язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Солиқ маслаҳати/ Солиқ маслаҳати миллий стандарти (2-сонли СММС) "Солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тузиш ва мижозга (ишонч билдирувчига) тақдим этиш тартиби" (АВ томонидан 28.06.2012 й. 2375-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 28.05.2012 й. 44-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 28 июнда 2375-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2012 йил 28 майдаги

44-сон буйруғига

ИЛОВА



СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ

МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


(2-СОНЛИ СММС)


СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ БЎЙИЧА ҲИСОБОТ ВА

СОЛИҚ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ ТАШКИЛОТИНИНГ

ХУЛОСАСИНИ ТУЗИШ ВА МИЖОЗГА (ИШОНЧ

БИЛДИРУВЧИГА) ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


Ушбу Солиқ маслаҳати миллий стандарти (2-сонли СММС) (кейинги ўринларда стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг "Солиқ маслаҳати тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, 9-сон, 497-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республикасида солиқ маслаҳати бўйича фаолиятни норматив тартибга солишнинг элементи ҳисобланади.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу стандартнинг мақсади мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ маслаҳати бўйича хизмат кўрсатувчи солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тузиш ва тақдим этиш тартибини белгилаш ҳисобланади.

2. Мазкур стандартнинг талаблари барча солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари томонидан қўлланилиши мажбурийдир.



II БОБ. СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ БЎЙИЧА ҲИСОБОТ


3. Солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот (кейинги ўринларда ҳисобот деб юритилади) - солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномани (кейинги ўринларда шартнома деб юритилади) бажариш натижалари тўғрисида тўлиқ маълумотларни ўз ичига олувчи мижозга (ишонч билдирувчига) тақдим этиладиган ҳужжатдир.


4. Ҳисобот ёзма шаклда тузилади ва шартномани бажариш давомида солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан тайёрланган хулоса ва тавсияларни тасдиқлаш учун асос бўлиб ҳисобланади.


5. Ҳисобот таркиби шартноманинг предметига ва солиқ маслаҳати бўйича хизмат кўрсатиш муддати давомийлигига боғлиқ. Ҳисобот эркин шаклда тузилади ва мажбурий тартибда қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

номи - "Солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот";

мижознинг (ишонч билдирувчининг) манзили, номи ёки Ф.И.О.;

ҳисоботни тузиш учун асос бўлган шартноманинг предмети, рақами ва санаси;

шартномани бажаришда иштирок этган солиқ маслаҳатчиси(лари) тўғрисида маълумотлар (Ф.И.О., солиқ маслаҳатчиси сертификатининг рақами ва берилган санаси).


6. Солиқ маслаҳати бўйича бир марталик (бир йўла) хизмат кўрсатиш ва муайян муддат давомида хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бўйича ҳисоботда ушбу стандартнинг 5-бандида назарда тутилган маълумотлардан ташқари шартномада кўрсатиб ўтилган савол ёки муаммонинг мазмуни, кўрсатилган саволга (муаммога) тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рўйхати ва ваколатли органларнинг тушунтиришлари, шунингдек кўрсатиб ўтилган саволнинг (муаммонинг) ечими бўйича тавсиялар кўрсатилади.

Агар мижозга (ишонч билдирувчига) хизмат кўрсатишда ёзма равишда тушунтиришлар тақдим этилган бўлса, ҳисоботда фақатгина тушунтиришларнинг рақами ва санаси кўрсатилиб, уларнинг нусхалари илова қилинади.


7. Мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини ифода этиш тўғрисидаги шартнома бўйича ҳисоботда ушбу стандартнинг 5-бандида назарда тутилган маълумотлардан ташқари солиқ маслаҳатчиси томонидан мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини ифода этишда давлат солиқ хизмати органларида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа назорат қилувчи органларда, шунингдек судда амалга оширилган ҳаракатлар ва эришилган натижалар кўрсатилади.


8. Шартнома шартларига мувофиқ ҳисобот бошқа маълумотларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.



III БОБ. ҲИСОБОТНИ ТУЗИШ ВА МИЖОЗГА

(ИШОНЧ БИЛДИРУВЧИГА) ТАҚДИМ ЭТИШ


9. Ҳисоботнинг ҳар бир бети солиқ маслаҳатини амалга оширган солиқ маслаҳатчиси томонидан имзоланади, шунингдек ҳисобот солиқ маслаҳатчилари ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланади.

10. Ҳисобот мижозга (ишонч билдирувчига) шартномада белгиланган муддатларда шахсан олиб бориб бериш, почтадан буюртма хат орқали ёки электрон ҳужжат тарзида тақдим этилади.


11. Мижоз (ишонч билдирувчи) ҳисоботни шартномада белгиланган муддатларда олганидан сўнг солиқ маслаҳатчилари ташкилотини ҳисоботни мазмун жиҳатдан тўлиқ равишда қабул қилиб олганлиги тўғрисида ёхуд айрим масалаларга аниқлик киритиш лозимлиги тўғрисида хабардор қилади. Агар шартномада ҳисоботни қабул қилиш муддатлари кўрсатилмаган бўлса, ҳисобот топширилган санадан бошлаб ўн кун ўтгач қабул қилинган ҳисобланади.


12. Ҳисоботдаги ахборот маҳфийдир ва тарафлар томонидан ошкор қилиниши мумкин эмас.



III-1 БОБ. СОЛИҚ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ

ТАШКИЛОТИНИНГ ХУЛОСАСИ

12-1. Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосаси (кейинги ўринларда хулоса деб юритилади) солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш, солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектларни аниқлаш ва ҳисобини юритиш тўғрисидаги фикрини ўз ичига олувчи ёзма шаклда ифодаланган ҳужжатдир.

Хулоса ҳисобот асосида тузилади.


12-2. Хулоса эркин шаклда тузилади ва мажбурий тартибда қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

номи - "Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосаси";

мижознинг (ишонч билдирувчининг) манзили, номи ёки Ф.И.О.;

тузилаётган хулосага асос бўлган ҳисобот санаси;

шартномани бажаришда иштирок этган солиқ маслаҳатчиси(лари) тўғрисида маълумотлар (Ф.И.О., солиқ маслаҳатчиси сертификатининг рақами ва берилган санаси).


12-3. Хулосада солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг шартнома предмети бўйича асосланган фикри аниқ баён этилиши керак.



III-2 БОБ. ХУЛОСАНИ ТУЗИШ ВА МИЖОЗГА

(ИШОНЧ БИЛДИРУВЧИГА) ТАҚДИМ ЭТИШ

12-4. Хулоса солиқ маслаҳатчиси (солиқ маслаҳатчилари) ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг раҳбари томонидан имзоланиши керак.

12-5. Хулоса мижозга (ишонч билдирувчига) шартномада белгиланган муддатларда шахсан олиб бориб бериш, почтадан буюртма хат орқали ёки электрон ҳужжат тарзида тақдим этилади.



IV БОБ. ҲИСОБОТ ВА ХУЛОСАНИНГ

МАЗМУНИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

13. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти, ўзининг фикрига кўра, ҳуқуқий жиҳатдан хатарни юзага келтириши мумкин бўлган ҳужжатлардан ва маълумотлардан исбот сифатида фойдаланмаслик ҳуқуқига эга ва бу ҳақда, юзага келиши мумкин бўлган хатарларни кўрсатган ҳолда, мижозга (ишонч билдирувчига) хабар беради.


14. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти кўрсатилган хизмат оқибатлари учун жавобгар бўлмайди, агарда бундай оқибатлар мижоз (ишонч билдирувчи) томонидан нотўғри маълумотлар тақдим қилиниши натижасида юзага келган бўлса.


15. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижозни (ишонч билдирувчини) тузилган шартномага мувофиқ солиқ маслаҳати бўйича хизмат кўрсатиш давомида юзага келадиган барча аҳамиятли бўлган ҳуқуқий жиҳатдан хатарлар тўғрисида огоҳлантириши шарт.


16. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти қонун ҳужжатлари талабларига ёки шартномага мос келмайдиган ҳисобот ва хулоса тузганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардир.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 26-27-сон, 299-модда