язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Бошқа масалалар/ Биринчи синф ўқувчиларини ўқув қуроллари тўплами билан текин таъминлаш Тартиби (ЎзР ВМ 20.08.1997 й. 409-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 20 августдаги

409-сон қарорига

1-ИЛОВА


Биринчи синф ўқувчиларини ўқув қуроллари

тўплами билан текин таъминлаш

ТАРТИБИ


Мазкур тартиб биринчи синф ўқувчиларини ўқув қуроллари тўплами билан текин таъминлаш тартибини белгилайди.


1. Умумтаълим муассасаларининг раҳбарлари келгуси ўқув йилида биринчи синфга келадиган ва уйида якка тартибда таълим оладиган имконияти чекланган болалар сони тўғрисидаги маълумотларни умумтаълим муассасасининг тўғридан-тўғри бўйсунувига қараб тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига ҳар йили 20 сентябрга қадар тақдим этади.

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ушбу маълумотлар асосида умумлаштирилган буюртмаларни тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармаларига ҳар йили 25 сентябрга қадар тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари йиғилган буюртмаларни таҳлил қилиб, умумлаштирган ҳолда буюртмалар тайёрлайди ҳамда уларни тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ҳар йили 30 сентябрга қадар тақдим этади.

2. Халқ таълими вазирлиги "Таълимтаъминот" бош бошқармасига мактаб ўқув қуролларини сотиб олишни топширади. Ўқувчилар ўқув қуроллари тўпламига қуйидагилар киради:


Портфель

12 та дафтар

Оддий ва рангли қаламлар

Пластилин

Қаламдон

Ручкалар

Ўчирғичлар

Елим

Рангли қоғозлар тўплами

Расм чизиладиган альбом

Бўёқлар


3. Халқ таълими вазирлигининг "Таълимтаъминот" бош бошқармаси мактаб ўқув қуролларини ушбу мақсадлар учун Молия вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар доирасида етказиб берувчилардан бир контракт бўйича маҳсулот етказиб беришнинг сўмдаги эквиваленти 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган ҳолларда белгиланган тартибда тендер асосида ҳамда бошқа барча ҳолларда танлов асосида сотиб олади.

4. Мактаб ўқув қуроллари тасдиқланган ассортиментда "Таълимтаъминот" вилоят корхоналарига жўнатилади.


5. "Таълимтаъминот" республика, Қорақалпоғистон ва вилоят корхоналари мактаб ўқув қуролларини ҳудудий органлар тақсимоти бўйича туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига етказадилар.

6. Мактаб ўқув куролларини биринчи синф ўқувчиларига тантанали равишда топширишни ҳокимликлар раҳбарлари, маҳаллий кенгашлариинг депутатлари, ота-оналар қўмиталари ва халқ таълими органлари вакиллари амалга оширади.


7. Мактаб ўқув қуролларини топшириш тантанали равишда 1 сентябрда ёки ҳокимликлар ва тегишли органларнинг қарорига кўра бошқа белгиланган муддатларда амалга оширилиши керак.


8. Олинадиган ўқув қуроллари миқдори ва уларнинг сўмда ифодаланиши кўрсатилган рўйхат билан бирга ўқувчиларнинг фамилиялари келтирилган ведомость мактаб ўқув қуроллари бериш ҳуқуқига асос бўлиб ҳисобланади, Болаларнинг фамилиялари қаршисига ота-оналар ёки яқин қариндошлар имзо чекадилар, шундан кейин ушбу ведомость ҳисобот учун бухгалтерияга топширилади.


9. Халқ таълими ҳудудий органлари мактаб ўқув қуролларини бериш тугаллангандан кейин 15 октябргача "Таълимтаъминот" бош бошқармасига ҳисобот тақдим этадилар. "Таълимтаъминот" бош бошқармаси ажратилган маблағлардан фойдаланганлик тўғрисидаги маълумотни 1 ноябрда Молия вазирлигига ва Халқ таълими вазирлигига тақдим этади.


10. Давлат маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик Халқ таълими вазирлигига, ишончли бериш ва ҳисобдан чиқариш учун жавобгарлик - туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, халқ таълими, мактаблар ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига юкланади.

11. Халқ таълими вазирлиги йиллик ҳисоботда ажратилган маблағлардан фойдаланишни алоҳида қаторда кўрсатади.


12. Маҳаллий молия органлари Назорат-тафтиш бош бошқармаси бўлинмалари барча мактабларда ўқувчиларга мактаб ўқув қуроллари берилиши бўйича текширишлар ўтказади.