язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Талабалар ва таълим олувчилар/ Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 26.02.2013 йил 26 февралда 2431-сон билан рўйхатга олинган Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 28.12.2012 й. 508-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 26 февралда 2431-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Олий ва ўрта махсус

таълим вазирининг

2012 йил 28 декабрдаги

508-сон буйруғига

ИЛОВА



Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими

муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт

шакли ва ундан тушган маблағларни

тақсимлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда) ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 11-12-сон, 295-модда) қонунларига мувофиқ олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида (бундан буён матнда таълим муассасалари деб юритилади) ўқитишнинг тўлов-контракт (бундан буён матнда контракт деб юритилади) шаклини белгилаш ва ундан келиб тушадиган маблағларни тақсимлаш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган таълим муассасаларига татбиқ этилади.

Мазкур Низом олий таълим муассасаларида ташкил этиладиган олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимига ҳамда малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимига, шунингдек ҳарбий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.


2. Қонун ҳужжатларига мувофиқ, таълим муассасаларига контракт асосида ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган қабул квоталари доирасида ҳамда қабул квоталаридан ташқари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (бундан буён матнда Давлат комиссияси деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

3. Хорижий фуқароларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 августдаги 169-сон "Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 31-32-сон, 304-модда) мувофиқ контракт асосида амалга оширилади.

Хорижий фуқароларни Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 июндаги 347-сон "Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунига асосан Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар билим олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга.


4. Олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни олиш Ўзбекистон Республикаси "Таълим тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасига асосан контракт асосида амалга оширилади.



II БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА

ЎҚИТИШ УЧУН КОНТРАКТНИНГ

РАСМИЙЛАШТИРИЛИШИ


5. Олий таълим муассасаларида ўқитиш учун контракт икки ёки уч томонлама расмийлаштирилиши мумкин бўлиб, унинг тарафлари қуйидагилар ҳисобланади:

икки томонлама контрактда: бир томондан - олий таълим муассасасининг ваколатли шахси, иккинчи томондан - абитуриент ёки талаба ёхуд уларнинг ота-онаси (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар);

уч томонлама контрактда: бир томондан - олий таълим муассасасининг ваколатли шахси, иккинчи томондан - юридик ёки жисмоний шахс (бундан буён матнда буюртмачи деб юритилади), учинчи томондан - абитуриент ёки талаба ёхуд уларнинг ота-онаси (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар).

Контрактлар ҳар бир тараф учун бир нусхадан расмийлаштирилади.


6. Контрактда шартноманинг бажарилиш муддатлари, ҳисоб-китоб қилиш тартиби, тарафларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафлар учун вужудга келиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатлар, низоларни ҳал этиш тартиби ҳамда тарафларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жой ҳамда бошқа муҳим шартлар назарда тутилиши лозим.


7. Контрактлар Давлат комиссиясининг абитуриентларни контракт асосида талабаликка тавсия этиш тўғрисидаги қарори (бундан буён матнда Давлат комиссиясининг қарори деб юритилади) қабул қилинганидан сўнг расмийлаштирилади.


8. Давлат комиссиясининг қарорига асосан талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг мазкур Низомда белгиланган тартибда контрактда назарда тутилган тегишли тўловлар амалга оширилгунига қадар ёки абитуриентларни талабаликка қабул қилиш бўйича олий таълим муассасасининг буйруғи қабул қилингунга қадар олий таълим муассасасининг тегишли буйруғига асосан дарсларда қатнашиб туришига рухсат этилади.


9. Тегишли комиссиялар томонидан белгиланган тартибда ўқишини кўчиришга ёки қайта тиклашга тавсия этилган талабаларнинг ҳам мазкур Низомда белгиланган тартибда контрактда назарда тутилган тегишли тўловлар амалга оширилгунига қадар олий таълим муассасасининг тегишли буйруғига асосан дарсларда қатнашиб туришига рухсат этилади.


10. Тарафлар ўртасида тузилган контрактга мувофиқ тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги банк тўлов топшириқномаси ёки квитанцияси нусхаси, шунингдек тўловларнинг олий таълим муассасасининг ҳисобварағига келиб тушганлиги асосида абитуриентни ёки тегишли комиссиялар томонидан белгиланган тартибда ўқишини кўчиришга ёхуд қайта тиклашга тавсия этилган талабаларни олий таълим муассасасига талабаликка қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ чиқарилади.

11. Қонун ҳужжатларига мувофиқ, ўқув йили давомида Давлат комиссиясининг қарори қўшимча равишда чиқарилганда ёки Давлат комиссияси томонидан тўловларни амалга ошириш муддати узайтирилганда, абитуриентни ёки белгиланган тартибда ўқишини кўчиришга ёхуд қайта тиклашга тавсия этилган талабаларни олий таълим муассасасига талабаликка қабул қилиш тўғрисидаги тегишли буйруқни чиқариш муддати ҳам узайтирилиши мумкин.



III БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА

КОНТРАКТ АСОСИДА ЎҚИТИШНИНГ ТЎЛОВ

МИҚДОРИ ВА УНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ


12. Олий таълим муассасаларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори билим соҳалари, соҳа ва таълим йўналишлари, таълим шакллари (ишлаб чиқаришдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда) ва таълим босқичлари (бакалавриат, магистратура, иккинчи ва ундан кейинги таълим) бўйича алоҳида, ҳар ўқув йили учун белгиланади.


13. Олий таълим муассасаларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 20 августдаги 237-сон "Республика олий таълим муассасаларини молиявий жиҳатдан янада мустаҳкамлаш чоралари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда белгиланади.


14. Хорижий фуқароларни олий таълим муассасаларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 августдаги 169-сон "Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва таълим муассасаларига эга бўлган бошқа вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг таклифи асосида Давлат комиссияси томонидан белгиланади.


15. Олий таълим муассасаларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдорини белгилаш бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдоридан келиб чиқиб амалга оширилади.


16. Бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдори қуйидаги мезонларни инобатга олган ҳолда белгиланади:

қабул квотаси ва бино-иншоотлар қуввати ўртасидаги мутаносиблик;

таълим йўналишлари ва таълим жараёни хусусиятлари;

бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативлари;

ўқитиш муддатлари ва бошқалар.


17. Олий таълим муассасалари фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган маблағларнинг етишмайдиган қисми олий таълим муассасаларини сақлашга ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.


18. Иш ҳақи ва стипендиялар миқдорларининг, энергия ресурслари, коммунал ва эксплуатация хизматларининг нархлари ва тарифлари ўзгариши муносабати билан контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори (оширилган тўлов-контракт миқдори бундан мустасно) ўқув йили давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.

19. Ўқув йили давомида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори ўзгарганда олий таълим муассасаси томонидан ўқитиш учун тўлов қайта ҳисоб-китоб қилинади ва контрактга тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Бунда, қайта ҳисоб-китоб фақатгина ўқув йилининг қолган муддати учун амалга оширилади.

Қайта ҳисоб-китоб натижасида тўланиши лозим бўлган қўшимча маблағ, ўқитиш учун тўлов оширилганлиги тўғрисидаги хабарнома олинган кундан бошлаб бир ой муддатда амалга оширилиши лозим.

Ўқитишнинг тўлов миқдори камайтирилганда ортиқча тўланган маблағ кейинги тўловлар ҳисобига ўтказилади ёки тўловни амалга оширган тарафнинг ёзма мурожаатига кўра қайтариб берилади.


20. Олий таълим муассасаларида контракт асосида ўқитиш учун белгиланган миқдордаги тўлов ўқув йилида тўлиқ ёки қисман (бироқ, биринчи тўлов тегишли ўқув йили учун белгиланган тўлов миқдорининг 50 фоизидан кам бўлмаган ҳолда) мазкур Низомнинг 22-бандида ёки контрактда белгиланган муддатларда амалга оширилади.


21. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан моддий ёрдам сифатида талабаларини ўқитиш учун тўловлар қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

22. Контракт асосида ўқитиш учун тўлов ўқув йилининг қуйидаги муддатларида:

белгиланган тўлов миқдорининг камида 50 фоизи - талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун 15 сентябргача, иккинчи ва ундан кейинги босқич талабалари учун 1 октябргача;

қолган қисми (қисмларга бўлиб тўланган ҳолларда ҳам) - 1 мартгача амалга оширилади.

Қўшимча оширилган тўлов-контракт асосида қабул қилинган абитуриентларнинг биринчи ўқув йили учун тўлови Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда амалга оширилади.

23. Хорижий фуқароларни ўқитиш учун белгиланган тўловлар миллий валютада амалга оширилади, қонун ҳужжатларига мувофиқ тўловлар чет эл валютасида амалга оширилиши мумкин бўлган ҳолатлар бундан мустасно.

24. Қонун ҳужжатларига мувофиқ, ўқув йили давомида Давлат комиссиясининг қарори қўшимча равишда чиқарилганда олий таълим муассасаларига контракт асосида қабул қилинган абитуриентлардан ўқитиш учун тўлов фақат ўқув йилининг қолган муддати учун олинади.

Бунда, ўқув йилининг қолган муддати сифатида олий таълим муассасасининг абитуриентнинг дарсларга қатнашишига рухсат бериш тўғрисидаги буйруғида дарсларга қатнашиши белгиланган ойнинг биринчи санасидан ўқув йилининг охиригача бўлган давр тушунилади.

Оширилган тўлов-контракт миқдори Давлат комиссиясининг қарори ҳамда олий таълим муассасасининг абитуриентларни дарсларга қатнашишга рухсат бериш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинган санадан қатъи назар, тўлиқ тўланади. Бунда, стипендия абитуриентларни дарсларга қатнашишга рухсат берилган ойнинг биринчи санасидан ўрнатилган тартибда белгиланади.

25. Ўқув йилининг қолган муддати учун тўлов миқдори ўқув йилининг охирига қадар қолган ойлар сонини тегишли ўқув йилига тасдиқланган ўқитишнинг тўлов миқдорининг ўн иккидан бир қисмига кўпайтириш орқали аниқланади.


26. Олий таълим муассасалари битирувчи курс талабаларининг охирги ўқув йили (қисмларга бўлиб тўланганда охирги ўқув семестри) учун тўлов, тўловнинг белгиланган миқдоридан июль ва август ойлари учун тўланадиган стипендия миқдорини чегириб қолиш орқали амалга оширилади.

Бунда, чегириб қолинадиган стипендия миқдори контракт асосида ўқитиш учун тўлов миқдорининг охирги белгиланган стипендиянинг миқдори 0,75 коэффициенти қўлланган базавий миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.


27. Талаба ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги, бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги ёки ўқитиш учун белгиланган миқдордаги тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлиги сабабли талабалар сафидан четлаштирилганда ёхуд белгиланган муддатларда фанларни ўзлаштира олмаганлиги (академик қарздор бўлганлиги) сабабли курсдан қолдирилганда олий таълим муассасаси томонидан унинг тегишли ўқув семестри учун амалга оширилган тўлови қайтариб берилмайди.

Бунда, оширилган тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинганлар биринчи курснинг биринчи семестри давомида талабалар сафидан четлаштирилганда улар томонидан амалга оширилган тўловнинг 50 фоизи қайтариб берилмайди.

28. Талаба қуйидаги сабабларга кўра талабалар сафидан четлаштирилганда олий таълим муассасаси томонидан унинг ўқиган муддати учун ҳақиқатда сарфланган харажатлар чегирилган ҳолда тегишли ўқув йили ёки семестри учун олдиндан амалга оширилган тўловнинг қолган қисми контрактнинг тегишли тарафи ёзма мурожаатига кўра қайтариб берилади:

ўз хоҳишига биноан;

ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

вафот этганлиги сабабли.

Бунда, оширилган тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинганлар биринчи курсда талабалар сафидан четлаштирилганда қайтариладиган тўлов миқдори ўқув йилининг охирига қадар қолган ойлар сонини тегишли ўқув йилига тасдиқланган ўқитишнинг оширилган тўлов-контракт миқдорининг ўн иккидан бир қисмига кўпайтириш орқали аниқланади ва контрактнинг тегишли тарафи ёзма мурожаатига кўра қайтариб берилади.

29. Талаба ўқув йили давомида қонун ҳужжатларига мувофиқ академик таътилга чиққан ҳолларда ҳам олий таълим муассасаси томонидан унинг ўқиган муддати учун ҳақиқатда сарфланган харажатлар чегирилган ҳолда тегишли ўқув йили ёки семестри учун олдиндан амалга оширилган тўловнинг қолган қисми контрактнинг тегишли тарафи ёзма мурожаатига кўра қайтариб берилади.

Бунда, ўқув йили ёки семестри бошидан олий таълим муассасаси томонидан талабанинг талабалар сафидан четлатилганлиги ёки академик таътилга чиққанлиги ҳақидаги буйруқ чиқарилган ойнинг охирги санасигача бўлган давр, талабанинг ўқиган муддати ҳисобланади.


30. Ўқув йили давомида ўқишга қабул қилинган ёки қайта тикланган талабалар, фақат ўқув йили охиригача қолган муддат учун тўловларни амалга оширади.

Бунда, тўловлар талабанинг ўқишга қабул қилинганлиги ёки қайта тикланганлиги муносабати билан дарсларга қатнашишга рухсат бериш тўғрисидаги буйруқда дарсларга қатнашиши белгиланган ойнинг биринчи санасидан ўқув йили охиригача бўлган давр учун ҳисобланади ва мазкур даврда ўрнатилган тартибда стипендия тўланади.

Белгиланган муддатларда фанларни ўзлаштира олмаган (академик қарздор бўлган) талаба курсдан қолдирилганда тўлов миқдори ўқиши давом этадиган ўқув семестри учун амалга оширилади.

31. Ҳар янги ўқув йили бошлангунига қадар олий таълим муассасаси томонидан контракт асосида ўқитишнинг белгиланган тўлов миқдори талабалар эътиборига етказилиши лозим, тўлов миқдори ўзгармаган ҳоллар бундан мустасно.


32. Олий таълим муассасаси билан абитуриент ёки талабани контракт асосида ўқитиш учун контракт тузган буюртмачи белгиланган муддатда тўловни амалга ошириш имкониятига эга бўлмаганда, контракт бошқа буюртмачи билан белгиланган тартибда қайта расмийлаштирилиши мумкин.

Бунда, контрактни қайта расмийлаштиришга абитуриент ёки талабанинг аризаси ёхуд аввал контрактни расмийлаштирган буюртмачининг абитуриент ёки талабани ўқитиш учун тўлов қобилияти йўқлиги тўғрисида олий таълим муассасасига қилинган ёзма мурожаати асос қилиб олинади.


33. Бюджет ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек ўқитишнинг контракт шаклидан тушган ёки Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўқитиш учун тўловларни амалга оширилиши тақиқланади.



IV БОБ. ЎҚИТИШНИНГ КОНТРАКТ ШАКЛИДАН

ТУШГАН МАБЛАҒЛАРНИНГ ОЛИЙ ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИ ТОМОНИДАН

ТАҚСИМЛАНИШИ


34. Ўқитишнинг контракт шаклидан, шу жумладан оширилган тўлов-контракт асосида тушган маблағлар олий таълим муассасаси даромадига киритилади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасида қуйидагиларга сарфлаш учун тақсимланиши мумкин:

олий таълим муассасаларининг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда контракт асосида таълим олаётган талабаларига (хорижий талабалардан ташқари) стипендиялар тўлашга;

олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари, шунингдек ягона ижтимоий тўловлар бўйича харажатларни тўлашга;

олий таълим муассасаларида бино ва иншоотларни сақлаш ҳамда коммунал хизматлар бўйича харажатларни тўлашга;

мавжуд кредитор қарзларни узишга;

ўқув-лаборатория бинолари, талабалар турар жойлари ҳамда бошқа бино ва иншоотларни, асбоб-ускуналарни жорий ва капитал таъмирлашга, олий таълим муассасасининг ҳудудини ва атрофини ободонлаштиришга, шунингдек қурилиш-тиклаш ишларига;

ўқув, илмий-тадқиқот ва лаборатория жиҳозлари, юмшоқ ва қаттиқ инвентарлар, мебеллар, ўқитишнинг техник воситалари, компьютер техникаси ва уларнинг эҳтиёт ҳамда бутловчи қисмларини, керакли материалларни ва бошқаларни сотиб олиш ҳамда таъмирлашга;

олий таълим муассасаси Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) фондини тўлдиришга;

"Маънавият ва маърифат" тадбирлари, "Универсиада" ва "Баркамол авлод" спорт тадбирлари, "Ниҳол" ижодий фестивалларини ўтказишга;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Истеъдод" жамғармаси йўналиши бўйича хорижий олий ўқув юртларида истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировка ўташларига;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукумати қарорлари асосида вазирлик ва идораларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ташқари жамғармаларига ажратмаларни амалга оширишга;

олий таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга (устама, мукофот) ва уларга моддий ёрдам кўрсатишга;

олий таълим муассасалари талабаларини ижтимоий муҳофаза қилиш доирасида бир йилда бир талабага энг кам иш ҳақининг олти баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда бирйўла моддий ёрдам кўрсатишга;

олий таълим муассасаси фаолиятини амалга оширишини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа харажатларни қоплашга.


35. Харажатларни амалга оширишда маблағлар биринчи навбатда стипендия, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда энергия ресурслари ва коммунал хизматларнинг ҳақини тўлаш мақсадларига йўналтирилади.


36. Олий таълим муассасаларининг контракт асосида таълим олаётган талабаларига стипендиялар уларни ўқитиш учун тўловлар амалга оширилгандан кейин тўланади. Бунда, стипендия фақат ўқитиш учун тўлов амалга оширилган ойлар учунгина берилади.


37. Олий таълим муассасаларининг ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлари Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси таркибига киритилмайди.


38. Ўқитишнинг контракт шаклидан тушган ва вақтинчалик бўш турган маблағлар олий таълим муассасаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг молиявий барқарор ва тўлов қобилияти юқори бўлган банкларининг депозит ҳисобварақларига танлов асосида жойлаштирилиши мумкин. Олинган фоиз даромадлари олий таълим муассасасининг ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлари даромадлар ва харажатлар сметасига киритилади ҳамда мазкур Низомнинг 34-бандида назарда тутилган мақсадларга сарфлаш учун тақсимланади.


39. Олий таълим муассасалари томонидан ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлар ва улар сарфланишининг бухгалтерия ҳисоби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритилади.


40. Ҳар йили олий таълим муассасалари томонидан ўқитишнинг контракт шаклидан тушадиган маблағлар бўйича календарь йилга даромадлар ва харажатлар сметаси ишлаб чиқилиб тасдиқланади ҳамда бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ёки идорага рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади.

41. Олий таълим муассасаларининг ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларига ўзгартиришлар, календарь йил давомида ўқитиш учун тўлов миқдори, иш ҳақи ва стипендиялар миқдорларининг, энергия ресурслари, коммунал ва эксплуатация хизматларининг нархлари ҳамда тарифлари ўзгарганда, шунингдек олий таълим муассасалари таклифлари асосида белгиланган тартибда киритилади.


42. Олий таълим муассасаларида ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларини тузиш Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2634, 2014 йил 15 декабрь), шунингдек мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.

43. Олий таълим муассасалари томонидан ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатларнинг ҳисоботларини тузиш, тасдиқлаш ва тақдим қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағ билан таъминланадиган ташкилотларнинг даврий молиявий ҳисоботларини тузиш, тасдиқлаш ҳамда тақдим қилиш бўйича қоидаларга (рўйхат рақами 2270, 2011 йил 27 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 39-сон, 408-модда) мувофиқ амалга оширилади.


44. Олий таълим муассасалари ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларининг бажарилиши ҳақидаги чораклик ва йиллик ҳисоботларни бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ёки идорага белгиланган тартибда тақдим этишлари лозим.



V БОБ. ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ

МУАССАСАЛАРИДА ЎҚИТИШ УЧУН КОНТРАКТНИНГ

РАСМИЙЛАШТИРИЛИШИ, ТЎЛОВ МИҚДОРИ ВА

УНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ


45. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 июлдаги 200-сон "Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 28-сон, 315-модда) мувофиқ касб-ҳунар коллежи манфаатдор вазирликлар ва идоралар, иш берувчилар, меҳнат ва аҳоли бандлиги органлари билан ҳамкорликда контракт асосида:

ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлмаган шахсларни умумтаълим мактабларининг 11-синфлари битирувчилари касбий тайёргарликка эга бўлишлари учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича;

иккинчи мутахассисликни олишни хоҳловчи ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли шахсларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича ўқитиши мумкин (бўш ўқув майдонлари, зарур ресурс таъминоти ва ўқитувчи кадрлар мавжуд бўлган тақдирда).


46. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда белгиланади.

47. Хорижий фуқароларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатиб ўтилган тартибда белгиланади.


48. Иш ҳақи миқдорининг, энергия ресурслари, коммунал ва эксплуатация хизматларининг нархлари ва тарифлари ўзгариши муносабати билан контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори ўқув йили давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.


49. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида контракт асосида ўқитиш учун контрактнинг расмийлаштирилиши, тўлов миқдори ва унинг амалга оширилиши мазкур Низомнинг 5 - 12, 15 - 17, 19, 20, 22 - 25 ва 27 - 33-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VI БОБ. ЎҚИТИШНИНГ КОНТРАКТ ШАКЛИДАН ТУШГАН

МАБЛАҒЛАРНИНГ ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ

МУАССАСАЛАРИ ТОМОНИДАН ТАҚСИМЛАНИШИ


50. Ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси даромадига киритилади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасида қуйидагиларга сарфлаш учун тақсимланиши мумкин:

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари, шунингдек ягона ижтимоий тўловлар бўйича харажатларни тўлашга;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида бино ва иншоотларни сақлаш ҳамда коммунал хизматлар бўйича харажатларни тўлашга;

мавжуд кредитор қарзларни узишга;

ўқув-лаборатория бинолари ҳамда бошқа бино ва иншоотларни, асбоб-ускуналарни жорий ва капитал таъмирлашга, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг ҳудудини ва атрофини ободонлаштиришга, шунингдек қурилиш-тиклаш ишларига;

ўқув, илмий-тадқиқот ва лаборатория жиҳозлари, юмшоқ ва қаттиқ инвентарлар, мебеллар, ўқитишнинг техник воситалари, компьютер техникаси ва уларнинг эҳтиёт ҳамда бутловчи қисмларини, керакли материалларни ва бошқаларни сотиб олиш ҳамда таъмирлашга;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) фондини тўлдиришга;

"Маънавият ва маърифат" тадбирлари, "Универсиада" ва "Баркамол авлод" спорт тадбирлари, "Ниҳол" ижодий фестивалларини ўтказишга;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукумати қарорлари асосида вазирлик ва идораларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ташқари жамғармаларига ажратмаларни амалга оширишга;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга (устама, мукофот) ва уларга моддий ёрдам кўрсатишга;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларини ижтимоий муҳофаза қилиш доирасида бир йилда бир ўқувчига энг кам иш ҳақининг олти баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда бирйўла моддий ёрдам кўрсатишга;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси фаолиятини амалга оширишини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа харажатларни қоплашга.


51. Харажатларни амалга оширишда маблағлар биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда энергия ресурслари ва коммунал хизматларнинг ҳақини тўлаш мақсадларига йўналтирилади.


52. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлари Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси таркибига киритилмайди.


53. Ўқитишнинг контракт шаклидан тушган ва вақтинчалик бўш турган маблағлар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг молиявий барқарор ва тўлов қобилияти юқори бўлган банкларининг депозит ҳисобварақларига танлов асосида жойлаштирилиши мумкин. Олинган фоиз даромадлари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлари даромадлар ва харажатлар сметасига киритилади ҳамда мазкур Низомнинг 50-бандида назарда тутилган мақсадларга сарфлаш учун тақсимланади.


54. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари томонидан ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлар ва улар сарфланишининг бухгалтерия ҳисоби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритилади.


55. Ҳар йили ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитишнинг контракт шаклидан тушадиган маблағлар бўйича календарь йилга даромадлар ва харажатлар сметаси ишлаб чиқилиб тасдиқланади ҳамда бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ёки идорага рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади.

56. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларига ўзгартиришлар календарь йил давомида ўқитиш учун тўлов миқдори, иш ҳақи миқдори ва коммунал, эксплуатация хизматлари ва энергия ресурслари нархлари ҳамда тарифларининг миқдорлари ўзгарганда, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари таклифлари асосида белгиланган тартибда киритилади.


57. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларини тузиш Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2634, 2014 йил 15 декабрь), шунингдек мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.

58. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари томонидан ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатларнинг ҳисоботларини тузиш, тасдиқлаш ва тақдим қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағ билан таъминланадиган ташкилотларнинг даврий молиявий ҳисоботларини тузиш, тасдиқлаш ҳамда тақдим қилиш бўйича қоидаларга (рўйхат рақами 2270, 2011 йил 27 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 39-сон, 408-модда) мувофиқ амалга оширилади.


59. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларининг бажарилиши ҳақидаги чораклик ва йиллик ҳисоботларни бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ёки идорага белгиланган тартибда тақдим этишлари лозим.



VII БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


60. Таълим муассасаларининг раҳбарлари, молия ва бухгалтерия хизматлари ходимлари тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметасининг тўғри тузилиши, уларнинг бажарилиши бўйича ҳисоботларнинг ҳаққонийлиги, шунингдек бюджетдан ташқари маблағларнинг тасдиқланган сметаларга мувофиқ мақсадли сарфланиши учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгардирлар.


61. Таълим олишнинг тўлов-контракт асосида келиб тушадиган маблағларнинг тўғри сарфланиши ва маблағлардан мақсадли фойдаланиш устидан назоратни тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси, унинг ҳудудий органлари ва жойлардаги молия органлари қонунчилик томонидан тақдим этилган ваколатларга мувофиқ амалга оширади.

62. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, "Ўзбекистон темир йўллари" давлат акциядорлик темир йўл компанияси ва "Навоий кон-металлургия комбинати" давлат корхонаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 4 март, 9-сон, 120-модда