язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Уй-жой қонунчилиги/ Тураржой фондини бошқариш/ Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.01.2000 й. 22-сон қарорига 2-илова)

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 24 январдаги

22-сон қарорига

2-ИЛОВА


Кўп квартирали уйлардаги яшаш

учун мўлжалланмаган жойлардан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 16-моддасига мувофиқ мазкур Низом кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Яшаш учун мўлжалланмаган жойларга кўп квартирали уйлардаги фуқаролар яшаши учун мўлжалланмаган қуйидаги алоҳида жойлар тегишли бўлади:

а) уйни қуришда лойиҳаларда кўрсатилган уйнинг ёнига кейин қурилган жойлар;

б) қонун хужжатларида белгиланган тартибда уйнинг қуйи қаватидаги турар жойдан яшаш учун мўлжалланмаган жойларга ўтказилган жойлар;

в) қайта жиҳозланган ертўла ва ярим ертўла жойлар, техник мақсадларга мўлжалланган жойлар бундан мустасно.

Яшаш учун мўлжалланмаган жойда бошқа уй-жойлардан алоҳида кириладиган эшик, табиий ёритиш ва вентиляция; Ўзбекистон Республикаси худудида амал қилувчи ёнғинга қарши ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларининг функционал вазифаси ва талабларига мувофиқ жойнинг девори, шифти, поли қопланган, пардозланган бўлиши керак.


3. Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан уларнинг тўғри вазифасига кўра фойдаланилиши керак, шунингдек, улардан мазкур Низомга иловада келтирилган фаолият турлари рўйхатига мувофиқ фойдаланилиши мумкин.


4. Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш хизматлари ходимларининг кеча-кундузнинг исталган соатида тузатиш (аварияни бартараф этиш) учун муҳандислик-техник комммуникацияларига киришларига кафолат берилганда, шунингдек, жойни реконструкция қилишда кўтариш қобилияти ва ҳисоблаб чиқилган зилзилабардошлик сақланиб қолган тақдирда фойдаланишга йўл қўйилади.

Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш одамларнинг уй-жойда кеча-кундуз бўлиши имкониятини бузмаслиги ва хавфсиз ҳамда соғлом ҳаёт муҳитини таъминлаши керак.


5. Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш мулк, аренда ёки ижарага олиш ҳуқуқи билан амалга оширилиши мумкин.

Турар жой ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдори, ижара ёки арендага олувчи эгаллаб турган умумий фойдаланишдаги турар жойлардаги жойлардан фойдаланиш тартиби, шунингдек, уйга техник хизмат кўрсатиш ва умумий фойдаланишдаги жойларни тузатиш учун умумий харажатларни тақсимлаш улар ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.



II. ЯШАШ УЧУН МЎЛЖАЛЛАНМАГАН ЖОЙНИНГ

МУЛКДОРИ (АРЕНДАГА ОЛУВЧИ, ИЖАРАГА

ОЛУВЧИ)НИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдори (арендага олувчи, ижарага олувчи) яшаш учун мўлжалланмаган жойдан тадбиркорлик фаолияти билан шуқулланиш ва унга носаноат хусусиятига эга бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни жойлаштириш учун фойдаланиш ҳуқуқига, мулкдор эса  фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳамдадавлатнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш (сотиш, алмаштириш, ижарага бериш, арендага бериш ҳамдауй-жой қонунчилигига зид бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш) ҳуқуқига эгадир.


7. Яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдори (арендага олувчи, ижарага олувчи):

а) турар жойлар, жойлар ҳамда уйлар ва уй атрофидаги ҳудуднинг ободонлаштириш элементлари сақланишини таъминлашга ва ўзига тегишли жойни ўз ҳисобидан сақлашга;

б) жойга, санитария-техника асбоб-ускуналари ва бошқа асбоб-ускуналарга (сув қувури, канализация, марказий иситиш, иссиқ сув таъминоти, газ асбоб-ускуналари ва бошқаларга) эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга;

в) электр ва иссиқлик энергиясини, сув, газни тежаб сарфлашга, уларнинг бекор оқиши ва хўжасизларча сарфланишига йўл қўймасликка, электр, газ ҳисоблагичларни ўрнатишга;

г) ёнғин хавфсизлиги қоидаларига, уй-жойлар ва улардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя қилишга;

д) уй-жойда хавфсиз ва соғлом ҳаёт муҳитини таъминлашга;

е) жойда, санитария-техника асбоб-ускунасида ёки бошқа асбоб-ускуналарда носозликлар аниқланганда дарҳол шикастланишларни бартараф этишнинг мумкин бўлган чора-тадбирларини кўришга ҳамда зарур ҳолларда тегишли авария-таъмирлаш хизматига маълум қилишга;

ж) авария ҳолатлари пайдо бўлганда ўзи эгаллаб турган жойга аварияларни бартараф этиш учун тегишли авария-таъмирлаш хизматлари вакилларининг киришини таъминлашга;

з) ўзига тегишли жойга техник хизмат кўрсатиш, кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланиладиган жойларни сақлаш ва таъмирлаш, коммунал хизматлар бўйича харажатларни шартномада ва амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда тўлашга мажбурдир.



III. ЯШАШ УЧУН МЎЛЖАЛЛАНМАГАН

ЖОЙЛАРГА ҚАРАШ ВА УЛАРНИ ТАЪМИРЛАШ


8. Турар жойларнинг яшаш учун мўлжалланмаган жойларини бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ҳамда ташқи томонини ободонлаштириш, шунингдек уй атрофидаги ҳудудга санитария хизмати кўрсатиш ва унга қараш белгиланган стандартлар, нормалар ва қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

9. Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари, уларни ижарага ва арендага олувчилар ўзлари эгаллаб турган жойни зарур жорий таъмирлашни ўз ҳисобларидан амалга оширишга, мулкдор эса бундан ташқари мукаммал таъмирлаш ишларини амалга оширишга мажбурдир.

Алоҳида ажратилган жойни ёки бутун бир иморатни эгаллаб турган ҳамдабарча жорий таъмирлашни амалга оширувчи яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари, ижарага ва арендага олувчилар уйни сақлаш бўйича қуйидаги умумий харажатларда қатнашадилар:

а) уйга қараш билан боғлиқ харажатлар: ахлатни йиқиштириш ва чиқариб ташлаш, умумий фойдаланиладиган жойларни ёритиш, иситиш ва сақлаш харажатлари, ҳовлини ёритиш, йўлакларни, уйга кириш йўлакларини сақлаш, уй ён-атрофини кўкаламзорлаштириш ва тозалаш;

б) квартирадан ташқаридаги асбоб-ускуналар ва муҳандислик коммуникацияларини, умумий фойдаланиладиган жойларни, уйларнинг квартирадан ташқаридаги жойларини жорий таъмирлаш харажатлари;

в) авария-таъмирлаш хизматларининг маъмурий-хўжалик харажатлари.

Бошқариш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш хусусий уй-жой ширкатлари томонидан амалга ошириладиган кўп квартирали уйларда ушбу банднинг "а", "б", "в" кичик бандларида кўрсатилган харажатлар бевосита хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари (ёлловчилари, ижарага олувчилари) томонидан қопланади.

Яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари (ижарага ва арендага олувчилар)дан уйнинг умумий харажатларини қоплашга йиғимлар миқдори мазкур банднинг "а", "б", "в" кичик бандларида кўрсатилган харажатларни жамлаш, ҳосил бўлган суммани ҳақ тўланадиган умумий (уй-жой ва яшаш учун мўлжалланмаган) майдонга бўлиш ва яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдори (ижарага ва арендага олувчи) эгаллаб турган майдонга кўпайтириш йўли билан аниқланади.


10. Турар жойларда жойлашган яшаш учун мўлжалланмаган жойларни бошқа мақсадда қайта жиҳозлаш ва қайта жойлаштириш бинонинг конструктив схемасини ва муҳандислик коммуникацияларини бузмаган, бинонинг олд кўриниши ва ташқи қиёфасини, муҳандислик коммуникацияларини ёмонлаштирмаган ҳолда бинонинг шинамлигини ошириш мақсадидагина амалга оширилиши мумкин ҳамдабинонинг кўтариш қобилияти ва зилзилага бардошлилигини пасайтирмаслиги керак.

Кўрсатиб ўтилган ишлар давлат ҳокимияти органларининг тегишли рухсатномаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши мумкин. Яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг бошқа мақсадлар учун мўлжалланаётган қайта қурилиши, қайта жойлаштирилиши ва мослаштирилиши лойиҳаси ёнғинга қарши муҳофаза органлари, лойиҳа ташкилоти, меъморчилик ва шаҳарсозлик органлари ҳамдамеъморчилик-шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиш устидан давлат назорати органлари билан келишилиши зарур.


11. Жойни ўзбошимчалик билан қайта қурган ва қайта жойлаштирган, балкон ва пешайвонларни бошқа мақсадда қайта жиҳозлаган, қайта жойлаштирган ёхуд қўшимча равишда санитария-техник қурилмалар ва бошқа қурилмаларни ўрнатган кўп квартирали уйда жойлашган яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдори (ижарага ва арендага олувчи) ваколатли давлат органининг ёки суднинг талабига кўра етказилган зарарни қоплаган ҳолда ушбу жойни ўз ҳисобидан олдинги ҳолатига келтиришга мажбурдир.


12. Мулкдорлар (арендага ва ижарага олувчилар)га қуйидагилар тақиқланади:

жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг тегишли рухсатномаси бўлмаган тақдирда уйнинг ён-атрофидаги йўлакларда палаткалар, дўкончалар ўрнатиш;

уй-жойлар ва бошқа иморатларнинг деворларига тегишли рухсатномасиз қар хил чўзинчоқ кўрсаткичлар, пешлавқалар, флагштоклар, меъморчилик деталлари ва бошқа қурилмаларни маҳкамлаш;

ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган уй-жойларнинг олд томонига афишалар, плакатлар, ҳар хил эълонларни ёпиштириш;

тегишли рухсатномасиз ҳар хил иморатлар ва иншоотларни ўзбошимчалик билан қуриш;

маиший чиқиндиларни ушбу мақсадлар учун белгиланмаган жойларга тўкиш, ташлаш ва ёқиш;

ёнқин бўлганда ўтиладиган жойлар, умумий йўлаклар, зинахоналари, қўшимча чиқиш жойлари ва уйнинг бошқа умумий жойларини буюмлар ва асбоб-ускуналар билан тирбанд қилмаслик;

яшаш учун мўлжалланмаган жойларда, ертўлаларда, зина хоналарида, пешайвон ва балконларда тез алангаланадиган, портлайдиган, радиоактив ҳамдазаҳарли материаллар ва моддаларни сақлаш;

яшаш учун мўлжалланмаган жойда бинони бузувчи ёки уйдаги бошқа яшовчиларнинг нормал ҳаёт шароитларини бузувчи ишларни амалга ошириш;

яшаш учун мўлжалланмаган жойларни конструктив элементларнинг кўтариш қобилиятини ва уйнинг зилзилага бардошлилигини бузадиган қилиб бошқа мақсадда қайта жиҳозлаш ва қайта жойлаштириш ишларини ўзбошимчалик билан амалга ошириш;

телерадио аппаратлари учун якка тартибдаги антенналарни уй-жойларнинг томларида ваколатли органларнинг рўйхатисиз ўрнатиш;

уй-жойнинг ҳовлисида ушбу мақсадлар учун махсус ажратилган жойлардан бошқа жойда транспорт воситаларининг исталган турини сақлаш, уларни тузатиш ва ювиш, шунингдек, туташиб кетган ҳудуднинг транспорт юрадиган қисмида устунлар ва бошқа тўсиқлар ўрнатиш;

иситиш қозонлари, радиаторларни ўзбошимчалик билан ўрнатиш ёки уларнинг иситиш майдонини кенгайтириш, уларга иссиқ сувдан фойдаланиш учун сув олинадиган кранлар ўрнатиш, шунингдек, уларга борадиган йўлларни ёпиб қўйиш;

элеватор узелларида уй-жойга иссиқлик беришни ўзбошимчалик билан созлаш, шунингдек, иссиқ сув, канализация қувурлари ва бошқа тармоғлар схемаларини ўзгартириш;

умумий фойдаланишга мўлжалланган жойларни эгаллаб олиш;

соат 23.00 дан бошлаб соат 8.00 гача товуш даражаси 45 дБА-дан ортиқ бўлган телерадио аппаратлардан, яшовчиларнинг тинчлигини бузувчи бошқа қурилмалардан фойдаланиш;

яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан белгиланган мақсаддан бошқа мақсадларда фойдаланиш;

жойнинг бузилишига олиб келувчи, ёхуд қаттиқ шовқин ва тебраниш ҳосил қилувчи, ёхуд ҳавони ифлос қилувчи, фуқароларнинг нормал ҳаёт фаолиятига халақит берувчи ишларни бажариш ёки бошқа ҳаракатларни содир этиш.



IV. КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРДАГИ ЯШАШ УЧУН

МЎЛЖАЛЛАНМАГАН ЖОЙЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

ТАРТИБИГА РИОЯ ЭТМАГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК.

НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ


13. Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш тартиби, умумий фойдаланиладиган жойлар ва уй ён-атрофининг санитария ҳолати бузилишида, уй-жой хоналарининг ўзбошимчалик билан бошқа мақсадларда қайта жиҳозланиши ва қайта жойлаштирилишида, Уй-жой фондидан хизмат кўрсатиш ва таъмирлашнинг белгиланган стандартлари, норма ва қоидаларини бузган ҳолда ундан белгиланган вазифасидан бошқа мақсадда фойдаланишда, уни хўжасизларча сақлаш, уй-жойни, унинг жиҳозлари ва муқандислик коммуникацияларини, ободонлаштириш объектлари ва ўтқазилган дарахтларни шикастлашда айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Турар жойлардан фойдаланиш қоидаларини, уй-жой фондидан хизмат кўрсатиш ва таъмирлашнинг белгиланган стандартлари, норма ва қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 159-моддасига асосан белгиланади.

14. Уй-жойларга ва уларнинг хоналарига, муҳандислик асбоб-ускуналарига, ободонлаштириш объектларига ҳамдауйларга туташиб кетган яшил участкалардаги ўтқазилган дарахтларга зарар етказган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шунингдек, жисмоний шахслар етказилган зарарни тўлашлари шарт.

Зарар миқдори ва уни қоплаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси нормаларига мувофиқ аниқланади.


15. Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш тартибига риоя қилиниши устидан назорат қилиш тегишли ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади. Иморат қуриш ва уй ён-атрофини, ҳовлиси ҳудудини сақлаш қоидаларига риоя қилиш устидан жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилади.

16. Кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорлари, ижарага ва арендага олувчилар ўртасидаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан, умумий фойдаланиладиган жойлардан фойдаланиш тартиби, умумий харажатларни тақсимлаш, умумий фойдаланиладиган жойларни жорий таъмирлаш ва тозалаш, шунингдек, уй-жой масалалари билан боғлиқ бошқа низолар қонунда белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун

мўлжалланмаган жойларда жойлаштиришга

рухсат берилган фаолият турлари

РЎЙХАТИ


1. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан савдо қилиш (дўконлар, киоскалар, дўкончалар ва бошқалар).


2. Умумий овқатланиш (ресторанлар, кафе, кафетерийлар, музқаймоқ; ва чанқовбосди ичимликлар барлари, газакхоналар ва бошқалар).


3. Маиший хизмат кўрсатиш (сартарошхоналар, пойабзал таъмирлаш, соат созлаш устахоналари, ателье ва бошқалар).


4. Банк хизматлари кўрсатиш (банкларнинг бўлимлари ва валюта алмаштириш пунктлари).


5. Алоқа хизматлари кўрсатиш (почта бўлими).


6. Қуйидагилар;

уй-жой ва таъмирлаш-фойдаланиш органларининг;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг;

маданият, халқ таълими, ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш муассасаларининг;

жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг;

ички ишлар органлари таянч пунктларининг;

прокуратура, суд органлари ва фуқаролик ҳолатини қайд қилиш бўлимининг;

адвокатура, нотариатнинг;

тадбиркорларнинг офислари ва идораларининг;

суғурта ташкилотларининг;

рассомлар ва ҳайкалтарошлар ижодий устахоналарининг;

маъмурий-бошқарув функциялари билан боғлиқ бўлган ҳокимият ва бошқарув органлари турли ташкилотларининг фаолияти.



Изоҳ: Уй-жойлар (аввалги квартиралар)дан белгиланган тартибда яшаш учун мўлжалланмаган жойларга ўтказилган жойларда ва қайта жиҳозланган ертўлалар ва ярим ертўлаларда улардан фойдаланиш ҳудуднинг ва жонли муҳит ҳавосининг физик ва кимёвий ифлосланишига, уйда яшовчи шахсларнинг қаёт фаолияти нормал шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган объектларни, шу жумладан, корхоналар ва ташкилотларнинг қуйидаги турларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди:

а) уйни қуришда ўтириладиган жойлари сони лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилмаган, шунингдек, соат 23.00 дан кейин ҳам ишлайдиган умумий овқатланиш корхоналари (ресторанлар, кафе, тунги клублар ва барлар, дискотекалар);

б) кимёвий товарлар, сабзавот ва балиқ маҳсулотлари дўконлари, шунингдек, портлайдиган моддалар ва материаллар бор бўлган маҳсулотларни сотувчи дўконлар;

в) ўз ишлаб чиқаришида тез алангаланадиган моддаларни қўлловчи кимёвий тозалаш хоналари;

г) пойабзал тузатиш бўйича 10 тадан ортиқ иш ўрнига эга бўлган устахоналар;

д) ҳаммомлар, сауналар;

е) АТС, шаҳарлараро алоқанинг кеча-кундуз фойдаланиладиган сўзлашув пунктлари ва телеграф;

ж) жамоат ҳожатхоналари;

з) маросимлар билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш муассасалари;

и) саноат корхоналари.