язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қимматли қоғозлар бозори/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.03.1996 й. ПФ-1414-сон "Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузурида қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Марказини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

26.03.1996 й.

N ПФ-1414



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ МУЛКИ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДА

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ИШЛАШИНИ

МУВОФИҚЛАШТИРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ

МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Қимматли қоғозлар бозорининг ишлаш самарадорлигини ошириш ва уни давлат йўли билан тартибга солиш, унинг қатнашчилари фаолиятини мувофиқлаштириш, сармоядорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида:


1.

Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш Маркази қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгилансин.

2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш Маркази:

қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, ривожлантириш, назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

қимматли қоғозлар бозорида касбга доир фаолиятни лицензиялайди;

инвесторларнинг ҳамда қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

қимматли қоғозлар бозорини ва унинг иштирокчилари фаолиятини шакллантириш ҳамда тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

қимматли қоғозлар бозорида касб фаолиятини амалга оширишга бўлган талабларни, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари мутахассисларига нисбатан малакавий талабларни белгилайди, уларни аттестациядан ўтказади ва малака аттестатларини беради;

эмиссион қимматли қоғозларни (давлатникидан ташқари) муомалага чиқариш қоидаларини, қимматли қоғозлар билан бўладиган битишувларни рўйхатга олиш қоидаларини, қимматли қоғозлар билан ўтказиладиган операцияларни ҳисобга олиш ва ҳисобот стандартларини, қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини ва қимматли қоғозлар билан бўладиган битишувларнинг ҳисоб регистрини юритиш тартибини тасдиқлайди;

давлат бошқаруви органлари, қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари томонидан қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бажарилиши устидан назоратни амалга оширади ва қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳоллари аниқланганда улар юзасидан хулосалар чиқаради ҳамда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради, қоидабузарларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ санкциялар қўллайди;

қимматли қоғозлар билан ўтказиладиган операциялар хатарини чекловчи шахсий маблағлар етарлилиги ва бошқа кўрсаткичларнинг мажбурий нормативларини, шунингдек давлатникидан ташқари қимматли қоғозлар операциялари бўйича ҳужжатларни сақлаш муддатларини белгилайди.

3. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш Марказининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва маҳаллий бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал ва нопрофессионал қатнашчилари, уларнинг бирлашмалари (уюшмалари), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг фуқаролари ижро этишлари учун мажбурий ҳисобланади;

қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Марказининг бошлиғи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тайинланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг, Республика "Тошкент" фонд биржасининг қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларига маслаҳат-аудиторлик ва ахборот хизматларини кўрсатувчи ноҳукумат Агентлигини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларига маслаҳат-аудиторлик ва ахборот хизматларини кўрсатувчи Агентликка хусусийлаштиришдан тушаётган маблағлар ҳисобидан 20 миллион сўм миқдорида қайтариб олинмайдиган бир йўла молиявий ёрдам берсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддат ичида мазкур Агентликни тузиш тўғрисидаги зарур таклифларли киритсинлар.

5. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Марказининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида бир ҳафта муддат ичида қарор қабул қилиб, Марказнинг структурасини ва унинг тўғрисидаги Низомни тасдиқласин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                        И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1996 й., 3-сон, 30-модда