язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектлари/ Акциядорлик жамияти. Холдинглар/ Холдинглар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.10.1995 й. 398-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 12 окгябрдаги

398-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН


Холдинглар тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида", "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида", "Рақобат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ холдинглар ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Активлари таркибига бошқа корхоналарнинг акциялари назорат пакетлари кирадиган акциядорлик жамияти холдинг ҳисобланади.

Акциялар (пайлар, улушлар)нинг назорат пакети ўзида корхона сармоясида қатнашишнинг исталган шаклини ифодалайди. Акцияларнинг назорат пакети мавжудлиги тўғрисидаги қарор таъсис ҳужжатларининг хусусиятлари ва корхона сармояси тузилмаси ҳисобга олинган ҳолда монополияга қарши орган томонидан қабул қилинади.

Акцияларининг назорат пакетлари холдинг активларига кирувчи корхона шўъба корхона ҳисобланади. Шўъба корхоналар мустақил юридик шахс ҳисобланади.

Холдинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган исталган фаолият билан шуғулланишга ҳақлидир.


2. Холдинг бошқа холдингнинг шўъба корхонаси бўлиши мумкин.


3. Холдинг активлари:

а) қимматли қоғозлар;

б) муассислар томонидан шартнома асосида берилган, шунингдек холдинг маблағлари ҳисобига сотиб олинган ёки ҳосил қилинган мулклар;

в) пул маблағлари ва бошқалар ҳисобидан ташкил топади.

Холдинг хорижий сармоя иштирокида ёки тўлиқ унинг асосида, шу жумладан, хорижий корхоналар акциялари назорат пакетларини сотиб олиш йўли билан ташкил этилиши мумкин.

Холдинг активлари таркибига, шўъба корхоналар акциялари назорат пакетлари билан бир қаторда, акцияларнинг паритет пакетлари (қатнашчи иккита бўлган тақдирда 50 фоиз) ва бошқа хўжалик жамиятлари сармоясида қатнашиш пакетлари (акцияларнинг назорат пакетлари эмас) кириши мумкин.

Холдинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ инвестиция фаолиятини амалга оширишга, шу жумладан, исталган қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга ҳақли бўлади.

Шўъба корхона ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан жавоб беради, бош холдингга тегишли бўлган акцияларнинг назорат пакети қиймати ҳам шу жумлага киради. Бош холдинг таъсис шартномасида қайд этилган шартларда шўъба корхонанинг қарзлари бўйича жавоб бериши мумкин.


4. Шўъба корхона ўзининг холдингга тегишли бўлган акциялари пакети миқдоридан қатъи назар, бирор-бир шаклда холдинг акцияларига эгалик қилиши мумкин эмас, гаров ва траст (ишонилган мулк) ҳам шу жумлага киради.

Шўъба корхоналар акциядорларининг умумий йиғилишларида холдингнинг вакиллари мазкур шўъба корхона акцияларининг назорат пакетига мувофиқ овозга эга бўладилар. Рўйхати уставда кўрсатилиши керак бўлган шўъба корхоналарни ривожлантиришнинг стратегик муҳим масалаларини ҳал этиш учун уставда даражали кўпчилик ҳақидаги норма белгилаб қўйилади.


5. Холдинглар юридик шахс ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида", "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида", "Рақобат тўғрисида"ги қонунлари, мазкур Низом ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида фаолият кўрсатади.

6. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, хорижий юридик ва жисмоний шахслар холдинг муассислари ва қатнашчилари бўлишлари мумкин.


7. Хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг қатнашиш хусусиятлари Ўзбекистон Республикасининг чет эл инвестициялари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


8. Холдингнинг номига "холдинг" сўзи қўшилган бўлиши ҳамда унинг тури ("АЖ" акциядорлик жамияти) кўрсатилган бўлиши керак.



II. ХОЛДИНГ ТАШКИЛ ЭТИШДАГИ ЧЕКЛАШЛАР


1. Холдинг ташкил этиш ва уни руйхатдан ўтказиш тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш учун белгиланган тартибда мазкур Низомда назарда тутилган хусусиятлар ҳисобга олинган қолда амалга оширилади.

Холдинглар турдош корхоналарни кооперациялашга кўмаклашиш ҳамда улар томонидан келишилган инвестиция сиёсати амалга оширилиши учун ташкил этилади. Холдингга ёки унинг шўъба корхоналаридан бирига холдинг компаниянинг шўъба корхоналари маҳсулотлари (ишлари, хизматлари) учинчи шахслар томонидан сотилиши ҳуқуқи берилишига, шунингдек кўрсатиб ўтилган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)га нархлар холдинг томонидан бирор-бир шаклда белгилаб қўйилиши ҳуқуқи берилишига йўл қўйилмайди.

4. Қуйидаги тармоқларда холдинглар ташкил этилишига йўл қўйилмайди:

- савдо, моддий-техника таъминоти, умумий овқатланиш, маиший хизмат, коммунал хўжалик, транспорт (темир йўл, авиация, трубопровод транспорти ва мутлақ равишда халқаро ташишларни амалга оширувчи корхоналардан ташқари), халқ бадиий ҳунармандчилиги.

5. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Давлат тасарруфидан чиқарилмайдиган ёки давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришда, сотиб олиш ва ижарага беришда чеклашларга эга бўлган давлат корхоналари ва мол-мулки асосида холдинглар ташкил этишга ушбу чеклашлар бекор қилингунга қадар йўл қўйилмайди.


6. Ташкил этилаётган холдинглар барча турдаги хўжалик уюшмалари (иттифоқлар, концернлар, консорциумлар, корпорациялар ва бошқалар)нинг ёки корхоналарнинг бошқа бирлашмалари, шунингдек давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқий ворислари бўлиши мумкин эмас.

8. Давлат тасарруфидан чиқарилаётган корхонанинг (корхона бўлинмасининг) шўъба корхонага айлантирилишига ана шу корхона меҳнат жамоасининг розилиги билан йўл қўйилади. Бундай розилик умумий йиғилишда барча ходимларнинг ярмидан кўпининг овози билан қабул қилинади.



III. МОЛИЯВИЙ ХОЛДИНГЛАР


1. Сармоясининг 50 фоиздан ортиғини бошқа эмитентларнинг қимматли қоғозлари ва ўзга молиявий активлари ташкил этган холдинг молиявий холдинг ҳисобланади.

Молиявий холдинг активлари таркибига фақат қимматли қоғозлар ва ўзга молиявий активлар, шунингдек холдинг бошқаруви аппарати фаолият кўрсатишини таъминлаш учун бевосита зарур бўлган мол-мулк кириши мумкин.

Активлари таркиби таъсис этиш пайтида кўрсатиб ўтилган талабга мувофиқ келмайдиган молиявий холдинг давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида уни бажариш учун зарур бўлган хатти-ҳаракатларни амалга ошириши керак.

Кўрсатиб ўтилган талабнинг бажарилмаслиги ушбу холдингнинг акциялари эмиссияси проспектини рўйхатдан ўтказган органнинг тақдимномаси асосида иқтисодий суд томонидан молиявий холдингни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиниши учун асос ҳисобланади.

2. Молиявий холдинглар мутлақ даражада инвестиция фаолияти юритишга ҳақлидирлар, улар учун фаолиятнинг бошқа турлари тақиқланади.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда давлат мулкини бошқариш ваколати берилган органлар) молиявий холдинглар устав фондига корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш тартибида ташкил этилган акциядорлик жамиятлари устав сармоясининг 20 фоизидан ортиғини ташкил этувчи акциялар пакетини қўшишга ҳақли эмаслар.

4. Молиявий холдинг шўъба корхоналарнинг ишлаб чиқариш ва тижорат фаолиятига аралашишга ҳақли эмас. Молиявий холдинг вакиллари фақат шўъба корхоналар акциядорлари йиғилишларида қатнашишлари мумкин. Молиявий холдинг вакилларининг кузатув кенгаши, бошқарув ва шўъба корхоналари бошқарувининг бошқа органлари таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.


5. Молиявий холдинг ўзига тегишли акциялар билан қимматли қоғозларнинг ташкил этилган бозоридан (фонд биржасидан) бошқа жойда битишувлар содир этишга ҳақли эмас. Фонд биржасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган акциялар билан амалга оширилган битишувлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.



IV. КОРХОНАЛАРНИ ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН

ЧИҚАРИШДА ХОЛДИНГЛАР ТАЪСИС ЭТИШ


1. Давлат корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда холдинглар ташкил этилиши мумкин.

2. Корхоналарни давлат тасарруфидан чиқаришда холдинглар ташкил этиш тўғрисидаги таклиф давлат мулкини бошқаришга вакил қилинган органларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда киритилади.

Таклифда:

- холдинг ташкил этиш зарурлиги асосланиши, унинг фаолияти мақсади ва вазифалари кўрсатилган бўлиши;

- ташкил этилаётган холдингга киритилиши таклиф этилаётган корхоналар (бўлинмалар) рўйхати берилган бўлиши;

- ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида кўрсатиб ўтилган корхоналар (бўлинмалар) томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар улуши тўғрисидаги маълумотлар берилган бўлиши;

- холдинг бошқарув органларининг ваколатларини, холдингнинг шўъба корхоналар билан ўзаро муносабатлари тартибини белгиловчи холдингнинг таъсис ҳужжатлари лойиҳалари мавжуд бўлиши керак.

Аризага иловада шўъба корхоналар сифатида холдинг таркибига киритиш таклиф этилаётган корхоналар (бўлинмалар) меҳнат жамоаларининг қарори бўлиши лозим. Ушбу қарор мазкур Низомнинг II бўлими 8-бандига мувофиқ расмийлаштирилган бўлиши лозим.


3. Қайта ўзгартирилаётган ва давлат тасарруфидан чиқарилаётган корхоналар асосида ташкил этилаётган холдингнинг муассислари давлат мулкини бошқаришга вакил қилинган органлар, шунингдек пайлар, улушлар, акциялар кўринишидаги ўз маблағларини қўйиш хоҳишини билдирган нодавлат юридик ва жисмоний шахслар бўлишлари мумкин.

Холдинг қатнашчилари сони чекланмаган.


4. Йирик корхонани қайта тузиш ва давлат тасарруфидан чиқариш тартибида унинг таркибидан юридик мустақил (шўъба) корхоналарни ажратган ҳолда холдинг ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда давлат мулкини бошқаришга вакил қилинган органлар:

- бутун корхонанинг ёки ажратиб чиқарилаётган бўлинмаларнинг устав сармоясини кўпайтириш мақсадга мувофиқлигини баҳолайдилар, зарурат бўлганда эҳтимол тутилган ўзга инвесторларни холдинг қатнашчилари сафига киритиш учун улар ўртасида танлов ўтказадилар.


5. Юридик мустақил корхоналарнинг акциялари пакетларини бирлаштириш тартибида холдинг компания ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда давлат мулкини бошқаришга вакил қилинган органлар:

- ташкил этилаётган холдинг компанияга киритилаётган, ёхуд хўжалик мустақиллигига эга бўлаётган ва умумий асосларда давлат тасарруфидан чиқарилиши керак бўлган корхоналар рўйхатини аниқлайдилар;

- корхоналар меҳнат жамоаларининг қарорларини ва (ёки) уларнинг корхоналарни холдингнинг шўъба корхоналарига айлантиришга розилигини ҳисобга оладилар;

- қўшимча инвестицияларни жалб этишнинг эҳтимол тутилган усулларини кўриб чиқадилар, зарурат бўлганда эҳтимол тутилган ўзга инвесторларни холдинг қатнашчилари сафига киритиш учун улар ўртасида танлов ўтказадилар.


6. Корхона (ажралиб чиқадиган бўлинма) қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда акциядорлик жамиятига айлантирилади.


7. Ўзга инвесторларнинг иштирокисиз ташкил этилаётган холдингнинг устав фондига қўшиладиган мулк қиймати қонун ҳужжатларига мувофиқ баҳоланади.

Ўзга инвесторлар иштирокида холдинг ташкил этишда компания қатнашчилари томонидан қўшиладиган улушлар миқдори мол-мулкнинг бозор баҳосидан келиб чиқиб, томонларнинг розилигига кўра баҳоланади.


8. Шўъба корхоналарга (бўлинмаларга) айлантириладиган корхоналар ходимлари давлат мулкини бошқаришга вакил қилинган органнинг розилиги билан тасдиқланган рўйхатларга ва ёпиқ обуна натижаларига мувофиқ улар томонидан беришга ва сотишга мўлжалланган акцияларни холдингнинг устав фондига қўшишлари мумкин. Эслатиб ўтилган акцияларнинг ўрнига шўъба корхоналарнинг ходимларига холдинг акциялари берилади (номинал қиймати бўйича сотилади).


9. Холдинг ташкил этиш тўғрисидаги қарор давлат мулкини бошқаришга вакил қилинган орган томонидан қабул қилинган тақдирда:

- шўъба корхоналарнинг акциялари пакетлари ва мазкур Низомнинг 1-бўлими 3-бандида назарда тутилган бошқа активлар давлат мулкини бошқаришга вакил қилинган орган томонидан холдинг устав сармоясини тўлаш тартибида қўшилади. Бунда холдинг устав сармояси акцияларнинг ушбу пакетлари ва унга муассислар томонидан бериладиган бошқа активларнинг жами номинал қийматига тенг бўлади;

- шўъба корхоналарнинг қолган акциялари давлат мулкини бошқаришга вакил қилинган органларга тақсимлаш (сотиш) учун берилади;

- холдинг акциялари унинг қатнашчилари ўртасида уларнинг улушларига мувофиқ тақсимланади.


10. Давлат мулкида бўлган холдинг акциялари сотилиши керак.

Холдинг компаниянинг у ёки бу акциялари пакетини бирор-бир муддатга давлат мулкига бириктириб қўйишга, агар бунга акциялари холдинг компания активлари таркибига кирувчи барча корхоналар учун амалдаги қонун ҳужжатлари билан йўл қўйилган ҳолдагина йўл қўйилади.



V. САРМОЯСИДА ДАВЛАТ УЛУШИ БЎЛМАГАН

ХОЛДИНГЛАР ТУЗИШ ТАРТИБИ


Нодавлат юридик шахслар томонидан холдинглар:

- нодавлат юридик шахслар акцияларининг назорат пакетларини ихтиёрий бирлаштириш;

Нодавлат хўжалик жамияти томонидан бошқа хўжалик жамиятлари акцияларининг назорат пакетларини сотиб олиш йўли билан тузилади.


VII. ҲИСОБОТ ВА ХОЛДИНГЛАРНИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ


1. Холдинглар йилнинг ҳар чорагида ўз балансларини, фойда ва зарарлар счётларини, шунингдек бошқа корхоналарнинг ўзларига тегишли акциялари ҳақидаги тўлиқ маълумотларни ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборотни эълон қилишга мажбурдирлар.


2. Холдинг томонидан исталган корхонанинг (шу жумладан, ўзининг шўъба корхонасининг) акцияларининг 5 фоизидан ортиғининг олди-сотдиси тўғрисидаги маълумотлар битишув содир этилган пайтдан бошлаб бир ҳафта муддатда албатта эълон қилиниши керак. Кўрсатиб ўтилган маълумотлар битишув қатнашчиларининг тижорат сирига тегишли деб топилиши мумкин эмас.

Кўрсатиб ўтилган талаб бузилган ҳолда содир этилган битишувлар, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган битишувлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.


3. Холдинглар ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.