язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Сайлов тизими. Сайловлар. Референдум/ Сайловлар/ Ўзбекистон Республикасининг 18.11.1991 й. 414-XII-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

18.11.1991 й.

N 414-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ ТЎҒРИСИДА


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти беш йил муддатга сайланади.


2-модда. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга.

Ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суднинг ҳукмига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашмайдилар.


3-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти

сайловини ўтказиш принциплари


Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича сайловолди кампаниясида ва овоз беришда ихтиёрий равишда қатнашадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади. Фуқароларнинг хоҳиш-ирода билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси битта овозга эга.


4-модда. Сайловнинг сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари таъминлайди.

Марказий сайлов комиссияси "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тузилади.

Округ сайлов комиссияларининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тавсиясига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

Участка сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари тавсиясига биноан тегишли округ сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланади.


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига

тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ошкоралик

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширадилар.

Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақтидан воқиф этадилар, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништирадилар, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн беш кун олдин маълум қиладилар.

Округ сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган намунадаги мандатни манфаатдор ташкилотдан ариза олинганидан кейин беш кун ичида кузатувчи учун беради. Бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш;

овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баённомасини тузишда ҳозир бўлиш;

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш;

агар сайлов участкасида ушбу Қонуннинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори комиссияга маълум қилиш.

Кузатувчиларга қуйидагилар ман этилади:

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида бўлиш;

сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёти тарқатиш;

сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутиларини муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиш.


6-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти

сайловининг  молиявий таъминоти

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни бошқа маблағлар ҳисобидан молиявий таъминлаш ва ўзга тарзда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг сиёсий партиялари, жамоат бирлашмалари, корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари ўз маблағларини сайлов ўтказиш учун ихтиёрий равишда беришлари мумкин. Бу маблағларни Марказий сайлов комиссияси сайлов кампанияси вақтида фойдаланиш учун қабул қилиб олади.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови

тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Сайловни ўтказишнинг ушбу Қонунда назарда тутилган қоидалари ҳамда тартибини бузувчи шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ва Президентликка сайланиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳуқуқларини эркин равишда амалга оширишига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатувчи шахслар, шунингдек сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, овоз бериш яширинлигини бузган ёки ушбу Қонун бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, давлат ва жамоат органларининг мансабдор шахслари қонунда белгиланган йўсинда жавобгар бўладилар. Номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган сохта маълумотларни эълон қилган ёки бошқа йўсинда тарқатган, сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатга йўл қўйган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.

Овоз бериш кунига қадар қолган беш кун ичида, шунингдек овоз бериш куни жамоат фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни нашр этиш (эълон қилиш), шунингдек уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан, Интернет тармоғига) жойлаштириш тақиқланади.


II БОБ. САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ БОШЛАНГАНЛИГИНИ

ЭЪЛОН ҚИЛИШ ВА САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИНИ ТУЗИШ

8-модда. Сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


9-модда. Сайлов округларини тузиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округларини Марказий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида тузади.

Марказий сайлов комиссияси сайлов округлари рўйхатларини сайловчилар сонини ҳамда округ сайлов комиссиялари қаерда жойлашганлигини кўрсатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига камида етмиш беш кун қолганида эълон қилади.


10-модда. Сайлов участкалари тузиш

Сайлов участкалари туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олган ҳолда, сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида тузилади. Сайлов участкалари ҳарбий қисмларда ҳам тузилади ва қисмлар жойлашган ердаги сайлов округларига киради.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа доимий ишлайдиган даволаш муассасаларида, фуқароларнинг олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги турар жойларида, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкин. Бу сайлов участкалари ўзлари жойлашган ердаги сайлов округларига киради. Ўзбекистондан ташқарида тузиладиган сайлов участкаларини сайлов округига бириктириш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади.


11-модда. Сайлов участкаларини тузиш тартиби ва нормаси

Сайлов участкалари туман, шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Ҳарбий қисмларда сайлов участкалари қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида тузилади. Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш жойларида ҳам сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса истисно тариқасида сайловга камида беш кун қолганида тузилади.

Сайлов участкалари, қоида тариқасида, камида 20 нафар ва кўпи билан 3000 нафар сайловчидан иборат этиб тузилади.

Овоз беришни ташкил этиш учун ҳар бир сайлов участкасига туман, шаҳар ҳокимлиги бино ажратади.

Округ сайлов комиссияси участка сайлов комиссиясининг ва овоз бериш биносининг жойлашган ерини кўрсатган ҳолда ҳар бир сайлов участкасининг чегаралари тўғрисида сайловчиларни хабардор этишни ташкил қилади.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти

сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва уни ўтказиш қуйидаги сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилади:

1) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси;

2) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари;

3) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари.


13-модда. Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясини тузиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш тартиби "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.


14-модда. Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари

Марказий сайлов комиссиясининг мажлислари, агар уларда комиссиянинг мажлис бўладиган кундаги мавжуд таркибининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Марказий сайлов комиссияси:

1) Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу Қонуннинг ижросини назорат қилади ва унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди, сайловни ташкил этишга доир масалалар юзасидан ўз ваколатлари доирасида йўриқномалар чиқаради ҳамда тушунтиришлар бериб боради;

2) сайлов комиссиялари фаолиятини йўналтириб боради; Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг қарорларини, агар бу қарорлар ушбу Қонунга зид бўлса, бекор қилади; сайлов комиссиялари таркибига ўзгартишлар киритиш тартибини белгилайди;

3) сайлов округларини тузади, уларга ном ва тартиб рақами беради;

4) Ўзбекистон Республикасидан ташқарида тузиладиган сайлов участкаларини қайси сайлов округига биркитиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;

4-1) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партияларнинг тегишли ҳужжатларини қабул қилиб олади;

5) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайлов кампаниясида иштирок этишлари учун тенг шароитларни таъминлайди;

6) оммавий ахборот воситаларининг сайлов кампаниясида иштирок этиши ва улардан ушбу Қонунга мувофиқ фойдаланилиши тартибини белгилайди;

7) пул маблағларини сайлов комиссияларига тақсимлайди; сайлов комиссияларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади ҳамда сайловни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади;

8) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенларининг ва варақаларининг, сайловчилар рўйхатининг, сайлов комиссиялари баённомаларининг, сайловга оид бошқа ҳужжатларнинг шаклларини, сайлов қутиларининг ва сайлов комиссиялари муҳрларининг намуналарини, сайловга доир ҳужжатларни сақлаш тартибини белгилайди;

9) давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари вакилларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитади;

10) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олади, сайловнинг республика бўйича умумий якунларини чиқаради, сайлов якунлари тўғрисидаги ахборотларни матбуотда эълон қилади;

10-1) сайланган шахсга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганлиги тўғрисида намунаси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган гувоҳнома топширади;

11) сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан узил-кесил қарорлар чиқаради;

12) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги Қонун жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган тарзда бузилганлиги ҳақидаги материалларни прокуратура органларига оширади;

13) ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.



15-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти

сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тузиш

Округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва камида 6-8 нафар аъзосидан иборат таркибда тузилади. Округ сайлов комиссиясининг шахсий таркиби Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.


16-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини

ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг ваколатлари

Округ сайлов комиссияси:

1) бутун округ ҳудудида ушбу Қонуннинг ижросини назорат қилади ва унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди;

2) сайлов участкаларини тузади, уларнинг округ бўйича тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади, участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайлов кампаниясида иштирок этишлари учун тенг шароитларни таъминлайди;

4) сиёсий партиялар вакилларининг, сайлов округи ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитади;

5) сайловчиларнинг рўйхатлари тузилишини ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;

6) пул маблағларини участка сайлов комиссияларига тақсимлайди, сайлов комиссияларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади ҳамда сайловни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади;

7) округ бўйича сайлов якунларини чиқаради ва маълумотларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади;

8) участка сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

9) ушбу Қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



17-модда. Участка сайлов комиссияларини тузиш

Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида 5-19 нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Агар комиссия 7 нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади. Участка сайлов комиссиясининг шахсий таркиби округ сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг сони зарур ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузуридаги участка сайлов комиссияси раиси вазифасини ваколатхоналарнинг раҳбарлари амалга оширади.



18-модда. Участка сайлов комиссиясининг ваколатлари


Участка сайлов комиссияси:

1) участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади;

2) сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништиради, рўйхатдаги ноаниқликлар ҳақидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда тегишли ўзгартишлар киритиш масаласини ҳал қилади;

3) сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда қатнашиш имконияти бўлмаган сайловчилардан сайлов конвертларини қабул қилади;

4) сайлов ўтказиладиган кун ва овоз бериладиган жой ҳақида аҳолини хабардор қилади;

5) овоз бериладиган бинолар ва сайлов қутилари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;

6) сайлов куни сайлов участкасида овоз берилишини ташкил этади;

7) сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади;

8) сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни уюштириш масалаларига доир ариза ва шикоятларни кўриб чиқиб, улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

9) ушбу Қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



18-1-модда. Округ ва участка сайлов комиссияларига аъзолик

Округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади. Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ва тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади. Округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан тасдиқланади.


19-модда. Сайлов комиссияларининг ишини ташкил этиш


Сайлов комиссиясининг мажлисларида комиссия таркибининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда улар қонуний ҳисобланади. Комиссиянинг қарорлари очиқ овоз бериш орқали ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул этилади. Комиссия қарорига қўшилмаган комиссия аъзолари ўзларининг алоҳида фикрларини айтишга ҳақлидирлар, бу фикрлар ёзма тарзда мажлис баёнига илова қилинади.

Сайлов комиссияларининг ўз ваколатлари доирасида қабул этган қарорлари барча давлат ва жамоат идоралари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ижро этиши учун мажбурийдир.

Сайлов комиссиясининг қарори ва ишидан норози бўлиб юқори сайлов комиссиясига, ушбу Қонунда кўзда тутилган ҳолларда эса судга ариза бериш мумкин.

Сайлов комиссиясининг аъзоси комиссиянинг қарорига мувофиқ сайлов ўтказишга ажратилган маблағ ҳисобидан ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод этилиши мумкин.

Сайлов комиссиясининг аъзоси шахсан берган аризасига мувофиқ, шунингдек ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда ўз вазифасини бажаришдан озод қилиниши мумкин.

Сайлов комиссиясининг аъзосини ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқига комиссияни тузган орган эга бўлиб, комиссия аъзоси ушбу Қонун талабларини бузган ёки ўз вазифасини мунтазам равишда бажармай келган тақдирда ўз ваколатларидан маҳрум этилади.

Зарурат бўлганда сайлов комиссиясининг янги аъзоси ушбу Қонунда белгиланган тартибда тасдиқланади.

Сайлов комиссияларининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари сайлов комиссияларига аъзо бўлиши мумкин эмас.

Бир шахс фақат битта сайлов комиссиясига аъзо бўлиши мумкин.

Округ ва участка сайлов комиссиялари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг якунлари чиқарилганидан сўнг тўхтатади.



20-модда. Сайлов комиссияларининг ўз ваколатларини

амалга оширишларида кўмаклашиш


Давлат ва жамоат идоралари, сиёсий партиялар идоралари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар сайлов комиссияларининг ўз ваколатларини амалга оширишларига кўмаклашишга, уларнинг иши учун зарур маълумот ва материалларни тақдим этишга мажбурдирлар.

Сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат ва жамоат идораларига, сиёсий партияларнинг идораларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат этиш ҳуқуқига эгадир, улар эса ўртага қўйилган масалани кўриб чиқиб, уч кунлик муддатдан кечиктирмай сайлов комиссиясига жавоб қайтаришга мажбурдирлар.



21-модда. Фуқароларни сайловчилар рўйхатига

киритиш тартиби


Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритиладилар.

Сайловчи бошқа сайлов участкаларида сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин эмас.


22-модда. Сайловчиларнинг рўйхати ва уни тузиш тартиби


Сайловчилар рўйхатини ҳар бир сайлов участкасида участка сайлов комиссияси тузади ҳамда унинг раиси ва котиби имзолайди. Участка сайлов комиссияси жамоатчилик вакилларини рўйхат тузиш ишида қатнашишга жалб этиши мумкин.

Туман ва шаҳар ҳокимликлари сайловчилар ҳисобга олинишини таъминлайдилар ва участка сайлов комиссияларига тегишли ҳудудда яшайдиган сайловчилар тўғрисида сайловчиларнинг рўйхатини тузиш учун зарур маълумотларни берадилар.

Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчи-сайловчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий қисмлар жойлашган туманларда яшовчи оила аъзолари ва бошқа сайловчиларнинг рўйхати ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида яшовчи ҳарбий хизматчилар истиқомат жойидаги сайловчиларнинг рўйхатига умумий асосларда киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторий ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа доимий ишлайдиган даволаш муассасаларида тузилган сайлов участкалари бўйича сайловчиларнинг рўйхати мазкур муассасаларнинг раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.

Сайловчилар рўйхатида сайловчиларнинг фамилиялари овоз беришни уюштириш учун қулай тартибда кўрсатилади.



23-модда. Фуқароларни сайловчилар рўйхатлари билан

таништириш ва сайловчилар рўйхатидаги ноаниқликлар

хусусида шикоят қилиш ҳуқуқи


Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловдан ўн беш кун олдин, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторий ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа доимий ишлайдиган даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган жойларда, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида эса сайловдан икки кун олдин ҳамманинг танишиб чиқиши учун тақдим этилади. Участка сайлов комиссияси рўйхат билан қаерда ва қачон танишиш мумкинлиги ҳақида сайловчиларга хабар беради.

Фуқароларга участка сайлов комиссиясининг биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш ва унинг тўғри тузилганлигини текшириш имкони таъминланади.

Ҳар бир фуқарога рўйхатга киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик юзасидан, шунингдек рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда ноаниқликка йўл қўйилганлик хусусида шикоят қилиш ҳуқуқи берилади. Бу масалага доир ариза участка сайлов комиссияси томонидан кўриб чиқилади, аризани участка сайлов комиссияси кечи билан йигирма тўрт соат ичида, сайлов арафасида ва сайлов куни эса дарҳол кўриб чиқиб, рўйхатга зарур тузатишлар киритиши ёки аризачига унинг талаби инобатга олинмаганлиги тўғрисидаги асослантирилган қарорнинг бир нусхасини бериши шарт. Комиссия қарори устидан туман (шаҳар) судига сайловдан кечи билан уч кун олдин шикоят қилиниши мумкин, туман (шаҳар) суди шикоятни йигирма тўрт соат ичида кўриб чиқишга мажбур. Туман (шаҳар) судининг қарори қатъийдир. Участка сайлов комиссияси суднинг қарорига мувофиқ сайловчиларнинг рўйхатига дарҳол тузатиш киритади.


III БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОДЛАР КЎРСАТИШ,

УЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ВА САЙЛОВ БЮЛЛЕТЕНЛАРИ


24-модда. Ўзбекистон Республикаси

Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадирлар.

Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.


24-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти

сайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар

тақдим этадиган ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидагиларни тақдим этиши лозим: сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза; Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги кўрсатилган маълумотномаси; Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилгач, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана қайд этилган маълумотномани беради. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради. Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш навбатига қараб марказий матбуотда эълон қилинади.


24-2-модда. Ўзбекистон Республикаси

Президентлигига номзодлар кўрсатиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади.

Сиёсий партиянинг юқори органи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига биттадан номзод кўрсатиши мумкин.

Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисида баённома тузилади.

Сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги кўрсатилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари. Сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сони камида бир фоизининг, камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Сиёсий партия ўзининг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилганидан кейингина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаш юзасидан сайловчилар имзосини тўплашга ҳақли. Бу санага қадар тўпланган имзолар ҳисобга олинмайди.

Сайловчилар фақат битта номзодни қўллаб-қувватлаб, бир мартагина имзо қўйишга ҳақли. Бунда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек имзо қўйган санани кўрсатади.

Имзо варақасини имзо тўплаган шахс ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини кўрсатган ҳолда, шунингдек тегишли сиёсий партиянинг туман, шаҳар тузилмаси раҳбари тасдиқлайди.

Сайловчилар имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа жойларда олиб борилади. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбур қилиш ва уларни пора эвазига ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Имзо тўплаш тамомланганидан сўнг сиёсий партиянинг ваколатли вакили Қорақалпоғистон Республикаси, ҳар бир вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширади.

Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни етти кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Имзо варақаларида имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиядан рўйхатга олиш учун ҳужжатлар қабул қилишни рад этади.

Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Қонун талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг раҳбарларига белгиланган тартибда маълум қилади.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугашига етти кун қолганида тўхтатади.



25-модда. Ўзбекистон Республикаси

Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхати ушбу Қонуннинг 24-2-моддасида белгиланган ҳужжатлар асосида рўйхатга олади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинган шахсга ушбу Қонунга мувофиқ рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддат ичида Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилиясини, исми ва отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини, иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.

Қуйидагилар:

қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар;

ўзларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги муносабати билан қонун томонидан таъқиб этилаётган фуқаролар;

диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.



26-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига

номзодлик мақомидан маҳрум этиш.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига

номзодликдан воз кечиш

Сиёсий партия у ёки бу шахсни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан етти кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар Марказий сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин.

Рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод уни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатган сиёсий партия фаолиятини тугатган тақдирда ҳам Марказий сайлов комиссияси томонидан ўз мақомидан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сайловга кечи билан етти кун қолганида номзодликдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун у Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.



27-модда. Сайлов бюллетени

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар сайлов бюллетенига фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойи кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилади.

Сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисидаги тушунтириш бўлиши керак.

Марказий сайлов комиссиясининг фармойишига биноан сайлов бюллетенлари сайловга камида йигирма кун қолганида давлат тилида нашр этилади. Округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан сайлов бюллетенлари сайлов округининг кўпчилик аҳолиси сўзлашадиган тилларда ҳам нашр этилиши мумкин.

Участка сайлов комиссиялари сайлов бюллетенларини сайловга камида уч кун қолганида округ сайлов комиссияларидан оладилар. Берилган ва олинган сайлов бюллетенларининг сонини тегишли округ ва участка сайлов комиссияларининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг сони сайлов участкаси бўйича сайловчиларнинг рўйхатларига киритилган сайловчилар сонидан ярим фоиздан кўп бўлиши мумкин эмас. Сайлов бюллетенининг ўнг томони юқори бурчагига участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Комиссия томонидан тасдиқланмаган сайлов бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.



IV БОБ. САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ. ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОДЛАР

ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА

НОМЗОДЛАРНИНГ ИШОНЧЛИ ВАКИЛЛАРИ

28-модда. Сайловолди ташвиқоти

Сайловолди ташвиқоти - сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият.

Сайловолди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди.

Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.


28-1-модда. Сайловолди ташвиқотини олиб

бориш турлари, шакллари ва усуллари

Сайловолди ташвиқоти қуйидаги тарзда олиб борилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш.

Сайловолди ташвиқоти омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти:

оммавий ахборот воситалари, шу жумладан телевидение, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи) орқали;

босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;

сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин.



28-2-модда. Сайловолди ташвиқотини оммавий

ахборот воситалари орқали олиб бориш

Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Сайлов кампаниясида иштирок этувчи оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Сайловолди ташвиқоти мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.



28-3-модда. Сайловолди ташвиқотини босма, кўргазмали,

аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини

чиқариш ҳамда тарқатиш орқали олиб бориш

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун тенг шароитлар яратиб берилади. Ташвиқот материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.

Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

ташвиқот материалларини тайёрлаган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақдаги бошқа маълумотлар;

ташвиқот материалларига буюртма берган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми);

ташвиқот материалларининг адади, чиқарилган санаси тўғрисидаги ахборот.

Биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга илгари жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материаллари сайловга бир кун қолганида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан олиб қўйилади.


28-4-модда. Сайловолди ташвиқотини сайловчилар

билан учрашувлар ўтказиш орқали олиб бориш

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратиб берилади.

Сайловчилар билан учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Уларни ўтказиш жойи ва вақти, қоида тариқасида, участка сайлов комиссиялари билан келишиб олинади,мазкур комиссиялар бу ҳақда сайловчиларни олдиндан хабардор қилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ёки унинг ишончли вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бошқа номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бошқа номзодлар томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.



28-5-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига

номзодлар ҳуқуқларининг кафолатлари

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинганларнинг ҳаммаси тенг ҳуқуқларга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод рўйхатга олинганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (шаҳар йўловчилар транспортидан, таксидан ва транспорт бошқа турларининг буюртма йўналишларидан ташқари) текинга юриш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори бунга розилик берган тақдирда Марказий сайлов комиссиясини дарҳол хабардор этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни мажбурий келтириш, шунингдек унинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жой ва хизмат биноларини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.



29-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига

номзоднинг ишончли вакиллари


Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафарга қадар ишончли вакилларга эга бўлишга ҳақлидир. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам берадилар, уни Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайлаш учун тарғибот олиб борадилар. Давлат ва жамоат ташкилотлари сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қиладилар. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг тақдимномасига кўра ишончли вакилларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олади. Марказий сайлов комиссияси уларга тегишли гувоҳномалар беради.


V БОБ. ОВОЗ БЕРИШ ВА САЙЛОВ ЯКУНЛАРИНИ

ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


30-модда. Овоз бериш вақти ва жойи


Овоз бериш сайлов куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, фуқароларнинг олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги турар жойларида, шунингдек санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ҳамда бошқа доимий ишлайдиган даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, башарти рўйхатга киритилган барча сайловчилар овоз бериб бўлган бўлса, исталган вақтда овоз бериш тугаганлигини эълон қилиши мумкин.


31-модда. Овоз бериш тартиби

Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилади, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенлари бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши керак. Сайлов қутилари овоз берувчилар улар ёнига албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари орқали ўтиб келадиган қилиб жойлаштирилади.

Овоз беришни ташкил этиш, сайловчилар ўз хоҳиш-истакларини яширин билдиришларини таъминлаш, биноларни жиҳозлаш ва уларда зарур тартибни сақлаб туриш учун участка сайлов комиссияси жавобгардир.

Сайлов куни овоз бериш бошланишидан олдин участка сайлов комиссиясининг раиси комиссиянинг барча аъзолари иштирокида сайлов қутиларини текширади, пломбалайди ёки муҳрлайди.

Ҳар бир сайловчи шахсан овоз беради, бошқа кишилар учун овоз беришга йўл қўйилмайди. Сайлов бюллетенларини тегишли сайлов комиссияси сайлов участкаси сайловчиларининг рўйхати асосида паспорт ёки бошқа гувоҳнома кўрсатилгач беради. Ҳар бир сайловчи сайлов бюллетени олгани ҳақида сайловчилар рўйхатидаги ўз фамилияси рўпарасига имзо чекади.

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.

Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссияси икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланади.

Сайлов варақасининг шакли ва уни тайёрлаш тартиби, шунингдек сайлов варақаларини сайлов участкаларига етказиб бериш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Айрим сайловчилар саломатлигининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, участка сайлов комиссияси уларнинг илтимосига биноан комиссия аъзоларига овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этишни топширади.

Бирон-бир сабаб билан сайловчилар рўйхатига киритилмай қолган сайловчилар шахсини ва яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритиладилар.



32-модда. Овоз беришни ўтказиш

Овоз берувчилар сайлов бюллетенларини яширин овоз бериш учун ажратилган кабина ёки хонада тўлдирадилар. Бюллетенларни тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа бирон-бир кишининг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра, сайлов комиссиясининг аъзоларидан, кузатувчилардан ва номзодларнинг ишончли вакилларидан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақли.

Сайловчи сайлов бюллетенига, ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белги-крестик (плюс) қўяди.

Тўлдирилган бюллетенни овоз берувчи сайлов қутисига ташлайди.



33-модда. Сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш

Участка сайлов комиссияси сайлов участкасида ҳар бир номзод бўйича берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқади.

Овоз бериш тугагач, сайлов қутиларини очишдан олдин участка комиссиясининг барча аъзолари ҳозирлигида сайлов варақалари солинган ёпиқ конвертлар қутиларга ташланади.

Сайлов қутилари участка сайлов комиссияси томонидан комиссия раиси овоз бериш тугаганлигини эълон қилганидан кейин комиссиянинг барча аъзолари ҳозирлигида очилади. Овоз бериш тугагунига қадар сайлов қутиларини очиш тақиқланади. Фойдаланилмаган барча сайлов бюллетенлари сайлов қутиларини очишдан олдин участка сайлов комиссияси томонидан санаб чиқилади ва бекор қилинади.

Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг асосий рўйхати ва мазкур рўйхат иловаси бўйича участкадаги сайловчиларнинг умумий сонини, шунингдек бюллетень олган сайловчиларнинг сонини аниқлайди. Сайлов қутиларида бўлган бюллетенлар ва сайлов варақалари асосида комиссия овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг умумий сонини; ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар, варақалар сонини аниқлайди. Сайловчилар томонидан бюллетенларга ва варақаларга қўшимча тарзда ёзилган фуқароларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Белгиланмаган намунадаги сайлов бюллетенлари ва варақалари, шунингдек овоз бериш вақтида биттадан ортиқ квадратга белги-крестик (плюс) қўйилган ёки битта ҳам квадратга бундай белги қўйилмаган бюллетенлар ва варақалар ҳақиқий эмас деб топилади. Сайлов бюллетенининг, варақасининг ҳақиқийлигига шубҳа туғилган тақдирда масала участка сайлов комиссияси томонидан овозга қўйиш орқали ҳал этилади.

Овозларни санаб чиқиш натижалари участка сайлов комиссияси мажлисида кўриб чиқилади ва баённомада акс эттирилади.

Баённома комиссия раиси, комиссия раисининг ўринбосари, комиссия котиби ва аъзолари томонидан имзоланади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тегишли округ сайлов комиссиясига юборилади.



34-модда. Округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш

Округ сайлов комиссияси участка сайлов комиссияларининг баённомалари асосида округ бўйича сайловчиларнинг умумий сонини; сайлов бюллетенлари ҳамда варақалари олган сайловчиларнинг сонини; овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг сонини; ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар ва варақалар сонини аниқлайди.

Округ бўйича сайлов натижалари сайлов комиссия мажлисида аниқланади ва баённомада акс эттирилади. Баённома комиссия раиси, комиссия раисининг ўринбосари, комиссия котиби ва аъзолари томонидан имзоланади ҳамда белгиланган тартибда Марказий сайлов комиссиясига юборилади.



35-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти

сайлови натижаларини аниқлаш

Марказий сайлов комиссияси ўзига келиб тушган округ сайлов комиссияларининг баённомалари асосида республика бўйича сайловчиларнинг умумий сонини; сайлов бюллетенлари ва варақаларини олган сайловчилар сонини; овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини; ҳар бир номзод учун берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сонини аниқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иккита номзод иштирок этган тақдирда, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг нисбий кўпчилик овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иккитадан ортиқ номзод иштирок этган тақдирда, агар номзодларнинг ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини ололмаган бўлса, сайловчиларнинг овозини энг кўп олган икки номзод иштирокида такрорий овоз бериш ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида турли сабаблар (номзоднинг ўлими, номзоднинг соғлиғи ҳолати сайловда иштирок этишни истисно этадиган даражада ёмонлашганлиги ёки Қонунда белгиланган бошқа сабабларга кўра унинг номзоди олинганлиги ва шунга ўхшаш сабаблар) натижасида биттагина номзод иштирок этган тақдирда, бу номзод, агар у овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган бўлса, сайланган деб ҳисобланади.

Сайлов, агар унда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 33 (ўттиз уч) фоизидан ками иштирок этган бўлса, ўтмаган деб топилади.



36-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти

сайлови натижаларини белгилаш тўғрисида

Сайлов вақтида ёхуд овозларни санаб чиқиш чоғида йўл қўйилган ҳамда овоз бериш якунларига таъсир этган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим округлар ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва бу қарор устидан овоз бериш якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин. Сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга тегишлидир.

Айрим округлар ёки участкаларда сайлов ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ана шу округлар, участкалар бўйича овоз бериш натижалари, башарти бу натижаларсиз ҳам сайлов умуман бўлиб ўтган деб топилиши мумкин бўлса, Марказий сайлов комиссиясининг қарорига биноан сайловнинг умумий натижаларидан чиқариб ташланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда эълон қилинади.



37-модда. Такрорий овоз бериш

Такрорий овоз бериш кунини Марказий сайлов комиссияси сайлов ўтказилган кундан эътиборан бир ой ичида, лекин сайлов ўтказилган кундан камида ўн беш кун кейин ўтказиладиган қилиб тайинлайди. Такрорий овоз беришни ўтказиш ҳақидаги хабар матбуотда эълон қилинади.

Такрорий овоз беришда унда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.



38-модда. Такрорий сайлов

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, шунингдек агар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида битта номзод иштирок этган бўлса ва у зарур миқдорда овоз тўплай олмаган бўлса, Марказий сайлов комиссияси такрорий сайлов тайинлайди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига такрорий сайлов ушбу Қонунда асосий сайловни ўтказиш учун белгиланган тартибда ҳамда ундаги шартларга риоя этилган ҳолда ўтказилади. Бунда Марказий сайлов комиссияси сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган аввалги сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг рўйхатлари бўйича ўтказилади.

Такрорий сайлов асосий сайлов ўтказилганидан кейин қирқ кун ичида ўтказилади.



39-модда. Ўзбекистон Республикаси

Президенти лавозимига киришиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий тарзда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришади.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимга киришгунга қадар бажаради.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси”, 1992 йил, 1-сон, 34-модда