Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 11.09.1998 й. 22-сон "Судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

11.09.1998 й.

N 22



СУДЛАР ТОМОНИДАН НИКОҲДАН

АЖРАТИШ ҲАҚИДАГИ ИШЛАРНИ

КЎРИШДА ҚОНУНЛАРНИ ҚЎЛЛАШ

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми республика судларининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиққан ҳолда оилани ҳар томонлама ҳимоялашга, болаларни Ватанга ва оилага садоқат руҳида ижтимоий тарбияга мос ҳолда, оила ва жамият олдида жавобгарлик ҳиссида тарбиялашга қаратилганлигини таъкидлайди.

1998 йил 1 сентябрдан амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси оилани мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликни давлат томонидан муҳофаза қилиш бўйича конституциявий нормаларга асосланган. Оилани мустаҳкамлаш, янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда оила аъзоларининг манфаатларини қўриқлаш, вояга етмаган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларини ҳимоялашнинг устунлигини назарда тутиш унинг асосий мақсадлари ҳисобланади.

Шу билан бирга судлар фаолиятида никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда оила ҳамда фуқаролик процессуал қонунларини қўллашда жиддий хатолар мавжуддир.

Айрим ҳолларда даъво аризаларини қабул қилиш, ишларни судда кўриш учун тайёрлаш тартибини белгиловчи қонунларнинг талаблари бажарилмаётир, вояга етмаган фарзандлари ва мулкий низолари бўлмаган тақдирда никоҳдан судсиз ажралиш тартиби мавжудлиги тарафларга тушунтирилмаётир. Баъзи судлар бундай низоларни ҳал қилишда шошма-шошарликка ва эътиборсизликка йўл қўймоқдалар, эр-хотинларни яраштириш чораларини кўрмаётирлар.

Эр-хотинларни яраштириш учун муҳлат беришни баённома асосида олиб бориш, тарафларнинг судга келмаганликлари сабабли иш юритишни асоссиз равишда тугатиш ҳоллари кўп учрамоқда.

Баъзи судлар иш бўйича муайян ҳолатларни етарли равишда текширмайдилар, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатларни, никоҳдан ажралиш асосларини, оиладаги келишмовчиликларнинг ҳақиқий сабабларини тўлиқ аниқламайдилар. Тарафларнинг никоҳдан ажратиш талабларига асос қилиб қўйган важларини текшириш учун камдан-кам ҳолларда гувоҳлар сўралади.

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисидаги хабар берилмаган ва у, иштирокисиз ишни кўришга розилик бермаган вазиятда эр-хотиндан бирортаси йўқлигида никоҳдан ажратиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъволарни қаноатлантира туриб, судлар никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган фарзандлар ота-онадан қайси бири билан яшаб қолишини, қонунга зид равишда, ҳамма вақт ҳам аниқламайдилар. Даъво берилган-берилмаганидан қатъи назар, болалар таъминоти учун суднинг нафақа ундириш ҳуқуқи борлиги, баъзи талабларининг эса (жумладан, квартирани бўлиш, уйга киритиб қўйиш ва кўчириш) никоҳдан ажратиш ҳақидаги иш билан бир вақтда кўрилиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қонун талаби эътибордан четда қолмоқда.

Мол-мулкларни бўлиш ва уларнинг қийматини аниқлаш ҳақидаги низоларни ҳал қилишда ҳам хатоликларга йўл қўйилмоқда.

Кўпчилик ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари Фуқаролик процессуал кодекси талабларига жавоб бермайди. Уларда тарафларнинг ўзаро муносабатларининг тавсифи ва ажралиш сабаблари ёритилмайди, суднинг у ёки бу далилларни эътиборга олмаслиги учун асос бўлган ҳолатлар, суд қўллаган қонунлар кўрсатилмайди. Хулоса қисмида никоҳдан ажралишни фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органларида рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар келтирилмайди.

Давлат божи тарафларнинг моддий аҳволи, шунингдек никоҳнинг тугатилишига улардан қайси бирининг сабабчи эканлигини ҳисобга олмаган ҳолда ундирилади.

Болаларнинг тўғри тарбияланишига хавф туғдирадиган эр ёки хотиннинг оиладаги нолойиқ ҳуқуқига кўпинча тегишли чора кўрилмасдан қолади.

Оиланинг жамиятдаги мавқеи ҳамда келажак авлодни соғлом тарбиялашдаги ошиб бораётган аҳамиятини эътиборга олиб, шунингдек янги Оила ва Фуқаролик-процессуал кодекслари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми



ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Республика судларига оилани мустаҳкамлаш, эр-хотинлар ва улар фарзандларининг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан келиб чиққан ҳолда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни фуқаролик ишларининг энг муҳим туркумларидан бири деб ҳисоблаш ва бундай ишларни кўришга эътиборни кучайтириш мажбурияти юклатилсин.

Ёш оилаларнинг ва вояга етмаган фарзандлари бўлган эр-хотинларнинг никоҳларини мустаҳкамлашга ва уларнинг барқарорлигини сақлаб қолишга судларнинг алоҳида эътибори қаратилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 40-моддаси талабига кўра никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар судда эр ёки хотиннинг аризасига биноан даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўрилади.

Агар муомала лаёқатига эга бўлмаган эр ёки хотиннинг манфаатини ҳимоя килиш талаб қилинса, зарур ҳолларда, никоҳдан ажралиш ҳақидаги даъво васий ёки прокурор томонидан қўзғатилади. Суд Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 48-моддаси 12-қисмига мувофиқ васийлик органини иш бўйича тегишли хулоса бериш учун процессда иштирок этишга жалб қилиши мумкин.

Судларга тушунтирилсинки, ФПКнинг 241-моддасидаги даъвогарнинг танлаши бўйича судловга тааллуқлилик тўғрисидаги қоидалардаги истиснолар ҳисобга олинган ҳолда никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар бўйича даъволар қоида тарзида, жавобгар доимий яшаб турган жойидаги туман (шаҳар) судида қўзғатилади (ФПКнинг 145-моддаси).


3. Оила кодексининг 39-моддасига биноан эр хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас. Боланинг отаси деб қайд этилмаган ҳолларда ҳам эр бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида хотинининг розилигисиз никоҳдан ажралиш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли эмас. Ушбу қоида бола ўлик туғилган ёки 1 ёшгача яшамай, вафот этган ҳолларга ҳам татбиқ қилиниши лозим. Никоҳдан ажралиш тўғрисидаги ишни қўзғатиш учун хотинининг розилиги бўлмаса, суд эридан даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар қабул қилинган бўлса, иш юргизишни тугатади. Хотин судда иш қўзғатишдан олдин эрининг аризаси бўйича никоҳдан ажралишга розилик бериб, ишни кўришда унга қаршилик билдирса ҳам иш юргизишни тугатиш лозим бўлади. Кўрсатилган ҳолатлар хотиннинг ўзи никоҳдан ажратиш масаласини қўйишига тўсқинлик қилмайди.

Агар хотиннинг ҳомиладорлиги ва никоҳдан ажралишга розилиги йўқлиги ишни апелляция, кассация ёки назорат босқичида кўриш вақтида маълум бўлиб қолса, иш юритиш шу босқичда тугатилиши лозим.

4. Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажралишга ўзаро рози бўлсалар, қоида бўйича улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида ажратилади (Оила кодексининг 42-моддаси). Эр-хотин ўртасида муҳтож бўлган меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотинга таъминот тўлаш ҳақида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш ҳақида низо бўлса, эр-хотин ёхуд улардан бири никоҳдан ажратиш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида никоҳдан ажратишнинг иложи бўлмаганлиги ҳақида далиллар (никоҳдан ажралиш ҳақида ариза берган эр-хотиндан бирининг никоҳдан ажратишни қайд қилиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига келмаганлиги ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишга ариза беришдан бош тортганлиги ва шунга ўхшаш ҳолатлар тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг хати) мавжуд бўлганда, суд никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишга ҳақли.

5. Оила кодексининг 43-моддасида назарда тутилган руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар билан никоҳдан ажратиш тартибини спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддаларни суиистеъмол қилиш натижасида муомалага лаёқатлилиги чекланган фуқаролар билан никоҳдан ажратиш ҳолатларига татбиқ қилиш мумкин эмас. Қайд этилган шахслар билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъволар ёки бундайларнинг никоҳдан ажратиш даъволари даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда ҳал қилинади.


6. Уч йилдан кам бўлган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар судловга тегишлилиги бўйича умумий қоидаларга риоя қилган ҳолда кўрилишини судлар назарда тутмоқлари лозим. Озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси ФПКнинг 145-моддасига кўра суднинг иш юритишига қабул қилинадиган бўлса, бунда унинг ҳукм қилингунига қадар охирги яшаш жойидан келиб чиқиш лозим бўлади. ФПК 241-моддасининг 11-қисмига биноан уч йилдан кам бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, даъвогарнинг хоҳишига қараб, у яшайдиган жойда кўрилади. Уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва Оила кодексининг 44-моддасида кўрсатилган бошқа низолари бўлмаган шахслар билан никоҳдан ажратиш Оила кодексининг 43-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.


7. Яшаш жойи номаълум бўлган шахс билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво, даъвогарнинг хоҳишига қараб жавобгарнинг маълум бўлган охирги яшаш жойи ёки унинг мулки турган жойдаги судда, агар даъвогар билан вояга етмаган фарзандлари яшаётган бўлса ёки соғлиғи туфайли жавобгарнинг яшаш жойига бориш қийинчилик туғдирса, даъвогарнинг яшаш жойидаги судда қўзғатилиши мумкин.


8. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги таркибига кирган давлатларга кетган ва манзилгоҳи маълум бўлган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво, даъвогарнинг хоҳишига қараб (жавобгарнинг охирги яшаш жойи ёки янги яшаш жойида), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги таркибига кирмайдиган бошқа давлатларга кетган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъволар эса даъвогарнинг яшаш жойидаги судда қўзғатилиши мумкин.


9. Оила кодексининг 43-моддасига кўра бедарак йўқолган деб топилган шахслар билан никоҳдан ажратиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан амалга оширилади.

Шунинг учун бир йил давомида ўзининг яшаш жойи ҳақида маълумот бўлмаган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан мурожаат қилинганда, судья бундай даъво билан мурожаат қилган эр ёки хотинга фуқароларни бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги тартибни тушунтиради.

Шу билан бирга, агар эр ёки хотин хотини ёки эрини бедарак йўқолган деб топиш ҳақида ариза беришдан бош тортса, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас, суд бундай шахс билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвони умумий асосларда кўришга мажбур.


10. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет эл фуқаролари билан тузган никоҳларидан, чет эл фуқароларини бир-бири билан тузган никоҳларидан ажратиш, шунингдек уларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқий муносабатларига тегишли низоларни ҳал қилиш Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 5-бўлимида қайд этилган нормалар ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кирган давлатлар ва бошқа давлатлар билан тузилган фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартнома (Конвенция)лар асосида расмийлаштирилади.


11. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси ФПКнинг 149-моддаси талабига жавоб бериши керак. Шунингдек унда қачон ва қаерда никоҳ расмийлаштирилганлиги, никоҳларидан фарзандлари бор-йўқлиги, уларнинг ёши, эр-хотин ўртасида фарзандларини таъминлаш ва тарбиялаш ҳақида келишув бўлган-бўлмаганлиги, никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бирга кўрилиши мумкин бўлган бошқа талаблар қўйилаётганлиги ёки йўқлиги, никоҳдан ажралиш сабаблари кўрсатилган бўлиши лозим. Аризага никоҳ, ҳақидаги гувоҳқнома, болаларнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхалари, эр-хотиннинг ойлик маоши ва ўзга даромадлари ҳақидаги ҳужжатлар ва бошқа зарур бўлган ҳужжатлар илова қилинади.


12. Никоҳдан ажратиш ишларини вакиллар орқали юритиш қонунга зид эмас. Лекин бу туркумдаги ишларнинг хусусиятини ҳисобга олиб, улар қоидага кўра эр-хотиннинг бевосита ўзлари иштирокида кўрилиши лозим, фақат алоҳида ҳоллардагина (оғир касаллик, узоқ муддат бўлмаслик ва бошқалар) никоҳдан ажратиш тараф иштирокисиз, фақат вакилнинг иштироки билан кўрилиши мумкин.


13. Ишни судда кўришга пухта тайёрлаш зарурлигига судларнинг эътибори қаратилсин. Судья томонидан ФПКнинг 160-моддасига мувофиқ олиб борилган барча тайёргарлик ҳаракатлари ажримда ўз аксини топиши шарт.

Судья никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризани қабул қилиб, одатда жавобгарни чақириши, унинг ушбу аризага муносабатини аниқлаши, эр-хотинни яраштириш чораларини кўриши шарт. Қолаверса, судья тарафларнинг ҳар бири билан алоҳида, шунингдек уларнинг ҳар иккаласи билан биргаликда оилани сақлаб қолиш масаласида суҳбат ўтказиши лозим.

Ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида, судья, эр-хотин ўртасида суд томонидан ҳал этиладиган бошқа низоли масалалар бор-йўқлигини аниқлайди, қандай талаблар никоҳдан ажралиш ҳақидаги даъво билан биргаликда кўрилиши мумкинлигини тушунтиради, тарафлар ўртасида муқаддам никоҳдан ажралиш ҳақидаги иш бўлган-бўлмаганлигини аниқлайди, агар бундай иш бўлса, уни тарафларнинг ҳақиқий муносабатларини аниқлаш мақсадида, суд мажлисида кўздан кечириш учун чақиради.

Ишни тайёрлашни етарли деб топгач, судья ишни судда кўришга тайинлаш ҳақида ажрим чиқаради (ФПКнинг 161-моддаси).


14. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишни кўришда суд эр-хотинни яраштириш ва оилавий вазиятни соғломлаштириш чораларини кўришга мажбурлигини назарда тутмоқ лозим.

Эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда суд тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига ёхуд ўз ташаббусига кўра ишнинг кўрилишини бошқа вақтга қолдиришга ва эр-хотинга ярашишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада муҳлат белгилашга ҳақли.

Суд яраштириш учун берилган муддатда, эр-хотинни яраштириш мақсадида, зарур ҳолатларда, ажрим нусхаларини улар яшайдиган жойдаги хотин-қизлар қўмиталарига, маҳалла кенгашларига ва ўзини ўзи бошқариш органларига муҳокама килиш ва яраштириш учун юбориши мумкин.

Ишнинг кўрилиши бошқа вақтга қолдирилаётган муҳлат эр-хотиннинг ўзаро муносабатларини ва уларнинг яшаб кетиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши лозим.

Оилани сақлаш манфаатида суд иккинчи марта ишни кўришни қолдиришга ва эр-хотиннинг ярашиши учун қонунда кўрсатилган, олти ойгача бўлган муҳлатни белгилашга ҳақли.

Аниқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд эр-хотиннинг ёки улардан бирининг аризасига кўра, уларга ярашишлари учун берилган муҳлатни ўзгартиришга ва бу муҳлат ўтгунга қадар ишни кўришга ҳақли.

Ярашиш учун муҳлат бериш ҳақидаги ажрим, иш ҳолатлари текширилганидан ва судга мурожаат қилишга олиб келган ҳақиқий асослар аниқланганидан кейин чиқарилади.

Эр-хотиннинг ярашиши учун иш кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги ажрим алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқарилади (ФПКнинг 237-моддаси).

Эр-хотиннинг ярашиши учун иш кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги ажрим ишнинг келгусидаги ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги сабабли унинг устидан ФПКнинг 346-348-16-моддасига мувофиқ апелляция, кассация тартибида шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин эмас.

15. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 44-моддаси 2-қисмига мувофиқ судлар ажралишаётган эр-хотинларнинг вояга етмаган фарзандларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўришлари керак.

Судья никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризани қабул қилишда, шунингдек суд ишни кўриш жараёнида, эр-хотин никоҳдан ажралган тақдирда, ўрталаридаги фарзандларини таъминлаш ва тарбиялаш ҳақида ўзаро келишувга келган-келмаганлигини аниқлаши шарт. Агар бундай келишув бўлмаган бўлса, судья болаларнинг қайсиси ота-онадан қайси бирида қолиши ва уларнинг таъминоти учун нафақа ундириш масаласини ҳал қилиш тартибини тушунтиради. Шунингдек, суд ажрашаётган ота-онага боладан алоҳида турадиган ота ёки она болани таъминлаш ва тарбиялашда иштирок этишга мажбурлиги, бола билан бирга ота ёки она бошқа турадиган ота ёки онага бу масалада қаршилик кўрсатишга ҳақли эмаслигини тушунтириши лозим.

Ота ёки онанинг болани ўз тарбиясига олиб бериш ҳақидаги даъвоси рад қилинган ҳолда бу ота ёки она оталик ёки оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмайди.

Шароитлар ўзгарганда (ота ёки она билан бола ўртасидаги муносабатлар тикланган, боланинг яшаш шароитлари ёмонлашган ва бошқа ҳолларда) манфаатдор ота ёки она болани ўз тарбиясига олиб бериш ҳақида қайтадан даъво қўзғаш ҳуқуқига эга.


16. Вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида суд ишда аниқланган ҳолатларга мувофиқ ОКнинг 44-моддаси 2-қисмидаги қоидани ҳисобга олган ҳолда даъво қўзғатилган-қўзғатилмаганлигидан қатъи назар, болалар тарбияси учун нафақа ундириш масаласини муҳокама қилиши мумкин.

Ишни кўриш бошқа кунга қолдирилган ва эр-хотинга ярашиш учун муҳлат берилганда суд ФПКнинг 263-моддаси ва ОКнинг 112-моддасига кўра иш кўрилгунига қадар болалар таъминоти учун нафақа ундириш масаласини муҳокама қилишга ҳақли.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво рад қилинган ҳолда нафақа ундириш тўғрисидаги талаб мазмунан кўриш учун алоҳида иш юритишга ажратилади.


17. Агар нафақа ундириш ҳақидаги талаб сиртдан ҳал қилув қарори чиқариш тартибида (ФПКнинг 224-моддаси) ҳал қилинган бўлса, нафақа тўлашга мажбур бўлган шахс суднинг қароридан норози бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақида судга ариза бериши мумкин. Агар қарздор сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг бекор қилинишини талаб қилса, судья нафақа ундириш ҳақидаги ушбу қарорни бекор қилиш ҳақида ажрим чиқаради ва ишни Фуқаролик-процессуал кодексда белгиланган қоидалар бўйича кўради (ФПК 235-модда).

Никоҳдан ажралиш процессида қўзғатилган нафақа ундириш ҳақидаги талабни алоҳида иш юритишда кўришда, агар ФПКнинг 263-моддаси тартибида муқаддам нафақа ундирилмаган бўлса, Оила кодексининг 136-моддасига кўра, нафақа судга мурожаат қилинган кундан бошлаб ундирилишини, агар суд томонидан даъвогар алимент ундириш учун барча чораларни кўришига қарамай, жавобгар уни тўлашдан бош тортгани сабабли алимент ундира олмаганини, шунингдек даъвогар оилани сақлаб қолиш мақсадида ёки бошқа узрли сабаблар билан ўз вақтида даъво тақдим қилмаганлиги аниқланса, суд иш ҳолатларига қараб, ўтган вақт учун, аммо уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга алимент ундириш мумкинлигини назарда тутиши лозим.

Болалар таъминоти учун нафақа ундириш тўғрисидаги даъво қўзғатилганда, иккинчи томон туғилиш тўғрисидаги ёзувларни қайд қилиш дафтаридаги ёзувда отаси ёки онаси деб ёзилганига эътироз билдирса, бу икки талаб никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишдан алоҳида иш юритишда биргаликда кўриш учун ажратилиши лозим.


18. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд эр-хотиннинг ўзаро муносабатларини, никоҳдан ажратиш учун қўйилаётган асосларни, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликнинг асл сабабларини ҳар томонлама текширишга мажбур.

Судлар оиланинг барбод бўлганлик сабабларини аниқлаб, эр-хотиннинг нолойиқ хатти-ҳаракати ҳамда оиланинг барбод бўлишига сабабчи бўлган бошқа шахслар устидан алоҳида ажримлар чиқариши, тарбиявий характерга эга бўлган чоралар кўриши, оилавий келишмовчиликларни ечишга ёрдам бериш учун ажрим нусхаларини уларнинг иш, ўқиш ёки яшаш жойларидаги хотин-қизлар қўмиталарига юбориши зарур.

Никоҳдан ажратиш ҳақида даъво қўзғатишга эр-хотиндан бирининг спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиши сабаб бўлган бўлса, судлар сурункали ичкиликбозлик касалига дучор бўлган шахсни мажбурий даволашга юбориш чорасини кўришлари лозим.

Шу мақсадда, суд, қоидага кўра, ишни эр-хотиннинг ҳар иккаласи иштирокида кўриши лозим. Эр-хотиндан бири келмаганида ишни кўришга фақат фавқулодда ҳоллардагина (ФПКнинг 174-моддаси) ва асослантирилган суднинг ажримига кўра йўл қўйилиши мумкин. Эр-хотиндан бири доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига кўчиб кетган бўлса, суд ишнинг кўрилиши ҳақида унга хабар қилади ва унинг судга келиш имконияти бўлмайдиган ҳолларда суд тегишли ажрим чиқариб, ишни мазмунан кўради.


19. Оиладаги вақтинчалик келишмовчилик, тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан низолар, шунингдек жиддий асосларга эга бўлмаган сабабларга кўра эр-хотиндан бирининг ёхуд ҳар иккаласининг никоҳ муносабатини давом эттиришини хоҳламаслиги никоҳни бекор қилиш учун етарли асос бўла олмайди. Эр-хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқлиги, яъни, оиланинг тамомила барбод бўлганлиги аниқлансагина, суд никоҳдан ажратиш ҳақидаги талабни қаноатлантиришга ҳақли (ОКнинг 41-моддаси).


20. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 44-моддасида никоҳдан ажратиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариш вақтида суд томонидан ҳал этиладиган масалалар ёритилган. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бир вақтда эр-хотиннинг ушбу қонунда кўрсатилгандан ташқари бошқа талабларини кўриб чиқиш қонунда кўзда тутилмаган.

Эр-хотиннинг никоҳгача бўлган хусусий ва бошқа мулкларини ундириш ҳақидаги талаблари никоҳдан ажратиш ишида кўрилиши мумкин эмас.

Агар никоҳдан ажратиш масаласи кўрилаётган суд жараёнида ушбу иш билан бирга ҳал қилиниши мумкин бўлмаган талаблар қўйилган бўлса, бу талаблар кўрмасдан қолдирилади ва суд манфаатдор тарафга низони умумий асосларда, алоҳида даъво қўзғатиш йўли билан (давлат божини тўлаб) ҳал этиш мумкинлигини тушунтиради.

Суд бир иш юритишда бир-бирига боғлиқ бўлган никоҳдан ажратиш ва никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишга ҳақли.


21. Оила кодексининг 29-моддаси эр-хотинга никоҳда бўлган даврларида ва эр-хотин никоҳдан ажратилган тақдирда ўзгаларнинг мулки ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишув тузишларига имкон беришига судларнинг эътибори қаратилсин.

Никоҳ шартномасининг субъектлари бўлиб фақат никоҳга кирувчи шахслар ва эр-хотинлар бўлиши мумкин.


22. Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкинлигини, никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киришини, никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозимлигини назарда тутиш лозим.

Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ шартномасига Оила кодексининг 31-моддасида кўрсатилган муносабатлардан ташқари эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бошқа қоидалар ҳам киритилиши мумкин.


23. Оила кодексининг 23-моддаси эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулклари эканлигини белгилайди.

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари киради.

Никоҳни ФҲДЁ органларида қайд қилдирмаган ҳолда бир оила бўлиб яшаган шахсларнинг мулкий муносабатлари фуқаролик қонунлари меъёрлари билан тартибга солинади.


24. Оила кодексининг 25-моддасига мувофиқ эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёхуд бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулклари улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.

Эр-хотиннинг текинга олган мулклари, жумладан тўй муносабати билан олган совғалар (тўйдан кейин ўтказиладиган маросимлардан олган совғалари), агар улар умумий фойдаланиш буюмларидан иборат бўлса, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки таркибига киради.

Агарда тўй совғалари эр-хотиндан бирининг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган бўлса, улар ўша эр ёки хотиннинг хусусий мулки ҳисобланади (қимматбаҳо ва серҳашам буюмлар бундан мустасно).

Эр-хотиннинг никоҳга (тўйга) қадар олган ҳадялари (масалан, келиннинг сепи ва ш.ў.), бу буюмлардан турмушда фойдаланиш имкониятидан қатъи назар, уларнинг биргаликдаги умумий мулки таркибига кирмайди.

Агар эр-хотиннинг ҳар бирига тегишли бўлган мулкига никоҳлари давомида шу мулкнинг қийматидан анча ошиқ маблағ сарфланганлиги (қайта таъмирлаш, қўшимча қурилиш қилиш, қайта ўзгартириш ва ҳ.к) аниқланса, бу мулк эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки деб топилиши мумкин.


25. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги низони ҳал қилишда, судлар тўйни ўтказишга кетган сарф-харажатларни ундириш тўғрисидаги талабларнинг қаноатлантирилмаслигини назарда тутишлари шарт (ОКнинг 44-моддаси).


26. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлари, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳолат кўрсатилмаган бўлса, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.


27. Жамғарма ва кредит муассасалари ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлар фақат қайд қилинган никоҳда турган эр-хотин ўртасида бўлиниши мумкин.

Эр-хотиндан бири, иккинчиси томонидан учинчи шахс номига қўйилган омонатнинг бўлинишини талаб қила олмайди.

Эр-хотиндан бирининг номига қўйилган омонатни бўлиш ҳақидаги низони учинчи шахсларнинг талабига кўра алоҳида иш юргизишга ажратиб бўлмайди, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 768-моддасида кўрсатилган ҳол бундан мустаснодир.

Омонатнинг учинчи шахс маблағи ҳисобига (пул юбориш, ўтказиш ва ҳ.к.) йиғилганлигини аниқ исботловчи далиллар судга тақдим қилинган тақдирда, мазкур шахс эр-хотинга нисбатан омонатни бўлиш ҳақида эмас, балки низолашаётган суммани қайтариб бериш тўғрисида алоҳида тартибда даъво қўзғатиши мумкин.


28. Фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкка нисбатан эр ва хотиннинг эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунларда белгиланади.

Фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалигининг мол-мулкини бўлиш Фуқаролик кодексининг 223 ва 225-моддаларида назарда тутилган қоидалар асосида амалга оширилади.


29. Оила кодексининг 27-моддасига мувофиқ эр-хотин ўртасида бўлинадиган мулклар таркибига уларнинг никоҳ давомида орттирган ва мавжуд бўлган ёхуд учинчи шахсларда бўлган, мулклари (шу жумладан, пул маблағлари) киради. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзлари уларга белгиланган улушларга мутаносиб равишда ҳар иккаласи ўртасида тақсимланади.

Агар эр-хотиндан бири умумий мулкни эри ёки хотинининг ихтиёрига қарши ва оила манфаатига мос бўлмаган ҳолда ўз ихтиёри билан ишлатиб юборган ёки бошқа шахсга ўтказган бўлса, уни бўлишда бу мулк ёки унинг қиймати ҳисобга олинади.

Оилавий муносабатлар тугатилганида, суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкини улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.


30. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, эр (хотин)нинг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириш фақат унинг мол-мулкига қаратилиши мумкин. Бу мол-мулк етарли бўлмаса, ҳақ ундириш эр-хотиннинг мол-мулкига қаратиш учун кредитор қарздор эр (хотин) улушини эр-хотиннинг умумий мол-мулкидан ажратиб берилишини талаб қилишга ҳақлидир.


31. Эр-хотиндан бирининг мажбуриятлари бўйича орттирган барча ашёлари оила эҳтиёжлари учун ишлатилганлиги аниқланса, эр-хотиннинг умумий мажбуриятлари бўйича, шунингдек улардан бирининг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириш эр-хотиннинг умумий мол-мулкига ҳам қаратилади. Бу мол-мулк етарли бўлмаган тақдирда эр-хотин кўрсатиб ўтилган мажбуриятлар юзасидан уларнинг ҳар бирига қарашли мол-мулк билан шерик жавобгар бўладилар.

Вояга етмаган болалар эҳтиёжини қондириш учун олинган буюмлар бўлинмайди ҳамда болалари ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга компенсациясиз берилади.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобидан ўртадаги вояга етмаган болалар номига қўиилган омонатлар ўша болаларга тегишли ҳисобланиб, эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш пайтида эътиборга олинмайди.


32. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг ҳисобланади.

Суд вояга етмаган болаларнинг манфаатини ёки эр-хотиндан бирининг эътиборга сазовор манфаатларини ҳисобга олиб, жумладан, агар эр ёки хотин узрсиз сабабларга кўра даромад олмаган бўлса ёки эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини оила манфаатларига зарар етказган ҳолда сарфлаган бўлса, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушлари тенглигидан чекинишга ҳақлидир.

Агар эр ва хотиндан бири умумий мол-мулкни эр ёки хотиннинг эркига зид равишда ва оила манфаатига мос бўлмаган ҳолда ўз хоҳишига кўра сарфлаган ёки бошқа шахсга ўтказган бўлса, уни бўлишда бу мол-мулк ёки унинг қиймати ҳисобга олинади.

Суд эр-хотиннинг умумий мулкидаги ҳиссани тенг қилиб белгилаш қоидасидан четга чиқиш асосларини ҳал қилув қарорида кўрсатиши шарт.


33. ФПКнинг 210-моддасига мувофиқ суд мол-мулкни асл ҳолида ундириш тўғрисида чиқарган ҳал қилув қарорида, агар ҳал қилув қарорини ижро этиш вақтида бўлинган мулк нақд бўлмаса, жавобгардан ундириб олиниши лозим бўлган мулкнинг қийматини ҳам ҳал қилув қарорида кўрсатиши шарт.

Эр-хотиндан бирига у ёки бу мулкни асл ҳолида бериш масаласини ҳал этишда суд мулкнинг характери ва қандай эҳтиёж учун мўлжалланганлигини, сотиб олиш шартларини ва бошқа эътиборга молик ҳолатларни эътиборга олиши лозим.

Чунончи, автомобилни бўлишда суд эр-хотиндан қайси бири ундан ҳақиқатда фойдаланганлигини, техник ҳолатига қараб келганлигини, уни бошқариш учун ҳуқуқи борлигини ва ҳ.к.ларни эътиборга олади.


34. Эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки бўлган уй-жойни бўлиш ҳақида низо бўлган тақдирда, судлар уй-жойга бўлган умумий мулк ҳуқуқини тартибга солувчи қонун нормалари талабларини ҳисобга олган ҳолда уйни асл ҳолида бўлиш мумкинлиги масаласини муҳокама қилишлари лозим.

Уй-жойнинг қиймати ҳал қилув қарори чиқарилаётган вақтдаги низоли уй жойлашган ҳудудда амалда бўлган нархдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Эр-хотиннинг бошқа мулклари қийматини, уларнинг ишлатилганлик даражасини ҳисобга олган ҳолда, аниқлаш учун, зарур ҳолларда, тегишли экспертиза тайинлаш мумкин.

Мулкларнинг қиймати ўзгарганда уларнинг қиймати ҳал қилув қарори чиқарилаётган кунда амалда бўлган нархлар бўйича белгиланади.


35. Болалар ҳам ўзларига тегишли бўлган мулклар ва улардан келган даромадларга мулкдор ҳисобланишларига судларнинг эътибори қаратилсин.

Ота-она ва болаларнинг ўртасида келиб чиққан умумий мулкларига болаларнинг эгалик қилиши, улардан фойдаланиши ва уларни тасарруф этиши фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинади.


36. Оила кодекси 27-моддасининг 9-қисмида кўрсатилган, ажралган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш ҳақидаги талаблари учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтиши, эр ёки хотин ўзининг ҳуқуқи бузилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошланади. Даъво муддати никоҳдан ажратиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ҳисобланади.


37. Суд никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвони рад этган бўлса, никоҳдан ажратиш билан бирга берилган бошқа низоларни ҳал қилмайди. Бундай вазиятда тарафлар судловлик ҳақидаги қоидага риоя қилган ҳолда бу талаблар бўйича қайтадан даъво қўзғатишга ҳақлидирлар.


38. Никоҳдан ажратиш ёхуд никоҳдан ажратишни рад қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори қонуний, асосли ва адолатли бўлиши ҳамда суд мажлисида ҳар томонлама текширилган далилларга асосланган бўлиши лозим.

Ҳал қилув қарорининг асослантириш қисмида суд томонидан аниқланган эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликларнинг сабаблари, суднинг оилани сақлаш имконияти борлиги ёхуд унинг батамом барбод бўлганлиги ҳақидаги хулосага келиши учун асос бўлган далиллар, суднинг у ёки бу далилларни инобатга олмаслиги учун асос қилиб олган важлари, суд қўллаган қонунлар кўрсатилади.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвони қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг хулоса қисми тарафларнинг барча талаблари бўйича, шу жумладан, биргаликда кўриш учун бирлаштирилган талаблари бўйича ҳам суднинг хулосаларини ўз ичига олиши лозим. Шунингдек, ҳал қилув қарорининг бу қисмида зарур маълумотлар (никоҳ қайд қилинган вақт, далолатнома ёзувининг сони, никоҳни қайд қилган органнинг номи, 18 ёшгача бўлган болаларнинг сони) ҳам кўрсатилиши лозим.

Эр-хотиннинг фамилиялари ҳал қилув қарорида никоҳ қайд этилганлик ҳақидаги гувоҳнома асосида ёзилади. Никоҳга кирган вақтда фамилия ўзгарган бўлса, ҳал қилув қарорининг кириш қисмида никоҳгача бўлган фамилия ҳам кўрсатилади. Никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. Ҳал қилув қарорида эр-хотиндан қайси биридан ва қайси миқдорда давлат божи ундирилиши ва эр-хотиндан қайси бири уни тўлашдан озод қилинганлиги ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотлар кўрсатилиши лозим.

Никоҳдан ажратилган ҳолда эр-хотиндан ундирилиши лозим бўлган давлат божининг миқдорини белгилашда суд уларнинг ҳар бирининг моддий аҳволини, оиланинг барбод бўлишидаги айби даражасини ва бошқа муайян ҳолатларни, жумладан, вояга етмаган болаларнинг эр-хотиндан қайси бири билан яшаш учун қолаётганлигини ҳисобга олади.


39. Судларга тушунтирилсинки, худди шу тарафлар томонидан аввалги асослар бўйича никоҳдан ажратиш ҳақида қайтадан берилган даъво аризаси суднинг иш юритишига суднинг даъвони рад қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ёхуд даъвогарнинг даъводан воз кечгани ёки тарафлар ярашганлиги сабабли иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрими қонуний кучга кирганидан сўнг олти ойдан кам бўлмаган муддат ўтгач, қабул қилиниши мумкин. Бундай даъво аризаси янги асосларга кўра юқоридаги муддатга риоя қилинмасдан ҳам берилиши мумкин.


40. Тарафларнинг ярашганлиги учун, шунингдек бошқа асосларга кўра иш юритиш тугатилганда, суд ФПКнинг 237-моддасига мувофиқ ажрим чиқариши лозим ва тарафларга никоҳ ҳақидаги гувоҳномани қайтариб беришга мажбур.


41. Тарафларга ярашиши учун муҳлат беришда ҳам, шунингдек ишни мазмунан кўришда ҳам, оилани сақлаб қолиш манфаати учун эҳтиёж юзага келса, зарур ҳолларда, жамоат вакилларини ишга жалб қилиш судларга тавсия қилинсин.


42. Никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан, никоҳдан судда ажратилганда эса, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб никоҳ тугатилган ҳисобланади.

Оила кодексининг 47-модда 1-қисмида белгиланган никоҳнинг тугатилиш вақти 1998 йил 1 сентябрдан кейин ажратилган никоҳларга татбиқ этилади.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органларида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори нусхаси никоҳдан ажратилганлик тўғрисидаги гувоҳномага тенглаштирилади (ОКнинг 47-моддаси).


43. Оила кодексининг 49-моддасига мувофиқ қонунда белгиланган никоҳ тузиш шартларини бузиб қайд қилинган никоҳ суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Жумладан, никоҳ тузиш учун никоҳланувчиларнинг ўзаро розиликлари бўлмаса, бошқа бекор қилинмаган никоҳ мавжуд бўлса, насл-насаб даражаси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида тузилган бўлса, лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс билан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳга кирилган бўлса сохта никоҳ, яъни, эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай тузган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Агар никоҳга кирувчининг никоҳни қайд қилиш вақтида ўз ҳаракатларининг моҳиятини тушунмаганлиги ва уларни идора қила олмаганлиги, шу сабабли никоҳга киришга ҳақиқий розилигини ифода эта олмаганлиги аниқланса ҳам никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


44. Агар суд томонидан никоҳдан ажратиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган бўлса, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво, қайд қилинган қарор бекор қилинганидан кейингина кўрилиши лозим, чунки суд бундай қарорни қабул қилишда никоҳнинг ҳақиқийлик фактидан келиб чиққан. ФПКнинг 60-моддасига мувофиқ бундай ҳал қилув қарори билан аниқланган фактлар ва ҳуқуқий муносабатларга ўша шахслар иштирок этаётган бошқа фуқаролик ишларини кўраётганда янгидан исбот қилинмайди.


45. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органида никоҳдан ажратилган, кейинчалик эса никоҳдан ажратиш қайд қилинганлик ёзувини бекор қилиш ва уни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида талаб қўйилганида, суд бу ҳар икки талабни бир вақтда ҳал қилади.


46. Иш бўйича никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори апелляция, кассация ёки назорат тартибида бекор қилинганидан кейин суд ишни янгидан кўришда никоҳдан ажратилганлик фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органида қайд қилинган-қилинмаганлигини текширишга мажбур.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органида никоҳдан ажралиш қайд қилинган тақдирда суд янги қарор чиқара туриб, бу ёзувни бекор қилиш масаласини ҳал қилиши шарт.

Агар бу вақтга қадар эр-хотиндан бири янги никоҳга кирган бўлса, бу никоҳнинг ҳақиқий эмаслик масаласи биринчи никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвони рад қилиш тўғрисида чиқарилган ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин манфаатдор шахснинг даъвосига кўра ҳал қилиниши лозим.


47. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича суд мажлиси баёнлари ФПКнинг 21-моддаси талабларига мос келиши лозим. Жумладан, уларда суд муҳокамасининг барча аҳамиятли ҳолатлари: даъвогар ва жавобгар тўғрисидаги, болалар ва уларнинг ёшлари ҳақидаги маълумотлар, даъвонинг моҳияти юзасидан тўлиқ тушунтиришлар, гувоҳлар баёнотлари, суд томонидан бошқа далилларнинг текширилганлиги, шунингдек суднинг тарафларни яраштириш борасида қилган ҳаракатлари кўрсатилиши шарт.


48. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари ва Тошкент шаҳар суди раисларининг эътиборлари никоҳдан ажратиш ҳақидаги ҳал қилув қарорлари устидан протест келтириш масаласини, жумладан, эр-хотиндан бири бошқа никоҳга кирган бўлса, чуқур мулоҳаза қилиб ҳал этиш зарурлигига қаратилсин. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорларини назорат тартибида бекор қилишга тарафларнинг алоҳида аҳамиятга молик бўлган ҳуқуқлари бузилган тақдирда ва тарафлардан бирининг шикояти бўлганда, фақат фавқулодда ҳоллардагина йўл қўйилиши мумкин.


49. Никоҳ ва оила қонунчилиги тўғри татбиқ қилинишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари ва Тошкент шаҳар судига:


а) никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириш;

б) судьялар билан семинар машғулотлари ўтказиш ва қонунчиликни тарғибот қилишда фаол иштирок этиш мажбурияти юклатилсин.


50. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан "Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги 17-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.

































Время: 0.1836
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск