолаш объектини баҳолаш тўғрисидаги шартномага илова сифатида расмийлаштирилади.

Баҳолашга оид вазифа қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:

баҳолаш объектининг номи;

ҳуқуқ эгасининг номи;

баҳолаш санаси;

баҳолаш мақсади (мақсадлари) ва баҳолаш натижаларидан фойдаланиш мўлжали;

баҳолаш мақсадига мувофиқ бўлган қиймат тури;

фаразлар ва чекловчи шартлар;

буюртмачи ёки бошқа ваколатли шахс тақдим этиши лозим бўлган бошланғич ахборот рўйхати;

баҳолаш ишларини бажариш муддатлари.

Баҳолаш мақсади ва баҳолаш объектининг хусусиятларига қараб баҳолашга оид вазифа қўшимча шартларни ўз ичига олиши мумкин.


13. НМА ва ИМОнинг қийматини баҳолашда баҳолаш объектининг бозор қиймати аниқланиши зарур, агарда баҳолаш тўғрисидаги шартнома ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ ўзгача тартиб ўрнатилган бўлмаса. Бозор қийматидан фарқ қилувчи бошқа қийматни аниқлаш зарур бўлган ҳолларда, аниқланаётган қийматнинг қўлланиш сабаблари ва унинг бозор қийматидан фарқи баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатилиши ва изоҳланиши лозим.

Баҳолаш объектининг бозор қиймати олди-сотди битимини тузиш харажатлари ва битим билан боғлиқ бўлган солиқларни ҳисобга олмасдан аниқланади.



2-§. Баҳолаш объектини идентификация қилиш


14. Баҳолаш объектини идентификация қилишда баҳоловчи тақдим этилган ҳужжатларнинг баҳолаш объекти ва унга бўлган ҳуқуқларнинг ҳақиқий ҳолатига мувофиқлигини аниқлайди. Шунингдек, баҳолаш жараёнида вужудга келиши мумкин бўлган фаразлар ва чекловчи шартлар таҳлили амалга оширилади.


15. Баҳолаш объектини идентификация қилиш қуйидагиларни назарда тутади:

баҳолаш объекти ва унга бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги фактини аниқлаш;

баҳолаш объектига бўлган мулкий ҳуқуқларнинг турини аниқлаш;

баҳолаш объектидан фойдаланишнинг мақсадларини, усулларини ва бошқа муҳим фактларини аниқлаш;

фойдаланиш бошланадиган санани аниқлаш.


16. Баҳолаш объектини идентификация қилиш якунлари бўйича баҳолаш ташкилоти томонидан буюртмачи билан ҳамкорликда баҳолаш объектининг идентификация варақаси (бошланғич маълумотлар варақаси) тузилади ва тасдиқланади.



3-§. Ахборотни йиғиш ва таҳлил қилиш


17. Баҳоловчи баҳолаш ёндашувлари ва усулларини асосли равишда танлаш ва қўллаш учун зарур ва етарли бўлган ҳажмда баҳолаш объекти тўғрисида ахборот ва бозор ҳақида ахборотни йиғиш ва таҳлил қилишни амалга оширади.


18. Қуйидагилар баҳолаш объекти ҳақидаги ахборот манбалари ҳисобланади:

буюртмачи ёки ўзга ваколатли шахс томонидан тақдим этиладиган бошланғич ахборот;

баҳолаш объекти билан танишиш жараёнида ҳамда баҳолаш объектига бўлган ҳуқуқ эгаси ва (ёки) фойдаланувчиси билан суҳбатлашиш натижаларига кўра олинган ахборот;

учинчи шахслардан олинган, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида эълон қилинган чоп этилган ахборот.


19. Бошланғич ахборот қуйидаги маълумотлардан иборат бўлиши лозим:

баҳолаш объекти тўғрисида ушбу объектни бир хилда идентификация қилиш имконини берувчи, шу жумладан, НМА ва ИМО бириктирилган моддий ташувчисининг тавсифи тўғрисидаги маълумот;

баҳолаш объектининг ҳуқуқ эгаси тўғрисидаги маълумот;

НМА ва ИМОни яратишга сарфланган харажатлар тўғрисидаги маълумот;

НМА ва ИМО келтирадиган афзалликлар тўғрисидаги маълумот;

НМА ва ИМОдан фойдаланишдан келадиган даромад тўғрисидаги маълумот;

баҳолаш объектидан фойдаланишнинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумот.

НМА ва ИМО ҳуқуқ эгасининг молия хўжалик фаолияти бўйича ҳисоботлари.

Баҳолаш мақсадига ва баҳолаш объектининг хусусиятларига қараб, баҳоловчи бошланғич ахборот рўйхатини кенгайтириши ёки баҳолашни ўтказиш жараёнида керакли ахборотни талаб қилиб олиши мумкин.


20. Баҳоловчи қўшимча равишда НМА ва ИМО мансуб бўлган бозор/бозор сегменти тўғрисидаги ахборотни йиғиши ва таҳлил қилиши лозим.


21. Баҳолашни ўтказишда баҳолаш объектларининг хусусиятлари ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ барча алоҳида ҳолатлар ва чекловлар аниқланиши зарур.



4-§. Баҳолаш ёндашувлари ва усулларини

танлаш, асослаш ва қўллаш


22. Баҳолаш объектини баҳолашдан ўтказишда баҳоловчи баҳолашнинг даромад, қиёсий ва харажат ёндашувларидан фойдаланиши (ёки фойдаланишдан воз кечиш сабабларини асослаши) лозим.


23. Ҳар бир баҳолаш ёндашуви доирасида 13-сон МБМСда белгиланган усулларни танлаш баҳоловчи томонидан баҳолаш мақсади, баҳолаш объектининг хусусиятлари, чекловчи шартлар, ахборот базаси мавжудлиги ва унинг тўлиқлигини ҳисобга олган ҳолда мустақил тарзда амалга оширилади.


24. Баҳолаш объекти қийматини даромад ёндашуви билан баҳолаш учун баҳоловчи томонидан баҳолаш объектидан кутилаётган даромадларни баҳолаш санасидаги қийматнинг ягона миқдорига айлантиришга асосланган қуйидаги усуллардан бири қўлланади:

тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули;

пул оқимларини дисконтлаш усули.


25. НМА ва ИМОдан фойдаланишдан даромад (фойда) олинганда даромад ёндашувидан фойдаланиш мумкин. НМА ва ИМО ҳуқуқ эгасининг улардан фойдаланиш ҳуқуқини вақтнинг муайян даврида бошқа шахсларга бериши натижасида олинадиган пул тушумлари ва пул харажатлари (кейинги ўринларда пул оқимлари деб юритилади) ўртасидаги фарқ НМА ва ИМОдан фойдаланишдан олинадиган даромад ҳисобланади.


26. Вақтнинг тенг даврлари мобайнида НМА ва ИМОдан фойдаланишдан миқдор бўйича ўзаро тенг бўлган ёки бир хил суръатларда ўзгарадиган пул оқимларини келтирадиган баҳолаш объектлари учун қийматнинг миқдори келгусидаги пул оқимларини тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули билан аниқланади.


27 Бозор қийматини тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули билан аниқлаш қуйидаги босқичлардан иборат:

баҳолаш объектидан фойдаланиш орқали ҳосил бўладиган пул оқимларини аниқлаш;

баҳолаш объектидан фойдаланишдан олинадиган пул оқимларини капиталлаштиришнинг тегишли ставкалари миқдорини аниқлаш;

баҳолаш объектидан фойдаланишдан олинадиган пул оқимларини капиталлаштириш йўли билан баҳолаш объектининг бозор қийматини ҳисоблаб чиқиш.


28. НМА ва ИМОдан фойдаланишдан келадиган пул оқимлари бир маромда бўлмаган тақдирда қиймат миқдори пул оқимларини дисконтлаш усули билан аниқланади.


29. Бозор қийматини пул оқимларини дисконтлаш усули билан аниқлаш қуйидаги босқичлардан иборат:

баҳолаш объектидан фойдаланишдан олинадиган пул оқимларининг миқдори ва тузилмасини аниқлаш;

дисконтлашнинг тегишли ставкаси миқдорини аниқлаш;

баҳолаш объектидан фойдаланиш билан боғлиқ барча пул оқимларини дисконтлаш йўли билан баҳолаш объектининг бозор қийматини ҳисоблаб чиқиш.


30. НМА ва ИМОдан фойдаланишдан олинадиган даромад (пул оқимлари)ни тузиш учун баҳоловчи томонидан қуйидаги усуллардан бири қўлланилади:

а) баҳоланаётган объектдан фойдаланишдан ҳақиқий техник-иқтисодий самара олинаётганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган ҳолатлар учун:

фойдадаги устунлик усули;

сотиш ҳажмидаги устунлик усули;

таннархдан ютиш усули;

ҳақиқий лицензия тўловларини ҳисоблаш усули;

фойдаланиш харажатларини тежаш усули;

б) баҳоланаётган объектдан фойдаланишдан ҳақиқий техник-иқтисодий самара олинаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолатлар учун:

роялтидан озод қилиш усули;

лицензиат фойдасида лицензиар улушини ажратиш усули;

эксперт орқали фойда улушини ажратиш усули.


31. НМА ва ИМОдан яратилаётган пул оқимлари учун капиталлаштириш ставкаси НМА ва ИМОни сотиб олиш учун инвестиция қилинган капитал ва бу капиталнинг қайтишини дисконтлаш (капиталдан унум) ставкаси миқдорини ҳисобга олиши зарур.


32. Дисконтлаш ставкаси қуйидаги усуллардан бири билан ҳисоблаб чиқилади:

кумулятив тузиш усули;

капиталнинг ўртача ўлчанган қиймати усули;

капитал активларни баҳолаш усули.


33. Қиёсий ёндашув ўхшаш турдаги НМА ва ИМОлар фаол сотилаётган ва харид қилинаётган самарали фаолият кўрсатувчи бозор тамойилига асосланган. Қиёсий ёндашув баҳолаш объектига ўхшаш объектлар бўйича тузилган битимларга оид маълумотларни қиёслашни назарда тутади.


34. Қиёсий ёндашувда баҳолаш объекти бозорда сотилган шунга ўхшаш объектлар билан солиштирилади.

Қиёсий ёндашувни қўллаш баҳолаш объекти ўхшашларининг (кейинги ўринларда аналоглар деб юритилади) нархлари ҳақидаги ишончли ва тўлиқ ахборот ҳамда улар билан амалга ошириладиган битимларнинг ҳақиқий шартлари мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади. Бунда битимлар нархлари, таклиф ва талаб ҳақидаги ахборотдан фойдаланилиши мумкин.


35. Баҳолаш объектининг қийматини қиёсий ёндашув усули билан баҳолашда баҳолашнинг қуйидаги усулларидан фойдаланилади:

сотиб олиш қиймати усули;

сотувларни қиёсий таҳлил қилиш усули.


36. Қиёсий ёндашув билан баҳолаш объектининг қийматини аниқлаш қуйидаги асосий босқичларни ўз ичига олади:

баҳолаш объектини аналоглари билан таққослашни амалга оширадиган элементларини (кейинги ўринларда таққослаш элементлари деб юритилади) аниқлаш;

баҳолаш объектидан ҳар бир аналогнинг ҳар бир таққослаш элементи бўйича тавсифи ва фарқлари даражасини аниқлаш;

баҳолаш объектидан ҳар бир аналогнинг таққослаш элементлари бўйича тегишли тавсифлари ва фарқлари даражасига мос равишда аналоглар нархларига тузатишларни аниқлаш;

ҳар бир аналогнинг ҳар бир таққослаш элементлари бўйича нархини унинг баҳолаш объектидан фарқи бўйича тузатиш;

аналогларнинг тузатишлар киритилган нархларини асосланган ҳолда умумлаштириш орқали баҳолаш объекти қийматини ҳисоблаш.


37. Таққослаш элементларига ўзгариб туриши баҳолаш объекти қийматига ва аналог объектларга оид битимлар бозорида вужудга келган тавсифларга таъсир кўрсатувчи омиллар киради. Қуйидагилар қиёслаш учун қўлланилиши мумкин бўлган энг муҳим таққослаш элементлари ҳисобланади:

баҳолаш объекти ва аналогга нисбатан баҳоланаётган мулкий ҳуқуқларнинг ҳажми;

баҳолаш объекти ва аналогга оид битимларни молиялаштириш шартлари (шахсий ва қарзга олинган маблағларнинг нисбати, қарз маблағларини тақдим этиш шартлари);

аналог билан битим тузиш санасидан бошлаб баҳолашни ўтказиш санасига қадар даврда баҳолаш объекти нархларининг ўзгариши;

баҳолаш объекти ва аналогдан фойдаланилган ёки фойдаланиладиган соҳа;

баҳолаш объекти ва аналогга тақдим этиладиган ҳуқуқлар амал қиладиган ҳудуд;

баҳолаш объекти ва аналогнинг функционал, технологик, иқтисодий тавсифлари;

баҳолаш объекти ва аналогдан фойдаланиш орқали ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган маҳсулотга бўлган талаб;

баҳолаш объекти ва аналогдан фойдаланиш орқали ишлаб чиқарилган маҳсулот (иш, хизмат)ларни сотишнинг ҳажми;

баҳолаш объекти ва аналогдан фойдаланиш муддати;

баҳолаш объекти ва аналогни ўзлаштиришга қилинган харажатлар;

баҳолаш объекти ва аналог билан боғлиқ битимларни тузишдаги тўлов шартлари;

баҳолаш объекти ва аналог билан боғлиқ битимлар тузиш ҳолатлари.


38. Харажат ёндашувининг асосида НМА ва ИМОнинг қийматини уларни қайта тиклаш харажатларини ҳисобга олиш йўли билан эскириш харажатларини чегириб ташлаган ҳолда даромад ҳажмини (агар, НМА ва ИМОнинг тавсифи бундай қайта тикланишга йўл қўйса) инобатга олган тарзда аниқлаш ётади.

Харажат ёндашуви - баҳолаш объектининг эскиришини ҳисобга олиб, уни тиклаш ёки алмаштириш учун зарур бўлган харажатларни аниқлашга асосланган баҳолаш объектининг қийматини баҳолаш усуллари мажмуидир. Ушбу мол-мулкнинг ўрнини босувчиси сифатида аслининг нусхаси бўлган ёки бир хилда фойдали бўла оладиган бошқа мол-мулкни яратиш имконияти тахмин қилинади.

Агар тиклаш баҳоланаётган НМА ва ИМОнинг тўла такрор ишлаб чиқилишини назарда тутса, такрор ишлаб чиқиш харажатлари қиймати усули қўлланилади. Агар баҳоланаётган объект каби хусусиятларга эга бўлган бошқа НМА ва ИМО мавжуд бўлса, уни шартли равишда баҳоланаётган объектнинг аналоги деб ҳисоблаш ва алмаштириш қиймати усулини қўллаш мумкин.


39. Қуйидагилар харажат ёндашувининг асосий усуллари ҳисобланади:

яратиш қиймати усули;

такрор ишлаб чиқиш харажатлари қиймати усули;

алмаштириш қиймати усули.

Харажат ёндашуви усулларини қўллаш НМА ва ИМОнинг ташкилот фойдасига қўшадиган ҳиссаси НМА ва ИМОни тиклашга сарфланадиган харажатлардан ортиб кетишини назарда тутади.


40. НМА ва ИМОни харажат ёндашуви асосида баҳолашда харажатларнинг қуйидаги турларини инобатга олиш лозим:

НМА ва ИМОга бўлган мулкий ҳуқуқларни олиш харажатлари;

НМА ва ИМОни яратиш харажатлари, шу жумладан, лаборатория тадқиқотлари, илмий-тадқиқотлар, тажриба-конструкторлик, лойиҳа-қидирув ишлари сарф-харажатлари;

баҳолаш объектини яратиш ишларида иштирок этадиган ташкилот асосий фондларининг амортизация харажатлари;

НМА ва ИМОни ишлаб чиқаришда фойдаланишга тайёр ҳолатга етказиш харажатлари;

НМА ва ИМОдан фойдаланиш орқали товарлар (хизматлар) ишлаб чиқаришни ташкил этиш ёки НМА ва ИМОни сотиш харажатлари;

НМА ва ИМОни ҳуқуқий ва бошқа хил муҳофазалаш харажатлари;

бошқа эҳтимолий харажатлар.


41. Харажатли ёндашув билан НМА ва ИМОни баҳолашда қуйидаги ишлар бажарилади:

баҳолаш санасида НМА ва ИМОни яратиш, сотиб олиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар аниқланади;

НМА ва ИМОнинг эскириш миқдори аниқланади;

тадбиркорнинг фойдаси аниқланади;

НМА ва ИМОнинг қиймати тадбиркорнинг фойдасига кўпайтирилган харажатлар миқдори ва эскириш миқдори ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.



5-§. Қўлланилган баҳолаш ёндашувлари натижаларини

мувофиқлаштириш ва баҳолаш объектининг

якуний қийматини аниқлаш


42. Баҳоловчи баҳолаш объектининг якуний қийматини аниқлаш учун қўлланилган ёндашувлар доирасида олинган натижаларни мувофиқлаштиришни амалга оширади.

Турли хил ёндашувлар билан олинган баҳолаш натижалари ўртасида жиддий тафовут мавжуд бўлса, баҳоловчи олинган тафовут сабабларининг таҳлилини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтириши лозим. Баҳолаш натижасининг юқори чегарасидан 30 фоиздан ортиқ қийматга эга бўлган тафовут жиддий тафовут деб ҳисобланиши лозим.


43. Мувофиқлаштириш, қоида тариқасида, турли баҳолаш ёндашувлари билан олинган баҳолаш натижалари учун солиштирма ўлчовларни аниқлаш орқали амалга оширилади, бунда баҳоловчи:

баҳолаш мақсадини ва баҳолаш натижаларидан фойдаланиш мўлжалини;

баҳолаш объектининг хусусиятини;

қиймат турини;

баҳолаш ёндашувларини қўллашда фойдаланилган ахборот ҳажми ва сифатини инобатга олиши лозим.


44. Мувофиқлаштириш усули ва солиштирма ўлчовларнинг танланиши, шунингдек бунда баҳоловчининг барча мулоҳазалари ва фаразлари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда асосланиши лозим.


45. Баҳолаш объектининг якуний қиймати пул ҳисобида ягона катталик сифатида ифодаланиши лозим.



6-§. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тузиш


46. Баҳолаш натижалари баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган ва баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш объекти қиймати хусусидаги йиғилган ахборот ва ҳисоб-китоблар асосида тасдиқланган профессионал мулоҳазасини ўз ичига олган баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот кўринишида расмийлаштирилиши лозим.


47. Ҳисобот миллий баҳолаш стандартлари талабларига мувофиқлик тўғрисидаги баёнотни ва улардан ҳар қандай четга чиқиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим.


48. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тузишда қуйидаги қоидаларга риоя этиш лозим:

баҳолаш объекти қийматини аниқлаш учун етарли бўлган барча мавжуд ахборот ҳисоботда баён этилиши лозим;

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг мазмуни мазкур ҳисоботдан фойдаланувчиларни чалғитмаслиги, шунингдек ҳар хил талқинларга йўл қўймаслиги керак;

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда ифодаланган материаллар таркиби ва кетма-кетлиги, баҳолаш жараёни тавсифи, ҳисоб-китоблар ва уларга изоҳлар баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботдан фойдаланувчига қийматни ҳисоблашни амалга ошириш имкониятини бериши ва уни айни шу натижаларга келтириши лозим;

баҳолаш жараёнида оралиқ ва якуний натижаларни аниқлашда фойдаланилмаган ахборот, агар у баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларига биноан мажбурий бўлмаса, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтирилмаслиги лозим.


49. НМА ва ИМОнинг қийматини баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот қуйидаги асосий бўлимлардан иборат бўлиши лозим:

титул варағи;

мундарижа;

умумлаштирувчи қисм (кузатув хат);

баҳолашга оид вазифа ҳамда асосий фактлар ва хулосалар;

қабул қилинган фаразлар ва чекловчи шартлар;

баҳолаш объектининг тавсифи;

баҳолаш объекти бозорининг таҳлили;

баҳолаш ёндашувлари ва усулларини танлаш ва қўлланишнинг тавсифи;

ҳисоб-китоб қисми;

баҳолаш объектининг якуний қийматини аниқлаш;

иловалар.


50. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот баҳоловчи (баҳоловчилар) томонидан саҳифама-саҳифа рақамланган ва имзоланган, тикилган, шунингдек баҳоловчи ташкилот раҳбарининг имзоси ва шу ташкилот муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланиши лозим.

51. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботга иловалар баҳоловчи баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлаш жараёнида фойдаланган ҳужжатларнинг нусхаларини, шунингдек баҳоловчи ташкилот лицензияси, баҳоловчиларнинг малака сертификатлари ва фуқаролик жавобгарлигининг суғурта полиси нусхаларини ўз ичига олиши лозим.


52. Гудвилл қийматини аниқлашда, гудвилл НМА бўлиб, уни ташкилотдан алоҳида идентификация қилиш ва баҳолаш мумкин бўлмаган турли омиллар таъсири натижасида вужудга келишини инобатга олиш керак, шу сабабли гудвилл Ўзбекистон Республикаси Мулкни баҳолаш миллий стандарти (9-сон МБМС) "Бизнес қийматини баҳолаш"га (рўйхат рақами 2026, 2009 йил 28 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 44-сон, 475-модда) мувофиқ баҳоланади.



V БОБ. АХБОРОТНИ ОШКОР ЭТИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


53. Баҳолаш жараёнида фойдаланилган ахборотни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда ошкор этиш шундай амалга оширилиши лозимки, баҳолаш фаолияти соҳасида махсус билимларга эга бўлмаган ҳисоботдан фойдаланувчилар баҳолаш жараёни мантиғини ва баҳолаш объекти қийматини аниқлаш учун баҳоловчи бажарган амалларнинг аҳамиятини тушуниши лозим.


54. Баҳолаш жараёнида қўлланилган ахборот ошкор этилиши лозим, маҳфий хусусиятга эга бўлган ахборот бундан мустасно. Маҳфий ахборот баҳоловчи томонидан фақат буюртмачи ва (ёки) мазкур ахборотни тақдим этган шахслар билан келишган ҳолда ёки суднинг тегишли қарорига биноан ошкор этилади. Фойдаланилаётган ахборотнинг маҳфийлик даражаси буюртмачи ва (ёки) мазкур ахборотни тақдим этувчи ёки унга бевосита алоқадор бўлган шахслар томонидан белгиланади.


55. Баҳолашда фойдаланилган ва баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтирилган ахборот манбасига ҳавола қилинган бўлиши лозим, бунда мазкур манба ёзма ёки оғзаки бўлиши аҳамиятсиз.



VI БОБ. СТАНДАРТДАН ЧЕТГА ЧИҚИШ ШАРТЛАРИ


56. 13-сон МБМСнинг баҳолаш жараёни ва олинган натижани баён этиш, баҳолашга ва якуний қиймат тўғрисидаги хулосага дахлдор бўлган ҳар қандай фаразлар ва чекловчи шартларни ошкор этиш билан боғлиқ талабларидан бирон-бир тарзда четга чиқилишига йўл қўйилмайди.


57. Баҳолаш талаблари мазкур стандарт талабларидан фарқ қиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ амалга оширилган тақдирда, баҳоловчи мазкур фарқларни, аниқланаётган қиймат турини танлашга уларнинг таъсирини аниқлаши ва олинган натижани қўллашга чеклашлар белгилаши лозим.


58. Мазкур Мулкни баҳолаш миллий стандарти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги, Ўзбекистон Баҳоловчилар жамияти, Баҳолаш ташкилотлари уюшмаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 25-сон, 279-модда