язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Соғлиқни сақлаш/ Наркологик ва психиатрия ёрдами/ Ўзбекистон Республикасининг 09.12.1992 й. 753-XII-сон "Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.12.1992 й.

N 753-XII



СУРУНКАЛИ АЛКОГОЛИЗМ,

ГИЁҲВАНДЛИК ЁКИ ЗАҲАРВАНДЛИККА

МУБТАЛО БЎЛГАН БЕМОРЛАРНИ

МАЖБУРИЙ ДАВОЛАШ ТЎҒРИСИДА


1. Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги махсус даволаш-олдини олиш муассасаларида мажбурий даволаш белгилаб қўйилсин.

Жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузаётган, ёхуд аҳолининг осойишталигига, саломатлигига ва маънавиятига хавф туғдираётган сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларга нисбатан мажбурий даволаш қўлланади.

2. Шахсни сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган бемор деб топиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда тегишли даволаш муассасалари томонидан амалга оширилади.

Шахс мажбурий даволашга жўнатиш учун тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган ҳолларда, у ички ишлар органларининг кўмагида ўн кун муддат ичида наркология муассасасида мажбурий тарзда текширилиши керак.

3. Мазкур тоифадаги шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материаллар тиббий хулоса бўлган тақдирда ички ишлар органлари томонидан уларнинг ўз ташаббусига кўра, ёки беморнинг оила аъзолари ёхуд қариндошларининг, меҳнат жамоаларининг, соғлиқни сақлаш муассасаларининг, илтимосномалари асосида тайёрланади ва расмийлаштирилади.

4. Ушбу Қонуннинг 1-моддасида кўрсатилган шахсларни мажбурий даволашга жўнатиш масаласи йигирма кунлик муддат ичида бемор яшаб турган жойдаги ёки наркология муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан бемор иштирокида ҳал этилади.

Бемор узрсиз сабаб билан келмаса, у ички ишлар органлари орқали мажбурий тарзда олиб келинади.

5. Суднинг мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги қарори ҳақида устидан қарор чиқарилган шахс ёхуд унинг ҳимоячиси шикоят қилиши ёки прокурор томонидан кассация тартибида етти кунлик муддат ичида юқори турувчи судга норозилик билдирилиши мумкин.

Шикоят берилиши ёки прокурор томонидан кассация тартибида норозилик билдирилиши суд қарорининг ижросини тўхтатиб туради.


6. Суднинг шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги қарори ички ишлар органлари томонидан бу қарор қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб кечи билан ўн кунлик муддат ичида ижро этилади.

7. Мажбурий даволаш муддати тўғрисидаги масала даволаш муассасаси томонидан комиссиядан ўтказиш тартибида, бемор даволашга жойлаштирилгач беш кун ичида ҳал этилади.

Бемор даволанаётган даволаш муассасасининг комиссияси қабул қилган қарор асосида беморни мажбурий даволаш тўхтатилади.

9. Шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги суднинг қарори уни ишдан бўшаш нафақаси тўламай ишдан бўшатиш учун асос бўлади.


10. Мажбурий даволанишга юборилган шахслар аввалги яшаш жойидаги турар жой майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар.

12. Даволаш муассасаларидан мажбурий даволашдан қайтган шахсларни ишга жойлаштириш Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

13. 1-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


14. 2-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашинг Ахборотномаси", 1993 йил, 1-сон, 36-модда

Қонунга

1- ИЛОВА



Қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

11. Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг 1972 йил 26 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган "Ичкиликбозликка қарши кураш олиб борувчи комиссиялар тўғрисидаги Низом" (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари, 1985 йил, N 31, 361-модда - Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг 1985 йил 31 октябрдаги Фармони таҳририда):

а) 8-моддасининг: "в", "г", "д" ва "е" бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

в) корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда алкоголни ёки гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилувчи шахслар ўртасида зарур тарбиявий ишлар олиб боришни ташкил этишда қатнашадилар, бу ишга меҳнат жамоаларини, жамоат ташкилотлари ва ташаббускор жамоат идоралари вакилларини кенг жалб этадилар; алкоголни ёки гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилувчи шахсларни қайта тарбиялашда жамоат ташкилотларига ва меҳнат жамоаларига ёрдам берадилар, алкоголни суиистеъмол қилувчи шахсларга жамоат таъсири ва маъмурий таъсир кўрсатиш қанчалик самарали эканлигини текшириб турадилар;

г) ичкиликбозлик ёки гиёҳвандлик учун илгари маъмурий жазога тортилган ёки жамоат таъсири кўрсатиш чораси қўлланилган, алкоголни ёки гиёҳванд моддаларни мунтазам суиистеъмол қилиб, бир неча бор медицина ҳушёрхонасига тушган шахсларни аниқлаб топиш ва ҳисобга олишда ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари олиб борадиган ишларни назорат қилиб турадилар, бундай шахслар турмушда ва ишлаб чиқаришда ўзларини қандай тутаётганликлари устидан доимий жамоат назорати олиб борилишини уюштирадилар; сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни тегишли медицина муассасаларига мажбурий юбориш юзасидан зарур чоралар кўрадилар, шунингдек ичкиликбозлик, алкоголизм ва гиёҳвандликка барҳам беришга қаратилган бошқа огоҳлантирувчи чораларни кўрадилар;

д) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тармоғининг медицина ҳушёрхоналари ва ихтисослаштирилган даволаш-олдини олиш профилакторийларнинг ишларини текшириб турадилар, шунингдек мазкур профилакторийларда бўлган шахсларни қайта тарбиялаш ва ахлоқни тузатиш ишларида шу профилакторийлар маъмуриятига ёрдам берадилар;

е) даволаш профилакторийсидан мажбурий даволаниб қайтган шахсларнинг хулқ-атвори устидан жамоат ташкилотлари ва меҳнат жамоалари назорат қилиб боришини ташкил этадилар ва уларга ишга жойлашишда ёрдам кўрсатадилар";

б) 9-модданинг "ж" банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ж) жамоат тартибини бузаётган, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузаётган, ёхуд аҳолининг осойишталиги, соғлиғи ва маънавиятини хавф остида қолдираётган сурункали алкоголизм ва гиёҳвандликка мубтало бўлганларни мажбурий даволаш ва меҳнатда қайта тарбиялаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тармоғининг ихтисослаштирилган даволаш-олдини олиш муассасаларига юбориш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этиш".


12. Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг 1985 йил 31 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган "Корхоналар, муассасалар, ташкилотларда ва уларнинг структуравий бўлинмаларида тузиладиган ичкиликбозликка қарши кураш олиб борувчи комиссиялар тўғрисидаги Низом" (Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Ведомостлари, 1985 йил, N 31, 362-модда):

а) 5-моддасининг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4) меҳнат жамоасининг ихтисослаштирилган даволаш-олдини олиш муассасаларида мажбурий даволаниш курсини ўтган аъзолари хулқ-атворини назорат қилиб боради".

б) 6-моддасининг 5-бандидан "ихтиёрий даволанишдан бош тортиб келаётган" деган сўзлар чиқариб ташлансин.


13. Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиуми 1985 йил 25 майда қабул қилган "Ичкиликбозликка ва алкоголизмга қарши курашни кучайтириш, самогон тайёрлашга барҳам бериш тадбирлари тўғрисида"ги Фармоннинг (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари, 1985 йил, N 16, 169-модда) 26-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"26-модда. Жамоат тартибини бузаётган, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузаётган, ёхуд аҳолининг осойишталигини, соғлиғини ва маънавиятини хавф остида қолдираётган сурункали алкоголизмга мубтало бўлган беморлар суднинг қарорига мувофиқ мажбурий даволаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тармоғининг махсус даволаш-олдини олиш муассасаларига жўнатилиши керак.

Қайд этилган тоифадаги шахсларни мажбурий даволашга жўнатиш тўғрисидаги масала суд томонидан очиқ суд мажлисида, медицина хулосаси мавжуд бўлган ҳолда ҳамда ички ишлар идоралари ўз ташаббусига кўра ёки бемор оила аъзоларининг ёхуд қариндошларининг, меҳнат жамоаларининг, соғлиқни сақлаш муассасаларининг, шунингдек ичкиликбозликка ва гиёҳвандликка қарши кураш бўйича туман, шаҳар, шаҳардаги туман комиссияларининг аризасига асосан тайёрланадиган ва жўнатиладиган материаллар асосида ҳал этилади.

Мажбурий даво муддати даволаш муассасаси томонидан бемор даволанишга ётқизилган кундан бошлаб, беш кунлик муддат ичида комиссия хоҳиш-иродасига кўра белгиланади".

Қонунга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг 1973 йил 22 февралдаги "Хроник алкоголиклар ва гиёҳвандлик (наркомания) касалига йўлиққанлар учун даволаш - меҳнат профилакторийлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармон (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари, 1973 йил, N 6, 96-модда).


2. Ўзбекистон Республика Олий Совети Президиумининг 1982 йил 27 майдаги "Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ-тартиботни сақлаш масалаларига оид баъзи қонун актларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги Фармонининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари, 1982 йил, N 16, 278-модда) 3-моддаси ва 6-моддасидаги йигирма бешинчи хатбоши.


3. Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг "Хроник алкоголиклар ва наркомания касалига йўлиққанларни мажбурий даволаш ва меҳнатда қайта тарбиялаш тўғрисида"ги Фармонига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида" Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиуми 1984 йил 2 декабрда қабул қилган Фармон (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари, 1984 йил, N 34, 474-модда).


4. Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун актларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Фармонларини тасдиқлаш ҳақида" 1984 йилнинг 3 декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари, 1984 йил, N 34, 485-модда) Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг "Хроник алкоголиклар ва гиёҳвандлик (наркомания) касалига йўлиққанларни мажбурий даволаш ва меҳнатда қайта тарбиялаш тўғрисида"ги Фармонига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги 1984 йил 2 декабрь Фармони"га оид қисми.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг 1984 йил 2 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг "Хроник алкоголиклар ва гиёҳвандликлар (наркомания) касалига йўлиққанларни мажбурий даволаш ва меҳнатда қайта тарбиялаш тўғрисида"ги Фармонини қўллаш тартиби ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари, 1984 йил, N 34, 476-модда).


6. Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг 1985 йил 31 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг баъзи бир қонун актларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Фармони (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари, 1985 йил, N 31, 360-модда).


7. "Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг баъзи қонунбузарликлар учун жавобгарлик тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ва бошқа қонун актларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақида" 1985 йилнинг 13 декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари 1985 йил, N 35, 414-модда) "Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонун актларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги 1985 йил 31 октябрь Фармони"га оид қисми.


8. Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг 1986 йил 17 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонун актларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ҳамда наркомания касаллигига йўлиққанлар учун даволаш-тарбия профилакторийси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Фармони (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари, 1986 йил, N 33, 387-модда).


9. "Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонун актларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақида" 1986 йилнинг 6 декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари, 1986 йил, N 34, 417-модда) "Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонун актларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ҳамда наркомания касаллигига йўлиққанлар учун даволаш-тарбия профилакторийси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 1986 йил 17 ноябрь Фармонига оид қисми.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг 1987 йил 7 августидаги "Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа Қонун актларига ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Фармони (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ведомостлари, 1987 йил N 23, 250-модда) 1-бўлимининг 1-моддаси, IV ва V бўлимлари.