язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Таълим/ Ҳарбий академик лицейлар ўқувчиларини ўқишдан четлаштириш ва бошқа таълим муассасасига ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.12.2012 й. 367-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 29 декабрдаги

367-сон қарорига

2-ИЛОВА


Ҳарбий академик лицейлар ўқувчиларини ўқишдан

четлаштириш ва бошқа таълим муассасасига

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ҳарбий академик лицейлар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2010 йил 17 февралдаги 21-сон қарори билан тасдиқланган Ҳарбий академик лицей тўғрисидаги Низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда ҳарбий академик лицейлар ўқувчиларини ўқишдан четлаштириш ва бошқа таълим муассасасига ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ҳарбий академик лицейлар ўқувчиларини ўқишдан четлаштириш ва бошқа таълим муассасасига ўтказиш масалалари бўйича қарор Ўзбекистон Республикаси ўқувчиларининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.


3. Ўқувчиларни бошқа таълим муассасаларидан ҳарбий академик лицейларга ўтказиш тақиқланади.


4. Ўқишдан четлаштирилганларни тиклаш, шунингдек ўқувчиларни бир ҳарбий академик лицейдан бошқа ҳарбий академик лицейга ўтказиш тақиқланади.


5. Ўқувчиларни ҳарбий академик лицейдан четлаштириш ва бошқа таълим муассасасига ўтказиш бепул амалга оширилади.



II. ЎҚУВЧИЛАРНИ ҲАРБИЙ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙДАН

ЧЕТЛАШТИРИШ ВА БОШҚА ТАЪЛИМ МУАССАСАСИГА

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


6. Ўқувчиларни ҳарбий академик лицейдан четлатиш ва бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасига ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

а) соғлиғи туфайли (тиббий комиссиянинг маълумотномаси асосида);

б) ҳарбий академик лицейда ўқишни хоҳламаслик;

в) академик ўзлаштирмаслик, бир семестр мобайнида икки ҳафта давомида (76 соат) узрли сабабларсиз машғулотларда қатнашмаслик;

г) ҳарбий академик лицейнинг ички тартибини қўпол равишда бузиш;

д) суднинг қарорига кўра озодликдан маҳрум этиш;

е) вафот этганлиги муносабати билан.


7. Педагогик кенгашнинг ўқувчиларни ҳарбий академик лицейдан четлаштириш ва бошқа таълим муассасасига ўтказиш тўғрисидаги қарори ҳамда ҳарбий академик лицей директорининг ёзма мурожаати асосида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига расмий хат билан мурожаат қилади.


8. Хатга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) ўқувчилар ва улар ота-оналарининг (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори номига бошқа таълим муассасасига ўтказиш (ушбу Низомнинг 6-банди "д" ва "е" кичик бандлари бундан мустасно) тўғрисидаги аризаси;

б) ўқувчиларнинг белгиланган намунадаги тўлдирилган ва тасдиқланган рейтинг дафтарчаси нусхаси;

в) тиббий комиссиянинг маълумотномаси (зарур ҳолларда).

9. Ҳарбий академик лицей ўқувчиларини ўқишдан четлатиш ва бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасига ўтказиш тўғрисидаги хат Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилади ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг тегишли буйруғи қабул қилинади.


10. Ҳарбий академик лицей директори Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг буйруғи асосида уч кун мобайнида ўқувчиларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини ўқувчи ўтказилаётган таълим муассасасига юборади.


11. Қабул қилувчи ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори 10 кун мобайнида ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш тўғрисида белгиланган тартибда буйруқ чиқаради.


12. Ўқувчиларни ўтказиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори белгиланган тартибда академик қарздорликни ёки ўқув режалари ва дастурларидаги фарқни, уларни топшириш муддатларини (икки ойдан ортиқ эмас) ва тартибини, ўқиш босқичини белгилайди.


13. Ўқувчиларни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ, ариза ва рейтинг дафтарча ўқувчиларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида сақланади.

Шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини ўқувчиларнинг қўлига ёки уларнинг ота-оналарига (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга) бериш тақиқланади.



III. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


14. Ўқувчиларни ҳарбий академик лицейдан четлаштириш ва бошқа таълим муассасасига ўтказиш тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилиши ва ишончлилиги учун жавобгарлик ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари директорларига юкланади.


15. Зарур ҳолларда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳарбий академик лицейга тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғрилиги ва ишончлилигини тасдиқлашни илтимос қилиб расмий хат билан мурожаат қилиши мумкин.


16. Ўқувчиларни ҳарбий академик лицейдан четлатиш ва бошқа таълим муассасасига ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар белгиланган тартибда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказида сақланади.


17. Ўқувчиларни ҳарбий академик лицейдан четлатиш ва бошқа таълим муассасасига ўтказишдан норози бўлган шахслар белгиланган тартибда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига ёки суд органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.


18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 7 январь, 1-сон, 6-модда