язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Қишлоқ ва сув хўжалигининг давлат томонидан тартибга солиниши ва қўллаб-қувватланиши/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.11.1996 й. ПФ-1617-сон "Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

01.11.1996 й.

N ПФ-1617



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ

ВАЗИРЛИГИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Бозор муносабатлари шароитида қишлоқ ва сув хўжалигини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш, тупроқ унумдорлигини, суғориладиган ерлардан фойдаланиш самарадорлигини яхшилаш ва қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини ошириш масалаларида уларнинг мустаҳкам ўзаро алоқасини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги ҳамда Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги негизида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилсин.


2. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги давлат бошқарув органи деб белгилаб қўйилсин ва унинг зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилсин:

суғориладиган ерлар унумдорлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган ягона стратегик сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Республика сув хўжалиги ташкилотларининг, лойиҳа-қидирув, илмий, гидрогеология-мелиоратив, тупроқ ер тузилиши ҳамда таъйирлаш-қурилиш муассасалари ва корхоналари имкониятларидан ҳар томонлама оқилона фойдаланиш;

мамлакатимиздаги илғор тажриба ва жаҳондаги энг яхши ютуқларни уйғунлаштириб, қишлоқ ва сув хўжалигида ягона илмий-техникавий ва технологик сиёсатни. юритиш;

ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги корхоналарининг иқтисодий мустақиллигини кенгайтириш, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини оқилона ташкил этиш мақсадида уларнинг манфаатларини бирлаштириш;

аграр секторда бозор муносабатларини ривожлантириш, фермерлик ҳаракати ва хусусий ташаббускорликни бутун чоралар билан қўллаб-қувватлаш, республика ҳудудида қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг улгуржи ва майда улгуржи бозорларини ташкил этиш;

қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши таркибини оқилона ташкил этиш, алмашлаб экиш ва экинларни навбат билан экишнинг мақбул схемаларини жорий этиш, бозор талабларига қараб экин майдонлари таркиби ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини бошқариш;

агросаноат мажмуи ҳолатини таҳлил этиш ва уни ривожлантириш истиқболларини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва хомашё етиштириш ҳамда улар ҳаракатда бўладиган аниқ мақсадни кўзловчи дастур ва балансларини тузиш;

қишлоқ хўжалик экинлари уруғчилигини, чорвачиликда наслчилик ишини ва ветеринария хизматини ташкил этиш, уруғлик сифатини, пестицид ва ўғитларнинг қўлланилиши, тупроқ эррозиясининг олдини олиш, ўсимликлар ва ҳайвонлар касалликлари тарқалишини назорат қилиш;

қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ҳар томонлама механизациялаш, янги турдаги техника, машина ва механизмларни жорий этиш асосида уни интенсивлашни таъминлаш;

ер, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг барча тоифаларида ер ва сувдан самарали фойдаланишни давлат йўли билан ҳисобга олиш ва назорат қилишни амалга ошириш;

қадимдан суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва янгилаш, янги ерларни ўзлаштириш, суғоришнинг илғор усулларини жорий этиш чораларини ишлаб чиқиш;

экология муаммолари ва Орол денгизи ҳавзаси муаммоларини ҳисобга олиб, барча сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчилар манфаатларини кўзлаган ҳолда сув ресурсларини бошқариш;

катта каналлар, йирик сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги иншоотлари ва тизимларини давлат йўли билан бошқариш;

олий ва ўрта махсус таълимни ташкил этиш, фермерларни ўқитиш, ходимларни тайерлаш, уларнинг малакасини ошириш, агросаноат мажмуи соҳасида давлат кадрлар сиёсатини ўтказиш.


3. Жойларда Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоят ва туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари ташкил этилсин.

Қишлоқ ва сув хўжалиги ҳудудий бошқармалари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига ва тегишли ҳудуд ҳокимига бўйсуниши белгилаб қўйилсин.

Вазирлик таркибидаги мавжуд республика ишлаб чиқариш бирлашмалари, корпорациялар ва бошқа ташкилотлар сақлаб қолинсин.


4. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигини ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари ер, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмол қилиш турларидан, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ташкил этиш шаклларидан қатъи назар, вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, корхоналар ва муассасалар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ижро этиши учун мажбурийдир.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги амалдаги қонун ҳужжатларини ушбу Фармонга мувофиқлаштириш учун уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигини тузишга доир ташкилий масалаларни ҳал қилиш учун ташкилот қўмитаси тузилсин.

Ташкилот қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш, унинг таркиби, штатлар сони ва вазирлик тўғрисидаги Низом ҳақида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини икки ҳафта муддатда тайёрлаш топширилсин. Қарор лойиҳасини тайёрлаш чоғида икки вазирлик негизида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчилар учун зарур рағбатлантирувчи шароит яратиши лозим бўлган мутлақо янги бошқарув органи барпо этилиши назарда тутилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1990 йил 8 декабрда чиқарган "Ўзбекистон ССР агросаноат мажмуини бошқариш структурасини такомиллаштириш тўғрисида"ги 107-Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов