язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қуролли кучлардаги кадрлар. Ижтимоий ҳимоя/ Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 21.11.2012 й. 2402-сон билан рўйхатга олинган 23.10.2012 й. Мудофаа вазирлигининг 11-сон, Ички ишлар вазирлигининг 33-сон, Миллий хавфсизлик хизматининг 113-сонли қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 21 ноябрда 2402-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Мудофаа вазирлиги,

Ички ишлар вазирлиги ва

Миллий хавфсизлик хизматининг

2012 йил 23 октябрдаги

11, 33, 113-сонли қарорига

ИЛОВА



Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий

хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий

таълим муассасаларига ўқишга кириш учун

тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги ПҚ-1765-сонли "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 22-сон, 242-модда) мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар (кейинги ўринларда тавсиянома деб юритилади) бериш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Тавсияномалар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларга эришган, зарур билим даражасига ва намунали ҳарбий интизомга эга муносиб ҳарбий хизматчиларга ҳарбий қисм командирлари томонидан берилади.


2. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрлашда республиканинг барча олий таълим муассасаларига киришда тўплаш мумкин бўлган максимал балларнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади.



II БОБ. ТАВСИЯНОМАЛАР БЕРИШ


3. Муддатли ҳарбий хизматчига тавсиянома бериш тўғрисидаги қарор ҳарбий қисм командири томонидан ушбу ҳарбий хизматчининг бевосита командирлари тақдим этган тақдимнома ва муддатли ҳарбий хизматчиларнинг умумий йиғилишида қабул қилинган қарорга асосан қабул қилинади. Бунда, муддатли ҳарбий хизматчининг хизмат давридаги ҳарбий интизоми, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик давомида эришган натижалари ҳамда муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларининг ўзлаштирилишига оид якуний баҳоларни аниқлаш мақсадида ўтказилган тест синовларининг натижалари инобатга олинади.

Ҳарбий қисм командирлари муддатли ҳарбий хизматчига тавсиянома бериш юзасидан холисона қарор қабул қилиниши учун шахсан жавобгар бўлади.

Ҳар бир ҳарбий қисмда ҳарбий интизом ҳамда муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурлари ўзлаштириб борилиши ҳолатининг ҳисоби юритиб борилиши шарт. Гуруҳ, взвод, батальон ва бригада командирлари муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат давридаги намунали ҳарбий интизоми, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги бўйича натижаларини холисона баҳолаб бориш учун шахсан жавобгар бўлади.


4. Муддатли ҳарбий хизматчига ҳарбий интизом, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик натижалари бўйича баллар қўйиш бутун хизмат даври давомида амалга оширилади.

Агар муддатли ҳарбий хизматчи намунали ҳарбий интизоми учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизом низомида назарда тутилган тартибда рағбатлантирилган (муқаддам берилган интизомий таъзир чорасининг бекор қилиниши бундан мустасно) бўлса, унга қуйидаги тартибда баллар қўйиб борилади:

ҳарбий қисм командири томонидан рағбатлантирилган бўлса - 5 балл;

ҳарбий округ қўшинлари қўмондони (бирлашма командири) томонидан рағбатлантирилган бўлса - 10 балл;

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари - Мудофаа вазирлиги Бош штаби бошлиғи томонидан рағбатлантирилган бўлса - 15 балл;

тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари раҳбарлари томонидан рағбатлантирилган бўлса - 20 балл.

Муддатли ҳарбий хизматчига муддатли ҳарбий хизмат даврида намунали ҳарбий интизоми учун кўпи билан 20 балл қўйилади. Бунда, ҳарбий қисм командири томонидан рағбатлантиришнинг сонидан қатъи назар, 5 баллдан ортиқ балл қўйилмайди.


5. Муддатли ҳарбий хизмат давомида назорат-текширув машғулотлари натижалари бўйича муддатли ҳарбий хизматчига жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик учун баҳо қўйиб борилади. Муддатли ҳарбий хизматчининг умумий тайёргарлик даражасини аниқлаш учун жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича баҳоларнинг умумий ўртача арифметик қиймати чиқарилади.

Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича баҳоларнинг умумий ўртача арифметик қиймати учун муддатли ҳарбий хизматчига қуйидаги тартибда баллар қўйилади:

4,0 дан 4,3 га қадар - 10 балл;

4,4 дан 4,7 га қадар - 15 балл;

4,8 дан 5,0 га қадар - 20 балл.

Умумий ўртача арифметик баҳоси 4,0 дан кам бўлган муддатли ҳарбий хизматчига балл қўйилмайди.


6. Тест синовлари ўтказилиши бошланишидан 5 кун олдин ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда Муддатли ҳарбий хизматчиларга хизмат даври учун жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича қўйилган умумий ўртача баҳолар ва балларнинг йиғма ведомости тузилади. Йиғма ведомость муддатли ҳарбий хизматчиларнинг бевосита командирлари ва ҳарбий қисм командирининг ўринбосарлари томонидан имзоланади ва ҳарбий қисм командири томонидан тасдиқланади.

Йиғма ведомостдан олинган кўчирмалар ҳарбий қисм штаби бошлиғининг имзоси ва гербли муҳр билан тасдиқланиб, тест синовлари бошланишидан 3 кун олдин ҳамма учун кўринарли жойга осиб қўйилади.


7. Муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурлари ўзлаштирилганлигини якуний баҳолаш учун ҳар бир ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда ДТМ деб юритилади) томонидан тест синовлари ўтказилади.

Тест синовларини ўтказиш муддати тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан ДТМ билан келишилган ҳолда белгиланади.


8. Тест синовлари ўтказилишидан бир ой олдин тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан ДТМ билан биргаликда муддатли ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш дастурларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар қўшинлари турларининг жанговар-хизмат вазифалари хусусиятлари инобатга олинган ҳолда намунавий тест саволлари ишлаб чиқилади. Мантиқий тестлар ДТМ томонидан, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул мансабдор шахслари иштирокида ишлаб чиқилади. Тест саволлари тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларига киритилган ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда ҳар йили қайта кўриб чиқилиши лозим.


9. Муддатли ҳарбий хизматчиларни тест синовларидан ўтказиш учун ишлаб чиқилган тест саволларининг умумий сони 80 та саволдан ташкил топиб, улардан 40 таси - жанговар тайёргарликка оид, 20 таси - маънавий-маърифий тайёргарликка оид, 20 таси - мантиқий тестлардан иборат бўлади. Ҳар бир жанговар тайёргарликка оид тўғри ечилган тест саволи учун - 1,2 балл, маънавий-маърифий тайёргарликка оид тўғри ечилган тест саволи учун - 1,1 балл, мантиқий тест учун - 1 балл қўйилади. Тест топшириқларини ечиш учун 2 соат берилади. Жавоблар варақасини тўлдириш учун 30 дақиқа ажратилади. Тест синовлари ўтказиш учун умумий вақт 2 соат 30 дақиқани ташкил этади.


10. ДТМдан тест синовларининг натижаларига оид расмий маълумотлар олингач, ҳар бир ҳарбий қисмда мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда Муддатли ҳарбий хизматчилар билан ўтказилган тест синовларининг натижалари ва хизмат даври давомида тўпланган балларнинг якуний ведомости тузилади. Якуний ведомост тўпланган балларнинг пасайиш тартибида тузилиб, ҳарбий қисм командирининг ўринбосарлари томонидан имзоланади ва ҳарбий қисм командири томонидан тасдиқланади. Якуний ведомостнинг нусхаси ҳарбий қисм штаби бошлиғининг имзоси ва гербли муҳри билан тасдиқланади ҳамда ДТМдан олинган тест синовларининг натижаларига оид расмий ҳужжатлар билан бирга ҳамма учун кўринарли жойга осиб қўйилади.


11. Тавсиянома бериш юзасидан якуний қарор қабул қилиш учун ҳар бир номзод муддатли ҳарбий хизматчиларнинг умумий йиғилишида муҳокама қилиниб, номзоднинг хизмат фаолиятига баҳо берилади, тест синовлари натижалари, намунали ҳарбий интизоми, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича тўплаган баллари ҳамда ҳар бир ҳарбий хизматчи тўплаган балларнинг умумий миқдори эълон қилинади.

Ҳарбий интизомининг ҳолати, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик натижалари ва тест синовлари бўйича энг кўп балл тўплаган муддатли ҳарбий хизматчи муддатли ҳарбий хизматчиларнинг умумий йиғилиши томонидан ижобий қарор қабул қилинганидан сўнг, тавсиянома олишга муносиб, деб ҳисобланади.

Бунда, юқори баллар тўплаган, бироқ хизмат фаолиятига салбий тавсиф берилган ҳарбий хизматчиларга, умумий йиғилиш ва бўлинма командирларининг ёзма мурожаати асосида ҳарбий қисм командирининг қарори билан тавсиянома берилмайди.

Тўплаган балларининг миқдоридан қатъи назар, муддатли ҳарбий хизмати даврида ҳарбий интизомни қўпол равишда бузган бўлиб, улар юзасидан хизмат суриштируви ўтказилган, ҳарбий қисм командирининг тегишли буйруқлари чиқарилган муддатли ҳарбий хизматчи тавсиянома олиш ҳуқуқига эга эмас.


12. Бериладиган тавсияномаларнинг умумий сони ҳарбий қисмнинг рўйхатига киритилган муддатли ҳарбий хизматчилар сонининг 40 фоизидан ошмаслиги лозим.

Бир неча нафар ҳарбий хизматчининг бир хил миқдорда балл тўплагани боис, 40 фоизли чеклашга амал қилишнинг иложи бўлмаса, бериладиган тавсияномалар сонини бундай ҳарбий хизматчилар сонига мос равишда оширишга рухсат берилади.

Хизмат даврида давлат мукофоти билан тақдирланган муддатли ҳарбий хизматчи тест синовларининг натижалари инобатга олинмай, тавсиянома олиш ҳуқуқига эга бўлади.


13. Муддатли ҳарбий хизматчига тавсиянома берилганда ҳарбий хизматчини ҳарбий қисм шахсий таркиби рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги ҳарбий қисм командирининг буйруғига қуйидаги мазмундаги банд киритилади: "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги ПҚ-1765-сонли "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, ўз ҳарбий бурчини виждонан адо этган


га

(ҳарбий унвони, фамилияси, исми, отасининг исми)


Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсиянома берилди".

Ҳарбий гувоҳноманинг "Алоҳида қайдлар" бўлимига қуйидаги ёзув киритилади: "Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун 20__ йил "___" ______ куни ____ серияли _________ рақамли тавсиянома берилди". Ушбу ёзув штаб бошлиғининг имзоси ва ҳарбий қисмнинг гербли муҳри билан тасдиқланади.

Тавсиянома муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилаётган ҳарбий хизматчига бошқа ҳужжатлар билан бирга тантанали вазиятда топширилади.


14. Тавсияномалар бланклари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Тавсияномалар бланклари мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланади.

Тавсияномалар бланкларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун масъулият ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари зиммасига юкланади.

Ҳар йилнинг март-апрель ойларида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг тегишли бошқармаларига муддатли ҳарбий хизматчиларга берилган тавсияномалар сони, уларнинг серия ва рақамлари кўрсатиб ўтилган ҳисобот, тавсиянома олган ҳарбий хизматчилар рўйхати ва умумий йиғилиш баённомаларининг нусхалари юборилади. Берилган тавсияномаларнинг тикилган қисми ҳарбий қисм архивида 5 йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақланади.

Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган тавсияноманинг ўрнига унинг эгасининг аризасига кўра ҳарбий қисм командирининг буйруғи билан дубликат берилади. Тавсиянома эгаси унинг йўқолганлиги ҳақида даврий матбуотда эълон бериши ва эълон нусхасини ҳарбий қисмга тақдим этиши керак. Яроқсиз ҳолга келган тавсиянома ҳарбий қисмга қайтарилиши ва белгиланган тартибда йўқотилиши лозим. Тавсиянома дубликати янги бланкда унинг юқори ўнг бурчагида "Дубликат" ёзуви кўрсатилган ҳолда расмийлаштирилади, унга унинг аслида (тикилган қисмида) кўрсатилган маълумотлар киритилади. Дубликатнинг орқа томонига "20__ йил "___" _______даги ___________-сонли тавсиянома ўрнига берилди" деган ёзув киритилади ва ҳарбий қисмнинг гербли муҳри билан тасдиқланади.



III БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


15. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


16. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА


"ТАСДИҚЛАЙМАН"

00000 - ҲАРБИЙ ҚИСМ КОМАНДИРИ

20___ йил "___" ____________



муддатли ҳарбий


(бўлинма номи)


хизматчиларга хизмат даври учун жанговар

ва  маънавий-маърифий  тайёргарлик  бўйича

қўйилган умумий ўртача баҳолар ва балларнинг

ЙИҒМА ВЕДОМОСТИ

  

Т/р

Ҳарбий

унвони


Ф.И.О.


Жанговар ва маънавий-маърифий

тайёргарлик бўйича умумий ўртача

баҳолар ва баллар миқдори


Намунали ҳарбий

интизоми учун баллар


Балларнинг

умумий

миқдори


жанговар

тайёргарлик

бўйича


маънавий-

маърифий

тайёргарлик

бўйича


умумий

ўртача

баҳо


баллар

миқдори


ким томондан

рағбатлантирилган

(буйруқ санаси

ва рақами)


баллар

миқдори


1.











2.




















        


  

Ҳарбий қисм командирининг

биринчи ўринбосари - штаб бошлиғи

     

Ҳарбий қисм командирининг

тарбиявий ишлар бўйича

ўринбосари


     

Ҳарбий қисм командирининг жанговар

тайёргарлик бўйича ўринбосари


    

       

      



Ҳарбий қисм командирининг

моддий таъминот бўйича ўринбосари

Ҳарбий қисм командирининг

қурол-аслаҳа бўйича ўринбосари


Батальон (взвод) командири


         





Низомга

2-ИЛОВА


"ТАСДИҚЛАЙМАН"

00000 - ҲАРБИЙ ҚИСМ КОМАНДИРИ

20___ йил "___" ____________



муддатли ҳарбий


(бўлинма номи)


хизматчилар билан ўтказилган тест синовларининг

натижалари ва хизмат даврида тўпланган балларнинг

ЯКУНИЙ ВЕДОМОСТИ

Т/р

Ҳарбий

унвони


Ф.И.О.


Жавоблар

варақасининг

рақами


Тест синовларининг натижалари


Тест

синови

натижаси

бўйича

тўплан-

ган

баллар

миқдори


Намунали

ҳарбий

интизоми

учун ҳамда

жанговар

ва маъна-

вий-маъри-

фий тайёр-

гарлик

натижа-

лари

бўйича

тўпланган

баллар


Тўплаган

баллари-

нинг

умумий

миқдори


жами

тўғри

жавоб-

лар


жумладан


жанговар

тайёргарлик

бўйича


маънавий-

маърифий

тайёргарлик

бўйича


мантиқий

тестлар

бўйича


тўғри

жавоб-

лар

сони


балл

миқ-

дори


тўғри

жавоб-

лар

сони


балл

миқ-

дори


тўғри

жавоб-

лар

сони


балл

миқ-

дори


1.















2.















         


     

Ҳарбий қисм командирининг

биринчи ўринбосари - штаб бошлиғи


     

Ҳарбий қисм командирининг

тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари


    

Ҳарбий қисм командирининг жанговар

тайёргарлик бўйича ўринбосари


    

      




Ҳарбий қисм командирининг моддий

таъминот бўйича ўринбосари


Ҳарбий қисм командирининг

қурол-аслаҳа бўйича ўринбосари


Батальон (взвод) командири

          





Низомга

3-ИЛОВА



ТАВСИЯНОМА БЛАНКИНИНГ ШАКЛИ


        

TAVSIYANOMA QK 000000


___-yilda tug`ilgan, O`zbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safida ______ -yilning ________ oyidan ____-yilning ______ oyiga qadar ________ harbiy qismda (muassasada) muddatli harbiy xizmatni o`tagan

________________________________________ ga berildi.

(harbiy unvoni, familiyasi, ismi, otasining ismi)


Tavsiyanoma ______________________________ - harbiy qism

                 (harbiy qismning (muassasaning) shartli nomi)

(muassasa) komandirining (boshlig`ining) 20___ yil "___" ______ dagi _____ -sonli buyrug`iga asosan berildi.






M. O`.


_________________________________________

(harbiy qism (muassasa) komandirining (boshlig`ining)

unvoni, imzosi, familiyasi, ismi, otasining ismi)



__________________________________________

(tavsiyanoma berilgan fuqaroning familiyasi va imzosi)



20___- yil "___" __________________

       

         

TAVSIYANOMA QK 000000


___-yilda tug`ilgan, O`zbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safida _____- yilning ______ oyidan _____ - yilning ______ oyiga qadar _____ - harbiy qismda (muassasada) muddatli harbiy xizmatni o`tagan ____________________________________ ga

                   (harbiy unvoni, familiyasi, ismi, otasining ismi)

berildi.


Ushbu tavsiyanoma egasiga O`zbekiston Respublikasi Prezidentining 2012-yil 31-maydagi PQ-1765-sonli qaroriga muvofiq barcha yo`nalishlar vа mutaxassisliklar bo`yicha bakalavrlar tayyorlashda respublikaning barcha oliy ta`lim muassasalariga kirishda test sinovlarida to`plash mumkin bo`lgan maksimal ballarning 27 foizi miqdorida qo`shimcha ball shaklidagi imtiyoz beriladi.

Tavsiyanoma ________________________ - harbiy qism

                            (muassasa) komandirining

(harbiy qismning (muassasaning) shartli nomi)

(boshlig`ining) 20___ yil "___" ________ dagi _____ - sonli buyrug`iga asosan berildi.


Tavsiyanoma rasmiylashtirib berilgan sanadan e`tiboran uch yil muddat davomida kuchga ega bo`ladi.


M.O`. ________________________________________________

(harbiy qism (muassasa) komandirining (boshlig`ining)

unvoni, imzosi, familiyasi, otasining ismi)

  

20___ yil "____" __________________


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 46-47-сон, 532-модда