язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Суверенитет. Конституция. Давлат рамзлари/ Давлат герби, мадҳияси, байроғи. Пойтахт/ Ўзбекистон Республикасининг 18.11.1991 й. 407-XII-сон "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

18.11.1991 й

N 407-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ДАВЛАТ БАЙРОҒИ ТЎҒРИСИДА


1-модда.


Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг схематик ва рангли тасвири тасдиқлансин (илова берилмайди).



2-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир.



3-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.



4-модда.


Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи - байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган.

Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузнинг тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 75x30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган.

Оқ рангли янги ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади.

Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади.


5-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи:

1) доимий равишда:

Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳларининг;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг;

республика давлат бошқаруви органларининг;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг; Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг;

судларнинг;

прокуратура органларининг биноларида;

2) доимий равишда:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг;

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг;

республика давлат бошқаруви органларининг;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг; Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажлислар залларида;

3) доимий равишда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг;

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисларининг;

республика давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг; Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раисининг;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раисларининг;

вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг;

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар Ҳузуридаги ваколатхоналари бошлиқларининг хизмат хоналарида;

4) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган байрам кунларида - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорлари билан белгиланган марказий кўчаларда, майдонларда, бошқа жамоат жойларида ва объектларда;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, халқ депутатлари Кенгашларининг депутатлари сайлови ёки референдум кунларида - овоз бериш ўтказилаётган бинолар ва хоналарда;

6) Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларида ёки ҳудудларида ва транспорт воситаларида - халқаро ҳуқуқ нормаларига, дипломатик протокол қоидаларига ҳамда ваколатхоналар ва муассасалар жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ;

7) хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларининг, бошқа расмий делегацияларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига, дипломатик протокол қоидаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида бўлишининг тасдикланган дастурига мувофиқ транспорт воситаларида, вокзалларда, аэропортларда, юриш йўналиши бўйича ва бошқа ташриф объектларида;

8) расмий шахслар сифатида Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикасининг бошқа расмий делегациялари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари бошлиқлари тушган чет элдаги денгиз ва дарё кемаларида, бошқа транспорт воситаларида;

9) Ўзбекистон Республикаси кемалар қатнови инспекциясининг кемалар реестрида рўйхатга олинган денгиз ва дарё кемаларида;

10) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий бирлашмаларида, қўшилмаларида ва қисмларида, шунингдек бошқа ҳарбий тузилмаларида - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ;

11) доимий равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктларида;

12) спорт майдонларида - Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида кўтарилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи унга нисбатан лозим даражадаги ҳурмат таъминланган ҳолда умуммиллий байрамлар ва тантанали тадбирлар вақтида кўтарилиши мумкин.



5-1-модда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилар:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳаво кемалари реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Авиация маъмурияти ҳисобида турувчи экспериментал ҳаво кемаларига;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига;

Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара белгисига қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин.



5-2-модда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.



6-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи:

ушбу Қонун 5-моддасининг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда соат 6 да кўтарилади ва соат 22 да тушириб қўйилади;

ушбу Қонун 5-моддасининг 5-бандида назарда тутилган ҳолларда овоз бериш ёки референдум ўтказиш даврида кўтариб қўйилади;

ушбу Қонун 5-моддасининг 7-бандида назарда тутилган ҳолларда хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларининг, бошқа расмий делегацияларнинг ташриф буюришидан 24 соат олдин кўтарилади ва улар жўнаб кетганидан кейин 24 соат мобайнида тушириб қўйилади.



7-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи билан бир вақтда Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилганда, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи (бинонинг олд томонига қараб турганда) чап томондан кўтарилиши керак.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи билан бир вақтда Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилганда, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат байроғининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўлчамидан катта бўлмаслиги керак, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг кўтарилиш баландлиги эса Қорақалпоғистон Республикаси Давлат байроғининг кўтарилиш баландлигидан паст бўлмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи билан бир вақтда хорижий давлатлар ва (ёки) халқаро ташкилотлар байроқлари кўтарилганда, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро ҳуқуқ нормаларига ва дипломатик протокол қоидаларига мувофиқ кўтарилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи хорижий давлатлар ва (ёки) халқаро ташкилотлар байроқлари билан бир хил баландликда жойлаштирилиши ҳамда бир хил ўлчамга эга бўлиши керак.



8-модда.


Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи биноларнинг асосий кириш жойида ёки бунинг учун мақбул бўлган бошқа жойда, ёхуд тегишли тутқичи бўлган дастада, ё бўлмаса флагштокда байроқнинг дастаси бинонинг олд томони билан кўпи билан 45 градусли бурчак ҳосил қиладиган тарзда кўтарилади.

Кўтариб қўйилган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг матоси ер сатҳидан камида 2,5 метр баландликда бўлиши керак.


9-модда.


Мотам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи мотамга мослаб кўтарилади. Бундай ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи дастаси ёки флагштокнинг юқори учига байроқ энининг 1/20 қисмига тенг бўлган кенгликдаги қора тасма боғланади, тасманинг икки учи байроқнинг бутун эни узунлигида осилиб туради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи мотам муносабати билан флагштокда кўтарилган тақдирда у флагшток узунлигининг 1/3 бўлагича тушириб қўйилади.


10-модда.


Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи ва унинг тасвири катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳамма вақт ушбу Қонунга илова қилинаётган рангли ва схематик тасвирига аниқ мос бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини тайёрлаш, сақлаш ва йўқ қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


11-модда.

Ушбу Қонун ижросини таъминлаш тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юклатилади.



12-модда.

Ушбу Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари томонидан ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши устидан назорат эса ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.



13-модда.


Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шарт.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                        И. Каримов