язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасининг 09.12.1992 й. 754-XII-сон "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.12.1992 й.

N 754-XII



ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


Ушбу қонун табиий муҳит шароитларини сақлашнинг, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб беради. қонуннинг мақсади инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар уйғун мувозанатда ривожланишини, экология тизимлари, табиат комплекслари ва айрим объектлар муҳофаза қилинишини таъминлашдан, фуқароларнинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлашдан иборатдир.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг табиатни

муҳофаза қилишга доир қонунлари


Ўзбекистон Республикасида табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар ушбу қонун билан, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ер, сув, ўрмон, ер ости бойликлари тўғрисидаги, атмосфера ҳавосини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунлари билан, бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан ҳам тартибга солинади.



2-модда. Табиатни муҳофаза қилиш объектлари

ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар

Табиатни муҳофаза қилиш объектлари (ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси) ифлосланишдан, бузилишдан, зарарланишдан, ориқлаб кетишдан, вайрон бўлишдан, йўқ бўлиб кетишдан, нооқилона фойдаланишдан муҳофаза этилиши лозим.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар жумласига давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари, давлат табиат ёдгорликлари, айрим табиий объектлар ҳамда мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар, муҳофаза этиладиган ландшафтлар, айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар, давлат биосфера резерватлари, миллий боғлар, давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар киради.


3-модда. Табиатни муҳофаза қилишдан мақсад


Табиатни муҳофаза қилишдан мақсад:

инсон саломатлиги учун, экологик мувозанатни сақлаш учун, республикани самарали ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш манфаатлари йўлида табиатдан оқилона ва уни ишдан чиқармайдиган қилиб фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

жонли табиатнинг турлари ва генетик фонди бойлигини сақлаб қолиш;

экология тизимлари, ландшафтлар ва ноёб табиат объектлари хилма-хиллигини сақлаб қолиш;

экология хавфсизлигини таъминлаш;

табиат объектлари билан боғлиқ моддий маданий мерос объектларини асраб қолишдир.


4-модда. Табиатни муҳофаза қилиш мақсадларига эришиш


Табиатни муҳофаза қилиш мақсадларига эришиш учун давлат ҳокимияти маҳаллий идоралари, вазирликлар ва идоралар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермерлик ва кооператив хўжаликлар, шунингдек айрим шахслар хўжалик, бошқарув ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш жараёнида қуйидаги қоидаларга амал қилишлари керак:

инсоннинг яшаш муҳити бўлмиш биосфера ва экология тизимлари барқарорлигини сақлаб қолиш, одамларнинг экологик жиҳатдан хавфсизлиги, инсон ва унинг келгуси авлодлари генетик фонди ҳақида ғамхўрлик қилиш;

фуқароларнинг ҳаёт учун қулай табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, барча турдаги таълим муассасаларида экология ўқувининг мажбурийлиги;

жамиятнинг экологик, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини илмий асосланган ҳолда уйғунлаштириш;

табиатдан махсус фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш ва умумий асосларда фойдаланганлик учун ҳақ тўламаслик;

экология экспертизаси ўтказишнинг мажбурийлиги;

табиатдан оқилона фойдаланишни ва табиатни муҳофаза қилишни рағбатлантириш;

табиий ресурсларни тиклаш зарурлиги, атроф табиий муҳит ва инсон сиҳат-саломатлиги учун зарарли, тиклаб бўлмас оқибатларга йўл қўймаслик;

табиатни муҳофаза қилиш вазифаларини ҳал этишда ошкоралик;

табиатни муҳофаза қилиш соҳасида миллий, регионал ва халқаро манфаатларни уйғунлаштириш;

табиатни муҳофаза қилиш қонунлари талабларини бузганлик учун жавобгар бўлиш.


5-модда. Табиий ресурсларга нисбатан мулкчилик


Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Табиий ресурсларни бериш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади.


6-модда. Табиатдан умумий тарзда

ва махсус йўсинда фойдаланиш


Ўзбекистон Республикасида табиатдан умумий тарзда ва махсус йўсинда фойдаланилади.

Табиатдан умумий тарзда фойдаланиш фуқаролар томонидан ҳаётий зарур эҳтиёжларни қондириш учун текинга табиий ресурсларни айрим фойдаланувчиларга бириктирмай ва ҳеч қандай рухсатномалар бермай туриб амалга оширилади.

Табиатдан махсус йўсинда фойдаланиш тариқасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларга ишлаб чиқариш ва ўзга хил фаолиятни амалга ошириш учун табиий ресурслар ҳақ олиб махсус рухсатномалар асосида эгалик қилишга, фойдаланиш ёки ижарага берилади.


II. ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВ ИДОРАЛАРИНИНГ

ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ЭТИШГА ТААЛЛУҚЛИ ҲУҚУҚИЙ

МУНОСАБАТЛАРНИ ТАРТИБГА СОЛИШ СОҲАСИДАГИ

ВАКОЛАТЛАРИ


7-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси ва Сенатининг табиатни муҳофаза қилишга оид ҳуқуқий

муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига қуйидагилар киради:

табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш;

давлат экология дастурларини тасдиқлаш;

табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

ҳудудларни фавқулодда экологик вазият, экологик офат ва экологик ҳалокат зоналари деб эълон қилиш, бундай зоналарнинг ҳуқуқий режимини ва жабрланганларнинг мақомини белгилаш;

табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан назоратни мувофиқлаштириб бориш;

табиий ресурслардан фойдаланганлик учун ҳақнинг чегара миқдорларини белгилаш, шунингдек тўловларни ундириш бўйича имтиёзлар белгилаш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал қилиш.



8-модда. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза

қилиш соҳасида давлат бошқаруви

Ўзбекистон Республикасида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасидаги давлат бошқаруви қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари


Табиатни муҳофаза қилиш соҳасида:

табиатни муҳофаза қилишга доир ягона сиёсат юритиш;

табиат ресурсларидан фойдаланишни тартибга солиш; табиий ресурсларга нисбатан табиат кадастри юритилиши тартибини белгилаш ва бундай кадастр юритилишини таъминлаш, республика аҳамиятига молик табиий ресурсларнинг захираларини тасдиқлаш;

экология жиҳатидан танг вазиятлар, табиий офатлар ва фалокатларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

табиий офатлар ва йирик аварияларнинг оқибатларини тугатиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

табиий ресурслардан фойдаланганлик, атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик,чиқиндилар, зарарли таъсир этувчи бошқа нарсалар жойлаштириб ташлаганлик учун ҳақ тўлаш тартибини, шунингдек табиий ресурслардан фойдаланиш, чиқиндилар жойлаштириш лимитларини белгилаш;

экология маорифи ва тарбияси тизимини яратиш ҳамда унинг амал қилишини таъминлаш;

табиатдан алоҳида тартибда фойдаланиладиган ҳудудларнинг чегараларини, табиатни муҳофаза қилиш ва хўжалик фаолияти режимларини тасдиқлаш;

табиатни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида давлатлараро муносабатларни ривожлантириш;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколат доирасига киради.



10-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий

идораларининг табиатни муҳофаза қилиш

соҳасидаги ваколатлари


Табиатни муҳофаза қилиш соҳасида:

ўз ҳудудида табиатни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилаш, минтақанинг (ҳудуднинг) экология дастурини тасдиқлаш;

табиий ресурсларни ҳисобга олиш ва уларнинг аҳволига баҳо бериш, экология жиҳатидан зарарли бўлган объектларни рўйхатга олиш;

табиатни муҳофаза қилишга доир тадбирларни моддий-техника жиҳатидан таъминлаш;

табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаларни белгиланган тартибда бериш;

табиий ресурслардан фойдаланганлик учун тўловлар ундириш;

табиатнинг муҳофаза қилиниши устидан назорат ўрнатиш, атроф муҳитга зарар етказаётган маҳаллий аҳамиятга молик объектлар фаолиятини вақтинча ёки бутунлай тўхтатиш ва қайта ихтисослаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган бошқа масалаларни тартибга солиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий идораларининг ваколатига киради.

Атроф муҳитга зарар етказаётган тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган маҳаллий аҳамиятга молик объектларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш (фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно) ёки тугатиш ва қайта ихтисослаштириш суд тартибида амалга оширилади.


11-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқарувини;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини;

ер, ер ости бойликларини, сув, ўрмон, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат экологик назоратини;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир ишларни мувофиқлаштиришни, табиатни муҳофаза қилиш ва ресурсларни тежаш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришда идоралараро ҳамкорликни таъминлашни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдордир.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари мулк шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда фуқаролар томонидан ижро этилиши учун мажбурийдир.



III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АҲОЛИСИНИНГ

ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


12-модда. Инсоннинг яшаш учун қулай атроф

табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи ва бу муҳитни

сақлаб қолиш борасидаги бурчи


Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўз саломатлиги ва келажак авлоднинг саломатлиги учун қулай табиий муҳитда яшаш, ўз саломатлигини атроф муҳитнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш ҳуқуқига эга.

Ана шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси табиатни муҳофаза қилиш бўйича жамоат ташкилотларига бирлашиш, атроф табиий муҳитнинг аҳволи ҳамда уни муҳофаза қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга доир ахборотларни талаб қилиш ва олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси табиий ресурслардан оқилона фойдаланиши, табиат бойликларига эҳтиётлик билан муносабатда бўлиши, экология талабларига риоя этиши шарт.


13-модда. Табиатни муҳофаза қилиш жамоат

бирлашмаларининг ваколатлари


Табиатни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатувчи жамоат бирлашмаларининг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ қабул қилинган уставларида белгилаб қўйилади.


IV. АТРОФ ТАБИИЙ МУҲИТ СИФАТИНИ

НОРМАТИВЛАР БИЛАН ТАРТИБГА СОЛИШ


14-модда. Атроф табиий муҳит сифатининг

нормативлари ва стандартлари


Хўжалик фаолиятининг атроф табиий муҳитга зарарли таъсири атроф табиий муҳит сифатининг аҳолининг экология жиҳатидан хавфсизлигини, табиий ресурсларни тиклаш ва муҳофаза қилишни кафолатловчи нормативлари ва стандартлари билан чеклаб қўйилади.

Ҳудудий-ишлаб чиқариш мажмуиларини таркиб топтиришда, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилишни ривожлантиришда ҳамда шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктларини қайта қуриш ва таъмирлашда атроф табиий муҳитга бўладиган таъсирнинг йўл қўйиш мумкин бўлган меъёрлари белгиланади.



15-модда. Экологик нормативларни

ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш


Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар атроф муҳитга таъсирнинг йўл қўйилиши мумкин бўлган энг юқори даражаларини тартибга солувчи экологик ва бошқа йўсиндаги мезонларни ишлаб чиқишлари шарт.

Экологик нормативлар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ўз ваколатларига мувофиқ тасдиқланади.

Кимёвий дори-дармонларни қишлоқ хўжалигида ишлатишга Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ рухсат этилади.



V. ТАБИИЙ РЕСУРСЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ


16-модда. Табиий ресурслардан фойдаланиш шартлари

Табиий ресурслардан фойдаланишга табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш, табиат мажмуалари яхлитлигини сақлаб қолиш, жонли табиат объектларининг яшаш ва ўсиш муҳити бузилишига йўл қўймаслик, бошқа табиий ресурслардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини бузмаслик шарти билан йўл қўйилади.



17-модда. Тупроқдан фойдаланиш шартлари


Тупроқ дейилганида ер қобиғининг тириклик учун фойдаланиладиган ва ўсимликлар билан бирга амал қиладиган юзадаги унумдор қатлами тушунилади.

Тупроқдан унинг унумдорлигини пасайтирмаган ҳолда табиий ва маданий ўсимликлардан ҳосил олиш учун фойдаланилади.

Тупроқнинг иншоот остида қоладиган гумусли қатлами бошқа жойларда ҳосилдорликни ошириш учун олиб кетилиши керак.



18-модда. Ер ости бойликлари ва фойдали

қазилмалардан фойдаланиш шартлари

Ер ости бойликлари ва фойдали қазилмалардан фойдаланишга қуйидаги шартлар асосида йўл қўйилади:

қазиб олишда ер ости бойликлари ва фойдали қазилмалар ҳамда уларга қўшилиб чиқадиган бошқа табиий ресурслардан комплекс ва тежамли фойдаланиш таъминланса, шунингдек атроф-муҳит ва ер қаъри ифлосланишининг олди олинса;

фойдали қазилмаларни қазиб олиш чоғида ҳолати ўзгарган ерлар рекультивация қилинса;

қайта тикланадиган фойдали қазилмалардан табиий қайта тикланишига эришиладиган даражадагина фойдаланилса;

ер ости бойликларидан ва кенг тарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланиш соҳасида белгиланган қоидаларга риоя этилса;

фойдали қазилма конларини ишга солиш лойиҳалари бўйича, шунингдек минерал хом ашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналарини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда кенгайтириш лойиҳалари юзасидан давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлса;

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия мавжуд бўлса ёки ер қаъри участкаларини фойдаланишга бериш назарда тутилган маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим мавжуд бўлса;

фойдали қазилмаларнинг юзасини олишда ҳосил бўладиган ва сиғдирадиган жинслар ағдармалари, сақлагичлар, терриконлар уларнинг атроф-муҳитга энг кам даражада зарарли таъсир кўрсатиши таъминланган ҳолда жойлаштирилса.



19-модда. Сувлар ва сув ҳавзаларидан

фойдаланиш шартлари


Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ер усти, ер ости ва денгиз сувларидан зарур миқдордаги сувнинг табиий айланишини сақлаш, унинг нормативда кўрсатилган даражада тозалигини таъминлаш, сув ўсимликлари ва ҳайвонларини асраш, сув ҳавзаларининг ифлосланишига йўл қўймаслик, уларда экология мувозанатини сақлаш ва сув ҳавзасига ландшафт элементи сифатида зиён етказмаслик шарти билан йўл қўйилади.

Маҳаллий ҳокимият идоралари, ўрмон ва сув хўжалиги идоралари дарё ирмоқлари ҳосил бўладиган жойларда, сув ҳавзалари соҳили минтақаларида дарахтзорларни тиклашлари ва дов-дарахтни кўпайтиришлари ҳамда уларнинг сақланишини таъминлашлари шарт.


20-модда. Атмосфера ҳавосидан фойдаланиш шартлари


Атмосфера ҳавоси дейилганида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди устидаги ҳаво бўшлиғи тушунилади. Ҳаводан фойдаланишга муайян ҳудуд ҳавосининг сифатини ўзгартирмаслик, уни белгиланган нормативлардан ортиқ даражада ифлослантирмаслик ёки сийраклаштирмаслик шарти билан йўл қўйилади.

Халқаро битимга мувофиқ вазирликлар ва идоралар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, хусусий шахслар озон қатламига зарарли таъсир этувчи кимёвий моддалар ишлаб чиқариш ҳамда бундай моддалардан фойдаланишни қисқартиришлари ва келгусида батамом тўхтатишлари шарт.


21-модда. Жонли табиат объектларидан фойдаланиш шартлари


Жонли табиат дейилганида табиий ўсимликлар, шу жумладан ўрмон, табиатда эркин яшайдиган ҳайвонлар ва бошқа жонли организмлар тушунилади.

Жонли табиат объектларидан:

уларнинг қайта тикланиш қобилиятини сақлаш;

уларнинг хилма-хил турини ва тўдаларининг барқарорлигини сақлаш;

атроф табиий муҳитнинг биологик жиҳатдан ифлосланишига йўл қўймаслик шарти билан фойдаланилади.


22-модда. Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш шартлари

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг атроф муҳитга хавфсизлиги учун чиқиндиларнинг мулкдорлари жавоб берадилар. Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларини тегишли ҳудудга жойлаштириш масалаларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳал қилади.


23-модда. Табиий ресурслардан фойдаланиш

ҳуқуқидан маҳрум этиш


Табиий ресурслардан фойдаланиш талабларини муттасил бузадиган фойдаланувчи табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.


VI. ЭКОЛОГИЯ ЭКСПЕРТИЗАСИ


24-модда. Давлат экология экспертизаси

Давлат экология экспертизаси хўжалик қарори қабул қилинишидан олдин ўтказилиши шарт бўлган атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш тадбиридир.

Давлат экология экспертизаси Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда ўтказилади.


25-модда. Давлат экология экспертизасининг объектлари


Давлат экология экспертизаси объектлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Давлат экология экспертизасининг ижобий хулосасисиз лойиҳаларни рўёбга чиқариш ман этилади.


27-модда. Жамоатчилик асосидаги экология экспертизаси


Жамоатчилик асосидаги экология экспертизаси жамоат бирлашмаларининг ташаббусига кўра уларнинг маблағлари ҳисобидан ёки жамоатчилик асосида мутахассисларнинг мустақил гуруҳлари томонидан амалга оширилади.

Жамоатчилик асосидаги экология экспертизасининг хулосалари тавсия тамойилига эга бўлади.



VII. ЭКОЛОГИК НАЗОРАТ


28-модда. Атроф-муҳит мониторинги

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳитнинг ҳолати ва унинг ресурсларини кузатиш, ҳисобга олиш, уларга баҳо бериш ва уларнинг истиқболини белгилашни таъминлаш мақсадида атроф-муҳитнинг давлат мониторинги тизими ташкил этилади.

Атроф табиий муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан фойдаланиш устидан кузатув махсус ваколат берилган идоралар, шунингдек фаолияти атроф табиий муҳитнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган ёки ёмонлаштириши мумкин бўлган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар томонидан амалга оширилади.

Махсус ваколат берилган идоралар, шунингдек айтиб ўтилган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ўз кузатувларига доир материалларни тегишли давлат идораларига бепул беришлари шарт.

Атроф-муҳитнинг мониторингини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


29-модда. Экологик назоратнинг асосий вазифалари

Экологик назоратнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш;

атроф-муҳит ҳолатини кузатиб бориш, атроф-муҳитнинг ифлосланишига, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш;

мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолиятининг ва бошқа фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш;

атроф-муҳитдаги ўзгаришлар, унинг прогноз қилинаётган ҳолати, табиий ресурслардан фойдаланилиши ва кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат ташкилотларини ва бошқа ташкилотларни ҳамда фуқароларни хабардор қилиш;

табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлаш.


30-модда. Давлат атроф табиий муҳит

ҳолатини кузатиб бориш хизмати


Давлат атроф табиий муҳит ҳолатини кузатиб бориш хизмати табиий муҳитда содир бўлаётган физик, кимёвий, биологик жараёнларни, атмосфера ҳавоси, тупроқ, ер усти ва ер ости сувларининг ифлосланиш даражасини, ифлосланишнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига таъсири оқибатларини кузатиб бориш, манфаатдор ташкилотлар ва аҳолини атроф табиий муҳитда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида жорий ва шошилинч ахборотлар ҳамда бу муҳит ҳолатига доир тахминлар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилади.

Атроф табиий муҳит ҳолати тўғрисидаги ахборот очиқ-ошкора йўсинда бўлиб, унинг асосий кўрсаткичлари давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан эълон қилиш учун мунтазам бериб борилади.

Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари фалокатлар ва бошқа ҳодисалар натижасида атроф табиий муҳит нормативда белгиланганидан ҳам ортиқроқ даражада ифлосланган тақдирда бундай фалокат ва ҳодисалар тўғрисида жамоатчиликни дарҳол хабардор этишлари шарт.

Табиий ресурсларнинг миқдор, сифат ва бошқа хил кўрсаткичларини, улардан фойдаланишнинг ҳажми, тартиб тамойилини ҳисобга олиб бориш учун давлат табиий ресурслар кадастрлари юритилади.

Атроф табиий муҳит ҳолатига зарарли таъсир қиладиган ёки номақбул тарзда таъсир этиши мумкин бўлган объектлар, атроф табиий муҳитга тушадиган зарарли моддаларнинг турлари ва миқдори, чиқиндиларнинг ҳажмлари ва таркиби ҳам назорат этиб борилади ва давлат ҳисобига олинади.

Давлат атроф табиий муҳит ҳолатини назорат этиш хизматининг таркиби, уни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиши тартиби, давлат табиий ресурслар кадастрларини, атроф муҳитга зарарли таъсир этувчи объектларнинг давлат ҳисобини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб берилади.


31-модда. Экологик назорат соҳасидаги муносабатларни

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш

Экологик назоратни амалга ошириш, экологик назорат субъектларининг ваколатларини рўёбга чиқариши муносабати билан юзага келадиган ҳуқуқий муносабатлар қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


VIII. ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШНИ

ТАЪМИНЛАШНИНГ ИҚТИСОДИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


33-модда. Табиатни муҳофаза қилишни

таъминлашнинг иқтисодий тартиботи


Табиатни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий тартиботи:

табиий ресурслардан махсус фойдаланганлик учун, атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик (шу жумладан чиқиндиларни жойлаштирганлик) ва атроф табиий муҳитга бошқача тарзда зарарли таъсир кўрсатганлик учун тўлов ундиришни;

камчиқитли ва ресурсларни тежайдиган технологиялар жорий этилганида, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни қайта тиклашда самара берувчи фаолият амалга оширилганида корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, шунингдек айрим шахсларга солиқ, кредит имтиёзлари ва ўзга имтиёзлар беришни;

экология нуқтаи назаридан хавфли технологияларни қўллаганлик ва ўзга фаолиятни амалга оширганлик учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга нисбатан махсус солиқлар жорий этишни;

атроф табиий муҳитни ифлослантирувчи моддаларни чиқариш, оқизиш ёхуд экология нуқтаи назаридан ўзга зарарли фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар (рухсатномалар) олишни;

табиий муҳитнинг қулай ҳолатини бузган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар зиммасига уни тиклаш вазифасини юклашни;

табиат объектларини бузиш ёки йўқ қилиб юбориш оқибатида етказилган зарар учун белгиланган тартибда товон пули ундиришни;

табиатни муҳофаза қилиш борасидаги режалар ва чора-тадбирлар бажарилмаган, табиатни муҳофаза қилишга доир қонунларнинг норматив-техник ва бошқа талаблари бузилган ҳолларда мансабдор шахслар ёки бошқа ходимларни асосий ишлаб чиқариш фаолиятида эришилган натижалар бўйича бериладиган пул мукофотлари ёки бошқа мукофотлардан тўлиқ ёки қисман маҳрум этишни;

экологик соф маҳсулот чиқарганлик учун рағбатлантирувчи нархлар ва устама ҳақлар белгилашни;

табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик, меъёрда белгиланганидан ортиқча фойдаланганлик учун табиатдан фойдаланувчиларга нисбатан иқтисодий жазо чораларини ҳамда табиий ресурслардан тежаб-тергаб ва оқилона фойдаланганлик учун иқтисодий рағбатлантиришни қўлланишни;

табиий муҳитни сақлаш соҳасида ва экологик соф маҳсулот ишлаб чиқаришда ҳаммадан юқори кўрсаткичларга эришган давлат, кооператив, жамоат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари, бошқа корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг жамоаларини ва айрим ходимларини, шунингдек айрим шахсларни моддий рағбатлантиришни кўзда тутади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунларида, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг қарорларида табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни иқтисодий рағбатлантиришнинг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни иқтисодий рағбатлантириш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси қонунларида, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг қарорларида белгилаб қўйиладиган тартибда қўлланилади.



34-модда. Табиатдан махсус фойдаланганлик

ва атроф муҳитни ифлослантирганлик

учун тўловлар


Табиатдан махсус фойдаланганлик ва атроф муҳитни ифлослантирганлик учун тўловлар табиий ресурслардан фойдаланганлик учун солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлардан, шунингдек атроф муҳитни ифлослантирганлик (ифлослантирувчи моддаларни чиқарганлик, оқизганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик) учун компенсация тўловларидан, табиий ресурсларни муҳофаза қилганлик ва қайта тиклаганлик учун тўловлардан иборат бўлади.

Табиий ресурслардан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари ва бошқа мажбурий тўловларнинг миқдорлари, шу жумладан ижара тўловининг миқдори табиий ресурсларнинг қай даражада кенг тарқалганлиги, сифати, уларни қайта тиклаш имкониятлари, улардан фойдаланишнинг қай даражада қулайлиги, комплекслилиги, самарадорлиги, уларнинг жойлашган ери, чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш имкониятлари ҳамда бошқа жиҳатларни инобатга олган ҳолда, шунингдек тегишли лимитлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади ва тасдиқланади.

Атроф муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловларининг миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Табиий ресурсларни муҳофаза қилганлик ва қайта тиклаганлик учун тўловларнинг миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Табиий ресурслардан фойдаланганлик учун тўловлар табиатдан фойдаланувчи корхоналар маҳсулотларининг (бажарган ишларининг, кўрсатган хизматларининг) таннархига қўшилади.

Атроф муҳитни ифлослантирганлик учун, шунингдек табиатдан лимитда (нормативда) белгиланганидан ташқари ва ўзгача тарзда нооқилона махсус фойдаланганлик учун компенсация тўловлари юридик шахснинг даромадидан (фойдасидан) ундирилади.

Табиий ресурслардан фойдаланганлик, уларни муҳофаза қилганлик ва қайта тиклаганлик учун тўлов Давлат бюджетига тушади.

Атроф муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарганлик ва оқизганлик ҳамда чиқиндилар жойлаштирганлик учун компенсация тўловларининг суммалари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасига тушади.

Табиатдан махсус фойдаланганлик учун тўловлар ва атроф муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловлари бўйича имтиёзлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Табиий ресурслардан фойдаланганлик учун тўловларни ва атроф муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловларини тўлаганлик юридик ва жисмоний шахсларни экология тадбирларини бажаришдан ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.


35-модда. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш

ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга

ошириш жамғармаси

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шу жумладан чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, биоресурсларни сақлаш ва қайта тиклаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва унинг мониторинги соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш, тарғибот ва маърифий ишларни ташкил этиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ташкил этилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасини шакллантириш ҳамда ундан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



36-модда. Экология суғуртаси


Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши ва табиий ресурслар сифатининг ёмонлашуви оқибатида зарар етиши ҳолларини назарда тутиб корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мол-мулки ҳамда даромадлари, фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги ва мол-мулки ихтиёрий ҳамда мажбурий суғурта қилинади.

Экология суғуртасининг тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгилаб қўйилади.


37-модда. Табиатни муҳофаза қилиш тизимидаги рағбатлантириш


Табиатдан оқилона фойдаланиш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишни рағбатлантириш:

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширганлари тақдирида уларга солиқ солишда имтиёзлар бериш;

табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва табиат муҳофазасини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни рўёбга чиқариш учун имтиёзли шартларда қисқа муддатли ва узоқ муддатли кредитлар (ссудалар) бериш;

асосий ишлаб чиқариш фондлари учун юқори амортизация нормалари белгилаш;

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағларининг бир қисмини ифлослантирувчи моддалар чиқариш ва оқизишни камайтириш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш мақсадида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим шахсларга фоизли қарзлар сифатида шартнома асосида бериш орқали амалга оширилади.


IХ. ФАВҚУЛОДДА ЭКОЛОГИЯ ВАЗИЯТЛАРИ

38-модда. Фалокатларни ва уларнинг экологияга

зарарли оқибатларини бартараф этиш

Фалокат содир бўлган тақдирда корхона, муассаса ёки ташкилотлар фавқулодда экология вазиятларига мўлжалланган ўз ҳаракат режаларига мувофиқ фалокатни бартараф этишга дарҳол киришишлари шарт. Айни вақтда улар фалокат ҳақида ва уни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларига, шунингдек бундай фалокатларнинг экологияга зарарли оқибатларини бартараф этишга ихтисослашган хизматларга дарҳол хабар қиладилар.



39-модда. Фавқулодда экология вазияти

ва экология офати минтақалари


Хўжалик фаолияти ва бошқа йўсиндаги фаолият, табиат стихияли кучларининг вайрон этувчи таъсири ёхуд рўй берган фалокат ёки ҳалокат натижасида муайян ҳудудларнинг, шу жумладан сув ва ҳаво бўшлиғининг атроф табиий муҳитда инсон саломатлигига, табиий экология тизимларининг, ўсимлик ва ҳайвонлар генетик фондларининг ҳолатига таҳдид солувчи барқарор салбий ўзгаришлар содир бўлаётган қисми фавқулодда экология вазияти минтақалари деб эълон қилинади.

Муайян ҳудуднинг табиат мувозанати, табиий экология тизимлари бузилиши билан боғлиқ ҳолда табиий муҳитда барқарор ёки тузатиб бўлмас ўзгаришлар рўй берган ёки рўй бераётган қисми экология офати минтақалари деб эълон қилинади.

Фавқулодда экология вазияти ёки экология офати минтақалари деб эълон қилиш тўғрисидаги қарор қонунларда белгилаб қўйилган тартибда қабул қилинади.

Фавқулодда экология вазияти ва экология офати минтақаларида шу вазиятни келтириб чиқарган ишлар тўхтатиб қўйилади, атроф табиий муҳитга зарарли таъсир этувчи фаолият (аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолият бундан мустасно) тақиқланади, табиий муҳитни тиклаш ва соғломлаштириш чора-тадбирлари кўрилади.



40-модда. Экология нуқтаи назаридан

хавф туғдирадиган вазиятлар


Экология нуқтаи назаридан хавф туғдирадиган вазиятлар деганда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан биринчи даражали хавфли моддалар жумласига киритилган ўта заҳарли, кучли таъсир этувчи заҳарли моддалар, радиоактив ва бошқа моддаларни сақлаш, ташиш ва улардан фойдаланиш чоғида атроф табиий муҳитнинг ортиқча даражада ифлосланиши, табиат тизимларининг шикаст топиши, инсон саломатлиги ва ҳаётига зиён етиши таҳдиди билан боғлиқ бўлган вазиятлар тушунилади.

Экология нуқтаи назаридан хавф туғдирадиган вазиятлар юзага келган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг идоралари тегишли ишлаб чиқариш объектлари атрофида, транспорт магистрал йўллари бўйлаб алоҳида ҳуқуқий тартиб ўрнатадилар.


Х. ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ ВА БОШҚА ЙЎСИНДАГИ

ФАОЛИЯТГА ДОИР ЭКОЛОГИЯ ТАЛАБЛАРИ


41-модда. Корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни

жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкциялаш,

улардан фойдаланиш ва уларни тугатишга

доир экология талаблари


Корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкциялаш, кенгайтириш ва техника билан қайта ускуналаш, улардан фойдаланиш ва уларни тугатиш чоғида экология хавфсизлиги талаблари бажарилмоғи, табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари назарда тутилмоғи лозим.

Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, айрим шахслар чиқитсиз ва камчиқит технологияларни жорий этишлари, чиқиндиларнинг ҳосил бўлишини камайтиришлари, уларни зарарсизлантиришлари ва қайта ишлашлари, чиқиндиларни навларга ажратиш, тўплаш, кўмиб ташлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этишлари шарт.

Фаолияти атроф табиий муҳитга анча зарарли экологик таъсир этиши мумкин бўлган йирик халқ хўжалик объектларини ривожлантириш ва жойлаштириш тўғрисидаги қарорлар давлат экология экспертизаси хулосасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.

Экология талабларига жавоб бермайдиган объектларни фойдаланишга топшириш ман этилади.


42-модда. Радиоактив ва кимёвий моддаларни

ишлатиш пайтидаги экология талаблари


Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим фуқаролар радиоактив ва кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, қўллаш, зарарсизлантириш ҳамда кўмиб ташлаш чоғида экология талабларига, белгиланган нормативлар ва қоидаларга риоя қилишлари, уларни қўллашнинг зарарли оқибатлари олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини кўришлари, мазкур нормативлардан ошиб кетилгани тақдирда радиация ва кимёвий хавфсизликни таъминлаш идораларини дарҳол хабардор этишлари шарт.

Радиоактив чиқиндиларни ва кимёвий моддаларни кўмиб ташлашга давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси бўлганда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда давлат санитария ва кончилик назорати органлари билан келишилганда йўл қўйилади.


43-модда. Табиатни шовқин, тебраниш, электромагнит

майдонлари ва бошқа зарарли физик таъсирлардан

муҳофаза қилиш


Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, айрим шахслар зарарли ишлаб чиқариш шовқинлари, тебраниш, электромагнит майдонларининг ва зарарли физик таъсирлар кўрсатувчи бошқа омилларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўришлари шарт.



44-модда. Табиатни назорат этилмайдиган ва зарарли

биологик таъсирлардан муҳофаза қилиш


Табиатга зарарли биологик таъсир ўтказаётган ёки ўтказиши мумкин бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар бундай таъсир оқибатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тадбирларини амалга оширишлари шарт.

Янги микроорганизмлар, вируслар ва шакллар ҳосил қилишга ва фойдаланишга, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикасига олиб келишга фақат давлат санитария назорати органларининг ижобий хулосаси бўлганидагина рухсат этилади.


45-модда. Табиатни чиқиндилар билан

ифлосланишдан муҳофаза қилиш

Чиқиндиларни аҳоли пунктлари ерларида, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларда, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ерларда, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, шунингдек табиатни муҳофаза қйлиш объектларига ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарар етказиш таҳдиди келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа жойларда сақлаш ва бундай жойларга кўмиб ташлаш тақиқланади.

Алоҳида ҳолларда, махсус тадқиқотлар натижаларига кўра фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, атроф муҳит хавфсизлигини, табиий ресурслар сақланишини таъминлаш талабларига риоя этган ҳолда чиқиндиларни ер остига кўмиб ташлашга йўл қўйилади.

Чиқиндиларни қайта ишлаш, уларни полигонларда кўмиб ташлаш ва сақлаш давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси бўлган тақдирда амалга оширилади.

46-модда. Экологик сертификатлаш

Экологик ёки гигиеник сертификатларга эга бўлмаган, шунингдек уларда белгиланган талаб кўрсаткичларидан четланган ҳолда хом ашё ва материаллардан фойдаланиш, технология жараёнларини жорий этиш ҳамда тайёр маҳсулотлар (шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари) чиқариш тақиқланади. Экологик сертификатлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ҳам ўтказилади.

Экологик сертификатлаш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди".


ХI. ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШГА ДОИР ҚОНУНЛАРНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК, ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШГА ОИД НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ


47-модда. Табиатни муҳофаза қилишга доир

қонунларни бузганлик учун жавобгарлик


Тубандаги ҳолларда:

табиатни муҳофаза қилишнинг стандартлари, нормалари, қоидалари ва бошқа норматив-техник талабларини бузишда, шу жумладан корхоналар, иншоотлар, транспорт воситалари ва бошқа объектларни режалаштириш, қуриш, реконструкциялаш, улардан фойдаланиш ёки уларни тугатиш чоғида, экология нуқтаи назаридан хавфли маҳсулотларни чет элларга чиқариш ва чет эллардан олиб келишда ҳудуднинг белгилаб қўйилган экология сиғимини, экология нормалари, қоидаларини бузишда;

табиий бойликлардан ўзбошимчалик билан фойдаланишда, давлат экология экспертизаси талабларини бажармаганликда;

табиий ресурслардан фойдаланганлик учун белгиланган тўловни, шунингдек атроф муҳитни ифлослантирганлик ва унга зарарли таъсир кўрсатишнинг бошқа турлари учун компенсация тўловлари тўлашдан бош тортганликда;

табиатни муҳофаза қилиш объектларини қуриш режаларини, табиатни муҳофаза қилишга доир бошқа тадбирларни бажармасликда;

атроф табиий муҳитни тиклаш, унга бўладиган зарарли таъсир оқибатларини бартараф этиш ва табиий ресурсларни такрор ишлаб чиқариш чораларини кўрмаганликда;

табиатни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошираётган идораларнинг кўрсатмаларини бажармаганликда;

табиатни муҳофаза қилиш объектлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ҳуқуқий режимини бузганликда;

атроф табиий муҳитга зарарли таъсирни ҳисобга олиш қоидаларини бузганликда;

чиқиндиларни, кимёлаштириш воситаларини, шунингдек радиоактив ва зарарли кимёвий моддаларни сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш, уларни зарарсизлантириш ва кўмиб юбориш вақтида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганликда;

атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг объектларга боришига, айрим шахслар ва табиатни муҳофаза қилиш жамоат ташкилотларига эса ўз ҳуқуқ ва вазифаларини рўёбга чиқаришларига тўсқинлик қилганликда;

атроф табиий муҳитнинг ҳолати ва унинг ресурсларидан фойдаланиш тўғрисида ўз вақтида ва тўғри ахборот беришдан бош тортганликда айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунларига биноан интизомий, маъмурий, жиноий ва бошқа йўсиндаги жавобгарликка тортиладилар.


48-модда. Атроф табиий муҳитга зарарли таъсир

кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш,

тўхтатиб қўйиш, тугатиш ва ўзгартириш


Корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг инсон саломатлигига ёки яшаш шароитига, табиий ресурсларга, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарарли таъсир этган ёки бундай таъсир этиш хавфи туғилган тақдирда уларнинг фаолияти чекланиши, тўхтатиб қўйилиши, зарарли таъсир этиш сабабларини бартараф этишнинг имкони бўлмаган тақдирда эса тугатилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Бундай объектларнинг фаолиятини чеклаш, тўхтатиб қўйиш, тугатиш ёки ўзгартириш ҳамда айни вақтда уларни пул билан таъминлашни тўхтатиш хусусидаги қарорларни давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари, ўз ваколатларига мувофиқ экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари чиқарадилар. Кўрсатилган чоралар тадбиркорлик субъектларига нисбатан суд тартибида қўлланилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари мустасно.


49-модда. Табиатни муҳофаза қилиш қонунларини бузиш

оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти


Атроф табиий муҳитга зарар етказган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим шахслар етказган зарарни,шу жумладан бой берилган фойда ўрнини қонунларга мувофиқ қоплашлари шарт.

Экология талабларини бузганликда айбланаётганларнинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши уларни атроф табиий муҳитга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.



50-модда. Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Табиатдан махсус равишда фойдаланишни оқилона амалга оширмаганлик, атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқариш ва оқизишни, чиқиндиларни жойлаштиришни норматив ва лимитларда белгиланганидан кўпайтириб юборганлик учун корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим шахсларга Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ оширилган солиқ солиниши керак.

Тегишли ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг қарорига мувофиқ айтиб ўтилган қоидабузарликларнинг сабабларига барҳам берилгунга қадар юридик ва жисмоний шахсларнинг хўжалик фаолиятини пул билан таъминлаш тўхтатиб қўйилиши мумкин. Кўрсатилган чора тадбиркорлик субъектларига нисбатан суд тартибида қўлланилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда хўжалик фаолиятини молиялаштиришни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари мустасно.


51-модда. Табиатни муҳофаза қилишга доир қонунларни

бузиш оқибатида зарар етказилишида айбдор бўлган

мансабдор шахслар ва бошқа ходимларнинг

жавобгарлиги


Корхоналар, ташкилотлар ҳамда муассасаларнинг атроф табиий муҳитга, инсон саломатлиги ва одамларнинг мол-мулкига, халқ хўжалигига етказилган зарарни қоплаш юзасидан чиқимдор бўлишида айбдор бўлган мансабдор шахслар ва бошқа ходимлар Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан моддий жавобгар бўладилар.


52-модда. Экология нуқтаи назаридан зарарли

фаолиятни тўхтатиш хусусидаги даъво талаблари


Юридик ва жисмоний шахслар атроф табиий муҳитга, инсон саломатлиги ва одамларнинг мол-мулкига, халқ хўжалигига зиён етказаётган экология жиҳатидан зарарли фаолиятни тўхтатиш тўғрисида судга даъво билан мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Суднинг экология нуқтаи назаридан зарарли фаолиятни тўхтатиш тўғрисидаги қарори айтиб ўтилган фаолиятни пул билан таъминлашни тўхтатиш учун асос бўлади.



53-модда. Табиатни муҳофаза қилиш

соҳасидаги халқаро шартномалар


Башарти, Ўзбекистон Республикаси тузган халқаро шартномада ушбу қонундагидан ёки Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилишга доир бошқа қонун ҳужжатидагидан ўзга қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида бирмунча қаттиқроқ талаблар белгиланган ҳоллар бундан мустасно.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               И. Каримов