язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Адлия органлари/ Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.07.2012 й. 226-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 23 июлдаги

226-сон қарорига

ИЛОВА


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат

органлари ишларини мувофиқлаштириш

бўйича Идоралараро кенгаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон қарорига мувофиқ Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш (кейинги ўринларда Идоралараро кенгаш деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.

Идоралараро кенгаш Ўзбекистон Республикасида давлат органлари, шунингдек жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи коллегиал орган ҳисобланади.


2. Идоралараро кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, мазкур Низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Идоралараро кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.



II. ИДОРАЛАРАРО КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Қуйидагилар Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш;

ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сифатини яхшилаш, шунингдек таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг ҳуқуқий билим даражасини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш;

аҳоли билан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, ушбу ишга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш.


5. Идоралараро кенгаш ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш соҳасида:

ҳуқуқий тарғибот соҳасида давлат бошқаруви органлари, шунингдек жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг келишилган фаолият юритишларини таъминлайди;

давлат органлари, шунингдек жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларидан улар томонидан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотларни сўрайди ва олади, уларнинг бажарилиши аҳволини таҳлил қилади, умумлаштиради, шунингдек ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятига доир тадбир ва дастурларнинг бажарилишини ўрганади, уларнинг ҳисоботларини эшитиб боради;

давлат органлари, шунингдек жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирларни белгилаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларини амалга оширишга доир тадбирлар режаси ва дастурларининг амалга оширилишини ташкил этади;

ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларининг услубий жиҳатдан таъминланишини ташкил этиш, шунингдек ушбу йўналишдаги ишларни амалга оширишнинг замонавий шаклларини жорий этиш бўйича асослантирилган тавсиялар ишлаб чиқади;


б) ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия тизимини такомиллаштириш соҳасида:

давлат органларининг олий ва ўрта махсус маълумотли юридик кадрларга бўлган эҳтиёжини ўрганади, замонавий талаблар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

мамлакатда ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

олий ва ўрта махсус касб-ҳунар ўқув юртларининг ҳуқуқшунослик йўналишидаги талабалари ва ўқувчилари учун ўқув дастурлари ва режаларини ўрганади, уларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

ҳуқуқшунослик фанини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ўрганади, илмий-тадқиқот ишлари режаларини кўриб чиқади;


в) аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш, бу жараёнга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш соҳасида:

оммавий ахборот воситалари орқали ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг устувор йўналишлари тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган ҳуқуқий мавзудаги материалларни таҳлил қилади, уларнинг мазмунини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқади;

жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, шунингдек қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимларнинг кенг тарғибот-ташвиқот қилинишини ташкил этади;

аҳолини ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширилишини таъминлайди.



III. ИДОРАЛАРАРО КЕНГАШНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


6. Идоралараро кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари ва таълим муассасалари томонидан ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўйича олиб бораётган ишларини ўрганиш, шунингдек уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

ҳуқуқий тарғибот ва маърифат, шунингдек умумтаълим фаолияти бўйича ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасаларидан белгиланган тартибда талаб қилиб олиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга ошириш учун давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтларини, шунингдек мутахассислар, олимлар ва фуқароларни жалб қилиш;

давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларини олиб боришга доир иш режалари, чора-тадбирлар режалари ҳамда дастурларини ва бошқа ҳужжатларни ўрганиш, уларни қайта кўриб чиқиш бўйича тавсиялар бериш.

Идоралараро кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7. Идоралараро кенгаш мазкур Низом ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш учун масъулдир.



IV. ИДОРАЛАРАРО КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Идоралараро кенгашга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири раҳбарлик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Идоралараро кенгаш мажлислари кун тартибини белгилаш ва мажлисларини чақириш;

Идоралараро кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил қилиш;

Идоралараро кенгаш аъзоларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

Идоралараро кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.


9. Идоралараро кенгаш аъзолари:

Идоралараро кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишда ва ҳал этишда қатнашадилар;

ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг долзарб масалалари бўйича Идоралараро кенгашга таклифлар киритадилар;

Идоралараро кенгаш муҳокама қиладиган масалалар бўйича хулосалар берадилар.

Идоралараро кенгаш аъзолари Идоралараро кенгашдаги ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.


10. Идоралараро кенгаш ўз фаолиятини тасдиқланган режага мувофиқ амалга оширади ва мажлисларини заруриятга кўра, лекин йилига камида икки марта ўтказади. Идоралараро кенгаш раиси томонидан унинг аъзоларининг навбатдан ташқари мажлис ўтказиш учун сабаблари ва асослари баён қилиниши лозим бўлган ёзма илтимосномасига асосан навбатдан ташқари мажлис чақирилиши мумкин.


11. Идоралараро кенгаш мажлисини унинг раиси олиб боради. Идоралараро кенгаш раиси бўлмаган тақдирда мажлисни Идоралараро кенгаш аъзоларидан бири бошқаради.

Идоралараро кенгаш мажлиси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.

Мажлис ўтказиш учун кворум бўлмаганда, Идоралараро кенгашнинг янги мажлис ўтказиш санаси эълон қилинади. Янги мажлис ўтказишда унинг кун тартиби ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.


12. Идоралараро кенгаш мажлисига унда кўриб чиқилаётган масалаларнинг аҳамиятига кўра давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.


13. Идоралараро кенгаш фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг Адлия вазирлигига ажратиладиган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



V. ИДОРАЛАРАРО КЕНГАШНИНГ

ИШЧИ ОРГАНИ ВА КОТИБИ


14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармаси Идоралараро кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб юритилади) ҳисобланади.


15. Ишчи орган:

Идоралараро кенгаш фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

навбатдаги давр учун Идоралараро кенгашнинг иш режаси лойиҳасини тайёрлайди, Идоралараро кенгаш муҳокамасига киритади ва тасдиқланган иш режасининг бажарилишини таъминлайди;

Идоралараро кенгашнинг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ва манфаатдор ташкилотлардан зарур материаллар ва эксперт хулосаларини олади;

Идоралараро кенгаш мажлиси кун тартиби масаласи бўйича таҳлилий материаллар тайёрланишини ва мажлис ўтказилишини ташкил этади;

келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади ва Идоралараро кенгаш ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар лойиҳаларини тайёрлайди;

Идоралараро кенгаш кўриб чиқиши учун унинг қарорига мувофиқ бошқа материалларни тақдим этади.


16. Идоралараро кенгашнинг котиби:

Идоралараро кенгашнинг навбатдаги мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Идоралараро кенгаш мажлисига материаллар тайёрлаш бўйича ишчи органнинг ишини ташкил этади;

кун тартибидаги масалалар бўйича Идоралараро кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил қилади;

Идоралараро кенгаш раиси билан мажлис ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар рўйхатини келишади;

Идоралараро кенгаш аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;

Идоралараро кенгаш қарорлари ижроси мониторингини олиб боради ва унинг натижасини кўриб чиқиш учун Идоралараро кенгаш мажлисига тақдим этади;

Идоралараро кенгаш протоколларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни Идоралараро кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.



VI. ИДОРАЛАРАРО КЕНГАШ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


17. Идоралараро кенгаш қарори Идоралараро кенгашнинг мажлисда қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Идоралараро кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Идоралараро кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эга.


18. Идоралараро кенгаш раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Идоралараро кенгашнинг алоҳида масалалар бўйича Идоралараро кенгаш аъзолари билан келишилган қарорларини сўров йўли билан тасдиқлаши мумкин.


19. Идоралараро кенгаш қарорлари Идоралараро кенгаш мажлиси протоколи билан расмийлаштирилади. Идоралараро кенгаш мажлиси протоколига унинг барча аъзолари томонидан виза қўйилади, у котиб томонидан имзоланади, Идоралараро кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Идоралараро кенгаш аъзоларига ҳамда манфаатдор ташкилотларга юборилади.


20. Идоралараро кенгаш протоколининг асл нусхаси ва унга тегишли материаллар ишчи органда сақланади.


21. Идоралараро кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорларининг давлат органлари томонидан бажарилиши мажбурийдир.


22. Идоралараро кенгашнинг ишчи органи ва котиби Идоралараро кенгаш қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганадилар ва кўриб чиқадилар, зарурият бўлганда, Идоралараро кенгаш раисига тегишли таклифлар киритадилар.


23. Идоралараро кенгаш қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши аҳволини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.


24. Идоралараро кенгашнинг иш тартиби Регламентда белгиланади. Регламент Идоралараро кенгаш томонидан қабул қилинади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 30-сон, 349-модда