язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд хокимияти. Одил судлов/ Судьяларни танлаш ва тайинлаш тартиби. Судьяларнинг мақоми. Халқ маслаҳатчилари/ Судьяларга, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари ходимларига, прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарага турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.10.2012 й. 312-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 31 октябрдаги

312-сон қарорига

2-ИЛОВА


Судьяларга, Ўзбекистон Республикаси

Ҳисоб палатаси, суд органлари ходимларига,

прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга

қарши курашиш департаменти, давлат солиқ хизмати ва давлат

божхона хизмати органлари ходимларига уй-жойларни ижарага

олганлик (ижарага турганлик) учун ҳар ойлик пул

компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Суд тизими ходимларининг ижтимоий муҳофазасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 2 августдаги ПФ-4459-сон, "Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 18 июлдаги ПФ-5116-сон ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 10 августдаги ПФ-5147-сон, "Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сон фармонларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 13 ноябрдаги ПҚ-2065-сон қарорига мувофиқ судьяларга, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура ва органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимларига (кейинги ўринларда прокуратура органлари ходимлари деб аталади) ва давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низомнинг амал қилиши судьяларга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяларига (кейинги ўринларда судьялар деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, судлар, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази (кейинги ўринларда суд органлари деб аталади) ходимларига ва прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига татбиқ этилади.

2. Уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси (кейинги ўринларда пул компенсацияси деб аталади) уй-жойлар билан таъминланмаган судьяларга, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари ходимларига ва прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно), лекин:

Тошкент шаҳрида - энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;

Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида - энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;

Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари ва туманлар марказларида - энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўланади.

Оила аъзолари уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда (судьянинг, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари ходимининг ва прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларининг ўзини ҳисобламаган ҳолда) ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади. Бунда судьянинг, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларини тайинлаш (сайлаш) жойига келган оила аъзолари: хотини (эри), уларнинг болалари ва ота-оналари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарага олувчининг оила аъзолари деб эътироф этилган бошқа шахслар ҳисобга олинади.

3. Судьяга, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари, прокуратура, давлат солиқ хизмати органлари ва давлат божхона хизмати органлари ходимига пул компенсацияси тўлаш судья, суд органлари, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходими тайинланган жойга келгандан (сайлангандан) кейин уй-жой ижарага олинган (ижарада турган) кундан бошлаб белгиланган тартибда расмийлаштирилган уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномаси асосида амалга оширилади. Судьяга, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимига тайинланган (сайланган) жойида хизмат уй-жой майдони берилган тақдирда ёки у уй-жой сотиб олганда, унинг ваколатлари тўхтатилганда ва тугаганда пул компенсацияси тўлаш тўхтатилади.

4. Судьяга ва суд органлари ходимига тайинланган (сайланган) жойида хизмат уй-жой майдони берилган тақдирда ёки улар уй-жой сотиб олганда улар бир ҳафта муддатда тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича тегишли ҳудудий бўлими (кейинги ўринларда тегишли органлар деб аталади) бухгалтериясига пул компенсацияси тўлашни тўхтатиш тўғрисида ариза бериши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ходимига хизмат турар жойи берилган ёки у Тошкент шаҳрида турар жой сотиб олган тақдирда у бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Администрацияси молия-хўжалик департаментига (кейинги ўринларда тегишли орган деб аталади) пул компенсацияси тўлашни тўхтатиш тўғрисида ариза беради.

Прокуратура органлари ходимига хизмат уй-жойи берилганда ёки у тайинланган (сайланган) жойида уй-жой сотиб олганда у бир ҳафта муддатда тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда уларга тенглаштирилган прокуратуралар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда тегишли органлар деб аталади) бухгалтериясига пул компенсацияси тўлашни тўхтатиш тўғрисида ариза бериши шарт.

Давлат солиқ хизмати органлари ходимига хизмат уй-жойи берилганда ёки у тайинланган жойда уй-жой сотиб олганда у бир ҳафта муддатда тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри Давлат солиқ бошқармалари (кейинги ўринларда тегишли органлар деб аталади) бухгалтериясига пул компенсацияси тўлашни тўхтатиш тўғрисида ариза бериши шарт.

Давлат божхона хизмати органлари ходимига хизмат уй-жойи берилганда ёки у тайинланган жойда уй-жой сотиб олганда у бир ҳафта муддатда тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари, "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси, Божхона институти, Миллий кинология маркази (кейинги ўринларда тегишли органлар деб аталади) бухгалтериясига пул компенсацияси тўлашни тўхтатиш тўғрисида ариза бериши шарт.

5. Тайинланган (сайланган) жойида ота-оналари ёки эри (хотини)нинг ота-оналари уй-жойларида бирга яшаётган судьяларга, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари ходимларига ва прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига пул компенсацияси тўланмайди.

6. Судья, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари ходимлари ва прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари пул компенсациясини олиш учун вақтинча яшаш жойини ва уй-жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун коммунал хизматлар қийматисиз амалдаги харажатлар суммасини кўрсатган ҳолда тегишли орган раҳбарига ариза беради.

Пул компенсацияси тўлаш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

судьяни, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ходимини тайинлаш (сайлаш) тўғрисидаги қарорнинг нусхаси, суд органлари ходимини, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимини лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг нусхаси;

никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

қонун ҳужжатларига мувофиқ оила аъзолари деб эътироф этилган бошқа шахслар ҳужжатларининг нусхаси;

уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномасининг нусхаси.

Тегишли орган тақдим этилган ҳужжатлар асосида уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) учун компенсация миқдорини кўрсатган ҳолда пул компенсацияси тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқаради.

Тегишли органлар шахслар ижарага олинган уй-жойда яшашларини ва уларнинг яшаш жойлари ўзгаришини доимий назорат қиладилар.

7. Судьяга бола икки ёшга тўлгунгача уни парвариш қилиш учун таътил берилган тақдирда, пул компенсацияси таътилнинг бутун даврига, бироқ судья ушбу уй-жойда яшаши шарти билан, судья этиб тайинланган (сайланган) муддатдан кўп бўлмаган муддатга берилади.

Суд органлари ходимига ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ходимига, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимига бола икки ёшга тўлгунгача уни парвариш қилиш учун таътил берилган тақдирда, пул компенсацияси таътилнинг бутун даврига, бироқ суд органлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ходими, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходими ушбу уй-жойда яшаши шарти билан берилади.

8. Пул компенсацияси суд, суд органи ва прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари жойлашган жой бўйича тегишли органнинг бухгалтерияси томонидан, ушбу Низомнинг 6-бандига мувофиқ чиқарилган буйруқ асосида, иш ҳақи тўлаш билан биргаликда ўтган ой учун тўлов ведомости бўйича тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ходимларига пул компенсацияси тегишли орган томонидан ушбу банднинг биринчи хатбошида белгиланган тартибда тўланади.

Пул компенсациясини олиш учун ҳужжатлар тегишли органларда қонун ҳужжатларида белгиланган муддат тамом бўлгунгача сақланади.


9. Пул компенсацияси миқдорини аниқлашда ҳисобга олинадиган оила таркиби ўзгарган тақдирда, судьянинг, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари ходимининг ва прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларининг оила таркиби ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари илова қилинган пул компенсацияси миқдорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризаси асосида янги миқдорлардаги пул компенсацияси белгиланган тартибда ушбу ўзгаришлар бошланган кундан бошлаб тўланади.

10. Судья, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари ходими ва прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари ходими томонидан ортиқча олинган пул компенсацияси суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш ҳақидан ушлаб қолиш йўли билан тўлиқ миқдорда ундан ундириб олинади.

11. Ушбу Низомга мувофиқ судьяларга, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари ходими ва прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига пул компенсацияси тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Пул компенсацияси тўлашга пул маблағлари сарфи тўғрисидаги ҳисобот ушбу Низомга мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йилнинг ҳар чорагида тақдим этилади.

12. Пул компенсацияси тўлашнинг тўғрилигини назорат қилиш тегишли органлар раҳбарлари зиммасига юкланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 44-сон, 506-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2012 йил, 10-сон, 78-модда