язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Солиққа тортишнинг умумий қоидалари/ Солиқ тўловчиларни рўйхатга олиш/ Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.03.1997 й. 130-сон қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 11 мартдаги

130-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикасида солиқ

тўловчиларнинг идентификация рақамларини

бериш ва қўллаш тизими тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Солиқлар тўлиқ тўланишини ва махсус жамғармаларга маблағлар ажратилишини ҳамда ҳам солиқ органларининг, ҳам солиқ тўловчиларнинг давлатнинг иқтисодий манфаатлари ва мулкий ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг барча вазирликлари, идоралари, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, банк муассасалари ҳамда бошқа муассасалар, ташкилотлар ва корхоналар билан ўзаро ҳамкорлигини таъминловчи солиқ тўловчиларни кодлаштиришнинг ягона тизимини шакллантириш ушбу Низомни жорий этишнинг мақсади ҳисобланади.


2. Солиқ тўловчиларга идентификация рақамларини бериш қуйидагиларни таъминлашга қаратилган:

Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг идентификация рақамлари ягона реестрини шакллантириш;

солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни тартибга солиш;

солиқларнинг бюджетга тушишини ҳисобга олиш ва солиқ органларининг уэаро ҳамкорлиги бўйича маълумотларни компьютерда ишлашни жорий этиш;

солиқ қонунчилигига риоя этилиши бўйича ахборотларнинг яхлитлиги ва ишончлилиги кўп томонлама текширилиши, назорат қилинишини ташкил этиш;

солиқ органлари билан давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари банк муассасалари ва молиявий тусдаги, шунингдек кўчар ва кўчмас мулк бўйича операцияларни амалга оширувчи бошқа ташкилотлар ўртасида ахборот айирбошлашни бирхиллаштириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган ўз вазифалари ва функцияларини бажаришда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида тадбиркорлик субъектларига - жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан ахборотлар алмашишни унификация қилиш;

даромадларни, тўланган солиқларни ва хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан жисмоний шахслар томонидан ижтимоий ва бошқа суғурта бўйича давлат жамғармаларига тўловларни ҳисобга олишни бирхиллаштириш.


3. Солиқ тўловчининг идентификация рақами солиқ мажбуриятлари ва барча ижтимоий ҳуқуқлари бўйича ягона ҳисобланиб, давлат ижтимоий суғуртаси ва бошқа суғурталар бўйича тўловлар (маблағлар) олиш бўйича давлат ҳокимияти ва назорат органлари ўртасидаги алоқаларда қўлланилади ва ўзгартирилмайди.


4. Идентификация рақами бир марта берилади ва фақат жисмоний шахснинг тугатилиши, жисмоний шахснинг вафоти ёки бошқа мамлакатга кўчиб кетиши муносабати билан, ушбу воқеалар рўй бергандан кейин уч йил ўтгач, бекор қилиниши мумкин.

5. Идентификация рақами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан берилади.

СТИР аниқ вақт режимида, янгидан ташкил этилаётган юридик шахсларга, шунингдек хорижий юридик шахсларни, хорижий фуқароларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни тадбиркорлик субъектлари сифатида давлат рўйхатидан ўтказишда ёки солиқ мажбуриятлари пайдо бўлганда давлат рўйхатидан ўтказишда берилади.

6. Идентификация рақамини:

давлат солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказишга асос бўладиган рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда республика Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан ушбу ишларга вакил қилинган бошқа органлар томонидан (тадбиркорлик фаолияти, шунингдек фаолиятнинг бошқа муайян турлари билан шуғулланиш учун) берилган лицензияларга;

рухсат бериш тусидаги, шу жумладан "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасида кўрсатилган рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтгандан кейин бериладиган барча ҳужжатларда;

банк тўлов ҳужжатларининг электрон шаклларига;

давлат солиқ инспекциясига тақдим этиладиган ҳисобот ҳужжатларига;

давлат махсус жамғармаларидан ижтимоий нафақалар бериш бўйича рўйхатдан ўтказиш ва тўлов ҳужжатларига қўйиш мажбурийдир;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тузилаётган хўжалик, фуқаролик-ҳуқуқий ва меҳнат шартнома (контракт)ларида, уларга иловаларда;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан битишувлар содир этилганлигини белгиловчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларда, шу жумладан счёт-фактураларда ва транспорт ҳужжатларида;

хўжалик юритувчи субъектларда молиявий, мулкий ва қиймат ифодасига эга бўлган бошқа мажбуриятларнинг юзага келишини, шунингдек уларнинг бажарилганлигини белгиловчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларда;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қиймат ифодасига эга бўлган активларга мулк эгаси ҳуқуқи сотиб олинганлигини ва берилганлигини белгиловчи ва тасдиқловчи, шунингдек бундай ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда.


II. ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМЛАРИ БЕРИЛИШИ

КЕРАК БЎЛГАН СУБЬЕКТЛАР


7. Идентификация рақами солиқ тўловчиларнинг қуйидаги тоифаларига берилади:

а) юридик шахсларга;

б) қуйидаги тоифадаги жисмоний шахсларга (Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, кейинги ўринларда "фуқаролар" деб юритилади);

асосий яшаш жойи бўйича фуқароларга шу жумладан Ўзбекистон Республикаси резидентларига;

доимий яшаш жойига эга бўлмаган, бироқ солиқ мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пайдо бўлган фуқароларга;


8. Солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинадиган фуқароларга қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинча турганлар ҳам; Ўзбекистон Республикасида календарь йилда 183 кундан кўпроқ турган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ("Ўзбекистон Республикаси фукароларидан, хорижий фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ).


9. Солиқ мажбуриятлари деганда жисмоний ёки юридик шахсда даромад олиш манбаи мавжудлиги ёки солиқ солишнинг бошқа объекти тушунилади.



III. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИНИНГ ИДЕНТИФИКАЦИЯ

РАҚАМИ ТУЗИЛИШИ


10. Солиқ тўловчининг идентификация рақами тўққизта рақамли белгидан иборатдир, дастлабки 8 рақам солиқ тўловчининг ўз рақамини, охирги рақам эса назорат сонини ташкил этади.

Шундай қилиб, солиқ тўловчининг идентификация рақами тузилиши қуйидагича куринишга эга булади.

1

хххххххх

2

х

Назорат сони


Солиқ тўловчининг рақами

Солиқ тўловчининг идентификация рақамини кодлаштириш учун серияли тартиб усулидан фойдаланилади.

Бунда солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамлари барча тўплами солиқ тўловчиларнинг типларини аниқлаштирувчи икки туркумлаш гуруҳига жисмоний ва юридик шахсларга ажратилган.

Ушбу мақсадларда қуйидаги кодлардан фойдаланилиши керак:


20 000 000 X дан 29 999 999 X гача - юридик шахслар учун;

40 000 000 X дан 79 999 999 X гача - жисмоний шахслар учун;


бунда Х - солиқ тўловчининг идентификация рақами сонлари изчиллиги тўғрилигини назорат қилувчи сон, ушбу сон Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида компьютер томонидан солиқ тўловчига идентификация рақами бериш жараёнида муайян алгоритм бўйича шакллантирилади.

Зарурат бўлганда, кодлаштириш тизими имкониятларини кенгайтириш мақсадида қуйидаги кодлар заҳира қилинган:


00 000 000 X дан 19 999 999 X гача;

30 000 000 X дан 39 999 99 X гача;

80 000 000 X дан 99 999 99 X гача


11. Кодлаштиришнинг мазкур тузилиши ўзгармас ва универсал ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва уларни қўллаш тизимида фойдаланилиши керак.



IV. ЮРИДИК ШАХС БЎЛГАН СОЛИҚ

ТЎЛОВЧИНИНГ ИДЕНТИФИКАЦИЯ

РАҚАМИ


12. Солиқ тўловчиларга - юридик шахсларга солиқ тўловчининг идентификация рақами Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида улар туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказиш шаклини тўлдираётганда кўрсатилган солиқ тўловчининг маълумотлари асосида берилади.

13. Юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш у ташкил этилган жой бўйича солиқ инспекцияси томонидан фақат бир марта амалга оширилади.


14. Юридик шахсни солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказиш унинг томонидан ўзи ташкил этилган жойдаги давлат солиқ инспекциясида тўлдирилган рўйхатдан ўтказиш солиқ шакли маълумотлари асосида Давлат солиқ кўмитасида унга идентификация рақами берилгандан ҳамда унга ташкил этилган жой бўйича давлат солиқ инспекциясида, солиқ органларида рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилгандан ва идентификация рақами берилгандан кейин тугалланган ҳисобланади.


15. Қонунда назарда тутилган ҳолларда мустақил юридик шахс сифатида иш кўрувчи ҳамда алоҳида ҳисоб-китоб счётига эга бўлган ваколатхоналар ва филиалларни рўйхатдан ўтказишда рўйхатдан ўтказиш маълумотларида бош корхонанинг идентификация рақами ҳам кўрсатилади.


16. Солиқ тўловчи мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатларга ўзининг идентификация рақамини аниқ ва равшан қўйиши шарт.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатларда идентификация рақамини аниқ ва тушунарли қилиб қайд этишлари шарт.


V. ЖИСМОНИЙ ШАХС БЎЛГАН СОЛИҚ

ТЎЛОВЧИНИНГ ИДЕНТИФИКАЦИЯ

РАҚАМИ


17. Юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи солиқ тўловчиларга - жисмоний шахсларга индентификация рақами Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида ушбу Низомнинг 5-банди иккинчи хатбошига мувофиқ берилади.

18. Жисмоний шахсни рўйхатдан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти орқали фақат бир марта амалга оширилади. Ҳар бир солиқ тўловчи фақат битта идентификация рақамига эга бўлиши мумкин.

19. Жисмоний шахсни солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказиш унга идентификация рақами берилгандан кейин тугалланган ҳисобланади.

20. Солиқ тўловчи мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатларга узининг идентификация рақамини аниқ ва равшан қўйиши шарт.


21. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар ўз паспортидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда давлат солиқ инспекциясида асосий рўйхатдан ўтказиш маълумотлари ўзгаришини ҳисобга олишнинг рўйхатдан ўтказиш шаклларини тўлдирадилар, бошқа солиқ тўловчиларга - жисмоний шахсларга ушбу шакллар уйма-уй юриб тўлдирилади.


22. Жисмоний шахс бўлган солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш эски намунадаги паспортга эга бўлган фуқаролар учун ҳам, янги намунадаги паспортга эга бўлган фукаролар учун ҳам амалга оширилади.



VI. ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ

БЎЙИЧА СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


23. Солиқ тўловчининг рўйхатдан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказларига, ижтимоий имтиёзларга эга бўлганлар учун эса ижтимоий суғурта органларига ўз вақтида келмасликлари, шунингдек мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган барча ҳужжатларда декларация тўлдиришда идентификация рақамининг нотўғри ва ноаниқ кўрсатилиши ҳисобга олиш ҳужжатларини бузиб кўрсатишга тенглаштирилади ва қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка олиб келади.