язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар/ Фуқаролик/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.08.2012 й. 236-сон "Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бўлишлари ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисида" 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон қарорига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида"ги Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.08.2012 й.

N 236


ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ "ХОРИЖИЙ

ФУҚАРОЛАРНИНГ ВА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН

ШАХСЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА

КЕЛИШЛАРИ, КЕТИШЛАРИ, БУ ЕРДА БЎЛИШЛАРИ

ВА ТРАНЗИТ ЎТИШЛАРИ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА"

1996 ЙИЛ 21 НОЯБРДАГИ 408-СОН ҚАРОРИГА

ЎЗГАРТИРИШЛАР ВА ҚЎШИМЧА

КИРИТИШ ҲАҚИДА


[Кўчирма]



Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишлари тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бўлишлари ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисида" 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.


3. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири А.Х. Комилов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Б.А. Матлюбов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 7 августдаги

236-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг

"Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган

шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари,

кетишлари, бу ерда бўлишлари ва транзит ўтишлари

тартиби тўғрисида"ги 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон

қарорига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча


1. 1-илова (Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари ва Ўзбекистон Республикасидан кетишлари тартиби)нинг 19-бандида:


"в" кичик банд чиқариб ташлансин;


"г - ж" кичик бандлар тегишли равишда - е" кичик бандлар деб ҳисоблансин;


қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ушбу қарор билан тасдиқланган Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишлари қоидаларининг 40-бандига мувофиқ хорижий фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикасига келиш чекланган бўлса, унга Ўзбекистон Республикасига келиш рад этилади".


2. 2-илова (Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишлари қоидалари)нинг 40-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"40. Хорижий фуқаро Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузган тақдирда, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар бўйича яшаганда, вақтинча ёки доимий рўйхатдан ўтишнинг, ҳаракатланиш ёки яшаш жойини танлашнинг белгиланган тартибига риоя қилмаганда, бўлиш муддати тугагандан кейин чиқиб кетишдан бош тортганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтиш қоидаларига риоя қилмаганда, кейинчалик Ўзбекистон Республикасига келиш ҳуқуқи бир йилдан уч йил муддатгача чекланган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборилиши мумкин.

Хорижий фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этилган жиноят учун суд томонидан тайинланган жазони ижро этгандан ёки ўтагандан ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилингандан сўнг, кейинчалик Ўзбекистон Республикасига келиш ҳуқуқи чекланган ҳолда:

ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун - беш йилга;

оғир жиноятлар содир этганлиги учун - ўн йилга;

ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун - умрбод Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборилади.

Хорижий фуқарога Ўзбекистон Республикасига келиш ҳуқуқини чеклаш муддати, у Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилган (Давлат чегарасини кесиб ўтган) пайтдан бошлаб ҳисобланади".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 32-сон, 376-модда