язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги/ Сувдан фойдаланиш. Сувдан фойдаланиш лимитлари/ Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.03.2013 й. 82-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 19 мартдаги

82-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш

ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


сувдан фойдаланиш - юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;


сувдан фойдаланувчи - сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;


сув истеъмоли (сувни истеъмол қилиш) - юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув ресурсларидан уларни сув объектидан белгиланган тартибда олган ҳолда фойдаланиш;


сув истеъмолчиси - ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув объектидан сув ресурсларини белгиланган тартибда олувчи юридик ёки жисмоний шахс;


сув истеъмолчилари уюшмаси - юридик шахс бўлган сув истеъмолчилари томонидан сувга доир муносабатлар соҳасидаги ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун ихтиёрий асосда ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилоти;


сув объекти - сувлар доимий равишда ёки вақтинча тўпланадиган ва сув режимининг ўзига хос шакллари ва белгилари бўлган табиий (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар) ҳамда сунъий (очиқ ва ёпиқ каналлар, шунингдек коллектор-дренаж тармоқлари) сув оқимлари, табиий (кўллар, денгизлар, ер ости сувли қатламлари) ва сунъий (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) сув ҳавзалари, шунингдек булоқлар ва бошқа объектлар;


сув ресурслари - фойдаланиладиган ёки фойдаланилиши лозим бўлган сув объектлари сувлари.


3. Сувдан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек сувдан фойдаланишни бевосита ёки ҳавза (ҳудудий) бошқармалари орқали тартибга солувчи махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (ер усти сувлари), Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (ер ости сувлари) ўз ваколатлари доирасида сувдан фойдаланишни тартибга солиш соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳисобланади.

5. Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширадилар.

6. Ўзбекистон Республикаси ва Орол денгизи ҳавзасидаги бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган трансчегаравий сув объектларидан (Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёлари, Орол денгизи ва бошқа трансчегаравий сув объектларидан) фойдаланишни тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Трансчегаравий сув объектларида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли, сув хўжалиги ва сувни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси трансчегаравий сув объектларининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида тартибга солинмаган қисмида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



II. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ ТУРЛАРИ


7. Сув объектидан сув олиш усулига, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этишига қараб сувдан фойдаланиш сувдан умумий ва махсус фойдаланишга бўлинади.

Жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда ўз эҳтиёжларини ҳамда бошқа эҳтиёжларни қондириш мақсадида сувдан фойдаланиш сувдан умумий фойдаланиш ҳисобланади.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган сувдан фойдаланиш сувдан махсус фойдаланиш ҳисобланади. Сувдан махсус фойдаланишга, айрим ҳолларда, махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда, аммо сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган сувдан фойдаланиш ҳам киритилиши мумкин.

Сувдан умумий ва махсус фойдаланиш турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан ўз ваколатлари доирасида, қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

8. Мақсадли фойдаланилишига кўра сув истеъмоли ичимлик, коммунал-маиший, даволаш, курорт, рекреация, балиқчилик хўжалиги, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги сув истеъмолига ва бошқа турларга бўлинади.


9. Сув объектидан олинадиган сувнинг миқдорига қараб сув истеъмоли умумий ва махсус сув истеъмолига бўлинади.

Жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда ўз шахсий ичимлик, маиший, рекреация, даволаш эҳтиёжлари, ҳайвонларни суғориш ва бошқа эҳтиёжларни қондириш мақсадидаги сув истеъмоли умумий сув истеъмолидир. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан бир суткада 5 куб метргача ҳажмда ер ости сувларини якка тартибда олиш умумий сув истеъмолига киради.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган сув истеъмоли махсус сув истеъмолидир. Махсус сув истеъмолига айрим ҳолларда махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда, аммо сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган сув истеъмоли ҳам киритилиши мумкин.


10. Сув ресурслари қонун ҳужжатларида назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя қилинган ҳолда истеъмол учун берилади.



III. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ОБЪЕКТЛАРИ

ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ МАНБАЛАРИ


11. Сув объектлари ёки уларнинг қисмлари сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли манбалари бўлиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш ёки сув истеъмолига берилиши мумкин.


12. Сув объектлари танҳо ёки биргаликда фойдаланишда бўлиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик ёки жисмоний шахсларга бутунлай ёки қисман фойдаланишга берилган сув объекти танҳо фойдаланиладиган сув объектидир.

Танҳо фойдаланишга берилмаган сув объекти биргаликда фойдаланиладиган сув объектидир.


13. Сув объектлари доимий ёки вақтинча фойдаланиш учун берилади. Муддати аввалдан белгиланмаган ҳолда фойдаланиш - доимий фойдаланиш деб эътироф этилади. Сувдан вақтинча фойдаланиш муддати: қисқа - уч йилгача ва узоқ - йигирма йилгача бўлиши мумкин.

Сув объектларидан вақтинча фойдаланиш муддатлари сувдан фойдаланувчи манфаатдор томонлар илтимосига биноан, шу сув объектини танҳо фойдаланиш учун бериш тўғрисида қарор чиқарган ёки сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома берган давлат органлари томонидан узайтирилиши мумкин.


14. Сув объектлари сувдан фойдаланувчиларга сув истеъмолчиларининг қишлоқ хўжалиги, ичимлик, даволаш ва маиший эҳтиёжларини, аҳолининг курорт, рекреация ва ўзга эҳтиёжларини, саноат, энергетика, транспорт, балиқчилик хўжалиги ҳамда бошқа давлат ёки жамоат эҳтиёжларини қондириш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя қилинган ҳолда фойдаланишга берилади.


15. Танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларида сувдан умумий фойдаланишга ва умумий сув истеъмолига шу сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан сув хўжалиги, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат органлари билан келишилган ҳолда белгиланган шартларга кўра йўл қўйилади, зарур ҳолларда эса, бундай сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқлаб қўйилиши мумкин.

Танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтариб олинади.


16. Биргаликда фойдаланиладиган сув объектларида сувдан умумий фойдаланишга ва сув истеъмол қилишга Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларининг туманлар (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимлари томонидан белгиланган шартларда, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат органлари билан келишув бўйича рухсат этилади, зарурат бўлганда эса - қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқлаб қўйилиши мумкин.


IV. СУВ ОЛИШ ЛИМИТЛАРИ ВА УЛАРНИ

БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИ


17. Сув олиш лимитларини белгилаш учун сув ресурслари ҳажмлари қуйидагилардан иборат бўлади:

Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси (ДМСК) йиғилиши протоколлари, шунингдек Ҳукуматлараро қарорлар билан (кичик трансчегаравий дарёлардан) белгиланган лимитлар бўйича трансчегаравий сув объектларининг (бир неча республикалар ҳудудидан ўтувчи Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёлари, уларнинг ирмоқлари) сув ресурслари;

Ўзбекистон ҳудудидаги ҳақиқий серсувлигидан, шунингдек қайта тартибга солинганлиги ва бир ўзандан иккинчи ўзанга ташланганлигидан келиб чиқиб киритилган тузатишлар ҳисобига олинган ер усти сув манбалари ҳажмидан;

ер ости сувларининг фойдаланилаётган захирасидан олинган сув ҳажмидан;

оқова сувлардан, шунингдек қулай коллектор-дренаж сувларидан қайта фойдаланиш ҳажмидан.


18. Сув олиш лимитлари барча сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига нисбатан белгиланади.


19. Сув олиш лимитлари қуйидаги тартибдаги устуворлиги билан белгиланади:

ичимлик, даволаниш ва коммунал-маиший хўжалик учун;

саноат учун;

қишлоқ хўжалиги учун;

санитария ва табиат муҳофазаси мақсадларида сув чиқариш учун.


20. Кўкаламзорлаштириш, спорт ва соғломлаштириш объектлари эҳтиёжлари учун белгиланадиган сув олиш лимитлари устуворлигига кўра коммунал эҳтиёжларга тенглаштирилади.


21. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сув олиш лимитлари бунинг учун ваколатли бўлган ташкилотлар томонидан белгиланади ҳамда барча сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари учун мажбурий ҳисобланади.


22. Сув олиш лимитлари сув хўжалиги органлари томонидан белгиланади, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда сув истеъмолчилари уюшмалари хизмат кўрсатадиган бошқа сув истеъмолчилари, шунингдек тегишли фойдаланувчи ташкилотлар томонидан хизмат кўрсатиладиган коммунал ҳамда маиший хўжалик корхона ва ташкилотлари бундан мустасно.

23. Сув олиш лимитлари сув хўжалиги органлари томонидан сув манбалари (дарёлар, коллектор-дренаж сувлари, шунингдек бошқа ер усти сувлари) бўйича, ҳавза ирригация тизимлари, магистрал каналлар (тизимлар), ирригация тизимлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари бўйича белгиланади.

Ер ости сувларидан сув олиш лимитлари геология ва минерал ресурслар органлари билан келишган ҳолда сув хўжалиги органлари томонидан белгиланади.

24. Сув олиш лимитлари:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан - Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига, вилоятлараро ва трансчегаравий аҳамиятга эга бўлган магистрал каналлар (тизимлар) бошқармаларига, йирик ва алоҳида муҳим сув, энергетика ва коммунал-маиший объектлардан фойдаланувчи алоҳида корхоналар ва ташкилотларга - манбалар, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича;

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан - ирригация тизимлари бошқармаларига, туманлар (Қувасой шаҳри) ирригация бўлимлари, шунингдек, бошқа сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига - вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) ёки туманлараро аҳамиятга эга бўлган сув объектларидан манбалар, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича;

туманлар (Қувасой шаҳри) ирригация бўлимлари томонидан - сув истеъмолчилари уюшмаларига, шунингдек, бошқа сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига - туман аҳамиятига эга бўлган сув объектларидан манбалар, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича;

сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан - фермер ва деҳқон хўжаликларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, улар хизмат кўрсатадиган зонада жойлашган бошқа сув истеъмолчиларига белгиланади.

Қишлоқ хўжалигидан ташқари эҳтиёжлар учун ер ости сувларидан сув олиш лимити сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома расмийлаштирилган ҳолда рухсатнома амал қиладиган муддат даври учун белгиланади.

25. Коммунал сув таъминоти тизимидан сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига сув олиш лимити Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда, уларга хизмат кўрсатадиган тегишли фойдаланиш ташкилоти томонидан белгиланади.

26. Сув олиш лимитлари сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари учун манбаларнинг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилиги ҳисобга олинган ҳолда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун - бир йилда икки марта ҳамда бошқа эҳтиёжлар учун - бир йилда бир марта белгиланади ва улар учун мажбурийдир.


27. Сувдан фойдаланишни режалаштириш ва сув олиш лимитларини белгилаш, биринчи навбатда, аҳолининг ичимлик сувига бўлган ва маиший эҳтиёжларини қондиришни, сувнинг сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари ўртасида илмий асосда тақсимланишини, сувни муҳофаза қилиш шартларини ва сув етказадиган зарарли таъсирнинг олдини олишни таъминлаши лозим.

Бунда давлат сув кадастридаги маълумотлар, сув хўжалиги баланслари, сувдан комплекс фойдаланиш ва сувни муҳофаза қилиш схемалари ҳисобга олинади.


28. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари учун сув олиш лимитлари улар томонидан қуйидагилар белгиланган тартибда тақдим этилган тақдирда белгиланади:

сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатномалар;

сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг белгиланган тартибда тасдиқланган режалари (сув қувури - коммунал сув таъминоти тизимининг сувдан фойдаланувчилари ва сув истеъмолчилари бундан мустасно).


29. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув олиш жойлари паспортга эга бўлиши, хизмат кўрсатадиган фойдаланиш ташкилотида рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак. Сув олиш жойлари сувни ҳисобга олиш воситалари (гидропост) билан жиҳозланиши, улар белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган бўлиши керак.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек аҳоли томонидан қишлоқ хўжалиги учун сувни истеъмол қилишга олинадиган сувни ҳисобга олиш уларнинг тегишли сув олиш жойлари сувни ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлангунгача, ҳажмий, ҳисобий ва бошқа усулларда, ҳақиқий суғориладиган майдонларни, суғоришлар сонини, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш режимини, сув олиш давомийлиги қанча ва шу кабиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув олиш жойларининг паспортларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек сувни ҳисобга олиш воситаларини (гидропостларни) аттестациядан ўтказиш тартиби:

а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг фойдаланувчи сув хўжалиги ташкилотлари балансидаги ва бошқа ташкилотлар ҳисобида бўлган сунъий сув объектларида;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (ер ости сувлари бўйича) билан келишган ҳолда - табиий сув объектларида белгиланади;

б) Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан - коммунал сув таъминоти тизимида белгиланади.

30. Қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун сув олиш лимитлари:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан - ҳар йили 15 сентябргача бўлган муддатда - куз-қиш даври учун (1 октябрдан 31 мартгача) ҳамда 15 мартгача - вегетация даври учун (1 апрелдан 30 сентябргача);

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан - ҳар йили 20 сентябргача бўлган муддатда - куз-қиш даври учун ҳамда 20 мартгача - вегетация даври учун;

туманлар (Қувасой шаҳри) ирригация бўлимлари томонидан - ҳар йили 25 сентябргача бўлган муддатда - куз-қиш даври учун ҳамда 25 мартгача - вегетация даври учун;

сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан - ҳар йили 1 октябргача бўлган муддатда - куз-қиш даври учун ҳамда 1 апрелгача - вегетация даври учун белгиланади.

Қишлоқ хўжалигидан бошқа эҳтиёжлар учун сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига сув олиш лимитлари йилига бир марта - ҳар йили 1 октябргача белгиланади.

Қишлоқ хўжалигидан бошқа эҳтиёжлар учун сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига ер ости сувларидан сув олиш лимитлари бир марта - махсус рухсатнома амал қиладиган муддатга белгиланади.


31. Сув олиш лимитлари:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг прогнози асосида;

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, туманлар (Қувасой шаҳри) ирригация бўлимлари буйруқлари билан;

сув истеъмолчилари уюшмаларининг умумий мажлиси протоколи билан - туман (Қувасой шаҳри) қишлоқ хўжалиги бўлими ва туман (Қувасой шаҳри) ирригация бўлими билан келишув бўйича тасдиқланади.

32. Коммунал-маиший хўжалик эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига сув олиш лимитлари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда, улар хизмат кўрсатадиган тегишли фойдаланиш ташкилотларининг буйруқлари билан тасдиқланади.

33. Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув лимитлари олиш учун сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари куз-қиш ва вегетация даври бошланишидан бир ой олдин, қишлоқ хўжалигидан бошқа эҳтиёжлар учун эса - ҳар йили 1 сентябргача - уларга хизмат кўрсатадиган тегишли фойдаланиш ташкилотларига ёзма равишда мурожаат қилишлари ва ушбу Низомнинг 28-бандига мувофиқ рўйхат бўйича зарур ҳужжатларни тақдим этиши керак.


34. Сув олиш лимитлари рухсат этилган жами сув олиш миқдорини сув манбалари (дарё, сой, булоқ сув ҳавзаси, ирригация тизими, магистрал канал (тизим), суғориш ва коллектор тармоғи, ер ости сувлари ва бошқа сув манбаи) бўйича акс эттириб, улар ҳар ўн кунликлар кесимида аниқ сув олиш жойларига тақсимланган бўлиши керак.

35. Сув олиш лимитларини белгилашда тармоқнинг устуворлигига ҳамда барча сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг алоҳида манбалар ва ирригация тизимлари бўйича кутилаётган сувлиликни ҳисобга олиб сув билан тенг фоизда таъминланишига риоя этилиши керак.


36. Сув олиш лимитлари сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас, манбаларнинг сувлилиги камайган ҳоллар бундан мустасно.

Манбаларда сув ҳажми камайган ёки кўпайган ҳолатларда сув олиш лимитларига, юқори ваколатли ташкилотнинг рухсати билан, сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмол қилиш режаси параметрлари ўзгартирилмасдан, дарҳол тузатишлар киритилиши мумкин.


37. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмол қилишнинг белгиланган даври тугагандан кейин икки ой муддатда ваколатли ташкилотлар томонидан, манбалардаги сувнинг ҳақиқий миқдори ҳисобга олинган ҳолда, ўтган давр учун сув олишнинг узил-кесил лимитлари тасдиқланади.



V. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ

ИСТЕЪМОЛИНИ РЕЖАЛАШТИРИШ


38. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли, ҳар йилги сув билан ҳақиқий таъминланганлик ҳисобга олинган ҳолда, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режалари асосида амалга оширилади. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режалари тасдиқланган норматив ҳужжатларга мувофиқ ажратилган сув олиш лимитлари доирасида сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан тузилади.

Коллектор-дренаж тармоқларида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолини режалаштириш ерларнинг мелиоратив ҳолатини ҳамда коллектор-дренаж суви сифатини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


39. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ва бошқа сув истеъмолчиларининг сув истеъмоли режалари уларга хизмат кўрсатадиган сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан тасдиқланади. Сув истеъмолчилари уюшмалари сув таъминоти режаларини умумлаштирадилар ва уюшмаларнинг сувдан фойдаланиш режаларини тузадилар.

Сув истеъмолчилари уюшмаларининг, шунингдек, бошқа сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш режалари туманлар (Қувасой шаҳри) ирригация бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан умумлаштирилади.

40. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолининг тузилган ва умумлаштирилган режалари:

сув истеъмолчилари уюшмалари бўйича - туман қишлоқ хўжалиги бўлими билан келишилган ҳолда, туманлар (Қувасой шаҳри) ирригация бўлими томонидан;

туманлар ирригация бўлимлари, ирригация тизими бошқармалари, магистрал каналлар (тизим) бошқармалари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тегишли ҳудудий органлари билан келишилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи сув хўжалиги ташкилотлари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.

41. Коммунал-маиший хўжаликлар эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режалари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ тузилади ва тасдиқланади.

42. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режалари сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартноманинг узвий қисми ҳисобланади.



VI. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ

ТЎҒРИСИДАГИ ШАРТНОМАЛАР


43. Сув истеъмолчилари уюшмаси ва унинг хизмат кўрсатиш зонасида жойлашган аъзолари, шунингдек бошқа сув хўжалиги органлари ҳамда ўзга юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги сувга доир муносабатлар шартнома асосида тартибга солинади.

44. Сувдан фойдаланувчиларнинг сувни етказиб бериш бўйича хизматлари, шунингдек кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун шартнома асосида ҳақ тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг фойдаланувчи сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сув етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаш шартлари ва ҳолатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

45. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларнинг намунавий шакллари Сув хўжалиги вазирлиги томонидан (коммунал сув таъминоти тизимида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳолатларидан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан (табиий сув объектларидан сув олишда), Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан (ер ости сувларини олишда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишув бўйича тасдиқланади.

Коммунал сув таъминоти тизимидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларнинг намунавий шакллари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ тасдиқланади.

46. Юридик ва жисмоний шахслар сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларни уларга хизмат кўрсатадиган тегишли фойдаланиш ташкилотлари билан тузадилар.


47. Қуйидагиларнинг мавжуд бўлиши сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли тўғрисидаги шартномани тузишда мажбурий талаб ҳисобланади:

сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш (аҳоли томорқа ерлари бундан мустасно) воситалари билан жиҳозлаш;

сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг тасдиқланган режаси (коммунал-маиший сув таъминотидаги фуқаролар бундан мустасно);

сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун берилган рухсатномалар.


48. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисида белгиланган тартибда тузилган шартномалар:

вилоятлараро ва трансчегаравий аҳамиятга эга бўлган, шунингдек, йирик ва алоҳида муҳим объектлардан фойдаланувчи айрим ташкилотлар билан тузилган шартномалар - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида;

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари таркибига кирадиган фойдаланувчи ташкилотлар билан тузилган шартномалар - Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларида;

сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда улар хизмат кўрсатадиган зонадаги бошқа сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчилар билан тузилган шартномалар - туманлар қишлоқ хўжалиги бўлимларида ҳисобга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, туманлар қишлоқ хўжалиги бўлимларида ҳисобга олинадиган шартномалар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартномалар реестри белгиланган тартибда назоратни таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига (сунъий сув объектларидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг тегишли органларига (табиий сув объектларидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида) берилади.

Коммунал сув таъминоти тизимининг фойдаланувчи ташкилотлари томонидан сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари билан тузилган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартномалар Ўзбекистон Республикаси Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ҳисобга олинади.

49. Томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома билан белгиланади.



VII. СУВ РЕСУРСЛАРИНИ ОЛИШ, СУВДАН

ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИДА ҲИСОБГА

ОЛИШНИ ВА ҲИСОБОТНИ, ШУНИНГДЕК УЛАРНИНГ

МОНИТОРИНГИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


50. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли учун сув ресурсларини олиш фақат хизмат кўрсатувчи фойдаланиш ташкилотлари билан келишган ҳолда, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартнома мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилади.


51. Сув объектларидан сув олиш фақат сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ёзма буюртманомалари бўйича (коммунал сув таъминоти тизимидаги, шунингдек ер ости сув ҳавзаларидан сув олиш ҳолатларидан ташқари), уларнинг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолига тайёрлигига кўра, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаси асосида, белгиланган сув олиш лимити доирасида амалга оширилади.

Сув ресурслари олиш юзасидан буюртманомалар сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан хизмат кўрсатадиган фойдаланиш ташкилотига ёки унинг ваколатли шахсига сув олиш бошланишидан ўн кун олдин белгиланган шаклда, сув олишнинг аниқ жойлари ва муддатлари (сув олишнинг бошланиши ва тугаши), шунингдек олинадиган сув миқдори, ундан фойдаланиш ёки уни истеъмол қилишнинг мақсади кўрсатилган ҳолда берилади.

Сув манбаидан сув олиш учун буюртманомада кўрсатилган сув ресурслари миқдори тасдиқланган сув олиш лимитидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Сув ресурсларини олиш ҳажмини камайтириш ёки тўхтатиш зарур бўлган тақдирда, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари бу тўғрида тегишли хизмат кўрсатувчи фойдаланиш ташкилотига ёки унинг ваколатли шахсига ёзма равишда (авария ҳолатларида - телефон орқали) хабар қилиши керак.


52. Сув ресурсларини олиш жойлари уларни бошқариш ва ҳисобга олишнинг тегишли воситалари билан жиҳозланган бўлиши керак. Сув ресурсларини бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари доимо соз иш ҳолатида бўлиши зарур. Сув олиш жойларини сув ресурсларини бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш мансублигига кўра сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан амалга оширилади.


53. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари ажратилган сув ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланишга, шунингдек сувни муҳофаза қилишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўришга мажбур.


54. Cувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида cув ресурсларининг ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда мониторингини юритиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Коммунал сув таъминоти тизимидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурсларини олиш, ҳисобини ва ҳисоботини юритиш тартиби Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан белгиланади.


VIII. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ЁКИ СУВ

ИСТЕЪМОЛИ ҲУҚУҚИНИ ТЎХТАТИШ


56. Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи:

сувдан фойдаланишга, сув истеъмолига эҳтиёж қолмаганда ёки улардан воз кечилганда;

сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли муддати тугаганда;

корхона, муассаса, ташкилот, фермер хўжалиги тугатилганда, деҳқон хўжалиги тугатилганда (фаолияти тўхтатилганда);

сув хўжалиги иншоотлари бошқа сувдан фойдаланувчиларга берилганда;

танҳо фойдаланилаётган сув объектларини қайтариб олишга зарурат туғилганда бекор қилинади.

Сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли ҳуқуқи (ичиш ёки маиший истеъмолдан фойдаланиш ҳуқуқидан ташқари) қуйидаги ҳолатларда ҳам бекор қилиниши мумкин:

сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли ва сувларни муҳофаза қилиш қоидалари бузилганда (тегишли шартнома тузмасдан сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш, сув олишга буюртманома ва рухсатнома бўлмасдан туриб сув ресурсларини олиш, рўйхатдан ўтказилмаган жойлардан сув олиш, сувни бошқариш ва ҳисобга олишнинг техник жиҳатдан яроқсиз воситаларидан фойдаланиш, сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларини шикастлаш, улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича сув олиш ҳисобини ва ҳисоботини мунтазам равишда юритмаслик, белгиланган нормадан ортиқча ва паст сифатли оқинди сувларни сув объектларига ташлаш ва бошқалар);

белгиланган мақсаддан ташқари сувдан фойдаланганда ёки сувни истеъмол қилганда (сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли юзасидан шартномаларда кўрсатилмаган мақсадларда сувдан фойдаланиш, суғориш сувини коллектор-дренаж тармоқларига оқизиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг агротехника усулларига риоя этмаслик ва бошқалар);

сувни лимитдан ортиқча олганда (сув истеъмоли бўйича шартномада белгиланган сув олиш лимитидан ортиқча сув олиш);

сув етказиб бериш ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича шартномада назарда тутилган ҳақни тўламаганда.


57. Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи қуйидаги йўллар билан тўхтатилади:

сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун берилган рухсатномани бекор қилиш, шунингдек сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли юзасидан шартномани бекор қилиш;

танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларини қайтариб олиш.

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш унга рухсатнома берган органнинг қарори билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.


58. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби бузилган тақдирда, хизмат кўрсатувчи фойдаланиш ташкилотлари томонидан сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига нисбатан шартномада назарда тутилган чоралар қўлланиши мумкин.

Табиий сув объектлари сувидан фойдаланиш ва истеъмол қилиш тартибига риоя этилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари томонидан амалга оширилади.

Сунъий сув объектлари сувидан фойдаланиш ва сувини истеъмол қилиш тартибига риоя этилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.


IX. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ

ТАРТИБИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


59. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузганлик учун фуқаролар ва мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортиладилар.


60. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига нисбатан улар томонидан қишлоқ хўжалиги, балиқчилик хўжалиги, саноат, энергетика ва коммунал-маиший эҳтиёжлар учун сув олиш тартиби бузилган тақдирда:

сув истеъмолчилари томонидан лимитдан ортиқча сув олинганлиги учун - лимитдан ортиқча олинган ҳар минг куб метр сув учун - белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида;

сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозламасдан сув олиш, сув олишга рухсат этилмаган жойлардан, шунингдек, шартнома тузмасдан сув олганлик учун - олинган ҳар минг кубометр сув учун - белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида;

сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сувдан махсус фойдаланиш рухсатномасисиз сув олганлик ёки сувдан фойдаланганлик учун - олинган ҳар минг кубометр сув учун - белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 фоизи миқдорида;

сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сувни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун - олинган ҳар минг кубометр сув учун - белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида жарима санкциялари қўлланилади.

Бир йил мобайнида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби такроран бузилган тақдирда, ушбу бандда кўрсатилган жарима санкциялари ўн баравар миқдорида қўлланилади.

Қишлоқ хўжалиги сув истеъмолчиларига нисбатан лимитдан ортиқча сув олинганлиги учун жарима санкциялари бир йилда икки марта (куз-қиш ва вегетация даврлари якунлари бўйича), қолган сув истеъмолчилари учун эса - календарь йил якунлари бўйича бир марта қўлланилади.

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларда ушбу бандда кўрсатилган жарима санкцияларидан ташқари бошқа қўшимча жавобгарлик чоралари ҳам назарда тутилиши мумкин.

61. Ушбу Низомнинг 60-бандида кўрсатилган жарима санкциялари, белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан - сунъий сув объектларидан сув олишда;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан - табиий сув объектларидан сув олишда қўлланилади.

62. Коммунал-маиший хўжаликда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолининг белгиланган тартиби бузилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўрилади.


63. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига - тадбиркорлик субъектларига нисбатан ушбу Низомнинг 60-бандида кўрсатилган жарима санкциялари суд томонидан қўлланилади, улар айбига иқрор бўлган ва жарима санкцияларини ихтиёрий равишда тўлаган ҳолатлар бундан мустасно.

Қолган ҳолатларда жарима санкцияларини қўллаш ушбу Низомнинг 61-бандида кўрсатилган органлар томонидан, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

64. Ўзбошимчалик билан қурилган сув олиш иншоотлари ва очилган сув олиш жойлари ҳамда ўрнатилган сув олиш қурилмаларини (насос станцияси, сифон ва бошқалар) тугатиш ва уни дастлабки ҳолатига келтириш қонунбузувчининг ўзи томонидан ёки унинг маблағи ҳисобига амалга оширилади.

65. Ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ва фуқаролар сув тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш натижасида етказилган зарарларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплашлари шарт.


Х. ЖАРИМА САНКЦИЯЛАРИНИ ҚЎЛЛАШДАН

ТУШАДИГАН МАБЛАҒЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


66. Ушбу Низомнинг 60-бандида кўрсатилган жарима санкцияларини қўллашдан тушган пул маблағлари Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади.

67. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарима солишдан тушадиган, шунингдек, сув олиш тартибини бузганлик учун жарима санкциялари маблағлари қуйидаги тартибда тақсимланади:

30 фоизи - республика бюджетига;

40 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармасига;

30 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармасига.

Ушбу банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатиб ўтилган маблағлардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда белгиланади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 25 март, 12-сон, 155-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 3-сон, 20-модда