язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


Корхона юристи

Корхона юристи/ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар/ Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида/ Тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш асослари/ Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикасининг 20.12.2012 й. ЎРК-341-сон "Тадбиркорлик фаолияти сохасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўгрисида"ги Конуни (Конунчилик палатаси томонидан 08.11.2012 й. кабул килинган, Сенат томонидан 05.12.2012 й. маъкулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.12.2012 й.

N ЎРҚ-341



ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ СОҲАСИДАГИ

РУХСАТ БЕРИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 8 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2012 йил 5 декабрда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларига доир муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш

тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик

Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларининг қуйидаги турларига нисбатан татбиқ этилмайди:

тадбиркорлик субъектларини, битимларни, ҳуқуқларни ва мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда ҳисобга қўйиш;

фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш;

аккредитация қилиш, сертификатлаштириш, стандартлаштириш, метрология ва техник жиҳатдан тартибга солиш;

давлат экологик экспертизаси;

давлат сирлари муомаласи.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ваколатли органлар - қонунчилик ҳужжатлари билан зиммасига тадбиркорлик субъектларига рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш вазифаси юклатилган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;

рухсат беришга доир талаблар ва шартлар - рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат асосида ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга оширишда тадбиркорлик субъекти томонидан бажарилиши шарт бўлган, қонунчиликда белгиланган талаблар ва шартлар йиғиндиси;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат - ваколатли орган томонидан қабул қилинадиган ва тадбиркорлик субъектига бериладиган, тадбиркорлик фаолияти соҳасида ҳаракатларни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган ҳамда рухсатнома, келишув, хулоса шаклида, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклларда ифодаланадиган қарор;

тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомили (рухсат бериш тартиб-таомили) - ҳаракатларни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризанинг топширилиши ва кўриб чиқилиши, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг берилиши, амал қилиш муддатининг узайтирилиши, тўхтатиб турилиши, қайта тикланиши, тугатилиши, қайта расмийлаштирилиши ва бекор қилиниши жараёни билан боғлиқ тадбирлар мажмуи.


4-модда. Бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши учун

рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш зарур бўлган

ҳаракатларни ва (ёки) фаолиятни белгилаш


Бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши учун рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш зарур бўлган ҳаракатлар ва (ёки) фаолият жумласига тадбиркорлик субъектларининг бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зиён ҳамда атроф-муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган, тартибга солиниши рухсат бериш тартиб-таомилларидан ташқари бошқа усуллар билан амалга оширилиши мумкин бўлмайдиган ҳаракатлари ва (ёки) фаолияти киритилиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари қонунчилигида белгиланади. Рухсат бериш тартиб-таомилларининг қонунда назарда тутилмаган янги турларини жорий этиш тақиқланади.


5-модда. Рухсат бериш тартиб-таомилларининг

асосий принциплари


Рухсат бериш тартиб-таомилларининг асосий принциплари қуйидагилардир:

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимоя қилинишининг, жамоат хавфсизлигининг ҳамда атроф-муҳит муҳофаза қилинишининг таъминланиши;

рақобатни чеклайдиган рухсат бериш тартиб-таомиллари белгиланишига йўл қўйилмаслиги;

рухсат бериш тартиб-таомилларининг ошкоралиги, очиқлиги ва тушунарлилиги;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг "бир дарча" орқали берилиши;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартибига доир талабларнинг ягоналиги;

тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги.


6-модда. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари

ва қонуний манфаатлари, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи

ҳимоя қилинишининг, жамоат хавфсизлигининг ҳамда

атроф-муҳит муҳофаза қилинишининг таъминланиши


Рухсат бериш тартиб-таомиллари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимоя қилинишини, жамоат хавфсизлигини ҳамда атроф-муҳит муҳофаза қилинишини таъминлаши керак.


7-модда. Рақобатни чеклайдиган рухсат бериш

тартиб-таомиллари белгиланишига

йўл қўйилмаслиги


Рухсат бериш тартиб-таомиллари тадбиркорлик субъектлари ҳаракатларни бажарганда ва (ёки) муайян фаолиятни амалга оширганда улар учун товарлар (ишлар, хизматлар) бозоридаги рақобатни чеклайдиган имтиёзлар ва афзалликлар белгиламаслиги

...