язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Божхона қонунчилиги/ Божхона органлари фаолиятини тартибга солиш/ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.07.1997 й. 374-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 30 июлдаги

374-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (кейинги ўринларда - ДБҚ деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Давлат божхона қўмитаси ўз ваколатлари доирасида ягона бож сиёсати ўтказилишини, божхона ишлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини, ДБҚ органлари тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлайди.


2. Давлат божхона қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро битимларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига амал қилади.

3. Давлат божхона қўмитасининг қонунчиликка мувофиқ ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари, мулкчилик шартларидан қатъи назар, жисмоний ва юридик шахслар томонидан ижро бажарилиши мажбурийдир.

4. Давлат божхона қўмитаси органларининг тизимини қуйидагилар ташкил этади:

ДБҚ марказий аппарати;

ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари (ДБҚБ), ихтисослаштирилган божхона комплекслари (ИБК);

божхона постлари.

5. ДБҚ марказий аппарати, ДБҚБ, ИБК юридик шахс ҳисобланадилар, банк муассасаларида ҳисоб-китоб, жорий ва бошқа счётларга, шу жумладан валюта счётларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўладилар.

6. Давлат божхона қўмитасида белгиланган тартибда моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя қилиш, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ташкил этилади.


II. ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИ

ОРГАНЛАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


7. Давлат божхона қўмитаси органларининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва белгиланган ваколатлар доирасида унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш;

республика бож сиёсати ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишида қатнашиш;

бож қонунларига риоя қилиниши устидан назорат ўрнатиш;

бож ишларини амалга оширишда фуқароларнинг, шунингдек юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;

республиканинг ташқи иқтисодий алоқалари ривожланишига кўмаклашиш;

хорижий давлатларнинг божхона органлари, божхона иши масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, халқаро божхона ва савдо ташкилотларида қатнашиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалардан келиб чиқувчи божхона ишига оид мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш;

бож пошлиналари, солиқлар ва бошқа бож тўловларини ундириш;

республиканинг бошқа давлатлар билан савдо-иқтисодий, валюта-молиявий муносабатларини бож-тариф тартибга солиш воситаларини ишлаб чиқиш ва самарали қўллаш;

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтадиган товарлар ва транспорт воситалари устидан божхона текширувини таъминлаш;

республиканинг божхона чегараси орқали товар обороти ўтишини жадаллаштиришга кўмаклашувчи шарт-шароитлар яратиш;

контрабандага, божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш, республиканинг божхона чегараси орқали гиёҳвандлик моддалари, психотроп ва портловчи моддалар, қурол-яроғ, валюта бойликлари, миллий бойлик ҳисобланган бадиий, маданий-тарихий ва археологик мерос буюмлари, интелектуал мулк объектлари ғайриқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш;

божхона статистикаси ва махсус божхона тизимини юритиш, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматини, манфаатдор вазирликлар ва идораларни божхона ишига тегишли масалалар бўйича ахборот билан таъминлаш;

божхона иши соҳасидаги фаолият тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва уни ишлашнинг автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатурасини юритиш;

кадрлар тўғри танланиши ва жой-жойига қўйилишини, ДБҚ органлари шахсий таркиби хизмат тайёргарлиги ва интизоми юқори даражада бўлишини таъминлаш;

божхона ташувчилари фаолияти, божхона ва эркин омборлар, божсиз савдо дўконлари иши, товарларга божхона ҳудудидан ташқарида, божхона ҳудудида ва божхона назорати остида қайта ишлов берилиши устидан назоратни таъминлаш;

божхона иши соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ва маслаҳатлар беришни ташкил этиш;

божхона органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, божхона атрофи инфраструктурасини ривожланишига кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва тузилган халқаро шартномалар ва битимлар билан белгиланадиган бошқа вазифалар.


III. ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИ

ОРГАНЛАРИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


8. ДТҚ органлари юкланган вазифаларга мувофиқ:

ягона божхона сиёсати амалга оширилишининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий механизмаларини ишлаб чиқади, уларнинг амалда қўлланилишини таъминлайди, божхона иши соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланишида қатнашади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ишлаб чиқилишида қатнашиш, белгиланган тартибда ва ўз ваколатлари доирасида божхона масалалари бўйича халқаро битимлар ва шартномалар тузади;

республиканинг божхона ҳудудида давлат хавфсизлигини, жамоат тартиби, инсон ҳаёти ва саломатлиги ҳимоя қилиниши, ҳайвонлар ва ўсимликлар муҳофаза қилиниши, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишига кўмаклашади;

белгиланган тартибда божхона назорати амалга оширилишини таъминлайди ва унинг шаклларини такомиллаштиради;

божхона қонунчилигига ва ўз ваколатлари доирасида-солиқ қонунчилигига риоя этилиши устидан назоратни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

божхона тартибга солиш воситалари қўлланилишини таъминлайди, божхона - тариф механизми ҳам шу жумлага киради, ташқи иқтисодий фаолиятни тарифли тартибга солиш усуллари, квоталаш нормалари, лицензиялаш ва декларация тақдим этиш ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишида белгиланган тартибда қатнашади;

бож пошлиналари, солиқлар ва бошқа тўловлар давлат бюджетига ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида валюта назоратини амалга оширади;

божхона статистикаси методологиясини такомиллаштиради, божхона иши соҳасида статистика маълумотлари тўпланиши, уларга ишлов берилиши ва таҳлил қилинишини ташкил этади, республиканинг ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантириш, ташқи савдо ва тўлов балансини мустаҳкамлаш бўйича прогноз ҳисоб-китобларни амалга оширади ва таклифларни ишлаб чиқади;

божхона иши соҳасидаги фаолият тўғрисида ахборот тўпланиши ва ишлаб чиқилиши ҳамда автоматлаштирилган тизим жорий этилишини юритади, шунингдек божхона статистика маълумотларини тегишли идоралар ва манфаатдор органларга тақдим этади;

контрабанданинг, божхона қонунчилигининг, ўз ваколатлари доирасида солиқ қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва уларга барҳам бериш чора-тадбирларини мустақил равишда ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқади ва қўллайди, шунингдек халқаро терроризмга ва Ўзбекистон аэропортларида халқаро фуқаро авиацияси фаолиятига ғайриқонуний аралашишга қарши курашишга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қўллайди;

божхона органлари ваколатига тегишли бўлган ишлар бўйича терговга қадар текширув, суриштирув ва қонунчиликка мувофиқ божхона қоидалари бузилиши тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади;

юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган божхона қоидалари бузилганлиги учун таъсир кўрсатиш чораларини белгиланган тартибда қўллайди;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва портловчи моддалар, қурол-яроғ республиканинг божхона чегараси орқали ғайриқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва қўллайди;

республиканинг ва хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан биргаликда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар назорат остида етказиб берилишини амалга оширади;

Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари билан ўзаро ҳамкорликда қонунчиликда белгиланган тартибда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширади;

айбдорларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалан божхона органлари ваколатлари доирасидан ташқарига чиққанда қонун бузилишлари фактлари бўйича материалларни тергов, суд органлари ва бошқа органларга топширади;

божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан қонунийликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади, божхона органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан тушган вилоятлар ва эътирозларни белгиланган тартибда кўриб чиқади;

божхона органларига юкланган вазифалар ва функциялар амалга оширилишини таъминловчи илмий-техник хизматлар, лабораториялар, уқув марказлари, бошқа корхоналар ва ташкилотларни ташкил этади;

божхона органлари ходимларини тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади;

божхона ва эркин омборлар, божсиз савдо дўконлари, божхона ташувчилари, товарларга божхона ҳудудидан ташқарида, божхона ҳудудида ишлов бериш юзасидан назоратни амалга оширади, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда божхона ва эркин омборлар, божсиз савдо дўконлари, божхона ташувчилари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига рухсатнома беради;

халқаро божхона ва савдо ташкилотларида қатнашади, хорижий давлатларнинг божхона органлари, божхона иши масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади, қонунчиликда белгиланган тартибда хорижий мамлакатларнинг божхона хизматлари билан ахборотни ўзаро айирбошлайди;

божхона органларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади, ташқи савдо юкларини божхона расмийлаштириши учун пунктлар тармоғини ва божхона инфраструктурасининг бошқа объектларини кенгайтириш ҳам шу жумлага киради;

ДБҚнинг моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя қилиш, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига тушадиган маблағлар ҳисобига республикада божхона ишини ривожлантириш чора-тадбирларини маблағ билан таъминлайди;

хавфли юклар, қурол-яроғлар, ҳарбий техника, ҳарбий мол-мулклар, портловчи моддалар ва буюмлар, шунингдек ҳарбий таркиблар транзити чоғида қонунчиликка мувофиқ хулосалар беради ва назоратни амалга оширади;

Давлат божхона қўмитасига қонунчилик билан бошқа функциялар ҳам юкланиши мумкин.



IV. ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИ

ОРГАНЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


9. ДБҚ органлари юкланган вазифаларни самарали бажариш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

божхона ҳуқуқ бузилишларини аниқлашнинг техник ва махсус воситаларини қўллаш;

божхона органлари ваколатига тегишли бўлган ишлар бўйича терговга қадар текширув ва суриштирув олиб бориш;

божхона қоидалари бузилиши тўғрисидаги ишларни юритиш, бундай ишларни кўриб чиқиш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан божхона қонунчилиги бузилганлиги учун таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш, уларнинг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва қўллаш;

тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;

божхона назоратидан ўтказилиши керак бўлган товарлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилиши (қайта кўздан кечирилиши)ни ҳамда уларга ҳужжатлар тақдим этилишини талаб этиш; товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш (қайта кўздан кечириш), етарлича асослар мавжуд бўлганда эса-жисмоний шахсларни шахсан кўздан кечириш;

бевосита божхона ҳуқуқ бузилишлари буюмлари ҳисобланган товарлар, транспорт воситалари ва бошқа буюмларни ушлаш ва олиб қўйиш;

Ўзбекистон Республикаси ташқарисига маркалари билан маркаланмаган тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келтиришда транспортда ташишда (халқаро транзитдан ташқари) ва сақлашда мусодара қилиш (хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан суд тартибида) тўғрисида қарор қабул қилиш;

транспорт воситаларини мажбуран тўхтатиш, Ўзбекистон Республикаси бож ҳудудини божхона органларининг рухсатисиз тарк этган денгиз, дарё ва ҳаво кемаларини қайтариш;

пломбаларни очиш, багажниклар, юк бўлмалари, транспорт воситалари кузовлари, контейнерлар ва бошқа транспорт тарасининг тамба қурилмаларини очиш;

мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юрдик ва жисмоний шахсларнинг божхона назоратидан ўтиши керак бўлган товарлари ва транспорт воситалари турган ҳудудига ва биноларига тусиқсиз кириш, шунингдек назорат қилиш божхона органларига юкланган фаолиятни амалга ошириш;

товарлар ва бошқа буюмлар пробалари ва намуналарини олиб қўйиш уларни тадқиқ (экспертиза) қилиш;

шахсдан унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият органларидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган юридик ва жисмоний шахслардан (мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар) божхона иши (назорати)ни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар, материаллар ва ҳужжатларни сўраш ва олиш;

хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб-китоб счётларидан божхона тўловлари сўзсиз тартибда ўтказилиши тўғрисида, божхона тўловлари бюджетдан хўжалик юритувчи субъектлар счётига қайтарилиши тўғрисида банкларга ва бошқа молия-кредит муассасаларига белгиланган тартибда топшириқлар бериш;

кўрсатиб ўтилган топшириқ кечиктирилган ёки бажарилмаган ҳар бир кун учун ўтказилиши ёки қайтарилиши керак бўлган божхона тўловлари суммасидан банклардан ёки бошқа молия-кредит муассасаларидан, шунингдек хўжалик субъектларидан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорида божхона тўловлари тўлаш муддати кечиктириб юборилган ҳар бир кун учун белгиланган тартибда 0,5 фоиз миқдорида пеня ундириш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда божхона йиғимлари ставкаларини белгилаш;

божхона ва эркин омборларни, божсиз савдо дўконларини очиш, божхона ташувчилари сифатидаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига рухсатномалар бериш;

ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиларининг ташқи иқтисодий фаолиятини тўхтатиш тўғрисида белгиланган сабаблари кўрсатилган тақдимнома киритиш;

божхона назоратини амалга оширишга кўмаклашиш учун мутахассислар ва экспертларни жалб қилиш;

ўз ваколатлари доирасида божхона назорати остидаги товарларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва ушбу товарларга тааллуқли ҳужжатларни текшириш.

10. Божхона органларининг мансабдор шахслари хизмат вазифаларини бажариш чоғида табель ўқотор қуролини ва якка тартибда ҳимояланиш воситаларини олиб юриш, сақлаш, қўллаш ва фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.


V. ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Давлат божхона қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланадиган Раис бошчилик қилади.

Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва ихтисослаштирилган божхона комплекслари бошлиқлари эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан тайинланади.

Раис ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш Давлат божхона қўмитаси раиси томонидан амалга оширилади.

11-1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси куйидагилар учун шахсан жавоб беради:

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини ўз вақтида ва сифатли бажариш;

божхона органларига юксак касб кўникмаси ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган ҳар томонлама камол топган ва ватанпарвар ёшларни жалб этишга қаратилган кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг принципиал жиҳатдан янги тизимини яратиш;

ходимларнинг хизматга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, қонунийлик бузилишининг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, жамоада соғлом муҳитни шакллантириш;

хизматни фидокорона ўтаётган кадрларни ҳар томонлама рағбатлантириш, хизмат интизомини, қонун ҳужжатлари талабларини қўпол равишда бузган ходимларни интизомий ҳамда бошқа турдаги жавобгарликка тортиш;

Олий ҳарбий божхона институти фаолиятини самарали ташкил этиш;

божхона хизмати органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, аҳоли, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан бевосита, мақсадли мулоқот ўрнатиш, шунингдек, фуқароларни шахсан қабул қилиш.

11-2. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари қуйидагилар учун шахсан жавоб беради:

божхона ишини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, божхона ҳақидаги қонунларни ва ҳуқуқни кўллаш амалиётини такомиллаштириш, божхона соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш;

давлат хизматлари кўрсатиш, маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш орқали божхона органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан бевосита алоқасиз мулоқот қилиш шаклларини жорий этиш;

хавф-хатарни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини, ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларига нисбатан муносабатда бўлишнинг соддалаштирилган божхона тартиботларини қўллаш тартибини жорий этиш, ва уларнинг самарали ишлаши;

божхона назоратининг замонавий шакллари, усуллари ва техник воситаларини жорий этиш ҳисобига товарларнинг ноқонуний импортини, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш.

11-3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосарлари куйидагилар учун шахсан жавоб берадилар:

ташқи савдо операциялари мониторингини олиб бориш, экспорт-импорт шартномалари ижросини таҳлил қилиш, товарлар экспорти прогнозларини бажариш, ташқи савдо операцияларини амалга оширишда валюта ҳақидаги қонунларга риоя қилиш;

божхона статистикасини шакллантириш ва унинг ишончлилиги, Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдосини ҳамда мамлакатнинг асосий савдо шериклари бўлган давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳақида таҳлилий материаллар тайёрлаш;

статистика маълумотларининг ишончлилигини таъминлаш мақсадида хорижий мамлакатларнинг божхона хизматлари билан ахборот алмашиш, ташқи савдо соҳасида ҳуқуқбузарликлар белгиларини аниқлаш;

ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатураси бўйича товарлар таснифи тўғрилигини баҳолашни назарда тутувчи божхона постлари фаолияти устидан амалий назорат қилиш тизимини ишлаб чиқиш, уларнинг божхона қийматини аниқлаш, божхона тўловларини ҳисоблаш ва ундириш, шунингдек, кўрсатиб ўтилган масалаларда методологик ёрдам бериш;

контрабандага ва божхона ҳақидаги қонунлар бузилишига қарши курашишнинг ҳолати ва самарадорлиги, товарларни ноқонуний олиб кириш механизмларини аниқлаш ва таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигининг амалий чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш;

хорижий мамлакатлар божхона органлари ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ташкил этиш, божхона иши соҳасидаги илғор тажрибани тизимли ўрганиш ва жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Миллий кинология марказининг самарали фаолиятини ташкил этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини пухта, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқиш, фуқароларни шахсан қабул қилиш;

божхона органларининг бино ва иншоотларини жорий ва мукаммал таъмирлаш, ходимларни компьютер ва техника, алоқа ва божхона назорати воситалари билан таъминлаш, юкланган вазифаларни самарали бажариш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

12. Давлат божхона қўмитасида Раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари, шунингдек Давлат божхона қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Давлат божхона қўмитаси раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Давлат божхона қўмитаси фаолиятининг республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни давом эттириш ва белгиланган ваколатлар доирасида республиканинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, республиканинг божхона сиёсати амалга оширилишини такомиллаштириш, божхона қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширишни кучайтириш, божхона ишини амалга оширишда фуқароларнинг, шунингдек юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек республиканинг ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларни тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Давлат божхона қўмитаси раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Давлат божхона қўмитаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Давлат божхона қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Давлат божхона қўмитаси қарорлари ва Раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

13. Божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг илмий, ижтимоий ва моддий-техникавий ривожланиши, кадрлар билан таъминлаш масалаларини, бошқарув қарорлари ва тавсиялари келишилган ҳолда ишлаб чиқилишини комплекс ҳал этиш учун ДБҚда кенгашлар ва комиссиялар ташкил этилади, улар тўғрисидаги низом ДБҚ Раиси томонидан тасдиқланади.



VI. ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИ

РАИСИНИНГ ҲУҚУҚ ВА ВАЗИФАЛАРИ


14. ДБҚ Раиси:

Давлат божхона қўмитаси томонидан ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилиши ва у ўз функцияларининг амалга оширилиши учун шахсан жавоб беради;

ДБҚ органлари тизимига умумий раҳбарликни таъминлайди;

ДБҚ марказий аппарати, ДБҚБ ва ИБҚ штат жадвалини тасдиқлайди;

ДБҚ, ДБҚБ ва ИБҚ тажрибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

зарурат бўлганда давлат божхона хизмати органлари тузилмасига белгиланган умумий штат бирликлари доирасида ўзгартиришлар киритиш;

божхона органларининг контрабанда, божхона қонунчилигини бузиш тўғрисидаги ишлар бўйича суриштирув олиб борувчи, божхона қоидалари бузилиши тўғрисидаги ишларни олиб борувчи ва уларни кўриб чиқувчи мансабдор шахслари рўйхатини аниқлайди;

ДБҚ мансабдор шахслари, ишчи ва хизматчиларини рағбатлантириш ва жазолаш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

ўз ваколатлари доирасида божхона органларининг мансабдор шахсларига махсус унвонлар беради;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар, йўриқномалар ва норматив ҳужжатлар чиқаради, шу жумладан, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча жисмоний ва юридик шахслар бажариши мажбурий бўлган буйруқлар йўриқномалар ва норматив ҳужжатлар чиқаради, уларнинг бажарилишини текширишини ташкил этади;

божхона органларининг ўрнак кўрсатган ходимларини ва божхона ишига кўмаклашган фуқароларни мукофотларга ва Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини бериш, кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар ва рағбатлантиришнинг бошқа турлари билан мукофотлаш тўғрисида таклифлар киритади;

қонунчилик томонидан ўз ваколатига киритилган бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.



VII. ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИ ҚАРОРЛАРИ

ВА УЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ҲОЛАТИ


15. Мансабдор шахслар, ишчи ва хизматчилар Давлат божхона қўмитасининг кадрларини ташкил этади.


16. Мансабдор шахсларга божхона органларида штатдаги лавозимни эгаллаб турган ёки божхона органларида бошлиқлар таркиби махсус унвонлари берилган кадрлар киради.


17. Божхона органларининг мансабдор шахсларига улар томонидан эгаллаб турилган лавозимларга ва хизмат муддатларига мувофиқ қуйидаги махсус унвонлар берилади:

кичик таркиб: божхона хизмати кичик сержанти, божхона хизмати сержанти, божхона хизмати катта сержанти;

ўрта бошлиқлар таркиби: божхона хизмати лейтенанти, божхона хизмати катта лейтенанти, божхона хизмати капитани;

катта бошлиқлар таркиби: божхона хизмати майори, божхона хизмати подполковниги, божхона хизмати полковниги;

юқори бошлиқлар таркиби: божхона хизмати генерал-майори, божхона хизмати генерал-лейтенанти, божхона хизмати генерал-полковниги.

Махсус унвонлар бериш ва улардан маҳрум қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

18. Божхона органлари мансабдор шахсларининг махсус унвонларда хизмат муддатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

19. Божхона органларининг махсус унвонлари, божхона хизмати полковниги ҳам шу жумлага киради, ДБҚ Раиси томонидан берилади, божхона хизмати генерал-майоридан божхона хизмати генерал-полкавнигигача бошлиқлар таркиби махсус унвонлари ДБҚ Раиси тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.


20. Божхона органлари мансабдор шахсларига шахсий тартиб рақамлари берилади ва хизмат гувоҳномалари ҳамда Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланган намунадаги жетонлар берилади.


21. Божхона органлари бошлиқлар таркиби лавозимига тайинланган ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий ҳисобдан белгиланган тартибда чиқадилар ва давлат божхона қўмитасида махсус ҳисобга турадилар.


22. Божхона органларининг мансабдор шахслари бюджет маблағлари ва қонунчиликда белгиланган бошқа манбалар ҳисобига мажбурий шахсий суғурта қилиниши керак.

23. Божхона органларининг мансабдор шахсларига ички ишлар органлари ходимлари учун белгиланган барча ҳуқуқ ва имтиёзлар, шу жумладан мансаб окладлари, махсус унвонлар ва муддатли хизмати учун устамалар, бошқа тўловлар ва ижтимоий ҳимоянинг ўзга шартлари, шахсий ва мулкий ҳуқуқларни қўриқлаш татбиқ этилади.

24. Божхона органларининг мансабдор шахслари белгиланган нормаларга мувофиқ формали кийим билан текин таъминланади.

25. Божхона органлари мансабдор шахсларини рағбатлантириш ва уларга танбеҳлар бериш шартлари Ўзбекистон Республикаси Божхона органлари интизомий уставига мувофиқ белгиланади.

26. Божхона органларининг мансабдор шахслари тегишли вазирликлар ва идораларнинг розилиги бўйича давлат божхона қўмитасининг қарорлари билан Қуролли Кучларга, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинлари ва органларига, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ташкил этиладиган ҳарбийлаштирилган тузилмаларга, ички қўшинларга, шунингдек ички ишлар органларига ўтказилиши ва улар шахсий тартибда ҳақиқий ҳарбий хизматга ёки хизматни бундан кейин давом эттиришга юборишлари муносабати билан қайта ўтказилиши мумкин.

Прокуратура органлари терговчиларини тергов ва суриштириш билан боғлиқ божхона органларига ишга ўтказишда ҳам ана шундай тартиб қўлланилиши мумкин.


27. Божхона органлари мансабдор шахслари томонидан юридик ва жисмоний шахслардан нотўғри ундириб олинган бож тўловлари қайтарилиши ёки бўлажак тўловлар ҳисобига ўтказилиши керак, божхона органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуққа хилоф ҳаракатлари билан етказилган зарар эса ички ишлар органлари ходимлари учун қонунчилик томонидан белгиланган тартибда ундирилиши керак.

28. ДБҚ ишчи ва хизматчилари меҳнат шароитлари Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунлари билан тартибга солинади.