язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Интеллектуал мулк/ Саноат мулкига бўлган ҳуқуқ (ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси)/ Ўзбекистон Республикасининг 06.05.1994 й. 1062-XII-сон "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

06.05.1994 й.

N 1062-XII



ИХТИРОЛАР, ФОЙДАЛИ МОДЕЛЛАР

ВА САНОАТ НАМУНАЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини (бундан буён матнда саноат мулки объектлари деб юритилади) ҳуқуқий муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.


2-модда. Саноат мулки объектлари тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари


Саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Интеллектуал мулк агентлиги

Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) саноат мулки объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди.

Агентлик саноат мулки объектларига патент бериш ҳақидаги талабномаларни (бундан буён матнда патент бериш ҳақидаги талабнома деб юритилади) кўриб чиқиш учун қабул қилади, улар бўйича давлат экспертизасини ўтказади, уларни давлат рўйхатига олади, саноат мулки объектларига патентлар беради, расмий ахборотнома нашр этади, саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қўлланилишига доир қоидалар қабул қилади ва тушунтиришлар беради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Агентлик тўғрисидаги низомга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Давлат бюджети маблағлари, патент божлари, шунингдек Агентлик томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва тақдим этиладиган материаллар учун тўланадиган ҳақ Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


4-модда. Агентликнинг Апелляция кенгаши

Агентликнинг Апелляция кенгаши (бундан буён матнда Апелляция кенгаши деб юритилади) қарорлар қабул қилишда мустақилдир ва ўз фаолиятида ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Апелляция кенгаши:

Агентликнинг талабномада кўрсатилган саноат мулки объектлари хусусидаги қарори устидан;

саноат мулки объектларига патент берилганлигига қарши манфаатдор юридик ва жисмоний шахслар томонидан;

саноат мулки объектлари патентларининг ҳақиқийлигига қарши берилган апелляцияларни кўриб чиқади.

Апелляция кенгаши ўз ваколатлари доирасида апелляцияларнинг бошқа турларини ҳам кўриб чиқиши мумкин.

Апелляция кенгаши тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


5-модда. Саноат мулки объектларини

ҳуқуқий муҳофаза қилиш


Саноат мулки объектига бўлган ҳуқуқ муаллифга (ҳаммуаллифларга) ёки унинг (уларнинг) ҳуқуқий ворисига (ҳуқуқий ворисларига) тегишли бўлади ва патент билан тасдиқланади.

Агар саноат мулки объектини бир нечта шахс бир-биридан мустақил равишда яратган бўлса, патент олиш ҳуқуқи патент бериш ҳақидаги талабномани Агентликка биринчи бўлиб топширган шахсга тегишли бўлади.

Муаллиф (ҳаммуаллифлар), агар ўзи (ўзлари) яратган саноат мулки объектини бошқалар ғайриқонуний ўзлаштириб олиши натижасида бу объектга талабнома топширилган ёки патент олинган бўлса, патент берилганлигига қарши эътироз билдириш ёхуд патент эгаси сифатида ўзига (ўзларига) патентнинг ўтказилишини суд тартибида талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Саноат мулки объектининг патенти давлат экспертизаси ўтказилганидан кейин берилади.

Саноат мулки объектининг патенти саноат мулки объекти устуворлигини, унга муаллифликни ва патент эгасининг саноат мулки объектига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этишга доир мутлақ ҳуқуқини тасдиқлайди.

Патент эгасининг мутлақ ҳуқуқи саноат мулки объекти рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар Агентликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинган санадан эътиборан амалда деб ҳисобланади.

Агентликка патент бериш ҳақидаги талабнома топширилган санадан эътиборан ҳисоблаганда ихтиро патенти йигирма йил мобайнида, саноат намунаси патенти ўн йил мобайнида, фойдали модель патенти беш йил мобайнида амал қилади.

Ихтиро патентининг амал қилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда патент эгасининг илтимосномасига биноан Агентлик томонидан кўпи билан беш йил муддатга узайтирилиши мумкин. Бундай ихтиро патентининг амал қилишини узайтириш тартиби Агентлик томонидан белгиланади.

Саноат намунаси патентининг ва фойдали модель патентининг амал қилиш муддати патент эгасининг илтимосномасига биноан Агентлик томонидан тегишинча беш йилга ҳамда уч йилга узайтирилиши мумкин.

Ихтиро ҳамда фойдали модель патенти таъминлайдиган ҳуқуқий муҳофаза ҳажми уларнинг формуласи билан, саноат намунаси патенти таъминлайдиган ҳуқуқий муҳофаза ҳажми эса буюмнинг (макетнинг, расмнинг) тасвирида акс эттирилган муҳим белгилари ва (ёки) уларнинг комбинацияси (бундан буён матнда унинг муҳим белгилари мажмуи деб юритилади) билан белгиланади.

Саноат мулки объекти патенти, шунингдек уни олиш ҳуқуқи мерос бўлиб ўтади.


6-модда. Ихтиронинг патентга лаёқатлилик шартлари


Агар ихтиро сифатида кўрсатилган объект янги, ихтиролик даражасига эга ва уни саноатда қўллаш мумкин бўлса, у ҳуқуқий муҳофаза қилинади.

Агар ихтиро техника тараққиёти даражасидан маълум бўлмаса, у янги деб ҳисобланади.

Агар ихтиро техника тараққиёти даражаси ҳақидаги маълумотлардан яққол аён бўлмаса, у ихтиролик даражасига эга бўлади.

Техника тараққиёти даражаси ихтиро устуворлиги санасига қадар жаҳонда оммага ошкор бўлган ҳар қандай маълумотларни ўз ичига олади.

Ихтиронинг янгилигини аниқлаш чоғида бирмунча олдин устуворликка эга бўлган ҳолда топширилган ва чақириб олинмаган патент бериш ҳақидаги талабномалар ҳам ҳисобга олинади.

Агар ихтиродан саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда фойдаланиш мумкин бўлса, у саноатда қўллаш мумкин деб ҳисобланади.

Ихтирога тааллуқли ахборотнинг муаллиф, талабнома берувчи ёки улардан бевосита ёхуд билвосита шу ахборотни олган ҳар қандай шахс томонидан оммавий тарзда ошкор этилиши, агар ихтирога патент бериш ҳақидаги талабнома ахборот ошкор этилган санадан эътиборан кўпи билан олти ой ичида Агентликка топширилган бўлса, ихтиронинг патентга лаёқатлилигини тан олишга таъсир кўрсатадиган ҳолат сифатида эътироф этилмайди. Бунда ушбу ҳолни исботлаб бериш вазифаси муаллиф, талабнома берувчи зиммасида бўлади.

Ҳар қандай соҳада:

маҳсулотга (хусусан, қурилма, модда, микроорганизм штамми, ўсимликлар ёки ҳайвонлар хужайраларининг турларига);

усулга (моддий воситалар ёрдамида моддий объект устида хатти-ҳаракатларни амалга ошириш жараёнига) тааллуқли бўлган техник ечим ихтиро сифатида эътироф этилади.

Қуйидагилар ихтиро сифатида эътироф этилмайди:

илмий назариялар ва математика усуллари;

ташкил этиш ва бошқариш усуллари;

шартли белгилар, жадваллар, қоидалар;

ақлий операцияларни бажариш қоидалари ва усуллари;

электрон ҳисоблаш машиналари учун алгоритмлар ва дастурлар;

бинолар, иншоотлар, ҳудудларни режалаштириш лойиҳалари ва чизма тарҳлари;

эстетика талабларини қаноатлантиришга йўналтирилган, буюмларнинг фақат ташқи кўринишига оид ечимлар;

интеграл микросхемаларнинг топологиялари;

ўсимлик навлари ва ҳайвон зотлари;

жамоат манфаатларига, инсонпарварлик ва ахлоқ қоидаларига зид ечимлар.


7-модда. Фойдали моделнинг патентга лаёқатлилик шартлари


Агар фойдали модель сифатида кўрсатилган объект янги бўлса ва уни саноатда қўллаш мумкин бўлса, у ҳуқуқий муҳофаза қилинади.

Агар фойдали моделнинг муҳим белгилари мажмуи техника тараққиёти даражасидан маълум бўлмаса, у янги деб ҳисобланади.

Техника тараққиёти даражаси талабномада кўрсатилган фойдали модель амалга ошириши мумкин бўлган вазифаларни бажара оладиган воситалар ҳақидаги Ўзбекистон Республикасида ҳамма фойдалана оладиган барча маълумотларни, шунингдек уларни қўллашга доир маълумотларни ўз ичига олади.

Фойдали модель, агар ундан амалда фойдаланиш мумкин бўлса, саноатда қўллаш мумкин деб ҳисобланади.

Фойдали моделга тааллуқли ахборотнинг муаллиф, талабнома берувчи ёки улардан бевосита ёхуд билвосита шу ахборотни олган ҳар қандай шахс томонидан оммавий тарзда ошкор этилиши, агар фойдали моделга патент бериш ҳақидаги талабнома ахборот ошкор этилган санадан эътиборан кўпи билан олти ой ичида Агентликка топширилган бўлса, фойдали моделнинг патентга лаёқатлилигини тан олишга таъсир кўрсатадиган ҳолат сифатида эътироф этилмайди. Бунда ушбу ҳолни исботлаб бериш вазифаси муаллиф, талабнома берувчи зиммасида бўлади.

Ҳар қандай соҳада:

маҳсулотга (хусусан, қурилма, модда, микроорганизм штамми, ўсимликлар ёки ҳайвонлар ҳужайраларининг турларига);

усулга (моддий воситалар ёрдамида моддий объект устида хатти-ҳаракатларни амалга ошириш жараёнига) тааллуқли бўлган техник ечим фойдали модель сифатида эътироф этилади.

Ушбу Қонун 6-моддасининг тўққизинчи қисмида кўрсатилган объектлар фойдали моделлар сифатида муҳофаза қилинмайди.


8-модда. Саноат намунасининг патентга лаёқатлилик шартлари


Агар саноат намунаси сифатида кўрсатилган объект янги ва оригинал (ўзига хос) бўлса, у ҳуқуқий муҳофаза қилинади.

Агар саноат намунасининг муҳим белгилари мажмуи саноат намунасига устуворлик бериш санасига қадар жаҳонда оммага ошкор бўлган маълумотлардан аён бўлмаса, у янги деб эътироф этилади.

Саноат намунасининг янгилигини аниқлаш чоғида бирмунча олдин устуворликка эга бўлган ҳолда топширилган ва чақириб олинмаган патент бериш ҳақидаги талабномалар ҳам ҳисобга олинади.

Саноат намунаси, агар унинг муҳим белгилари мажмуи буюм хусусиятларининг ижодий жиҳатлари билан боғлиқ бўлса, оригинал деб эътироф этилади.

Саноат намунасига тааллуқли ахборотнинг муаллиф, талабнома берувчи ёки улардан бевосита ёхуд билвосита шу ахборотни олган ҳар қандай шахс томонидан оммавий тарзда ошкор этилиши, агар саноат намунасига патент бериш ҳақидаги талабнома ахборот ошкор этилган санадан эътиборан кўпи билан олти ой ичида Агентликка топширилган бўлса, саноат намунасининг патентга лаёқатлилигини тан олишга таъсир кўрсатадиган ҳолат сифатида эътироф этилмайди. Бунда ушбу ҳолни исботлаб бериш вазифаси муаллиф, талабнома берувчи зиммасида бўлади.

Буюмнинг ташқи кўринишини ифодалайдиган бадиий-конструкторлик ечими саноат намуналари жумласига киради.

Қуйидагилар саноат намуналари деб эътироф этилмайди:

матбаа маҳсулотлари;

архитектура объектлари (кичик архитектура шаклларидан ташқари), саноат, гидротехника иншоотлари ва бошқа стационар иншоотлар;

суюқ, газсимон, сочилувчан ёки шунга ўхшаш моддалардан иборат ўзгарувчан шаклдаги объектлар;

буюмнинг фақат техник вазифаси билан боғлиқ бўлган ечимлар;

жамоат манфаатларига, инсонпарварлик ва ахлоқ қоидаларига зид ечимлар.


II. САНОАТ МУЛКИ ОБЪЕКТИНИНГ

ҲУҚУҚ СУБЪЕКТЛАРИ


9-модда. Саноат мулки объектининг муаллифи


Ижодий меҳнати билан саноат мулки объектини яратган жисмоний шахс шу объектнинг муаллифи деб эътироф этилади.

Агар саноат мулки объекти бир нечта жисмоний шахснинг биргаликдаги ижодий меҳнати асосида яратилган бўлиб, улар ўртасида тузилган шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, уларнинг барчаси шу объектнинг тенг ҳуқуқли ҳаммуаллифлари деб эътироф этилади.

Муаллифлик ҳуқуқи бошқага ўтказилмайдиган ва топширилмайдиган шахсий номулкий ҳуқуқдир.


10-модда. Патент эгаси


Саноат мулки объектининг патенти қуйидагиларга берилади:

саноат мулки объектининг муаллифига (ҳаммуаллифларига) ёки унинг (уларнинг) меросхўрига (меросхўрларига);

муаллиф ёки унинг меросхўри томонидан патент бериш ҳақидаги талабномада ёки саноат мулки объекти рўйхатдан ўтказилгунга қадар Агентликка топширилган талабнома берувчини ўзгартириш ҳақидаги аризада кўрсатилган юридик ва (ёки) жисмоний шахсларга (уларнинг ўзи рози бўлган тақдирда);

ушбу моддада назарда тутилган ҳолларда иш берувчига.

Ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини ёки иш берувчидан олган аниқ топшириқни бажариш муносабати билан яратилган саноат мулки объектининг патентига бўлган ҳуқуқ, агар бу ҳол улар ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган бўлса, иш берувчига тегишли бўлади.

Агар иш берувчи билан муаллиф (ҳаммуаллифлар) ўртасидаги шартномада ушбу модданинг иккинчи қисмидаги қоидалар назарда тутилган бўлмаса, у ҳолда муаллиф (ҳаммуаллифлар) талабнома топшириш ва саноат мулки объектининг патентини ўз номига олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар иш берувчи билан муаллиф (ҳаммуаллифлар) ўртасидаги шартномада ушбу модда иккинчи қисмининг қоидалари назарда тутилган бўлса ва иш берувчи яратилган саноат мулки объекти тўғрисида муаллиф (ҳаммуаллифлар) томонидан ёзма равишда хабардор қилинган кундан эътиборан тўрт ой ичида Агентликка патент бериш ҳақидаги талабномани топширмаса, патент бериш ҳақидаги талабномани топшириш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечмаса ва тегишли объектни сир сақлаш тўғрисида муаллифга (ҳаммуаллифларга) маълум қилмаса, у ҳолда муаллиф (ҳаммуаллифлар) талабнома топшириш ва ўз номига патент олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мазкур модданинг учи нчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган ҳолларда иш берувчи патент эгасига шартномада белгиланадиган миқдорда товон тўлаб, ўз ишлаб чиқаришида тегишли саноат мулки объектидан фойдаланишда устувор ҳуқуққа эга бўлади.

Иш берувчи саноат мулки объектини сир сақлаган тақдирда муаллифга (ҳаммуаллифларга) мутаносиб равишда ҳақ тўлаши шарт, ҳақ миқдори шартномада белгиланади.

Патент эгаси бўлмаган, ўз хизмат вазифаларини ёки иш берувчидан олган аниқ топшириқни бажариш муносабати билан яратилган саноат мулки объектининг муаллифи (ҳаммуаллифлари) тегишли саноат мулки объектидан фойдаланилганлиги ёхуд унга оид лицензия сотилганлиги учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Саноат мулки объектидан фойдаланилганлик ёки унга оид лицензияни сотганлик учун тушаётган маблағлар ҳисобидан муаллифга (ҳаммуаллифларга) тўланадиган ҳақнинг миқдори, уни тўлаш шартлари ва тартиби муаллиф (ҳаммуаллифлар) ҳамда иш берувчи ўртасидаги шартномада белгиланади.



11-модда. Патент эгасининг саноат мулки

объектидан фойдаланиш ҳуқуқи


Агар саноат мулки объектидан ўз хоҳишича фойдаланиш бошқа патент эгаларининг ҳуқуқларини, шу жумладан, бошқа шахсларнинг мазкур объектдан фойдаланишини тақиқлаб қўйиш ҳуқуқини бузмаса, бундай фойдаланиш патент эгасига тегишлидир, шу зайлда фойдаланиш ушбу Қонунга мувофиқ патент эгасининг ҳуқуқини бузиш деб ҳисобланмайдиган ҳоллар бундан мустасно.

Бир нечта патент эгасига қарашли бўлган саноат мулки объектидан фойдаланиш борасидаги ўзаро муносабатлар улар ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Бундай келишув бўлмаган тақдирда, ҳар бир патент эгаси муҳофаза қилинаётган саноат мулки объектидан ўз хоҳишича фойдаланиши мумкин, лекин қолган патент эгаларининг розилигисиз объектга мутлақ лицензия беришга ёки патентни ўзга шахсга топширишга ҳақли эмас.

Патент эгаси патент билан тасдиқланган саноат мулки объектига бўлган ҳуқуқни патентдан ўзганинг фойдасига воз кечиш тўғрисидаги шартнома бўйича ёки саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқини лицензия шартномаси бўйича ҳар қандай юридик ёхуд жисмоний шахсга (шахсларга) топшириши мумкин. Патентдан ўзганинг фойдасига воз кечиш тўғрисидаги шартнома ва лицензия шартномаси Агентликда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Патент эгаси фойдаланилаётган саноат мулки объектлари патентланганлигини кўрсатувчи огоҳлантириш тамғасидан фойдаланиши мумкин.

Патент эгалари патент рўйхатга олинган санадан бошлаб уч йил мобайнида саноат мулки объектидан фойдаланмаса ёки етарли даражада фойдаланмаса, ушбу муҳофаза этилаётган саноат мулки объектидан фойдаланишни хоҳловчи ва фойдаланишга тайёр ҳар қандай шахс, патент эгаси лицензия шартномаси тузишдан бош тортган тақдирда, ўзига мажбурий номутлақ лицензия беришни сўраб судга илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин.



12-модда. Патент эгаси мутлақ ҳуқуқининг бузилиши

сифатида эътироф этилмайдиган ҳаракатлар


Қуйидаги ҳоллар патент эгаси мутлақ ҳуқуқининг бузилиши сифатида эътироф этилмайди:

Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинаётган саноат мулки объектларидан таркиб топган қурилмаларни Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенцияси иштирокчиси бўлган бошқа давлатнинг транспорт воситасида мазкур восита вақтинча ёки тасодифан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган вақтда, башарти бу қурилмалардан фақат мазкур воситанинг эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бўлса, қўллаш;

патентлар билан муҳофаза қилинаётган саноат мулки объектларидан таркиб топган воситалар устида илмий тадқиқот ёки тажриба ўтказиш;

патентлар билан муҳофаза қилинаётган саноат мулки объектларидан таркиб топган воситаларни табиий офатлар, ҳалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатларда қўллаш;

патентлар билан муҳофаза қилинаётган саноат мулки объектларидан таркиб топган воситаларни, агар бу воситалар фуқаролик муомаласига қонуний йўл билан киритилган бўлса, қўллаш;

патентлар билан муҳофаза қилинаётган саноат мулки объектларидан таркиб топган воситаларни даромад олмай шахсий мақсадларда қўллаш;

дорихоналарда шифокор рецепти бўйича дори воситаларини бир маротабалик тайёрлаш.


13-модда. Патент эгаси мутлақ ҳуқуқининг бузилиши


Патент билан муҳофаза қилинаётган саноат мулки объектларидан ушбу Қонуннинг 11 ва 32-моддаларида назарда тутилган қоидаларга хилоф равишда фойдаланаётган ҳар қандай шахс патент эгасининг мутлақ ҳуқуқини бузувчи ҳисобланади.

Тегишли патентланган саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулот ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш, шунингдек ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулни қўллаш ёхуд ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулда бевосита тайёрланган маҳсулотни фуқаролик муомаласига киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш патент эгаси мутлақ ҳукуқининг бузилиши деб эътироф этилади.

Саноат мулки объектидан патент эгасининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда фойдаланаётган шахслар патент эгасининг талабига кўра:

патент эгасининг мутлақ ҳуқуқини бузувчи ҳаракатларни тўхтатишлари;

патент эгасига етказилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларига мувофиқ қоплашлари шарт.


III. ПАТЕНТ БЕРИШ ҲАҚИДАГИ ТАЛАБНОМА


14-модда. Патент бериш ҳақидаги

талабномани топшириш


Патент бериш ҳақидаги талабнома муаллиф, иш берувчи ёки уларнинг ҳуқуқий вориси (бундан буён матнда талабнома берувчи деб юритилади) томонидан Агентликка топширилади.

Патент бериш ҳақидаги талабномаларга белгиланган миқдорда патент божи тўланганлигини ёки патент божи тўлашдан озод қилишнинг ёхуд унинг миқдори камайтирилишининг асосларини тасдиқлайдиган ҳужжат илова қилинади.

Патент бериш ҳақидаги талабнома ҳужжатларига доир талаблар Агентлик томонидан белгиланади.

Патент бериш ҳақидаги талабнома шахсан, патент вакили ёки ишончли шахс орқали топширилиши мумкин.


15-модда. Ихтирога патент

бериш ҳақидаги талабнома


Ихтирога патент бериш ҳақидаги талабнома (бундан буён матнда ихтиро ҳақидаги талабнома деб юритилади) битта ихтирога ёки ягона ихтирочилик фикрини (ихтиро бирлиги талабини) ташкил этган тарзда бир-бири билан узвий боғланган ихтиролар гуруҳига тааллуқли бўлиши керак.

Ихтиро ҳақидаги талабнома:

ихтиронинг муаллифи (ҳаммуаллифлари) ва кимнинг номига патент бериш сўралаётган бўлса, ана шу шахс, шунингдек уларнинг турар жойи ёки жойлашган манзили кўрсатилган патент бериш ҳақидаги аризани;

ихтиронинг уни амалга ошириш учун етарли бўлган даражада тўлиқ очиб берилган тавсифини;

ихтиронинг моҳиятини ифодаловчи ҳамда унинг тавсифига тўла мувофиқ бўлган формуласини;

агар ихтиронинг моҳиятини тушуниш учун зарур бўлса, чизмалар ва бошқа материалларни;

ихтиро рефератини ўз ичига олиши лозим.


16-модда. Фойдали моделга патент

бериш ҳақидаги талабнома


Фойдали моделга патент бериш ҳақидаги талабнома (бундан буён матнда фойдали модель ҳақидаги талабнома деб юритилади) битта фойдали моделга ёки ягона ижодкорлик фикрини (фойдали модель бирлиги талабини) ташкил этган тарзда бир-бири билан узвий боғланган фойдали моделлар гуруҳига тааллуқли бўлиши керак.

Фойдали модель ҳақидаги талабнома:

фойдали моделнинг муаллифи (ҳаммуаллифлари) ва кимнинг номига патент бериш сўралаётган бўлса, ана шу шахс, шунингдек уларнинг турар жойи ёки жойлашган манзили кўрсатилган патент бериш ҳақидаги аризани;

фойдали моделнинг уни амалга ошириш учун етарли бўлган даражада тўлиқ очиб берилган тавсифини;

фойдали моделнинг моҳиятини ифодаловчи ҳамда унинг тавсифига тўла мувофиқ бўлган формуласини;

агар фойдали моделнинг моҳиятини тушуниш учун зарур бўлса, чизмалар ва бошқа материалларни;

фойдали модель рефератини ўз ичига олиши лозим.


17-модда. Саноат намунасига патент

бериш ҳақидаги талабнома


Саноат намунасига патент бериш ҳақидаги талабнома (бундан буён матнда саноат намунаси ҳақидаги талабнома деб юритилади) битта саноат намунасига тааллуқли бўлиши керак ва у шу намуна вариантларини (саноат намунаси бирлиги талабини) қамраб олиши мумкин.

Саноат намунаси ҳақидаги талабнома:

саноат намунасининг муаллифи (ҳаммуаллифлари) ва кимнинг номига патент бериш сўралаётган бўлса, ана шу шахс, шунингдек уларнинг турар жойи ёки жойлашган манзили кўрсатилган патент бериш ҳақидаги аризани;

буюмнинг ташқи кўриниши ҳақида тўла-тўкис, бор тафсилоти билан тасаввур қилиш имконини берувчи буюм акс эттирилган тасвирлар туркумини, макет ёки расмни;

агар саноат намунасининг моҳиятини очиб бериш учун зарур бўлса, буюм умумий кўринишининг чизмаси, эргономик схемаси, конфекцион харитасини;

саноат намунасининг ундаги муҳим белгилар мажмуини акс эттирган тавсифини ўз ичига олиши лозим.


18-модда. Саноат мулки объекти устуворлиги


Саноат мулки объекти устуворлиги патент бериш ҳақидаги талабнома Агентликка топширилган санага кўра белгиланади.

Саноат мулки объекти устуворлиги:

Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенцияси иштирокчиси бўлган бошқа давлатда (конвенция устуворлиги) топширилган биринчи талабнома қайд этилган сана бўйича, агар мазкур санадан эътиборан ихтиро ҳақидаги талабнома ва фойдали модель ҳақидаги талабнома ўн икки ой ичида, саноат намунаси ҳақидаги талабнома эса олти ой ичида Агентликка келиб тушган бўлса, белгиланиши мумкин. Агар конвенция устуворлиги сўралган талабнома уни берувчига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра белгиланган муддатда топшириб улгурилмаса, бу муддат Агентлик томонидан кўпи билан икки ойга узайтирилиши мумкин. Конвенция устуворлиги ҳуқуқидан фойдаланиш истагидаги талабнома берувчи ўзининг ана шу истагини талабномани топшириш чоғида кўрсатиб ўтиши ва (ёки) зарур материалларни талабнома топширилган санадан эътиборан кўпи билан уч ой ичида Агентликка тақдим этиши шарт;

қўшимча материаллар топширилган сана бўйича, агар талабномага илова қилинган қўшимча материаллар талабномада кўрсатилган саноат мулки объекти моҳиятини ўзгартириб юборади деб топилиши муносабати билан уларни қабул қилиш мумкин эмаслигини Агентлик талабнома берувчига билдирган санадан эътиборан уч ой муддат тугагунга қадар бу қўшимча материаллар талабнома берувчи томонидан мустақил талабнома сифатида расмийлаштирилган бўлса, белгиланиши мумкин;

шу талабнома берувчининг Агентликка бирмунча олдин тақдим этган, ушбу саноат мулки объектининг моҳиятини очиб берувчи талабномаси топширилган сана бўйича, агар бундай устуворлик сўралаётган талабнома бирмунча олдин берилган ихтиро ҳақидаги талабнома ва фойдали модель ҳақидаги талабнома келиб тушган санадан эътиборан ўн икки ой ичида ва бирмунча олдин берилган саноат намунаси ҳақидаги талабнома келиб тушган санадан эътиборан олти ой ичида топширилган бўлса, белгиланиши мумкин. Бунда бирмунча олдин топширилган талабнома чақириб олинган деб ҳисобланади.

Саноат мулки объекти устуворлиги олдин топширилган бир нечта талабнома ёки уларга доир қўшимча материаллар асосида бу талабномалар ва қўшимча материалларга нисбатан ушбу моддада белгиланган шартларга риоя қилинган ҳолда белгиланиши мумкин.

Агар давлат экспертизаси жараёнида патент бериш ҳақидаги ўхшаш талабномалар айни битта устуворлик санасига эга эканлиги аниқланса, у ҳолда патент Агентликка олдинроқ сана билан жўнатилганлиги исботланган талабнома бўйича, башарти жўнатилган саналари ҳам бир хил бўлиб чиқса, қайси бирида Агентликнинг рўйхатга олиш кирим рақами олдин қайд этилган бўлса, шу талабнома бўйича берилади.

Саноат мулки объекти устуворлиги бирмунча олдин устуворлик сўралган, чақириб олинган патент бериш ҳақидаги талабнома келиб тушган санага кўра белгиланиши мумкин эмас.

Патент бериш ҳақидаги ажратилган алоҳида талабнома бўйича саноат мулки объекти устуворлиги Агентликка топширилган дастлабки талабнома санасига кўра белгиланади.


19-модда. Талабномаларни ўзгартириш


Талабнома берувчи патент бериш ҳақидаги қарор қабул қилингунга қадар ихтиро ҳақидаги талабномани фойдали модель ҳақидаги талабнома, фойдали модель ҳақидаги талабномани эса ихтиро ҳақидаги талабнома қилиб ўзгартиришга ҳақлидир. Бундай ўзгартиришлар чоғида биринчи талабноманинг устуворлиги сақланиб қолади.

Талабномаларни ўзгартириш тегишли патент божи тўлангандан сўнг амалга оширилади.


IV. ПАТЕНТ БЕРИШ ҲАҚИДАГИ ТАЛАБНОМАНИ

ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ


20-модда. Патент бериш ҳақидаги талабноманинг

давлат экспертизаси


Агентлик патент бериш ҳақидаги талабнома бўйича расмий экспертиза, фойдали модель ҳақидаги талабнома экспертизаси ҳамда ихтиро ҳақидаги талабноманинг ёки саноат намунаси ҳақидаги талабноманинг моҳияти бўйича илмий-техника экспертизасидан иборат бўлган давлат экспертизасини ўтказади.

Талабнома берувчи патент бериш ҳақидаги талабнома топширилган санадан эътиборан икки ой мобайнида талабномада кўрсатилган саноат мулки объектининг моҳиятини ўзгартирмаган ҳолда унга тузатишлар, аниқликлар ёки қўшимча материаллар киритиш ҳуқуқига эга. Патент бериш ҳақидаги талабнома бўйича тузатишлар, аниқликлар ёки қўшимча материаллар патент божи тўланган тақдирда, кўрсатилган муддат ўтганидан кейин, лекин Агентлик патент бериш ҳақида қарор қабул қилгунига қадар тақдим этилиши мумкин.

Белгиланган талаблар бузилган ҳолда расмийлаштирилган патент бериш ҳақидаги талабнома юзасидан талабнома берувчига сўров юборилиб, унда шу сўров йўлланган санадан эътиборан уч ой ичида тузатишлар киритилган ёки етишмаётган материалларни тақдим этиш таклиф қилинади. Агар талабнома берувчи сўралган материалларни ёки белгиланган муддатни узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўрсатилган муддатда тақдим этмаса, патент бериш ҳақидаги талабнома чақириб олинган ҳисобланади. Белгиланган муддат талабнома берувчининг илтимосномасига кўра шу муддат ўтган санадан кейин кўпи билан ўн икки ойга узайтирилиши мумкин.

Саноат мулки объекти бирлиги талаблари бузилган ҳолда топширилган патент бериш ҳақидаги талабнома юзасидан талабнома берувчига тегишли сўров унга юборилган санадан эътиборан уч ой муддат ичида ушбу объектлардан қайси бири кўриб чиқилиши лозимлигини хабар қилиш ҳамда тегишинча талабнома ҳужжатларига аниқликлар киритиш таклиф қилинади. Дастлабки талабнома материалларига киритилган бошқа объектлар алоҳида талабномаларга ажратилиши мумкин. Агар талабнома берувчи ушбу объектлардан қайси бирини кўриб чиқиш зарурлигини хабар қилмаса ва аниқлик киритилган материалларни тақдим этмаса, ихтиро, фойдали модель формуласида ёки саноат намунаси тавсифида биринчи қилиб кўрсатилган объект давлат экспертизасидан ўтказилади.

Давлат экспертизаси сўрови бўйича материалларни тақдим этишнинг талабнома берувчи томонидан ўтказиб юборилган муддатлари, белгиланган муддатларни узайтириш муқаррарлигини тақозо этган сабаблар тасдиқланган ва патент божи тўланган тақдирда, Агентлик томонидан тикланиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддатларни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома талабнома берувчи томонидан ўтказиб юборилган муддат тугаган кундан бошлаб кўпи билан ўн икки ой ичида топширилиши мумкин.

Талабнома берувчи саноат мулки объекти тегишли давлат реестрида давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар давлат экспертизасининг исталган босқичида патент бериш ҳақидаги талабномани чақириб олиши мумкин.

Патент бериш ҳақидаги тапабнома материалларидаги маълумотлар Агентлик томонидан сир сақланиши керак ва улар ҳақидаги ахборот талабнома берувчи ёки патент эгасининг розилигисиз берилмайди. Талабнома материалларидаги ахборотни ихтиро ҳақидаги талабнома тўғрисидаги ёки фойдали модель ва саноат намунаси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар расмий равишда эълон қилингунга қадар ошкор этганлик қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Агар ихтиро ҳақидаги талабнома ёки фойдали модель ҳақидаги талабнома материалларида давлат сирларини ташкил қилган маълумотлар мавжуд бўлса, бундай талабнома бўйича иш юритиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Агентлик томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинган патент бериш ҳақидаги талабномалар талабнома берувчиларга қайтарилмайди.


21-модда. Расмий экспертиза


Расмий экспертиза патент бериш ҳақидаги талабнома топширилган санадан бошлаб икки ой ўтгандан кейин Агентлик томонидан ўтказилади. Талабнома берувчининг илтимосномасига биноан расмий экспертиза кўрсатилган муддат ўтмасиданоқ бошланиши мумкин. Бу ҳолда талабнома берувчи илтимоснома топширилган пайтдан бошлаб қўшимча патент божи тўламасдан талабнома материалларига ўз ташаббуси билан қўшимчалар, тузатишлар ва аниқликлар киритиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Расмий экспертиза мобайнида тақдим этилган таклифнинг ҳуқуқий муҳофаза таъминланадиган саноат мулки объектларига қай даражада мувофиқлиги кўриб чиқилади. Расмий экспертиза натижалари бўйича Агентликнинг қарори талабнома берувчига маълум қилинади.

Талабнома берувчи Агентликнинг қарори устидан қарор юборилган санадан эътиборан уч ойлик муддат ичида Апелляция кенгашига апелляция бериши мумкин. Апелляция кенгаши апелляция келиб тушган санадан эътиборан икки ойлик муддат ичида уни кўриб чиқиши лозим.

Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой ичида судга шикоят қилиниши мумкин.


21-1-модда. Ихтиро ҳақидаги талабнома

тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш

Ихтиро ҳақидаги талабнома тўғрисидаги маълумотлар кўриб чиқиш учун қабул қилинган талабнома топширилган санадан эътиборан ўн саккиз ой ўтганидан кейин расмий ахборотномада эълон қилинади. Эълон қилинадиган маълумотлар таркиби Агентлик томонидан белгиланади.

Талабнома берувчининг илтимосномасига кўра Агентлик кўриб чиқиш учун қабул қилинган ихтиро ҳақидаги талабнома топширилган санадан эътиборан ўн саккиз ой ўтгунига қадар ихтиро ҳақидаги талабнома тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиши мумкин.

Ихтиро ҳақидаги талабнома тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганидан кейин ҳар қандай шахс ушбу талабномага доир ҳужжатлар билан танишиб чиқишга ҳақли. Ихтиро ҳақидаги талабномага доир ҳужжатлар билан танишиб чиқиш тартиби Агентлик томонидан белгиланади.


22-модда. Фойдали модель ҳақидаги

талабнома экспертизаси


Агентлик патент божи тўланган тақдирда фойдали модель ҳақидаги талабномани экспертизадан ўтказади. Патент божи расмий экспертизанинг талабнома кўриб чиқишга қабул қилингани тўғрисидаги қарори талабнома берувчига юборилган санадан эътиборан уч ой ичида тўланиши мумкин. Кўрсатилган муддат ўтказиб юборилган тақдирда талабнома чақириб олинган деб ҳисобланади.

Экспертиза ўтказилаётганда талабномада кўрсатилган объектнинг ушбу Қонун 7-моддасида белгиланган патентга лаёқатлилик шартларига мувофиқлиги текширилади.

Агар экспертиза натижасида талабнома фойдали моделлар сифатида муҳофаза қилинадиган объектларга тааллуқли бўлмаган таклиф тўғрисида эканлиги аниқланса, Агентлик патент беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади, талабнома берувчи бундан хабардор қилинади.

Агар талабнома экспертизаси натижасида фойдали модель ҳақидаги талабнома материаллари қўйилган талабларга мос эканлиги аниқланса, Агентлик фойдали моделга патент бериш тўғрисида қарор қабул қилади, талабнома берувчи бундан хабардор этилади.

Фойдали модель сифатида талабномада кўрсатилган объектнинг патентга лаёқатлилик шартларига мувофиқ эмаслиги аниқланган тақдирда Агентлик фойдали моделга патент беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади, талабнома берувчи бундан хабардор этилади.

Талабнома берувчи Агентликнинг қарори устидан қарор юборилган санадан эътиборан уч ойлик муддат ичида Апелляция кенгашига апелляция бериши мумкин. Апелляция кенгаши апелляция келиб тушган санадан эътиборан икки ойлик муддат ичида уни кўриб чиқиши лозим.

Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой ичида судга шикоят қилиниши мумкин.


23-модда. Ихтиро ҳақидаги талабноманинг

ёки саноат намунаси ҳақидаги талабноманинг

моҳияти бўйича илмий-техника экспертизаси

Агентлик патент божи тўланган тақдирда, талабнома берувчининг ёки ҳар қандай шахснинг илтимосномасига кўра ихтиро ҳақидаги талабноманинг моҳияти бўйича илмий-техника экспертизаси ўтказади. Илтимоснома талабнома топширилаётганда ёки кўриб чиқиш учун қабул қилинган талабнома топширилган санадан эътиборан уч йил ичида топширилиши мумкин. Талабнома берувчи келиб тушган илтимосномалар ҳақида Агентлик томонидан хабардор қилинади.

Ихтиро ҳақидаги талабноманинг моҳияти бўйича илмий-техника экспертизаси ўтказиш тўғрисидаги илтимосномани топшириш муддати бундай илтимоснома билан биргаликда патент божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган тақдирда, талабнома берувчининг талабнома топширилган санадан эътиборан уч йил ўтгунига қадар топширилган илтимосномасига кўра Агентлик томонидан кўпи билан икки ойга узайтирилиши мумкин.

Ихтиро ҳақидаги талабноманинг моҳияти бўйича илмий-техника экспертизаси ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома уч йиллик муддатда келиб тушмаган тақдирда, ихтиро ҳакидаги талабнома чақириб олинган ҳисобланади.

Агентлик патент божи тўланган тақдирда, саноат намунаси ҳақидаги талабноманинг моҳияти бўйича илмий-техника экспертизаси ўтказади. Патент божи расмий экспертизанинг патент бериш ҳақидаги талабнома кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги тўғрисидаги қарори талабнома берувчига юборилган санадан эътиборан уч ой муддат ичида тўланиши мумкин. Кўрсатилган муддат бузилган тақдирда, талабнома чақириб олинган ҳисобланади.

Агар ихтиро ҳақидаги талабноманинг ёки саноат намунаси ҳақидаги талабноманинг моҳияти бўйича илмии-техника экспертизаси натижасида талабнома берувчи таклиф қилган формула билан ифодаланган ихтиро сифатида талабномада кўрсатилган объектнинг ёки муҳим белгилари мажмуи билан ифодаланган саноат намунаси сифатида талабномада кўрсатилган объектнинг белгиланган талабларга мослиги аниқланса, Агентлик патент бериш ҳақида қарор қабул қилади.

Ихтиро ёки саноат намунаси сифатида талабномада кўрсатилган объектнинг патентга лаёқатлилик шартларига мос эмаслиги аниқланган тақдирда, Агентлик патент беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Талабнома берувчи Агентликнинг қарори устидан қарор юборилган санадан эътиборан уч ойлик муддат ичида Апелляция кенгашига апелляция бериши мумкин. Апелляция кенгаши апелляция келиб тушган санадан эътиборан тўрт ой ичида уни кўриб чиқиши лозим.

Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой ичида судга шикоят қилиниши мумкин.


23-1-модда. Ихтиронинг вақтинчалик ҳуқуқий муҳофазаси

Ихтирога ихтиро ҳақидаги талабнома тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинган санадан ихтиро давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотлар эълон қилинадиган санага қадар вақтинчалик ҳуқуқий муҳофаза берилади.

Агар ихтиро ҳақидаги талабнома чақириб олинган бўлса ёки ушбу талабнома бўйича Агентлик томонидан патент беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, бу қарор устидан шикоят бериш имконияти тугаган бўлса, вақтинчалик ҳуқуқий муҳофаза юз бермаган ҳисобланади.

Ихтиродан унинг вақтинчалик ҳуқуқий муҳофазаси даврида фойдаланаётган шахс ихтирога патент олинганидан кейин патент эгасининг талабига кўра унга миқдори патент эгаси билан келишув асосида белгиланадиган пул товони тўлаши шарт.



V. САНОАТ МУЛКИ ОБЪЕКТИГА ПАТЕНТ ОЛИШ

ВА БУ ПАТЕНТНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТУГАТИШ


24-модда. Саноат мулки объектини давлат рўйхатига олиш


Агентлик патент бериш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг саноат мулки объектини тегишинча Давлат ихтиролар реестрида, Давлат фойдали моделлар реестрида ёки Давлат саноат намуналари реестрида давлат рўйхатига олади.


25-модда. Саноат мулки объекти рўйхатга олингани

тўғрисидаги маълумотларни расман эълон қилиш


Агентлик саноат мулки объектлари рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган расмий ахборотнома нашр этади. Эълон қилинадиган маълумотларнинг тўлиқ рўйхати ва таркиби Агентлик томонидан белгиланади.


26-модда. Саноат мулки объектига патент бериш


Саноат мулки объектига патент бериш объект рўйхатга олинганлиги ҳақидаги маълумотлар расмий ахборотномада эълон қилинган санадан эътиборан ўн кун ўтганидан кейин Агентлик томонидан амалга оширилади.

Саноат мулки объекти патенти Ўзбекистон Республикаси номидан берилади ва Агентлик раҳбари томонидан имзоланади.

Саноат мулки объекти патенти бир нечта киши номига сўралганда уларга битта патент берилади.

Саноат мулки объекти патентининг шакли ва унда кўрсатиладиган маълумотлар таркиби Агентлик томонидан белгиланади.

Берилган саноат мулки объекти патентидаги кўзга яққол ташланиб турган ва техник хатолар патент эгасининг талабига кўра Агентлик томонидан тузатилади.


27-модда. Саноат мулки объекти патентини

ҳақиқий эмас деб эътироф этиш


Саноат мулки объекти патенти Апелляция кенгашига берилган апелляция бўйича исталган вақтда ҳуқуқий муҳофазанинг тўлиқ ҳажмида ёки унинг фақат бир қисми бўйича қуйидаги асосларга кўра ҳақиқий эмас деб эътироф этилиши мумкин:

муҳофаза қилинадиган саноат мулки объекти патентга лаёқатлилик шартларига мос эмаслиги;

ихтиро, фойдали модель формуласида ёки саноат намунасининг муҳим белгилари мажмуида талабноманинг дастлабки материалларида бўлмаган белгиларнинг мавжудлиги;

патентда патент эгаси сифатида кўрсатилган шахснинг патент олиш учун қонуний асосга эга эмаслиги.

Саноат мулки объекти патентининг тўла ҳажмдаги ҳуқуқий муҳофазаси ёки бу муҳофазанинг фақат бир қисми ҳақиқий эмаслигини исботлаш вазифаси патентни ҳақиқий эмас деб даъво қилаётган тараф зиммасида бўлади.

Саноат мулки объектига патент бериш Апелляция кенгашига апелляция топширилиши муносабати билан тўхтатиб турилиши мумкин.

Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой ичида судга шикоят қилиниши мумкин.

Агар низо судда кўриб чиқиладиган бўлса, низо ҳал этилгунига қадар саноат мулки объектига доир ишни юритиш Агентлик томонидан тўхтатиб турилади.


28-модда. Саноат мулки объекти патентининг

амал қилишини тугатиш


Саноат мулки объекти патентининг амал қилиши унинг ушбу Қонунга мувофиқ белгиланган амал қилиш муддати ўтганидан кейин тугатилади.

Саноат мулки объекти патентининг амал қилиши:

патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун патент божлари белгиланган муддатда тўланмаганда;

патент эгаси Агентликка топширган аризага асосан муддатидан илгари тугатилади.

Саноат мулки объекти патентининг амал қилиши муддатидан илгари тугатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар Агентликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади.


28-1-модда. Саноат мулки объекти

патентининг амал қилишини тиклаш

Патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун патент божи белгиланган муддатда тўланмаганлиги сабабли амал қилиши тугатилган саноат мулки объекти патентининг амал қилиши патент эгасининг илтимосномасига кўра тикланиши мумкин. Бундай илтимоснома патентнинг амал қилиши тугатилган санадан эътиборан уч йил муддат ичида, бироқ патентнинг ушбу Қонунда назарда тутилган амал қилиш муддати тугагунига қадар Агентликка топширилиши мумкин.

Патент эгасининг илтимосномасига патентнинг амал қилишини тиклаш учун белгиланган миқдордаги патент божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши керак.

Саноат мулки объекти патентининг амал қилиши тикланганлиги тўғрисидаги маълумотлар расмий ахборотномада эълон қилинади.

Саноат мулки объекти патентининг амал қилиш муддати тугатилган сана билан патентнинг амал қилиши тикланганлиги тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинган сана оралиғидаги даврда саноат мулки объектидан фойдаланишни бошлаган ёки бунинг учун зарур тайёргарлик кўрган шахс ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтирмаган ҳолда саноат мулки объектидан бепул фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.



29-модда. Саноат мулки объекти патентидан воз кечиш


Патент эгаси ёзма ариза бериб, саноат мулки объекти патентидан воз кечиш ҳуқуқига эга.

Бир нечта патент эгаларидан бирининг саноат мулки объекти патентидан воз кечиши патентнинг амал қилиши тугатилишига олиб келмайди.

Саноат мулки объекти патентидан воз кечиш Агентлик патент эгасидан ёзма ариза олган санадан эътиборан амал қила бошлайди.

Патент эгаси саноат мулки объекти патентидан воз кечиш нияти тўғрисида муаллифни хабардор қилиши шарт. Муаллиф бундай ҳолда патентга эгалик қилишда устувор ҳуқуққа эга бўлади.

Агар саноат мулки объекти патенти лицензия шартномасининг объекти бўлса, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, патентдан лицензия эгасининг розилиги билангина воз кечиш мумкин бўлади.



VI. САНОАТ МУЛКИ

ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


30-модда. Ихтиро, фойдали модель,

саноат намунасидан фойдаланиш


Маҳсулотда (буюмда) ихтиронинг, фойдали моделнинг формула мустақил бандига киритилган ҳар бир белгиси ёки унга муодил бўлган белги қўлланилган бўлса, бу маҳсулот (буюм) патентланган ихтиро, фойдали моделдан фойдаланилган ҳолда тайёрланган, ихтиро патенти билан муҳофаза этиладиган усул эса, қўлланилган деб эътироф этилади.

Маҳсулотни олиш усулига берилган патентнинг амал қилиши айнан шу усул ёрдамида олинган маҳсулотга ҳам татбиқ этилади. Бунда аксини исботловчи далиллар бўлмаса, бу янги маҳсулот патентланган усулда олинган деб ҳисобланади.

Агар маҳсулотда патент берилган саноат намунасининг муҳим белгилари мажмуи бўлса, у патентланган саноат намунасидан фойдаланилган ҳолда тайёрланган деб эътироф этилади.



31-модда. Аввал фойдаланганлик ҳуқуқи


Саноат мулки объекти устуворлиги белгиланган санага қадар унинг муаллифидан мустақил тарзда айнан ўхшаш бўлган ечимдан фойдаланган ёки шунга етарли даражада тайёргарлик кўрган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтирмаган тарзда, кейинчалик ҳам ундан бепул фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Аввал фойдаланганлик ҳуқуқи бошқа юридик ёки жисмоний шахсга фақат айнан ўхшаш ечимдан фойдаланилган ёки шунга етарли даражада тайёргарлик кўрилган ишлаб чиқариш билан биргаликда топширилиши мумкин.



32-модда. Саноат мулки объектидан

фойдаланиш ҳуқуқини бериш


Патент эгаси бўлмаган ҳар қандай шахс патент билан муҳофаза қилинган саноат мулки объектидан фақат патент эгасининг рухсати билан лицензия шартномаси асосида фойдаланишга ҳақли.

Патент эгаси саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳар қандай шахсга бериш тўғрисида (очиқ лицензия) Агентликка ариза топшириши мумкин. Бу ҳолда патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун ундириладиган патент божи шундай ариза тўғрисидаги маълумотлар Агентлик томонидан эълон қилинганидан кейинги йилдан бошлаб эллик фоизга камайтирилади.

Очиқ лицензияни олиш истагини билдирган шахс патент эгаси билан номутлақ лицензия бериш тўғрисида шартнома тузиши шарт. Шартнома шартлари бўйича низолар суд томонидан кўриб чиқилади. Патент эгасининг очиқ лицензияга нисбатан ҳуқуқ бериш ҳақидаги аризаси чақириб олинмайди.

Саноат мулки объектидан патент эгасининг розилигисиз мутаносиб миқдорда унга товон тўлаган ҳолда фойдаланилишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда рухсат бериши мумкин.

Агар патент эгаси саноат мулки объектидан унинг таркибида бошқа юридик ёки жисмоний шахсга қарашли муҳофаза қилинаётган ўзга объект қўлланилиши туфайли фойдалана олмаса, патент эгаси мазкур шахсдан бу объектдан шартномада назарда тутилган шартлар асосида фойдаланиш учун лицензия беришни талаб қилишга ҳақлидир.



33-модда. Саноат мулки объектларидан фойдаланишнинг

давлат томонидан рағбатлантирилиши


Муаллифларга ва саноат мулки объектларидан фойдаланувчи хўжалик юритувчи субъектларга солиқ солиш ва кредит беришда имтиёзли шартлар белгиланади, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа имтиёзлар берилади.



VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34-модда. Патент божлари


Саноат мулки объектларига ҳуқуқий муҳофаза бериш билан боғлиқ юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни бажарганлик учун патент божлари ундирилади. Патент божлари Агентликка тўланади.

Патент божларининг миқдори ва уларни тўлаш муддатлари, уларни тўлашдан озод қилиш, тўлов миқдорларини камайтириш ёки уларни қайтариб бериш учун асослар, шунингдек патент божларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Патент божлари талабнома берувчи, патент эгаси ва бошқа манфаатдор шахс томонидан тўланади.

Патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун патент божини тўлаш мақсадида қўшимча патент божи тўланган тақдирда, патент эгасига олти ойлик имтиёзли муддат берилади.

Агар патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун патент божи ва қўшимча патент божи имтиёзли муддат мобайнида тўланмаса, патентнинг амал қилиши белгиланган муддатда патент божи тўланмаган кундан эътиборан тугатилади.



35-модда. Патент вакиллари


Патент вакили юридик ва жисмоний шахсларнинг Агентлик олдидаги вакиллик ҳуқуқини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган Ўзбекистон фуқароси патент вакили бўлиши мумкин. Патент вакилларига қўйиладиган малака талаблари, уларни аттестациядан ўтказиш ва рўйхатга олиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи жисмоний шахслар ёки чет эллик юридик шахслар саноат мулки объектларини патентлаш бўйича ишларни ва улар билан боғлиқ бўлган юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни Агентликда рўйхатга олинган патент вакиллари орқали амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, бироқ вақтинча унинг ҳудудидан ташқарида турган жисмоний шахслар саноат мулки объектларини патентлаш бўйича ишларни ва улар билан боғлиқ юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни Ўзбекистон Республикаси доирасида ёзишмалар олиб бориш учун манзилни кўрсатган ҳолда, патент вакилисиз амалга оширишлари мумкин.

Патент вакилининг ваколатлари ишончнома билан тасдиқланади.


36-модда. Саноат мулки объектларини

бошқа давлатларда патентлаш


Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари саноат мулки объектларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа давлатларда патентлаш ҳуқуқига эга.

Давлат сирларини ўз ичига олмайдиган ихтиролар ва фойдали моделларни бошқа давлатларда патентлаш тегишли талабнома Агентликка топширилган кундан эътиборан уч ой ўтганидан кейин амалга оширилиши мумкин.


37-модда. Чет эллик юридик ва жисмоний

шахсларнинг ҳуқуқлари


Чет эллик юридик ва жисмоний шахслар ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари билан тенг равишда ёки келишув принципи асосида фойдаланадилар.



38-модда. Низоларни ҳал этиш


Саноат мулки объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


39-модда. Саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2002 йил, 19-сон, 143-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2002 йил, 9-сон, 158-модда